Чол қишлоқ чеккасидаги чоғроққина ҳовлида ёлғиз кампири билан яшарди. Бувимнинг айтишича, улар қишлоғимизга “мусофир” экан. Лекин қачон ва қаердан келиб қолишгани ҳанузгача менга қоронғу. Ҳар ҳолда, эсимни таниганимдан буён улар шу ерда эди.
Тундлигиданми ёки тўй-ҳашамларга кам аралашганиданми, чол одамлар назаридан четда қолганди. Уйларида бирон — бир маърака қилинганини эслолмайман. Чолнинг тўйи ҳам, фарзанди, ошна-оғайниси ҳам ўз чорбоғи эди. Негаки бу боғ кичкина “жаннат” эди. Боғда эртапишар гилосдан тортиб, мазаси болни доғда қолдирадиган зарғалдоқ шафтоли-ю қримнинг тил ёрар олмаси, ноёб қора анжир, таъмини кўпчилик унутиб юборган нашватигача пишиб ётар, бу ерга мазахўрак чуғурчуқлар каби биз ҳам кеч кузгача парвона бўлардик.
Кампир чолнинг бутунлай тескариси: серҳаракат, жиккаккина, раҳмдил аёл эди. Бу аёлни бутун маҳалла яхши кўрарди, чунки у одамлар орасида табиблиги билан анчагина машҳур эди-да. Қайси ўсимлик қандай дардга даво эканлигини яхши биларди…
Бир марта, етти ёшларда бўлсам керак, чечак билан қаттиқ оғридим, ҳатто кўзим юмилиб қолди. Ойим йиғлаб бориб, шу кампирни бошлаб чиқдилар.
— Вой, ўзимнинг полвон болам-ку бу. Мен атайлаб бир қултум сув олиб келдим, шуни ичса Алпомишдай бўлиб кетади, кўзи кундузи юлдузни кўрадиган бўлади.
Мен кампир оғзимга қуйган сувни ичиб юбордиму, аччиқлиги алам қилиб, йиғладим, кампирни сўкдим. Лекин кечга бориб иссиғим тушди, кўзим ҳам очилди. Кейин билсам, у менга чувалчангни эзиб ичирган экан.
Кампир бизни боғида, дарахт тепасида кўрса ҳам кўрмаганга солар, чолининг шарпасини сезган заҳоти “чуғурчуқлар”ни ҳайдаб, бизни огоҳлантирарди. У чуғурчуқларни койиши билан биз дарахтдан тушиб, ура қочардик. Бир гал қизиқ бўлганди. Акром, Ислом, Икром, Одилжон молларимизни сояга солгач, Толариқда маза қилиб чўмилдик. Толариқ — қишлоғимиз этагидан ўтадиган каттагина сой. Сойнинг ҳар иккала қирғоғидаги азамат қоратоллар сувга тангадек офтоб туширмайди. Сув ҳатто қоқ тушда ҳам муздай бўлади. Балки шунинг учун сойни “Толариқ” деб аташгандир. Толариқнинг чап қирғоғи “Чангал ота” мозори билан туташиб кетган. Мозорга кираверишда, шундай сой бўйида икки хонали масжид жойлашган. Масжид атрофи гир айлана боғ. Ҳар куни боғда куймаланиб, гоҳ дарахтларни бутаб, гоҳ ўт ўриб юрадиган масжид қоровули, гўрков Қурол амаки овқатлангани уйга кетганми ёки иссиқдан қочиб ичкарида ухлаб ётибдими, кўринмади. Масжид саҳнига соя солиб турган ишкомдаги кишмишлар қоп-қорайиб пишган. Мозор ҳақида ҳар хил ваҳимали гапларни эшитганимиздан, қорнимиз ўлгудай оч бўлишига қарамай, у томонга ўтишга юрагимиз бетламайди.
— Яхшиси уйга кетамиз. Шундоқ буғдойзорни кесиб ўтсак, Жумавой чолнинг боғидан чиқамиз. Ялтироқ ўриги шиғил пишиб ётибди, – деди Икром.
Йўлга тушдик. Офтоб нақ пешонадан олов сочади. Дала ўртасидаги баҳорда каллакланган тутларнинг янги чиққан новдалари ерга соя ташлашга ожиз. Буғдойзорнинг дони ўрилиб, сомони йиғиштирилиб, ўрни ёқиб юборилган. Гир атрофимиздаги замин қоп-қорайиб дилга ғашлик солади. Қилт этган шабада йўқ. Бир ёқда қорнимиз очиб, ичларимиз қулдирайди, томоғимиз ташналикдан қурийди. Оёғимни аранг судраб босаётганим учун йўл унмайди. Бирортамизнинг гапиргимиз келмайди. Ҳамма тезроқ ўзига оҳанрабодай чорлаётган Жумавой чолнинг боғига етиб олишни ўйлайди.
Ниҳоят, боғ этагидаги омонатгина пахса девор қаршисидамиз. Девор мол-ҳол кириб кетмаслиги учун номигагина қўққайтириб қўйилган. Белдан келади, бир сакраб, ошиб ўтса бўлади.
— Вуй, анавуёққа қаранглар, – пичирлади Исмоил, – чол-кампир қиш бўйи олма қоқи шимади шекилли. Ўша ёққа ўгирилдик. Девор четидаги супа устига тўшалган бўйрага олма, помидор қоқи ёйиб қўйишибди. Оғзимнинг суви қочди.
— Қишни кутиб ўтиришга вақтим йўқ, мен уни ҳозироқ еб қўя қоламан, – деворга тирмашди Одил.
Кўз очиб юмгунча супа олдида пайдо бўлдик. Олмани уч-тўрт кун олдин ёйишган шекилли, туппа-тузук қоқига айланибди. Аммо, помидор эндигина сўлий бошлаган, мазаси кўнгилни айнитади.
