Дадахон Нурий. Америкалик «дарвеш»нинг орзуси

Бўстонлиқдаги Ёзувчилар дала-боғида ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида ўтказиладиган адибларнинг анъанавий шахмат баҳона «Дийдорлашув гурунги»га Озод ака асос солганди. Навбатдаги тадбир «даврабоши»нинг аҳволи анча оғирлашган кунларга тўғри келган, бироқ домла кўпчилик ижодкорлар илҳақ бўлиб қолмасин, дея элдан бурун Бўстонлиққа етиб келди. Ҳатто ўзини бардам кўрсатиш учунми, ҳол-аҳвол сўраганларга:
— Амал ёмон бўларкан. Йилда бир марта қўлга тегадиган сизларни бошқариш имтиёзидан ажралиб қолмай деб дўхтирларнинг «ҳай-ҳайи»га ҳам қарамай келавердим, — дея ҳазил-мутойиба қилиб қўйди.
Ўша куни оқшомгача давом этган қизғин адабий гурунг, дилкаш суҳбатлар, шахмат мусобақаларига Озод аканинг ўзи бош-қош бўлиб, қарийб икки юз ижодкор жамул-жам бўлган анжуманга файз киритди.
— Яхши бўлди! Вилоятлардан ҳам ижодкорларни чақириб зап иш қилган эканмиз. Кўплари билан мириқиб гурунглашиб олдим. Энди уларни кўраманми-йўқми, — деб қолди устоз Тошкент томон қайтарканмиз.
— Нега ундай дейсиз. Ҳали бу хил дийдорлашувларнинг кўпини ўтказиб берасиз — дедим.
—    Одил бу сафарги гурунгимизга қатнашолмади-а?
— Қаттиқ бетоб эканлар, — дедим.
— Эртага бир кўриб қўйишимиз керак… Роналд-чи, Роналд? У «дареш»ни учратолмадингми?!
— Икки марта уйига бордим. Эшиги қулф. «Таклифнома»ни «почта» Қутисига ташлаб келгандим.
Бўстонлиқ «сафари» таъсир қилдими, устоз кечаси билан анча безовта бўлиб чиқди. Бунинг учун, албатта, даволовчи шифокордан «дакки» эшитдилар. Аммо одатдагидек бўш келганлари йўқ:
— Э, ука. Машойихлар кўлмак сувга ўхшаб ялпайиб ётавермай, иложи борича ҳаракатда бўл дейишган. Анаву, америкалик Роналд ҳам шуни қайтаргани-қайтарган…
Ўша куни кечга томон ёстиқдан бош кўтаролмай ётган Одил акани кўриб қайтар эканмиз, домла бирдан:
— Уловни Паркент бозори томон ҳайда. Роналднинг эшигини тақиллатиб кўрайлик-чи, нима бало, анчадан бери кўринмай кетди, — деб қолди.
Дарвозани тақиллатишга ҳожат қолмади: уч кун аввал ташлаб кетилган «Таклифнома»ни ҳеч ким олмаганди.
Устоз вафотларидан бир кун олдин яна Роналдни эслади.
Доктор болалари, набиралари олдига кетган экан. Нохуш хабарни Америкада эшитиб, «таъзиянома» юборди. Кўп ўтмай устоз хонадонига кириб келганда кўзларидан тинимсиз ёш қуйилар, аёлининг юпатишлари ҳам кор қилмасди.
