Эркин Аъзам. Қор босган довон (ҳикоя)

Малик, Нишон, ўша қаттиқ келган қиш эсларингдами? Қаттол дара йўли, олижаноб Сафаров…
Бугун мен уни «Тошкент» меҳмонхонаси олдида учратиб колдим. Йўқ, учратишни кутмаган, ўйламаган эдим — тасодифан дуч келди. Ёнида ўзига ўхшаганроқ бир киши. Танимадим. Майдонда кезиб юришибди. Ҳасан-Ҳусандек бир хил кийинишган. Кийим-бошлари янги, аълосифат, аммо бировнинг эгнидан насияга олгандек қандайдир зебсиз, ярашиксиз. Чамаси, кеча келишган. Келибоқ зарур ишларини битиришгану кечқурун ё «Тошболта ошиқ»қа (нечанчи марта?) ёки бирон-бир (тўйларда эшитавериб зерикмаган) хушовоз хонанданинг концертига кириб мириқишган. Бугун эса у ёқ-бу ёқни айланишган, албатта ЦУМ, ГУМлардан совға-салом олишган, ресторанда ўтириб «бир хумордан чиқишган». Мана, энди майин кекириб пойтахт манзараларини кўздан кечиришмоқда. (Ахир, қишлоққа қайтганингда сафар таассуротига қизиққан биров-ярим «Ҳа-а, бу Тошкентлар қалай экан?» дея сўраб-нетиб қолса, мум тишлаб туролмайсан-ку! «Э, сўраманг, биродар! Эркагу аёлини ажратиб бўлмайди. Қизлар ҳам шим кийиб қолибди денг, барининг сочи қирқилган. Қиёмат. Лекин бу метро дегани зўр экан, ҳамма ёғи мармар-а!») Ҳозир театр майдонига ўтишади: антиқа фаввора теварагини ҳам бир айланишсин-да… Худди шу пайт учрашиб қолдик.
— Э, э, жиян! — деди Сафаров қучоқлашмоқчидек қўлларини икки ёнга ёзиб.
Саломлашган, ҳол-аҳвол сўрашган бўлдик: «Қайси шамол учирди?» «Хизматчилик, жиян. Шаҳрингизда меҳмонмиз».
Тахминим тўғри чиқди: кеча келишган экан; «Худо хоҳласа, бугун оқшом поездни кўзлаб турибмиз».
— Ўзимизнинг укалардан, — дея Сафаров мени шеригига таништира кетди. — Шу ерда, Тошкентда ишлайди. Идораси — ҳув анови баланд бинода. Кўряпсизми, тепасида соати ҳам бор! Шундайми? (Гапини менга тасдиқлатиб олди.) Булар тў-ўрт-бешта бўлиб бу ёқдан боришарди. Қишнинг куни денг, совуқ, изғирин. Эгниларида чармга ўхшаган юпқагина ҳалиги, нима дейди, куртками, истансада дикиллабгина ер тепиб туришади. Устудент-да. Раҳмим келади. «Мининглар мошинага», дейман. Экспедитор эдик, тагимизда мошина, истансадан тахтаю шифер ташийдиган вақтларимиз. Шуйтиб денг, тў-ўрт-бештасини мошинага ўтқазиб қишлоққа олиб қайтаман. Йўл бўйи ашулани ванг қўйиб кетишади. Устудент-да. Мана, энди қаранг, қандай одам бўлиб кетишди!! Тошкентдай жойда ишлаш бсонми? Фахрланамиз-да булар билан, фахрланамиз. Нима дедингиз?
— Шундай, шундай,— дея шериги ҳам унга қўшилиб мен билан фахрланди.
— Қани, бундай бир чойлашайлик бўлмаса, — деди Сафаров ресторан томон ишора қилиб.
Мен ҳам ўз навбатимда уларни уйга таклиф этган киши бўлдим.
— Айтдим-ку, бугун оқшом поездга чиқмоқчимиз, — деди Сафаров афсуслангандек. — Лекин янаги қатла йўлимиз тушса, сизникида албатта бир меҳмон бўлишимиз бор, ҳа, ҳисобга олиб қўйинг, жиян. Эҳтиётдан адресингизни ёзиб беринг. Тошкент бизга Маккадай гап, мана шундай келиб-келиб турамиз.
