Эркин Самандар. Ғайб қушлари (ҳикоя)

Шайхнинг кароматлари Жўжи қулоғига чалинган, ҳали Урганжга юриш бошламасидан олдиноқ унинг сеҳрларидан хабар топган эди. Дарёни терс оқизармиш, девларни жиловлай олармиш, ўзганинг қўлидаги ёпиғ китобни бетма-бет ўқирмиш қабилидаги гапларни авом тарқатган деб бирда ишонса, бирда ишонмас, аммо буюк Ҳоқоннинг ман-ман деган шаманлари шайхнинг илмига тан беришларини кўриб дилидаги гумон ўрнини ишонч эгаллай бошлаган эди.
Урганж қамали бошланиб, унинг дарвозаларига яқин йўлаш мушкуллигини ва қапъа девори устида ҳар гал шайх пайдо бўлганида черик беихтиёр орқага серпилишини ўз кўзлари билан кўргач, бу ишонч дилига тағинда махқамроқ ўрнашди.
Қамал роппа-роса етти ой давом этди. Чигирткадек бесаноқ, қўшин ёрдамга келгачгина қалъа дарвозаси емирилиб, жанг шаҳар ичкарисига — маҳалла-майдонларга кўчди. Ҳар битта маҳалланинг олиниши битта қатъани эгаллашдан ҳам мушкулроқ кечганини кўрганида Жўжи тағин шайхнинг каромати ҳақида ўйга толди. Каромат деганда у инсон ботинидаги ҳайбатнинг зохирига кўчиб, одамларни мутаасир этишини тушунар, хоразмликларнинг енгилмаслигини эса ана шу ҳайбат уларнинг жой-жонига сингдирилганида деб биларди. Гўё ҳар бир урганжликнинг юрагига шайх ҳайбати жо бўлгандай, шу ҳайбат уни арслонга айлантиргандай эди. Қани энди Жўжининг қўлида ҳам шундай бир шайх бўлсаю, у ҳар бир мўғулнинг қалбига арслон ҳайбати ва журъатини жойлаб берса…
Урганж деярлик таслим этилиб, қўшин Нажмиддин Кубро хонақосига яқинлашиб бораётган ҳозирги аснода бу орзу Жўжи қалбини тағин эгаллаб олди. Вақт борида шайхга одам юбориб, агар у рози бўлса, бошини омон сақлаб қолишни ният этди.
Аммо Жўжининг нияти унинг укаси Чиғатойга ёқмади.
— Шайх бизга асло эл бўлмас, — деди у тундлик билан. — Онинг бошин кесмоқ лозим.
— Бошдан бошнинг фарқи бордур, — деди Жўжи қизишиб, — шайхнинг боши эртан бизга асқатар.
Чиғатой бари бир ўз айтганида туриб олди.
Бундан бир ойча муқаддам ҳам ака-уканинг орасида гап қочган, Жўжи қанча аврамасин, Чиғатой сўзидан қайтмаган эди. Унда баҳсга Чиғатойнинг жаҳди, тўғонни бузиб, Урганжни сувга бостириш васвасаси сабаб бўлган эди.
— Фақат шул йўл билангина бу қайсар қалъани таслим айламоқ ва жазоламоқ мумкин. — Чиғатойнинг охирги узил-кесил сўзи шу бўлди.
— Йўқ, деди Жўжи. — Урганжни асло сувга бостирмагайман, менга хароба эмас, балки бой ва сулув қалъа даркор.
Жўжининг бундай дейиши бесабаб эмас эди, юриш олдидан Чингизхон унга Урганжни таслим эт, у сеники бўлур, деган эди. Жўжи ўша кундан бошлаб довруғи етти иқлимга кетган давлатли ва савлатли қалъага эгалик қилишни орзу этарди, ахир. Чиғатой бўлса…
Ака-ука ўртасидаги бахсни охир-оқибат Чингиз ўзи ҳал қилди.
— Урганжни Жўжи ҳам эмас, Чиғатой ҳам эмас, балки кенжа ўғлим таслим этур, — деди у ва шоҳзода Ўқтойни хос қўшин билан Урганж устига йўллади.
