“…Ҳе-ҳе, – дея тўнғиллади чол, – ёқадими эмиш! Ёқадиям, ёқмайдиям. Аёлинг хўп хушбичим-у, аммо жонсиз. Сиз, мусаввирлар, одам аъзоларини анатомия қонунларига мувофиқ қўйиб чизсак бас, деб ҳисоблайсиз. Сўнг бу шакл-шамойилни палитрада тап-тайёр турган тана рангидаги бўёқ билан бўяшга тутинаркансиз, бир тарафини бошқасига қараганда тўқроқ қилиш пайида бўласиз ва қаршингизда турган яланғоч аёлга фақат шу мақсаддагина аҳён-аҳён назар ташлаб қўйиб, камина табиатни қайта бунёд этаяпти, мен-Худодан санъаткорлик сирини ўғирлаб олган зотман, дея хаёл қиласиз ўзингизни… Бе, қўйсангиз-чи! Буюк шоир бўлмоқ учун гапни чаппа тузиш-у зўр қофия топишнинг ўзи кифоя эмас-да! Авлиё аёлингга қара, Порбус! Бир қарашда, у офатижон бўлиб кўринади, аммо сер солиб тикилсанг, полотнога чиппа ёпишиб қолганини англайсан: унинг гирдида айланиб бўлмайди. У – фақат олд томони бор, ёрти бир тасвир, холос. На у ёқ-бу ёққа ўгирилиши, на-да им қоқиши маҳол бўлган аёлсимон бир кўланка. Мен мана бу қўллар билан орқа манзара оралиғида ҳаво сезмаяпман, картинада бўшлиқ йўқ. Ҳолбуки, олислашиш қонуни тўла-тугал сақланган, орқа манзара қоидасига ҳам худди шундай риоя этилган. Аммо мақтовга лойиқ бундай тиришқоқлигингга қарамай, бу гўзал вужудга ҳаётнинг қайноқ нафаси-ла жон уфурилганига асло ишонолмайман. Дейлик, унинг олмадек шу кўкрагига қўл теккизсам, мармардек совуқлигидан сесканиб кетаман! Ҳа, дўстгинам, бу буғдойранг баданда қон гупураётгани йўқ, чакка ва кўкрагининг тиниқ териси остида тўр бўлиб таралган томирларда ҳаёт алвон чашма каби жўш урмаётир.
Қара, мана бу жойи нафас олаётгандек – худди тирик одамникидек, мана бу жойи эса қилт этмайди, картинанинг ҳар бир бўлагида ҳаёт билан ўлим олишиб ётибди. Мана бу ерда аёллик латофати намоён, мана бу ерда эса у қўғирчоқнинг ўзи. Хуллас, асаринг номукаммал. Сен севимли асарингга қалбингнинг бир бўлагинигина бағишлагансан, холос…”
Кутилмаганда эшик очилиб, дераза пардаси жонланиб-қалқди: хонага ёпирилиб кирган салқин шабадада сочлари тўзғиган, норозилиги чўччайган лабларидан кўриниб турган Муаззамни кўргач Маҳин соатга қараб, лаб тишлади:
– Эсимдан чиқибди…
– Келишгандик-ку?!
– Узр, дугон, китоб билан бўлиб…
– Одам деган ҳам шунақа бўладими! Камига телефонингни ҳам ўчириб қўйгансан. Кутдим, келмаганингдан кейин, баттар бўл, кўр бўл, дедим-да…
– Бирор нарса харид қилдингми?
Муаззам юз-кўзи қувончдан ял-ял ёниб, энтикканича ичкарига шошиб одимлади:
– Вой, дугон! Турецкий шунақа антиқа моллар келган… Туфлиларни айтмайсанми? Қара, нима олдим!
У сумкасидан рўмол олиб, бошига ташлади.
– Қалай?
У рўмоли учларидан тутганича турган жойида чирпирак бўлиб айланганди, хонани муаттар бўй тутиб кетди.
– Ўзинг чиройликсан, шунинг учун ҳамма нарса ярашади!
Маҳин жилмайганича унга бошдан-оёқ кўз ташлаб, китобга энгашди.
– Гуллари, нақшларининг чиройлилигини айтмайсанми! Бунақаси ҳеч қайси матода йўқ. Мана бу ҳошиясини кўр, қанақа!.. Ранглари ҳам жой-жойида танланган. Енгил, юмшоқ, муҳими ғижим бўлмайди.