Биз у билан анчайин таниш ҳамқишлоқлар каби жўнгина ажралишимиз, мен ундан қишлоқдагиларга салом айтишини сўраб, у эса навбатдаги келганида албатта меҳмон бўлажагини таъкидлаб одатдагидек хайрлашишимиз, шаҳар одамига хос паришонхотирлик ичида мен уни бирпасдан кейин унутишим, бутунлай унутишим, яна ўзимнинг бош-адоқсиз ташвишларимга шўнғиб кетишим мумкин эди. Шундай бўлгани тузук эди, аммо хўшлашар чоғимиз у ишни бузди — дабдурустдан сўраб қолди:
— Ҳў-ў, Дурдара эсингиздами, жиян? Бўрон чатоқ?..
Дурдара! Лаънати Дурдара! Эсингдами, Малик? Эсингдами Нишон?
Дурдара, ду-ур дара — чек-адоқсиз олис дара…

Эгнимизда енгил нимча-куртка (пальто бизга ярашмайди: қўпол, узун), бош яланг (телпак оғирлик қиладиган маҳаллар-да!) оёқларимизда ёзлик бошмоқ (қишлигига пул қайда?), учовлон — Малик, Нишон ва мен янги йил байрамини уйда, ота-оналаримиз бағрида ўтказиш учун қишлоққа жўнадик. Уйда бизни безатилган арча эмас, қорбобо эмас, сирли совға-саломлар ҳам эмас — иссиққина сандал, атай асраб қўйилган кузги узумлар, олма, беҳи, уларнинг хонани тўкинлик гаштига тўлдирган анвойи ҳиди, оналаримиз, укаларимизнинг қадрдон қучоғи, меҳри кутарди.
Аммо поезддан тушгач, бизни совуқ станция, чиллада мастиққан бўри мисол хунуқ увиллаб оёқдан чаладиган бўрон, юзларга заҳарли игнадек санчиладиган дайди изғирин қарши олди. Писанд қилмадик: ёш эдик, соғлом эдик. Совқотардигу яқин, жуда яқин жойда — ҳув анови кул ранг туман пардасида осмонга ўрлаб, осмонга қўшилиб ғира-шира кўзга чалинаётган довон ортида, адирлар қўйнига яширинган бир қишлоқ борлигини, унда уйимиз, иссиқ-иссиқ уйларимиз борлигини, омад йўлимизни берса, ҳадемдй у ерга етиб олишимизни ўйлаб, баданларимизга илиқлик югургандек бўларди. Яқин, жуда яқин. Девдек хўмрайиб турган анови довондан эсон-омон ўтсак — уйга етганимиз.
Бамисоли нуқул совуқ, баднамо темиру қўрғошиндан қуйилиб, рутубат макон қилган қафасдек тор, ним-қоронғи станция биносидан навбатма-навбат чиқиб, кафтимиз — қулоқларимизга қопқоқ, югуришга шайланаётган одамга ўхшаб, турган жойимизда депсинганча йўловчи машинани пойлай бошладик.
Омадимиз чопганими, кўп кутишга тўғри келмади. Пойлоқчиликка чиққан Нишон ўша заҳоти югуриб кирди:
— Машина!
Рўпарада, темир йўлдан нарида саф тортган, теварак-атрофи эгаларини кутиб, қор кўрпаси остида мудраб, зерикиб ётган ёғочу кўмир уюмларига тўла пастак-пастак тахта омборлар биқинида кўринган юк машинаси ғилдиракларидаги занжирларни шалдиратиб келиб ёнгинамизда тўхтади. Кабина ойнасини тушириб, бошида саватдек телпак, пўстини ёқаларини кўтариб олган, юзи шишинқираганнамо бир киши бўйнини чўзди:
— Ҳа, жиянлар, йўл бўлсин?
— Боғболога, — дея учаламиз баравар жавоб қайтардиқ,
— Э, ўзимизнинг болалар-ку! Кимнинг ули бўласизлар?
— Салим тегирмончининг, — деди Нишон чийиллаб. — Қаҳҳор дарознинг укасиман, электрстанциядаги — деди Малик истар-истамас пўнғиллаб.
— Абраевнинг, — дедим мен охирида, нимагадир умидворлик билан.
— Э-э, шундай денглар? Буни қаранг. — Саватдек телпак ёнига — шофёрга ўгирилди.
