Эркин Усмон. Бўри боласи (ҳикоя)

Эмаклайди бўри жим-жит,
Ўлжага интиқ…
Усмон АЗИМ

Яккақоялик Сулаймон овчи ҳақида эшитганди-му, ўзини кўрмагандим. Яқинда тасодифан учратиб қолдим.
Лабораториямиз мудири, профессор Қурбоновнинг сафардан қайтганини эшитиб, уйига ўтган куним эди. Машинамни йўл чеккасига қўйиб, йўлакка кирдиму, шу тарафга келаётган икки кишини кўриб тўхтадим. Бири, паканаси — профессор, иккинчиси — оқ-сариқдан келган, барваста қоматли, шопмўйлов киши — кейин билсам, Сулаймон овчи экан.
Очиғи, у тасаввуримдагига нисбатан бошқачароқ бўлиб чиқди. Жаҳли тез, чапанитабиат, ўзига етганча қайсар одамлар тоифасидан экан. Шунақа феълли одамнинг профессор Қурбонов билан топишиб, ака-укадек қадрдон бўлиб қолганига ҳайронман. Профессор мутлақо унинг акси эди. Бир қоп ёнғоқдек шалдир-шулдир, болалардек содда, дарвештабиат бу одам қизиқмаган соҳанинг ўзи йўқ. Чоғроққина ҳовлисига ҳар бало гуллару дарахтларни экавериб, кўчатларни бир-бировига пайванд қилавериб, ўзи айтмоқчи нақ “жунгли”га айлантириб юбораёзган, ҳовли этагига қатор қафаслар ўрнатиб, у ерда тўтиқушу саъвалар, каклигу товуслар боқиб, ҳаммани ҳайратга солиб юрадиган ажойиб инсон эди.
Хуллас, остонада кўришдик, ҳол-аҳвол сўрашдик. Профессор Сулаймон овчини менга таништирди, кейин гап орасида уни ўзининг илтимосини ерда қолдирмаганини айтиб, мақтангандек ҳам бўлди.
Сулаймон овчи унинг гапини эшитиб бош чайқади.
— Шу ишни бекор қилдингиз, домлажон. Мен сизга Яккақоянинг энг олд итини топиб берардим.
— Бе-е, қўйсангиз-чи, азизим, — кулди профессор, — энди-и… бир дил кетди-да!…
— Билмадим, билмадим, — афсусланганнамо оҳангда деди Сулаймон овчи. — Шу пайтгача бўриваччани боқилганини эшитмаганман…
— Жуда боқилади-да! — илжайди профессор, — буям бир эксперимент-да! Хўш, сиз айтинг-чи, мулла йигит, — менга юзланди у, — нега циркда даҳшатли тимсоҳлару баҳайбат филларни, йиртқич арслону йўлбарсларни қўлга ўргатишадию, нима учун бўрини ўргатишолмайди?
Мен “билмадим” дегандек елка қисдим. Чунки ҳанузгача уларнинг гап-сўзларига тушунолмай, лолу ҳайрон турардим.
— Бўрининг қони бошқа бўлади, домла, — деди Сулаймон овчи сарғиш қошларини чимириб.
Профессор эса унга ғолибона назар ташлаб қўйди-да, яна менга юзланди:
— Биласиз. Фанда “Адаптация” деган нарса бор. Лотинча ибора бу. Яъни, биологик организмнинг яшаш шароитига мослашиб кетиши… Мана кўрасиз, Сулаймон ака, бўриваччангиз ҳам “адаптация қонуни”га бўйсунади.
— Мен унақа китобларни ўқимаганман, домла, — бош чайқади Сулаймон овчи. — Ҳар ҳолда, бу бўри боласи, кучук эмас!
— Ана, ана! — илжайди профессор. — Эътиборингиз учун бўрилар ҳам итсимонлар оиласига киради.
— Билмадим, билмадим, — деди Сулаймон овчи босиқ оҳангда, — фақат айтиб қўяй, азбаройи эски қадрдонлигимиз ҳурмати, юзингиздан ўтолмадим. Лекин, эҳтиёт бўлинг! Бўри, ҳар қалай бўри!..
— Унақада лақабини Бўривой қўяман! — қаҳ-қаҳ урди профессор.
Сулаймон овчининг тунд чеҳрасига ҳам беихтиёр табассум қалқди.
— Билганингизни қилинг! Лекин ўша гап, гап. Мабодо фикрингиздан қайтсангиз, айтинг, буни олиб кетиб, ўрнига зўр бўрибосар олиб келиб бераман.
— Ўша кучукларингиз ўзингизга сийлов! Хавотир олманг, ҳаммаси яхши бўлади, — деди профессор. — Бугун қолсангиз бўларди-да, мана шогирдимиз келдилар, ошни қийиб қўядилар. Шийпонда гурунглашиб ётардик!
