Эркин Аъзам. Бизнинг тоға (ҳикоя)

Балки эшитган чиқарсиз, тоғамизнинг исми Ғазанфар. Супрақоқдисига меҳри бўлакчамиди, раҳматли бобомиз уни азза-базза дабдаба отига миндириб, эринмай, алланечук мароқ билан номини жуфтлаб «Муҳаммад Ғазанфар» деб атарди. Бундай шарафга муносиб кўрилган фарзандга муомала ҳам, табиийки, ўзгача бўлади: кенжа болам, сен же, болам. Салкам юз йил умр кўрган кўҳна одамнинг чопони этагида вояга етган зумраша ана шу юз йиллик ҳаёт тажрибасини сабийлик зеҳнига бамисоли оҳанрабо маҳкам жойлаб олган, етти ёшдаёқ етмиш яшар чоллардек салмоқ билан мулоҳаза юритадиган бўлиб қолган эди. Унга дам-бадам маслаҳатлар солинишини айтинг: «Келаси бозор анови қисир қўйни савдога қўйиб, пулига уч-тўртта тувча сотиб олсак, шунга сиз нима дейсиз, мулла Муҳаммад Ғазанфар?» ёки: «Мулла Муҳаммад Ғазанфар, боғ этагидаги ҳуув икки туп олманинг танасида чумоли кўргандек бўлдим, чиришини кутмай шуларнинг баҳридан кечсакмикан, девдим…» Хотирингиз жам бўлсинки, бундай пайтда муштаккина тирми
закдан, муқаррар равишда, турмуш ташвишларида чийралиб кетган тажрибакор мўйсафидни-да қаноатлантирадиган бамаъни бир таклиф чиқарди.
Қазоси етиб бобомиз оламдан ўтгач, уруғимизнинг сўзга етар оқсоқолларию ёши улуғ акалари бир четда қолиб, барча маърака-маросимга кенжа тоғамиз Муҳаммад Ғазанфар бош бўлганида, кейинчалик эса у ўз-ўзидан раҳматли бобомизнинг ўрнини ишғол этганида ҳеч ким ажабланмаганининг сабаби ана шунда. Ўтган ўтди, ўрнига муносиб ўринбосар қолди — ёшининг нима аҳамияти бор, тўғрими?
Лекин, бобомиз бу дунёдан кўз юмгач, тоғамизнинг болохонадор исми шарифи ҳам таъсир кўрди. Баъзи бировлар, айниқса, билмаган бегоналар тоғамизга иши тушганда пайғамбаримизнинг муборак номларини айтарди-ю, умматларининг асл исмига келгавда ҳафсаласи етмасди. Бегона бўлмасак-да, биз — хеш-табор уни раҳматли бобомиз ўтқазиб кетган дабдаба отадан қариндошларча аяб-авайлаб пастга тушириб, тоққина қилиб «Ғазанфар» деб атаймиз. Аммо — юз-кўзига эмас, орқа-варотдан, ўзаро эслаган-нетганда. Бошқа вақт андак табассум, андак истеҳзо билан — «тоға», «тоғамиз». Шукрки, худо бизни тоғадан қисмаган, нордек-нордек тоғаларимиз бор. Лекин уларни номи билан атаймиз, масалан: Самандар тоға, Искандар тоға. Кенжавойга келганда эса — йўқ, номларини тутмоққа изн берилмайди, у киши — якто, ягона, у киши — тоға, тоғамиз, вассалом! Ўзлари биздан уч-тўрт ёш берида-ю, шундай деб атаймиз. Демай кўринг-чи! Мажбурсиз. Энамиз мажбур килади. Арзанда укаси, яъни — бўлажак тоғамиз ҳали ҳўл эта
гини белига боғлаб, булоқи бурнини шўриллатиб юрган кезларидаёқ биз уни «тоға» демоққа мажбур эдик. У гўёки башорат қилинган келажагини ўша вақтлардаёқ туфлаб белига маҳкам тугиб юрарди, бурнининг шўриллашлари ҳам кароматдан ажаб аломат! Бугун эса, хоҳланг-хоҳламанг, аммо «тоға» демай кўринг-чи, нақд бошингизни ёради. Ҳар гапида икки карра «жиян» деб турганидан кейин, гоҳвда ҳам «тоға», ҳам «амаки» деб юборасиз!
Ҳали айтдик: тоғамиз биздан ёш (у бобонинг кейинги хотинларидан), лекин шу ҳолига уруғимиздаги жами улуғларга бош. Гўёки, тўқсон еттига кириб оламдан ўтган раҳматли бобомиз авлодимизнинг бор ор-номусиғш мана шу кенжасига васият қилиб, қулф-калитни ўзи билан олиб кетган («Бобонгизнинг васияти шундай бўлган, жиян, бобонгизнинг!»). Ўлими олдидан эшикни маҳкам тамбалатиб, келажак етти пуштимизга тегишли васиятларини ҳам шунга қолдирган гўё.
