Бу ўртада ким ёмон десангиз — Бердибой ёмон! Бердибой бемеҳр, Бердибой отабезори, онабезори, Бердибой укаларини хушламайди, уларга ёв, ота уйидан ҳам қочгани қочган — ёмон-да Бердибой! Номи ёмонга чиққан. Азалдан. Эскилик сарқити у. «Ҳой, шошманглар, биродарлар, унчалик эмасдир-ов, нима, энаси буни ёмонликка туққанми, буниям кўнглида бирон дарди-даъвоси бордир, айтсин, эшитайлик!» дейдиган мардуми мусулмон қайда! Алам қилар экан: ахир, у ҳам одам, шу замоннинг одами, шу ҳаводан нафас олади, иккита мунчоқдек-мунчоқдек қизалоғи бор; бировдан камдир, бировдан зиёд рўзғор қилса, ҳеч кимдан нон-ош сўрамаса, баъзиларга ўхшаб пиёда юрмаса — эскироқ бўлса ҳамки, майли-да, тагида уч оёқли улови тайёр! Фақат, фақат…
Мана, у одатдагидек, бозор-ўчарини кажавага жойлаб, энди мотоциклини ўт олдирмоққа чоғланган эди, кимдир чақириб колди:
— Хўв Бердибой!
Укаси, тўртинчи синфда ўқиётганида туғилган, ўн ёшлар кичик бир тирмизак — Самандар; қаватида ўзига ўхшаш иккита шотири, юқори гузардан велосипед суриб келяпти.
Бердибой ёнбош бўлиб мотоцикл эгарига суянаркан, ғижинди: «Парда Қурбоннинг тарбияси-да!»
— Санам ўқишга кетяпти! — деди Самандар шайтонаравасидан тушар-тушмас, бир оёғида ҳаккалаб.
— Суюнчи берайми шунга?!
— Тошкентга! — Самандар баттар ғашига тегмоқчидек тиржайди. Бердибой ғазабини яширолмади:
— Отанг-чи, Парда Қурбоннинг ўзи-чи, ўқишга бормасмикан у?!
— Отам супада эски китоб ўқиб ўтирибди, — деб жавоб қайтарди бола парво қилмай.
— Ўқисин, кўпроқ ўқисин — имонига фойда!
Бердибой мотоциклини тариллатиб бозор дарвозасидан чиқди-ю, катта кўчада қаторлашиб ўтаётган машиналар баҳона, иккиланганча туриб қолди. Ниҳоят, бир қарорга келиб, бундан уч ой аввал «қайтиб қадам боссам!..» дея қасам ичиб кетган уйлари тарафга солди йўлни.
Бостирма тагида, бўйин-бошини каттакон эски шолрўмол билан танғиб, қўлида рапида, икки юзи тандирдан янги узилган кулчадек қизариб-бўғриқиб нон ёпаётган онаси уни:
— Эби, ўзимди саҳройи улимми? Араз-дуразинг ариб-тарқаб келдингми, болам? — дея, яхши танимаган бўлиб чап кафтини пешонасига соябон қилганча, кулимсираб қарши олди. — Ке, ке. Қизгиналаринг чопиб-чопқиллаб юрибдими? Ўзингди тан-жонинг соғми? Ойрўзингди вақти хушми? Тиниқ кампир қалай? Ўтиргандир кенг яйловда кенгаш қуриб?
— Яхши, ҳаммагинаси яхши, ой кулгандай! — деди Бердибой сабрсизлик билан. — Бу, Санамингиз ўқишга кетармиш, деб эшитдикми, апа?
— Узанги шайлаб турибди-ку, акаси, билмасам. Шунга тўрттагина кулча қилиб берай, йўлда еб кетар деб, мана, эрталабдан бери сабил қолгур тандирга бош суқиб ётибман.
— Тошкент деганлари анойи шаҳар эмас, апа…
— Нима қилай? Йўлига хода солай десам, бу қилобининг феълини биласан, кейин уйда қолиб суягимни оқартиради. Қўй, улим, сен аралашма, борса борсин, ўқиса ўқисин! Бинойидай битириб келаётганлар камми! Ўзига инсоф берсин, де. Замонаси экан, начора! Мана, ўқимай мен нима бўлдим? Куним — кир ювишу нон ёпиш!
— Апа-а, Тошкент катта шаҳар, деяпман!
Бу сафар онадан садо чиқмади, У индамай, бирин-кетин тандирдан узган патирларига косадаги сувдан сепиб, нарироққа — йиртиқ дастурхон тўшалган хонтахта устига қалаштириб ташлайверди.
— Ҳа, аввал бориб анов одам билан сўраш, — деди бир маҳал.
Самандарнинг айтгани тўғри чиқди: Парда Қурбон узумларини чумчуқ чўқиб битирган ишком тагидаги супада, пўстакни чаппа ташлаб, қаншарида кўзойнак, хирмондек бўлиб китоб мутолаа қилиб ётарди.
— Э-ҳа, Бердибой, — дея оғир қўзғалиб, истар-истамас қаддини ростлади у. — Келинг. Болалар юрибдими? Момангиз дамлими?
— Ўтирибди. Эски касали — кечаси оёғи оғрийди.
— Иҳм, иҳм. Чўрт, бориш керак экан-да бир.
Кошки бу одам билан тузук сўрашиб бўлса, сўзлашиб бўлса! Юз оғиз гапирсангиз ҳам жавоб шу — «Иҳм, иҳм. Чўрт, чўрт».