Хўш, Озод Шарафиддинов билан узоқ хорижлик Роналд Хонг исмли бу одамни бир-бирига боғлаб турган ришталар нимада?! Бунга жавобни домланинг «Довондаги ўйлар» китобидаги «Америкалик дарвешнинг саргузаштлари» номли эссесидан топиш мумкин. Биздаги “саргузаштлар”дан аввалроқ кечган “дарвеш” ҳаёти қуйидагича: Қуриянинг Сеул шаҳридан юз чақиримча нарида жойлашган вилоятдан парламентга депутат этиб сайланган йирик сармоядор, эл орасида обрў-эътиборли жаноб оиласи бошига кутилмаган кулфат ёғилади. Кечагина 20 ёшини нишонлаган ёлғиз фарзанди автоҳалокатда ўнг оёғидан бутунлай ажралади. Йигит бир йил давомида кўрпа-тўшакка михланиб ётади. Шу давр ичида отанинг сочлари қордай оқариб, қадди букилади. Бир куни ўғлига шундай дейди:
— Мен бир оёғингни лаҳадга қўйган кунимоқ адою тамом бўлганман. Бундай аҳволда ётаверишингга энди бардош беролмасам керак, болам! Ўзингни қўлга ол. Бугундан бошлаб сени матонат майдонига йўлламоқчиман. Одам боласи фақат ирода, кураш билангина ҳар қандай мушкулотни енгиши мумкин. Ожиз бандаман, деб ҳаракатсиз ётавериш Худога ҳам хуш келмайди… Сен энди яшаш учун фақат ҳаракат қилишинг керак. Бошқа илож йўқ! Менинг бойликларим ҳам сени бахтли қилолмайди. Бахтинг ўз қўлингда, иродаю тиришқоқлигингда. Америкаликлар Сеулга келиб, сенга ўхшаганларга ёрдам кўрсатишаётганмиш. Ўша ерга ўз оёғинг билан борасан…
Ота амри — худо амри. Роналд ўнг оёғи ўрнини босувчи қўлтиқтаёқ билан хонадонни тарк этди. Каравотга михланиб ётавериб, рамақижон бўлиб қолган экан, 20-30 қадам ташлайди-ю, чарчаб, вужудини қора тер босади. Ўтириб дам олади. Яна йўлга тушади… Яхши одамлар унга кўмаклашиб юборишади. Шунда дунёда меҳр-оқибатли инсонлар бисёрлигига илк бор ишонч ҳосил қилди, у. Кун сайин қадам босиши енгиллашиб бораверди. Бир ой деганда Сеулга етиб келди. «Ногиронларга ёрдам маркази»ни ҳам осонгина топди. Йигит озиб-тўзиб, абгор ҳолга келганди. Уни ювиб-тараб, алоҳида хонага ётқизишди.
Марказ шифокорларининг гапларига қараганда, протез оёқнинг янги русуми ишлаб чиқилибди. Уни ўрнатишса ҳақиқий оёқ вазифасини ўтармиш… Кунларнинг бирида Роналд отаси билан орқасидан йиғлаб қолган онасини тушида кўрди. Отаси, «Не, яна ётиб олибсан-ку! Бунақада ҳеч қачон ҳаётда ўз ўрнингни тополмай, ўтиб кетасан», деб танбеҳ бера бошлади.. У уйғониб кетдию ўша кундан эътиборан «бекорчи хўжа» бўлиб ётаверишни бас қилди. Ўз хонасини тартибга келтирди. Стол-стулларни артди. Ҳатто анча қийналиб бўлса-да, полни ювадиган бўлди. Бора-бора ҳамшираларга ёрдамлаша бошлади. Унинг ҳаракатчанлиги марказ ходимларини бефарқ қолдирмас, раҳмат айтишар, бошқа ногиронларга Роналддан ўрнак олиш лозимлигини уқтиришарди.
Янги протез оёқ билан қийналмай юрадиган бўлиб, «синов»дан ҳам яхши ўтган Роналд марказда фаррош бўлиб ишлаш билан бирга шаҳарда янги очилган ногиронлар тиббий коллежига кириб ўқиди ва имтиёзли диплом билан у ерни битиргач, машҳур протезчи шифокор Тори ўқишни Америкада давом эттириш маслаҳатини берди.
Узоқ сафарга жўнашдан аввал падари бузруквори орзу қилганидек «шаҳдам қадамлар» билан унинг ҳузурига кириб келди.
— Айтганимни қилиб, кам бўлмабсан, сенга минг раҳмат, ўғлим, — деди отаси, — Яна шуни айтишим керакки, мендан сенга мерос бўлиб қоладиган ҳеч қандай бойлик йўқ. Бор сармоямизни вилоят марказидаги ногирон болалар учун мактаб қурилишига ўтказдим. Мен нимаики топган-тутган бўлсам ҳалол йўл билан орттирганман. Ҳалол пулни савоб ишга сарфлаш бизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаёттан удумимиз. Энди ўғлим, сезиб турибман, сен бу тиришқоқлигинг билан кўп нарсага эришасан! Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб, синовдан ўтдинг. «Тани бошқа — дард билмас», дейдилар. Сенга ўхшаб ногиронлик дардини чекиб ётганлар бу дунёда қанчадан-қанча. Уларга қай даражада қийинлигини ўз бошингдан кечириб билдинг! Энди сенга айтадиган оталик насиҳатим шу: йўлингда учраган ҳар бир ночор, ногирон одамга ёрдам қўлини чўзишни бурч деб билгин. Дардмандларга ҳамдард бўл! Топганингни улардан аяма.
