Деҳқонбойнинг тўнғичи Ўктам ўқишга кирди. Тошкентдаги, Деҳқонбойнинг айтишга тили ҳам айланмайдиган “пединститут” деган катта ўқишга. Тамомлаб чиқса, қишлоққа муаллим бўлиб келади. Бай-бай, Деҳқонбойнинг қувонганини кўрсангиз. Бор-йўғини қоқиштириб шартта учта-тўртта улфатини меҳмонга чақирди. Жиндаккина отиб олгач, Ўктамнинг мактабда яхши ўқигани-ю, имтиҳонларни “аъло”га топширгани қолмай мақтанди. Улфатлари Деҳқонбойнинг омади келганини алқай-алқай бир-икки кун уникидан туз-насиба тердилар. Деҳқонбой қараса рўзғорда ҳемири ҳам қолмабди. Ҳали Тошкентга кетадиган бўлса, боласининг қўлига уч-тўрт сўм тутқазиши керак. Жонига буқаси оро кирди. Мана, кеча ўғлини поездга ўтқазиб, бугун хотиржам ўтирибди. Ҳали терим бошланмаган, бир-икки кун деҳқоннинг қўли бўш. Шу орада уйнинг у-бу юмушларини қилиб олмаса бўлмас. Ишни нимадан бошлашни ўйлаб, чойнакдаги чойни қайтараётувди, хотини шип-шип юриб келиб супанинг чеккасига чўкди.
— Вой, бу одамларни, — деди у супургисини чеккага қўя туриб, — қишлоқда десангиз дув-дув гап эмиш. Эмишки, Тошкентда сизнинг катта бир прописирми, олимми, танишингиз бор экан-у, Ўктамимизни ўша одам ўқишга жойлаб қўйганмиш. Ё тавба! Бола бечора ўқишга кираман деб эрта-кеч китобдан бош кўтармаганини ҳеч ким билмайди…
Деҳқонбой бу гапни эшитиб бир қалқиб тушди. “Ол-а, Деҳқонбой ўзи икки пуллик сувчи бўлса, прописирни қаердан танийди?”
— Кимнан эшитдинг буни? — у чойдан хўплаб хотинига тикилди.
— Қумри опадан, — Фотима қўли билан қўшнининг уйига ишора қилди, — кеча Назир қассобнинг тўйида Рўзим бўғолтирнинг аёли Норжон бир тўп хотинларнинг олдида айтганмиш. “Ҳозирги замонда боламни ўқитаман десанг ё пулинг ё катта танишинг бўлиши керак. Бўлмаса боланг минг аълога ўқисин — бир тийин. Деҳқонбой ака бало экан” дебди.
Ё қудратингдан! Бундай гап одамга намунча ёқмаса. Бу гапни кимсан катта бўғолтирнинг унча-мунча одамни назар-писанд қилмайдиган танноз хотини айтиб ўтирганидан кейин.
Деҳқонбойнинг эти қизиб, салгина илжайди. Сир бой бергиси келмади-да, хотинига менсимагандай қаради.
— Мен кетдим. Бир гузарни айланиб келаман. Бу гапни яна кимдир айтса ё сўраса, “Билмадим, Деҳқонбой акамнинг шунақа жўраси бор эди, шекилли” де. Хўпми?
Уйдан сал узоқлашгач, нияти ўзгарди. “Ке, қўй, гузарга чиқиб нима қиламан. Ҳарна бўлса-да уйнинг ишини қилай”.
У боғ этагидаги йўнғичқани ўраётиб хаёли ўғлига кетди. Ич-ичидан қувонди. Э, худога минг қатла шукур, мана, Ўктамжон эсон-омон ўқишга кириб олди. Камбағалнинг бахти шу-да. Бола пақир роса ғайрат қилди-да, ўзиям. Сигирга ўт ўргани кетаётиб ҳам қўлтиғига китоб қистириб оларди. Энди яхши ўқиб, ўқишини тамомлаб олса, Деҳқонбойнинг пешонаси ярқирайди.
