Эркин Усмон. Қармоққа илинган ҳикоя (ҳажвия)

Холхўжа ахийри қўймади.
Бу сафар балиқ овига чиқадиган бўлдик. Мен-ку, табиатан саёҳату саргузаштларга суяги йўқроқ одам эмасманми, “Насиб қилса кўрамиз”, деб қўяқолдим. Бу “йўқ”дан кўра, “ҳа”га яқинроқ жавоб эканлигини сезган Холхўжа суюниб кетди. Лекин, Жўравой акани кўндириш азобул-азобга айланди. Холхўжа унинг уйига борган экан, олдига солиб кўчага ҳайдабди. Ахийри, мен чиқишимга тўғри келди. Қани энди кўнса! “Ўламан саттор, овдан оғиз очманг! Овга юрагим дов бермай қўйган. Сулаймон овчининг “кучуги” билан ўша учрашувимиздан бери юрак ўйноғи бўлиб қолганман”, дейди.
У дедим, бу дедим. “Тўқайга бормаймиз, тоққа чиқмаймиз. Шундоқ дарё соҳилида ўтириб, кечки пайт қайтамиз. Оқар сувнинг бўйида одамнинг дардлари фориғ бўлади”, дея гапни гоҳ узоқдан, гоҳ яқиндан олдим. Жўравой ака уф тортди, гарданини қашлаб ўйланиброқ қолди, кейин “Негадир кўнглим нотинч, Холхўжа ярамас яна бир балони бошламаса гўргайди”, деб минғирлаб қўйди. Мен “Ҳеч вақо бўмайди. Дарё бўйида дам олиб келасиз, кўнглингиз ҳам тинчийди”, дедим. Хуллас, Жўравой акани кўндирдик.
Якшанба куни саҳарлаб йўлга чиқадиган бўлдик. Одатдагидек, яна уч киши. Олдинда қармоқларни худди милтиқдек елкасига ташлаб олган Холхўжа, орқада ичига чувалчанг, чигиртка, ниначи, яна алламбало хўраклар солинган шиша банкани кўтариб олган Жўравой ака, охирида бўлса мен. Елкамда ичига нон, консерва, қозонча, товоқ, бир неча шиша ароқ ва бошқа нарсалар жойланган сафар халтаси. Ҳайё-ҳуйт деб Учтепа томонга йўл олдик.
Офтоб эндигина Яккақоя тоғлари ортидан бош кўтарган, теварак-атроф қушларнинг чуғур-чуғурига, ари ва тиллақўнғизларнинг ғинғир-ғинғирига тўлиб тошган сўлим бир тонг эди.
Учовлон узун-қисқа бўлиб ке-е-т-дик!.. Ҳали юрамиз, ҳали юрамиз. Тепангда тиниқ осмон, теварагингда гўзал табиат бағрини очиб, биз номини билиб-билмайдиган гуллару чечаклар атрини сочиб, укпардек майин ўт-ўланлар товонингни ялаб, муздек шаббода юз-кўзларингни сийпалаб турган бунақа лаҳзаларда чарчоқни ҳам сезмас экансан киши.
Бир тепалик тагида тўхтаганимизда Холхўжа “Бешта-бешта олволамизми?” деб елкамдаги халтага имо қилганди, Жўравой ака сарғиш қошларини чимириб, “Боришда ҳам, келишда ҳам “олволиш” йўқ. Ичинг, ўшақда, балиқ тутиб ўтирганимизда куйдиргингизга ичарсиз”, деб тўнғиллаб қўйди.
Бошқа ёқларда билмадим-у, бизнинг шаҳарга ўхшаган қишлоқ, қишлоққа ўхшаган шаҳарчамизда катталарнинг гапи ёшлар учун қонун. Азалдан шунақа бўлиб келган. Шунинг учун миқ этмай, яна йўлга тушдик.
Бир маҳал қарасам, Бўтанасой кунчиқар тарафда қолиб, биз кунботар тарафга кетяпмиз. Адашмадикми, деган хавотирда “Сой уёқда эди шекилли”, дегандим, Холхўжа кўзларини қувлик билан қисиб, “Маршрут ўзгарди, шоир”, деб илжайиб қўйди. Кейин Жўравой аканинг ўзига қадалган норози қарашини сезиб, дарров гапига “таҳрир” киритди: “Сойдаги балиқларнинг мазаси йўқмиш. Даллидарёга бориб қўяқоламиз!”