Роналд Хонг ортопедия бўйича Америка тиббиёт академиясини имтиёзли диплом билан битиргунича доктор Тори ўз тажрибалари асосида оёқ протезининг янгича, анча қулай русумини яратиб, оғизга тушиб улгурганди. Уни АҚШнинг Детройт, Мичиган университетлари қошидаги шифохоналарга ишга таклиф этишди. Тез орада соҳанинг кўзга кўринган мутахассислари қаторида номи тилга олинадиган бўлди. Роналд отаси васиятини амалга ошириш мақсадида бир гуруҳ касбдошларини атрофига тўплаб, «Халқаро ногиронларга беғараз ёрдам кўрсатиш фонди» ташкил этди. Кўп ўтмай бу фонд NEW НОРЕ («Янги умид») номи билан «халқаро нодавлат ташкилот» деган мақомга эга бўлди.
Роналд бошлаган хайрли ишга беғараз ёрдам кўрсатиш истагида бўлган сармоядор кишилар, турли тизимдаги компаниялар сафи орта борди. Фондга аъзо бўлган ортопед шифокорлар нафақа ёшига етгач, дунёнинг исталган бурчига бориб, ёрдамга муҳтож ногиронлар учун бепул хизмат кўрсатишга тайёр эканликларини эълон қилдилар. (Ҳозир бундай хайрия фондлари Япония, Жанубий Қурияда ҳам фаолият олиб боради, ер юзидаги ўнлаб давлатларда эса марказлари бор).
Доктор Х.Роналд ва унинг издоши доктор Л.Кван каттагина миқдорда нафақа пули билан «қарилик таътили»га чиқишгач, иккови номига Хитой, Россия, Афғонистон ва Қирғизистондан таклифномалар келди. Фонд таъсис комиссияси томонидан тасдиқланган дастур ва йўлланма билан Кван Хитойга, Роналд Россияга қараб жўнайди. Уларни Пекин ва Москвада ҳамкасблари кутиб олишади. Бироқ Роналднинг кўнгли нимадандир тўлмаётгандай эди. У ёшлигидан хотирасига қаттиқ ўрнашиб қолган шарқона ҳаёт, шарқона турмуш тарзини кўриш иштиёқида эди. Рафиқаси ва қизига Ўрта Осиёни сайр қилдирмоқ учун Тошкентга чипта олдилар. Рафиқаси ва ўртанча қизи билан қадимий Самарқанд, Бухоро шаҳарларини зиёрат этишгач, Фарғона водийсини айланишди. Тошкентнинг сўлим боғ-хиёбонларини сайр қилишди. Қаерда бўлишмасин, худди аввалдан таниш меҳр-оқибатли кишилар ичида юргандай ҳис этишди ўзларини.
… Худди ўша кунларнинг бирида каминанинг телефони жиринглаб қолди:
— Сизни бир савобли иш юзасидан безовта қиляпмиз.
— Марҳамат, — дедим.
— Бўстонлиқни яхши биласиз… Қуйидаги адресда Турсунбой ота деган уруш қатнашчиси яшайди. Бир оёғи ногирон. Америкалик мутахассис шифокор учрашмоқчи. Ўша кишини топишга ёрдам берсангиз.
Хуллас, эртаси куни Бўстонлиқдаги ёзувчилар дала-боғимизда Турсунбой ота билан жаноб Роналднинг учрашуви бўлди.
— Нега қовоғингиз солиқ? Хотин хафа қилдими? — дея бирдан савол бериб қолди меҳмон Турсунбой отага шашт билан қараб.
— Э, сиздай одам мени йўқлаб келадию нега хафа бўлар эканман. Оёқ қургур, сал кўпроқ юрсам, манаву «араванинг гупчаги» оғирлик қиладими, оғрий бошлайди. Ўтган кун шаҳарда сиз мени тўхтатиб гапга солганда ҳам кайфиятим йўқроқ эди.