Нимадан сўз бошлашни билмай Бердибой беихтиёр томорқага назар солди. Қаровсиз, ҳаммаёқ қаровсиз! Олмаларнинг таги юмшатилмаган, шохлари синиб, мевалари ерга тўкилиб ётибди — молга ем. Девор тагида ўсган икки туп анор — бебошбоғ гангиб юрган икки қўтир эчкига тайёр эрмак. Ҳовлига туташ кенг сайҳон сувсизликдан торс-торс ёрилиб, ажриқзорга айланган…
— Анови ерни чопиб, бирон нима экиш керак эди, — деди Бердибой азбаройи гапни юриштириб олиш мақсадида.
— Иҳм, чопиш керак, экиш керак, — дея маъқуллаб кўйди ота.
Ким чопади, ким экади? Эркашотирлари ҳар ёққа тўзиб кетган, боягидек кўча чангитиб, номаъқулнинг нонини кўзлаб юрибди. Бир умр чўт қоққан одамнинг ўзи бўлса, энди мана, мук тушганча эски китобларни ҳижжалаб ётибди — охиратнинг ташвишу ҳисоб-китоби билан машғул, бу дунёни сув босса босаверсин! Эрта бир кун бошига салла ўраб, соқолини кўкрагига тушириб намозхонлар қаторига кирса ҳам ажаб эмас. Анов болохонада улфати Барот Қосим билан бир ёнбошлаганда ярим қўйнинг гўштинию неча-нечалаб шишанинг тусини ўчирган даврлари эсида йўқ…
— Ота, бу Гулсанам… — деб ғудранди Бердибой.
— Ўқишга кетяпти у. Тошкандга, — деди Парда Қурбон китобидан кўз узмай. Шошма, ғурур билан айтдими шу гапни?
— Майлими? Ўзи бошяланг юрарди…
— Бошяланг? Қачон? Йўғ-э, Бердибой, ундай деманг!
Бу ёғини пардозлаб ўтирмади Бердибой — борини тилига чиқарди-қўйди:
— Эр бўлса шу ердан ҳам топилар эди…
Ота ажабланган каби унга бир ўқрайди-ю, индамади, тағин китобига эгилиб олди.
— Бердибой, ўзингизнинг синглингиз-а!.. — деди салдан кейин.
Нос яхши-да бундай пайтда, тилнинг тагига ташла-аб, кару гунг бўлиб ўтираверасиз! Айтгичингизни бўлса айтиб олдингиз!
— Мана мен, акажон!
Бердибой ялт этиб айвон тарафга каради. Дераза тагида ётиб ҳамма гапни эшитган чоғи, панжарага суянганча, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бир важоҳат билан шўх-шаддод Гулсанам турарди. Бошяланг! Ана, кўрдинглар, мусулмонпар, айтмабмидим!
— Йўл бўлсин, синглим? — деди Бердибой носини тупуриб.
— Тошкентга!
— Тошкентда пишириб қўйган эканми?!
— Сизга саллалик, Ойрўзи чечамга паранжилик опкелмоқчиман!
— Хўш, қандай ўқишга экан? — деди Бердибой унинг кесатиғини эшитмагандек, атай меровсираб. — Ўқиб ким бўласиз энди?
— Художник-модельер! Бичиқчи рассом.
Бу сўзларни Гулсанам шундай оҳанжамали талаффузда, шундай бураб айтдики, тилгинасини суғуриб олгиси келди Бердибой.
— Девор ағнаса, ичкари ағнасин, — деди мақол-маталсиз гапирмайдиган она тандир бошидан туриб орачи-муросачиликка тушаркан. — Майли, акаси, ўзимиздан ҳам чевар чиқсин-да. Бир кўйлак тиктириш — фалон пул! Келиб хотинингга, кизалоқларингга чиройли-чиройли нарсалар тикиб беради.
— У ёқда кимникида турасан? — дея сўроғида давом этди Бердибой.
— Кимникида бўларди, акам-чи, Музаффар акамникида!
— Ҳа, Худо урибди!
— Бу нима деганинг, улим! Бир қориндан чиққан уканг-а! — деди онаси супага яқинлашиб. — Уят бўлади. Ўзингникини ёмонласанг, ётнинг меҳри қочади, дейдилар. — У қўлидаги кўпчиб-сингиб пишган нондан бир чимдим узиб оғзига солди-да, чала ёзиғлиқ дастурхон устига қўйди: — Ол, нондан ол.
— Сўнг Гулсанамга ўгирилди: — Сен, қиз, бундай айтишиб ўтиргунча, кириб тараддудингни кўр! Акангди одатини биласан: Тиниқ кампирди ўгитини еб, ўгитини ичиб катта бўлган бу саҳройи улим!
Йўқ, Гулсанам заҳрини сўнгги томчисигача тўкмаса, нақ ўлиб қоларди!
— Сиз, айтайми… — деди у Бердибойга чақчайиб қараб, — ўтган асрдан қолган одамсиз, акажон!
— Бўпти! Бу замонда акалик қолмабди, укалик қолмабди. Буни суриштирмоқчи бўлган одам ўтган асрга қайтиши керак экан, бўпти, қайтамиз! — деди Бердибой ғарибнолалик билан. — Отанг рози, энанг рози, биз нима дер эдик, синглим? Биз бу уйдан этак силкиймизу чиқамиз-кетамиз-да!
— Ўтир, ўтир! Қўзиларинг қўлингта қарайди, иккита иссиқ патир ўраб берай, — деди онаси кифтидан босиб. Сўнг ярим ҳазил, ярим чин оҳангда гинахонлик қилди: — Доим келиб уйимга бир ғавғо солиб кетасан-а, улим? Ҳаҳ, сенинг киндиккинангди кесган кампирди капагинаси куйсин!
