Кўчадан жарчининг жанозага чақирган товуши келди. Марҳум ким — эшитолмадим, чақириқ тракторнинг бўғиқ овози билан қоришиб кетганди. Шуниси ҳам маъқул, марҳумнинг кимлигини билсам уч-тўрт кун беҳузур, кўнглим бузилиб юраман. Тўғри, бугун бўлмаса эртага эшитаман, лекин инсон қайғудан бир дақиқа бўлсин йироқ бўлишни истайди.
Деразамдан Боботоғ кўриниб туради. Кайфиятим бўлмаганда шу тоққа термиламан. Дардим аригандай бўлади, ўзимни енгил ҳис қила бошлайман. Чўққиларини қоплаган қор руҳиятимни тетиклаштиради. Шунда мен ҳамма нарсани унутаман ва қояларда ўтмишнинг абадий манзараларини кўраман. Бундай мўъжизани на денгиздан, на бийдай чўлдан топасиз. Назаримда, фақат тоғ шундай қудратли таъсирга эгадай туюлади.
Ҳозир тоғнинг бошида тўп-тўп булут осилиб турибди. Бизда шундай: бир зумда осмоннинг ранги бўзариб, шариллаб ёмғир қуйиб беради. Бундай маҳал қу±ш қуюқ булут ортига беркиниб олади. Қора булутлар челаклаб қуя бошлайди. Аммо ҳаво тезда очилиб кетади.
Шамол турмасдан деразамни ±пдим-да, хонамнинг у бурчидан бу бурчига бориб келавердим. Ташқарида эса, момақалдироқ гулдирайди. Чақиннинг ўткир нурлари деразадан кириб, тўртбурчак шаклда тўшалган кўрпачаларга қадар санчилади.
Бугун ±мғир тингунча ташқарига чиқмадим, кўрпачага чўзилиб, дераза ортидаги қора булутнинг чок-чокидан сўкилишини жим томоша қилиб, буни ўзимча инсон умрига муқояса қилиб кўрдим.
Ётсам ухлагунимча хаёллар дунёсига ғарқ бўламан. Айниқса, бугунгидай бировнинг қазо қилганини эшитсам ўз ±ғимга ўзим қовриламан. Нимага бундай — тушунмайман. Бошим лўқиллаб оғрийди. Дардни бартараф қилайин, деб ўрнимдан тураман, бировларга дилимни ±ргим келади. Ичмасам, чекмасам, кечалаб дайдиб юрмасам, қаердан орттирдим экан бу дардни? Билмадим, бунга тайинли жавоб тополмаяпман. Ҳозир ҳалиги марҳумнинг кимлигини ўйлаяпман. Бу шум хабарнинг менга алоқаси йўқ. Лекин иродамдан ташқаридаги аллақандай куч кўнглимга соя солади, ғамга ботаман.
Шу орада қуёш порлаб, осмон ювилган шишадай ярақлаб очилди. Ҳовлига чиққанимда ёмғирдан кейинги хушбўй ҳид димоғимга урилди. Ёқимли ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олдим, тепадаги қалдирғочларнинг ҳавони кесиб ўйноқлаб уча±тганини томоша қилдим. Қушларнинг парвозига маҳлиё бўлиб, Лоқай чолнинг келганини пайқамай қолибман. Унинг чеҳраси ташвишли эди. Мунгли овоз билан: “Бу қандай кўргулик бўлди. Қорасоч кампир ўзини сувга ташлабди… асрга чиқараркан. Юр, борайлик”, деди. Бамайлихотирлигимни кўриб, мендан бироз нафратланди чамамда. “Менда нима айб, буни мен қилганим йўқ-ку”, дедим ичимда. Мендан тайинли жавоб олмагач, чол иркит лой устидан юриб кетди.
Уйга қайтиб кирдим. “Кечагина соппа-соғ юрувди-ку! Охири ниятига етибди-да. Тавба, одам ўзини ўзи… Шусиз ҳам одамни дунёга боғлаб қўйгани йўқ-ку!”. Кейин кампирнинг тириклар сафидан чиққани ҳақида ўйладим. “Агар у ростданам ўзини сувга ташлаган бўлса… демак, шундай бўлиши керак эди”, деган фикрга бордим. Бу фикр миямга ўз-ўзидан келмади, сабаби бор эди…
Бу воқеага йигирма йилча бўлди. Пахта терими пайти ҳамма далада. Қорасоч момонинг тўрт ёшли ўғли бор эди. Ўзиям қирқ ёшида фарзанд кўрди. Тиловмурод — Худодан тилаб олгани, уни ҳеч кимга ишонмасди. Далага чиқсаям, кўчага чиқсаям ўзи билан олиб юрарди. Бир сафар раис бува: “Манаву тирмизагингни иккинчи бу ерда кўрмайин”, деб ўшқириб берди. Сўнг бригадир ҳам қаттиқ гапирди:
— Анаву шийпондагилар нима иш қилади? — деди у, — шуларнинг қўлига топшир!
