Эркин Аъзам. Анойининг жайдари олмаси (ҳикоя)

У ҳар йили худди бир пайтда — ердан қор кетиб, тентак шамоллар эса бошлаган кўклам кунларида келарди; шамолларга қўшилиб, шамолдек тўполон билан кириб келарди. Тўсатдан. Елкасида — ҳа, қўлида эмас, елкасида — икки тарафига ҳам «Барнаул» деб ёзилган пачоқ чамадон, чап кўзини қисинқираганча қаршингизда беўхшов тиржайи-иб туради.  Сўнг, чамадонни ҳаракатсиз буюмдек бир четга улоқтиради-да, қулочларини кенг ёзиб, болалигингизни ёдга соладиган, болалигингиздек шўх, болалигингиздек беғам овозда ҳайқиради:
— Чантриморе-э!
Сиз эса — уни кўрганингиз заҳоти ғам босиб, ташвишга чўмасиз: хайр энди, осуда кунларим! У ҳали шундай ғала-ғовурга кўмиб юборадики! Бироқ айни дамда, ҳар иккалангиз учун қадрли, шартли бу ғалати таомилни бузишга ҳаққингиз йўқ.
— Каламакаторе, — дейсиз истар-истамас. — Яна келдингми? Яна ўқишгами?
— Сенгинанинг жонгинангга тегишга! — дейди у ва баттар ғашингизни қўзғамоқчидек, белингиздан маҳкам кўтаради, айлантиради. — Ҳа, жўрамдан-да, журажонимдан-да!
Уйга кирилгач, эгасидек бетайин — қулфланса очилмайдиган, очилса қулфланмайдиган антиқа чамадон минг бир амал-тақал билан очилади. Хона кузаки олмаларнинг ҳидига бурканади. Бир ёғи қирмизи, бир ёғи хол-хол, бандининг туби қизил қумга тўлган олмалар; кўримсиз, жайдари олмалар. Болалигингиз олмалари, болалигингиз ҳидлари. Бошингиз айланиб кетади. Кўп нарса бирдан эсингизга тушади, энтикасиз. Шу тобда уни қучоқлаб олгингиз, «Жўражон!» дегингиз келади. Аммо, нимадир, — бояги ғашликми, ғурурми йўл бермайди, ижирғаниб сўрайсиз:
— Нимага келдинг, Рамазон? Бари бир киролмайсан-ку?!
— Кирсам-чи? — дейди у яна чап кўзини қисинқираганча тиржайиб. — Кирсам-чи?
— Киролмайсан! Худога ҳам, бандасига ҳам аён!
— Майли, жўра, буям бир гап-да. Мана, сен ўқияпсан-ку, бўлади-да менга шу. Қўй-э, манави олмаларга қарасанг-чи! Бунақаси Боғи Эрамда ҳам битмайди! Сўнгра у чамадонини титкилаб, ўн қават дағал қоғозга ўралган алланимани чиқаради: — Мана буни энанг бериб юборди, сузма-чакки. «Чалоб қилиб ичсин, чанқоғи босилади, — деди. — Шаҳарлик қизларди кетидан югуравериб томоққиналари қақраб кетгандир болагинамнинг», деди.
Чамадон, ўша маълум ва машҳур чамадон тағин талай ҳийлаю ҳангома билан ёпилади. Бу чамадонни у ҳарбий хизматдан олиб келган эди. Келиши ҳам қизиқ бўлган. Худди ҳозиргидек тўсатдан пайдо бўлиб қолган. Хизмат қилган жойи — Барнаул ҳақида вайсайвериб кечаси билан уйқу бермаган. Ўша ерда туғилиб, ўша ерда ўсган каби гапирган гапи нуқул — «Бизда Барнаулда унақа, бизда Барнаулда бунақа». Овозига оҳанг бериб, русча сўзлар қўшиб гапирганига нима дейсиз! Энсангиз қотиб жеркиганингиздан кейингина бир тиржайдию яна азалги товуши билан шанғиллаб гапира бошлади. Эрталаб юзингизга кўпик чапиётганингизда, «Э, салага, зелен!» дея устарани қўлингиздан олиб ҳарбийчасига соқол қиришни кўрсатди; сип-силлиқ бўлиб қолган ияк-чакакларингизга чамадонидаги аскарлик атиридан сепиб қўйди.
Ўшанда у — ҳарбий хизматдан қайтаётган одам — уч-тўрт кун бемалол Тошкентда юрган, бир оқшом дабдурустдан «Барнаулга кетаман!» деб туриб олган эди. «Эсинг жойидами, хизматни тугаттан бўлсанг, Барнаулда нима бор сенга?» «Э—э, уйга боргим келмаяпти. Бир хат олган эдим…» Аммо қанақа хатлигини айтмаган, қийин-қистов билан, бўйнидан боғлагандек аранг жўнаган уйига. Энди ҳам ўқиш баҳона ҳар келганида «Бир ёқларга кетсаммикан, жўра?» деб қолади ўз-ўзидан маъюс тортиб. «Ҳа, тағин Барнаулми? — дейсиз энсангиз қотиб. — Худо урсин, миянг хато сенинг, Рамазон!» «Тўғри айтасан, жўра, хато. Нима шундай, ўша ёққа кетгим келаверади-да. Эй-й, сен тушунмайсан!»
… Рамазон чамадони қиррасига ўтириб олиб, «Қулоқ сол», дейди-да, шанғиллаганча гап бошлайди:
— Бойсундан гапирамиз! Тошкентда улоқиб юрган бойсунлик мусофирлар учун бериладиган эшиттиритимизни бошлаймиз! Она шаҳрингиз янгиликлари билан танишинг!
Ашур кал эскилик сарқити сифатида носдан воз кечиб, замонавийликка интилиб сигаретга ўтибди («Кошки фойдаси бўлса, телпакни ташлаб, шляпа кийганида ҳам бари бир ҳаммага маълум: боши ялтироқ кал!»); ўзининг бобоси кўкнорнинг кайфида момоси билан ғижиллашиб, аммасининг чорбоғига кўчиб кетибди («Мени бошқа нарса ўйлантиради. Уккағар бобонинг бир сандиқчаси бор. Бошининг остига қўйиб ётарди доим. Гап кўп-да унда. Олиб кетди! Ўшандан умид катта эди».); Эсонбердиев, ўша ғуддайган «Эсонбердиев-ҳукумат», Бойсун тарихидаги баттол милиса, истеъфога чиққач, Қўрғончадаги нафаси ўткир мулладан бир ой эскича сабоқ олиб, дастор ўраб қайтибди, ҳозир хатми Қуръону чилёсингача усиз ўтмас эмиш («Бир куни худойига кетаётиб бошида салла, қўлида асо, милисахона олдидан ўтганда чест бериб юборибди».)…
Рамазоннинг ҳангамаларини тингларкансиз, Бойсун оралаб юргандек, ажабтовур одамлар тўдасига кириб қолгандек бўласиз.