Натижа Жўжи ўйлаганидек бўлиб чиқди, қалъани остин-устун қилмай қўлга киритишмоқда, буни отасининг ақли ва Ўқтойнинг уддабурронлгидан деб биларди у.
Ҳозирги баҳсни ҳам Ўқтой тўғри ечади деган умидда унинг кўзларига боқди Жўжи.
Ўқтой амр этди.
— Шайхга одам юборинг, ул зот оёқ остида қолиб кетмасун, қайга истар, онга кетсун.
Жўжининг юзи ёришди. Зимдан Чиғатойга кўз ташлади. Унинг ялпоқ бурни тағинда ичга ботгандай эди. Бу пайтда ҳазрати шайх Нажмиддин Кубро очиқ айвонда ёлғиз ўлтирганча оғир ўйга толмиш эди. Саваш кетаётган гузар ва майдонлардан қасир-қусур товушлар, отларнинг безовта кишнашлари, наъра ва фигон, адам ва армонга, ваҳшат ва нафратга тўла нолалар эшитилиб турарди. Бу қонли нидолар шайхнинг дил яраларини тирнаш баробарида сўнгги мудҳиш воқеаларни эслатиб, хаёлини узоқларга олиб кетар эди. Шу асно шайх узоқ ўлтирди. Маҳзун хаёллар қаърида дафъатан бошдан-оёқ оқ-оппоқ кийинган, оқ соқоли кўксини қоплаган нуроний сиймо тағин юз кўрсатди. Худди бундан олти ойча муқаддам бўлганидек ҳозир ҳам унинг мулоқот истаётгани мунгли юз-кўзларидан очиқ-равшан кўриниб турарди.
Ўшанда, биринчи мулокот пайтида у (Хўжаи Хизр) салтанат таназзулига ишорат айлаган, бунга сабаб тарзида мамлакатда содир этилган саҳв-гуноҳларни, бузуқликларни шайхнинг кўзларига бир-бир кўрсатиб берган эди. Аҳли мусулмоннинг бир-бирини қиришлари, саройдаги фисқу фасод, уруғ-аймоқлар ўртасидаги қон тўкишлар, Чингизхоннинг ҳийла-найрангларидан эси оғаёзган Хоразмшоҳнинг кетма-кет саҳв-хатолари оқибатида тожу тахтда рўй берган парокандалик худди кўзгудагидек аниқ-тиниқ кўринган, салтанатдан омад кетганига ишорат этилган эди-да.
Мўғуллар қалъага бостириб кирган, ёшу кексани бир ёқдан қонига белаётган ҳозирги аснода Хўжаи Хизр тағин пайдо бўлиб, шайхга дедиким, муридларингга шаҳардан чиқиб кетмоқликка изн берган эдинг, аммоки, кетганлардан қолганлар кўп бўлди, энди олар шаҳидлик либосларин кийгайлар.
Кўп изтироб булутлари орасида кёза-кеза муроқаба ҳолатидан чиқиб олган шайхи кабир беихтиёр осмонга кўз ташлади. Шундоқ эдики, муроқабадан сўнг шайхнинг илк назарига тушганлар тенгсиз куч-қудрат касб этмай қолмас, иложсизга илож, ишончсизга ишонч энмоғига шубҳа бўлмасди. Бу гал шайхнинг назари саъвага тушди.
Саъвани бир қарчиғай шиддат билан қувиб борар, ора дақиқа сайин қисқариб, қочаётганнинг мадори қуриётгани ва қуваётганнинг жаҳдига жаҳд кўшилаётгани шайхга аён бўлиб турар эди. Шайх ҳолдан тойган саъвага назар солганлари асно манзара ўзгарди, аввалинда иккита қуш ўртасидаги оратиқ очилиб, саъва ўз рақибидан узоқлаша бошлади, сўнгра шахд билан орқасига ўгирилди-да, дафъатан қарчиғай устига бостириб келаверди. Унинг забтига дош беролмаган қарчиғай орқасига қайрилиб қочабошлади. Саъва уни бир зумда қувиб етди-да, зарб билан қанотига чанг солди. Кўп ўтмай қарчиғайнинг қанотлари қайрилди. Саъва унинг кекирдагига оғиз солиб, бўйнидан омбурдай қисганча пастга ўқдай отилди ва кўз очиб-юмгунча айвон тепасига келиб жонидан жудо бўлган қарчиғайни шайхнинг оёқлари остига ташлади. Эркин-эркин силкиниб олди-да, яна юқорилаб кетабошлади.
