Навбатдаги асарим нашр этилди. Сокинлик тилсимли, сукунат сирларини оламга ёювчи бўронлар эса ундан қудратли. Менинг асарларим – бўронлар.
Ижодкор танишларимиздан бири янги китобим билан табриклади. У яхши инсон ва ўртамиёна шоир. Шеърларига нисбатан суҳбатлари ҳаяжонлироқ. Устига-устак бутун вужуди билан рўзғор кишиси. Унинг нафис шеърлар ёзишига мана шу хислати монелик қилади.
У билан учрашиб, суҳбатлашдик. Одатдагидек тингладим. Аммо ҳамдард бўлолмадим. Мен учун ҳар қандай танишувлар, учрашувлар, суҳбатлар ёзилажак асарларим учун “материал”гина бўлиб қолади.
Ўша учрашувимиздан сўнг уни қайта кўрмадим. Чунки орамизда бўлиб ўтган суҳбатни тегишли жойларга етказишни адабиёт олдидаги бурчим, деб ҳисобладим. Адабиёт эса ҳеч нарса йўқотмади. Эҳтимол, унинг нимагадир қурбон этилганлиги йиллар ўтиб қаҳрамонлик деб баҳоланар, балки бу унинг учун катта мукофот ҳам бўлар. Бироқ адабиётда унинг унутилиши ҳозирги ўлимидан-да ачинарлироқ эмасми?
Ўзи билан сўзи бир ёзувчи дўстим бор. Учрашиб қолсак, гуноҳкордек юрагим безовталанади. У истеъдодли ёзувчи, гўё боғида бирор бегона ўт ўсмайдиган боғбон. Ёзганлари ёруғ асарлар, менинг романларим каби шуҳрат қозонганича йўқ. Китобхонлар – ўзларини бағишлаб яшашни хуш кўрувчи, ниманидир ахтараётган кишилар. Уларни олий ҳақиқатлар эмас, номаълум бахт, жавоби йўқ саволлар, орзу қилинган хаёлий қаҳрамонлар қизиқтиради. Китобхонлар нимани хоҳласа, шуларни ёзаяпман ва уларнинг олқишларига сазовор бўлаяпман.
Афсуски, дўстимнинг шуҳрат топишга иштиёқи йўқ. У ижоддан-да муҳим ва зарур ҳақиқатни биладигандек ҳамиша хотиржам яшайди. Унинг бу кўнгил тўқлиги юрагимга ғулғула солади. Суҳбатларимиз ҳам доим мунозарали. Дўстим:
– Ёзувчи эътиқоди асар моҳиятини белгилайди, – дейди.
Мен эса:
– Ёзувчи учун адабиётнинг ўзи иймон-эътиқод бўлиши ҳам мумкин, – дейман.
– Адабиёт, жумладан, ҳар қандай илм ҳаётдаги мавжуд ҳақиқатларни тасдиқлайди, холос, ўз ҳолича яратувчи бўлолмайди.
– Қалбни баркамолликка элтувчи, фаровон яшашни ўргатувчи китобларга нима дейсиз? Адабиёт – абадий ва у идеал қаҳрамонларни яратади, ёзувчиларга умрбоқийлик бағишлайди.
– Сўзларингизни адабиётга бўлган фидойилик деб тушуниш мумкиндир, эҳтимол. Аммо унинг абадийлигига ишонолмайман. Сиз назарда тутган фаровон ҳаёт эса бизни ҳаётни англаш имконидан маҳрум қилиши ҳам мумкин.
– Шунингдек, йўқчиликда ҳам инсонлар яхшироқ, фаровонроқ яшашга интилиб, умрини бой бериши мумкин. Бундай кишиларда ҳатто “Ҳаёт нима учун берилган?” деган саволни ўз-ўзига бериш фурсати бўлмайди. Чунки “Қандай қилсам, яхшироқ яшайман?” деган ўй уларнинг ҳаёт мазмунига айланган.
– Аслини олганда, фаровон ва ночор ҳаёт муҳим эмас. Уларнинг мезони битта – қаноат билан белгиланади.
– Лекин адабиётда қаноат тушунчаси бўлиши мумкин эмас. У юксалиши керак, тамом-вассалом.
Дўстим ижод ҳақиқатни англаш учун бир восита, деб ҳисоблайди. Мен ҳақиқат ҳам, ҳаёт ҳам адабиётнинг ўзи, деб биламан.
Дўстимнинг янги романи нашрдан чиқиб, ўқувчилар орасида кенг тарқалди. Ўқиб чиқиб, кўнглим ғашланди. Асарнинг “ғоявий бузуқлиги, шубҳа уйғотувчи” эканлиги ҳақидаги фикримни атрофимдагиларга, танқидчиларга уқтира бошладим. Кейин кўпгина воқеалар ўз-ўзидан рўй берди – бу роман ҳақида ёзувчига хавфли айбномалар қўяётган мақолалар босилиб чиқа бошлади. Бу талотўпни бошлаб қўйиб, ўзим томошабинга айланиб қолдим. Охирги дақиқаларда нимадир чора кўришим зарур эди. Ва шундай қилдим ҳам. Мақолам чоп этилгач, дўстимнинг қамоққа олинишини кутган эдим. Бундай бўлмади. Дўстим тилдан қолди.