Муаззам деворда осиғлиқ турган кўзгу-тошойна томон ўгирилди.
– Хоҳласанг, мана бунақа қилиб елкангга ташлаб қўясан. Хоҳла рўмол қилиб ўра, хоҳласанг шарф қил, хоҳласанг мана бундай қилиб… Ҳой!? Жағимни оғритиб кимга гапиряпман? Деворгами? Ўзи сенга гапиргандан кўра…
– Кечир… – Маҳин хижолатли кулимсиради.
– Уф…
Ниманидир ўйлади чоғи, кўк юзини қамрай бошлаган булут каби норизолик балққан нигоҳлари туйқус ёришди, чеҳрасига табассум қуёши балқди.
– Яна ўшанинг китобими? – деди муроса оҳангида.
– Ҳа, ўша!
Қиз чуқур хўрсинганича дераза ёнидаги иккинчи кроватга ўтирди-да, рўмолини тиззаси устига ёйди.
– Ҳалиги, биласанми… – Муаззам бир муддат тараддудланди, – пулингни… стипендияни олганимдан кейин берсам дегандим.
– Хўп.
– А? Раҳмат, дугон! – у энтикиб, чуқур тин олди, – хоҳласанг, сенга ҳам бериб тураман. Эртага қизларнинг кўзини бир куйдирай!
У қувонч билан рўмолини шифтга қайта-қайта отди-да, шамол дераза дарпардасини қалқитган вақтда тушаётган ёруғликдан жилваланаётган заррин, нақшинкор гулларига завқланиб тикилди. Унинг болаларча беғубор шодлигини кузатар экан, беихтиёр Маҳиннинг чеҳрасига ҳам табассум югурди.
– Айнан шунақасини қачондан буён излаб юргандим. Сен эса хурсандчилигимга шерик бўлиш ўрнига…
– Бу асарларнинг мен учун қанчалик аҳамиятга эга эканлигини билмайсан-да, дугон, – деди Маҳин ўзини оқлаётган оҳангда китобни узаниб дераза токчасига қўяр экан, муқовасига ўзгача меҳр билан кўз қирини ташлаб кроватга қулайроқ суянди. – Қўлга олишим билан дунёни унутаман! Ана уни ҳақиқий адабиёт, ана уни истеъдод деса бўлади! Тасвирларнинг ҳаққонийлиги, худди аллалаётгандек янгровчи оҳангдор сўзларининг жозибасини айтмайсанми. Кейин, кейин аёл руҳиятини ҳеч ким унингдек тушуна олмаса керак!
– Эй Худойим-ей, яна бошладингми! – Муаззам шундай дея ёстиқни юзига буркади.
– Бальзак ҳақиқатдан ҳам даҳо! Ақл бовар қилмайди, бунақа асарларни қандай ёзишади, қаердан ўйлаб топишади-а?
Муаззам нимадир деди.
– Тушунмадим? Ёстиқни олиб гапир!
– Уф… Ўша асарни мен ҳам ўқиганман, бунчалик ҳайратланмасанг дедим, тушунарлими?!
– Сенда ҳайрат йўқ, – деди Маҳин. – Хафа бўлма-ю, сени ҳаяжонланадиган мурвати аҳён-аҳёнда, яъни қимматбаҳо либос ёхуд тақинчоқларни кўрганда ишлаб кетадиган ҳайкалга ўхшатаман.
– Гапининг совуқлигини-чи! – лаб бурди Муаззам.
– Баъзида, – жилмайганича гапида давом этди Маҳин, – ҳис-туйғу ҳақида гап кетганда менга худди бирор таом ҳақида гапираётгандек туюласан!
– Буни инкор қилмайман! Ўзини англаган инсон ҳис-туйғуларга қарам бўлмаслиги керак! Қанчалик совуққон бўлсанг, шунчалик ютасан! Шунчалик кўп нарсага эга бўласан!
– Аксинча! Сен назарда тутаётан ўша НАРСА моҳиятан аҳамиятсиз бўлгани учун лоақал муайян номга ҳам эга эмас! Табиатингдаги худбинлик сабаб моддиюннинг зуҳуригагина эътиқод қўйиб, баъзида бу борада жуда чуқурлашиб кетасан!