Айюн олдидаги ҳовуз бўйида бу холатни шайхнинг бир кисм муридлари кузатиб ўлтирган эди, яхшиликка йўйиб, муршидга таъзим бажо этгани айвонга киришмоқчи бўлиб турганларида мўғул элчиси келаётганидан хабар топишди. Шайхни бундан огоҳ этдилар. Сал фурсатдан сўнг шайх ва элчи бир-бирига рўбарў бўлишди.
Нажмиддин Кубро ўз ҳолати ва кийимларини ўзгартиришга улгурган, гўё дориломон замону шайх ҳозир жомеъ масжидига бориб ваъз айтадигандай вазмин ва пурвиқор қиёфада ўлтирар, орикдан келган, қотма, эчкисоқол элчи эса бундан таажжубга тушганини билинтирмасликка уринса-да, ижирғанганини яширолмай тажанг ҳолда шайхдан уч қадамча нарида тик турар, орқасида ўз қоровуллари тароқ тишларидек бир текис тизилишган эди. Сассиқ тер ҳиди шайхнинг димоғига урилар экан, кўнгли айний бошлаганини яшириб, хўш, нима демоқчисан, дегандай унга кўз қирини ташлади.
— Буюк шаҳзода истаюрки, шайх оёқ остида қолмасун, — гап бошлади бўғиқ овозда элчи, — дедиким, шайх айтсун, неки ихтиёр айлар, бажо этилур.
Таажжуб, ёғий қалъа аҳлини молдай сўйсаю унинг шайхига «марҳамат» кўрсатишга журъат айласа, халқ бошқаю шайх бошқа, деб ўйларми, бу нокаслар?!
Шайхнинг юзида истеҳзо пайдо бўлди. Лекин саволга яраша жавоби дегандай босиқпик билан элчига юзланди.
— Мен бир ўзум эмасман, шерикларим бордур.
«Марҳамат»ни шайх бажонидил қабул қилади, деб ўйлаган шекилли, элчи ўйланиб қолди ва боши қотиб хўжайинлари олдига жўнади.
Муридлар устозга савол назари билан боқдилар. Уларнинг кўнглидан нималар кечаётганини ҳазрат кўриб-англаб турарди. Муридларнинг кунглида савол ҳозиргина айтилган «шерикларим бордур», деган сўздан туғилганини, буни турлича англаш, элчининг таклифига қўйилган шарт деб ҳам, айни пайтда раддия деб ҳам тушуниш мумкин эди.
Уларни аросатга солгувчи бошқа бир жиҳат йўқ эмасди. Бундан бир ойча муқаддам, Урганжни ортиқ ҳимоялашнинг мушкуллиги аён бўлиб қолгач, шайх турли қалъа ва кентлардан келиб ўз ҳузурида муқим макон тутган муридларига шаҳарни тарк этишга изн берган, улар эса учқур отни ҳозирлаб, устозни олиб кетиш тадоригини кўришган, пири муршид бу таклифни қатъиян рад айлаган эди. Устознинг бир сўзлилигини билсалар-да элчига берилган жавобдан муридлар бироз таажжубга тушган эдилар. Уларнинг кўнглини аниқ кўриб турган шайх на бир сўз дер, на ботинидагини зоҳирига чиқарар эди.
Сукут то элчи иккинчи бор келгунигача давом этди. Муридлар унинг қайтиб келиши ҳақида ўйлаб кўрмаганлари юз-кўзларидага таажжубдан сезилиб турарди. Муршиди аъзам бўлса элчининг такрор келиши, нима дейишини олдиндан билгани сабаб сўзла, дегандай унга синчков назар ташлади. Элчи деди:
— Шаҳзода маълум этадурларким, юз кишингизни олиб истаган томонга равона бўлгайсиз.
Шайх юзида тағин фақат муридларгагина аён бўлган истеҳзо кўринди. Улар билдиларки, ҳазрат таклифни рад айлагай. Аммо улар ўйлагандай бўлиб чиқмади. Муршид яна элчини гангитиб қўйди.