Жўравой ака “Бунақа келишмагандик-ку?” деган маънода томоқ қириб қўйганди, Холхўжа ҳазилга йўйди: “Нима фарқи бор, ака? Ярмига келиб қолдик. У ёққаям шунча юрилади, бу ёққаям шунча юрилади!”
Нимаям деймиз? Холхўжа кўпни кўрган, тажрибали овчи. Қаёқда нима борлигини биздан кўра яхшироқ билади. Шунинг учун индамай, унга эргашиб, “Даллидарё қайдасан?” дея яна йўлга тушдик.
Холхўжанинг айтишича, Даллидарё қуйиладиган ерда, Яккақоя яқинида кўпчилик билмайдиган бир шаршара бормиш! Агар ўша шаршара тагига кириб челак ушлаб турилса бас, балиқларнинг ўзи “манаман, акахон” деб оқиб келаверармиш!
— Худди “Балиқ дўкони”нинг ўзи! — деди Холхўжа илжайиб. — Хоҳланг унисини танланг, хоҳланг бунисини!..
— Нега ўша ёққа бора қолмадик? — сўрадим астойдил қизиқиб.
— Йўқ, — деди Холхўжа ўзига ярашмаган жиддий оҳангда ва бош чайқаб қўйди, — бу, ғирром ов ҳисобланади. Биз овчилар мард ва ҳалол кишилармиз. Чумчуқ отсак ҳам, илон тутсак ҳам ҳалоллаб олишимиз керак! Иннакейин, шоир! Балиқ овининг ўзига яраша гашти бўлади. Қирғоққа қармоқ ташлаб қўйиб ўтиришга нима етсин! Мазза! Худди лотерея ўйини бўлаётганга ўхшайди. Ҳозир менга ютуқ чиқиб қолади дейсан, юрагинг така-пука бўлиб кутасан. Лекин омад шеригингга кулиб боқади. Зўр-а?!.
— Ўша лаққа балиқни тутган қармоғингни олволганмисан? — сўради Жўравой ака Холхўжанинг олди-қочди гапларига ишониб-ишонмай.
— Э, акахон, меникидақа қармоқлар ҳеч кимда йўқ, — елкасидаги қармоқларга имо қилди Холхўжа. — Атайин, Тошканга бориб, спорт дўконидан танлаб олиб келганман. Қармоқларни бармоқдайидан тортиб, зирапчадайигача бор. Ипларига гап йўқ! Лаққа тугул, акула ҳам узолмайди!..
Жўравой ака унинг қуруқланишидан энсаси қотиб кинояли кулимсираб қўйди. Холхўжа эса, одатдагидек парвойи-палак, ўтган йили қармоғига бир йўла иккита балиқ илингани ҳақидаги ҳикоясини бошлаб кетди.
Холхўжанинг ҳикоясини тинглаб кетавериб, Даллидарё бўйига қандай етиб борганимизниям сезмай қолибмиз.
Дарё одатдагидек жимгина мавжланиб турар, тошлоқ соҳилда биздан ташқари яна беш-ўнта балиқчилар у ер-бу ерда жимгина балиқ тутиб ўтиришарди. Холхўжанинг машҳур овчилигига шу ерда тан бердим. Чунки ўтирганларнинг деярли ҳаммаси уни яхши танишаркан. Балиқчиларнинг бири у билан қўл силкиб саломлашса, бошқаси бош ирғаб, учинчиси эса газетадан ясаб олган қалпоқчасини силкиб қўйди.
Биз ҳам юкларимизни ерга ташлаб овга ҳозирлана бошладик. Холхўжа халтамдаги ароқларни олиб бўғзигача қумлоқ соҳилга тиқиб қўйди-да, “Холадилна” деб жилмайиб қўйди. Топқирлигига қойил қолдик. Кейин у ов учун жой танлагани кетди. Жўравой ака билан мен қармоқларни ёйиб тайёрлашга киришдик.
… Ниҳоят, ов бошланди. Холхўжа балиқ овининг ҳам хўп ҳадисини олган экан. Ов пайтида гаплашмасдан жим ўтириш, бошқаларга ҳалал бермаслик, хўракларни қандай тайёрлаш, балиқ илинган пайтда ҳовлиқиб қолмаслик, сергак бўлиш ҳақида анча-мунча йўл-йўриқлар кўрсатди.
Холхўжанинг қармоқлари мақтанганча бор экан. Ипларининг узунлиги ўттиз-қирқ қулоч келади, пишиқлиги нақ троснинг ўзи!