«Киндиккинангди кесган кампир…» Момамни айтяпти. Ёқтирмайди, ўлгудек ёмон кўради уни. Келинлигида кўп ситам ўтказган эмиш-да. Шу ялмоғиз кампирдан қутулай, ҳам ота-онамга яқин бўлай, дея қистайвериб, ахийри, шаҳардан уй-жой қилдирган отамга. Биз бўлсак қолаверганмиз у ёқда — ёлғиз кампирнинг қўлида, «ялмоғиз» кампирнинг қўлида… саҳройи бўлиб, ўгай бўлиб! Энди булар — шаҳарлик! Энди буларнинг оти — Музаффару Самандар, Гулсанаму Гуландом! Бизники бўлса… Берди, Бердибой! Ким берди, нима берди, нега?.. Энди апам бу ерни «уйим, менинг уйим» деб гапиради.
Парда Қурбон бўлса миқ этмайди, «ҳа, уйинг, сенинг уйинг» дегандек, қулоқ қоқмай ўтираверади. Чунки рўзғорнинг тизгини, жами борди-келдиси апамнинг қўлида! Бу ишларни кўринг, э, дод-эй!
— Йўқ! — деди Бердибой шитоб билан ўрнидан туриб. — Мен кетдим! Бошингизга ёстиқ қилинг патирингизни! Уйимда нон етарли, шукр! Бу ерда бизнинг бир чақалик қадримиз йўқ экан, билдик! Энди елкамнинг чуқури кўрсин уйингизни!
— Бердибой, иҳм, Бердибой! Чўрт, чўрт… — дея базўр, танбалона бир қўзғалиб қўйди ота.
— Сизди биламиз, яна ҳеч нима кўрмагандай, лабингизга кесак суртиб кириб келасиз уйимга — сизди биламиз! — деди она заҳарханда билан.
— Келсам!..
— Бердибой! Чўрт, чўрт…
— Ўтган сафар қасам ичмай, сув ичиб эдингизми? Яшанг!
Ўтган сафар… Бердибой тўлиб-тошиб кириб келган эди бу уйга. Музаффарбой кепти, укаси кепти! Тошкентда, институтда домлалик қиладиган укаси! Хотини билан кепти. Бир иззатига етиш керак! Токи, келинлари қойил қолсин, «эримнинг шундай акаси бор экан», десин! Бердибой мотоциклда марказга тушиб бозор оралади, уйига бориб семиз бир қўйни ётқизди. Меҳмонларни олиб кетгани келса, ҳовлида қандайдир қиз юрибди… Бошяланг, сочи қирқилган. Эгнида юпқагина, пиёзнинг пўстидан ҳам юпқа-е, енгсиз бир кўйлак, лозимдан-ку дарак йўқ. Келинлари шу эмиш! Онасини четга тортиб: «Апа, айтинг, — деди, — бобойди олдида буйтиб юрмасин!» «Уйлама, улим, бобой қарамайди». «Қарамасаям…» Анови арзанда Музаффарлари-чи, Музаффарлари? «Э, Бердибой-э, қип-қизил чудаксиз-да!» дейди кулиб туриб. Хотинини уйга олиб кириб оч биқинига солишнинг, «ака, тўғри айтасан», дейишнинг ўрнига!
Онаси рост айтади: ўшанда, аразлаб кетаётганида ичган қасами — қасам бўлмай, сувмиди?! Ҳаҳ, хом сут эмган банда!
Бердибой дарвозадан чиққач, ҳайратидан ёқа ушлаб қолди. Ё тавба, ростдан шу хотин туққан онасими? «Кет! Жўна! Яна шу уйда қорангди кўрсам!..» деди-я!
…Ражаб бодининг ҳовлиси темирчилар гузарида эди. Бердибой мотоциклда боғ-боғот оралаб топиб борди. Девор кемтигидан овоз бериб сўради: «Тошкентдан билла ўқиган жўралари келган, ўшани олиб қаёққадир кетдилар», деб жавоб қилди хотини.
«Эҳ, қўлимга тушасан-ку ҳали!» деди ичида Бердибой титраб.
Гап шундаки, аввал-бошлаб Сафар шилпиқнинг темир-тақага ўч кенжаси Ражаб боди Тошкентдан шундай бир антиқа томоша топиб келдики, куй-қўшиқдан ташқари, шаппотдек жойидан кино ҳам кўрсатар экан. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй оқшомлари бодининг айвонини тўлдириб текин кино кўргани тўпланарди.
Кейин бунақа матаҳ кўпайди, расмга кирди.
Кейин… қиз-жувонлар ҳаё аталмиш даҳмазага қўл силтаб, кўчада ишвакорона қадам ташлайдиган бўлишди; йигит-ялангнинг сочи елкасига тушди, сурнайпоча шиму заифона гулдор кўйлак киймагани қолмади; Ашур новвойнинг келини уч гўдагини чирқиратиб, «Севаман! Севсам нима қилай?» дея шаҳрисабзлик дорбоз болага эргашиб кетди. Кейин бир куни мулла Шодининг сочи тақимини ўпадиган, қушдек ҳуркак, қўйдек ювош қизи Гулчеҳра кўчага велосипед миниб чиқди, кейин — эҳ!..
Бердибойнинг ҳаёти ўшанда бузилди — еттинчи синфдан бери Гулчеҳрага ошиқ эди! (Қишлоқда оёғидан чаён чақиб, шаҳар мактабига ўқишга ўтганидан бери!)
Шу-шу, Бердибойимизнинг ашаддий ғаними — Ражаб боди. Телевизор деган балони ўша ярамас топиб келган-да. Бердибойнинг барча «фожиа»сига эса ана шу бадбахт сандиқ айбдор, шу айбдор!