— Юз киши дерсиз. Одамларим ондин кўпдур.
Элчи тағин орқасига қайтиб кетишга мажбур бўлди. Орадан кўп ўтмай қайтиб келди-да:
— Хўп, минг кишини ёнингизга олинг, — деди гўё катта илтифот кўрсатгандай керилиб.
Эрса шайх деди:
— Йўқ, мен юртимни, халқимни ташлаб ҳеч қаён кетмасмен. Яхши-ёмон кунида бирга бўлган халқим ила бир томчи қоним қолгунича бирга бўлурмен! Шу ватанда туғилибмиз, шу ватанда ўлурмиз!
Бу гапдан, табиийки, элчи ғазабга минди ва хонақоҳдан ўқдай отилиб чиқиб кетди.
Муридлар ҳазратнинг ниятини энди аниқ билдилар ва бир куни асқатар деб тоғдан келтириб қўйилган тошларни, яроғларни қўлга олабердилар.
Ҳазрат бу пайтда етмиш беш ёшда эди, лекин ғўч йигитлардай ўрнидан даст туриб, камарни белга маҳкам боғлади.
— Азизларим, — деди муридларига, қариндош-уруғлари, ёри-биродарларига қатъият билан, — аёнки, ёғий сўзун қабул айлаб, ватандин чиқиб кетар бўлсак, жонимиз омон қолгай ва бегона элларда бўлса-да ўзумизга яраша мартаба топгай эрдик. Аммо ватансиз мартаба мартаба, юртсиз ҳаётдин ҳаёт бўлгайми?! Магарам ўз элимизда қолур эсак, ёғийга хизмат елкамизга тушмай қолмагай. Бизим елкамиз тоғни кўтарур, аммо бу иснодни кўтара билмас. Ўз юртингда ўзгага тобе бўлуб яшагандин ўлган яхшидур!
Муридлару хешу ақраболар жавоб бердилар:
— Ул ҳаётдин ўлим афзалдур, ҳивз-ул ватан, мин ал-иймон! Ватанни муҳофаза айламоқлик иймон белгисидур, деган юқоридаги аҳду паймон ҳазрат ўзи асос солган Кубравия тариқатининг асл мағзи эди, барчаси унга содиқ қолди, кўплар саваш майдонида шаҳид кетдилар, қолганлар, мана, ўлимни бўйинларига олиб, жангга кирмоқликка изн кутиб турмоқдалар.
Уларнинг шиддатларини кўриб шайхнинг кўнглидан бир фикр кечди. Қани Хоразмшоҳда, онинг атрофидагиларда ҳам шундай иймон, эътиқод бўлсайди, аъёнлар бир-бирларининг тагига сув қуйиш ўрнига ёғий илдизларин қуритмоқликка жаҳд айласалар, Жалолиддин Мангубердига имдод қилсалар эрди, ватан бундоқ кунфа-якун, халқ бундоқ хору забўн бўлмас, билъакс, ёғийга сичқоннинг ини минг танга бўлғай эрди!
Жалолиддинни ўйлар экан, шайхнинг кўнглига ишонч тўлкини инди: Иншооллоҳ, Жалолиддин Мангуберди ёғийнинг додини бергай, жасур авлодлар ватанни дағи озод ва обод айлагайлар!
Шу ўй билан ҳазрат ўз дилига тугиб қўйган ниятини амалга оширишга киришди. Ичкари кириб саросимада ўлтирган аёллар ҳолидан хабар олди, мўлтираб турган болаларнинг бошларини силади. Водариғ, ҳадемай бу фаришталарнинг-да бошларида янғоқ чақурлар, қай бирларини қатл айлаб, қай бирларининг қўл-оёқларига қуллик занжирларини боғламоқ бўлурлар. Аммо ёғий англамаски, оларнинг қарияларидин тортиб норасидасигача бош эгиб яшамоқликдин тик туриб ўлмоқликни афзал билурлар!
Валитарош ўз дийдасида ҳалқаланган ёшни жигарпораларидан яширди, аёлларнинг курблари бунга етмади, улар кўзларидан дув-дув ёш тўкиб, ҳазрат этагини сўнгги бор пешоналарига суртдилар. Кўрдиларки, унинг қўйинлари ва ҳамёнларида ҳам тошлар бўртиб турадур.