— Сафаров,— деди Нишон пичирлаб. — Ҳамсоямиз. Уйи сал нарироқда-ю, барибир ҳамсоя-да. Кабина ичидаги гап эшитилиб турарди.
— Девонамисиз ўзи, Норбой ака? Кунни қаранг, бўлмайди-е! — дерди шофёр ўжар оҳангда. — Ана, довонни қор босиб ётибди. Ундан юраман деганнинг юраги отники бўлиши керак. Худо кўрсатмасин, Дурдаранинг йўлини ўзингиз биласиз, боргунча…
Кабинанинг нариги эшиги очилди, қулоқчинли, қора чопонга ўранган шофёр тушиб, олдимизга келди.
— Укадар, хафа бўлмайсизлар, — деди у Нишоннинг елкасига қўлини қўйиб, — юкимиз оғир, довондан юролмаймиз. Кўряпсизлар, мошинанинг усти очиқ. Кийимларинг ҳам… Яхшиси, мен сизларни аммамникига олиб бориб қўйсам. Уйи шу ерда, яқин. Бу кеча мазза қилиб гурунгни уриб ётсаларинг-да, эртага — худо пошшо, кун очилиб, қулайроқ бирон мошина бўлса… Майлими?
Биз мўлтираб Сафаровга тикилдик.
— Чўлли! Қўй шу гапни, бу ёққа чиқ! — деди Сафаров амирона оҳангда. Сўнг бизга кўз қисиб, машинага имо қилди: — Мининглар, болалар! Икки соат нима деган гап? Ҳаш-паш дегунча етамиз. Совуқ еб кўярмиди? Бўзбола, устудент. Аммангникида нима бор? Бугун празник, уйларига боряшя керак, Шундайми, жиянлар, а?
Яшанг, Сафаров амаки!
Бизга худди шу гап керак эди. Лип этиб учаламиз ҳам машинага чиқиб олдик. Машина Сафаровники, унга аммасининг уйини баҳона қилиб ортиқча даҳмазадан қутулмоқчи бўлаётган анови, қўрқоқ шофёр эмас, тушунган одам Сафаров хўжайин. Хўжайиннинг гапи гап! «Этаги» туширилиб, бўғзигача терак бўйи келадиган узун-узун тахталар ортилган машина ҳайдовчисига қўшилиб оғрингандек, истар-истамас жойидан қўзғалди. Йўловчи машинага интизорлигимиз совуқ хўмрайиб турган қизғиш станция биноси, туман ичига шўнғиб кетган темир йўлу теварак-атрофи ивирсиб ётганн тахта омборлар билан бирга ортда қолди. Машина ҳадемай баҳайбат довонга, довон эмас, бамисоли осмонга ўрлаб кетган илон изини четлаб ўтиб («Ундан юраман деганнинг юраги отники бўлиши керак!») оддий одам юраги билан юришга ўнғай, тепасида қоялар ваҳимали қаққайиб, аждаҳодек оғзини очиб турган дара йўлига бурилди.
Қояларнинг хира кўлкасидан бошқа нарсани кўриб бўлмайди — ҳамма ёқ туман. Чироқларини ёққан машина пайпасланганча, тоқатни тоқ қилгудек имиллаб бормоқда. Гўё туман ичида силкиниб, туман беланчагида тебраниб тургандекмиз. Қиялик ёки дўнгликка кўтарилганда худди туман қўйнига сингиб, туманга қоришиб кетгандек бўламиз. Дара бўйлаб алланима, йўқ, аждаҳо наъра тортаётгандек. Аждаҳо бизни домига чорламоқда, ютмоқда…
— Довондан кетсак зўр бўларди-да, — деди Нишон қулоқларини кафтлари билан ишқаркан. — Бирпасда етардик.
— Ўлгинг келгани йўқми? — деди Малик.
— Ўлмоқ ё қолмоқ-да жўра, бу нима азоб?
— Шошмай тур энди, уйга борганда ўласан. Давай, ашула айтамиз.
— Ашулага бало борми шу пайтда? — дея луқма ташладим мен. — Совуқда ўламан деб кетяпсану!