Тоғамиз — ўрнига қараб, албатта — бирда куйди-пишди, бирда сипо-соме кайвони; қариндош-уруғда бирон бир майда-катта мажлису машварат усиз, унинг маслаҳатию йўл-йўрикдарисиз ўтмоғи раво кўрилмайди. Аллақачон иягига бобосоқол битган невара-чеварали отамиз ҳам у кишимдан маслаҳат сўрамоққа мажбур. Кечқурун девор-дармиён қўшнингизни чақириб бир нафас чақчақлашмоқчи бўлсангиз ҳам тоғадан изн олмоғингиз шарт. («Шу ҳамсоянгиз моли мардумхўрроқ, жиян, ҳушёр бўласиз-да. Кечаги бозор денг, битта тиррақи эчкини отасининг нархига пуллади-я, ноинсоф! Тағин ўзингиз биласиз, жиян. Айтдим-қўйдим. Бобонгизнинг васияти»). Ўзингиз «билакўрманг», зинҳор-базинҳор. Касофат босиб, бирор йўрикда у кишим ғофил иш тутсангиз борми, ҳеч иккиланмай, тоғамиз энди йўқ, деяверинг. Араз, юзкўрмаслик. Орага қўйган одамингиз бир дунё дилсиёҳлик билан қайтган. «Унақа жиянни билмаймиз, биродар, — деганмишлар. — Бориб айтинг, тоға-поғаси йўқ, ўлган». Азза-базза, бетингизни қаттиқ қ
илиб ўзингиз рўбарў бўлиб, минг бир тавалло этиб кўринг-чи, бирон иш чиқармикан! «Ҳай, ўзингиз биласиз, ҳай, йўлингизни берсин»лаб тураверади совуққинасига. Охирида зўр-базўр юмшаган бўлади. «Ҳар ишнинг расми бор-да, жиян», дейди худди қарз бергандек қилиб.
Расми шуки, уч-тўрт кишини уйга чақирасиз, тоғани эса шахсан бориб таклиф этасиз. Битта қора қўйнинг, бир неча «оқ қўй»нинг бошини олиб… яраш оши! Бошқаси ҳисобмас — расми шу.
Қариндош-уруғ неки бир маслаҳатга жам бўлса, жумлаи давра Ғазанфарбойнинг оғзига қарамоғи, у киши ҳали қадамранжида этмаган бўлса, истиқболига кўз тутмоғи шарт. Бунақа пайтда тажангроқ отамиз: «Шу уканг!.. — дейди энамизга. — Шу уканг хотиндай майдагап, хотиндай ўшакчи-я!» «Нима қилай, чол? — дейди энамиз ночор жавраниб. — Сизнинг орингизни ортмоқлаб овора-да шўрлик укагинам!»
Ниҳоят, тоқатларни тоқ қилиб Ғазанфарбой келадилар. У келганда эса, отамиз бирдан гирдикапалак бўлиб, «Тўрдан ўтинг, Ғазанфарбой, тўрдан ўтинг»га тушиб қолади. Ғазанфарбой тўрни қўйиб, ранглари бир алвон, опасини, яъники, бизнинг энамизни четга имлайди. Маъни-дод асноси у кишининг «Апа-а! Апа-а!» деган, энамизнинг эса, «Нима қилай, укажон, замонаси экан-да» деган нолаю афғонлари эшитилиб туради.
Маълум бўладики, Ғазанфарбойнинг бўй етган жиянлари, яъники, бизнинг синглимиз (аммо шу тобда унинг бизга сингил экани асло ҳисобга кирмайди) бугун тағин кўчага бошяланг чиқибди! Уни кўриб оркаш тоғанинг номуси келибди. Бор гап шу. Бўлмаса-ку, кўча тўла қиз-жувон, шу кунда бошига рўмол ўраганини топиб кўринг-чи! Майли, улар билганини қилсин, ҳар кимнинг гўри бошқа, лекин, кимсан — Ғазанфарбойнинг жияни… Ҳай, ҳай!
Бу нақлларни ўқиб, даврдан ортда қолган аллақандай биқиқ бир кимса кўз олдингизга келган бўлса керак. Янглишасиз! Ғазанфар тоғамиз замонавий одам: мактабда меҳнатдан дарс беради, муаллим. Ҳа, «домла» деса ҳам бўлаверади. Дарвоқе,  Булғорияда унга шундай деб мурожаат қилганлар. Ишонмасангиз, ана, ўзидан сўранг.