Муаззам иягини тирсагига тираб, унга тикилди.
– Баъзида… баъзида… АКСИНЧА! Баъзида тилинг жуда заҳар бўлиб кетади. Буни ўзинг ҳам сезасанми? Бу биринчидан…
– Сен ҳам кам эмассан!
– Гапимни бўлма! Иккинчидан, ҳис-туйғу деганда сен…
Шу вақт кўчадан машина сигнали эшитилди.
Муаззам дераза оша кўчага қараб қўлини қувноқ силкиб қўйди-да, Маҳинга маъноли кулимсиради:
– Борига шукр, у бўлмаса ҳолим не кечарди-а?
– Тинчликми?
– Халоскорим келди!
– Ким? Зуфарми?
Тасдиқ ишорасини олгач, кўзгуга тезгина қараб олди-да, ташқарига отилди.
Дугонасининг қораси узоқлашгач, рўмолни елкасига ташлаб, тошойна қаршисида ўзини турли қиёфага солиб бир муддат солланди: димоғида аллақандай шўх мусиқани хиргойи қилиб чирпирак бўлиб айланганча рақсга туша бошлади.
Хона ҳам, борки жиҳоз унинг билан айланар, кучлироқ шабода эсган вақтда парда бор бўйи билан ҳавога кўтарилиб хона қуёш нурларидан чароғон бўлиб кетар: қизнинг завқини келтирганича сочларини тўзғитиб, рўмоли ва этагини юлқиб тортқилар, баъзида эса шабода эшик томондан ёпирилиб кириб, парда худди бўрондан зўриқаётган кема елкани каби дераза ромларига юкунган чоғда хона ним қоронғуликка чулғонарди.
Қиз ўйнаб толиққач ўзини кроватга ташлади. Мамнун керилган қирмизи лаблари устида кўпчиган реза-реза тер томчилари кўринар, дурдек тизилган оппоқ тишлари ва шодлик учқунлаётган кўзлари йилтиллар, рўмол ташланган кўкси эса тинимсиз кўтарилиб тушарди.
Аллалаб-елпиётгандек қалқиётган дарпарда аро юзига тушаётган нур тафти, уфураётган ёқимли шабода ва юмшоқ тўшакнинг оромбахш оғушида кўпириб-парланиб, шуълаланаётган паға-паға булутлар сузиб юрган мовий гумбазга боқар экан, чексизликни туя-туя уйқу элитганини сезмай ҳам қолди…
Жунжикиб уйғонди. Шом тушиб, атрофни қоронғулик қамрай бошлаган, очиқ деразадан кираётган муздек шамолдан елкалари совуқ еган эди.
Шу вақт кўзлари қувончдан ёнганича Маҳин кириб келди.
– Бунча ҳаялладинг?
– Суҳбатимиз чўзилиб кетди.
Тошойнага қараб ўзига оро берар экан, чуқур ва мамнун хўрсинди.
– У чиндан ҳам бошқача! Бошқаларга ўхшамайди.
Юзини норози буриштирганча деразани ёпган Муаззам жунжикканича халатига ўранар экан, лоқайд оҳангда деди:
– Тушунмадим!?
– Нимани тушунмадинг? – сўради Маҳин ўгирилмаган кўйи.
– Бу ерда бошқа гап бор! Қани, ёрил-чи!
– Қанақа гап бўлиши мумкин?
– Маҳин?
Муаззам қувонч тўла кўзларини унга қадади.
– У қўлимни сўради!
– Оҳ, қандай бахт! Кутмагандим, табриклайман!
– Раҳмат! Муҳлат эртагача, дарсдан кейин учрашадиган бўлдик. Кечки нонуштани соҳил бўйидаги ресторанда қилмоқчимиз.
– О-ҳо! Романтик кеча дегин.
– Шунақа! Биз билан айланмайсанми?
– Ммм… Йўқ, боролмайман! Дарсдан сўнг супермаркетга боришим керак, ранги ёқмаяпти, очиқроғига алмаштириб келаман.
– Яхши эди-ку, ҳа майли, ўзинг биласан.
– Бошим! Аччиқ қаҳва ичмасам…
– Менга ҳам тайёрла, илтимос.