Ижодкор дўстларимизнинг кўпидан айрилдик. Ҳа, ботир ботир эмас, жон сақлаган ботир.
* * *
Рафиқам уйдан кетиб қолди.
У: “Оғайнингизнинг оқланишида ёрдам беришингиз мумкин эди. Нима учун судга бормадингиз?” – деб сўради. Унга бундай ниятим умуман бўлмаганлигини айтмоқчи бўлдим. Бироқ бунинг ўрнига у тушуниши мумкин бўлган ягона ҳолатни рўкач қилгим келди: “Ўша пайтда фалон асаримни ёзаётгандим, судга боришни унутибман. Ўзинг биласан-ку, ёзаётганимда ҳамма нарсани унутаман”, – деб қўяқолдим. У биринчи марта бундан ҳайратлангандек кўзларини катта-катта очиб қаради. Кейин кўзини олиб қочди. Назаримда, ёлғон гапирганим учун уялиб кетди. Ҳа, бундан бошқа вазиятларда ҳам уни алдасам, сўзларимга ишонмаётганини сезиб қолмаслигим учун кўзларини олиб қочарди.
Кейин бир сўз демасдан нарсаларини йиғиштира бошлади. Бир куни келиб ажрашиб кетишимизни ич-ичимдан ҳис қилиб яшардим. Лекин бирон сўз демасдан ташлаб кетиши алам қиларкан. Чидолмадим. “Бугун қаттиқ асабийлашганга ўхшайсан, дамингни ол, эртага кетарсан?” – дедим. Унинг эса менга қайрилиб қарагиси ҳам йўқ эди. Назаримда, гапирганим сайин ожизлигимни фош қилиб қўяётгандек эдим. Шунда эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетдим. Кетса кетаверсин.
Аслида унинг ёнимдалиги кўпроқ азоб беради. Унинг ҳар бир сўзи, қарашлари, ҳаракатларида менга нисбатан муҳаббат зоҳир эди. Асарларимни биринчи бўлиб ва айрича меҳр билан ўқирди. Уйга кеч келсам, ухламай кутар, кўзларидаги ҳадик ва хавотирни мендан яширар, саволларга кўмиб ташламас, гўёки қачон кириб келган бўлсам-да, шу келганимнинг ўзиёқ унга етарлидек тутарди ўзини. Дастлаб бу ҳолат виждонимни қийнади, кейинчалик нафратимни қўзитадиган бўлди. У гўёки мени парваришлаш, севиш ва ардоқлаш учун юборилган бир фаришта эди-ю, мен унинг қалбидан озиқланиб, изтиробларига сиёҳ ботириб асарлар ёзаётган, ёзаётиб жазавага тушаётган иблис эдим. Оҳ, бу ажойиб фикр! Бу ҳақида шоҳ асар ёзаман!!!
Навбатдаги шуҳрат қозонган романимдан сўнг юзлаб мактуб олдим. Уларнинг аксарида: “Китобингизни ўқиб қаттиқ таъсирланганимдан кўз ёш тўкдим”, деб ёзилганди. Мен эса, яқинларимнинг муҳаббати ва ҳаёти асарим учун бор-йўғи “хомашё” бўлиб хизмат қилганига ўзимга ачиниб кетдим.
* * *
Сизга ҳаётимда кечган баъзи воқеаларни рўй-рост ҳикоя қилиб бердим. Туйғуларимни кам сўзладим. Чунки бу воқеалар қалбимда рўй бергани йўқ, ҳаммасини ақл билан қилдим, адабиётни дедим. Қалбимга қулоқ солмадим, у мени хароб қилади, деб билдим. Ҳиссиётларимга ишонмадим, улар ўзгарувчан, ўтади-кетади, дедим. Ақлимга кўра яшадим. Ақл барҳаёт, деб ўйладим. Айниқса, адабиётнинг абадийлиги қизиқтирарди мени. Ёзиш – ҳақиқий ҳаёт эди. Аслида эса туйғуларим билан ақлга етиб келишим ва шундай ёзишим керак экан.
Осойишталик ҳукм сурди. Асарларим – бўронлар унутила бошлади. Ҳозир ақлим етгани шуки, ёш авлодни қўллаб-қувватлашим, қўлимдан келганича яхшиликлар қилишим, бошини силашим керак. Шунда яна бир авлод яхши ном билан эслаб юриши мумкин.
Асарларим қанчалик узоқ яшайди? Билмайман. Аммо ёзишим шарт.
“Ёшлик” журналининг 2011-йил, 6-сонидан олинди.