Ун йиллар бурун у қадрдон ошнаси Ибод сартарош билан, халқаро маданий алоқаларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшмоқ ниятида, арзон-гаров йўлланмани чўнтакка уриб, дўст ва биродарлар юрти Булғорияга саёҳатга бориб келган. Мана, ўн йилдан бери, тўрт одам тўпланган жойда шуни нақл қилади. Аллақачон оёғи осмондан бўлиб кетган халқаро сиёсат бобидаги бор бисоти шундан иборат. Айтишича, ўшанда бир булғор унга: «Бизлар ҳам асли туркмиз, домла», деганмиш. Гурунгаинг шу жойида шўх-шалайим укамиз луқма ташлайди: «Ростдан ҳам шундай дедими, тоға? Сизни ростдан «домла» дедими?» Тоғамиз бир сескангандек бўлиб, ўқраяди: «Жия-ан!» Кейин яна: «Жия-ан!» Бу дунёда сўраб бўлмайдиган нарсалар ҳам борлигини, бинобарин, кўпдан-кўп саволларга очиқдан-очиқ жавоб берилмаслигини ҳали билмайдиган бетамиз жиян баттар хуруж қилади: «Домла» деган бўлса, суриштириб кўрмабсиз-да, балки бизга ўхшаб у ҳам қўлингизда ўқиган чиқар? — Бола болалигига тортиб ҳужумнинг бу ёғини сусайти
риб юборади: — Уларнинг ота-боболари ўзимиздан бориб қолган, дейишади-ку…» Сезган бўлсангиз, ҳалидан бери «биз», «биз» деб гапиряпман. Биз деганим — мен билан Амир. Иккаламиз ҳам тоғамизга бирдек жиян: мен катта опасининг, Амир ўртанчасининг фарзанди. Лекин, мен яхши жиян, Амир — ёмон. Менинг ҳамма ишим — мирқуруқ бир соҳани танлаганиму «игна билан қудуқ қазийвериб» таги заминни илма-тешик қилиб юборганимга қарамай, ҳамон бирим иккига дўнмай шўлтиллаб юрганим, Тошкентдан уйланганиму мусофир бўлиб шу шаҳарда яшаб қолганим — бари-бари яхши, минг бора мақтовларга сазовор, энг муҳими, тоғамизга маъқул; Амирнинг «сайқали замин» Самарқанддаги донғи кетган савдо ўқишларини битириб, ёғли-ёғли жойларда ишлаганию қишлоқда ҳар қанақа шаҳардагидан қолишмайдиган дабдабали иморатлар солиб, амир Олимхондек давр суриб яшаётгани ҳам, шу кунларда айниқса ошиғи олчи туриб, тижорат орқасидан дунё кезиб юргани ҳам — бари-бари ёмон, нопоклик, энг муҳими — тоғага маъқул эмас. Не
гаки…
«Бўлангизнинг зоти паст» дейди тоғамиз. Худога шукр, бўла-бўлаваччаларимиз кўп, аммо ўзидан нари суриб «бўлангиз» деганда тоғамиз фақат Амирни назарда тутади — номини ҳам атамоқни эп билмайди. Бўламизнинг зоти бир тарафи ўзларига тақалиши ҳаммага маълум, лекин бундай пайтда тоғамиз айнан собиқ поччаси — Амирнинг отасини нишонга олади. Бу ота-ўғилдан нозиктаъб тоғамизга нима жабр ўтган — бир худога аён, тўғрироғи, у ёғи мужмал, мунозарали бир гап.
Амир бўламиз — кўнгли очиқ, қўли очиқ, аксарият савдо аҳлига хос киришимли, сал нарсага ён берувчи ҳамиятли йигит. У менга жуда меҳрибон, «бўлажоним»лаб бошига кўтаради. Болаликдан бирга ўсиб, бирор маротаба жанжаллашмаганмиз. Кисқаси, худо берганини биродарлари билан бўлишадиган ҳотамтой, мурувватли инсон. Унинг тоғамизга нисбатан ҳам бирон бир кек-ғаразини сезмаганман, ҳамиша бағрини очиб муомала килади. Тўғри, андак киноя аралаш, андак пичингу истеҳзо билан. Аммо бунга ҳам тоғамизнинг ўзи айбдор.
Сабаби менга қоронғи бу зиддият тоға-жияннинг ўртасида азалдан бор эди, деса булади. Бу, табиатан бир-бирини хуш қўрмаслик — иқи суймасликми ёки арзимас бир нарсадан бошланган болалик аразининг тобора чуқурлашиб адоват чоҳида айланганими, ишқилиб, мен билмайман, билмайман. Бобомизнинг кенжатой-эркатойи хархашаю жанжал эвазига бошқалардан ундирган неки нарсаси бўлса менга илингани илинган эди, «ўгай» жиян — Амирга эса одатдаги ёвқарашдан ўзга ҳеч вақо йўқ. Бундай чоғларда бечора Амир қўзлари ёшовсираб менга илжайиб турарди. Ҳозир ҳам шундай. Бироқ энди у тоғамизнинг бундай айирмачиликларини кўрганда бепарво, шўхчан кўз қисиб қўяди, холос. Болаликдаги цингари кўзи ёшланмайди.