Меҳмон бошини сарак-сарак қилиб, ёнидаги жувонга ўгирилди:
— Ана кўрдингми хотин, мана шундай эркак билан яшаб келаётган бу ердаги аёлларга қойил қолмоқ керак.
Бу сўзлар ўзбекчага ўгирилгач, ўртада гур этиб, кулги кўтарилди. Турсунбой отанинг чеҳраси очилиб:
— Буларам ҳазилкаш бўлар экан-а! Ўша куни «ёғоч оёғим»га тикилавериб, менга «ёпишиб» олганидан ишпиён-мишпиён эмасмикан, деб хавфсираб қолгандим, — деди.
Меҳмон унинг елкасига қоқди:
— Бор экансиз-ку! Манаву оёғингиздаги ёғоч «гупчак»нинг ташвишини чекманг. Зўрига алмаштирамиз. Ёнида аравачаси ҳам бўлади.
— Бу айтганларингиз анча қиммат турса керак-а?
— Савобли иш арзон-гаровга қилинмайди. Шундан билаверингки, сиз учун ҳаммаси бепул.
Шу куни Роналд Турсунбой ота билан анча гурунг қилди. Отахон меҳмонга фронт хотираларини, оёқдан Белоруснинг қайси шаҳрида қандай «ажралгани»ни сўзлаб берди… Кейин унинг тизза кўзидан пастки ёғоч «оёғи» ечилиб, турли ўлчамларга солиб «андоза» олинди. Роналдга бу ишларни бажаришда хотини ёрдам бериб турди. Ён дафтарига чизгилар билан нималарнидир ёзиб олди. Сўнг Роналд Турсунбой отани сал наридан тиккалаб кетган арчазор тоғ этагига бошлаб келди. Анчагина юқорида кўзга ташланиб турган баҳайбат ёнғоқ дарахтига ишора қилиб:
— Ҳов, ўша жойгача чиқа оласизми? — деб сўради.
Турсунбой ота ҳайрон:
— Мен тўғри йўлдан юролмайман-у, тоққа чиқишга бало борми! Меҳмонга тушунтиринглар! – деди отахон.
Бироқ меҳмон тушунмади, ўз айтганида туриб олди:
— Сиз қанақа тоғ одамисиз! Шундай ажойиб табиат, мусаффо ҳаводан бебаҳра бўлиб юравергандан кейин, албатта, оёқ мушаклари ишламай, анаву ёғоч «гупчак»дай қотиб қолади, арзимас нарсага чидаш бермай, оғрийверади… Менга қаранг, Сизга айтсам, манавундай ҳаракат қилиш керак, — деди-да, доктор эгнидаги костюмини ечиб хотинига берди. Атрофда ўралашиб юрган болалардан бирини олдига чақириб, елкасига ўтқазди ва эпчил ҳаракат билан ёнбағрликдан юқорилаб кета бошлади. Бўстонлиқ табиати ҳақида кўрсатув тайёрлаётган Ирисмат Абухолиқов бошчилигидаги телевидение ходимлари бу манзарани лентага тушира бошладилар… Ҳеч ким кутмаган ҳодиса меҳмон тоғ ёнбағридан қайтиб тушгандан кейин бўлди: у Турсунбой отага:
— Сиз ҳеч ўкинманг! Оёғингизни ярми бўлса ҳам бор. Меники эса… — деб шим почасини тўпиғичага кўтарганди, ҳамманинг кўзи майда мурватлар билан бир-бирига «уланган» протез оёққа тушди… Меҳмон ўша куни Турсунбой ота билан хайрлашаркан:
— Сизга аталгани меникидан зўр, механик равишда ҳаракатланадиган бўлади. Ана ундан кейин баланд тоғларга биргаликда чиқамиз. Фақат келгунимча ҳаракатни сусайтирманг. Бу сиз билан бизга жуда зарур. Кўришгунча! — деди.
Меҳмоннинг кўпчиликни ҳайратга солган «тоғ сайри» ҳақидаги лавҳа Тошкент телевидениеси орқали бир неча бор намойиш этилди. Доктор Роналдни Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига таклиф этишди ва «Қани энди кўчаларимизда шундай мардона юриб, ногиронларимиз кўнглини кўтарсангиз беҳад хурсанд бўлардик», дея истак билдиришди.