Муаззам бош ирғаб, зирқираётган елкасини силаганича ошхона томон юрди. Маҳин эса ҳикоянинг қолган жойидан ўқишга тутинди…
* * *
– Қўйворинг! Қўйворинг деяпман!
Қоронғулик қўйнидан шошиб одимлаганича Маҳин ва Зуфар изма-из чиқиб келишди.
Кўча чироғи ўчиқ, ҳовли қоронғу, Муаззам ҳали қайтмаган кўринади. Уй олдига келиб, сумкасини ковлаётган вақтда йигит ҳам етиб келди. Қиз эшикни очар экан, зарда билан деди:
– Кетинг, кўзимга кўринманг!
– Маҳин!..
– Мен сиздан нафратланаман, эшитдингизми, нафратланаман!
Эшикни ичкаридан беркитмоқчи эди, уддалай олмади. Сумкасини улоқтириб, юзини қўли билан тўсганича кроватга ўтирди. Деразадан тушаётган ғира-шира ёруғлики дарпарда нақшларида ўз аксини топаётган қоронғу хонада қизни базўр илғаш мумкин эди.
– Қаерда эди?..
Пайпасланиб чироқни ёққан йигит унга яқин борди.
– Маҳин?
– Мен сизни ер юзидаги энг олийжаноб инсон деб билардим! – ёшли кўзларини унга қадаганича деди Маҳин. – Сизни ҳатто авлиё даражасига чиқариб қўйгандим, шуни биласизми!?
Қизнинг мижжасида тўлқинланаётган ёшлар гул япроғида сизаётган шабнам мисоли енгил титраб турган гилос ранг лабларига қуйиларди.
– Фақат ўз гапингни маъқуллайсан, мени ҳам эшитсанг-чи! – қўлларини силтаганича асабийлашди Зуфар!
– Айтадиган гапингизни айтиб бўлдингиз! Мен сизга ишонган эдим. Сизни севгандим, қалбимни бергандим!
– Қаердаги бир нусхани деб…
– Керак бўлса, аслида ўша нусха сизсиз! – унинг гапини бўлди Маҳин,
– Танишганимиздан буён шу аҳвол! – дўриллаган овозда ҳайқирди Зуфар. – Сенинг бошқа мақсадинг, бошқа ҳаётинг ҳам борми? Мени ҳам ўйлайсанми? Мен ҳам одамман-ку?! Шунча кутдим, борлигимни сезар деб. Чидадим, сабр қилдим, ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлади! Мен ҳақимда, орзуларимиз ҳақида бирор маротоба гапирганмисан? Йўқ! Нега? Нима учун? Ёқмаса ҳам бутун умр гапингни маъқуллаб, соянгга сиғиниб ўтишим керакмиди? Одам деган шунчалик ҳам бўладими?
Қизнинг ғуссали чеҳрасида чироқ ёруғида йилтираганича, дурдек қатор тизилган ёшларига қараб туриб кўнгли алла нечук бўлиб кетган йигит унинг қўлларини кафтлари орасига олди.
– Сен учун ҳамма нарсага тайёрлигимни наҳот билмасанг? Тушунсанг-чи! У сенга нима берди? Нима бера олади?
– Олиб берган нарсаларингизни миннат қилаяпсизми?
Йигит ҳушёр тортди.
– Эсинг жойидами? Қанақа миннат, нималар деяпсан?
– Билгандим шунақа бўлишини! Мана, олинг!
Зарб билан полга улоқтирилган қўлтелефон ғилофидан ажралиб, сочилиб кетди.
– Бу нима қилганинг?
Қиз ўзини кроватга ташлади-да, юзини ёстиққа босиб ўкириб йиғлаб юборди. Ўзини йўқотиб қўйган йигит қўл узатгани ботина олмасди, қандай йўл тутишни билмай турган вақтда хонага саросимада Муаззам кириб келди. У эшик кесакасига суянганича, паришон нигоҳларини уларга ҳайрат билан тикиб, елкасига ташлаган рўмолини сидириб олди-да, ўзи билмаган ҳолда ўраб-ғижимлай бошлади.
– Нима гап, тинчликми? Овозларинг… кўчага эшитилади-я!
– Ҳеч гап йўқ, – кўзларини олиб қочганича тўнғиллади Зуфар.
– Кетинг!
– Маҳин?
– Маҳин, ўзи бу ерда нималар бўлаяпти?