Тоға-жиян ўзаро ёвлашиб-ёқалашиб юраркан, ўртада менга маза! Иккаласи ҳам мен билан соз. Сезишимча, мени бир-биридан қизғанади, бир-бирининг ғийбатини келиб менга қилади. Бирига суюкли бўла, бирига суюкли жиянман. Гоҳида, шулар мен туфайли ёвлашиб юрмаганмикан, деган ўйларга ҳам бораман. Гўё иккаласи алоҳида-алоҳида менинг олдимда ниманидир исботламоқчидек…
Уларнинг менинг тўйимга Тошкентга келиши ҳам кизиқ бир ҳангома бўлган. Манзилдан адашмаслик учун, шаҳарга кираверишда тўй анжомлари ортилган машиналарни бошлаб борадиган бир такси ёллашибди. Инқилоб хиёбонини айланишда йўл бошловчи машина ўтган заҳоти «кизил чироқ» ёниб қолибди. Унинг изидан келаётган «меҳмон» машинани эса милиса тўхтатибди. Одатдаги машмаша: «Нимага қизил чироққа ҳайдадинг?» «Кўрмай қоппиз, кечирасиз». «Қайси бирингни кечирай, правани чўз!» «Ия, олдиндаги таксига индамасдан, бизни — меҳмонни тутасизми, тарафкашлик экан-да?» «У қоидани бузгани йўқ, сиз — буздингиз!» «Ундан орқада қолсак, адашар эдик-да, ака…»
Ахийри, машинада қўр тўкиб ўтирган қудабоши — беқасам чопонли девқомат тоғамиз тушади. Аввал кафтини тўлдириб, шошилмай носини отади. «Қани, ошна, тинчликми?» дейди кейин милиса болага, нақд осмондан келиб. «Бизда-ку тинчлик, — дейди милиса бола,— сизда билмадим». «Ҳа энди, бир келиб эдик шаҳрингизга меҳмон бўлиб…» «Сиздақа меҳмон кўп шаҳримда, — дейди милиса бола баттоллигига бориб. — Ҳар бири сизга ўхшаб қоидани бузаверса, шаҳарда шаҳар қоладими, ака!» «Ўв ука, одамгарчилик деган гапларни эшитганмисан? Мусулмон миллатиданмисан ўзи?» Боланинг шу жойда айбгинаси бор экан чоғи, индалл-сини айтиб қўяқолибди: «Миллатим… милиса, билдингизми?!» «Билдим, билдим, — дебди тоғамиз уни нозик жойидан тутиб, — кўриниб турибди муомалангдан. Пагонинг ҳам бор экан, ҳали топ-тоза. Ке, ука, правани қайтиб бер, яхшилаб бир дуо қилайлик, мана шу пагонингда осмондагидай юлдуз бодраб кетсин илойим, хўпми?» «Бошши қотирманг, ака, лўлиликни бориб қишлоғингизда қиласиз!» «Ҳўв-в, берсан
г — бердинг, бўлмаса, ҳозир Муҳаммад Юсуфнинг олдига бораман!» дейди тоғамиз сўнгти чорасини ишга солиб. (Шоир маччойи саёҳатларидан бирида менга қўшилиб бориб, тоғага меҳмон бўлган, иккаласи роса чиқишиб қолган, тоға уни Тошкентдаги нақд энг довруқли одам деб билар эди — мухлислик дарди ёмон-да!) «Юсуф? Муҳаммад? — дейди йигит милисалигига бориб, беписандлик билан. — Ким у, муллами?» «Шоир, хомкалла, шоир! «Кўнглимда бир ёр»ни ёзган зўр шоир! Шундай шоирни билмайсан-у, катта шаҳарда ғўддайиб юрганингни қара!» Нодонлигидан мулзам бўлган милиса бола аччиқ устида қўлидаги қоғозга тамға босай деганида тоғамиз оғзидаги носини узоққа тупуриб, алам билан пўписа қилади: «Ўв-в, ўғилбола, биз томонларга ҳам борарсаан, қўлгинамга ҳам тушарса-ан бир кун!..» Милиса бола эса умрида Тошкентдан бир қадам нари чиқмаган, чиқиб дунёнинг бир четидаги тоғу тошлар орасида биқиниб ётган аллақандай гадойтопмас гўшага бориб, азза-базза «қўлга тушмоқ» нияти ҳам йўқ.
У зўр ҳафсала билан қўлидаги «ҳайдовчи одамнинг жони»га бигиз ураман деб турганида кейинги машинадан аста Амир бўламиз тушиб келади. Бўламиз савдо ходимларига хос бир эҳтиёткорлик ва мулозамат билан милиса болани четта имлаб, унча-мунча одамнинг тиши ўтмайдиган бир тилда икки оғиз гаплашадию қўл сиқишиб хайрлашув баробари керакли муомалани битиради; ҳайдовчилик гувоҳномасини эсон-омон «қутқариб», уни негадир келтириб тоғамизнинг қўлига тутқазади. Бу ишни атайин қиладими, беихтиёрми, ҳарқалай, аҳмоқ Амир шу ўринда ниҳоятда катта хатоликка йўл қўиганини айтиб ўтмасак бўлмайди.
Улар ўртасида шу тариқа яна бир адоват туғилди. Бу ёқда ҳамма тўй тараддуди билан банд, тоғамиз эса тумшайиб, тунд бўлиб юрди. Кечқурун тўй бошланган қаҳвахонадагина келиннинг сипо, сертавозе тоғаси билан топишиб қолиб, чиройи сал очилгандек бўлди. Икки тоға тўйни эсдан чиқариб, ўзаро шакаргуфторликка шўнғиб кетди. Аммо буни ҳам худо кўп кўрган экан.