Бироқ кампирнинг қулоғига гап кирмади, боласини етаклаб келаверди. Ҳатто “Менинг болам билан ишларинг бўлмасин”, деб бошлиқларга ачитқи гап қилди.
Бола ёнимиздаги дарё қирғоғига бориб, сувга тош отар, тарам-тарам доира ҳосил бўлганда “Эна, қаранг, қаранг”, деб қичқирарди. Кампир қўлидан етаклаб олиб келса, яна кетиб қолаверарди. Тоқати-тоқ бўлгач, “Сувдан узоқроқ бўл, тағин тушиб кетма”, дейдиган бўлди.
Тиловмурод дарёга нон ташлаганда балиқларнинг ғуж бўлганини кўриб завқланиб қичқирарди. Бора-бора бу унинг севимли ўйинига айланди. Далага боргандан дарёга энар, бутун бошли нонни балиқларга тўғраб берарди. Эрмак одатга кирди. Она ҳам, атрофдагилар ҳам хавотирланмай қўйди. Шундай кунларнинг бирида болани балиқлар аврадими, уларни тутаман, деб дарёга тушди-ю чўкиб кетди. Анчадан кейин Қорасоч кампир эгатдан чиқиб, “Тилов-у-у”, деб чақирди. Ўғлидан садо бўлмади. Қўлини оғзига қўйиб яна қичқирди, яна жавоб келмади. Этакни улоқтириб, дарё томон чопди. Лекин бола йўқ эди. Шунда йигирма чоғли аёллар чуввос солиб йиғлади. Онаизор бошини тошга уриб ёрди. Одамларнинг қўлидан юлқиниб, “Энди бу дунёда яшолмайман, боламнинг изидан кетаман”, деб ўзини сувга отди. Уни дарёдан чиқариб, “Кўп ўртанманг, болангизни топамиз”, деб далда беришди. Бу гаплар онага таъсир қилмади.
Оқмозорликлар болани бир ой қидиришди. Бешинчи ҳафтада унинг нобуд бўлганини тан олишди.
Кампир ёлғиз қолди. Бошда у дарёнинг бўйига тез-тез бориб турарди. Кейинчалик шу ердан нари кетмай қолди. Ёздаям, қишдаям сувга термилиб ўтираверарди. Одамлар бунга кўникди, оқибатда ҳеч кимнинг у билан иши бўлмай қолди.
— Энди-энди мени тинч қўядиган бўлишди, — дерди у. — Бўлмаса уйдан бир қадам чиқсам ёш болалар ҳам қўлини бигиз қилиб кўрсатади, яна дар±га кетаяпти, деб. Бу менга оғир ботади. Мен ёш бола эмасман. Улар буни билмайди.
Қиш куни, қор учқунлаётганди. Уни доимгидай дарё лабида кўрдим. Мункайиб сувга тош отар ва гапириб қўярди. “Болажоним, қорнинг очдими, — дерди сувга қараб, — сенга нон опкелувдим. Ҳозир бераман, айланай”. Бурилаётиб мени кўрди-да, сесканди, чийиллаб:
— Туф-э, туф, — деди ичига туфлаб, — шобирингни бериб келсанг бўмайдими? Ўтакам ёрилай деди-я. — Пича тургач: “Бу ёқда нима қиляпсан ўзи,” деди.
— Молларни жилдириб келаятувдим. Сизни кўриб тўхтадим. Кетдик, рўмолингиз намиқиб қопди, — дедим.
У қўлини силтади. Кейин худди аразлаган боладай терс бурилиб олди. Шойига нон тугиб келган экан. Ноннинг охирги бўлагини олди-да, дарёга отди. Бир тўда балиқлар сузиб келиб, ейишга тушди. Кампир эса: “Вой болажоним-э, қорнинг очдими? Энанг ўргилсин, ол, е, болам. Еявер”, деб дарёга тикиларди.
Мен ҳеч нарсага тушунолмасдим. Чинданам ўғли кўринаяптимикин, деб олдинга энкайдим, бироқ балиқлардан бўлак ҳеч нимани кўрмадим.
Кампир тинмасдан гапирарди. Гаплари ипга тизилган маржон доналаридай бир хил эди. Ниҳоят балиқлар тарқалиб кетди, кампир жаврашдан тўхтади. Шунда мен кампирнинг кўзларида умид учқунларининг изини кўрдим. “Ҳеч ким кўринмади-ку, шунча гапни кимга айтдингиз?”, дедим. Аввалига у бироз ўйланди. Сўнг шундай деди:
— Балиқларни боламга ўхшатаман. Улар менга юпанч. Мен балиқлар билан овунаман.
Кампирнинг кўзида ±ш ҳалқаланди. Юринг энди, қор ҳам тезлади, дедим. Кейин қишлоққа йўл олдик. Унинг унсиз ҳиқиллаши кўнглимни ҳуфтон қилди. Кечгача сиқилдим. Шундан кейин кампирнинг ёнига бормай қўйдим.
Мана, балиқлар кампирни ҳам олиб кетибди. Бўлди, энди бу ҳақда ўйламайман.