Дилфуза Собирова. Муҳаббат чорраҳасида (ҳикоя)

Ботир Лайлонинг турмушга чиқаётганини эшитган кундан буён ҳаёт кўзига қоронғу. Хонасидан чиқмайди. Бугун Лайлонинг ўртоғи, продюсери Сабина қўнғироқ қилиб, кечқурун хизмат борлигини айтганда ҳам ўрнидан турмади.
— Тўй бор, нозик одам…
— Боролмайман, тобим йўқ, — деди тундлик билан Ботир.
— Нималар деяпсан? Аппаратларни ким ўрнатади. Тўй эгаси фақат жонли ижро бўлсин деган! Лайло бир ўзи эплолмайди-ку!
— Билмадим… — Лайлонинг исми унга сеҳрдек таъсир қиларди. — Боролмасам керак… — деди бироз юмшаб.
Кўп ўтмай эшик жиринглади. Ким биландир сўрашган онасининг овози эшитилди: — Ботир, Сабина келди…
Ботир уф тортганча бошини кўрпага ўради.
— Худди қирқ йиллик касалга ўхшаб ётишини қаранглар буни, — деди Сабина Ботирнинг хонасига кира солиб. Ўрнидан туриб ўтирган Ботирнинг ростдан ҳам ранги рўйи бир аҳволдалигини кўргач эса аҳвол жиддийлигини тушунди.
— Лайло турмушга чиқаётганини эшитганидан буён аҳвол шу… — шивирлади онаизор ўғлига ачиниб.
Сабинанинг ҳам юраги ачишди. Улар Лайло ва Ботир билан битта мусиқа мактабида ўқишган. Мактабни тугатиб, битта жамоа бўлиб ижод қилишяпти. Лайлонинг дадаси тадбиркор бўлгани, пули ва таниш-билишлари кўплиги учун унга қўшиқ ёзиш муаммо бўлмасди. Сабинанинг овози яхшироқ бўлгани билан унинг қўшиқ ёзиш студияларига тўлашга пули йўқ. Ботирнинг ҳам отаси қурувчи, катта оиланинг учинчи фарзанди.
Лекин мактаб даврида кўнгилларга қўнган муҳаббат икки оила ўртасидаги бу фарқни назарига илмасди. Беғубор муҳаббатга ўсмирларча соддалик билан ишонган Ботир Лайлони бошқага турмушга чиқишини хаёлига ҳам келтира олмасди. Ўқиш тугаб бирга ишлай бошлашгач эса бу ишонч янада ошганди. Чунки у ҳам энди оддий одам эмас, кимсан қўшиқчи Лайлонинг маъмури!
Икки ёшнинг муносабатларини дўстона деб ўйлагани сабаб бирга юришларига қаршилик қилмаган (қизи тадбирлардан ёлғиз қайтгандан кўра Ботир олиб келиб қўйгани тинчроқ деб ўйларди) Лайлонинг дадаси бир куни қизи ва хотинини ёнига олиб бадавлат бир тадбиркор билан қуда бўлиш нияти борлигини айтганда Лайлонинг устидан совуқ сув қуйилгандек бўлди.
Нима қилишни билмай боши қотган Лайло дардини Сабинага айтди.
 Бугун Сабинанинг Ботирнинг тоби йўқлигини эшитиши билан уникига югуриб келишига сабуб ҳам шу эди.
— Тўғрисини айт, кимдан эшитдинг? — сўради Сабина Ботирнинг онаси чиқиб кетгач.
— Нима фарқи бор? — оғир хўрсинди Ботир. У қаттиқ куйинганидан кўз ости қорайиб, ранги сўлиб қолганди. Дўстининг эзилаётганини кўрган Сабинанинг кўзига ёш келди. Унинг Ботирга меҳри бўлакча, бу оққўнгил, дилкаш йигитни чорасиз ҳолда кўриш унинг учун ҳам оғир эди.
— Бундай ўтиравермай, муҳаббатинг учун курашсанг бўлмайдими? — деди у нима дейишни билмай.