— Тур энди, кўча айланайлик, — дейди у «янгиликлари»ни айтиб тугатгач.
— Сени би-ир лағмонга тўйдирай, тўрт тийинлик «думба-жигар» сомсадан еявериб ошқозонинг калла-почага тўлиб кетгандир. Менга қара, тўрт тийин-тўрт тийин йиғиб, шу сомсачига бир ҳайкал қўйсаларинг-чи, а? Маслаҳат-да буям. Бешёғочнинг ў-ўртасига! Татиган тузингга товон-да.
Рамазон туриш-турмуши билан шаҳарга ярашмайди, шаҳарга сиғмайди. Унга қўшилиб кўчага чиққани ҳам уяласиз. Юрган йўлида лакалов қилиқлар қилиб, Ҳаммани ўзига қаратиб, шанғиллаганча алланималарни вайсаб кетаверади. Луғати ҳам антиқа: трамвайни «уч тийинлик» дейди, таксини — «пулютар», ресторанни — «регистрон». Худо денг, йўлда суратхона учрамасин — тилла топган тентакдек қичқириб юборади у:
— Ана-а!… Юр, жўражон, бир портретга тушайлик!
— Портретни нима қиласан?
— Эсдаликка-да. Бир кун катта одам бўлиб, бур. нинг кўтарилиб кетса, «Мана, икковимиз жўра эдик» деб ўзингга кўрсатаман.
— Кўрсатсанг нима бўлади?
— Уялиб, бурнинг яна… жойига тушади.
— Гапни қаранг, бурним жойига тушар эмиш! — дейман уни эрмаклаб. — Хўш, қандай турмоқчилар суратда?
Рамазон кўчанинг ўртасида томоша ясаб, завқ билан тушунтира бошлайди:
— Сен ўтирасан, тўғрига қараб. Мен тепангда тик тураман, мана бундай. Ўнг қўлим сенинг елкангда, кўзим чап билагимдаги соатда бўлади. Икки жўра! Қалай, зўр-а?
— Қўйсанг-чи, — дейман, уйларининг тўрига осиғлиқ — отаси қуролдош оғайниси билан худди шундай ҳолатда тушган сурат кўз олдимга келиб. — Бобом замонидан қолган поза-ку бу!
— Бўлмаса, юр, сенинг фозангга тушамиз, жўражон, падрушка қилиб…
Рамазонга ҳаммаёқ — ўзиники, кўрган одами — аммаваччасидек синашта, дарров гап қўшиб, апоқ-чапоқ бўлиб олаверади. Ошхонада навбатга турганида дуч келган кимсага: «Ҳўв жўра, анави жойни банд қилиб, чой-пой тайёрлаб туринг», дейиши ҳеч гап эмас. Муқаррар можарони кутганингизда аҳвол бошқача бўлиб чиқади: ҳалиги киши бир зум Рамазонга бақраяди-ю, алланечук итоаткорлик билан бўш чойнак қидириб кетади. Рамазон ҳам қарздор бўлиб қолмайди: у қилади, бу қилади — ўша заҳоти унинг кўнглини олади. У хўжалик дўконига кириб бошоғриқ дори сўраши ҳам мумкин, хотиржам бўлинг — албатта топиб беришади. У қўпол қилиб сўрайди — унга мулойим жавоб қайтаришади.
Ана шундай бизнинг Рамазон! У бир гал ҳатто Тошнинг ҳам капалагини учирган!
Бешёғочда Тош дегани бўларди, безориларнинг безориси. Ростми, ёлғонми, «Пичоқлашиб, уч марта қамалган, тоғаси каттаконлардан, ўша қутқарган», дейишарди. Ўзи мароқ билан эслармиш: «Ҳи, шундоқ қилган — Ҳазиллашиб қўйганмиз-де». Худо ҳам турқни ўйлаб берган: калла тарвуздек, қорин — тарвузча, барра — корсоннинг ўзи, сергўштликдан кўзлар кўринмайди, тилла тишлар доим томошага иршайиб туради. Каттаю кичик уни «ака» дейишга мажбур, ўзи эса ҳаммани, авжи келса, отаси тенгини ҳам сенсирайверади. Бир тўда «шотири» билан эртаю кеч кинотеатр олдида писта чақиб, ўтган-кетганни тергайди. Бориб етти букилиб кўришмасангиз — кун йўқ. «Ҳи, ўқивоссанларми? — дейди, кўзи бошқа ёқда, кўкимтир ёзувли биққи бармоқларининг учини чўзиб. — Маладес, ўқиларинг. Ўқиб бўлларинг-де, қуённи расмини чизларинг».
Рамазон ана шунинг капалагини учирди. Кинотеатр ёнидан ўтишда мен югургилаб бориб Тошга қўл узатдим. У «Ҳи, ўқивоссанларми?» дедию тўрт-беш қадам нарида турган Рамазонга кўзи тушди.
— Ўвв, келмайсанми мана бундоқ!
— Нима дейсан? — Рамазон, кафтида нос, оёқларини керганча бепарво ғўддайиб турарди. — Гапинг бўлса, ўзинг ке!
Ўлдинг, Рамазон, ҳозир дабдаланг чиқади!
Ажабо, Тош мен билан тезгина хайрлашди-да, унга хавфсираб қарай-қарай зипиллаганча кинотеатрга кириб кетди. (Негадир бу сафар ёнида шериклари йўқ эди.) Тош, каллакесар Тош қўрқди! Умрида чумчуққа озор бермаган нимжонгина Рамазондан қўрқиб қочди! (У кейин бир куни мендан сўради: «Анув оғайнинг жа-а анақа-ку, а, ким эди?» Лоқайдгина жавоб қилдим: «Э, ўзи шундай. Тўрт марта қамалиб чиққан-да. Ўшанда ҳам қамоқдан келаётган эди». Шундан сўнг Тош мен билан юзимга қараб, қуюқ сўрашадиган бўлди.)
Бу ҳақда Рамазонга гапирганимда у ростакамига ажабланди:
— Нимасидан қўрқаман? Бешёғоч энасининг маҳрига тушганми?
Ана шундай бизнинг Рамазон!

Малика иккимизга бошлаб оқ фотиҳа берган ҳам шу — Рамазон. Эндигина танишган, кинотеатрларга қатнаб юрган кезларимиз эди. «Юр, сенинг ҳам маданий савиянг ошсин», деб бир гал Рамазонни театрга эргаштириб бордим. Маданий савияси ошган-ошмаганини билмадим-у, югурди-элди — билет топиб бизни хурсанд қилди, танаффус маҳали шампану музқаймоқ улашиб, Маликанинг кўнглини топди. Аммо бир вақт томдан тараша тушгандек, унга қараб салмоқланганча «Кели-ин, энди-и, бизнинг Бойсунлар ҳам ёмон жой эмас», деб қолса бўладими! Хижолатдан музлаб кетдим. Малика жимгина кулимсираб қўйди. Театрдан кейин уйига кузатаётиб, Рамазоннинг қўполлиги учун узр сўраганимда, у «Дўстларингиз ичида энг яхшиси шу экан», деди.