— Мен дунёнинг кўп мамлакатларида бўлганман, — деди меҳмон уларга жавобан. — Лекин ҳеч қаерда ўзбеклардай очиқ кўнгил, меҳмондўст ҳалқни кўрмаганман. Очиғини айтсам, рафиқам, қизим билан юртингиз кишиларини севиб қолдик. Албатта, яна келиш ниятимиз бор.
Орадан ярим йил ҳам ўтмай доктор Роналд ўз сўзида туриб, Турсунбой ота учун ясалган протез «оёқ» ва ногиронлик аравачаси билан яна юртимизга ташриф буюрди. Эртасигаёқ Бўстонлиққа бордик. Бироқ биз кўришмоқчи бўлган отахон оламдан ўтган экан. Роналднинг ўша пайтдаги ҳолатини тасвирлашга ожизман: кун бўйи чеҳраси очилмади, туз ҳам тотмади.
Юртимизда Турсунбой отага ўхшаш кишилар қатори ҳомийлик ёрдамига муҳтож «Афғон ногиронлари» кўплиги ҳам Роналдни ўйлантириб қўйди. У Ўзбекистонда фонд марказини очишга қарор қилди.
Мен гурунглардан бирида Озод акага Роналд ва унинг ногиронларга беғараз ёрдам кўрсатиш Маркази ҳақида сўзлаб бергандим, орадан кўп ўтмай домла ҳузурига докторнинг ўзи кириб келди:
— Кеча телевизорда сизни кўрдим. Шахсан танишмоқчиман. Отим доктор Роналд.
— Эшитганман. Ясама оёқ билан бир болани елкада кўтариб, тоққа чиққанингизни ҳам телевизор орқали кўрганман… Лекин бундоқ туришларингизу кўринишларингиздан мендек киройи ногиронга ўхшамайсиз! Гапим юз фоиз ростлигига ишонаверинг!
Таржимон хонадон соҳибининг сўз ўйинига монанд нозик иборани топгунча орага ноқулай жимлик чўкди. Ниҳоят, оби-тобига етказиб қилинган таржимадан меҳмоннинг чеҳраси ёришиб, кулиб юборди:
— Авваллари йигитлигимда ўхшардим. Кейинчалик ўхшамай қолганман. Демак, шундоқ туришим ҳам ёмон эмас! Хоҳласангиз ўзимга ўхшатиб қўяман, — деди қаддини ғоз тутиб.
— «Бунақа ўхшатиш»ингизга фақат америкаликлар чидаш берса кераг-ов… Тахминан «оёқ»ларингиз қанчадан туради?
— Жуда қиммат! — деди доктор бепарвогина.
— Ана, айтдим-ку, бизнинг бунақа чиллаки оёқлар қиммат нарсага дош беролмайди, майишиб кетади.
— Сизга бепул! — деб қўйди Роналд овозини баландлатиброқ.
— Э, тавба, бекордан-бекорга иш қилинишини энди эшитишим. Нима, менинг шох-бутоғим борми? — бўш келмади Озод ака.
— Ҳамма қаторисиз.
— Ундай бўлса, мана, икки йилдан бери шу ерда фаолият олиб бораётган экансиз, қани айтингчи, оддийгина «оёқ» билан ҳалиги чинакам одамнинг ўзига «ўхшатиб» қўядиган механик протез оёқнинг баҳоси қанча бўлади? Айтаверинг, ўзбекларда «ҳисобли дўст айрилмас», деган гап бор.
— Айтайми? Саккиз мингдан ўттиз минггача!
— Сўмдами?
— Долларда!
— Вой-бўй, ичида мотори ҳам бўладими, дейман.
— Шунга яқинроқ. Лекин барча харажатларни ҳомийларимиз кўтаришади. Америкада ҳар хил йўналишдаги хайрия жамғармалари кўп. Ўзбекистондаги «New Норе» — «Янги умид» ногиронларга бепул хизмат кўрсатиш Марказимиз ҳам хайрия ёрдами асосида фаолият олиб боради.
— Ундай бўлса, — деди Озод домла гапнинг дангалига ўтиб, — кўнглимдаги одам экансиз! Энди шу савобли ишга менам ёнингизда туриб, озгина ҳисса қўшсам, нима дейсиз?
— Қанақасига? — ҳайрон бўлиб сўради меҳмон.