Улар гапимга парво қилишмади, бошлашди:

Қарғалар-р-р учса-а-а қарайли-и-ик…

— Қўшилсанг-чи,— деди тишлари такиллаётган Нишон менга. — Исигандек бўласан, худо урсин. Совуқ эсингдан чиқади-да. Қани, ҳа! Қарғалар-р-р…
Мен эса лабимни қимирлатишга ҳам қўрқардим: совуқ киради. Йўқ, улар ҳам сал ўтмай «исиниб бўлишди» — бас қилишди. Бири қулоғини, бири бурнини ишқашга тушди.
Машина секинлагандек бўлиб, Сафаровнинг овози эшитилди:
— Ҳа, жиянлар, жимиб қолдиларинг? — деди у кабинадан ҳовур пуркаб. —Баланд-баланд айтинглар-да ашулани, биз ҳам эшитайлик!
— Етиб қолдикми, амаки? — деб сўради Нишон чийиллаб.
— Етамиз, етамиз. Даранинг оғзига оз қолди. Даранинг оғзига етгунча… бурнимиз, қулоқларимиз ишдан чиқди, улар ҳақида қайғурмай қўйдик — йўқ ҳисоби бўлиб қолди. Оёқларимизга ёпишдик. Лекин оёқлар на бундай илиганга ўхшар, на бирдан музлаб, бизни тинч қўяр эди. Лаънати бошмоқ ичига худди айсберг музидан бир бўлак жойлангандек! Нишон бўйнидаги шарфни ечиб оёғига ўради. Малик билан мен ҳам шундай қилдик. Аммо қулоқ-бурун бошқа-ю, оёқ бошқа, улар ҳар хил этдан яралган экан.
Бир вақт Нишон пиқ-пиқ қила бошлади.
— Э-ҳа, Гамлетим, ўйлай-ўйлай охири ўлмоққа жазм этдиларми, — деди Малик. Ичимизда дадилроғимиз ҳам, шўхроғимиз ҳам шу эди. — Тентак бўлиб қолди бу, — деди кейин менга қараб ва жиддий уқтирди: — Совуқ ёмон-да, одамни мана шундай тентак қилиб қўяди. Сен ҳам эҳтиёт бўл!
— Йиғлаяпман, — деди Нишон қалт-қалт учиб, эшитилар-эшитилмас. — Пича исиганга ўхшайман. Сизлар ҳам йиғланглар.
— Ана, айтмадимми?! — деди Малик яна кулгига олиб. — Соғ одам шу ҳавода исидим, дейдими?
Бироқ, кўп ўтмай Малик иккаламиз ҳам «тентак бўлиб қолдик» — бошқа иложи йўқ эди. Чиндан ҳам, одам сал енгил тортгангами, исигангами ўхшади. Тошбақа мисол бўйнимизни ичимизга тортган кўйи ғужанак бўлиб, увиллаганча бир-биримизнинг пинжимизга тиқиламиз. Раҳми келдими, Малик Нишоннинг оёғини бағрига олди, мен оёғимни аста Нишон томон узатдим…
Биз ҳозир «аждаҳо»нинг нақ «ошқозони»да эдик. Ҳали анча юришимиз керак, анча. Бояги ҳазил-мутойибаю «ашула», «йиғи» — ҳеч бири кор қилмай қолди. Энди гўё ортиқ сезги-ҳисдан маҳрум, жонсиз учта гавда, уч жасад «аждаҳо ошқозони»да қалқиб-қалқиб шунчаки сузиб юрибди, холос. Фақат бу жасадларнинг ич-ичида биттадан чироқ милтиллайди: «Ахир, уйга боряпмиз-ку, уйимизга! Ахир, етармиз-ку! Уйимиз иссиқ, печка бор, сандал бор, олма, узум, беҳи…»
Бир вақт машина тўхтади, ғўнғир-ғўнғир овозлар эшитилди. Карахт, бемажол гавдаларимизни кўтариб қарадик.
Ура! «Аждаҳонинг қорни» — дарадан чиқибмиз! Ана, кўкиш ғубор ичида икки адир оралиғидаги сойликда жойлашган беш-ўн хонадонли Авжин овули! Ундан нарёғи — ярим соатлик йўл. Ура!
Машинамиз сойликка энган жойда тўхтаб турарди. Олди қармоққа ўхшаган, камонсимон хода билан тўсилган; йўл четида омонатгина тахта ҳужра. Шлагбаум! Эгнида эски чакмон, тўши очиқ, юз-кўзини соқол босган бир киши кабина олдида Сафаров билан мунозара қилмоқда.