Бизнинг Рамазон ана шундай!

У ҳар йили ўқишга кирмоқчи бўлиб келади. Келгани билан кошки имтиҳонни ўйласа — каравотим остидаги, бурноғи йил ўзи ташлаб кетган дарсликларни бир-бир қўлига олади-ю, очиб ҳам кўрмай қайтиб жойига улоқтиради.
— Гурунгдан бер-э, жўражон! — дейди шанғиллаб.
— Рамазон, киролмаслигинг аниқ, яхшиси — кет,— дейман жаҳлимни базўр ютиб. — Сен, сенки кирсанг, мен ташлаб кетаман шу ўқишини, худо урсин! Мактабда қандай ўқиганинг дунёга достон-ку!
— Ҳай, ҳай, мен кирмасам кирмайин-у, лекин сен унақа қила кўрма — Тошкент шоирсиз қолади-я! — дейди у қўлларини кўксига қўйган кўйи ясама тазарру билан. Кейин ҳиринглайди: — Алгебрадан «беш» олганим эсингдами?
Эсимда, Рамазон бир гал дарсда одатдагидек «жавоб» берганида, яъни чурқ этиб оғиз очмаганида девонафеълроқ математика муаллимимиз «Ҳайдаров, бугун мен сизга «аъло» баҳо қўяман, шунча йил мактабда ўқиб армон билан кетманг-да», дея унга чиндан ҳам «беш» қўйган эди…
Рамазон тонг саҳарда — ҳали мен ширин тушлар кўриб ётган пайтда туриб, нонуштага Бешёғочдан «думба-жигар» сомса ва қатиқ олиб келади. Сўнг радиони ванг қилиб қўйиб, чангитганча хонани супураркан, хунук, ёқимсиз товуш билан ҳамма қўшиққа бир хилда «жўр бўлади».
Хуш қол энди-и, Зуҳрохоним,
Айро тушди-и бу жо-он сендан…
Нонуштадан кейин мен ўқишга жўнайман, Рамазон кўча айлангани чиқади. Гоҳо шу бўйи уч-тўрт кун кетади. Бир куни дарсдан келсам — мушшайиб қотган нон кавшаб ўтирган бўлади. — Қаёқда эдинг?
— Э, юрибмиз-да.
Сўнг, ўтириб-ўтириб Барнаулга жўнамоқчи бўлади алдаб-сулдаб йўлдан қайтараман.
— Нима қилай бўлмаса, жўражон, айт?
— Уйга жўна.
— Қандай кетаман?
— Қандай кетардинг — билет оласану поездга чиқасан.
— Текин билет керак-да менга.
— Ие, пулинг кўп эди-ку?
— Энди йўқ-да, жўражон, нима қилай? Қейинроқ эшитиб қоламан. Рамазон ҳамшаҳар студентларимиздан бир-иккитасини топиб, бор пулига ўшалар билан ялло қилган, уларга ош берган. Ошини еб бўлгач, мириқиб-мириқиб бу анойи-аҳмоқнинг устидан кулишган. Қўшилишиб ўзи ҳам кулган. Энди эса йўлкирага пулни мендан ундирмоқчи!
«Ўқишга кираман!» дея керилиб келган азамат, имтиҳон тугул, китобнинг ҳам юзини кўрмай, қандай пайдо бўлган бўлса, шундай жўнаб қолади: тўсатдан.
— Акангнинг сафари қариди, жўражон!
— Кетганинг рост бўлсин! Энди келиб овора бўлиб юрма!
— Келаси баҳор кутаверасан!
Ана шундай бизнинг Рамазон!

Худо омадни ҳам ўлчаб, мисқоллаб берар экан. У бир кетса… ҳаммаси кетар экан. Рамазонни қамалган, деб Тошга мақтаганимда фаришталар кафтларини кенг ёзиб, «Омин!» демоққа шайланиб туришган экан: Рамазон қамалди!
Бу сафар ҳам у одатдагидек бир чамадон ва бир тўрхалта олма билан келган эди. Маликага ўзи отган тулки терисини совға қилди — бултурги ваъда. Биз-никида икки кун турдию ўзича бир балоларни валдирай-валдирай, чамадонини кўтариб аллақаёққа ғойиб бўлди. Орадан уч кунми, тўрт кун ўттач, менга милициядан чақирув қоғози келди.
Рамазоннинг жўраси эканим — гўллигим, соддалигим башарамга битилган шекилли,  терговчи — сарғишдан келган, кўккўз киши мени кутилмаган дағдаға билан қарши олди:
— Сизни қамоққа оламиз, оғайни!
Кўз олдим қоронғилашиб кетди. Ишга кирганимга бир йил ҳам тўлгани йўқ, Малика билан тўйимиз ўтган ёзда бўлган, у ҳозир уйда ўтирибди — ўғилми, қизми кутяпмиз. Шундай бир пайтда… Нега? Нима сабабдан?
Терговчи сабабини айтди.
Бундан беш кун олдин Ҳайдаров Рамазон уч чамадон олмаю анор ва икки қути узум билан Новосибирск поездига чиқаётган маҳалда қўлга тушибди («Жўра, бир Барнаулга бориб келай деяпман. Томошага. Хизмат қилган жойларим, соғинибман».) Пастда улар икки киши экан, купеда эса тўсатдан биттаси ғойиб бўлиб қолибди.
Дастлабки терговнинг кўрсатишича, қочган чайқовчи — ишбоши. Ўша мен эмишман!
— Ким айтди, ким? Исботланг! — дея жойимдан туриб кетдим.
— Ким айтарди, шеригингиз — Ҳайдаров!
Лаънати Рамазон! Ўзинг тушган чоҳга мени ҳам тортмоқчи бўлибсан-да? Номард, чайқовчи!
—Чақиринг! Юзлаштиринг! — Шоша-пиша ёнимни кавлаб, хизмат гувоҳномамни терговчининг олдига отдим: — Мана, кўринг!
Терговчи унга анчайин бир кўз ташладию қайтиб қўлимга тутқазди, синовчан тикилиб сўради:
—Оғайнингиз аввал ҳам чайқовчилик билан шуғулланармиди ?
Шунда оғзимдан чиққан гап учун ўзимни ҳеч қачон кечирмасам керак:
— Шуғулланган бўлса бордир, мен қаёқдан билай? У оғайним эмас, шунчаки ҳамқишлоқ, ҳамшаҳармиз.