Ботир синиқ жилмайди:
— Ким билан курашаман? Лайлонинг дадаси биланми? Нимам билан қарши тураман? Қашшоқлигим биланми?
Сабинанинг тили тутилди. Ҳаётнинг ноҳақликларига илк бора дуч келаётган, бундай вазиятларда қандай йўл тутиш кераклигини билмайдиган ёш ва тажрибасиз қалблар тўғён қилишдан бошқасига ярамасди. Аламдан Сабинанинг кўзи ёшга тўлди. У шарт ўрнидан туриб хонадан чиқиб кетди.

***

— Ботирнинг аҳволини бир кўрсанг эди… — деди Сабина Лайлонинг юрагини баттар ўртаб.
У айрилиққа чидолмайди. Неча йилдан буён сенга кўнгил қўйганини, ишонганини биласан-ку. Оиласи бой эмаслигини ҳам билардинг, нима қилардинг бола бечорага умид бериб?..
— Шундай бўлишини қаёқдан билибман? Дадам… дадам опамга ҳам худди шундай қилгандилар. Севганига бермай, мана, бахтсиз қилдилар… Энди навбат менга келди.
— Бечора Ботир…
Лайло хонада асабий айлана бошлади.
— Нега? Нега мен ҳам опамнинг тақдирини такрорлашим керак? Ростдан ҳам Ботир менинг бошқага турмушга чиққанимни кўтара олмайди. Бечора… — у ёқдан бу ёққа юравериб чарчади шекилли ўзини креслога ташлади.
— Менга қара, истасанг, мен онанг билан гаплашиб кўраман… — хаёлига келган фикрдан қувониб сўради Сабина.
— Фойдаси бўлади деб ўйлайсанми? — Лайлонинг кўнглида ҳам умид пайдо бўлди.
— Балки…
Сабина дугонаси билан гапни бир жойга қўйиб унинг онаси билан гаплашгани чиқиб кетди.
— Вой, жинни бўлдингми, Сабина? — худди Ботир Лайлони ҳозироқ олиб чиқиб кетадигандек сапчиб тушди Зуҳра опа. — дадаси эшитса, нақ ўлдиради-я!
— Нега ахир, Зуҳра опа? Ботир туппа-тузук йигит бўлса, Лайлони яхши кўрса…
— Э-э, яхши кўриш ёшликда қолиб кетади. Қўй, бу гапни бир айтдинг иккинчи айтма. Ахир ўзинг бир ўйлаб кўр, биз у қурувчининг оиласи билан қандай қуда бўлишимиз мумкин? Тавба қилдим-ей, йўқ! Дадаси кимга деса ўшанга тегади, тамом!
Тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтган Сабинани кўриб Лайло нима бўлганини тушунди.
— Менга қара, бечора Ботирга СМС ёзиб қўйгин ҳеч бўлмаса, ҳар нима кўнгли кўтарилади.
Лайло дугонасининг айтганини қилди.
 Таниш рақамлардан хабар келганини кўрган Ботирнинг томоғига нимадир тиқилгандек бўлди.
Қуруққина ёзилган хатни оқлаш учун мингта баҳона ўйлаб топди: “Кўнглини буткул очишга тортинган. Ёзди-ку! Демак севаркан!”
“… ота-онанг қарорига қарши боролмайсан биламан, мен учун асосийси сен бахтли бўлсанг бўлди. Муҳаббат чорраҳасида йўлларимиз кесишмади… Энди бахтлилигингни эшитиб, ўлишга ҳам розиман, чунки сенсиз менга бахт йўқ ”. Узундан узун мактубини шундай деб якунларкан, муҳаббатидан айрилаётганини сезиб музга айланган юраги эриб, кўз ёшлари юзини ювди.
Ботирдан келган жавоб хатини ўқиётиб Лайлодан олдин Сабина йиғлаб юборди. У Ботирнинг бахтсизлигига сира тоқат қила олмаётганди.