— Йўли осон. Мана, кўриб турибсиз — оилам, болаларим, набираларим, яна шогирдларим атрофимда парвона. Хоҳласам, бу «супер аравача»да, хоҳласам машинада истаган жойимга бориб келаман. Лекин шундай ногиронлар борки, на аравача, на машинага эга. Қўлтиқтаёққа муҳтожлар ҳам йўқ эмас. Менга аталган ҳомийлик пулларини ўша бева-бечораларга сарфласак, — меҳмон ўйланиброқ қолганди, домла аравачани унга яқинроқ келтириб: — Ҳа, энди дардимиз муштарак, ўй-хаёлимиз ҳамоҳанг бўлгандан кейин йўқ деманг-да, — деб қолди.
Доктор ўрнидан турди, қаддини букиб таъзим қилгандай бўлди ва устознинг мўъжазгина гавдасини бағрига босди. Шу кундан эътиборан эзгуликка ташна кўнгил соҳиблари руҳан бир-бирига яқин бўлиб қолдилар. Роналд ўз юмушлари билан қанчалик банд бўлмасин, Озод ака ҳузурига тез-тез келиб турар, ўз навбатида домла ҳам у фаолият кўрсатаётган марказга ташриф буюриб, Ўзбекистонннинг турли минтақаларидан кўмак сўраб келувчи кексаю ёш ногиронларга кўрсатилаётган муолажа усуллари билан танишар, энг замонавий техник қурилмалар билан жиҳозланган протез ясаш цехини айланиб, Роналднинг шогирдлари бажараётган моҳирона меҳнат жараёнини кузатарди.
Шундай пайтларда «тафтишчи» мақомида ташриф буюриб қоладиган Озод акани Роналд саволга тутарди:
— Қачонгача бу “супер аравача”ни ҳайдайсиз? Наҳот мен билан ёнма-ён юришни истамайсиз? Сизбоп энг «замонавий моторли» протезни ҳам тайёрлашимиз мумкин.
Озод ака унга жавобан:
— Мен ҳомийларнинг беғараз ёрдамидан иккинчи маротаба фойдаланиб, ўз номимни суиистеъмол қилмайман, — дерди.
Улар орасидаги бир неча йилга чўзилган дўстона муносабатлар «Америкалик дарвеш саргузаштлари» асарининг ёзилишига сабаб бўлганди. Асар айнан «Авваллари дарвешлар фақат бизнинг шарқдагина бўлади, деб ўйлаб юрардим. Адашган эканман — дарвешлар биздан анча олисда — Баҳри муҳит ортидаги Америкада ҳам истиқомат қилишаркан», деган жумлалар билан бошланиб, Роналднинг мамлакатимизда амалга ошираётган эзгуликка ошуфта дарвешона ишлари жозибали ташбеҳлар билан баён этилган…
Озод акани хотирлаш кечасида бир-икки бор Роналд билан учрашдик. Сўнг кўринмай қолди. Яқинда Халқаро ногиронлар куни арафасида наманганлик шоир укамиз Жамолиддин Муслимдан мактуб олдик. У «Устоз Озод Шарафиддинов ўз китобларида таъриф этган доктор Роналд жаноблари вилоятга ташриф буюриб наманганлик ногиронларга 20 миллион сўмлик протез, тикув машиналари, болалар кийим-кечаги тарқатган»лиги ҳақида ёзиб, шу хусусда мақола эълон қилинган «Наманган ҳақиқати» газетаси сонини ҳам қўшиб юборибди.
Тошкентдаги “New Hоре» (Янги умид) Маркази»ни ҳамкасбимиз И.Абдуҳолиқов билан қийналмай топдик. Доктор Роналд махсус жиҳозланган кенг ва ёруғ залда 15 га яқин ногирон эркак-аёллар билан «чиройли ва шахдам қадам ташлаб юриш» (бу шиор деворнинг кўринарли жойларига ўзбек ва инглиз тилларида ёзиб, осиб қўйилган) машқини энди тугатиб турган экан. У бизга нигоҳи тушиши билан юзларида табассум балқиб, қучоқ очганича истиқболимизга кела бошлади.
— Ҳечам саксон уч ёшга кираётган қарияга ўхшамайсиз! — дедик сўрашар эканмиз.
— Мана булар менинг ёшлигим, — деди доктор атрофини ўраган мижозларга ишора қилиб.
Биз юз-кўзларида хиёл чарчоқ аломатлари сезилиб турган «машқ»чилар билан сўрашар эканмиз, уларнинг айримларини саволга тутдик.