— Шунақами? У сизни оғайним, яқин оғайним, деди-ку?! Ҳозир олиб келсам, оғайним эмассан, деб юзига айта оласизми?
— Бўпти, сизга рухсат, — деди терговчи чақирув қоғозига имзо чекиб бераркан, совуққина бир оҳанг-да. — Иложи бўлса, уйидагиларга хабар қилиб қўйсангиз — келаси жумада суд. Ҳа, шошманг. У сиз ҳақингизда ҳеч нима дегани йўқ. «Оғайним бўлади, икки кеча уйида ётдим», деди, холос. Кейин терговчига анқайиб қарадим.
Судга икки кун қолганда — куядори ҳиди анқиб турган костюмига урушда олган медалларини тақиб рамазоннинг отаси ва совхозда шофёрлик қиладиган акаси етиб келди.
Ота кўрган одамига нуқул бир гапни такрорлайди:
— Тўйдан қочиб келиб эди. Тоғасининг қизига кўнгли йўқми, тўйдан гап очдингиз — ўқишни баҳона қилиб, Тошкандга жўнайди. Армиядан қайтганидан бери шу аҳвол. У ёқда энаси оғир ётибди, «Улимнинг мавридгинасини кўрмай кетадиган бўлдим-да», деб чирқиллагани-чирқиллаган. Бозор бормоқ тугул оғзидагини эплаб ютолмайдиган боланинг бу ишини қаранг энди!
Тажангроқ аканинг баттар тажанглиги тутади:
— Шунингизни ўзи бошдан эракалатиб юбордингиз-да, ота! Оёғига кишан уриб бўлса ҳам, тўйни бошлаш керак эди. Бу муттаҳамга нима етишмасдики, бизни бундай шарманда қилиб ўтирибди!
Ота туриб-туриб мендан нолий кетди:
— А, жиянжон-а, сиз-ку ўқиган, эслироқ эдингиз, жўрангизни йўлдан қайтармабсиз-да! Нима касофат урдики…
Рамазоннинг суди ҳам ўзига ўхшади — қип-қизил ҳангома! Судя — кўзойнак таққан, ўрта ёшлардаги барваста аёл — йигирма йил шу соҳада ишлаб, бундай антиқа судни ҳам, бунақа ғалати судланувчини ҳам кўрмаган бўлса керак. Бутун суд давомида у ишни ҳарчанд енгиллаштиришга уринмасин (отанинг кўкрагидаги медаллар, онанинг оғир ётгани тўғрисидаги справкаю бошқа ижобий қоғозларнинг хизмати туфайли бўлса керак), айбланувчининг ўзи унга сари баттар чалкаштирар, чигаллаштирар эди. Рамазон ҳозир айбланувчидан кўра кўпроқ қизиқчига, ўзини атай меровликка соладиган тсирк масхарабозига ўхшар-ди. Сочи тап-тақир олинган, эгнида — ётган жойидаги аллакимнинг ола-була, ёқаси очиқ бачкана кўйлаги, Қўлларини орқага қилганча бурчакда алланечук кулгили тарзда қўққайиб турибди. Гўё бу ерда бўлаётган гапларнинг унга сира алоқаси йўқ — тўпланганларни шунчаки кулдириши, мароқлантириши лозим, холос Саволни тушунмагандек кўзларини пирпиратиб, хонадаги йигирма чоғлиқ одамга б
ир-бир қараб чиқандан сўнг шифтга тикилган кўйи шундай бир гапни айтиб юборадики, судя кўзойнагини қўлга олиб бақрайиб қолади: гоҳ елкасини қисади, гоҳ бошини чангаллайди. Бошқалар ҳам шундай. Рамазоннинг ўзи эса менга қараб хижолатомуз илжайиб қўяди. Тергов бераверига жонига текканми ёки бирга ётган тажрибали шерикларининг турли-туман йўл-йўриқлари гангитиб ташлаганми, хуллас, уни қандайдир жин чалгани аниқ эди.
— Айбланувчи Ҳайдаров Рамазон, олдин ҳам шу иш билан шуғулланганмисиз? — деб сўрайди судя.
— Мен, Ҳайдаров Рамазон, 1950 йили Бойсун раёнида туғилиб эдим. Кейин… — дея тутилиб қолади.
— Айбланувчи Ҳайдаров, ҳеч ким сиздан туғилган йилингизни сўраётгани йўқ. Олдин ҳам чайқовчилик қилганмисиз, деяпман?
— Кейин мактабни битириб, Совет Армияси сафида хизмат қилиб эдим. Кейин бўлсам…
— «Кейин, кейин»… — Судянинг энсаси қотди. — Ҳайда-аров! Бу гаплар ҳаммаси мана — ишингизда ёзилган. Сиз бизга айтинг: аввал ҳам қилганмисиз шу ишни?
— Қанақа ишни?
— Уф-ф! Чайқовчилик-да!
— Йў-ўқ… Э, қилганман, қилганман.
— Ия, дастлабки терговда «Чайқовчилик билан шуғулланмаганман», деган экансиз-ку?
— Шуғулланмаганман-да ўзи.
— А, ҳозиргина нима дедингиз?
— Шуғулланмаганман, десам… ишонасизми?
— Уф-ф… Айтинг-чи, шеригингиз ким эди?
— Шеригим, шеригим… билмайман… йўқ эди.
— Шунча юкни бир ўзингиз қандай кўтариб чиқдингиз поездга? Бирор киши ёрдам бергандир?
— Ҳеч ким ёрдам бергани йўқ, ўзимиз… э, ўзим! Нима, чамадон кўтариб юриш қийинми? Ичида тўрт-беш килогина олмаси бор эди, холос.
— Менга қаранг, Ҳайдаров, уч чамадон ва икки қути билан қўлга тушгансиз-ку? Қолганлари кимники эди бўлмаса?
— Демак, улар бошқа шахсга тегишли бўлган. Орган одамлари кузатаётганини сезиб, у сизга ташлаб қочган, шундайми? А, Ҳайдаров?
— Шундай… Э, йўқ-йўқ, меники эди, меники!
— Айбланувчи Ҳайдаров! Эсингизни йиғиб олинг. Ё тоб-побингиз йўқми? Қаерингиз оғрияпти, айтинг, суд мажлисини тўхтатайлик.
— Эби, нимага? Соппа-соғман.
— Бўлмаса айтинг: бунча узуму анорни кўтариб қаёққа кетаётган эдингиз? Нима мақсадда?
— Шундай, айланиб келгани. Барнаул — хизмат қилган жойим. Зўр жой, оғаниларим кўп у ерда.
— Шунча нарсани оғайниларингизга олиб бораёт-ган экансизлар-да?
— Йўғ-э, мен уларга тўрттагина олма олган эдим, бўлди. Қуруқ бормайин деб.
— Узум билан анор-чи? Уларни сотмоқчи бўлгансиз-да?
