Зойир Мамажонов. Эрингизга гап йўқ (ҳажвия)

Ғуломов аввал соатига, сўнг атрофга қаради. Бино ёнидаги майдончада турган яшил «Жигули»ни кўриб: «Шу, ўзи. Мендан олдин келибди-да», деган гап кўнглидан кечди. Машинадан тушиб ланж кайфиятда қўш табақали, ойнаванд эшик ёнига борди. Ичкарига зимдан тикилиб турганида, чиқиб келаётган котибага кўзи тушди.
— Абдиевни кўрмадингизми, опа?
— Кимни дедингиз? Лунжлари осилган, гавдаси қўпол қора йигитми? — Котиба иккинчи қаватга ишора қилди. — Шу ерда юрувди. Кеча эшитдим. Ғуломовнинг ўрнини тортиб олувди, энди қайтариб беряпти, дейишди.
— Кеча эшитдингиз? Кеча ҳам шу ердамиди Абдиев?
— Ҳа, шу ерда эди… Бир илтимосим бор эди. Хўжайинимни ишга олинг. Биласиз, қўл остингизда ишлаган. Сиздан кейин штати қисқарди.
— Бу ёғи бўлаверсин-чи, кўрамиз. Эрингизга гап йўқ. Каттанинг олдида одам борми, опа?
— Бор. Ниманидир ҳал қилишаётир. Абдиевингиз тунов куни тоғдан келган икки киши билан келиб ўтирди. Халталарини бурчакка қўйди. Суғур мойи олиб келибди. Ҳиди бирам бадбўй, бирам бадбўй…
— Катта қабул қилдими?
Аёл бош чайқади.
— Қабул қилмади. Ишдан чиққач, йўлакда гапга тутмоқчи бўлишди. Катта гапни чўрт кесди. «Бу масалани қонун ҳал қилади. Мен ҳал қилолмайман», деди. Тоғликлар халталарини орқалашганча кетишди. Абдиевингиз уларга эргашди.
Котиба кетди. Зинапоядан яна оёқ товуши эшитилди. Ғуломов шошиб ўзини четга олди. Кўнгли ғашланди: «Эҳ, Абдиев, Абдиев! Нонкўр!»
Жамоа бир вақтлар уни «Гапи сассиқ! Кўнгли кўмирдан ҳам қора! Одамларни бир-бирига сотадиган бузғунчи! Нафси ёмон, ўлгудай таъмагир. Ғараз, пичинг уяси!» деб ишдан ҳайдашни талаб қилганди. Ўшанда Абдиев гангиб қолди.
«Ёшлик қилдим, — деб кўзига ёш олди у. — Мени кечиринглар. Хатоларимни тушундим охирги марта имкон беринглар. Ўтинаман…»
Абдиевга ҳаммадан кўпроқ Ғуломовнинг раҳми келди. Сўнгги марта синаб кўришга жамоани кўндирди. Бола бир янглишди, уни ҳайдасак ўзимизнинг шаънимизга ҳам паст-баланд гаплар юқтирган бўламиз, деди. Жамоа бундан кейин бирор гап чиқса ўзингиз жавоб берасиз, деб Ғуломовнинг зиммасига масъулият юклади. Ўшанда у соғ бошига сақич ёпиштирганлигини билмаганди. Энди эса пушаймон.
Шу Абдиев деганларига дастлаб қандай дучор бўлганлигини хотирлаганида, Ғуломовнинг кўз ўнгида унинг тоғлик кал тоғаси жонланади. У ўзини дунёда ягона бағри кенг, кўнгли очиқ қилиб кўрсатиб жиянининг ўртасига тушиб келган эди. Қандай қилиб уйига бош суқди, ақлини олди, Ғуломов буни сезмай ҳам қолди. Ўшанда у Ғуломовнинг юзидан чўлпиллатиб ўпди. Қўлидаги саватни очиб:
— Отангиз бетоб эканлар, айтмайсиз ҳам, катта, — деди. — Мана бу озроқ наъматак билан шотут майизи. Бир кўрсинлар отангиз! Дард деганни қиличдай ширпиллатиб кесади. Суғурнинг мойи керакми, олқорнинг талқоними — бемалол айтаверинг!
Бир кийик болани сўйиб келдим. Буям бизга деҳқончилик-да, катта!
Сўнг, меҳмон Ғуломовга қайсидир даврада бирга ўтиришганини эслатди.
