Шокир Абдулазиз. Ҳожатбарор (ҳажвия)

— Қизи бор уйнинг дарвозасини шоҳ ҳам, гадо ҳам тақиллатаркан, ўргилай овсин, яхши ният билан қулчиликка келдик.
— Хуш келибсизлар, қадамларингизга ҳасанот, қани, ичкарига марҳамат…
Семиз баданларини янада бўрттириб турган тор атлас кўйлакли аёллар чўғдай гиламлар тўшалиб, янги кўрпачалар солинган, уларнинг келиши олдиндан маълумдай, дастурхон турли ноз-неъматлар билан тузаб қўйилган салқин хонага қадам қўйишди-ю, бир-бирларига сирли қош қоқишди. Уй эгаси опа-сингилдек бир-бирига жуда ўхшаш бу совчиларни қўли кўксида тавозе билан хушнуд қаршилади. Қуда бўлмишнинг илиқ муносабатини кўрган совчилар бири қўйиб бири олиб жиянларини мақтай кетишди.
— Замоннинг кажрафторлигини қаранг, овсин, нуфузли одамлар қизимни бераман, деб бизга совчи қўйдиришяпти. Биз ҳам анойилардан эмасмиз, уларни қўйиб сизникига келдик. Жиянимиз қизингизни телевизорда кўрган экан, айланай, олсам шу қизни оламан, олмасам ҳам оламан деб кўкрагини захга бериб ётипти. Шаҳарда ман-ман деганларнинг биттаси, ўргилай, ўзининг хусусий фирмаси бор.
— Топиш-тутишини айтмай қўя қолай, – гапни илиб кетди иккинчи совчи. — Пул унинг орқасидан қувиб юради. Шаҳардаги ҳамма одамларнинг иши унга тушса ҳам ўзи ниҳоятда камтар йигит.
— Исми жисмига монанд-да, фирмасининг номи ҳам “Хожатбарор”.
— Кечирасизлар, келганларинг учун раҳмат. Қиз бор уйга совчи келади. Бироқ қизимизнинг кўнгил қўйган йигити бор экан, шунга…
— Э, парво қилманг, овсин, қизлар ўзи шунақа бўлади. Мана, менинг ўзим ҳам биттасини куйдириб, жизғанагини чиқариб, бошқасига тегиб кетдим. Бинойидек яшаяпман, еганим олдимда, емаганим орқамда.
— Сиз шундай дейсиз-у, ҳозирги ёшлар севиб, севилиб турмуш қуришяпти. Уларнинг ҳам кўнглига қараш керак-да. Кўнгил қўйгани мактаб ўқитувчиси экан, муҳаббатлари жуда самимий. Қолаверса, дадаси ҳам энг яхши шогирдим, деб жуда ҳурмат қиладилар.
— Бе, ўқитувчингиз нимаси, бўйнига галстук тақиб, шляпа кийиб юргани билан топгани у ойдан бу ойга етмайди. Жияним, унинг бир ойда ишлаб топганини тушга қадар топади.
— Ҳа энди, гап топиш-тутишда эмас-да, ўргилайлар. Кечирасизлар, куёв бола ўзи нима иш билан шуғулланади, савдогарми?!
— Э, савдогар ҳам гапми, айтдим-ку, унга иши тушмаган одамнинг ўзи йўқ. Қорни оғриганки одам ўшанга югуради.
— Шифокорларми?
— Шифокор бўлмасаям, унинг олдидан ҳамма ўзини енгил тортиб чиқиб кетади, ўргилай.
— Олдига кириш учун ҳатто навбатга туришади, — гапни илиб кетди иккинчи совчи. — Бир ўзининг тўртта машинаси бор.
— Тушунмадим, устахонаси бор демоқчимисиз?
— Э, устахонани бошига урадими, жияним қўлини совуқ сувга урмай, ўтирган ерида пул топади. Чиқими йўқ, турган-битгани кирим. Дўпписи тушиб кетса, юз минг сўм бериб олдирадиган казо-казолар ҳам жиянимнинг олдига бўйнини қисиб келишади.
— Вой тавба, нима иш қилади ўзи?
— Пуллик ҳожатхонанинг хўжайини.