Бир маҳал қулоқларни қоматга келтириб даранг-дурунг бошланиб қолмайдими! Гурунг заҳа еганидан ранжиган нозик томон — қуда тоға «Шу, сал пастроқ чалса бўлмасмикан» дея тилак билдирибди. Тўйга масъул томоннинг вакили сифатида жўмард тоғамиз шартта ўрнидан турибди-да, «шовқинчилар»нинг каттасини хурсанд килиб, муддаога эришибди. Буни кўрганми, кўрмаганми, атайми, атай эмасми — хуллас, ўлгур Амир ҳам бориб ҳалиги йўл билан тоғамизга, тескари иш қилиб келибди. Яна қулоқлар батанг! «Ўгай» жиянининг қилмишидан бехабарми, бохабарми, тоғамиз тағин бориб бояги амални қўллабди…
Бу ҳол, бу мусобақа бир неча бор такрорлангач, пулдор рақибига бас келмоғига кўзи етмаганми, умум-кўпчиликнинг раъйи (шулар орасида биз — келин-куёв ҳам бормиз) — шовқинсеварликка қарши бормоқни эп билмаганми, тоғамиз тўйхонага сиғмай, аразлаб туриб уни тарк этибди.
Уйланган биз-у, орада тоға-жиян талай вақт араз-дураз қилиб юрди. Умуман, уларнинг бир-бирига тум-шуқ кўрсатиб юришига баҳона доим тайёр эди.
Мусофирчилик, бобомизнинг жанозасига етиб боролмадим. Маъракаси куни унчалик аҳамият бермаб-ман, кейин қарасам, тағин одатдагидек — тоға бир ёну жиян бир ён. Кечган гапни иккалови икки хил талкин қилиб гапиради.
Бобомизнинг «этти»си куни, эгнида чопон-белбоғ, дарвоза тагида турган тоғамиз нарироқда Амир бўламиз ўзибоп бир-икки жўраси билан ҳадеб ҳиринглашаётганини эшитиб қолибди. Бундай диққат қилса — беҳад ножўя, шаккокона ҳангома. «Саттор, Саттор, — дер эмиш бенамоз Амир узанги-йўлдош жўрасига, — бизнинг бобо билан сенинг моманг ёшлигида дон олишган, деб эшитиб эдим, ҳозир улар жаннатда топишиб, «свидания» килиб юрган бўлса кераг-а, нима дединг?» Ҳиринг-ҳиринг. Куфри ошиб тоғамиз ул шаккок невараларнинг олдига борибди. «Бобонгиз ўлди, жиян, шунга куляпсизми?» «Энди-и, тоға, — дебди Амир баттар тиржайиб, — бобомизнинг тўйи бу». «Тўй бўлса, карнай-сурнай чақиринг. Арзанда қизидан арзанда невараси бўласиз, сиздан лозим».
Амир бўламизни хушламасликка, ўзининг ҳисобича, тоғамизнинг минг бир асоси бор эди.
—    Бўлангизнинг зоти паст, жиян, зоти! — дер эди у ҳар гал жизғанаги чиқиб. — Сиз билмайсиз. Ҳеч ким билмайди. Отаси қасамхўр унинг. Бузуқи. Гапирсангиз тилингиз куяди, эшитсангиз, қулоғим битсин илойим, дейсиз. Айтсам — ишонмайсиз. Ўз кўзим билан кўрганман… Эсиз апам! Ўзингиз биласиз, жиян, раҳматли холангиз неча йил тўшакка михланиб ётди! Хотин бу ёқда ҳиқиллаб ётибди, поччажонимизни бўлса бир кеча Анор беваникидан чиқиб келаётганида кўриб эдим, жия-ан!.. — дея фиғон киларди оркаш тоғамиз. — Буни кўрган кўзларим ўйилиб тушгани йўқ, жия-ан!
—    Ҳў қачонги гап бу, тоға! Холамиз раҳматли, мана, ўзингиз ҳам айтиб турибсиз, неча йил ўриндан қимирламай ётди. Эркак киши, нима қилсин, ахир? А кейин уйланди-ку ўшанга.
—    Майли, майли, қаршилик йўқ. Лекин, марҳумнинг йил-пилини ўтказиб, сўнгра қилинади-да бунақа ишлар. Расми шундай. А бизни чақирсин эди, олдимиздан бир ўтиб маслаҳат солсин эди. Йўқ, йўқ. Ўлсам — кўкайимдан, чирисам — суягимдан кетмайди бу, жия-ан!
Холамиз ўлганда тоғамиз ўн тўрт-ўн беш ёшларда бўлган. Демак, расманасини олганда, поччамиз ўшанда ўлган хотинининг укасини — ўн тўрт-ўн беш яшар тирранча қайнисини азза-базза чақириб, уйланиш хусусида унга маслаҳат солмоғи керак экан… Аттанг. Нодон почча!