— Ҳалигача таърифингизни қилиб турамиз. Киройи инсон Ғуломовдек бўлса, деб юрамиз. Сиздаги камтарлик, сиздаги инсонгарчилик, сиздаги оқибат, тўғриси, кўп одамларда йўқ, Ғуломов ака… кечирасиз, катта!
Гурунг қизиб, дунёда гап қолмади ҳисоб. Меҳмон тоғ жониворлари-ю, кўкатларигача — ҳамма-ҳаммасининг турфа хосиятини санаб чиқди. Гап омади келиб ўрмончилар ўртасида ҳам низолар бўлиб туришидан, масалан, тоға-жиян бўлган дуппа-дуруст икки яқин қариндош қоровуллик талашиб бир-бирининг устидан ёзаётганлигидан, энг ёмони, уларга ўчакишиб бошқалари ҳам кавла-кавла қилаётганларидан нолиди. Бу мавзу Ғуломовни ийитди. Бир иғвогарни қандай тинчитганлигини ҳикоя қилиб берди.
— Бир маҳал денг, устимдан имзосиз хат тушди. Текширишда факт тасдиқланмади. Сўнг очиқ имзо билан яна шикоят ёзилди. Бу сафар ҳам тасдиқланмади. Комиссия шикоятини қисти-басга олди. «Тавба қилдим, мени ишга солганлар ўзларини панага олиб қочишди, яккаланиб қолдим», деб ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаб кетди…
Меҳмон тавозе билан Ғуломовнинг гапини бўлиб унинг елкасига қоқди.
— Суробини боплаб келтирибсиз, катта. Ҳе, бу одамларми, бўш келсангиз, тепкилашиб босиб ўтиб кетишади. Ишга олаётганингизда билмасангиз-да! Одам янглишади! Бировнинг қайдалиги пешонасига ёзиб қўйилмаган-да!.. Бизнинг бир жиян бор, Ғуломов ака… кечирасиз, катта! Қўй дейсиз, қўй. Терисига сомон тиқсангиз ҳам миқ этмайди. Ҳозирги ишлаётган жойидаги бошлиқ тўнка бир одам. Аммо сиздай оқил, сиздай нуфузли одамнинг тарбияси остида ишласа яхши бўларди-да…
Меҳмоннинг жияни эртасигаёқ ишга олинди. Шундан кейин Ғуломов тез-тез ҳар хил зиёфатларга чақириладиган бўлди. Уйидан эса тоғ неъматларининг ҳиди аримай қолди. Қорабулоқ чашмаси атрофидаги тандирхўрликнинг таъми ҳали-ҳали оғзида.
Абдиев ишни яхши бошлади. Ғуломовнинг унга ишончи, ихлоси кучайди. Ҳеч қанча вақт ўтмай мансаб пиллапоясидан кўтарилиб, ўринбосарлик мақомига эришди. Ҳузурига кирганларга Абдиев нима деса шу, Абдиевга учрашинглар, дейишга одатланди. Қаерга борса, Абдиев ёнида. Одамлар уларнинг якка ҳолда юришини тасаввур ҳам қилолмайдиган бўлиб қолишди. Тасодифан Ғуломовни якка кўрсалар ундан э, нечук, укангиз қани, деб сўрашарди. Абдиев бошлиқнинг оила аъзолари билан ҳам иноқлашиб кетди. Бир оёғи ўзининг уйида бўлса, бир оёғи Ғуломовникида! Қисқаси Абдиевга ишониб, уни ўз укасидай кўра бошлади. Абдиев эса аста-секин феъли ўзгара бошлади. Қарасаки, Ғуломовнинг эътибори баланд. Уни эътироф этмайдиган, ундан ўтиниб бирор нима илтимос қилмайдиган одам кам.
Қайси йўл билан бўлмасин, бу эътиборни Абдиев ўзиники қилгиси келди ва ишни бошлаб юборди.
Одам баъзан ўзининг ғанимини ўзи тарбиялаб етиштирар экан! Балки, азалдан шундайдир?! Текшир-текшир бошланди. Ғуломов шаънига паст-баланд гаплар урчиди. Шу вазият баробарида Абдиев ҳам ўзгариб борди. Ғуломов билан совуқ муомала қилишга ўтди. Зарур бўлмаса Ғуломовнинг кабинетига кирмайди. Чақиртирганида эса анча кутдириб киради, ўтирмасданоқ истеҳзо билан, «чақиртирган экансиз», дейди. Бу ҳам майли, Абдиев йиғилишларда бемалол столни уриб гапира бошлади, Ғуломовнинг сўзини бир-икки кесиб ҳам ташлади. Орқаваротдан бир-икки киши каттага бунчалик сапчиш яхши эмас, деб унга насиҳат қилишди.
