Собиржон Жумаев. Сўзбоши (ҳажвия)

Машҳур олим, ёзувчи, драматург, санъатшунос Шонли Номдор оппоқ қошлари ва оппоқ мўйлабларини силаб, кўз ўнгида деразанинг очиқ даричаси сари урилаётган тамаки дудига термулиб, қандай енгил сузаркин-а, деб хаёл билан ўтирган эди. У неларни хаёлидан ўтказаётган эди, бир ўзига ва Яратганга аён.
Шу вақт телефон жиринглаб қолди. Худди эшикка қисилиб қолган сичқондай бехос ва нохуш жиринглади стол устидаги бу матоҳ.
— Алло, — деди Шонли Номдор бутун аҳли қалам танийдиган овоз билан ўзига хос оҳангда.
— Домиллажон! — жўшқин сас келди у томондан, — Ассалому алайкум.
— Салом, — деди “домиллажон” бир қадар жиддийлик билан.
— Мен Ўлжаман, шоир. Сизга телефон қилишимни айтган эдим.
— Ие-ие, Олғир Ўлжа, иним, бормисиз, қўнғироғингизни минг йилдан бери кутаман-а, — домланинг чеҳраси ёришиб, тамаки тутган қўллари-да титрабгина кетди. Ҳаяжондан шундай бўлди, десак ҳам бўлади, лекин одам боласини ҳаяжондан бошқа титратадиган гаплар ҳам кўп-да, биродар.
— Раҳмат, домлажон, энди ишлар кўп денг. Ҳали қурилишимиз тугагани йўқ эди. Э, боре дедим-да ижодни кўр Ўлжа, деб сизга қўнғироқ қилавердим. Ҳа-ҳа.
— Яшанг, кўп яшанг, шоирим.
— Энди домлажон, сиз устозсиз, бутун бир авлоднинг устозисиз. Мен ва менинг авлодим ҳам сизнинг этагингиздан тушганмиз.
— Қўйинг-е, сиз асл талантсиз. Донолар демишларки, ниятнинг ташрифи ўзи — ижод, деб.
— Домлажон, раҳмат. Мен бир китоб чиқармоқчийдим, шу китобга тўрт йўлгина оқ йўл — сўзбоши битиб берсангиз. Шу кўнглим ҳур-ҳур кетади-да сизнинг доно сўзларингизга. Сиз билан тирикмиз-ку, устоз.
— Бе, шоирим! Азизим. Бу гапларни қўйсангиз-чи, — деди устоз ўзигагина маълум ва ёлғиз ўзи камтарлик деб ҳисоблайдиган қувлик билан, — сиз Олғир Ўлжасиз. Номингизни ярим дунё билади, Евроосиёда фақат сизни ўқишяпти ҳозир. Мана “Кўнгиллар тортишиши” мукофотини ҳам сиз олдингиз. Сизга сўзбоши ёзишга бизга йўл бўлсин.
Шонли Номдор шундай деркан, шогирддан гинахонлик оҳангидаги мақтовларни кутиб лунжига сув келди. Устоз телефон гўшагини эркалаб тутиб тутаркан, ўз тили билан айтганда бир поэтик сурурга тўлиб турарди.
— Устозим, улуғим!, — деди Олғир Ўлжа, — сиз Шонли Номдорга шак келтирманг асло. Асло шак келтирманг-ки, биз каби аҳли қалам шу зотнинг сиймоси ёруғида ўтмас қаламларимизни йўниб, ижод боғига йўл олганмиз.
Телефоннинг иккала томонидан ҳам баравар қаҳ-қаҳа янгради, гўшаклар кар бўлаёзди. Бу гаплар айтувчига ҳам, тингловчига ҳам бирдек ёққанди.
— Устоз, — давом этди Олғир Ўлжа, — сизнинг матн устида, матн ичида ва матн тагида ишлаш услубингиз бизни ҳамиша ҳайрон этган. Айниқса, сўз ўйинларини ўйнатиб юбориш мумкин, деган топилдиқ сўзларингиз ҳамон қулоғимиз тагида.