Бултур меҳнат таътилида қишлоққа борганимда тоғамиздан чиққан илк луқма шу бўлди: «Эшитгандирсиз, жиян, бўлангиз тус қирнинг бошига қаср қурди!» Бошқалар ҳам фақат шуни такрорларди: «Ҳа, ҳа, эшитдингизми, эшитдингизми?»
Эшитдик, эшитдик. Бориб кўрдик ҳам. Ёзнинг куни шабадасида ўтириб бирпас яйрадик ҳам. Барака топсин бўламиз. Лекин, қургани қаср-паср эмас, баҳаво, кўркам манзарали жойга дид билан солинган анчайин бир шийпон, холос. Тевараги ўраб олиб обод қилинган, пастдан сув ташиб дарахт-парахт кўкартирилган, ҳар ёғида гулу чечак чаман, яшнаб турибди.
Бўламиз бизни илк бор у ерга таклиф қилатуриб, келгуси режалари, яъни тоғда жуда катта, замонавий, керак бўлса, вертолёт ҳам қўнадиган бир дам олиш маскани қуриш нияти борлигини атай кўпиртириб гапирганида ўша даврада мен туфайлигина юрган тоғамиз ҳам бор эди. Таклифга жавобан у киши узун-узун қўлларидан кўкракларида салб ясаб: «Қуллуқ, қуллуқ. Ўзларинг бораверинглар, баҳузур. Биз рози, биз тавба қилдик», дедилар негадир заҳралари учиб. Амир ҳам ортиқ қистаб ўтирмади, унинг писандаю замзамаларига ҳам парво қилмади — эти ўлиб кетган.
Қолган «дарди»ни тоғамиз кейин айтди:
—    Ул дабдабаю ул асъасани кўрдингизми, жиян? Ҳайф, ҳайф. Ҳафтанинг етти куни ана шундай маишат. Бир тўда улфати билан қаёқдаги саёқ ўйинчи қизларни элтиб, базми жамшид қилиб ётади. Бу ишларнинг савол-жавоби бордир ахир бир кун! Кошоналарига «Амиртепа» деб ном қўйиб олганлар. Бир-икки нордонроқ гап билан изза қилмоқчи бўлсам — қаёқда! «Афғонга ўтаётиб амир Олимхон шу жойда тўхтаб нафас ростлаган экан, ўшанинг номига қўйдик-да, тоға», дейди касофат сув юқтирмай. Сенинг ўша амир Олимхондан нима фарқинг бор? Амир Олимхон ҳам шунчалик давр сурмагандир! Мана, кўриб турасиз, жиян, бу корчалон бўлангиз шу кетишда бутун тоғу тошни эгаллаб, юртимизга ўзининг номини қўйиб юборишдан ҳам тоймайди ҳали! Ўз оғзи билан айтиб турибди-ку!
—    Қўяверинг, тоға, — дейман муроса йўлини ахтариб. — Биздан ҳам чиқсин-да! Ҳечқурса, гиламининг бир чети ўзимизники бўлади, зиён қилмас.
Тоғамиз дафъатан қайнаб кетади:
—    Жия-ан! Жия-ан! Тоғангизни билмас экансиз. Шунинг гиламига ўтиргунча, бориб ҳув анови тақрон ерга ўтираман, захга ўтираман, захга!.. — Кейин бирдан, кутилмаганда ҳовуридан тушиб, дард билан, алам билан ўйчан бир овозда пичирлайди: — Жиян, мана, сиз ўқиган, билган олим одамсиз, айтинг-чи, наҳотки, дунё энди шу бўлангизга ўхшаганларнинг қўлига ўтиб
кетса?! Радиосиям, телевизориям кечаю кундуз жаврагани жавраган: пул топ, пул топ, қаердан бўлса ҳам, қанақасига бўлса ҳам пул топ, бой бўл, миллионер бўл! Ҳа, маъқул, бой бўлганга, бадавлат бўлганга нима етсин, ахир! Лекин меҳнат билан, машаққат билан, тер тўкиб топилади-да давлат дегани ҳам! Булар айтаётган ҳийла-найрангдан келадиган бебилискаси куфр эмасми, жиян, ҳаром-ку!
Ёзнинг ўрталарими эди, осмондан тушгандек бўлиб тоғамиз Тошкентга келиб қолди. Тўғри ишхонамга кириб келди. Биз томонда турадиган бир ҳамкасбимизнинг шалақ «Москвич»ида кечқурун уйга келдик. Обу ош, гурунг. Айтишича, тоғамиз атайин биз билан маслаҳат қилгани келибди. Амиртепанинг (бу номга энди ҳамма кўниккан, ҳатто қайсар тоғамиз ҳам!) қоқ тўғрисидаги баланд қирга чиқариб кўшксимон иморат солмоқчи экан, шунга менинг рухсатим керак эмиш. Нега айнан менинг рухсатим? Иморат менинг номимда бўлармиш-да. Амир бўламизнинг шийпонидан ўтса ўтармишки, асло қолишмасмиш!