— Катта бўлиб қаерни гуллатаяпти? — дебди у. — Тез кунда бу ердан насибаси кўтарилади. Озгина қолди!
Ғуломов бир марта Абдиев билан юзма-юз, ошкора гаплашишга уриниб кўрди. Гапни режадан бошлади.
— Режа бу йил чиқмайдими дейман? Сиз нима дейсиз?
Абдиев зўрма-зўраки эснаб:
— Ҳа, бу йил режа чиқмайди, — деди.
— Сабаб?
— Сабаби ишни яхши ташкил эта олмаяпмиз.
Ғуломов, қанчалик жаҳли чиқмасин, ўзини босишга ҳаракат қилди. Абдиев бор гап шуми, деган маънода зардали қараб индамай кетмоқчи эди, уни тўхтатди.
— Биродар, сиздан илтимос, шикоят ёзганда очиқ имзо билан ёзаверинг! Текширувчи келганда мен бир газ чўкаман, фактлар тасдиқланмаганида сиз бир газ чўкасиз.
Абдиев заҳархандалик билан кулди.
— Бу маслаҳатингиз ноўрин, ўртоқ Ғуломов! Ўз оёғингга ўзинг болта ур, демоқчисиз-да! Ҳа, шундай демоқчисиз! Номим аризачи деган қора рўйхатга тиркалишини, кейин бир умр ўсмай юришимни истаяпсиз! Кечирасиз, ўртоқ Ғуломов! Мен нонни қулоғимга эмас, оғзимга еб юрган одамман. Ҳа, айтиб қўяй, мана бу столни никоҳлаб олганингиз йўқ. Тегирмон ҳам навбати билан, ака!
Ғуломов нафасини ичига ютди.
Эртасига туман бошлиқларидан бири Ғуломовни жуда нохуш қабул қилди.
— Мен шахсан каттанинг номидан гапиряпман, ўртоқ Ғуломов, — деди у. — Хўш сўзласинлар-чи, сизларнинг жанжалингиздан бошқа иш қуриб кетганми бизга? Ариза ёзинг, бўшайсиз, ўтроқ Ғуломов! Бошқа йўл йўқ. Тушунган одамсиз. Кўряпсиз, устингиздан тинимсиз ёзиляпти. Эртага кескинроқ чора кўришимизга тўғри келмасин тағин…
Ғуломовнинг аризаси ўша куниёқ қаноатлантирилди, унинг ўрнига Абдиев тайинланди.
…Ана шу воқеаларни эслаб, ўйга ботиб, айланиб юрган Ғуломовни кимдир чақиргандек бўлди. У бурилиб қараб пешвоз келаётган қўшни ташкилот бошлиғини кўрди.
— Бўлади, Ғуломов ака, шунақаси ҳам бўлиб туради, — деди таниши Ғуломовни қучиб. — Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди дейдилар-ку! Абдиев ўрнингизга ўтиргани билан ишни эплай олмади-ку! Ишкал чиқаравериб ҳаммани ташвишга қўйди, холос. — У иккинчи қаватга бармоғини нуқиб давом этди. — Янги каттамизнинг объективлигини қаранг! Вазиятни ўрганиб, Абдиевнинг думини тугди. Қўшиб ёзиб режани қойиллатган экан, ҳали қамалмаса гўргайди. Ғуломов ака!
Ғуломовни иккинчи қаватга чақиришди. Зинапоядан кўтарилаётганида Абдиевга дуч келди.
— О, Ғуломов акамиз…, муборак бўлсин, буюрсин, буюрсин. Бир отамлашамиз-да энди! Бирга шамоллашга тоблари қалай?
Ғуломов кўзларини олиб қочди. Юзини четга бурди.
Ичкарида Ғуломовни бошлиқликка қайта тиклашга қарор қилинди. Ундан дағдаға билан ариза ёздириб олган раҳбар ҳам бу қарорни маъқуллади. Ҳатто сўз олиб:
— Зиммангизга янги ва масъулиятли вазифа юкланаётганлигини унутманг. Биз сизни ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрмиз! — деди.
Ғуломовни котиба ҳам табриклади.
— Табриклайман Ғуломов ука!
— Раҳмат опа, раҳмат!
— Бизнинг хўжайин эсдан чиқмадими? Кечалари ухламай омадингизни тилади, бечора.
Ғуломов таққа тўхтаб:
— Борсин, опа, борсин, — деди. — Эсимдан чиқмайди. Эрингизга гап йўқ.