Моҳира бугун ҳам шу қарор билан уйқудан уйғонди: бўлди, бугундан қолдирмайман. Шу ўй бир ҳафтаки бошидан чиқмайди, қадалиб келаверади. Туновги тушига ҳам оралагандай бўлди-ёв, адашмаса. Қўлида оппоқ тухум, ёриш учун зўр бериб сиқармиш, ёрилмасмиш. Уйғониб қўрқиб кетганди, мана оқибати, тиламаса ҳам яна иккиқат бўлиб ўтирибди. Бошқа болаларини ҳам шу алфозда, инқиллаб-синқиллаб, укол-дори қила-қила минг қаттиқчиликда туғиб олганди. Тавба, укаси тўққиз йил бўлди, биргина тирноққа зор, сўрамаганга эса қаторлатиб беравераркан. “Ҳозир менга зарилмиди шу…” Хаёлнинг боши-кети йўқ, у оғир хўрсинди, ўрнига туриб ўтириб болаларининг елкасига кўрпа тортди. Эри бир гапни тутиб олган: туғасан, вассалом. Илгари энг ширин тасалли китоб эди. Энди китоб-питобга қарагиси келмайди, қаёқдаги оғир ўйларга ботиб ўтиргани-ўтирган.
Унга туғиш-у катта қилиш чўт эмас, фақат бошқоронғиликдан қўрқади. Уч-тўрт ой ердамисан-кўкдамисан, ўзинг билолмай аллатаҳсин юраверасан. Кони азоб. Бўлмаса, жуссасидан от ҳуркади. Овсини миттигина. Таксикоз-паксикоз демасдан беш болани дўмбиллатиб туғиб ташлади.
— Ботир бир ёш, тебратиб ўтирсам, қорнимда бир нарса қимирлаяпти. Қўрқиб кетдим. Дўхтирга борсам “болангиз беш ойлик бўпти…” дейишади. Вой, ўлмайин, шунгача ғофил юраверибман, кўнглим суст кетмабдиям…
Қай бир куни овсинлар гурунгида ўтириб унинг шу гапларига астойдил ҳаваси келганди. Бу дард жонини зулукдай сўрмасайди, чидарди, эҳтимол Худо ўғлига қўшалоқ яна бир ўғил бериб турган бўлса-чи…
* * *
Сигир соғиб келаётганди. Моҳирани беҳоллик босди, бир фурсатда атроф қоронғилашди. Кўнгли озиб, ариқ ёқасига чўнқайди. Ўқчий бошлади. Ичаклари буралиб-буралиб кетди. Катта қизи Раъно учиб келиб ёрдам бермаганда, уйгача юриб келолмасди ҳам. Ўқтин-ўқтин қўзғаладиган бу дард хуруж бошласа жони тўкилиб кетгандек бўлади. Бирор егуликка қарагиси ҳам келмаса-да, тавба, фақат егулик ҳақида ўйлайди. Бировнинг оғзидан эшитган нарсага суст кетади кўнгли. Айниқса… тарвузни коса қилиб нон тўғраб ейиш… қулт ютиниб қўйди, соқол қиртишлаётган эрига яна тарвуз ҳақида гапиргиси келди. “Йўқ, ҳеч қаерда йўқ. Кўкламда тарвуз қоладими…”.
Эри тезроқ ишга кетишини пойлади. Ичкарима-ичкари юриб мунча судралмаса. Тезроқ кетсайди, орқама-орқа чиқиб бориб келарди ўша туғруқхонага, қутуларди-қўярди. Изма-из эргашса-чи, унда нима қилади. Зимдан разм солиб ўтириб, эридаги хотиржамликни илғади, лекин нима учун, сирига етолмади буни. Олдирмайсан, деб бошига жанжал кийиб олган эрига сира ўхшамаганига қараганда тақдирга тан берган кўринади.
* * *
Эри чиқиб кетгач, анчагина ўйланиб ётди-ётди-да, сўнг тез-тез кийина бошлади. Неча кунки туз тотгани йўқ, оч-наҳор. Дард забтига олганида шўр қуртни оғзига солади. Тикланиб бориб келишга ҳам куч керак, жон керак. Қизи пиширган аталадан ярим пиёлани истамай, зўр-базўр ичди. Йўлга чиққанида вақт пешин бўлай деб қолганди. Бор вужудини яна беҳоллик қуршади. Жонига кимдир яна буров солиб қийнай бошлади. Бот-бот бураб олиб, кейин бироз раҳм қилгиси келадими, аста қўйиб юборади. Бу вой-войлайдиган оғриқмас, бошқача азоб. Овсинининг гапи-чи, уч ой ғириллаб ўтиб кетади эмиш. Тонг отса, кун ботмайди-ку. Вақтнинг оёғи синиб қолганга ўхшаб осмондаги қуёш ҳам силжимай, тингилиб тураверади. Уч ой ариқмаски, бир ҳатлаб нариги юзига ўтиб оладиган.