Абдуллаева Зарифа (кўп болали она. Андижон):
— Омборхонада ҳисобчи бўлиб ишлардим. Том қулаб тушиб, ўнг оёғимдан ажралиб, бутунлай юролмай қолгандим. Ҳозир янги протезда бемалол юраяпман. Албатта, ҳаммаси бепул.
Худоёров Ботир (Тошкент):
— Ўнг оёғим тўпиғимгача йўқ. Машина босиб кетган. Анча вақт қийналиб, қўлтиқтаёқда юрардим. Бу ерда механик протез қўйишди. Бир ҳафтадан бери мустақил юришни машқ қиляпман.
Мавлонов Олимназар (Сурхондарё):
— Ўнг оёғим оғир юк остида қолиб кетган. Юролмасдим. Ҳозир протезда ҳаракат машқини ўрганяпман. Доктор Роналд жуда талабчан ҳамда қувноқ, меҳрибон одам. Соғ одамлардан ҳам яхшироқ юриб кетасан, деб киши кўнглини кўтаради.
Мирзақулов Бахтиёр (Тошкент):
— Авария бўлиб, бир оёғимдан ажралганман. Яқинда бу ерда янги протез қўйишди. Машқлар давомида ҳеч қандай оғриқ сезмаяпман. Жаноб Роналд эрта-индин жавоб берса керак…
Тожибоева Феруза (Наманган):
— Ўн икки ёшимдан оёқларим ишламай, юролмай қолгандим. 1998 йили жаноб Роналд уйимизга бориб, кўрди. Оёққа турғазиб юборамиз, деди. Бу ерга олиб келиб, даволади. Ҳақиқатдан протез ёрдамида юриб кетдим. Йилда бир марта марказга келиб, 3-4 кунлик “кўрик”дан ўтиб кетаман. Дўхтир ҳеч нарса олмайди. Уйга борганда, чопон кийдирсак ҳам, қайтариб, отамга кийдириб қўйган…
Шу ерда ҳозир бўлган хизматчи ходимларнинг гапларига қараганда доктор Роналд фақат юракдан миннатдорлик билдириб ёзилган хатларни асраб-авайлаб сақларкан. Уларнинг сони бир неча мингдан ортиқ.
Серҳашам бинонинг протез ясаш цехида қўлигул моҳир усталар тер тўкишар, ҳақиқатан Озод ака таърифлаб ёзганидек, уларнинг иш услуби «заргарона» эди… Бу ерда қаттиқ меҳнат интизомига риоя этилади. Ишга қабул қилинувчилар обдон «синов»дан ўтказилади. Чунки ичадиган, чекадиган, муомаласи қўпол кишилар бажарадиган иш ҳам кўнгилдагидай бўлмайди, деб ўйлайди Роналд.
Тайёр маҳсулотлар омборхонасининг бир томони оёқ-қўллари яхши ривожланмай, бели мўрт бўлиб туғиладиган бир ойликдан ўн тўрт ёшгача бўлган чақалоқ ҳамда болакайларбоп «муолажа кийимлари» билан тўла эди. Айниқса, оёқ кийимларининг турли шакл-шамойилда бўлса-да, чиройли ва бежиримлиги одамни лол қолдиради. Қай бирини олиб, ерга ёки кафтингизга урсангиз, ранг-баранг шуълалар порлаб, ёқимли музика янграйди.
Бу хилдаги жажжи «кашфиётлар» ҳаётнинг баногоҳ синовларини илк бор бошидан кечираётган мурғак қалбларга озгина бўлса ҳам шодумонлик бахш этиш учун яратилган экан. Ногирон чақалоқ ва болаларга аталган ушбу совғаларни яқинда янги йил туҳфаси сифатида жаноб Роналднинг катта куёви ўз ҳисобидан жўнатибди.