Ражаб боди қўлига тушса!.. Бироқ, тушганда нима дейиши, нима қилишини ўзи ҳам билмасди.
Ражаб боди қўлига тушмади — уйида йўқ экан. Бердибойнинг ўзи бўлса, мана қарийб икки соатдан буён дўнгнинг устида бошига муштлаб ўтирибди. Мотоцикли бузилиб қолди… Район ветеринария шифохонасига кириб юмушларини битирди-да, шитоб билан марказдан чиқиб қишлоққа ҳайдади. Йўлнинг ярмига келиб, мана шу дўнгликка ўрлаётганида лаънати арава пат-пат этдию ўчди-қолди. Қани энди ўт олдириб бўлса! Қилмаган ҳунари қолмади: нишабликка эндириб кўрди, «шам»ларини қайтадан артиб қўйди, мойларининг йўлини кўздан кечирди, тозалади — қаёқда! Ахийри, бир иш чиқишидан умидини узиб, кажавадаги хуржундан икки дона бодринг олди-да, карсиллата-карсиллата дўнгга чиқиб ўтирди. Ўтган машинага қўл кўтаради, ҳайқириб овоз беради — бирови бурилиб қараса-чи! Номусулмонлар! Хуржунни елкага ташлаб пиёда жўнайверай деса — манзил олис, хуржун зилдек! Куёвлик чоғлари — марказдаги ветеринария идорасида ишларди у пайтлар — мана шу ўн беш чақирим йўлдан гоҳо яёв қатнарди. Қаллиқ ўйинга ошиқарди! Хаёлида ўтган кечасининг завқи, нашъаси, ютиниб-тамшаниб кетаверарди. Энди қайга шошади — ўша уй, ўша хотин!
Бердибой тилининг тагига носни ташлаб, шу сабилнинг кайфини суриб, хўрсина-хўрсина ўтираверди. Бугун чап ёни билан турганмиди, ҳамма иши чаппа кетяпти-я? Умуман, нимага бундай бўляпти? Бари чаток, бари тескари, бузилганми, бир бало… илгаригидек эмас!
Йўқ, бирдан ўзгарди ҳаммаси, бирдан! Гўё у талай муддат — бир йилми, беш йилми ғафлат уйқусида ётди-ю, уйғонса — мана шу аҳвол! Гўё унинг бир йилми, беш йилми кўзи кўрмай, қулоғи эшитмай колди-ю, бир куни тузалса ҳаммаси бошқача! Одамлар қандайдир ўзгариб қолган, лафзу либослари антиқа, дунёлари антиқа — таниб бўлса, ўлай агар, мана жон! Қараса — мулла Шодининг қушдек ҳуркак, қўйдек ювош қизи Гулчеҳра бошяланг, сочини кунгурадор турмаклаб, кўчада велосипед миниб юрибди! Куппа-кундузи! Ё пирим-эй! Тўрт йил иккови бир партада ўтирган қиз! «Ўв, эсинг жойидами, Чеҳра! Бу нима юриш? Бошингни ёп!» деса, «Э, бор-э, тезагангни тер!» дейди!
Ўшандан бошлаб Бердибой баттар айниди: неки янгиликни кўрса ғижинадиган, душман кўзи билан қарайдиган бўлиб қолди. Ўзи-ку азалдан шундай ори нозик, иримчи; художўй кампирнинг тарбиясида юриб, йигит ёшида бамисоли саксон яшар хурофотпараст чолнинг ўзгинасига айланган. Она рост айтади: «Тиниқ момонинг ўгитини еб, ўгитини ичиб катта бўлди». Қишлоқ хўжалик билим юртида ўқиб юрган кезлари ҳам курсдошлари унга олақарғадек, орқаваротдан кулиб қарашарди. Ҳарбий хизматдан қайтиб ўқишга киргани учун у ҳаммага — ака, юриш-туришию ўзини тутиши анови енгилтак зумрашаларга ўхшамас, муаллимлар ҳам унга «Бердибой ака» деб мурожаат қилишар эди. «Ака»лик ҳуқуқидан фойдаланиб, у дуч келган болани тергагани тергаган эди. Калтароқ кўйлак кийган қизни кўрса-ку, жон-пони чиқарди: «Тиззангни ёп-э, шарманда!»
Бухгалтерлик бўлимида Мусаллам дегич сал шаддодроқ, аммо офатижон бир пари бор эди. Шу қиз Бердибойга қандайдир суйкалгандекми бўлиб, илиқ-интиқ нигоҳлар ташлаб юрарди. Ниҳоят бир куни у ўртага одам қўйиб, дардини етказганида, Бердибой кўпчиликнинг олдида баралла: «Иҳ, шу жиблажибонни оламан деб ким ўлиб боряпти!» деди. Бу гапни эшитган барча қийқириб юборди. Кейин билса, курсдаги жами йигит ўша қизга хуштор, хуштори нимаси, биргина боқишига интизор экан. Кейин билса, уни шунчаки лақиллатишган, майна қилиб кулишган экан. Ўша қизнинг ўзи ҳам!..
Ай, Гулчеҳра, Гулчеҳра! Ай, эсини еган қиз! Нега ўша сабилни миндинг? Нега бошингни очиб юрдинг — тундек қора зулфларингни Бердибойдан ўзгалар ҳам кўрсин, дебми?.. Ўшанда бошгинангга рўмолгинангни ўраб, ҳалимдеккина бўлиб юрсанг, ўша, эркакка чиқарган матаҳга оёқ ошириб минмасанг — заифалик ўрнингни билсанг, қиз болага номуносиб ўша макруҳ гапни оғзингга олмасанг… қўлинг узайиб, оёқларинг қисқариб қолармиди, золим қиз?! Мана, энди Бердибойдан ҳол сўра!..