Туғруқхона — азобхона. Яқинлаб келаётиб бирдан юраги шувиллаб кетди. Эшитганди, олдириш туғишдан икки ҳисса қийин эмиш. Ҳозирги азобичи, енгилми. Демак, икки ўн беш — бир ўттиз. Узун йўлаклардан ичкариларкан, чидамини чархлаб, қандайдир дуоларни пичирлаб борди. Сўраб-сўраб айтилган эшикка яқинлади. Жимжитликданми, ичкарига дадил бош суқди. Бир ҳамшира аёл талай дафтарларни олдига уйиб ташлаб, варақлаб ўтирарди. Саломлашишди. Ҳамширанинг кўзларида нимадир иссиқ порлаб кўринар, қиёфасидан анчадан бери кимнидир кутиб ўтирганга ўхшарди. Ўзига юзланиб турган чеҳра Моҳирага жуда таниш туюлди, муддаосини айтар экан, хаёлида нуқул ундаги яқинлик сабабини ўйларди. Ўйлаш асносида ғайриихтиёрий ичидаги борини тўкиб солди, у Моҳиранинг гапини бутун вужуди билан, ҳатто киприк қоқмасдан туриб эшитишга эшитди-ю, индамай ўрнидан туриб кетди. Нимагадир безовта кўринарди.
— Кеч қолдингиз-ку. Дўхтир абортларни тугатиб, ҳозиргина операцияга кириб кетди.
— Қанча керак бўлса кутаман, бугун олдирмасам бўлмайди.
— Сингилжон, шунча керакми олдириш. Қанақа азоблигини биласизми? Жонингизни суғуриб олгандай бўлади. Ҳалиям ниятингиздан қайтинг.
— Опажон, аҳволимни билмай гапиряпсиз. Менга осонтутманг.
— Нега билмас эканман, биламан.
— Билмайсиз, опажон. Туғишдан қўрқмайман. Мени токсикоз қийнаб ташлайди. Уч ой еган-ичганим ўзимга ботмайди, ҳозир ишонасизми, кўнглим ўлгур тарвуз тусаб турибди. Бу отинг ўчгур отлиққа топилмайди.
— Изласа топилади, сингилжон. Менам суриштираман, сўроқлайман, фақат сиз ниятингиздан қайтинг.
— Опажон, тушунмаяпман. Нега мунча ташвишимни чекяпсиз? Мени биринчи кўриб турган бўлсангиз. Ҳар куни нечта аёл аборт қилдириб кетади, кўравериб дийдангиз қотиб кетмаганми?
Аёл нима деярини, қандай изоҳ беришни билмагандай, бир пас жим қолди. Моҳира овозини пастлатиб, аёлга оғир ботмайдиган оҳангда давом этди.
— Жонкуярлигингиз учун раҳмат, лекин мени қўйинг, қутилай шу балодан. Майли, бир соат, ярим соат азоб есам-ерман, чидайман.
Ёнидаги ҳамшира Моҳирага жуда таниш меҳрли бир нигоҳ билан тикилиб қолди-да, оҳиста деди.
— Ўғил-қизларингиз бор-а?
— Бир ўғил, икки қизим бор.
— Ўша гўдакларингиз шукронасига яна битта туғсангиз, ортиқчалик қилмас, ўғлим битта деяпсиз. Балки ўғил туғарсиз, ўғлингиз ёлғизман деб ўксиб юрмайди. Қолаверса, асранишни билмабсизми, энди чиданг, уволидан қўрқинг, болам… синглим…
Моҳира “болам” деган сўздан титраб кетди. Ахир, бу қайнонасининг овози эди, таниш туюлган нигоҳлар ҳам айнан қайнонасиники…
Одам “йўқ” деёлмайдиган ҳолатлар бўлади. Ўзи ҳарчанд истамаса ҳам майли, деб юборади. Моҳира ҳозир шундай ҳолатда эди. У ихтиёрини қўлдан берди. Қаршисида нотаниш ҳамшира аёлмас, қайнонаси тургандай, унинг иродасига сўзсиз бўйсунди.
Кўчага чиқиб биринчи ўйлагани ҳамширанинг нега бу қадар ялинганию, ўзининг эрталабки шаштидан қандай осон қайтгани бўлди. Тавба, тавба, зумда одам ўзини танимай қолса бўларкан-да… Майли, туғилса туғила қолсин, шу бола. Чидайди, бошқоронғидан ҳеч ким ўлмаган. Тарвузнинг хуморини музқаймоқ босар, бир каромати бордирки, олдиришга ҳамма норози. Жонини гаровга қўйиб туғиб олса… У ҳали туғилмаган боласини ўйлаб тасаввури ёришди. Ўзи тополмай юрган буюмини худди топиб бергандек ҳамширадан миннатдор ҳам эди.
Шу маҳал телефон жиринглаб қолди. Эри йўқлаётганди.
— Тезроқ уйга кел, тарвуз олиб келдим сенга. Бир танишимнинг иссиқхонасидан зўрға топилди ўзиям…
— Кетяпман, кетяпман…— Моҳира тез-тез, тутила-тутила жавоб берди.
— Қаердасан, олисдамисан? — эри эрталабкидек хотиржам гапирарди. Уч кун бурунги хавотир йўқ эди овозида.
— …
— Бугун раҳматли онам тушимга кирибди. Тарвуз топишимни буюрди. Хавотир бўлма, мен борман-ку, дейди. Сен учун онам ҳам безовта юрибди, Моҳи…
— Мен эса ўнгимда кўрдим онангизни. Шу бугун, ҳозиргина… қолганини уйда гапириб бераман.
Моҳира телефонни ўчириб улгурмай, ёнига такси келиб тўхтади. Унинг ёнида бир зумгина тўхтаб олди-да, яна бамайлихотир машиналар дарёсига қўшилиб кетди.