Шиғ-шиғ ўроқ тортаркан, Норжоннинг гапини эслаб кулимсиради. “Ҳа, бойвучча хотин-а, Деҳқонбойнинг камбағалгина эканини биласан. Пулим йўқлиги маълум, ўғлим озиб-ёзиб ўқишга кирувди, дарров танишим борга чиқдим-қўйдим. Бу ёғини сўрасанг, қирқ олти ёшга чиқиб Деҳқонбой ҳали Тошкент деганини кўрмагану, унда таниш нима қилсин?”
Шуларни хаёлидан ўтказиб Деҳқонбой ўз-ўзидан ҳайратланди. “Эй, лекин чиндан ҳам танишим бўлганда нима бўларди-а? Роса мазза бўларди-ку. Ўғлинг, қизинг қийналмай ўқишга кириб кетаверса. Ора-сира қариндош-уруғ, қўни-қўшниларнинг болаларига ҳам сал қарашиб дегандай…”
Хом сут эмган банда-да, Деҳқонбой ўз ўйидан ўзи роҳатланди. Эҳ, ростданам таниши бўлганда қишлоқда кўкрак кериб, унча мунчани оғзига қаратиб юрармиди?
— Ҳой, отаси, не ердасиз?
Йўрғалаб келаётган Фотиманинг овози хаёлини бўлди. Хотини безовтароқ кўринди.
— Омонликми, не гап?
— Омонлик, сизни сўраб Рўзим бўғолтир келди. Супада ўтирибди…
Умрида уйига яқинлашмаган одам-а? Қўлидаги ўроқни чеккага ташлади-да, уст-бошини қоқиб ҳовлига юрди.
Рўзим бўғолтир худди сўрига бемалол ёнбошлаб олган, чағир кўзлари ҳовлига ўрлаган узум зангида эди. Деҳқонбойни кўрди-ю, чекаётган сигаретини ўчириб чаққонлик билан ўрнидан турди.
— Ассалому алайкум, Деҳқонбой ака, — қўлини узатаётиб хиринглаб кулди. — Бормисиз ака? Эсон-омонгинамисиз? Ўғилча ўқишга кирибди, бир оғиз индамайсиз-а? Индамасангиз индаманг, мана, чақирмасангиз ҳам зиёфатга келдим.
Деҳқонбойнинг кўзи кўрпача устида ётган қоғозга ўроғлик нарсага тушди. Рўзим билан сўрашар экан, миясини бир ўй пармалаб ўтди: “Уйда гўшт бормикин ўзи?”
— Аммо лекин зўр иш бўлибди, — ҳисобчи болишга янада бемалолроқ ёнбошлаб шанғиллашда давом этди, — Деҳқонбой аканинг ўғли ўтибди, деб эшитгач, жуда қувондим. Минг қилсаям, бир элнинг одамимиз-да ахир!
Бу орада Фотима дастурхон ёзди, бор-йўғини ўртага қўйди. Кимсан колхознинг ҳисобчиси келди-да! Деҳқонбой хотинининг пухталигига ичидан севиниб ўтирди.
— Хафа бўлмасангиз бир нарсани сўрайман, — деди ҳисобчи мезбонга кулимсираб, — сир бўлмаса айтинг, ўша домла билан қандай танишгансиз, ўзи?
— Қайси домла билан?
— Жуда муғомбир экансиз-эй, Деҳқонбой ака, сизни шундай деб ўйламовдим. Қайси домла бўларди, ўша Ўктамжонга ёрдам қилган домла-да!
Деҳқонбой бир муддат жим қолди. Нима десин. Танишим бор, ёрдам қилди деса, ўғлининг юзига оёқ қўйган бўлади. Умрида ёлғон гапирмаган. Йўқ, деса барибир ишонмаса керак, чунки булар ҳамма нарсани ўзининг қаричи билан ўлчаб ўрганган.
— Энди гапнинг рости, Рўзимбой ука, менинг унақа танишим йўқ. Мана ўтириш-туришим, — қўли билан ҳовлига ишора қилди.