Гулчеҳра ундай-бундай шаҳарда эмас, нақ Тошкентда ўқиди. Келган-кетганларида учрашиб қолишса, Бердибойнинг ёнидан худди аразлагандек тумшайиб, димоғ билан ўтарди. Кейин-кейин кўрганда эса, «ҳа, синфдош!» дея қандайдир хазил аралашми, мазах аралашми муомала қилишга ўтди. У энди эрга теккан, Тошкентнинг коқ белида яшар, чамаси, бир пайтлар телевизордан кўриб мафтун бўлгани — хилват хиёбонлару ўзининг ҳўв ўша сунбул сочларидек қирқкокил мажнунтолларга батамом етишган эди.
Телевизорда нима кўп — кўзни қувнатиб, ҳавасни қўзғайдиган ялтироқ томоша кўп! Айниқса, сокин Анҳор бўйларида қўлтиқма-қўлтиқ, навозиш ила кезиб юрган ёки сўлим мажнунтоллар тагида сирли роз айтишиб ўтирган «бахтиёр ёшлар»ни кўргандан кейин бу жувонмаргларнинг феъли бузилади-да. Феъли бузилса ҳам-ку майли… Тошкент деганлари нуқул ана шундай қувнаб-яйраб сайр қилиб юрадиган шаҳар экан-да, деб ўйлайди. Шулардан қаерим кам? Оҳ, Тошкент! Мен ҳам борсам, шулардай бўлиб юрсам!.. Мана, чамадон тайёр, пишанг бергувчи дугоналар айёр: ҳеч ниманг кам эмас, ўртокжон, ўлсанг ўлигинг ортиқ улардан, юр, кетдик! Хуллас, бечора ота-онани қон қақшатиб йўлга тушади. Ана шунда, ана шунда: «Эсингни йиғ, ҳой қиз, ўша сен ҳавас қилган томошагулларнинг хиёбону мажнунтолдан бошқаям дардлари бордир!» деб йўлига кўндаланг бўладиган шеримард ака керак!
Бундай акага қўл силтаса, уни ҳатто масхара килса-чи?! Э, унақа сингилнинг боридан йўғи!.. Кетса кетсин, даф бўлсин, изи ўчсин, номи ўчсин! Ўқиб келиб бу кишим яна кўп нагмалар кўрсатмоқчи бу ерда — «художник-модельер» эмиш-а! Ахир, шаҳар сенга аммангнинг уйими? Яхши бор, ёмон бор. Ёмон кўп! Кўза кунда эмас, кунида синади, синглим! Билиб бўладими, бўйни йўғон бирор номард бош-кўзингни айлантирса… бегона юртларга тушдинг-кетдинг-да. Ота-онангни, жигаргўшаларингни кўргани келсанг йилига бир келарсан. Тобора узоқлашасан, бегоналашасан. Бегона — санги девона, дебдилар. Кейин, кимга хатлаб берибди бу дунёни? Ҳозир беғам-бепарво китоб варақлаб ётган отанг бир куни пақ этиб… Етиб келгунингча «етти»си ўтади, жон синглим! «Отам»лаб армонда қолаверасан! Буниси ҳам майли, дейлик. Фалокат босиб, бирор лаънат орттирса-чи — иснод, етти пуштингга етадиган иснодга ботасан! Эй, нима жин урган-а бу одамларни? Кўра-била…
Бердибойнинг вужуди зирқираб кетди. Оғриқдан, ожизликдан бўкиргудек нола қилиб юборди у. Ноласи теварак-атрофга таралди. Ўзининг теварак-атрофига, холос.
Бердибой гоҳо ўзича орзу қиларди: қани эди, ака-укалар баримиз бир жойда, масалан дейлик момамнинг боғида — даштда яшасак, бир қўра, бир қўрғон бўлиб! Топган-тутганимизни кечқурун бир қозонга солсак, бирга есак, бирга турсак! Майли, бобой ётса ётаверсин бизнинг давримизда даврон суриб — янги китобини ўқийдими, эски китобини ўқийдими, ўзи билади. Ота бўлиб бошимизда турса, дастурхонимизнинг тўрини тўлдириб ўтирса — кифоя, шунинг ўзи катта давлат бизга. Апам, хайр, чидар уч-тўрт кун, нима момамни боғлаб берибдими бу дунёга, ўзининг ҳам олдинги шашти йўқ… Сингиллар ҳам шу яқин-атроф хеш-ҳамсояга узатилган бўлса — иссиқ-совуғу яхши-ёмон кун деган гаплар бор. Ў, қани бундай бўлса! Ана ўшанда меҳр-оқибат ҳам, оға-иничилигу ота-болалик деганлари ҳам бошқача бўларди.
…Йўқ, Бердибой, бу тушингизни сув аллақачон оқизиб кетган! Биласизми, биз бугун қандай замонда яшаяпмиз? Энди бизнинг ҳар биримизга алоҳида бир қўрғон керак! Деворлари шундай баланд, ўзи шундай пинҳон қўрғонки, на отдан бўйлаб бизни кўра оласиз, на осмондан қараб! Бу шундай бир қўрғонки, гоҳ юксак юлдузлар орзусида, гоҳ заминдаги майда бир ҳавасчалар илинжида ўртаниб, баъзан ўзимиз ҳам ўзимизни йўқотиб, тополмай сарсон юрамиз…
Аммо, қўрғонимиз муттасил харакатда — улкан бир кеманинг бағрида у. Кемадан тушиб қолиб бўлмаса — жон ширин, дунё қурғур умидли…
Бердибой тиришиб-ториқиб шаҳар томонга назар солди: нега борди ўзи шу ёққа? Ўқишга кетадиган бўлса кетарди, қораси кўздан йитарди! Бундай аламу азоб ҳам кам эди.