— Нега сотаман? Ахир у… Биласизми, мен Барнаулга…
— Э, Барнаул, Барнаул!.. Олмани қаердан олдингиз?
—Қаерингиз нимаси? Чорбоғдан-да. Кузда боринг, чорбоғимизга тўлиб ётади, ерга тўкилиб.
—Ўша ёқдан олма кўтариб келиш шартмиди? Совғага экан, Тошкентдан олақолсангиз бўларди-ку?
— Бу ернинг олмаси бўлмайди-да, тахир, дорининг таъми келади. Бизда шундай бир олма бор, Бойсуннинг олмаси, «жайдари олма» деймиз. Бошқа жойларда битмайди унақаси. Ўзи кўримсизроғ-у, лекин шундай ширин, шундай ширин, есангиз…
— Майли, майли, Ҳайдаров, кейин еймиз олмани…
— Зўр олма-да лекин. Бу, ҳозирги олмаларингизнинг бари бузилиб кетган. Ҳар балони пайванд қилавериб айнитиб юборишган-да. Фақат бизларда қолган унақаси. Мен ўзим олмани унча яхши кўрмайман. Есам — кўнглим айнийди.
— Ҳа-а, демак, олма ўзларингизники, уйдан олиб келгансиз?
—Ие, ишонмасангиз, ана — отам ўтирибди, акам ўтирибди, жўраларим — сўранг! Ка-атта олмазоримиз бор! Ё тўрт кило олмага ҳам справка олиб келайми?
— Бўпти, бўпти, ишондик. Демак, сиз уйингиздан тўрт-беш кило олма олиб, ўша ўзингиз айтгандек, ҳеч жойда битмайдиган антиқа олмадан олиб, бирга хизмат қилган оғайниларингизни кўриб келгани Барнаулга жўнагансиз. Биттагина чамадон билан, биттагина! А, қолган нарсалар кимники эди — узум, анор?
— Ука, тушунсангиз-чи, биз сизга ёрдам қилмоқ-чимиз. Яхшилаб ўйлаб, тўғрисини айтинг. Тақдирингиз ҳал бўляпти, ахир!
— Опажон, бир марта кечиринг!
— Мен сизга «опажон» эмасман!
— Ўзингиз «ука» деяпсиз-ку, мен нима дейин сизни? Отингизни билмасам, фамилиянгизни билмасам…
— Отимни билишингиз шарт эмас. Мен сиз учун— гражданин судяман!
— Мен ҳам гражданман.
— Йўқ, сиз энди — айбланувчисиз, айбдорсиз!
— Мен… айбдорман?! Айбдорман, кечиринг…
Судя кўзларини қаттиқ юмиб, бошини чангаллаганча сарак-сарак қилди.
Бу гаплар ҳаммаси тушимда кечаётгандек эди. (Тушда бўлмай, ҳаётда ҳам шунақаси бўладими, ахир!)
Ҳукм ўқилди. Чайқовчиликда айбланган Ҳайдаров Рамазон бир йилга озодликдан маҳрум этилди.
У бўйнини қийшайтирганча мунғайибгина турарди. Ҳукмни эшитиб аста бошини кўтарди, нимадандир хижолат чеккан мисол ғалати илжайди! Илжайди! Гўё қамоққа эмас, бир йиллик томошага, дунё бўйлаб сайру саёҳатга кетяпти!
Суддан кейин худди бир мўъжиза рўй бериб, «Кечирасизлар, ҳазиллашган эдик, Рамазонжон кеча туғилган чақалоқдек бегуноҳ экан», дея озод қилиб юборадиган каби, ҳовлидаги тут тагида тўдаланиб турган эдик, тасодифан Тошга кўзим тушди. У қандайдир милиция лейтенанти билан юрган экан.
— Ҳи, бундоқ? — деди олдимдан ўтаётиб.
— Яна ўша!.. — дедим маъноли қилиб.
— Ўша-я! — У кўрсаткич бармоғи билан кекирдагини «кесиб», «Нима, одам ўлдирганми?» демоқчи бўлди.
— Шунга яқин, — дедим бу гал камтарлик билан: кайфиятим бузуқ эди.
Тош «Зўр экан, тан бердим» деган каби бошини дикиллатиб, лейтенантнинг кетидан зипиллади. «Рамазондан қолишмаслик учун тўртинчи марта «ҳазиллашиб» қўйганми, ким билсин…»
Бир пайт қандайдир шанғиллаган овоз қулоғимга чалинди:
— Э-эй, шеърингни ўқидим — газета берар экан!
Овоз келган тарафга қарасам — Рамазон! Қўллари орқада, икки соқчининг ўртасида ёпиқ машина тамон кетяпти, кўзлари чақнайди: «Э-эй, шеърингни ўқидим….»
«Ўл-а,— дедим ичимда,— шундай пайтда менинг шеъримга бало борми, ўзингни ўйласанг-чи! — лекин худбинлик устун келди: — Ўқибди-я, ўша ерда ўқибди-я!»
Рамазоннинг ортидан қараб қоларканман, негадир унинг севимли қўшиғи эсимга тушди: «Хуш қол эн-ди-и, Зуҳрохоним…»
— Жўранг қип-қизил ғалча экан, — деди судга бирга борган ёзувчи дўстим қайтишда. — Ўзини ўзи қаматди. — Чеховнинг «Ёвуз ниятли киши» ҳикоясидаги Дениснинг ўзгинаси-я! Ўқиганда шунақа одамлар борлигига ишонмаган эдим…
Кечқурун уйда Рамазоннинг отаси билан акасини хўб кутдим, мендан домангир бўлишганми ёки бу кўргиликдан гангиб Бойсунга жўнаворишганми — келишмади.
Рамазоннинг қамалганига беш ой бўлди. Беш ойдирки, юрсам ҳам, турсам ҳам — ичимда бир тугун, қаттиқ, озорли тугун. Жоним чиқади, Рамазонни сўкаман, сўкаман-у, ажабо, кўргим келади уни, кўргим! Унинг олдида ўзимни айбдор сезаман. Тўғри, у кўп ғашимга теккан, мени кўп ғалваларга қолдирган; балки муттаҳамдир, чайқовчидир, лекин бари бир — жўрам! Жўрам ётибди. Қамоқда. Қанақа жой экан у?
Беш ой давомида ундан учта хат келди. Аммо… учаласи ҳам биттагина сўздан иборат: «Чантриморе!» Вассалом.