Бошладик! Жўравой ака биринчи, ундан қуйироқда мен, энг охирида Холхўжа ўтирибмиз. Теварак-атроф алланечук сукутга чўмган. Бу жимжитликни фақат тўлқинларнинг эринибгина соҳилга шалоплаб урилишию, оппоқ балиқчи қушларнинг ора-чора қийқириб учиб ўтиб қолишигина бузади, холос. Балиқдан бўлса дарак йўқ. Қарасам, Жўравой ака чарчаганми ё зерикдими, ҳайтовур ёнбошлаб олибди. Мен ҳам кўйлагимни ечиб ташлаб, лабимга сигарет қистириб энди чалқанча ётмоқчи эдим, бир маҳал Жўравой ака қирғоққа санчиб қўйган қармоқ чўпларининг бири қимирлаётганини сезиб қолдим. Оёқ учида югуриб бордим-да, Жўравой акага яқинлашдим.
— Сизники қимирлаяпти! — дедим шивирлаб.
— Қимирламайди, — шанғиллади Жўравой ака ҳаловатини бузганимдан аччиғланиб. — Ҳозир ташладим. Қаёққа қимирлайди?
Атрофдаги балиқчилар унинг товушидан ранжиб, бош чайқаб қўйишди.
— Ана, қаранг! — дедим сув сатҳида кўриниб-кўринмай ликиллаётган пўкакка имо қилиб.
Жўравой ака дарё тарафга қаради-ю, сапчиб ўрнидан туриб кетди. Қармоқ дастасига ёпишди. Ҳақиқатан ҳам, унинг қармоқ ипи худди варрак ипидек таранг тортилган кўйи тўлқинлар орасида нари бориб, бери келиб соҳилдан узоқлашмоқда эди.
— Ол қулим, дегайсан Худойим! — деди Жўравой ака бирдан товуши титраб. — Каттаси илинганга ўхшайди, Шокирвой! Буни қаранг!
Қармоқ ипини ушлаб боқсам, узилгудек таранг, ипнинг сув остидаги нариги учида алланима қармоқдан қутулишга уриниб типирчиламоқда эди. Бақириб юборишдан зўрға ўзимни тийдим ва қўлимга уч-тўртта майда тош олиб қумлоқда чўзилиб ётган Холхўжа тарафга отдим.
Ялт этиб қаради. “Буёққа келинг!” деб имладим. Холхўжа худди чўғ устида оёқ яланг юраётгандек сакраб-сакраб етиб келди. Моҳир овчиларга хос совуққонлик ва жиддийлик билан қармоқ ипини ушлаб кўриб, “Ўхў!” деб қўйди, кейин бизни нари суриб, секин ипни соға бошларкан, Жўравой акага шипшиди: “Бир килодан ошиқ келади. Бошланиши ёмонмас! Фақат ипни анча жойгача судраб кетибди. Энди, се-ке-ен… авраб-алдаб, мана бундоқ қиле-еб… қирғоққа олиб келволмасак, қармоқдан чиқиб кетиши мумкин…”
Жўравой ака “хўп бўлади” дегандек бош ирғади ва ўз ўлжасини ўзи қўлга киритиш илинжида қўлини чўзди. Холхўжа ҳам унинг завқини сўндиргиси келмади шекилли, қармоқ ипини қўлига тутқазди: “Худди осмондаги варракни ипидан секин тортиб тушираётгандек ҳаракат қилсангиз бас!..”
Жўравой ака хурсандликдан лаб-лунжини йиғиштиролмай, бизнинг ҳавасимизни қўзғаб ишга киришиб кетди. Холхўжа бўлса тиззасигача сувга тушиб унга ёрдамлашди. Алҳол, қармоқ ипини тортиб, ўлжани қирғоққа чиқаришди… Уни кўрдиму, ўзимни тутолмай пиқ этиб кулиб юбордим, Жўравой ака “Тфу, падарига лаънат!” дея тўнғиллади.
Маълум бўлишича, Жўравой аканинг қармоғига балиқ эмас, ўртача ликопчадек келадиган кулранг-қорамтир тусли чиғаноқ илинган экан.
Холхўжа бўлса, парвойи-палак, белидаги ов пичоғини олиб, чиғаноқ косалари тишлаб қолган қармоқни чиқараркан, хушнуд оҳангда деди:
— Ничево, яхшилаб тозалаб локланса, қулинг ўргулсин кулдон чиқади!