Аста-секин теваракни шом қоронғиси чулғаб, шаҳар тарафда чироқлар милтиллай бошлади. Электр чироқлар. Гўё шулар ҳам пайдар-пай кўз қисиб, уни масхара киларди. Баттар алами жўшди Бердибойнинг. Яқин йилларгача момосининг уйига чироқ ўтказилмаган, бунга истак ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ эди. Уйланганидан сўнг хотини қўймади. «Чилла» кезлари эди… «Кечаси ташқари чиққани қўрқяпман», деб туриб олди. Илгари Бердибой уйига электр ўтказса, худди ўзигагина маҳрам қандайдир муқаддас сир оламга ошкор бўладигандек, осуда-осойишта ҳаётига аллақандай ғанимлар бостириб кирадигандек бўлиб туюлар эди. Ахир, ҳамма балони шу бошлаб келди-да! Шу бўлмаса, радио ўқирмиди, телевизор кўрсатармиди! Шу бўлмаса… Бердибойнинг бошида бунақа савдолар ҳам йўқ эди. Шу бўлмаса, танкаю ракета деган ваҳималар ҳам бўлмасди. Нега шуларни ўйлаб чиқарди экан одамзод? Ўзига ўзи бало орттиргунча, тинчгина кунини кўриб ўтираверса нима қиларди?..
Ёвуз бир кайфиятда эди ҳозир Бердибой! Қўйиб берсаки, оламдаги жами электр чироқларнию радио-телевизорларни синдирса, мажақласа, янчиб ташласа!.. Лекин — одамлар-чи, шуларни ўйлаб топган одамлар-чи?! Э, ҳаммасининг бўлгани бўлган, энди о д а м қилиб бўлмайди буларни!
Осмонни ларзага солиб, яшил-қизил чироқларини липиллатганча самолёт учиб ўтди. Қоронғида аллақандай парранда, тўрғаймикан, нақ Бердибойнинг тепасида чарх уриб айланди, қанотларининг эпкини ҳам сезилгандек бўлди. Уч-а, қирғинга учрагурлар, уч!
Бердибой жаҳл билан оғзидаги носни тупуриб, ўрнидан турди. Югургудек ҳаллослаб дўнгдан тушди, мотоциклининг олдига борди. Кўзига у ҳозир бир уюм кераксиз темир-терсакдек хунук, дардисар кўриниб кетди. Туриб-туриб, аламидан шартта бурилдию кажавасидаги хуржунни четга олиб қўйиб, мотоциклни суриб борди-да, сел ўпирган сойлик — арнага итариб юборди. Негадир, кутганидек қаттиқ тарақламади, бир ўрам сим тошга бориб тушган каби садо берди, холос.
Асли, алмисоқдан қолган бу шалақараванинг соғ жойи йўқ, совхоз неча йиллар бурун уни ҳисобдан чиқариб ташлаган, Бердибой у ёқ-бу ёғини ямаб-ясқаб, бозор-ўчаргаю қозон-товоқ орасида миниб юрар эди. Ажаб бўлди, шу баҳона қутулди-қўйди!
Бердибой оғир бир хўрсинди-да, хуржунини елкалаб йўлга тушди.
Тун зим-зиё, милт этган шуъла йўқ, тўрт тараф бийдек дашт, манзил олис, елкасида зилдек хуржун, туртина-суртина бир одам пиёда кетиб боради.
Узоқ йўл юрди у, йўл юрса ҳам мўл юрди у. Юра-юра шундай бир гўшадан чиқиб қолдики…
…«Ажиналар» ҳеч ажабланмай, ҳатто алланечук хушҳоллик билан қарши олишди уни, даврага таклиф қилишди. Ҳаммасининг кайфи бор, унинг ҳам қўлига дарҳол пиёла тутқазишди. Нотаниш бир ҳаяжон ичида, ўйлаб ҳам ўтирмай ичиб юборди у. Хиёл боши айланиб, ўзини унутган эканми, аста ёнига чўккан шарпадан сапчиб тушай деди. Сочлари тўсдек, яримяланғоч бир «ажина». Баданию юз-кўзида томчилар милдирайди — ҳозиргина анови сувдан чиққан. Ие, Ражаб боди ҳам шу ерда юрибдими?! Ҳа, ана, бир даста кабоб кўтариб келяпти. Даврадан четроқда, икки тошнинг орасига бош суққанча, кўзлари ёшланиб тутун пуфлаётган майкачан кимса шу экан-да. «Тошкентдан билла ўқиган жўралари келган». Давранинг иззатли жойи — кўрпача устида ёстиқ қучоқлаб сипороқ ўтирган анови нотаниш йигит ўша, Тошкентдан келган меҳмон бўлса керак. Бошқалари кўзига бирмунча иссиқ кўринади, чамаси, район марказидан чикқан ёш-яланг…
— Э! Парда Қурбон бобомизнинг улими? — деди Ражаб қўлидаги кабобни ўртага қўяркан, унга кўзи тушиб. — Қалайсиз, Бердибой? Йўл бўлсин? Мунчоқлигами? Кеч йўлга чиқибсиз-да? Бундай, пиёда? Камнамороқми ўзи кейинги пайтда? Ҳалиям қишлоқда — Мунчоқлида? Бўлимда? Зоотехник?.. Ҳа-а, маладес!
