Ширин Собурова. Сурайё (ҳикоя)

Содиқ бугун димоғи чоғ кириб келди. “Тинчликми?” дея Сурайёнинг сўзсиз берган саволини нигоҳидан уқиб:
– Э, сўрама, нақ омадим чопди. Анови иккаламизни бирга хизмат сафарига жўнатадиган бўлишди. Йўл-йўлакай у ёқ-бу ёқдан гаплашиб кетдик. Тўғриси, менга бироз рўйхушлик бергандай бўлди, – деди тўлқинланиб.
Содиқ Сурайёнинг отасининг қишлоғидан, ўртоғининг ўғли. Шаҳарга ишлашга келган. Вақтинчалик уларникида яшаб турибди. Тез кунда апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Йигит кечқурунлари кун давомидаги қизиқарли воқеаларни Сурайёга кулиб гапириб берар, Сурайё эса ўқишидаги ҳангомалардан сўзларди. Бу яхшими ё ёмонми ҳали ўзи ҳам билмасди-ку, қиз йигитга тобора боғланиб қолаётганга ўхшарди.
Бир куни улар айвонда филм томоша қилишаётганди. Мазмунан бир-бирига монанд фимлардан бири эди. Йигит туйқус қиз томонга ўгирилиб:
– Сен-чи, қақилдоқ, ёқтирганинг борми? – дея сўраб қолди.
Қиз буни мендан атай сўраяпти, деган ўйга бориб, хиёл карашма билан кўз учида ерга боқди. Ўзига қолса, “ҳа, бор, бу ўзингиз” дегиси келди-ю, бироқ кўп қатори андиша унга ҳам бегона эмасди. Содиқ эса бошини сарак-сарак қилганича кулимсираб қўя қолди.
– Шу десанг ишхонада бир ажойиб қиз бор. Ўзи жуда аломат қизғу, фақат бироз димоғи бор-да, – деб ўзича маслаҳат сўраган бўлди Содиқ бир куни..
Шу фурсатдан бошлаб Сурайёнинг ичига ит тушиб олиб тирнаётгандай бўлди. Энди у Содиқнинг ишхонасини ҳам, ўзи танимайдиган ўша қизни ҳам ёмон кўриб қолди. Бу ҳақда унутай ҳам деганди, Содиқ қиз ҳақида яна гапириб қолди. Дарди жиддийга ўхшайди.
“Ўзи шу Содиқ деганлари қаёқдан ҳам пайдо бўлди, – ўйларди қиз, – тинчгина юрувди, унинг хаёлларини тўзитиб қўйиб, ўзи не орзуларда юрибди”.
Сурайёга биргина тасалли берадиган нарса ўша димоғдор қизнинг Содиққа бепарволиги эди. Мана энди бугунга келиб “рўйхушлик берди” деб ўтирибди. Қачон бундай аҳволга тушиб қолганини Сурайёнинг ўзи ҳам сезмай қолди. Баъзан ишхонасидаги қиз ҳақида сўз очиб қолса Сурайё Содиқнинг ўзи ҳам бу ердан даф бўлишини истаб қолар, аммо усиз кунлари қандай кечишини энди тасаввур ҳам қилолмасди.
Билса, қизнинг номи Ойхон экан. Содиқ уни “Ой” деб аташи Сурайёнинг қанчалик ғашига тегишини йигит қаёқдан билсин. “Ҳа, энди у киши “ой” бўлсалар, биз бор-йўғи “юлдуз” эканмиз-да, нима мен шунчалик кўз илғамас аҳволдаманми?” – дерди қиз хуноби ошиб. Ундай деса ўзига сўз қотиб юрган йигитлар ҳам талайгина. Э, бу кўнгил синоатларини англаш ҳам мушкул иш экан-да.
Содиқ эрталаблари ишга Сурайёдан сал олдинроқ жўнарди. Бир куни у кетатуриб қиздан “менга омад тила” деб қолди. Ўзи шу кунларда Сурайёнинг ундан жаҳли чиқиб юрувди.
“Нима, бирон танловда қатнашмоқчимисиз?”, дея сўради ачитиб.
“Йўқ. Ой билан гаплашмоқчиман”, деди йигит жиддий тортиб.
Бу Ой деганлари ҳадеганда у билан гаплаша қолмади, буниси ҳам ундан тона қолмади. Ҳаммаси роса чўзилиб кетди ўзиям.
Содиқ ҳар куни эрталаб ишига кетатуриб эшик олдида жилмайганича Сурайё билан “кечқурунгача” дея хайрлашар, ҳар иккисининг ҳам дарди бир хил эса-да, бир-бирларига қарама-қарши эди. Сурайё энди йигитнинг оғзини пойламай қўйди, шунинг баробарида ундан буткул кўнгил ҳам узолмади. Кунлар эса шу зайлда бир-бирларини қувлаб ўтавердилар.
Содиқ туйқус кўчадан юраги ҳапқириб кириб келди.
– Нима гап? – сўради қиз ҳам таажжуб, ҳам хавотир аралаш.
– У рози, рози бўлди, – деди Содиқ оғзининг таноби қочиб шошганича, гўё тез айтиб улгурмаса ҳаммаси саробга дўнадигандай.
Сурайёнинг устидан биров бир челак совуқ сув қуйгандай бўлди. Аҳволини яшириш учун орқа ўгириб бир юмушга уннамоқчидай кета бошлади. Анови эса ортидан эргашиб тинмай жаврарди, қувончини баҳам кўришга топган одамини-чи.
– Эшитяпсанми? – бетоқат бўлиб сўради охири Содиқ.
– Хурсандман, – деди қиз зўрға тили калимага келиб.
– Кайфиятинг йўқроғми?.. Ҳечқиси йўқ, бу ёғи тўй, бир яйрайсан-да, а…
Яна алланималар дедики, қизнинг қулоғига кирмади. Намунча гўл бўлмаса бу йигит. Аҳволини наҳотки кўрмаётган бўлса. Ҳали тўйда ҳам қатнашиши керакми? Қиз ерга кирибми, осмонга учибми, хуллас, йўқ бўлиб қолгиси келди.
Шу маҳал жонига оро кириб, кўча бетига кўлоб¬латиб сув сепаётган укасининг дарвоза олдида туриб:
– Опа, – деб чақиргани эшитилди.
– Ҳа, мана, кетяпман, – деди қиз унга жавобан.
Содиқ яна гапга тутинди:
– Шанба кунига онамларни айтиб қўйдим, бу ёғини ўзинг тўғрилаб юборасан-да, хўп, Сурайё.
Қиз илкис тўхтади. Буткул аъзои бадани бўйлаб аллақандай ёқимли бир илиқлик югуриб ўтгандай бўлди. Сўнг Содиқ томонга енгил табассум билан кўз ташлади.
– А?