Тўрт қаватли бинонинг узун коридори адоғида жойлашган кенггина, олди айвонли ёруғ хонада бизларни Роналднинг рафиқаси Суен хоним очиқ чеҳра билан кутиб олди. Бу ер улар истиқомат қиладиган «апартамент» (уй) экан. Хонадон бекаси худди ўз хўжасига ўхшаб, асло «ўзгармаган» қирқ ёшлар атрофидаги жувонга, ҳатто ҳозир бизда намойиш этилаётган Қурия киносериалидаги «Император аёл»га ҳам ўхшаб кетарди. Дастурхон устида анча вақт гурунглашиб ўтирдик. Бўстонлиқдаги биринчи учрашувни, Турсунбой отани эсладик. Шубҳасиз, Озод аканинг ҳазил-мутойиба гаплари, дилбар суҳбатларини ёдга олдик. Гап орасида уй соҳиби худди ёш боладай завқи жўшиб, ўзбекчанинг инглиз-корейсча «қурама» лаҳжасида «Озод ака ёзган: мен дарвеш, мен дарвеш» деб қўяди.
Ҳа, бу одам ростмана «дарвеш» бўлмаса, шу ёшга кириб ҳам «қуюлмай» бошқалар ташвишида «ёғоч оёғи» билан елиб-югурармиди, вилоятма-вилоят юзлаб чақирим йўл босиб, ўз «ҳамдард»ларидан хабар олиб, уларнинг ўксик кўнглини кўтарармиди…
—    Нима камчиликлар бор? — сўраймиз жаноб Роналддан.
—    Но-о, проблем! Ҳаммаси яхши! — дея жавоб беради у.
—    Набиралар нечта бўлди? — яна саволга тутамиз мезбонни.
— О, жуда кўп! Юринглар кўрсатаман, — у ўрнидан туриб, тўрдаги хосхонага бошлайди.
Ичкарига кирибоқ тўрт томон девор юзига тартиб билан илинган жуда кўп фотосуратлар «галареяси»га кўзимиз тушди. Тўғрида катталаштириб рамкага солинган кўҳликкина учта аёл (ўртадагисини танидик, илк бор Бўстонлиққа чиққанди), забардаст йигитлар ва қўлларини баланд кўтарганича жилмайиб турган саккизта ўғил-қизнинг сурати кўзга ташланиб турарди.
— Булар бизнинг қизларимиз, куёвларимиз ва уларнинг фарзандлари, Роналд айниқса набираларини жуда соғинади. Менам. Кунора келинглар, соғиниб кетдик, деб Америкадан қўнғироқ қилишади. Айниқса, набираларнинг овозини эшитсак, жуда ғалати бўлиб кетамиз! — дея тушунтириш беради Суен хоним. Сўнг шу оилавий сурат ёнидаги, мовий денгиз бўйида қад ростлаб турган икки қаватли оппоқ кошона бинога ишора қилади. — Бу бизнинг Калифорниянинг Сан-Диего шаҳри яқинида денгиз соҳилида жойлашган оромгоҳ уйимиз. Роналднинг ўзи лойиҳасини чизиб, қурдирган… Йилда 10-15 кунга бориб, туриб келамиз, холос. Докторнинг бошқа вақти йўқ. Бу ердан бўшамайди… Ҳа, манову сурат энди тарихий бўлиб қолди. Пекиндан юборилган. Шаҳарнинг Сунн-II даҳасидаги доктор Кван бошқарган «New Норе” марказининг умумий кўриниши…
Уй бекасининг айтишича, бу сурат анча олдин, доктор томонидан «эсдалик» учун юборилган. Шу йилнинг бошларида Хитойдан таклифнома келибди. Роналднинг қарийб эллик йиллик қадрдон дўсти доктор Кван ўлими олдидан: “Ишимни ҳамкасбим Роналд давом эттирса яхши бўларди”, дея васият қилган экан. Лекин, бу дарвеш қария тушмагур шунча қадрдон бўлиб қолган яхши одамларни, айниқса, ёрдамимга илҳақ бўлиб, кўз тикиб турган ногиронларни ташлаб қаёққа кетаман, дея хатни ғаладоннинг бир бурчига ташлаб қўйибди.
Биз Озод акадай улуғ инсон асари бош қаҳрамони бўлган тиниб-тинчимас бу ажойиб «дарвеш» билан хайрлашарканмиз:
— Шунча ёшга кириб, шунча ишлар қилибсиз. Армонингиз қолдими? — дея саволга тутдик.
— Йўқ! — деди у, — бир орзуйим бор холос. У ҳам бўлса, ўзбекистонлик ногиронлар ҳамма қатори бошларини баланд тутиб, шахдам қадамлар ташлаб юришларини, чеҳраларидан доим кулги аримаслигини кўриш!