Яқин-яқингача қайси даврага кирмайин, орада энг ёши мен бўлиб чиқардим. Бугун қарасам – кўпчилиги мендан ёш…
Ажабо, қачон, нега бундай бўлди?
…У дара ичкарисидаги овлоқ маконидан яккам-дуккам тошларга оёқ қўйиб лўкиллай-лўкиллай сув бўйига тушиб келади.
Тоғ булоқларидан тўпланган сув мўъжиза йўллар билан кориз орқали ўтиб дара оғзида чоғроқ кўл ҳосил қилган. Кўл сатҳида вижир-вижир доира ясаб, икки харсангтош орасидан бир тегирмон сув пастга оқади.
Қирғоқда қўққайиб у бир нафас кўлга тикилади, сўнгра шошилмай иштонбоғини ечади-да, сувга қараб чоптириб юборади. Шу асно этакка – қишлоқ тарафга тантанавор назар ташлаб қўяди. Ишини битириб бўлгач, кўл лабига чўнқайиб ҳовучлай-ҳовучлай сувдан ичади…
* * *
– Маймун нариги дунёга кетганига минг йил бўлди, бориб нима қилдик! – дейди Маҳмуд боғбололик Салом чопағоннинг таъзиясидан чиққанимизда.
– Шуникига бориш керак-да, оғам, – дейман мен. Маймуннинг ўлганини эшитиб кечадан буён хаёлимда нималар айланаётганини у қаёқдан билсин!
Шеригим мошинасини истар-истамас боғ-боғот оралаб тоғ томон кетган тошлоқ торкўчага буради.
– Ўлган одамни ёмонлаб бўлмайди дейдилар-а, нимага? Ёмонни ёмон дейиш керак-ку!
– Одам-да, жўра, одам, – деб қўяман хаёлчан. – Тирилиб келиб ўзини ҳимоя қилолмаса!
– Маймунга айланган одам денг!
Қулоғимга шу тобда бирон гап кирмайди.
* * *
Маймун синфда энг орқанги қаторда ўтирарди. Олдинда бўлса, доскани тўсиб қўйиши тайин эди-да. Найнов, суяги бузуқ, бесўнақай. Жимгина ўтирса ҳам кошки экан: гоҳ ёнига узалиб қўшни партадаги Мастура дарознинг сочидан тортади, гоҳ олдинги қаторга шох ташлаб биров тиш уриб турган олмами-беҳига чанг солади. Ўқитувчи кўриб қолиб танбеҳ бергудек бўлса, тиржайган кўйи дўриллайди: “Иҳ, иҳ, нима қиппан?”
У бизлардан тўрт-беш ёш катта, кўпимизнинг ё опа, ё акамиз билан ҳам синфдош бўлган. “Суриштириб кўринглар, бу ҳали биронтангнинг отанг биланми, энанг билан ҳам бирга ўқиган чиқар, – дер эди таптортмас Маҳмуд. – Билимга ташна-да, ўқиб чарчамайди”. Бунақа гапларга Маймун парво қилмайди, “иҳ-иҳ”лаб тиржайиб тураверади, жуда жонидан ўтказсангиз, “Салага!” деб қўяди, бас. Ё гапнинг фаҳмига етмайди, ё иззат-нафс деганини худо кўп кўрган. Овсар, довдирроқ. Маймун-да. Бўлмаса-ку, Маҳмудга ўхшаганлар унинг дамигаёқ учиб кетади-я!
У мактабга онда-сонда келарди – бир эшак овора, аммасиникига тоғдан тезагу сомон ташимоқдан ортмайди. Келганида ҳам липпасида титилиб кетган аллақандай дарслик, кўйлагининг ичида неча букланган бир дафтар, холос. Ручка-қаламни дарс маҳали униси-бунисининг қўлидан тортиб олади. Лекин на бир нарса ёзади, на бирор нарса ўқийди. Чамаси, ўқиш-ёзишни ҳам билмасди у. Ўлгудек нўноқ, “тупой” (Маҳмуднинг гапи).
Қарангки, шу туришида Маймун унча-мунча ўрисча чулдираб қоларди. Айниқса, сўкишларини қойиллатарди. Калхонадан ўрганиб келган. Оғзимиз очилиб ҳавас билан термилсак, “Иҳ-иҳ, тўти Катия бутининг орасига олиб бир қисса, хитойчаям гапириб юборасан!” дерди у.