— Оббо, — ялпайиб ётган ҳисобчи чордана қуриб ўтириб олди, — қўйинг шу гапни энди. Замоннинг боришини кўряпсиз-ку. Институт дегани колхўзнинг клуби эмаски, дуч келган ипирисқи кириб кетаверса. Ҳозир ё заринг бўлсин, ё зўринг! Сизнинг зўрингиз бор экан, қаддингизни уринг! — Рўзим сенда зар нима қилади, дегандай супадаги униқиб кетган эски полосга чимирилиб қараб қўйди.
Фотима икки косада райҳон иси уфуриб турган шўрвани дастурхонга қўйгач, суҳбат бир зум узилди. Рўзим бояги қоғозга ўроғлик нарсани очди. Ароқ экан.
— Шуни чатоқ қилибсиз-да, Рўзимбой, — Деҳқонбой астойдил ҳижолат тортди, — ароқ уйда бор эди-ку…
— Қани, — Рўзим унинг сўзини бўлди, — мана шу йигитчанинг ўқишга ўтганини бир ювайлик.
Ўз уйингда ичмай ўтириш уят, тағин бунақа нозик меҳмоннинг олдида. Деҳқонбой пиёласини бир кўтаришда бўшатди-да, овқатга қўл чўзди. Фотиманинг садағаси кетса арзийди. Шўрвани боплабди. Эриб кетдими, илкис ўрнидан туриб ичкаридан битта ароқ олиб чиқди. Ҳисобчи пишиллаб, овқатдан бош кўтарди. Мезбоннинг ўрнига ўзи пиёлаларга тўлатиб ароқ қуйиб, биттасини уй эгасига узатди. Кўзларини хиёл қисиб синовчан нигоҳ билан унга қаради.
— Ёрдамингиз керак, ака, — деди овозига ялинчоқ тус бериб, — мана ўғлингизнинг мушкули осон кўчибди, маладес. Худо хоҳласа, бизнинг болаям келаси йил мактабни тамомлайди. Ўқиши… ҳа, энди эл қатори. Ана шу ўғилчани ўқишга киритишга танишингиз ёрдам қилсин. Бир оғиз айтасиз, сўзингизни синдирмас.
“Эҳ-а, боядан бери ширин сўзлаб “ака-ака”лаб ўтиришининг сабаби бу ёқда экан-да”. Деҳқонбой негадир ич-ичидан ғурур, қувончга ўхшаган туйғуни ҳис этиб тамшанди. Лекин сир бой бермади.
— Шу гапни ким айтди ўзи? Ахир мен бир…
— Э-э-э, бу ёғини суриштириб нима қиласиз? — Рўзим яна шишага қўл чўзди. — Мен оддийгина деҳқон бўлсам, демоқчисиз-да. Англадимми? Қўйинг шуни, гап ундамас. Омадингизнинг келгани шу, танишингиз бор экан, кўмаклашибди, маладес, всё. Энди бизга ҳам бир акалик қилинг.
Рўзимнинг гапи хуш ёқдими ё ичган ароғининг таъсирими, ҳарқалай, Деҳқонбой алланечук ҳаволанди. Назарида ўзига ҳам чиндан таниши бордай туюлди. Олиб чиққан ароғини очиб ўзига озроқ, меҳмонга кўпроқ қуйди. Бу гал Рўзим манзиратни кутиб ҳам ўтирмай пиёласини бўшатди. Газак чайнаб туриб:
— Бу, Деҳқонбой ака, шоли-поли экасизми? — деб сўради.
— Йўғ-е, — рости бу савол мезбонга сал малол келгандай бўлди, — қишлоқ ҳар қарич ер ҳисобда-ю, менда шоли нима қилсин?
— Ташвишланманг, — ҳисобчи овозини сал баландлатди, — баҳорда йигирма сотих ер ўзингизники. Гапим гап. Шу, ака, менинг ҳам унча-мунчага гапим ўтмайди. Худо хоҳласа, менга ёрдам этсангиз, қуруқ қўймайман, ака.
Деҳқонбой бу гал ҳам эътироз билдирмоқчи эди, лекин гапи оғзида қолди.
— Қани, қуйинг, бугун ўзи ичадиган куним экан.