– Кетинг дедим сизга! Муаззам, айт, чиқиб кетсин!
– Ҳеч қаерга кетмайман!
– Унда мен кетаман!
– Ҳеч қаерга кетмайсан! – Зуфар Маҳиннинг билагидан тутиб кровати ёнига қайтарди. – Мен ўйинчоқ эмасман, ёқмай қолса улоқтириб юборадиган. Шунча вақт сабр қилиб сени тингладим, энди, мени тинглайсан!
– Менга дўқ қилманг, шарт ҳам қўйманг, сиз мен учун ҳеч ким эмассиз!
Совуқ қотаётгандек енгил титраётган қизнинг ғазабдан кўзлари катта-катта очилган, қорачиқлари кенгайиб кетганди.
– Зуфар, балки сиз нима бўлаётганлигини айтиб берарсиз?
– Ҳаммасига унинг бўлмағур…
– Тилингизни тийинг! Ўзингиз бўлмағурсиз!
– Бас қиласанми-йўқми!?
– Сиз бас қилинг!
– Ҳар икки гапнинг бирида ўшани тиқиштирмасдан тура олмайди! Ёнидаги одамнинг ғурур-ҳамияти унинг учун бир пул!
– Энди тўғри тушунибсиз, кўнглингиз тўлдими? Баҳойингизни билар экансиз, тинч қўйинг мени!
– Ҳозир мен сени!..
– Маҳин, бу нима деган гап? Зуфар!
– Сиз аралашманг!
– Ие, ҳа?! Ур! Ур! Нега бақрайиб қолдинг?
– Сансирама менга!
– Сансирайман! Қўлингдан нима келади!
– Нима дединг?
– Маҳин! Эсингни йиғ, бу нима деганинг?
– Эшитганинг! Сен…
Маҳин гапини тугатишга улгурмади.
– Оҳ, онажон!..
– Зуфар!
Муаззам Зуфарнинг билагидан тутди.
– Бу нима қилганингиз? Нималар бўлаяпти сизларга?
– Қўйиб юборинг!
– Зуфар!
– Қўйиб юбор дедим!
Кўзлари хиёл ёшланиб, енгил титраётган Зуфар Муаззамнинг қўлини енгил силтаб ташлади-да, чап юзини силаганича ерга ўйчан нигоҳини қадаган Маҳиннинг қаршисида тиззалаб, юзини кафтлари орасига олди: кўз ёшларини бармоқлари билан сидириб кўзларига тикилди.
– Мен сени севаман! Эшитаяпсанми, севаман! Сен учун ҳатто дунёга ўт қўйишга ҳам тайёрман! Сенга кўз олайтирганнинг барини ўлдираман! Ҳеч кимга бериб қўймайман! Хаёлинг ҳам, бутун борлиғинг ҳам меники, эшитаяпсанми, фақат меники!
– Ҳеч қачон! Ҳеч қачон!..
– Зуфар! Унинг хаёли ҳозир жойида эмас, илтимос, кетинг, эртага бафуржа гаплашиб оласизлар!
– Гаплашадиган гапимиз қолмаган!..
– Нимани истайсан, айт, ҳаммасига розиман! Сўз бераман, нима десанг шу бўлади!
– Кетинг!
– Нима?
– Бу ердан даф бўлишингизни, қорангизни ўчиришингизни истайман!
Зуфар ўрнидан кескин туриб тошойнани девордан юлиб олди-да, ерга урди. Муаззам қўрқувдан чинқириб юборди:
– Зуфар?!
Ойна гардишидаги нақшинкор гипс бўлакчалари ва шиша синиқлари атрофга сачради.
– …Бечора-ей!
– Маҳин!
Хаёлини тобора кучлироқ қамраб олаётган нохуш ўйлардан карахт, қўрқувдан қалтираётган Муаззам Зуфарнинг йўлини тўсди.
– Зуфар! Эсингизни йиғинг, бу нима қилганингиз? Илтимос, ҳеч бўлмаса сиз оғирроқ бўлинг, ахир эркак кишисиз-ку! Бундай пайтда унга гап уқтириб бўлмайди. Илтимос, кетинг!
Йигит ҳансираб, депсиниб у ёқ-бу ёққа аланглади-да, эшикни тепиб чиқиб кетди.
– Ярамас, пасткаш!