Бу таклиф менга аллақандай бачкана, ҳавойидек туюлди. Қолаверса, менда на маблағ, на истак-инти-лиш бор.
—    У ёғидан ғам еманг, жиян, бизга қўйиб беринг,— деди тоғамиз тоғаларгагина хос бир жўмардлик билан. — Сиз бир оғиз «хўп» десангиз бас, у ёғига ишингиз бўлмасин. Қишлоққа борган-қолганингизда ёр-жўраларингиз билан чиқиб бирпас бўлсаям ўйнаб-яйраб келасиз. Бу дунё фақат анови корчалонларники эмас-ку!
Мақсад тушунарли: сен зўрми, мен зўр? Таклифга нима дейишимни билмай, ҳазилга бурмоққа мажбур бўлдим:
—    Қургандаям-чи, тоғабой, зўр қилиб қурасиз! Амирники бир қаватли бўлса, бу камида икки ошёнли бўлиши керак!
—    Ана бу бошқа гап, жиян!
Тоғамиз эртаси куни шаҳар айлангани чоғланаркан, кечаги гап шунчаки ҳазил, бошқа бирон зарурроқ иш билан келгандир, деб гумон қилган эдим, кечқурун вокзалдан қўнғироқ бўлди: биз қайтяпмиз, жиян, хайр-хўш.
Қишлоқ янгиликларидан эшитиб турибмиз. Тоғамиз Тошкентдан борибоқ овоза қилиб юборибди: олим жиянимиз бизни роса сийлади! Олим — олим-да, кўчада улоқиб юрган қаллоб тижоратчи эмас-да! Ёр-дўстларини ҳам айтиб, бизни «Волга»сида уйига олиб борди, зиёфат берди, эртаси шаҳар айлантирди. Кейин бир даста юзталикни олдимизга ташлаб, «Тоғабой, — деди, — ўзингиз биласиз, менинг қўлим тегмайди, илмий ишларим кўп, мана шу пулга Бурамақирнинг тепасидан бизга атаб бир жой қилсангиз, анови Амирқулнинг шийпонидан зиёда бўлса бўлсинки, асло кам бўлмасин! Қанча ақча керак бўлса, тортинманг — бор!»
У ёқдан келадиган бунга ўхшаш лоф-қофларга кўникиб қолганман, парво қилмадим. Аммо учқур хабарлар тобора жиддий тус касб эта бошлади. Тоғамиз, айтганида туриб, ростакамига ишга киришиб кетганмиш. Бўзбола-бўзбола уч ўғлини сафарбар этиб, Бурамақирга тошу шағал ташиб ётган эмиш. Тоғамизнинг мактабда меҳнатдан дарс беришини айтган эдим-у, қўли гул дурадгор уста, топиш-тутиши ҳам шунга яраша мўмайгина эканидан хабарингиз йўқдир ҳали. Боз устига, бобомиздан кенжа ботирга қолган мевазор боғдан чиқадиган даромад ҳар қанақа бойваччаникидан кам эмас.
Ишончли манбаларнинг хабар беришича, «иморатим» қарийб битай-битай деб турган эмиш. Қора ишлари аллақачон тугаб, бир-бир ярим ой ичида пардоздан ҳам чиқармиш. Ана ўшанда шахсан ўзим бориб, иморатни тантанали тарзда қабул қилиб олармишман. Қабул маросимига атаб боқилаётган қўй ҳам семирибгина қолганмиш. Амир Олимхон бўл-э!
Айтишларича, бўламизнинг шийпони баҳавороқ жойга қурилган оддий бир бошпана бўлса, «меники» қўш ошёнли чинакам кўшк эмиш! Буни кўрган Амирбойваччанинг ғайирлиги келиб, шийпони ўрнига уч қаватли қаср тикламоқни режалаб юрганмиш. «Айтиб қўйинглар, ўпкасини босиб олсин, — деганмиш шеримард тоғамиз. — Йўқса, бўш келадиган аҳмоқ йўқ, керак бўлса, басма-басига, нарвон қўйиб осмонгача ҳам уй тикламоққа қурбим етади!»
Албатта, бу ажабтовур тоға-жиян ҳақидаги ақл бовар қилмас савдоларни ўқиб, наҳотки, шунақа афандинамо қариндошлар ҳам бўлса, деб куларсиз, таажжубга тушарсиз. Кулманг, таажжубга ҳам ўрин йўқ. У юртнинг одамлари ўзи шунақароқ. Бири тоғам, бири бўлам бўлса, хўш, мен нега унақамасман, уларга ўхшамайман? Чунки мен Амиртепаю (қаранг, энди ҳеч ким ажабланмайди бу номга!) Бурамақирни ошиб ўтиб юрт кўрдим, турфа одам кўрдим, энг кераги — кун чиқишию кун ботишини ўз вақгида кузатдим! Улар эса шу насибдан бебаҳра: умрлари бино бўлиб на кун чиқишини кўрган, на кун ботишини. (Шунда ҳам ҳикмат кўп экан-да, биродарлар.) Бу юртда офтоб кеч чиқиб, эрта ботади — кунчиқари ҳам тоғ, кунботари ҳам тоғ. Ана шу чўнг тоғлар исканжасидаги ватанларини ўлар дунёнинг нақтс марказию ўзларйни худди осмондан оёқ осилтириб тушган — худонинг меҳрига сазовор бандалардек ҳис этишади.