«Чантриморе» — Каламакаторе… Шоди гаранг… Болалигимиз эртаги, завқи, қувончи. Мактабимизнинг ёнида яшарди. Қачон қараманг, илжайиб туради. Башарасига бақрайиб сўксангиз ҳам илжаярди — эшитмасди, қулоғи оғир эди. Қишин-ёзин мудом бўйин-бошини малла қийиқ билан танғиб, қулоқчин бостириб юрарди. Оқшомлари эшиги оғзидаги супачада, гўё ҳеч ким эшитолмайдиган бир куйни тинглаётгандек, кўзлари чала юмуқ, мудраб-чайқалиб ўтирарди. Аҳён-аҳёнда ўткинчилардан бирортасига қараб «Чантримо-ре!» деб ҳайқирар, «Чантриморе!» десангиз, «Каламакаторе!» деб жавоб қайтарар эди. Ҳовлиси муюлишдаги пастлаб кетган торкўчанинг адоғида эди. Қиш кунлари ер музлаганда биз унга сув сепиб, кўча оғзида Шоди гарангнинг ишдан қайтишини пойлардик. У бамайлихотир юриб келиб, худди кар эмас, кўрдек, ойна мисол ялтираб ётган сирпанчиққа оёқ қўяр ва ана шу заҳоти бор бўйи кўтарилиб тушар, бошидаги қулоқчин отилиб кетиб, ўзи сирғалганча дарвозаси тагига бориб қолар эди. Биз
эса торкўчани қийқириққа кўмиб юборардик: «Чантриморе! Каламакаторе! Чантриморе! Каламакаторе!…» Шоди гаранг алпонг-талпонг жойидан туриб, қулоқчинига қараб чопарди. Сўнг кўзларини олайтириб, бизга пўписа қила-қила ҳовлиси томон юрар, ҳаял ўтмай, чопони барини олмага тўлдириб чиқар ва уни қорнинг устига қубба шаклида териб қўйиб, ўзи уйига кириб кетар эди. Биз битта-битта сирпана бориб, олмаларни қўйин-қўнжимизга жойлаб, «Чантриморе! Чантриморе!» дея сурон солганча кўча бошига қайтардик. Шоди гаранг эса дарвозасидан бошини чиқариб ҳайқириб қоларди: «Каламакаторе! Каламакаторе!..»
Доим шундай бўларди. Биз доим торкўчага сув сепиб қўяр, Шоди гаранг доим кўра-била ўша ердан юриб учиб тушар, кейин туриб бизга пўписа қилар, лекин доим олма билан сийлар эди. Доим! Унинг фарзанди йўқ эди. Хотини бор, ҳовли-жойи бор, каттакон олмазор боғи бор — фарзанди йўқ эди.

Бир куни кимдир мени телефонга чақириб, «Туш пастга!» деб дўқ қилди. «Кимсан ўзинг?» дедим жаҳлим чиқиб. Ногаҳон мен сира кутмаган шанғи овоз янгради: «Чантриморе!» Юрагим гупиллаб кетди. Қаердан? Қандай қилиб? Наҳотки?..
Тушсам — ишхонамиз олдидаги хиёбонда биров ишшайиб турибди. Юзи шишинқираган, кўзлари ич-ичига чўккан, кўйлак-шими ғижим бир кимса, Рамазон.
— Ҳа?! — дедим ҳовлиқиб, таҳлика билан.
— Келдим.
— Қандай? Ҳали, ҳали … вақт бор-ку?
— Қочдим-да, жўражон, сени кўргим келди. — У қулочларини кенг ёзиб яқинлаша бошлади.
— Қочдинг?! — Мен, тўғриси, алланечук иргандимми, тисарилдим ва ғазаб билан бақирдим: — Йўқол, кўзимга кўринма! Мени тинч қўй!
— Панжарадан келган одамниям жўраси шундай кутиб оладими?
Уни қайта суд қилиб, очиққа — мажбурий хизматга чиқаришибди. Муддати битгунча шаҳар яқинидаги ғишт заводида ишлармиш.
— Оқлашди, жўражон, оқлашди, — дея тинмай қирларди у. — Айбим йўқ эди-да ўзи.
— Нега айбинг бўлмас экан? Чайқовчи! Бизда бегуноҳ одамни қамамайди. Унақа қонун йўқ,
— Мана, мени қамади-ку? Э, у ердаги одамларнинг гапини эшитиб турсанг, биронтасиниям тирноқча айби йўқ. Лекин — бор, бор! Мана, ўзимни олайлик, айбим йўқ эди — бор чиқди. Шундай гап-да. — Рамазон кафтини тўлдириб нос отди. У қандайдир ўзгариб — жиддийлашибди, чала файласуфга ўхшаб қолган эди: илгари ҳеч бундай гапирмасди. Носини туфургач, енгил тортгандек қўл силтаб, давом этди: — Майли, бу гаплар ҳозир бефойда, барибир ишонмайсан. Кейин бир кун ҳаммасини айтиб бераман. Лекин, бояги гапинг тўғри: айби бўлмаса қамамайди. Айб, айб, деймиз-у, кимда йўқ у, жўражон? Мана шу савлат тўкиб юрганларнинг ҳаммаси ҳам оппоқми? Сўнг у туйқусдан эски ашуласини эслаб қолди:
— Юр, жўражон, икковимиз бир портретга тушайлик!
— Шу афт, шу ангор биланми? — дедим кулиб. — Бошқа пайт, бошқа пайт.
Рамазон ўша куни меникида тунаб, эртаси ишига кетди. Иши оғир — тандирдан чўғдек қизиб чиққан ғиштларни олиб тахлар экан: ҳориб-чуйкаб, кафтлари қавариб, ойда бир марта, шунда ҳам йўлкира сўраб келарди. Ҳордиқ куни шаҳарга тушиб, эски одати — бор-будини аллакимларга улашиб, кетишда мендан пул сўраб келарди.
Ўша — ўзимизнинг Рамазон!

Олти ойдан кейин унинг жазо муддати битди. Битган куни у кечки поездга билет олиб, ишхонамга келди.
— Ҳамма жўрангни чақир!
— Ҳа, яна бирор ҳунаринг қолганмиди?
— Би-ир, регистронда ўтирайлик! Кетар жафосига!
Ишдан эртароқ чиқиб, тўрт-бешт улфат «Зарафшон» ресторанига бордик. Рамазон ҳамма нарсани тахт қилиб, узун столнинг тўрида тиржайиб ўтирган экан.
— Бор жўранг шуми? Э, бечора! Зиқналигингга борибсан-да. Қўрқма, кармон катта, атаб қўйганини берди!