— Йўқ, раҳмат, ош бўлса қочмас, — деди Сулаймон овчи. — Ўзингиз кўрдингиз. Тоғларниям ўзига яраша ташвишлари тўлиб-тошиб ётибди. Қайтишим керак. Электричкага етиб ола қолай.
Мен ялт этиб профессорга қарадим.
— Мен вокзалга ташлаб ўта қоламан!
— Йўқ, керакмас, ўзим, — деди Сулаймон овчи хуржунини елкасига илиб.
— Йўқ деганингиз нимаси, Сулаймон ака, — деди профессор. — Бу киши ўзимизнинг яқин укахонлардан. Келажаги порлоқ биолог. Ташлаб қўядилар.
Улар хайрлашишди. Сулаймон овчи икковимиз машинага миндик.
Йўл-йўлакай, на у киши оғиз очди, на мен бирон нима дейишга ботинолмадим. Овчининг салобатими, ўйчан чеҳрасими, нимадандир норози қиёфасими, бунга изн бермади.
— Домлангиз хўп аломат одам-да, — деди у ниҳоят ўз-ўзига гапиргандек. — Билсангиз керак, ҳар йили беш-ўн кун Яккақояда дам олиб қайтади. Отга мингаштириб тоққа олиб чиқаман, ов қиламиз, алламбало ўт-ўланлар теради, алламаҳалгача мук тушиб ётиб китобини ёзади… Бу сафар айниди. Уч-тўрт кун бурун кечқурун дарадан ўтиб келаётиб алланиманинг ғингшиган товушини эшитдим. Отим ҳам ҳуркиб орқага тисарилди. Қўлчироқни ёқиб қарасам, йўл ўртасида мушукчадек бўри боласи ингиллаб у ёқдан-бу ёққа юрибди. Ҳайрон бўлиб ўша тарафга яқинлашдим. Бўри болалари уч-тўрт ҳафталик бўлгандан кейин инларидан ўрмалаб чиқадиган бўлиб қолади. Она бўри эса бу пайтда нарироқларга кета бошлайди. Менимча, бу бўри боласиям онасига эргашиб сувлагани чиққану адашиб қолган бўлса керак. Шартта ушладиму, хуржунга солиб уйга қайтдим. Ана шу бўриваччага профессорнинг ишқи тушди-қўйди-да! “Боқаман” дейди. Худонинг зорини қилдим, қани унаса! Қарасам жуда ҳафа бўладиган. “Сиз шаҳарга кетаверинг, икки-уч кундан кейин ўзим олиб бораман” деб аранг кўндирдим. Шаҳарга қайтган заҳоти телигром жўнатди, сим қоқди. Ахийри қўймадида-е! Бугун хуржунга солиб олиб келишга мажбур бўлдим…
— Нима, бўри боласини қўлга ўргатиш шунчалар қийинми? — сўрадим ундан.
— Ҳа, қийин, — деди Сулаймон овчи жаҳл билан. — Бўри кучук ё мушук бўлсайкан, ўргатилса! У ваҳший. Барибир бир кун бўрилигини қилади.
— Унақада қайтариб олиб кетақолмабсиз-да, — дедим ачингандек бўлиб.
— Домлангизнинг феълини биласиз-ку, нақ ёш боланинг ўзи! Дарров аразлайди. Шунинг учун қолдира қолдим. Майли, беш-ўн кун боқиб кўрсинлар-чи!..
Сулаймон овчи билан вокзал майдонида хайрлашдим. Ўша-ўша уни қайтиб кўрмадим.
Орадан уч-тўрт ойча вақт ўтди. Бир куни профессор Қурбонов “Эртага уйга ўтинг, Сулаймон овчи келадиган”, деб қолди. Бордим. Овчи эндигина келиб турган экан. Дастурхон ёнига ўтирдик, ҳол-аҳвол сўрашдик, бир пиёла чой устида у ёқдан-бу ёқдан суҳбатлашдик. Гап орасида профессор мақтанганнамо оҳангда, “Бўриваччани кўрасизми?” деб қўйди. Ўрнимиздан қўзғалдик.
Бўри боласи ҳовли этагидаги энг чекка қафасда экан. Кўринишидан ювошгина кучукка ўхшарди у. Бир қараганда, унинг қиёфасидан бўри нуқси сезилмас, фақат елкасидаги зангсимон, сарғиш жунлари тиккайиб, ириллаб қўйганда ва тугмачадек-тугмачадек кўзларида чўғдек совуқ бир ўт шарпаси йилт этиб ўтгандагина наслини эслатиб юборарди, холос.
— Қалай, бизни “Тузик”? — деди профессор жилмайиб.
Сулаймон овчи унга ҳайрон қараб қўйди.
— Нима, лақабини “Тузук” деб қўйдингизми?