 Кечқурун Лайло билан дадаси ўртасида жиддий ва кескин суҳбат бўлди.
— Икки қулоғинггга ҳам қуйиб ол, мен улар билан қуда бўлмайман! Бундай шармандаликни кўтар олмайман!
Дадаси Ботирни камситганига мардона чидаган Лайло ҳар бир сўзни тишидан суғуриб олгандек шивирлади:
— Иккинчи қизингиз ҳам бахтсиз бўлишини-чи, буни кўтара оласизми?
Лайлонинг дадаси ўқ егандек титраб кетди, ранги оқарди. Лайло унинг оғриқли жойига урганди.
— Шунақами? — деди дадаси унга қаттиқ тикилиб. Ҳеч кимдан кам қилмай ўстирган, ўқитган, ижод қилиши учун барча шароитларни яратган эрка қизидан бу қадар андишасизликни кутмаганди. — Унда… Унда ўша ялангоёқ билан қандай яшасанг, яша. Мендан орзу-ҳавасинг учун ҳеч нарса сўрама.
— Менга ҳеч нарса керак эмас!
Онаси йиғлади, дадаси эса ранжиди лекин Лайло фикридан қайтмади. Аксинча таниш-билишларининг олдида обрўси янада ошганидан кўнгли тоғдек кўтарилди. Чунки у муҳаббатини ҳамма нарсадан устун қўйиб, ота-онасининг қаршилигига қарамай оддий оиладан бўлган йигитга турмушга чиқаётгани ҳамманинг оғзида дув-дув гап бўлганди.
 Ботирнинг назарида эса Лайло эртакдаги мард, ҳимматли маликага айланди.
Тўйдан олдин зир югуриб, ҳовли-жойни таъмирлади, ота-онасию, опа-сингилларининг қулоғига Лайло билан қандай муомила қилиш лозимлигини қуйди.
Ёшлар тўлқинланиб кутган тўй куни ҳам келди. Ботирнинг дўстлари ҳам қараб туришмади, гўзал келинни обрўсига мос кутиб олишга ҳаракат қилишди. Куёвжўралар қўлидан келгунча ёрдам бергиси, тўй учун ҳаммадан кўпроқ ҳисса қўшгиси, келиннинг назарига тушгиси келарди. Машиналарнинг энг зўри танланди, тўйхонанинг энг яхшиси банд қилинди, шаҳарнинг энг машҳур сайлгоҳларига сайр қилинди… Ҳамма икки ёшга биргаликда бахтли бўлишни тилади. Тўй маҳаллада дув-дув гап бўлди. Лекин тўйга Лайлонинг дадаси келмади.
Сабина ҳам бу тўйда келин-куёвдан кам қувонмади. Айниқса, Ботирнинг севинганини кўриб, кўнгли хотиржам тортди. Дўстини бахтли кўриш ҳаммасидан ёқимли эди.
“Барибир Ботир менга уйланмасди, шундай экан унинг бахтли бўлиши учун қўлимдан келганини қилдим”. Сабина кўнглининг туб-тубидан акс-садо бергандек янграган бу фикрдан сесканиб кетди…
 Лайло янги оиласига тез мослашди, кўзига қараб турадиган қайнонаси, қўлини совуқ сувга урдирмайдиган чаққон қайнсингиллари, бошига кўтариб юришга тайёр турмуш ўртоғини яхши кўрар, севган машғулоти билан шуғулланишига ҳеч ким тўсқинлик қилмасди.
Ботир ҳам ўз муҳаббатига етишганидан, орзулари саробга айланмаганидан миннатдор.
 Бирор ҳафталар ўтгач, бу ҳовлидаги шароит ўз уйидагидан кескин фарқ қилиши Лайлога сезила бошланди. Икки ҳафталардан кейин эса Туркиядан янги моллар олиб келган дугонаси чақирганда бора олмагани алам қилди.