Бу мардумнинг Амиртепаю Бурамақир оша ўзга дунёларга аралашуви — бамисоли жонбозлик, ҳаёт-мамот иши. Унақа одамни ё ватанфуруш санайдилар, ё қаҳрамон қила улуғлайдилар. Шу ҳисобда тоға-жияннинг икки қирнинг тепасига чиқариб бетма-бет иморат қургани шунчаки кимошди ёки «сен зўрми, мен зўр» ўйини эмас, зинҳор-базинҳор ундай эмас…
Тоғамизнинг оёғига тўсин тушиб кетиб, ўсал бўлиб уйда ётганмиш, деган хабарни эшитдиму «Ўҳ, худо урди!» дея бунда ўзимни айбдор санаб, шоша-пиша йўлга чиқдим. Борсам, ҳовлининг ўртасида қанот ёзган баҳайбат гужум тагидаги супада бетоб деганимиз, оёғи тахтакачланган, лўлаболишга ўмган ташланганча, ҳов нарида помидор жўякларига сув тараб юрган ўғлига бақириб-чақириб кўрсатма бериб ётибди: нарёғини тўс, тез бўл, ювиб кетади; ановининг ҳосилини кўтариб қўй, галварс, чириб йўқ бўлади, ахир!..
Мен кутган нарсанинг бутунлай тескариси чиқди. Тоғамизнинг инкиллай-синқиллай хикоя қилишича, гап бошқача бўлган экан.
Амиртепадаги шийпонга ўт тушиб, ёнғин рўй бе-рибди. Эгаси бир ойми-икки ойдан буён тижорат ишлари билан чет элда экан, «ош» жўралари данап-санапларини элтиб бас дегунча базм қуришибди, шунда бадмастлик туфайлими, бебошлик орқасидами, шийпонга ўт кетибди. Хайрият, одам зиён кўрмабди. Эгаси ҳали бехабар, у ҳамон Америками, Туркиясида «Дайдиб» юрганмиш;  —    Наҳс оралаган-да, жиян, наҳс, — дерди тоғамиз. — Ҳаром пулга келгандан кейин шу-да!
Шумхабарни эшитибдию «менинг» иморатимни чала ташлаб, тоғамиз Амиртепага чопибди. Борса — анови тайёрига баковул «ош» жўралардан уруғлиққа ҳам йўқ, ҳаммаси қочиб кетган. Ҳартугул, худо асраб шийпоннинг омон қолган жойлари ҳам бор экан. Тоғамиз дарров ўғилларини бошлаб бориб, вайронани куйиндилардан тозалатибди; «менинг» иморатимдан ортиб қолган ёгочу тўсинларни элтиб, шийпонни тиклаш-таъмирлашга киришибди. Эрта-индин битираман деганда — болалари мактабда экан, яккақўллик қилибди— тўсин тушиб кетиб, тиззасидан пастини… Эгаси келиб қолмасин, деб тиришган-да.
Ҳовлининг бир четидаги ўғлига атаб қурилаётган чала иморатга тикилган кўйи тушунқирамай турганимни кўриб, тоғамиз алам-изтироб билан бўкириб юборди:
—    Бўлмаса, келиб мендан кўради-да, жия-ан!
—    Йўғ-э, тоға, жин урибдими, ахир! Амир бўламиз унчалик эмас.
—    Барибир зоти паст… Майли. Лекин, фалончининг донғи Донғжстонга кетган шийпони ёниб кетибди, деса, кимнинг жияни у, деб сўрайдими мардум — сўрайди! Шу иснодни қандай кўтараман дедим-да, жия-ан! Мана энди, оёқнинг бошига етиб, бу йил анови помидор савил ҳам кечикиб кетди! — шундай деб тоғамиз суғориш ишлари кетаётган пайкалга юзланди-ю, чаён чаққандек бақириб юборди: — Ўв, ўв, мен сенга нима деб эдим, уккағарнинг ули, сувни тўхтат, ахир, томирини ювиб кетади! — Сўнгра, барибир кўнгли тўлмадими, ўзини шартта супадан ташлаб, тахтакач оёғини судраганча, пайкал сари алпонг-талпонг эмаклаб кетди.
Бу бесаранжом жонни энди тўхтатиб бўлмасди. Шу кетишда, агар қўйиб берсангиз, ҳув Бурамақирнинг учида ойналари офтобда ялт-юлт жилоланиб турган томошабоп иморатгаю ундан қайтиб «рақиби»нинг Амиртепадаги касофат шийпонига ҳам эмаклаб бориши мумкин.
Кўриб қўйинг, ана шундай бизнинг тоға!
1994