Бердибой унинг бирорта сўроғига чурқ этмади, хўмрайиб ўтираверди. Ражаб ҳам жавоб кутмади — ўз саволларига ўзи жавоб қайтарган эди.
— Биттадан олсак! — деди у сўнг меҳмонга қараб такаллуф билан.
— Ихтиёри ба шумо, дейдиларми…
Қуйилди. Ҳаммага. Бердибойга ҳам. Ичдилар. Ҳамма. Бердибой ҳам.
— Совуқмасмикан? — деб сўради меҳмон боя сувдан чиқиб келган «ажина»дан. — Мен ҳам бир тушсамми девдим.
Елкасига сочиқ ташпаб ўтирган «ажина» дик этиб жойидан турди:
— Ҳе, шу шаҳарликлар нозик бўлади-да! Турдик! Ҳамма! — У сочиғини тошнинг устига отиб, патира-путур сув оралай кетди.
— Турдик!
Дастурхон бошида Бердибойни ёлғиз қолдириб, барча ўрнидан қўзғалди.
Ражаб боди бўшаган сихларини кўтариб «кўра»си томон кетди.
Гулхан шуъласида ялт-юлт товланаётган мавжлар, яримяланғоч кўланкалар. Шалоп-шулуп, шатир-шутур. Зим-зиё тунни бошларига кўтариб қийқиришади, бир-бирларига сув сепиб қочишади… Ажинабазм, тус ажинабазм!
Бердибой нима килиб ўтирибди бу ерда? Қандай келиб қолди у?
Елкасида зилдек хуржун, қоронғида тусмол билан қадам ташлаб бораверди, бораверди — ҳеч йўлнинг адоғи йўқ. Юра-юра шундай бир манзарага дуч келдики, қараб кўзларига ишонолмади. Сойликка ўхшаш ўзан. Аллақаёқдан ғулдираганча бир қувур сув отилиб чиқяпти. Гулхан, қандайдир кўланкалар, ғовур-ғувур… Бердибой ҳангу манг бўлиб қолди. Нима, адашдими? Болалигидан буён кезавериб товонлари тўзиган бу дашту адирда сира бундай манзилни кўрмаган, бунақа манзарага ҳам учрамаган эди. Ё, ажиналармикан? Ўхшайди, Ана — сув, гулхан… Момам айтар эди: ажина қоронғи бир хилват жойда, ёлғиз пайтингда учрайди, деб. Тўғри айтиб экан: мана, қоронғи хилват жой, бир ўзим… Уни қўрқув босди, тиззаларининг кўзи қалтирай бошлади. Сўнг, ўзини дадилликка олиб, дўнгнинг тепасига чиқди-да: «Ҳў-ўв!!» деб овоз берди. «Нима-а?» деган овоз қайтди пастдан. Одамга ўхшайди-ку! «Ки-им?» деди Бердибой энди дадилроқ. «Ажиналар! — деди ҳалиги одам. Кейин уни чўпон гумон қилдими, чақирди: — Келинг, бойбобо, келаверинг!» Бердибой аста дўнгдан эниб, гулханга яқинлашди. Қараса — бир тўп йигит-яланг; зиёфат авжида, давра чортанг? Четроқда иккита «Жигули» ҳам турибди…
Дастурхонга фотиҳа қилгандек кафтларини юзига тортиб, Бердибой секин жойидан кўзғалди. Вазмин одимлаб Ражабнинг тепасига борди.
Мана, ўша Ражаб боди, қон-қиёмат душманинг! Қўлингга тушди ниҳоят! Гапир гапирарингни, қил қиларингни!..
— Буйтиб юргунча, уйгинангизга бориб, хотингинангизди олдида телевизорингизни кўри-иб ўтирмайсизми? — деди Бердибой аччиққина оҳангда чимдиб.
— Телевизорда нима бор, Бердибой, дунёнинг бор гашти мана шунда-ку! — деди Ражаб унинг пичингига мутлақо бепарво, аллақандай беғараз бир самимият ва ҳушчақчақлик билан. — Кўраман десам, ана — телевизор мошинада!
— Сўнг у кафтининг кўзи билан чап қовоғини ишқай-ишқай қаддини ростларкан, чўмилаётганлар тарафга қараб қичқирди: — Чори-и, теликни қўй — футбо-ол!..
Бердибойнинг кўзига Ражаб боди сирли одам бўлиб кўринди. Бояги шаштию ғазабини бир зумга унутиб, дафъатан унга ҳаваси келиб кетди. Бир ҳисобда шуники маза! Яшашни билади бу: ўзи оддий ўқитувчи, мактабда физикадан дарс беради-ю, бир қарасангиз — доим қўлда нимадир ясаб, темир-терсакнинг ичида юради, бир карасангиз — мана бундай дала-даштда бир чимдим гўштни деб тутун пуфлаб ётади. Аломат! Шу ерга ҳам олиб келибди-я телевизорини… Эринмаган банда!
— Сиз нима дейсиз гапимга, Равшанжон?
— Тўғри айтасиз, дунёнинг лаззати мана шунда, мана шундай ажойиб ўтиришлару ажойиб жойлар, ажойиб кенгликларда! — деди каттакон сочиққа ўранганча жунжикиб уларга яқинлашган меҳмон йигит. — «Пикник» дейишади буни, чинакам пикник бу! Бизни ҳам ана шу нарса бошлаб келди-да бўтга, Ражабвой! Умуман, ҳозир бутун дунёда табиатга кескин қайтиш жараёни бошланган. Масалан, цивилизациянинг чўқкисига етишган Франциядек мамлакатда ҳам ҳозир уйда нон ёпиш расм бўлган эмиш. Дўконнинг нонидан кўлбола нонни афзал кўришаркан-да. Бу ҳатто антиқа бир машғулот, антиқа бир… таом, тансиқ таом ҳисобланар экан!