— Йўқ, “тузук”мас, “Тузик”, “Тузик”! — кулди профессор. — Яхшилаб боқаяпмиз. Фақат мени қўлимдан овқат ейди, занғар! Иштаҳаси ёмонмас! Ҳалиги, кучук-мушуклар ейдиган “Чаппи”, “Вискас” деган нарсаларми-ей, калбасами, кансервами, паққос туширади!..
Сулаймон овчи қафаснинг пастаккина эшикчасини очиб юборганди, “Тузик” унинг ёнига югуриб келди, думини қисиб, атрофида айланди, кейин худди бир нима тиланаётгандек овчининг этикларини искаб, ялай бошлади.
Сулаймон овчи эса кўзларини катта-катта очган кўйи унга бир лаҳза тикилиб қолди-ю, кейин жаҳл билан бўри боласининг тумшуғига тепди, у ингиллаганча анча нарига бориб тушди. Кейин қочиб қафаснинг қоронғи бурчагига суқилиб олди.
— Нега тепасиз? — бақирди профессор жонҳолатда.
— Эссиз… Тамом бўпти… — деди Сулаймон овчи чуқур хўрсиниб ва эшикчани очиб ташқарига чиқди.
Бошқа бир оғиз ҳам гапирмади. Овқат пайтида ҳам “Тузик” ётган қафасга кўз қирини ташлаганча тунд қиёфада ўтирди, бундоқ очилиб гаплашмади…
… Эртасига профессор йиғлагудек қиёфада ишхонага кириб келди.
— Сулаймон овчи “Тузик”ни олиб кетиб қопти, — деди у товуши титраб.
— Қанақа қилиб олиб кетади? — тушунмадим мен.
— Сиз кетганингиздан кейин анчагача гаплашиб ўтирдик. Ўтиб қолди. Эрталаб ғафлат босиб ухлаб қолибман. У тонг оқармасданоқ “Тузик”ни хуржунга солиб, олиб чиқиб кетиб қопти…
— Ҳеч ким индамабдими? — сўрадим яна.
— Ким нима дейди? — деди профессор паришон қиёфада. — Уйда янгангиз бор эди. Уям сезмабди. Э, эссизгина, энди қўлга ўрганаётган эди-я!..
Мен ёш болага ўхшаган бу мўйсафидни қандай қилиб овутишни билмай лолу ҳайрон ўтирардим…
Ҳикоям шу билан тугаши мумкин эди. Лекин яна бир тасодиф юз бердию, унга сўнгги нуқта топгандек бўлдим.
Хизмат сафари билан тоғлиқ тумандан қайтаётган эдим. Автобусимиз ёнилғи олгани йўл ёқасида тўхтади.
Теварак-атроф худди ушатилган холва бўлакларини эслатувчи тоғлар, қоялар… Яқингинадан сойнинг шарқираши қулоққа чалинади… Мен дераза ёнида шуларни томоша қилиб ўтирарканман, йўл четида бораётган ёлғиз отлиқ кўзимга иссиқ кўрингандек бўлди. Қарасам, Сулаймон овчи. Автобусдан тушдим. Кўришдик. У ёқ-бу ёқдан суҳбатлашдик.
— Домлангиз мендан ҳафа бўлиб юргандир? — деди у гап орасида маъюсгина кулимсираб.
— Йўқ, нега? — дедим мен ва ўрни келиб қолгани учун сўрадим. — Ўшанда нега ўзингиз “Тузик”ни олиб кетиб қолдингиз?
— Билмадим, — деди овчи елка қисиб. — Негадир кўзимга жуда хунук кўриниб кетди. Ялоқи итлардек оёғимга сўйкаландими-ей, думини ликиллатиб, тиландими-ей!
— Уни нима қилдингиз?
— Аввалига тоғга қўйиб юбормоқчи бўлдим. Аслига қайтар, деб ўйладим. Қарасам, очидан ўладиган. Бўрилигини унутиб юборган-да… Бошқа бўрилар ғажиб ташлаши ҳам ҳеч гапмас.
— Кейин нима қилдингиз?
— Отиб ташладим, — деди Сулаймон овчи совуққина қилиб.
Негадир сесканиб кетдим.
— Нима?.. Нега? Нима учун? — сўрадим ўзимни босишга уриниб.
— Чунки, у бўриликка иснод келтирди, — хўрсинди Сулаймон овчи ва қўшиб қўйди, — майли, саломат бўлинг, мулла йигит. Домлангизга салом айтинг. Мендан ҳафа бўлмасинлар. Тушунишлари керак!..
Биз шу ерда ажралишдик. Сулаймон овчи отига қамчи босиб тоғ йўлига қараб кетди. Мен эса автобусимиз томонга юрдим. Орқа тарафга яна бир марта ўгирилиб қараганимда, энди Сулаймон овчи йўқ, тоғ кўксига санчилган ёлғизоёқ йўлгина оқариб кўриниб турарди, холос…