Узоқлашиб улгурмаган йигит бу гапни эшитиб тўхтади, кафтини қисимлаб ортига ярим ўгирилди, Муаззамнинг қўлини кўксига қўйиб ортидан илтижоли қараб турганини кўргач, ниманидир ўйлади чоғи, тез-тез юрганича узоқлашди…
Машина эшиги қарсиллаб ёпилиб, ҳамлага шайланаётган ярадор буқа каби тош-тупроқ сачратганича жойидан қўзғалди. Муаззам бир муддат атрофни чанг-тўзонга кўмиб узоқлашаётган машина чироқлари ортидан қараб тургач, қўл телефони парчаларини йиғиб олди-да, Маҳиннинг қаршисида чўккалади.
– Шунчаликка боришинг шартмиди? Сени ҳам тушунмай қолдим!
– У шунга лойиқ!
– Балки сен айтарсан нима бўлганлигини?
– Уни ҳақорат қилди. У ҳақида гапиришимни манъ қилмоқчи бўлди.
– Яна ўшами?! Сенга неча маротаба айтдим!..
– Нима қилибман? – Маҳин ғазабдан ёнаётган кўзларини унга тик боқди. – Айбим, эслаганимми? Шунга осмон узилиб ерга тушибдими?
– Ҳеч бўлмаса шунча йиллик севги-муҳаббатларингни инобатга олсанг бўларди.
– Қанақа севги, қанақа муҳаббат?! Мен уни севмаганман, севмайман ҳам!
– Ортингдан қанча юрди, сен учун нималар қилмади, наҳот унутган бўлсанг?
– Нима қилибди мен учун? Нима? Ҳеч нарса! Ундан ҳеч нарса сўрамаганман, сўрамайман ҳам! У ҳақида эслашни ҳам хоҳламайман!
– Э-э, билганингни қилмайсанми! Шу етмай турганди ўзи. Уф… Бошим… Бўлар иш бўлди, тур, хонани йиғиштирайлик! Тегма, эсинг жойидами?!
У узаниб Маҳиннинг қўлидаги синиқ кўзгуни олиб хона бурчагига улоқтирди.
– Кечаси синиқ кўзгуга қараш хосиятсизлик келтиради.
– Сен овора бўлма, ўзим йиғиштириб оламан! – деди Маҳин нигоҳини бўшлиққа ўйчан қадаганича.
– Ҳозир тегма, эрталаб ташлармиз, ирими бор.
Қизлар хонани йиғиштиришиб, кўзгу синиқларини хона бурчагига тўдалашгач ҳеч гап бўлмагандек суҳбатлашиб ўтиришди. Ўрганиш сабабдир, ҳар иккиси ҳам ўзлари кутмаган ҳолда кўзгунинг йўқлигига кўника олмай унинг бўш қолганўрнига бир неча маротоба кўз ташлашди.
Муаззам боши оғриётганлигини айтиб ётди, Маҳин эса одатдагидек мутолаага берилди.
Тун ярмидан ошгач кучли ёруғлик дарпарданинг нафис, нақшинкор тўрларининг аксини хона деворига тутиб ўтди: шовқин тиниб, борлиқни сукунат қамраб олди.
Эшикнинг қаттиқ тақиллашидан чўчиб уйғонган Муаззам аввалига ҳеч нимани англай олмай атрофга аланглар экан, деразадан тушаётган ой шуъласида Маҳиннинг ҳам жонланганини сезди.
– Ким?
– Мен! Очинг эшикни!
– Зуфар!?
Муаззам ўрнидан туриб, елкасига тунги халатини ташлади ва чироқни ёқиб эшикка яқин борди.
– Бемаҳалда нима қилиб юрибсиз?
– Маҳин! Чиқ, гаплашиб олишимиз керак!
Қиз бир сўз демай бошини кўрпага буркади.
– Эртага гаплашиб оласизлар дегандим-ку. Зуфар, илтимос, кетинг!
– Чиқ! Бўлмаса эшикни бузиб кираман!
– Нима бало, мастмисиз? – қизнинг овози баланд ва қатъийроқ янгради.
– Ҳа, мастман! Эшикни очинг, бўлмаса қўпориб ташлайман!
– Кетмасангиз, одамларни чақираман!
– Билганингизни қилинг! Сиз билан ишим йўқ, Маҳин чиқсин! Очасанми-йўқми?!