— Мени танияпсизми ўзи, Бўрон ака? — дерди Сафаров бўғилиб.
— Менга бундай сиёсат қилманг, хўпми! Мен сизни танимайман! — дерди киши жангарилик билан. — Айтдим-ку, мумкин эмас!
— Эби, бу одамга бир бало бўлганми ўзи? Ҳар куни ўтиб-қайтиб юрган йўлимиз бўлса…
— Бугун ўтмайсиз-да. Бугун — калантир!
— Ахир, эрталаб кетаётганимизда ҳеч гап йўқ эди-ку? Қорангизни ҳам кўрмадик? Қачондан бошлаб…
— Ҳозирдан бошлаб — калантир! Тушдан кейин шундай буйруқ бўлди. Юқоридан!
— Қўйинг, Бўрон ака, ўзимизнинг одамсиз, — дея Сафаров кабина эшигини очиб оёғини тушираркан, муроса қилишга уринди: — Анов ола таёғингизни кўтаринг энди, йўлдан қолдирманг одамни буйтиб. Тепада юк бор, кўряпсиз.
— Ановилар-чи? Улар ҳам юкми?
— Улар… — Сафаров биз томон ўгирилди, — ўзимизнинг болалар, устудентлар.
— Айтинг, тушсин.
— Э-э, қўйинг-да шу гапни, Бўрон ака! Тошкентдай жойдан празник қилиб келишяпти, уйларига бориши керак.
— Уйига шундай кўкариб борадими? Уни қаранг, соб бўпти-ку бари. Йўқ, тушади, гап тамом! Калантир!
— Э, карантинламай кетинг! — деди Сафаров аччиқланиб. — Тахта-махта керак бўлса, бундай айлантириб ўтирмай…
— Калантир деяпман, мусулмон, тахта эмас!
— Ў бобо, мана бу Абраевнинг ўғли бўлади! — деди Малик мени кўрсатиб.
— Э, менга десанг, худонинг ули бўлмайсанми — тушасан!
— Ҳа, булар тушса, бизни қўйиб юборасизми, ахир? — деди Сафаров иложини топгандек.
— Тушсин қани.
Меҳрибон Сафаров қўлларини икки ёнга ёзганча бизларга қараб ночорона илжайди:
— Жиянлар, ўзларинг кўриб турибсизлар, бу одамга худо бас келмаса…
Машинадан биринчи бўлиб Нишон тушди. Тушди-ю, жойидан туролмай ўтириб қолди.
— Ҳа? — деди Малик унга энгашиб.
— Оёғим… — Нишоннинг афти аянчли бужмайди.
— Булар энди нима қилади? — деди Сафаров.
— Ишингиз бўлмасин, сиз кетаверинг, — деди киши тўсиқни кўтариб машинага йўл очаркан.
— Айтгандай, қачондан бери бу карантинчиликка ўтдилар? Илгари чорвада эдилар шекилли? Ё буниси беғалва, сердаромадроқ эканми? — Сафаров киноя билан уни бир ачитмоқчи бўлди.
— Бу йўлдан сизга ўхшаганлар ўтадиган бўлса, мен доим шу ердаман!
— Зўрсиз, зўрсиз, — деди Сафаров гапга эътибор бермай ва кабина эшигини ёпаркан, биздан узр сўраган бўлди: — Хафа бўлмайсизлар энди, жиянлар.
Машина ғубор ичида кўринмай кетгач, ёнимиздаги киши «Ноинсоф!» деб тўнғиллади ва бизга ўгирилди:
— Юринглар.
У қияликка қараб йўл бошлади. Малик икковимиз Нишонни икки ёнидан олиб индамайгина унга эргашдик.
У бизни каёққа олиб бормоқчи? Нега йўлдан қолдирди? Қаёқдан пайдо бўлди ўзи? Мақсади нима? Лаънати «калантир»!
Олдимизда ҳўққидек бўлиб чурқ этмай кетаётган бу одам, унинг ярғоқ телпаги, эски чакмони, пайтаваси чувалиб бораётган қўпол этиги кўзимизга балодек кўринарди. Лекин шу тобда қўлимиздан нима келади, иложимиз қанча?