Алламаҳалда меҳмонни кузатиб уйга кираркан, Деҳқонбойнинг ҳийла кайфи ошган эди. “Ё тавба, сира гапиргани қўймади-я, энағарнинг бўғолтири, у десам бу деди, бу десам у деди, хуллас ёрдам берасизга чиқариб кетди. Кошки, ўша прописир Деҳқонбой қачон келар экан, деб қараб ўтирган бўлса”. Деҳқонбой бўлаётган ишлардан ҳайратга тушиб айвонда серрайиб туриб қолди. “Э, нима бўлса бўлар, айтдим-ку танишим йўқ деб”.
Томошанинг зўри шунда бошланди. Умрида Деҳқонбойнинг кўчасидан ўтмайдиган Рўзим ҳар гал учрашиб қолганда қўш-қўллаб саломлашадиган, бола-чақадан тортиб мол-ҳолгача қолдирмай сўрашадиган бўлди. Бир куни…
Деҳқонбой даладан барвақтроқ қайтса, ҳовлида ўттиз-қирқтача қовун, беш-олтита катта тарвуз уюлиб ётибди. Хотинининг оғзи қулоғида.
— Боягина Матюсуф тракторчи ташлаб кетди, — деди у эрининг ҳайрон бўлганлигини сезиб. — Рўзим бўғолтир Деҳқонбой акамга атайлаб бериб юборди, деди. Барака топсин, болаларнинг насибаси. Ҳай бўғолтир сиз билан нега мунақа қалин бўлиб қолди?
Деҳқонбойнинг пешонасига шу топда биров қулочкашлаб мушт туширгандай бўлди. Умрида ҳеч ҳис этмаган, номусдан ҳам кучли бир туйғуни туйди. — “Ҳов, Деҳқонбой, нима қиляпсан ўзи? Бўғолтир аммангнинг ўғлимидики, сенга бекорга қовун бериб юборса, ўликдан кафан таъма қилгандай, сендан ўғлини ўқишга киритишга ёрдам сўраяпти. Сен кимсан-ки…” Шунда уззу-кун китобдан бош кўтармайдиган ўғли Ўктамнинг рангпар юзи кўз олдига келиб ўз-ўзидан уялиб кетди. “Мен нима қилаяпман, ахир бу гапларни эшитса Ўктамжон не ҳолатга тушади?” Қишлоқда миш-миш тарқатган Норжон сатанг ҳам, чағир кўз Рўзим ҳисобчи ҳам кўзига балодай кўриниб кетди. “Ҳе, аттанг, ўшанда шартта-шартта “Қўй жўра мунақа гапингни”, деб айтсам бўларкан”.
У Фотиманинг ҳай-ҳайлашига қарамай қовун-тарвузларни қўшнининг эшак аравасига юклади-да, бир зумда Рўзимникига етиб борди. Серҳашам дарвоза олдида жиндай ҳаяллади. Сигарет бурқситиб эшикни очган ҳисобчи Деҳқонбойни, қовун-тарвузларни кўриб кўзлари олайди.
— Келинг ака, тинчликми? — у Деҳқонбойга бошдан-оёқ ҳайрат билан тикилди.
— Тинчлик, — Деҳқонбойнинг сал муддат овози чиқмай қиринди, — шу, қовунларингизни обкелдим.
— Ие, нимага, ахир мен болаларингизни есин деб…
— Йўқ! — Бу гал Деҳқонбойнинг овози шаҳд билан чиқди, — менинг болаларим қовун емайди. Кейин ука, ўғлим ўзи ўқиб ўзи ўқишга кирди. Менинг ҳеч қандай прописир танишим йўқ, билдингизми? Мабодо бўлган тақдирда-ям, мен унақа ҳаром савдога бош қўшмайман.
Ҳисобчи кирпини кўрган илондай бақрайиб қолди. Сигаретини жаҳл билан чеккага улоқтирди-да, тўнғиллади:
— Шуни олдинроқ айтмайсиз-ми? Ҳе садқаи одам…
— Ҳе, сендақа… — Деҳқонбой важоҳат билан бир қадам олдинга югурди-ю, шайтонга ҳай берди. Эшакнинг қоринбоғини ечиб аравани бўшатди-да, шартта изига қайтди. Руҳи алланечук енгил тортиб, умрида қўшиқ айтмаган одам ҳиргойи қила бошлади.