– Зуфар…
Гапини тугатишга улгурмаган Муаззам ўзини базўр четга олишга улгурди, кетма-кет тепки зарбидан эшик қўпорилиб, бир табақаси ёнбошлаб қолди.
Зуфар Маҳиннинг кровати тепасига бостириб борди-да, устидаги кўрпани юлқиб, хона бурчагига улоқтирди. Қиз ўрнидан сапчиб турди.
– Ҳаддингиздан ошманг! Ўзингизни ким деб ўйлаяпсиз?
Нафис каштали кумушранг тунги либос қизнинг келишган қадди-бастига сидирилиб, васвасага солувчи борлиғини кўз-кўз қилар, чироқ ёруғида бели узра тўлғонаётган тим-қора сочлар оппоқ юзига фусункор жозиба бағишлаган, беҳи гули каби рангин яноқларида шуълаланаётган жилванинг на ғазаб ва на-да қувончдан эканлигини англаб бўлмасди.
Йигитнинг малоҳатидан эсанкираб каловланиши қизни ҳаволантирди.
– Кетинг, чиқиб кетинг!..
– Маҳин!
Йигитнинг нигоҳларидаги норозилик ва ғазаб ўрнини мутеълик ифодаси эгаллади: қизнинг оёғи остига беҳол тиз чўкар экан, бақувват қўллари у томон илтижоли чўзилди.
– Сенсиз яшай олмайман, илтимос…
– Ўртамизда ҳеч қандай гап қолмаган! Борини ҳам тарсакингиз билан йўқ қилдингиз, – унинг гапини бўлди Маҳин.
– Кечир!
– Йўқ! Ҳеч қачон!
– Маҳин!?
– Мени бошқа безовта қилманг, изламанг ҳам! Эркакларнинг ҳаммаси бир гўр экан! Энди фақат унинг хаёли билан яшамоқчиман!
– Маҳин! Эсингни йиғ, ўйлаб гапир! – деди Муаззам.
Йигитнинг юзига қон тепди: кўзлари ғазабнок ёниб, узатилган қўллар йиғилди, муштлар тугилди. Тишлари асабий ғижирлаб, жағ мушаклари бежо ўйнади. Ҳамлага шайланаётган йўлбарс каби ўрнидан вазмин қўзғаларкан, бўғиқ овозда деди:
– Илтимос, гапингни қайтариб ол! Ҳазиллашдим, синамоқчи эдим де!
– Йўқ! Бу рост!
Йигит қизнинг елкаларидан маҳкам тутиб, қаттиқ силкилади:
– Ҳаққинг йўқ, эшитаяпсанми, ҳаққинг йўқ!
Қизнинг кўзларидан тирқираб ёш сизди.
– Қўйворинг, оғрияпти!
– Зуфар! Эсингизни йиғинг! Қўйиб юборинг уни!
– Ҳазиллашдим де! Айт, ҳазиллашдим де!
Оғриқ жон-жонидан ўтиб кетган қиз ғазабланди.
– Сенга қараган сайин нафратим ортиб бораяпти!
Ғазаб ва аламдан сархушлиги зиёда бўлган Зуфар уни бағрига тортмоқчи эди, қиз унинг қўлидан чиқмоқчи бўлиб силтанди-да мувозанатини йўқотиб хона бурчагидаги кўзгу синиқлари устига йиқилди. Қиз ҳатто «оҳ» тортишга-да улгура олмади.
Зуфар яшин тезлигида уни кўтариб олди. Қизнинг кураклари орасига ханжарсифат кўзгу синиғи санчилиб турарди.
– Йўқ! Йўқ! Йўқ!!!
Тун бағрида йигитнинг дўриллаган, бўғиқ овози нохуш гулдираб кетди. Узун сочлари ҳавода солланаётган қизнинг камон каби эгилган белидан қўли билан тутиб, мафтункор юзига тикилганича турарди.
– Маҳин!.. Эй, Худойим-ей, нима қилиб қўйдим!?
У қизни бағрига босди.
– Илтимос, Маҳин, кўзингни оч! Илтимос, ўлма, мени ташлаб кетма! Маҳин! Маҳин!..
Йигит йиғлаб қизнинг лаби, бўйни, кўксидан телбаларча ўпар, юз-кўзи қонга беланган эди.