 Бир ой ўтгач, холасининг қизи турмушга чиқаётганини айтиб тўйхат ташлаб кетди. Сўнгги урфда кийинган холасининг қизи, чорпоядаги ранги униққанроқ кўрпачага ижирғаниб ўтиргани ва атрофга ҳайрат билан тикилганини кўриб ич-ичидан эзилди. Тўй қайнотасининг туғилган куни билан бир кунга тўғри келгани Лайлони тўхтатиб қололмади.
— Холамнинг қизини тўйига бормасам бўлмайди, туғилган кунни менсиз ўтказа қолинглар, — деди у Ботирга эркаланиб.
Ботир йўқ дея олармиди. Туғилган кун Лайлосиз ҳам ўтдию, лекин Ботир ота-онасининг айбдорона тикилиб турган нигоҳларига қарай олмади.
Ўша куни Лайло тўйдан кеч қайтди. Бироз кайфи ҳам бор эди.
— Шунақа зўр тўй бўлдики… таърифига тил ожиз. Тўйхонага келин-куёвнинг бўйи баробар торт олиб келишди, салютлар отилди, куёв ҳамманинг олдида бриллиант кўзли узукни клинга тақиб қўйди… — Лайло хонани гир айланиб тўйни мақтар, унга сари Ботир ўтирган ерида ерга кириб бораётгандек бўларди. Кутилмаганда Лайло ҳўнграб йиғлаб юборди:
— Қандай бахтли келин-куёв…
 Ухлаб қолган хотинининг бошида хаёл суриб ўтирган Ботирнинг кўнглини турли нохуш хаёллар тимдаларди. “У бошқача ҳаётга ўрганган. Мен билан бахтсиз…”
Эрталаб офтоб ёйилиб бўлгач уйғонган Лайло туни билан ухламай, тонгга яқин креслода ухлаб қолган эрига ва чоғроққина хонасига кўз югуртириб, юраги увишди. “Мен бошқача ҳаётга ўрганганман…”.

 ***

Лайло, Ботир, Сабина олдингидек бир жамоа бўлиб ишлашар лекин муносабатлар илгаригидек эмасди. Ботир камсуқум, асабий, Лайло эса иззатталаб, сал гапга йиғлайдиган бўлиб қолган. Икки дўстининг бахтини кўраман деб ўйлаган Сабина эса уларнинг муносабатларидан ҳайрон. Оиладаги етишмовчиликлар, рўзғордаги камхаржлик кундан кунга Лайлони ғашига тегиб борар, Ботирни эса баттар эзилишига сабаб бўларди.
Бир куни тўйга хизматга боришганда арзимаган гап сабаб Ботирни жеркиб ташлаган Лайло югурганча саҳнага чиқиб кетди. Хотинининг одамлар олдида қилган муомиласидан кўнгли оғриган Ботир кўчага шошилди. Бироздан кейин ортидан чиққан Сабина Ботир осмонга қараганча сигарет тутатиб турганини кўрди. Кўзидаги ёшлар юзига оқмаслиги учун бошини баланд кўтариб турганини тушунган Сабина Ботирнинг елкасига қўлини қўйди.
— Нега бахтсизман, Сабин? — осмондан кўз узмай сўради Ботир. — Унга уйлансам бахтли бўламан деб ўйлагандим-ку.
— Билмадим… Иккалангизни ҳам тушуна олмаяпман. Илтимос, уни тушунишга ҳаракат қилгин, оғирроқ бўлгин. Секин-аста ўрганиб кетади…
Ботир маъқул дегандек бош силтади.
Иккала дўстига ҳам чин дилдан ачинган Сабина кўнглида яна акс-садо берган ўша овоздан сесканиб кетди: “Баъзиларнинг тақдири муҳаббат дардида куйиш. Бошқача бўлса бахтли бўла олишмайди. Улар-ку нима исташаётганини ўзлари ҳам тушунмади, сен-чи? Уларнинг ҳаётига аралашишдан мақсадинг нима?”.
Сабина хавотирланиб ялт этиб Ботирга қаради. Ботир унинг кўнглидан ўтган гапларни эшитмади…