Нурмамат Алмуродов. Калта иштон (ҳажвия)

Якшанба куни Тожибой билан Қирмизигул ўзларининг “Нексия”сида Чуқурсой кўлига отланишди. Улар бу кунни узоқ кутишган эди. Айниқса, Қирмизигул эри чўмилишдан гап очди дегунча, юрагида шубҳа-гумонга ўхшаш туйғу ғимирлаб, ўзини қўйгани жой тополмас эди. Энди барига нуқта қўяди. Қани кўрсин-чи, эрининг атрофида кимлар жилпанглаб, гирди капалак бўларкан?
Улар йўлда жим кетишди. Тожибой хотинининг сирли-сирли қараб қўйганини пайқамади. Кўлга етиб келишгач, Тожибой апил-тапил ечина бошлади. Шимини тиззасигача туширди-ю, негадир чўчиб яна кийиб олди.
Уни кузатиб турган Қирмизигул:
— Ҳа, нима бўлди? — деди ҳайрон бўлиб. — Нега юзингиз шолғомдек қизариб кетди?
Тожибой табиатан уятчан одам эди. Хотинининг қочириғидан баттар қизариб-бўзариб:
— Иштоним йиртиқ экан… — деди атрофга аланглаб. — Чўмила олмайман, уяламан. Тур, кетдик бу ердан.
— Нуқул шу кўк иштонга ёпишиб оласиз, — танбеҳ берди хотини. — Кияман десангиз бошқаси ҳам бор-ку!
Қирмизигул эрининг йиртиқ иштонига кўзи тушиб тиржайди.
— Ҳув анови, баданини офтобга тоблаб ётган қиз-жувонлар уялсин. Нега энди эркак бўлиб сиз уяларкансиз?
— Эсинг жойидами сенинг, уяламан деяпман, кетдик.
“Ҳа, демак эркакларнинг йиртиқ калта иштонда юргани тузук экан. Шунда аёлларга шилқимлик қилмай, бир чақирим наридан ўтишади”, деган хулосага келди Қирмизигул.
Сўнг:
— Йиртиқ бўлса нима қипти, дадаси, — дея эрини чўмилишга даъват этди. — Қани бўлинг. Тез сувга тушинг, ким кўриб ўтирибди. Бир калла ташланг-чи!..
— Вой, эси паст. Минг қилса ҳам хотинлигингга бораркансан-да, нима қилибди дейди-я. Эринг кичкина одамми, нодон. Кимсан — банк бошқарувчиси бўлса! Таниш-билишлар кўриб қолса, ким деган одам бўламан?
— Ўша таниш-билиш деганингиз мабодо ҳув ана у, боядан бери сиздан кўзини узмай турган танноз эмасмикан?
— Ростданми? Қани, кўрмаяпман-ку?!. Тез чиқ мошинага, кетдик.
— Қирмизигул минг қистагани билан, барибир, Тожибой чўмилмади. Улар мошинада тезда ортга қайтишди. Қирмизигул ўзида йўқ хурсанд. Мана, ниҳоят чорасини топди! Энди эри уни туни билан пойлатиб, йўлига кўз тиктириб бўпти!
Бу “кашфиёт”идан кўнгли таскин топган Қирмизигул уйига келиши биланоқ эрининг иштонларини топиб, сездирмасдан йиртиб чиқди. Энди бегона аёлларнинг ёнига йўлаб кўрсин-чи!
У “кашфиёт”ини ўзидек рашк азобини тортиб юрган сирдош дугоналари — Сарагулга ҳам, Кларага ҳам, Мунавварга ҳам ўргатади. Майли, нима қилса ихтиёри ўзида. Айтинг-айтинг, эркакларнинг бахтига Қирмизигулнинг “кашфиёт”и оммалашиб кетмасин-да.
У эрининг йиртиқ иштонларини беркитиб, “урра” қочганини тасаввур қилиб кулди. Радиодан таралаётган шўх куйга ўйинга тушиб кетди.
Эрталаб кийинишга чоғланган Тожибой:
— Нима бало, нега бу иштонларнинг ҳаммаси йиртиқ! — бақирди ошхонада нонушта ҳозирлаётган хотинига. — Тикиб қўйсанг бўлмайдими?
— Савил қолгур, қирқинчи ип ҳам йўқ эди, — жаврай кетди хотини, — борига шукур қилиб кийиб кетавермайсизми? Сизга чармдан тикиб берса ҳам чидамайди-ку?!.
Тожибой хотинининг авзойига қараб шаштидан тушди. У билан тортишиш бефойда, сўзини ўтказаман деса, ўзига қийин. Ҳозир йўқни йўндирасиз, деб икки оёғини бир этикка тиқса, иложи қанча. “Шимимнинг ичидаги иштонни биров кўриб ўтирибдими?”
Тожибой шу хаёллар билан аламини ичига ютиб кийинди-да, ишга жўнаб қолди.
Кўпдан бери рашк оловида қовурилиб юрган Қирмизигул эса Тожибойни кузатиб қолар экан, илк бора хотиржам нафас олди. Ўзининг уддабуронлигидан севиниб, беихтиёр хиргойи қила бошлади…