Муаззам кўзи тушган даҳшатдан бошини чангаллаганича чинқириб йиғламоққа бошлади.
Маҳинни даст кўтарганича, қоқиниб-суриниб ҳовли томонга йўл олган Зуфар нигоҳини қонли кўз ёшлари кўксига томаётган қизнинг гулдек жамолидан узмасди.
Зулматга чулғанган борлиқ сукунатини дов-дарахтларнинг шовуллаб тебранишигина бузиб турар, ҳадсиз юлдузлар залворидан қад ростлай олмаётган осмон қопқаси эса шундоққина қўл етгудек масофада эди.
Йигит тўлин ой шуъласидан жилваланиб, шамолда баҳри уммон каби тўлқинланаётган майсазор узра тиззалади: кумушранг либоси ҳилпираб, сочлари илондек тўлғониб-чулғонаётган қизни боши узра даст кўтарганича, кўкка қараб нидо қилди.
– Шумиди ниятинг? Шуни истаганмидинг? Нега жимсан! Нега индамайсан? Қайтариб бер, эшитаяпсанми, қайтариб бер! А-а-а!..
Унинг наъраси фалакни тутди. Яна ва яна…
Кутилмаганда у қизнинг жасадини майсазорда қолдириб, йиқилиб-суринганича хонага кириб борди. Ёқавайрон, ҳаммаёғи қон, кўзлари телбанамо боқаётган йигитни кўриб Муаззам деворга ёпишганича, қўрқувдан дағ-дағ титраб йиғлай бошлади.
– Йўқ! Йў-ўқ, илтимос! Керак эмас!.. Йў-ўқ…
Зуфар хона ўртасида ётган қонли кўзгу синиғини олгач, қўрқувнинг зўридан бақиришга-да ҳоли қолмаган қиз қаро терга тушганича, худди ваража тутгандек қалтирай бошлади.
Қиз жасадига яқин келган йигит худди совуқ қотаётгандек елкаларини қучиб, ҳўнграб йиғлаганича тиз чўкди. Бир муддат энгашган алфозда тош қотди. Сўнгра шиддат билан қаддини тик тутиб қўлларини кўкка чўзганича ер-у кўкни титратиб шундай аламли нидо қилдики, фалак гумбази чок-чокидан ситилиб кетгандек бўлди. Бир зарб билан кўйлагини пора-пора қилди ва қўлидаги кўзгу синиғини вужудига кетма-кет тортди: аввалига чуқур ботган «тиғ» жароҳати орасидан суяклар оқариб кўринди: ҳаяжон, номаълум қўрқув ва даҳшатдан тўлиб-тошган, қудратини кўз-кўз қилиб ўйнаётган мушаклар учиб-титрай бошлади, кетма-кет тортилаётган «чизиқлардан» зумда қонга беланди.
У эса тиззалаган кўйи қизнинг жасадини боши узра даст кўтарди ва кула бошлади.
Кулди: телба дунё устидан аламнок-оғриқли, масхаромуз ва шаккокона…
Кулди: қадри йўқ телба муҳаббатининг, ношуд ва нотавон тақдирнинг устидан…
Кулди, кулаверди…
Гўё унинг қаҳқаҳасидан нафсонияти уйғонгандек олис-олисларда гумбурлаган момақалдироқ, кўп ўтмай самодан даҳшатли садо бўлиб қайтди: у шаккокни излаб топган кезларда ер-кўк титраб, атроф кундузгидек ёришиб кетарди.
Йигит ҳеч нарсани кўрмас-туймас, телбавор куларди…
Шамол кучайди, кўз очиб бўлмас чанг-тўзон кўтарилиб, борлиқ жунбушга келди: атрофни дов-дарахтларнинг тебраниши, қулаши, бир-бирига урилаётган шох-шаббаларнинг қарсиллаб синишидан пайдо бўлган шовқин тутиб кетганди.
…Эшик-дераза ромлари парчаланиб, томлар ҳавога кўтарилди, деворлар қулади. Кўп ўтмай шаррос ёмғир қуя бошлади.
У кулгани сайин бўрон борлиққа қасд қилар: кўк ва заминни туташтириб юборган ёмғирнинг-да, тобора мавжланиб, шиддатланиб кўпираётган тошқиннинг-да ниҳояси йўқдек эди…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 11-сон.