«Калантир» бизни овул четидаги, гирди тош билан ўралган қўрага олиб борди, пешайвонсиз иморатнинг чап ёнидаги кичик бир хонага бошлаб кирди-да, ўзи чиқиб кетди; шу бўйи қораси кўринмади. Хиёл ўтиб, бошига қалин рўмол ўраган, кўк духоба камзулли новча бир аёл кириб:
— Яхши юрибсизларми, йигитлар? Совқотибсизлар-да? — деди ва пойгакдаги печкага ланғиллатиб ўт ёқди. Кейин дастурхон ёзиб, нон-чой, бир товоқда қовурдоқ келтириб қўйди; бошимизда туриб бир лаҳза бизга разм солди-да, — еб-ичиб ўтиринглар-а, айланайлар, — дея хонадан чиқди.
Қовурдоқни паққос туширдигу ўзимизни оғир, лоҳас сеза бошладик. Хона хийла исиб қолган эди: Баданларимиз бўшашиб, яйраб, қуроқи якандозларга чўзилганча лўлаболишларга ёнбошладик. Совқотиб чарчаган эканмизми, иссиқ элитибдими, кўзимиз илинибди, тарракдек қотиб қолибмиз. Туш кўрган бўлсак, учаламизнинг ҳам тушимизга лаънати Дурдара эмас, иссиққина уйларимиз, сандал, олма, узум, беҳилар, укалармиз, оналаримиз киргандир…
Тошкентдек жойдан атай йўлга чиқиб, манзилимизга бир қадам қолганда бировнинг уйига мажбуран қўниб, янги йил байрамини уйқуда, ана шундай тушлар билан «кутиб олдик».
Янги йилнинг биринчи тонги уйғониб кўзимни очсам, остонада кечаги аёл турибди. — Сизларга мошина юборибдилар… Шоша-пиша шерикларимни уйғотдим. Кўзларимизни ишқай-ишқай хонадан чиқарканмиз, дастурхонда қўл урилмаган бир товоқ ошни кўрдик. Кечаги!
Ташқарида бизни биқинига «Ветеринария» деб ёзилган мош ранг енгил машина кутиб турарди. Аёлга на «раҳмат», на «хайр» дейишнй унутиб, машинага ўтирдик.
Шофёр асли шу овуллик очиққина, сўзамол йигит экан, ўзи гап бошлаб қолди:
— Кеча кечалаб келган эдим. Байрамда бобой-момойни йўқлаб кўйиш керак-да. Ўзим совхозда тураман. Сизларнинг бу ерда эканликларингни билганимда кечаёқ олиб бориб қўярдим. Эрталаб Бўрон чатоқ айтди, «Уйда меҳмон болалар бор эди. Тошкентдан қелишаётган экан», деди. Саҳарлаб уйга борибди.
— Ўзи қаерда? — дедим мен.
— Ҳозирми? Молнинг бошида, қўрада бўлса керак-да.
— Шлагбаумда эмасми?
— Шлагбаумда нима бор унга? — деди йигит кулиб. — Чўпон-ку, чўпонлигини қилади-да. Ҳозир молларнинг аҳволи чатоқ.
— Касал тарқаганми? Карантин дейишаётувди? — деб қизиқсинди Малик.
— Карантин-парантин-ку эмас, совуқ. Совуқда молни асраш, қишловдан тўкис чиқариш осонми, ошна!
— Кеча бизни карантин деб йўлдан олиб қолди-ку?
— Ким? Бўрон чатоқми?
Малик бўлган гапни айтиб берган эди, шофёр қийқириб кулди.
— Оббо, чатоғ-эй, сизларни тоза боплабди-ку! Карантин дейилса, биринчи биз билмасмидик? У нима қилиб юрган экан шлагбаумда? Карантин бўлганда ҳам одам ўтказилаверади-ку? Айтмадиларингми? Чатоқлигига борибди-да. Сизларни бир меҳмон қилгиси келганми? Исиниб олсин, деганми? Қиёмат одам. Феълига тушуниш қийин. Ўрлиги тутса, айтганини қилдирмай қўймайди. Арзимаган бир гапнинг устидан туғишган укаси билан- неча йилдан бери гаплашмайди. Лекин ўзи зўр чўпон, яхши одам. Оббо, чатоғ-эй, сизларни роса боплабди-да.
— Уккағар «Қалантир»! Байрамни уйда ўтказолмадиг-а! — деди Малик.
Учаламиз Бўрон чатоқни боплаб сўкиб олдик.