— Олақол, мендан сенга падарка! — норози оҳангда тўнғиллади ака тескари қараб.
— Ҳечқиси йўқ, Жўравой ака, бунақа умидсизланиш яхши эмас. Ов шунақа бўлади. Гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ! — деди Холхўжа ва қўлидаги чиғаноқни худди ёнғоқдек икки паллага ажратиб шағал устига ташлади.
Жўравой ака шундан кейин ҳафсаласи пир бўлиб, бетига газета ташлаб ётиб олди. Холхўжа икковимиз яна овга киришдик.
Бир маҳал дарёнинг ўртасида моторли қайиқ кўриниб қолди-ку! Ундаги оғзига тунука карнай тутиб олган киши худди тўтиқушдек бир хил: “Ҳурматли овчи ўртоқлар! Дарёда чўмилиш маън этилади! Сувга ахлат ташланмасин! Балиқ фақат белгиланган жойдагина тутилсин! Ҳаётингизни хавф остига қўйманглар! Эҳтиёт бўлинглар! Сизларга яхши хордиқ тилаймиз!” қабилидаги гапларни такрорлаган кўйи ўтиб кетди. Ўтишга ўтди-ю, ҳамма ишни расво қилди. Қарасам, моторли қайиқ ортида қолган тўлқинлар бир-бирини қувалаб соҳилга бош урди ва қайтишда боя Холхўжа “холодилна” деб бўғзигача қумга санчиб қўйган ароқларни дарё тарафга суриб кетса бўладими! Шартта ўзимни сувга отдим. Битта шишани аранг ушлаб қолишга улгурдим. Агар Холхўжа югуриб келиб мени сувдан тортиб олмаганда, ким билади дейсиз, ароқларнинг орқасидан дарёнинг тагига кириб кетармидим?
— Жиннимисан, шоир? — бақирди Холхўжа жон-ҳолатда. — Нима, ўлгинг келяптими?
— А-роқ кетди-и-и! — дедим товушим қалтираб.
Бизни кўриб Жўравой акаям яқинлашди.
— Оқизиб кетдими? — деди у ҳам йиғлагудек бўлиб.
— Кетди… — деди Холхўжа ҳам бўшашиб ва одатдагидек илжайиб қўйди. — Шоир ҳам орқасидан кетишига сал қолди!
— Худо бир асрабди, — деди Жўравой ака бош чайқаб ва бояги моторли қайиқ кетган тарафга қараб тўнғиллади, — “Яхши хордиқ тилаймиз!” эмиш-а…
— Жўравой ака, келинг, кўп сиқилманг, — деди Холхўжа хушчақчақ оҳангда. — Келган бало ўша ароққа урақолсин! Ундан кўра, келинглар, шоир Шокиралини бир ўлимдан қолганини нишонлаб қўяқоламиз!
Жўравой ака “майли” дегандек қўл силкиди. Холхўжа худди шу ишорани кутиб тургандек, шартта халтани ағдарди, кўз очиб-юмгунча дастурхон тузади, ҳалиям қўлимда маҳкам ушлаб турганим — ароқни тортиб олиб очди, истаканларга қуйди. “Овимиз бароридан келиши учун” ичдик. Устига “Скумбрия” деб ёзиб қўйилган консервадан газак қилдик. Қизиқ бўларкан! Дарё бўйига балиқ тутгани келган одамлар балиқ консерва еб ўтирса жуда кулгили кўринаркан. Наилож, бошқа нимаям қилолардик?
Шундагина, сақлаб қолганим, бу ягона ароқни нафақат мени омон қолганим, балки Жўравой аканинг қармоғига чиғаноқ илингани ҳаққи, овимиз бароридан келмаётгани ва дарё ютиб юборган икки шиша ароқнинг алами ҳаққи ичаётганимизни сездиму, ғалати бўлиб кетдим.
Нега шунақа? Нега ҳар сафар биз овга чиққанимизда қанақадир ҳангома бўлади? Бошқалар жимгина балиқ тутиб ўтиришибди-ку? Нега бизни ишимиз сира ўнгидан келмайди?..
Ана шунақа аламли саволларга жавоб излаган кўйи сигарет тутунига кўмилиб ўтирарканман, ёнимизга яқинлашиб салом берган ва Холхўжа билан қуюқ сўрашаётган одамниям пайқамай қолибман.