— Шоирим, сиз бешубҳа катта шоирсиз. Сиз шунчаки, хаёлкаш эмас, балки, жиддий матнчи ҳамсиз. Сизни биз асрашимиз керак. Мен сизнинг 29 та китобингизга сўзбоши, тақриз ёзганман. Бунча қўймадингиз, майли, ўттизинчи дурдонангизга ҳам сўз бита қолай. Бу юбилей сўзбоши бўлади.
Яна икки томондан қаттиқ кулгу кўтарилди ва бундан гўшаклар энди ростдан ҳам кар бўлиб қолдилар ва бу икки машҳури замоннинг сўзларини бошқа эшитмай қўйдилар. Қолган гапларни фақат ўзлари айтди, ўзлари эшитди.
— Раҳмат! Устозим, раҳмат! Улуғимсиз менинг! — Нурли Ўлжанинг салобатли сўзларидан ундовларнинг оёғи толиб кетди.
— Бўлмаса, қўлёзмани бериб юборасизми ёки аввалги китобдагидай…
— Энди, биласизми устоз, — деди Олғир Ўлжа, устози унинг бошини қашлаётганини тахмин қилди, — китобнинг номи “Достонда осмон” бўлади, камида беш юз бет бўлиши керак.
— Бир лаҳза шошманг, шоирим, китоб достондан иборатми?
— Йўқ. Шеърлар, шеър-ки ярқираган сатрлар. Бу аср лирикаси мезонларини белгилаб беради.
— Шубҳасиз, шоирим, шубҳасиз. Унда бир таклиф: китобнинг номини ундаги асарлардан келиб чиқиб, “Достонда осмон” эмас, “Осмонда достон” десак қандай бўларкин?
— Э, ўлманг, устоз! Сиз билан тирикмиз, дейман-ку мен.
— Раҳмат, шоирим! Сиз демак менга қўлёзмани етказасиз?
— Қўлёзма? Ҳа, қўлёзмами? Шеърларни ҳозир корректура учун Сўфий Ризога бергандим, денг, устоз. У ўзи ҳеч бир довруғи йўғ-у, лекин баракали бола-да, қурғур. Унга юз бет асар берсангиз бас, уч юз бет қилиб қайтаради. Сиз бемалол сўзбошини бошлайверсангиз бўлади.
— Яхши, тушунарли. Демак, китоб қачон чиқиши керак.
— Келгуси ҳафтанинг охирига. Тақдимоти ундан кейинги ҳафтада. Сизга янги ижод намуналаридан тўртгина қатор айтиб берсам.
— Балли, баракалла. Бутун вужудим қулоққа айланиб, сиёҳи қуримаган шоҳ сатрларни тинглашдан бахтиёрман.
— Ҳмм, иҳм, — гўшак қитирлади, —
Мен! Мени қидираяпман, ҳей сен,
Сен кимни қидирдинг, ҳей мен.
Йўлларнинг чорраҳасида дарахтдай
Турибман, қарамадинг сен…
— Оҳ! — деб юборди Шонли Номдор, бу сираям “дод” дегандаги аччиқ “оҳ” эмас, балки бир луқум тотли “оҳ” эди, — бўлди, келди, келаяпти. Мен сиз билан узиламан, шоирим, маъзур тутасиз мени. Қани қалам…
— Устоз, — деди гўшакдан Олғир Ўлжа унинг сўзини бўлиб, қачон оламан ё борайинми?
— Йўқ, йўқ асло! Мен сизнинг электронингизни (у электрон манзил демоқчи эди) биламан. Ўша-ми?
— Ўша: O“lja @(шербачча) нуқта…
— Тўхта! Бўлди эрталаб сўзбоши ўша манзилда бўлади. Хайр.
— Хайр.
Алоқа узилди. Шонли Номдор янги тамаки тутатди ва ростдан ҳам оқ қоғозга шириллатиб ёза кетди. Сўзбоши шундай бошланган эди:
Биз ҳамиша ёнимиздаги (ёнгинамиздаги!) даҳоларни кўрмай, билмай ғафлатда юрамиз…
Сўзбошининг давомини энди Олғир Ўлжанинг китобидан ўқийсиз, азиз ўқувчи. Китоб келгуси ҳафта нашрдан чиқади. Муҳаррир Сўфий Ризо! Адади — сонмингта.