Ўша кеч ресторанда роса яйрадик. Рамазоннинг ўзи айниқса байрам қилди. Музика бошланиши ҳамоно ўртага тушиб, ҳолдан тойгунча ўйнади. Ўйини ҳам ўзига ўхшаган эди: гоҳ тиззаларига шапатилай-шапатилай давра бўйлаб кавказчасига йўрғалаб кетади, гоҳ қўлларини икки ёнга силжитганча кифтларини қимирлатиб., «Ҳа-а, ҳу-у!» дея қийқиради, ҳайқиради, сакрайди, ирғишлайди: гоҳ жилмаяди, гоҳ ҳазилга қовоғини уюб олади: дуч келган қизни рақсга тортади, ажабки, у ҳам нозланиб ўтирмай пешвоз чиқиб бораверади: қизга қараб кулади, йиғлайди, пўписа қилади, ёлворади: энди мағрур, пурвиқор, кейин яна тушкун, ғамгусор, яна изҳор, илтижо… Чапак, олқишлар…
Бутун ресторан аҳли томошабин, барчанинг кўзи Рамазонда. Бутун у байрам қиларди, тантана қиларди: кечаги ғаму ғуборларини унутган, яна аслига қайтган, ўша эски — беғам, беғубор Рамазонга айланган эди.
Ресторандан чиққач, шерикларимга жавоб бериб, Рамазонни кузатгани у билан вокзалга бордим. Поезд ҳали келмаган экан, сув ичиш баҳона тағин ресторанга кирдик. Кайфи анча ошиб қолган Рамазон ана шунда дардини ёрди.
— Бари бир ишонмайсан-да, жўражон, — дея гап бошлади у. — Лекин илтимос: бу сафар ишон!
Рамазон ўшанда ростдан ҳам Барнаулга жўнаган экан. Поездни кутиб ўтириб, мана шу ерда, ресторанда бир киши билан танишиб қолади. Бирга овқатланишади. Кейин Рамазон унинг юкларини — ўша машъум чамадон ва қутиларни вагонга жойлашга кўмаклашади. Поезд жўнай-жўнай деб турганда купега икки одам кириб келади. Уларнинг шарпасини олдинроқ сезган ҳалиги киши таҳлика аралаш йиғлаб-ёлвориб Рамазонга ёпишади: «Жон ука, юклар меники денг, ярми меники, денг. Чиқиб кетсак, фойдани тенг бўламиз. Мени билишади, қўлга тушсам… Сиз ёшсиз, кечиришади», алай-балай. Рамазон — гўл, тай-тув Рамазон лаққа ишонади, ҳеч балони ўйламасдан рози бўлади. Ҳушини йиғиб, қараса — атрофини мидиционерлар ўраб турибди. «Ҳа, меники, меники,— дейди саросимага қолиб,— ҳаммаси меники». Ёнига қараса — ҳалиги киши йўқ, ерга киргандек зим-ғойиб.
—Ана, айтдим-ку, ишонмадинг, бари бир ишонмайсан, — деди Рамазон ҳафсаласи пир бўлгандек, қандайдир мунг билан. — Ҳеч ким ишонмайди.
—Шу гапларни нега судда айтмадинг? — дедим ҳайратим ошиб.
— Айтиб эдим, терговда минг марта такрорладим. Терговчи эшитгиси ҳам келмади. «Сенларнинг ҳамманг шунақа тулкисан!» деди. Нима қилсин — шунча нарса билан қўлга тушганингдан кейин елкангга қоқиб, қўйиб юборсинми? Кимнидир қамаши керак-ку, уларнинг ҳам плани бордир. Ўзи терговиям, камерасиям жонга теккан эди, жўра, э, чўзилиб ётадими, худонинг буюргани-да, дедим!
— Аҳмоқ, тентак! Бир муттаҳамнинг найрангига учи-иб… Одам ҳам шундай анойи бўладими? Мен ўла-қолсам ишонмасдим.
— Мен ишондим-да, жўражон, нима қилай? «Еттита болам бор, — деди, — еттови ҳам қиз, — деди. — Учтаси бўй етган, узатишим керак, ўзим заводда оддий қоровулман, жигарим касал», деди. Аҳволини кўрган киши, агар инсон бўлса, ишонарди, мен ҳам ишонибман-да, жўражон!
— Мана — ишончингга мукофот!.. Сен ҳам қочгин эди, «Билмайман, меники эмас», деб туриб олгин эди, каллаварам!
— Бундай қилсам, уни тутар эди-да? Сўз берган эдим, номардлик бўларди…
— Ие! — дедим фиғоним чиқиб. — Ҳа, тутсин эди, қамасин эди — қилмишига яраша!!! Вой аҳмоғ-эй, сўз берган эмиш! Балки қизларининг ташвишини қилгандирсан, эрсиз қолади шўрликлар деб?! Эҳтимол, ўша уччига чиққан чайқовчидир, қаллобдир! Улар шунақа бўлади. Баъзан ҳатто уйдаги хотинини ҳам ўртага қўйиб…
—Унисини сенлар биласан, гапга бойсанлар. Кап-катта одам, кўзига ёш олиб гапирганда ишонмай бўладими? Сочлари ҳам оқ эди… Майли, жўра, энди пушаймоннинг фойдаси йўқ — бўлгани бўлди, бўёғи сўнди. Дунёни панжарадан ҳам бир кўриб қўйдим-да, зиён қилмас…
Рамазон чаккасини кафтига босган кўйи дераза оша перронга тикилиб ўтирарди. Ўйчан, беозор, ҳокисоргина… «Уни хушламаслик, ёқтирмаслик мумкин, лекин ёмон кўриб бўлмайди», деб ўйладим ичимда.
У бир пайт кўзини қисинқираганча нима деб қолди денг:
— Ҳозир Новосибирск поезди келади, ҳайё-ҳуйт деб Барнаулга жўнаворсам-чи?
— Ўлгинг келган бўлса шундай қил, милисага тутиб бермаган ҳам номард! — дедим аччиқланиб. Лака-лов қилиқлари, гап-сўзлари яна бирпасда кўнглимга урган эди. — Рамазон, бошни қотирма, қаёққа кетсанг кет, жўра! Илтимос, энди бу ёқларга қадам боса кўрма!
Рамазон кетди. Поезд ўрнидан қўзғалганда перрон бўйлаб бир ҳайқириқ янгради: «Чантриморе-э!» «Каламакаторе» бўғзимда қолди — айтолмадим. Поезд энди тўхтамайди, уни на мен, на Рамазон тўхтата олади: Рамазон эса кетди, жўнаб кетди, энди келмайди!
У кетгач — шаҳар, ғала-ғовур шаҳар бирдан зери-карли, файзсиз кўринди кўзимга.
Шундай қилиб Рамазон кетди, бошқа келмади. Борган йили уйланди, барибир ўша қизга — тоғасининг қизига уйланди. (Онаси ҳам тузалиб қолган бўлса керак.) Кейинги йили ўзига иморат қурди. Ҳозир тўй қилмоқ тараддудида юрганмиш…
Бултур кузакда Бойсунга борганимда бозор айланиб юрсак, ёнимдаги ҳамроҳим:
— Ана, ошнангизни қаранг! — деб қолди.
