Омонулло Абдусаломов. Пушаймон (ҳикоя)

Дарсга қўнғироқ чалинди. 6 “Г” синф ўқувчилари мактаб устахонасига киришди. Меҳнат таълими ўқитувчиси Умрзоқ ака Саидов болаларга топшириқ бериб қаёққадир чиқиб кетди. Шундан сўнг Ботир эшик орасидан мўралаб: “Хайрият, домла кетяпти”, — дея ич-ичидан суюнди.
Болалар ишга берилиб кетишди. Бири тахта рандалаб нимадир ясамоқчи, яна бири темир эговлаган, қолганлари эса турли ишлар билан банд. Станокни ўраб олган болалар алланимани муҳокама қилишарди.
Ботирнинг ғаши келди: “Улар жинни-пинними ўзи? Намунча жон куйдириб ишламаса. Аҳмоқлар! Ундан кўра футбол ўйнасаларинг ўласанларми? Барибир ўша “3” баҳони қўйиб беришади-да. Ҳе, лаппашанглар! Хў-ўш, мен ҳозир нима қилсам экан-а? Стадионга чиқиб футбол ўйнасаммикан? Агарда бирортаси учраб қолса “Ўқитувчимиз йўқ” деб баҳона қилиб қўяқоламан-да”.
Шу ўй билан Ботир эшикни чап биқинидаги крандан сув ичаркан, девордаги дори-дармон солинган махсус қутичага кўзи тушди. Гўё унга иш топилгандай севиниб секингина сумкачани очди. Аввал атрофга аланглади-да, яримлаб қолган дорини тўкиб, шишага сув қуйди. Дарҳол сумканинг оғзини беркитди. Энди жуфтакни ростламоқчи бўлган эди, бироқ улгуролмади. Чунки, устахона йўлагида домла келарди. Ботир устахонага кириб аллақандай тахтани аралай бошлади. Ҳеч қанча вақт ўтмай, арра тасодифан изидан чиқиб, чап қўлининг бош бармоғини кесиб олгани сезилди. “Уҳ” деганча ўнг қўли билан маҳкам қисиб олди.
Умрзоқ ака юз берган ҳодисани тушуниб чаққонлик билан қути томон югурди. Аммо зарур дори-дармон ўрнида сув тўла шишани кўриб ҳафсаласи пир бўлди. “Қайси аҳмоқнинг иши бу?”
Муаллим болаларга қаради.
Ботир оғриққа чидаёлмай ҳўнграб йиғлагиси келса-да, аммо сир бой бермаслик учун тишини-тишига қўйди.
— Солиэвни тезлик билан медпунктга олиб бориш керак, — деди ўқитувчи ҳаяжонланиб. — Кетдик болалар.
Ўқувчиларнинг ярмиси муаллимга эргашди. Улар тахминан бир километрча юришди чоғи. Етгунларича Ботирнинг бўлари-бўлди.
— Ахир мактабда биринчи ёрдам учун махсус қутича бор эди-ку? — деди ҳамшира қошларини чимириб, — нега дарров дорилаб боғлаб қўймадингиз? Мана, анча қон йўқотибди.
— Қайсидир виждонсиз дорини тўкиб, ўрнига сув қуйибди, — деди муаллим бўғриқиб.
Ботирнинг кўзларига беихтиёр ёш қалқди. Бу оғриқданми, уятданми, ҳеч ким билмасди.