Қарасам, рўпарамизда пешонасига ғоввосларнинг олди ойнаванд, тепасида найчаси бор резина қалпоғини қўндириб, оёғига қурбақанинг панжасига ўхшаш катта, япалоқ резина калиш кийиб олган хабашлардек қоп-қора йигитча тиржайиб турибди.
— Танишинглар! — деди Холхўжа. — Бу бола эски танишим Ихтиёриддин бўлади!
— Ихтиёндр, — унинг сўзларини тўғрилади йигитча.
— Буниси, лақабинг. Отанг қўйган от бор-ку? — қошларини чимирди Холхўжа. — Ихтиёндрга бало борми?
— Ҳа, энди, ўрисчасига-да, — илжайди йигитча.
— Исмни ўрисчаси, ўзбакчаси бўлмайди, калласи йўқ. Ўрисларники ўрисча, ўзбакларники ўзбакча бўлади. Одамни отиям таржима қилинарканми? Тўлавойни Тўлик дегандай! Унақа ахмоқ гапларни гапирма!
— Хўп, Хўжа ака, — кулди йигитча ва гапни бошқа ёққа бурди, — кун тиккага келиб қолди, биттаям балиқ тутмадингларми?
— Тутиб еб бўлдик, — ғўнғиллади Жўравой ака.
— Шуни аламига ичаётган экансизлар-да? — хиринглади йигитча.
— Катталарнинг ишига аралашма! — уни жеркиб берди Холхўжа. — Бир литр ароқ дарёга тушиб кетди…
— Ростданми? — деди Ихтиёндр.
Ҳеч ким индамади.
— Олиб чиқиб берайми? — деди яна у.
— Қанақа қилиб олиб чиқасан? — ҳайрон бўлдим мен.
— Шундоқ шўнғийману, олиб чиқаман!
— Эҳтиёт бўл, яна ўзинг ҳам ароқ шишаларига ўхшаб… — деди Холхўжа.
— Хавотир олманг! Бу ерларни беш қўлдай биламан, — мақтанди йигитча ва кўзларини қувлик билан қисди, — эвазига нима бўлади?
— Нима хоҳлайсан? — сўради Холхўжа.
— Шишасига 2000 сўмдан берасизлар…
— Эсинг борми ўзи? 1000 сўмлик ароқни энди 2000 сўмга сотволамизми? — жаҳли чиқиб кетди Жўравой акани.
— Бўпти, олиб чиқ! Мен тўлайман! — деди Холхўжа.
— Мана бу бошқа гап, — деди йигитча ва соҳилга тушиб ниқобини кийди-да, дарёга шўнғиди.
Қизиқсиниб биз ҳам соҳилга келдик. Ихтиёндр бир кўриниб, бир кўринмай қолар, гоҳ худди қора балиқдай лоп этиб сув ичидан чиқиб қолар, кейин қўлини силкиб “йўқ” ишорасини қилар ва оғзидаги найчасидан сув пуркаб яна сувга шўнғирди. Шу кўйи анча қуйига қараб сузиб кетди.
— Ихтиёриддин “одам амфиблия”! Топиб чиқади! — деди Холхўжа.
— Топмасаям майлийди, — деди Жўравой ака, — қайси ахмоқ 2000 сўмга ўзининг ароғини сотволиб ичади?
— Қўяверсангиз-чи, буям бир гап-да! — илжайди Холхўжа.
Ихтиёндр сузиб кетди. Биз қолдик. Бир маҳал Жўравой ака ҳой-ҳойлаб қолди. Қарасак, Холхўжанинг анча наридаги йўғон қармоғи лопиллаб турибди. Ўша тарафга югурдик. Лекин улгуролмадик. Қармоқ чўпи санчиб қўйилган жойидан чиқиб сувга отилиб тушди. Холхўжа шалоп-шулуп қилганча сув кечиб аранг ушлаб қолди-ю, бирдан силтаниб йиқилди. Қармоққа илинган балиқ униям судраб кетаётган эди. Ёрдамга отилдик. Ҳақиқатан ҳам катта балиқ илинган эди. Холхўжанинг пўлат симдек пишиқ қармоқ ипи узилгудек таранг тортилган, ипнинг нариги учи эса сув остида кўринмасди. Бақир-чақир қилиб ўлжани тортиб олишга киришдик. Буни кўриб бошқа балиқчилар ҳам югуриб келишди.
— Акулага ўхшайди! — деди Жўравой ака ҳансираб.
— Йўқ, чўртан! Эсосидае оиласидан! — деди Холхўжа билағонлик қилиб. — Эркаги. Ҳаракатидан сезяпман. Тахминан, 60 килоча бор!