Рамазон! Олдида бир чойқути, бозорни бошига кўтариб, енг шимарганча олма сотяпти. Кўнглимда шубҳа уйғонди: «Ўшандаги гап тасодиф эмас шекилли, асли қонида бор экан-да бунинг». Лекин нима ҳам дердингиз — тирикчилик, бировнинг рўзғорини биров тебратмайди.
— Барнаулда олма камчил эмиш, Барнаулга олиб бориш керак эди! — дедим яқинлашиб, киноя билан.
— Э, э, жўражон! — дея юзи ёришганча ўрнидан туриб кетди у. — Ўзим ҳам Барнаулни кўзлаб турувдим, сендай маслаҳатчига зор бўлиб. Нима қилай, жўра, ер билан битта тўкилиб ётибди. Молга берай десам, кўнгил бўлмайди, увол. Ундан кўра… — Рамазон танлаб-танлаб, ҳамроҳим билан менга иккитадан олма тутқазди. — Еб кўринглар, бунақаси Боғи Эрамда ҳам
йўқ.
Бирпас олдида чақчақлашиб турдик. У ҳай-ҳуйлаб ўтган-кетганни чақирар, идиши бўлса идишини, бўлмаса — қўйни-қўнжини олмага тўлатиб жўнатар эди.
— Пулини нега олмаяпсан?
— Э, отамга қавм бўлади, ноқулай.
— Буниси-чи?
— Э, эна жамоатимиздан қариндош…
— Олманг кўп бўлса, давлатга топширвормайсанми бундай қилиб ўтиргунча?
— Қарзим борми? Арзон олади!
— Ахир, ҳаммага текин улашяпсан-ку?
— Э, бири хеш, бири табор.
— Сенга бегонаси бормикан Бойсунда?
— Бор, — деди Рамазон тиржайиб. — Мана — сен! Мусофир, сотқин, шаҳарлик!
У кечқурун бир тўрхалта сара олма кўтариб уйимизга келди.
—Яхшими, ёмонми, шоир номинг бор, кўчада олма кўтариб юрсанг обрўйинг бузилади, дедим…
«Обрўйинг бузилади», «тўкилади эмас, «бузилади»! Рамазоннинг гапи, Рамазонгина шундай дейиши мумкин!
Ана сизга — Ра-ма-зо-он!

Рамазон, жўра, жўражон, мана — қўлимдан келганича сени нақл қилдим. Мен бу нарсани сен учун, сенга бағишлаб ёздим. Баъзи ўринларда ошириброқ юборган бўлсам, кўнглингга олмассан. Бу иш қурғур ўзи шунақа, шундай қилмаса бўлмайди.
Мендан аҳвол сўрасанг — турмушим эскича, бир маромда. Чатоғи шундаки, би-ир маромда! Нолиётганим йўқ, ҳамма нарсам етарли, жойида. Лекин ҳаётимга нимадир етишмайди, нимадир — йирикроқ ташвиш деймизми, тўполон деймизми ёки бир мўъжизами… Қилаётган ишларимдан кўнглим тўлмайди, ҳаммаси кўзимга майда, арзимасдек туюлади. Ишга бориб кутасан ўша нарсани, уйга келиб кутасан — беҳуда. Гоҳо бошингни деворга ургинг келади — шояд бирор янгилик рўй берса!..
Бу нолиш, шикоят эмас, Рамазон — ҳасрат, дўстнинг дўстга ҳасрати!
Кеча кечаси бировнинг йўталидан уйғониб кетдим. Қаттиқ йўталарди, бетон деворга қозиқ қоққандек бўғиқ йўтал. «Қизимми?!» Уйқу қочди. Хотинимни уйғотиб, «Туриб қарасанг-чи!» дедим. Нариги хонага чиқиб, қизимдан хабар олган хотиним «Э, қўшнининг боласи-ку!» деди. Ўша заҳоти хотиржамгина уйқута кетибман.
Нега бундай, Рамазон?
Ўтган ҳафта тунга яқин уйимга телефон бўлди. Бойсундан. Бир ҳамшаҳаримизнинг тоғаси вафот этибди, эрталаб чиқаришмоқчи, иложи бўлса, шу гапни жиянига етказишим керак экан. «Бемаҳалда сизни безовта қилдик-да, оғажон, овора бўласиз-да», деб қайта-қайта узр сўрашди, «Илоё бир ўғлингиз ўнта бўлсин, барака топинг», дея роса алқашди. Ишдан қаттиқ чарчаб келган эдим, ўзимча мулоҳаза юритдим: «Жиянининг уйи шаҳарнинг бир четида! Эрталаб чиқаришаркан, бугун бориб айтдим нимаю саҳарда ишхонасига телефон қилиб қўйдим нима — бари бир жанозага етиб боролмайди». Етиб боролмаслиги аниқ эди, лекин…
Ана шундай, менинг уйимда телефон бор! Мен ишдан чарчаб келаман! Нега бундай, Рамазон? Ўрнимда сен бўлганингда нима қилардинг?
Судингда қатнашган ёзувчи дўстим яқинда «Ўзини ўзи қаматган афандироқ бир ошнанг бор эди, қаерда ҳозир, нима иш қиляпти?» дея сени сўраб қолди.
Афандимидинг, Рамазон? Ҳозир ҳам шундаймисан? Биламан, шундайсан, сен ўзгармайсан. Аммо мен нега ўзгардим? Нега бундай бўлиб қолдим? Нега ўшандаги зорланишларингга кулиб қарадим, сен билан «бир портрет»га тушмадим? Тушганимда, бугун уни хонамнинг тўрига осиб қўярдим — баъзи нарсаларни эслатиб, баъзи нарсалардан огоҳлантириб турарди. Мен айтган «поза»лардан, сен айтган «фоза»лардан…
Бир ҳафталик бетайин, бемаъно куйди-пишдилар оқибати — шанба кунлари тургим келмай, тўшакда узоқ чўзилиб ётаман, гангиб, карахт ётавераман, кутиб — ниманидир, кимнидир… Мана, ҳозир сен кириб келасан. Тўсатдан. Ташвиш билан, тўполон билан. Олма олиб келасан, жайдари олма. «Чантриморе-э!» дейсан қулочингни кенг ёзиб. «Каламакаторе!» дейман мен.
Бу нима дегани, Рамазон? Қайси тилдан бу ғалати сўзлар, маъноси нима? Мен билмайман, сен ҳам билмайсан. Шоди гарангдан сўрайлик десак, у энди йўқ — узоқ йили ўлган. Мияси айниб ўлган. Қулоқнинг заҳмидан. Урушнинг касри.
Ундан тирноқ — фарзанд қолмади, мол-дунё қолмади — «Чантриморе» қолди, «Каламакаторе» қолди, бизга: сенга, менга…
Нима дегани бу?
Ўйлашимча, буни энди фақат икки киши — иккаламизгина тушунадиганга ўхшаймиз: сену мен.
1981

Ҳикоянинг аудиоверсиясини сақлаб олинг.