…Шайхнинг узил-кесил жавобидан кейин Ўқтой ва Чиғатойлар шайх энди ўзидан кўрсин деб отга минаверишди. Жўжи ҳам ноилож узангига оёқ қўйди.
Шайх хонақоҳга қамалиб олди, қопуларни бузамиз, деб ўйлашган эди. Бироқ ўзлари томон қилич яланғочлаб келаётган бир қисм отлиқларни кўриб, бу шайх ва унинг одамлари эканлигини сезишди.
Ора тобора қисқариб, қирқ-эллик чоғли отлиқ юзлаган қўшин домига тушаётган аснода яна бир мўъжиза Жўжи қалбини ларзага солди. Осмони фалакда лак-лак қушлар пайдо бўлиб, майдон узра уввос солганча тинмай чарх урабошлади. Мўғуллар шунча жанг қилиб бундай ҳолга дуч келишмагани сабаб ҳайратланиб кўкка ўқ узабошладилар. Лекин ўқлар қушларга етиб бормас, ора-чира борганлари ҳам нишонга тегмас эди.
Икки томон бир-бирига яқинлашиб қолди. Қиличбозликка чоғланган мўғуллар дафъатан тош бўронига дуч келдилар. Тошнинг бундай зарб билан отилишини умрида кўрмаган мўғуллар саросимага тушиб бирин-кетин отдан қулай бошлади.
Чийиллаган қушлар қўшин устига тобора яқинлашиб келар, тўп-тўп отлиқларга чанг солмоқчи бўлар, қанотларидан чиққан товушлар ўқ ва килич сасларига, отларнинг ҳайқириғига қўшилиб, даҳшатли садога айланар эди.
Жўжининг кўзи ўнг қанотда шиддат билан қилич сермаётган ёши улуғ суворийга тушиб қолди, виқоридан билдики, шайх ўша. Ўша! У гўёки забардаст йигитга менгзаб наъра тортар, ўнг қўлида қилич ўйнаса, сўл қўли билан қўйнидан тош олиб тинмай рақибига отар, қиличи мўлжалга, тоши нишонга тегмай қолмас эди. Жўжининг кўнглида бирдан бу шайх жоду билан қўшиннинг кўзини боғлаб қўйган деган хаёл келди. Келдию ҳайрати нафратга, қизиқиши ғазабга айланди. Хос черигини унинг устига ташлади.
Камон ўқининг заҳми ва қилич зарбидан охири шайх қулади, қулаётиб мўғул туғчиси қўлидаги байроққа чанг солди, унинг бир парчасини йиртиб — узиб олди.
Сўнгги нафасда кўкка назар ташлаган шайхи кабир ўз боши узра чарх ураётган сонсиз-саноқсиз қушларни кўрди, уларнинг орасида ҳали ўз назари тушган қушни, қарчиғайни қийратган саъвани илғаб олди, гўё ўша битта саъва юзтага, мингтага айланган, уларга лочинлару бургутлар қўшилиб, дунёдаги жами қушларга садо бераётгандай, бари қанот соҳибларини ўз сафларига чорлаётгандай эди. Шайхнинг кўзларида сўнгги бор умид учқунлари йилтиради.
Мўғул шаҳзодалар Нажмиддин Кубро жасади устида пайдо бўлдилар. Унинг панжасидаги туғ парчасини олишга буйруқ бердилар. Жаллодлар қанча уринмасинлар, уни олабилмадилар. Шайх бармоқларини кесгачгина узуқ-юлуқ нимталарни йиғиштириб ололдилар. Бу энди байроқ эмас эди…
Қушлар юқорилаб кетабошлади. Гала-гала, айланиб-айланиб учабошлади. Сўнгра галалар бирлашиб, кўк юзини қоплаб олди. Кутилмаганда ёмғир қуя бошлади. Бу ҳақиқатан ҳам ёмғирми ёки кўқда чарх ураётган кушларнинг кўз ёшларими ёхуд оқ қушлар тимсолида мангубердилар кўксидан отилган қасос ёғинларими, мўғуллар фарқига бормади.