— Ҳў-ў, келинглар! Футбол!.. — деб бақирди Чори.
Чўмилаётганлар апир-шапир сувдан чиқиб, артина-кийина даврага ошиқишди. Ерга тўшоғлик шолчанинг бир чеккасида вағиллаб ётган мўъжазгина бир қутига ҳамма маҳлиё! Бир тўпни деб шунча одам у ёқдан-бу ёққа югургани югурган!..
Муроди ҳосил бўлмай писиллаб қолган Бердибойни яна бояги бадбин, ёвузона кайфият чулғаган эди. Даврани четлаброқ жиларкан, телевизорга яқинлашганда у, худди қоқилиб кетганга ўхшаб, уни секингина бир тепиб ўтди.
— Ў, ў, Бердибой, нима қиляпсиз! — дея чинқирди ўрнидан сапчиб турган Чори. — Кўз борми?! Ё кайфингиз ошдими?
Бердибой пинак бузмай, бориб хуржунини ердан кўтарган эди, Ражаб унинг олдига келди.
— Ҳа, Бердибой? Ўтирмаймизми? Нима, ё обориб қўяйми? — деди у қоронғиликда турган машинаси томон ишора қилиб.
Бердибой илкис уни кўкрагидан қаттиқ итариб юбордию бир силташда хуржунни елкасига олиб, буриласолиб жўнаб қўйди.
Кутилмаган зарбдан ағанаб, ерга ўтириб қолган Ражаб негадир хахолаб кула бошлади. Сўнг орқадан унинг гапи эшитилди:
— Мана шундай келиб-келиб тури-инг, Бердибо-ой!..
Яна ўша зим-зиё тун, яна ўша тўрт тарафи бийдек дашт, яна ўша зилдек хуржун, х у р ж у н — туртина-суртина пиёда кетаётган бир одам… Бир олам!
Бердибой қаёққа қараб бораётганини ўзи ҳам билмас, негадир бу ҳақда ўйламас ҳам, нуқул ҳаллослаб-ҳарсиллаб олдинга интилгани интилган эди. Анчадан сўнг қир бўйида қандайдир чироқ милтиллаб, чайланингми, капанинг қораси кўринди. Ўша томонга бурилди у…
Кападан шабпўшини кафтига уриб қоқа-қоқа, ярғоқбош бир қария чиқди:
— Келинг, меҳмон. Бахайр?
Салом-алик қилдилар. Муддаосини айтди Бердибой.
— Мунчоқдиданман, денг? Кимди ули бўласиз?.. Ҳе, у бизнинг ошна-ку! Фронтга бирга жўнаганмиз. Кўп оғир, баъмани одам. Ҳай, уйга киринг, ётиб кетинг. Эски ошнамизнинг ули экансиз… Боришим шарт, денг? Ҳе, бир кеча ўн кеча бўлама, борасиз-да шу уйингизга ҳам!.. Улов десангиз, анов «пат-пат»нинг мойи соб бўлган, ҳафта бери — ётибди. Нима? Эшак-пешак дейсизми? Эшак нима қилади бизда, оғам! У жонивор ҳам қирилиб битди ҳисоб. Паданг томонларда қолмаган бўлса битта-ярими… Э, улариям бир…
Қария билан хўшлашиб, у кўрсатган йўл бўйлаб қоронғиликка шўнғиркан, таажжубдан Бердибойнинг боши қотди. Бу ерларни Оққўтон дейдими у. Чиллаи чор маҳаллигидан мана шу дала-даштда ўсиб, бундай жойни эшитмаган ҳам экан, бунақа ерларни кўрмаган ҳам. Бугун ўзи у бир балога учрабди: нуқул адашади, нуқул…
Бир маҳал узоқдан нимадир йилтиллади. Ёнарқуртдек бир нима. У яқинлашиб келаверди, келаверди. Катталашди. Одамга ўхшайдими… Одамнинг кўзи шундай ёнарканми қоронгида?! Ўзиям баҳайбатроқ кўринади. Орқасида думсимон нимадир ерга сургалиб келяпти. Ана, ёли ҳам бор. От экан-да, калла! Ие, от икки оёғида юрадими? Қанақа махлуқ бу ўзи — вишиллайди? Моторнинг товушига ҳам ўхшайдими? Бензин ҳиди келяпти, ҳа, ҳа! Мотоцикли… Ё пирим, бу нима бало бўлди?!
Бало, бало!
Бердибой шунда сезди: қандайдир сойликка тушиб қолибди. Икки ёни тик жар. Бояги сойликнинг адоғи эмасми? Ўшанга тус беради…
«Бало» ҳамон бостириб келмоқда эди. Орқага қочай деса — у ёғда ановилар, олдинга юрай деса…
У аста-аста ўрликка томон тисланаверди — «бало» тўғри унга қараб келаверди, у тисланаверди — «бало» бостириб келаверди…
Бу пайтда…
Эрини кута-кута зериккан Ойрўзи, катта қизини Тиниқ момога ташлаб, кичкинасини кўтариб, эри бултур қорбўронда адашиб ҳалок бўлган бева қўшнисиникига телевизор кўргани чиққан, мана, ҳозир рўзғор юмушларидан ҳориган хотинлар ўтирган жойларида пинакка кетишган, томошалари поёнига етиб, экранда «қорбўрон» бўлиб ётар эди.
…Гулсанам эса, чамадончасини кифтига қўйиб, мулла Шодининг невараси билан марказга қараб чопди. Тонгги автобусга улгуришлари керак!