Маймун Райма (Раҳима – Райима) битлиқи билан ёнма-ён ўтирарди. Шўрлик қизнинг битини биров ушлаб кўрмаган, лекин бошидаги рўмоли доим қийшайиб, қўсқи, ночорроқ кийимда юрганига “бит-мити ҳам бўлса керак” деган хаёлга борарди одам. У қишлоқнинг бир чеккасидаги ташландиқ, дару деворсиз ҳайҳотдек чорбоғда кўзи ожиз момоси билан яшарди. Ота-онаси ким, борми ўзи, бўлса қаерда – биров билмасди. Райма битлиқи бор, унинг кўр момоси бор, тамом.
Пича тайтувроқ бу қиз ҳам “ака-опаларимиз билан ўқиган”лар сирасидан, Маҳмуд айтмоқчи, “Ё” синф ўқувчиларидан эди.
Баъзан дарснинг қоқ ўртасида Райма бетини чангаллаб, пиқиллаб синфхонадан чиқиб кетар, ўқитувчи “Тожиқулов!” деб бақирса, Маймун шифтдай бўлиб тиржайиб турар эди: “Иҳ, иҳ, нима қиппан мен? Ўзи-ку, ўзи оёғини оёғимга ошириб ўтирди!”
Райма битлиқи шу кўйи ҳафталаб мактабга келмай қўярди. Бора-бора буткул кўринмай, бор-йўғи ҳам эсимиздан чиқиб кетди. (Ҳозир бормикан? Бўлса, қаерларда у шўрлик, бенаво синфдошим?)
Маймун аммасининг уйида юрарди. У ҳам ғирт етимча: на отаси бор, на онаси. Бундан кўп йиллар бурун отаси бир кеча онасини чавоқлаб ташлаб, қўлида қонга беланган қассоби пичоқ, ўз оёғи билан милисахонага борган, кейин туман марказидаги чорбоғда очиқ суд бўлиб, қамалиб кетган. Судини ўзим кўрмаганман-у, аммо ўшандаги бири биридан хунук шов-шувлар қулоғимда қолган: отувга ҳукм қилинибди, отилармиш; йўқ, тирик экан, йигирма беш йилга кесилибди; Сибирга жўнатганмиш, самолётда қишлоқ устидан ўтаётиб ҳовлисини мўлжаллаб хат ташлаган экан, хат тўппа-тўғри келиб чалпак пишираётган Майрам кампирнинг (онаси) қозонига тушибди, унда “Қайтиб келиб у ғарзотнинг бор уруғ-аймоғини пичоқдан ўтказмасам, энам хотиним бўлсин!” дея қасам ичиб ёзган эмиш; йўқ-йўқ, аллақачон отилиб кетган у, хўп денг энди, ўтган йили айни мана шундай саратон кунларида отилган, а-аниқ! Ва ҳоказо.
Мен бу гап-сўзларни ҳамиша гавжум, ҳамиша қизғин мачит-магазин айвонидаги гурунглардан билиб олганман, албатта. Бола ҳолимга.
Нимаям дердингиз, Маймунимиз ўша одамкушнинг пуштикамаридан бино бўлган бир махлуқ-да! Айтгандай, қишлоққа кўчма зоопарк келиб кетганидан кейин у ростакам маймунга айланди – илгари оддийгина Мўмин ё Мўмин дароз, Мўмин найнов, энағар Мўмин, йўқ-йўқ, Мўмин кал эди, Мўмин кал!
Кал эмиш, унинг бошида мўйсиз жойи йўқ, бодроқдек, жингала-жингала! Бултур Қўшдарёга пахта теримига борганимизда шу бўй-басти, шу жингалаклари билан у кун-уззукун пайкал оралаб юриб атиги тўрт килогина “оқ олтин” терган, кечқурун “штаб” чоғи жисмоний тарбия ўқитувчимиз Орзиқулов уни холироқ хонага олиб кириб, жингалак сочларидан маҳкам чангаллаб, кирза этик билан роса қорнига тепган – қани, миқ этса-чи, қани, бир тола сочи юлинса-чи!
Буни сўнгра Ваҳший (болалар қўйган лақаб) Орзиқуловнинг ўзи ҳам таажжуб аралаш талай вақт нақл қилиб юрган: “Шу соламан денг, саси чиқмайди-я! Жони тошдан экан бу энағарнинг. Сочиям қайишдай, шунча ғижимлаб тортаман – бир мўйини узолмасам-а, тавба! Анча-мунча кайфим ҳам бор эди ўзи”.
Маймуннинг талқини эса ўзгачароқ: “Епти шу гапига! Неча кун чатаноғини кериб юрди-ку, қаерига тепганимни сўранглар ўзидан!”