Эртаси куни отам кўчадан қайтиб: — Сафаровнинг машинасида келган экансизлар-а? — деб қолди. — Боя чойхонада кўрдим, «Қарасам, станцияда диқиллабгина туришибди, олакелдим», деди. Мен бўлган гапни, бир кун йўлда тунаб қолганимизни отамга айтмадим. Бўрон чатоқ ҳақида ҳам гапирмадим. Индамай қўя қолдим.
Сен ҳам буни ҳеч кимга айтмагандирсан, Нишон? Сен-чи, Малик? Дарвоқе, нимасини айтардик, нима деб айтардик? Бир пайтлар қиш куни икки соат совуқда юрган бўлсак юрибмиз-да, айтишга арзигулик нимаси бор бунинг?
Аммо баъзан ёмғирда менинг белим оғриб қолади. Жуда қаттиқ оғрийди, Нишон. Жуда қаттиқ, Малик. Сизларнинг-чи, сизларнинг қаерларинг оғрийди? Нимаданлигини билмайсизларми?..
Бугун мен Сафаровни «Тошкент» меҳмонхонаси олдида учратиб қолдим. Йўқ, учратишни сира кутмаган, ўйламаган эдим — тасодифан дуч келди. Бугун у менга яна ўша лаънати дарани, бизга қилган яхшилигини эслатди. Шунда ёдимга бошқа бир воқеа тушди. Институтга кириш имтиҳонларидан бири пайтида тишим қаттиқ оғриб қолди. Бир азобда имтиҳонга кириб чикдиму яхши баҳо олганимдан суюниб, жағимни ушлаш ҳам хаёлимда йўқ, кўчада кетаётсам, кимдир: «Ҳў йигитча!» деб чақириб қолди. Қарасам, бир-бирига ярашган ёшгина келин-кўёв. Иккаласининг ҳам қўлида музқаймоқ, менга қараб жилмайиб туришибди. «Имтиҳон топширдингизми? Неча баҳо олдингиз?» — дейди йигит. «Тўрт», — дедим ҳайрон бўлиб. «Яшанг, мана, сизга мукофот! — у қўлидаги қоғози очилмаган музқаймоқни менга тутқазди. — Олинг, олинг, тортинманг. «Беш» олганингизда бошқа нарса совға қилардик, а?» — шундай деб у келинчакка юзланди. Музқаймоқ ялаётган келинчак жилмайганча бош ирғади. «Иккита олган эдик. Мана, биттасини опангиз еяпти, буниси — сизга. Ўзимники эди, сизни кўриб, сизга бергим келди. Имтиҳондан яхши ўтганингиз учун. Қани, олинг». Улар менга шундай очиқ чеҳра, самимият билан боқиб туришардики, музқаймоқни олмай иложим қолмади. Олдиму тиш оғриғимни ҳам унутиб ея бошладим ва, таажжуб, оғриқ таққа тўхтади.
Ким билсин, балки ўшанда йигит музқаймоқни жуфт қилиб олишга олгану, кейин егиси келмай қолгандир, балки унинг ҳам тиши оғриб тургану ташлаб юборишга кўнгли бўлмай, мени кўриб шунчаки манзират килгандир? Ким билсин. Лекин мана, орадан шунча йил ўтганига қарамай, гоҳида ўша келин-куёвни қўмсаб қоламан, қидираман. Уларни ҳамон ўшандай — бири бирига ярашган ёшгина келин-куёв ҳолида кўргим келади…
Бизга яхшилик қилмоқчи бўлган олижаноб Сафаров…
Кўзимизга балодек кўриниб, нафратимизни қўзғаган Бўрон чатоқ…
Менга музқаймоқ ҳадя этган ўша келин-куёв…
Малик, Нишон, мен бугун ҳам баъзида яна ўша дарага тушиб қолгандек бўламан ва ўзимга таскин бераман, ўзимни овутаман: «Мана, ҳозир уйга етаман, иссиққина уйимга. У ерда…» Шунда беихтиёр олижаноб Сафаров ёдимга тушади. Бўрон чатоқни эса негадир эсламайман. Сизлар эслайсизларми уни? Ким эди у? Қанақа одам эди? Нега у бизни йўлдан олиб қолган эди, Малик, биласанми? Сен-чи, Нишон, лаънати Дурдара йўлидаги ҳимоясиз ҳамроҳим?..

1979