Ўша йили қиш жуда совуқ келди. Тоғда овқат топа олмаган бўри ва тулкилар қишлоқларга тушиб товуқ, қўй-қўзиларга ҳужум қилаётганлиги ҳақида узунқулоқ гаплар тарқалган бир пайтлар эди. Бувим мени еру-кўкка ишонмас, қаерга борса бирга олиб кетардилар.
Бир куни бувим Булунғур туманидаги қариндошларникига борадиган бўлиб қолдилар. Онамнинг: “Кун совуқ, қол”, — деб қисташига қарамасдан, мен ҳам бувим билан бирга кетдим.
Меҳмондорчиликдан сўнг қайтишимизда қариндошлар бизни катта йўлдан (Самарқанд — Тошкент йўли) автобусга ўтқазиб юборишди. Анча йўл юриб бир жойга келганимизда бувим шофёрга автобусни тўхтатишни сўраб, тушамиз дедилар. Кеч кириб, қоронғу туша бошлаган, атроф туман. Бувим автобусдан тушганимиздан сўнг атрофга қараб, “туманда адашдик, шекилли”, дедилар ва катта тош йўл бўйлаб автобус кетган томонга қараб юра бошладик.
Узоқда ғира-шира чироқ шу`ласига ўхшаш нарсалар кўринар, ерда эса оппоқ қор, кун совуқ ва изғирин, атроф туман эди. Борган сайин туман қалинлашиб, қоронғулик кучая бошлади.
Йўлнинг бир томонида сийрак дарахтлар, иккинчи томонида эса оппоқ қорли далалар кўзга ташланади. Туман жуда қалинлашиб, оппоқ далалар ҳам, узоқдаги чироқ шу`ласи ҳам кўринмай қолди. Лекин, ҳамма ёқда оппоқ қор бўлгани учун қоронғулик унчалик сезилмас эди. Оёқ остидаги қорнинг ғарч-ғурчи ва ҳар замонда ўтган машиналарнинг товушини ҳисобга олмаганда, жимжитлик ҳукмрон. Бувимнинг ёнида кетар эканман, янги қизил этикчаларим билан қорни қаттиқ-қаттиқ босаман бувимники каби ғарчи эшитилсин, деб. Лекин, жуда секин эшитилди. Жуда хушчақчақ, ҳар дамда хохолаб куладиган, юзидан доим нур ёғилиб турадиган бувимни шу топда таниёлмас эдим. Бувим ғамгин бўлиб қолган ва нимадандир хавотирда эдилар. Менинг қадамларим секинлашганини кўриб орқасига опичлаб, чопонининг этагини икки томондан қайириб, оёқларимни ўраб қўйди. Бувим йўлдан ҳар замонда визиллаб ўтаётган машиналарга қўлини кўтарарди, лекин улар тўхтамас эди.
— Бувижон, улар бизни туманда кўрмаяптими? — дейман, тўхтамаган машиналарнинг ортидан қараб.
— Ҳа, — дейди бувим, — кўрмади.
— Буви, қачон етамиз, уйқим келяпти.
Бувим қадамларини янада тезлаштириб:
— Ухлама болам, ҳозир етамиз, — дейди.
Бувимнинг маҳси-калиши тагидан эшитилган қорнинг бир маромда ғарч-ғурчи ва қайсидир қўшиқни хиргойи қилиб кетиши менга ёқиб, аллалаётган эди.
— Бувижон, қўшиқ айтиб беринг, “қўлида ликопчаси”ни айтинг, — дейман.
— Хўп, — дейди бувим секингина.
— Қўлида ликопчаси, кўзида ёши, Беглархон, дўстлархон онанг айлансун…
Бир вақт бувимнинг овози титраб кетди ва мени янада маҳкамроқ қучиб олди.
— Бувижон, нега овозингиз титраяпти?
— Совқотдим шекилли болам, сен совқотмадингми?
— Йўқ, — дейман, бироз совқотган бўлсам ҳам.
Оппоқ қор билан қопланган, фақат машиналар изигина билиниб турган тош йўлга қарасам, қон излари ва чуваланган тери парчаларига ўхшаш нарсалар ётибди.
— Буви, бу нима? Қонми? — дейман қўрқиб.
— Қарама, — дейди бувим янада қадамини тезлатиб.
— Ниманинг қони, буви?
— Мушукники, машина уриб кетган бўлса керак, — дейди бувим ноилож.
Бир вақт йўлнинг нариги чеккасида қалин туман ичидан иккита, йўқ тўртта ва ундан-да кўпроқ ёнаётган кўзлар кўрина бошлади, улар биз билан баравар юрар, бизни та`қиб қилар эди.
— Буви, қаранг, ана йўлнинг у четида, туманнинг орасида.
Уйда ҳам мушукчамнинг кўзи кечаси қоронғуда шундай ёнишини кўрган эдим.
Бувим тўхтамас, қадамини тезлатар ва бир қўли билан тирсагига илиб олган тугундан менинг темир крушкам билан қошиғимни олиб қўлимга тутқазди ҳамда тақиллатиб юришимни сўради.
Мен бунинг нима учун кераклигини билмасам-да, кўзи ёнаётган мушуклардан қўрққаним учун сўрамадим. Крушкамни бувим ва мен ўртамизда жойлаштирдим. Бир қўлим билан бувим елкасидан маҳкам қучиб, бир қўлимдаги қошиқни темир крушкага тақиллатиб ура бошладим. Бувим эса йиғига ўхшаш бир оҳангда хиргойи қилар, овози ва елкалари титрар эди.
Бироздан сўнг қўрқибгина йўлнинг нариги четига қарасам, ёнаётган кўзлар анча орқада қолаяпти. Олдинда бир нечта ёруғлик шу`ласи кўринди ва итларнинг ҳургани эшитилди. Бувимнинг қадамлари бироз секинлашди.
— Бувижон, мушуклар орқада қолди, — дейман хурсанд бўлиб.
— Ҳа, — дейди бувим, — энди крушкангни тақиллатма, етиб келдик.
Бувим йўл чеккасидан сал ичкарироқдаги бир уйга қараб юрди. Дарвоза олдидаги итлар важоҳат билан ҳуркиб турган бўлса-да, бувим қўрқмади.
Шу чоқ ичкаридан бир киши чиқиб, итларни ҳайдади ва бувим билан кўришиб, бизни уйга бошлади.
— Кечаси товуқларни тулки, бўрилар еб кетяпти, шунинг учун итларни бўш қўйган эдик, — дея амаки хижолат тортди.
— Хижолат бўлма ойна, шунчалик етиб келганимизга шукр, — деди бувим (одатда бувим ўзидан кичик ёшдаги қариндошлар билан “ойна”, “чироқ”, деб муомала қилар эдилар).
Яхшигул холам печкага олов ёқди, мендан айланиб, ўргилиб дарҳол чой ва егулик овқатлар тайёрлади.
Бувим уларга туманда адашиб автобусдан анча олдин тушиб қўйганини ва йўлда бўриларга дуч келганимизни айтдилар.
Улар Оллоҳга қайта-қайта шукроналар айтиб, неварагинамни соғ-саломат олиб келганимдан хурсандман, дедилар.
Овқатдан сўнг бувим холамлар билан чой устида суҳбатлашиб ўтиришди, мен эса ухлаб қолдим. Эрталаб уйимизга машинада етиб олдик ва онамга бўрилардан қандай қутилганимизни айтиб мақтандим. Бувим эса йиғладилар…