Бир маҳал қарасак, Ихтиёндр дарё ўртасида бизга қараб қўл силкияпти.
— Ароқни топганга ўхшайди, — деди Жўравой ака.
— Оббо! Балиқ болага ҳужум қилмаса бўлди, — деди балиқчилардан бири.
— Ихтиёриддин! Қоч у ерда-ан! — қичқирди Холхўжа қўлини оғзига карнай қилиб.
Ихтиёндр уни эшитдими-йўқми, бирдан сув сатҳидан ғойиб бўлди. Бу ёқда Жўравой ака билагига ўраб олган ип узилиб кетаман дейди, уёқда Ихтиёндр типирчилайди. Ахийри бўлмади. Ихтиёндр бир нима деб қичқирдию, қўлларини силкиганча сув юзида кўринмай қолди.
— Э, эсиз, бутилкани тушириб юборди шекилли! — деди Жўравой ака.
— Уни қутқариш керак! — деди бошқа бир балиқчи ваҳимали оҳангда.
Холхўжа ўйлаб ўтирмасдан, гавдасига ярашмаган чаққон ҳаракатлар билан ўзини сувга отди ва бирпасда ҳозиргина Ихтиёндр кўринган жойга сузиб борди ва оёғини осмондан қилиб сув остига шўнғиди. Биз бўлсак, юрагимизни ҳовучлаб бу ёқда турибмиз. Қандайдир бир неча дақиқа бир соатга чўзилиб кетгандай бўлди. Ниҳоят, Холхўжанинг калласи, кейин елкаси, иннакейин у қўлтиқлаб олган Ихтиёндрнинг боши кўринди. Суюниб кетдик.
Жўравой ака билагига ўраб олган Холхўжанинг қармоқ ипини бўшатаркан, норози оҳангда деди:
— Чўртан ҳам узиб кетганга ўхшайди!
“Шу пайтда чўртанга бало борми”, дегандек унга қараб қўйдим.
Холхўжа Ихтиёндрни судраган кўйи соҳилга олиб чиқдию, ўзини қум устига ташлади. Ҳамма бирдан гурр кулиб юборди. Ихтиёндрнинг чўмилганда кийиладиган калта иштони ечилиб болдирига тушиб ётар, ўзи бўлса бундан бехабар, афтидан нима бўлаётганини тушунмасди.
Маълум бўлишича, Холхўжанинг бармоқдай келадиган қармоғи Ихтиёндрнинг иштонига илашиб қолган экан. Боз устига қармоқ ипи пишиқ эмасми, бола бечора чиқиб кетолмаган. Биз бўлсак, буёқда 60 килолик “Эсосидае” чўртани илинди деб, жон-ҳолатда тортиб ётибмиз, у бўлса оғзи-бурни сувга тўлиб, уёқда иштонини қармоқдан чиқаролмай гаранг, питирлаб ётган экан…
Тоза кулишдик. Бояги кўнгилғашлик ҳам, дарё домига ютиб юборган ароқлару, бугунги бароридан келмаган овимиз ҳам унутилди-қўйди…
Шу ерлик Холхўжанинг таниш балиқчи оғайнилари дастурхон тузашди. Анчагача “уха” шўрвани хўплаб, ҳангомалашиб ўтирдик. Қайтишимизда, ҳар биримизга учтадан билакдек-билакдек балиқ совға қилишди. Йўқ, десак, қўйишмади. “Овдан қуруқ қайтиш яхши эмас”, дейишди…

* * *

Очиғи, мен бу ҳангомаларни унутиб юбораёзгандим. Қайси куни хонамда сигарет тутатиб хаёлга чўмиб ўтирарканман, туйқусдан ёзув столим устидаги чиғаноқ палласидан ясалган кулдонга кўзим тушди-ю, беихтиёр ўша кунги овимизни, Даллидарёни, Жўравой акага илинган чиғаноқ, сувга чўккан шишалар ва Холхўжанинг қармоғига илинган Ихтиёндрни эслаб кетдим.
Ва ўша куни ўзим ҳеч нарса тутолмай қайтганим ёдимга тушди. Энди ўйлаб қарасам, овдан қуруқ келмаган эканман. Менинг қармоғимга ҳикоя илинган экан.
Қанақасига, дерсиз? Шунақасига-да! Сиз юқорида ўқиган ҳангома ана ўша куни менинг қармоғимга илинган ҳикоя бўлади…