Боғ ичи жимжит. Бояги дўзах азобидан сўнг бу ердаги салқинлик, жамбил-райҳонларнинг хуш бўйидан кўнглим яйрадими, танам бўшашиб, супа четига секин ўтириб олдим. Аллақаердан сувнинг шилдираши эшитилди…
— Ўлдик, чол анжирларига сув қуйган экан, ҳозир келиб қолади, – ваҳима қилди Исмоил. Аммо, ҳеч ким унинг гапига парво қилмади. Чунки Икром ҳам, Одил ҳам, Акром ҳам аллақачон дарахт тепасига чиқиб олишганди. Мен эса шу ерда ухлашга тайёр эдим.
Шу дам узоқдан кампирнинг “чуғурчуқлар”ни ҳайдагани эшитилди. Мен “атас” дедиму, бир сиқим олма қоқини чангаллаганча қочиб қолдим. Болалар ҳам дарахтдан гуп-гуп ташлаб, орқамдан югуришди. Аммо, бақалоқ Акром улгуролмади. У кўзини чирт юмганича жойида тураверди.
— Ҳа, қўлга тушдингми, қуён,- жаҳл билан унга яқинлашди чол. Шу чоғ, етиб келган кампир жонига оро кирди.
— Акромжон, бўлди болам, барака топ. Буёғини буванг иккаламиз йиғиштириб оламиз, – Акромга кўзини қисди кампир, кейин чолига юзланди, – Акромжонни ўртоқлари билан ёрдамга чақиргандим. Аммо ўртоқларининг вақти йўқ экан. Бир ўзи бўлса ҳам келаверибди, барака топгур. Анави қирмизи олмангиз ўлгур тўкилиб кетаяпти, ўзиям бошини еб солган экан. Мен тепага чиқолмасам, шу бола билан икки челак териб, қоқи қилиб қўйдик, – деб Акромнинг қўлига тўртта олма тутқазди.
— Ҳамма айб сен валатида, ўғлингнинг ҳам доим ёнига тушардинг, мана юз ўгириб кетди, – чол шундай деб кампирига ўдағайлаётганида Акром жўнаворибди.
Дарҳақиқат, у жуда қаттиққўл бўлиб, бирор марта ҳам кулганини кўрмаганмиз. У ҳам кампирдек миқти, ўрта бўй, кичик кўзлари атрофга зийрак боқадиган, ёзда ҳам тўн кийиб, этакларини қийиғига қайтариб қўядиган серсоқол чол эди. Қулоғига эса ҳамиша райҳон қистириб юрарди. Менинг ўша райҳонга ҳам раҳмим келар, назаримда бечора қалтираб кетаётгандай туюлаверарди. Балки чол ҳамиша ҳам тунд юрмагандир. Бироқ ҳар гал уни эслаганимда кўз олдимда шу қиёфада гавдаланади.
— Ҳой тирранча, тишингда данак чақма, кемшик бўлиб қоласан.
— Нега дарахтга осиласан. Кўйлагингни йиртдинг-ку, дармояд!
— Ўқ теккан қарғадай намунча қағилладинг, қулоқни тешвординг-ку!
— Тупроқ кечмасанг-чи, шўрлик оёқ Худога нима ёзибди?
— Машина йўлга тош ташлама бетамиз, ғилдиракка тегса қайтиб ўзингга сапчийди!
— Тепишга бошқа нарса қуриб кетганми, нега папкани тепасан, китоб увол-ку! – каби дағдаға ва пўписаларини деярли ҳар куни эшитавериб, ёдлаб олгандик. Бу гаплар жаҳлимизни чиқариб, ўчакиштирар, атайлаб чолнинг жиғига тегадиган ишлар қилардик.
Маҳалла болалари уни орқадан “Жумавой хархаша”, деб чақирардик. Нега “мағзава” деганимизни ҳанузгача ҳам тушунмайман. Балки, ҳадеб бир хил танбеҳ беравергани учундир. Аслида бу дўқ-пўписалар замирида бизга нисбатан оталарча меҳр, ардоқ борлигига болалик шууримиз етмаган экан. Чолнинг уйидан сал берида қишлоқ дорихонаси, болалар боғчаси жойлашганди. Бинолар арофидаги дов-дарахтларни, боғча ҳовлисидаги токларни ҳам шу чол эккан, дейишарди.
Ҳар тонг мактабга ўтаётганимда у боғча атрофини супураётган ёки қўлидаги ток қайчиси билан ҳали гулзор, ҳали ишком орасида ғимирлаб юрган бўларди. Балки, ана шу ишлар билан ўралашиб тенгқурлари билан гурунглашолмас, чойхонага эса ҳеч қачон кирмасди. Ҳар замонда кампири дамлаб чиққан япалоқ чойнакдаги чойни шопириб-шопириб ичиб, бўйнига ташланган қийиғига юз кўзларидаги терни артаётганига кўзим тушарди. Назаримда, унинг иши ҳамиша қистов эди.
Кўклам пайтлари. Ҳозиргина дадамга кавлатиб олган нок ва чинор кўчатларини кўтариб мактабга кетаётгандим, чол тўхтатиб қолди. Бу гал у қўлимга қараб туриб: “Баракалла, болам, яхши ўйлабсан, буларни мактабга олиб боряпсанми?” , – деб сўради. Ундан биринчи марта ширин сўш эшитаётганим учун анграйиб қолдим.
— Дарахт эккан одам ўз умрига умр қўшади, – давом этди у, – хўп десанг, чинорингни мана бу ерга ўтқазсак, а лаббай? Йўл усти, икки-уч йилда бинойидай ўсиб, атрофига соя ташлаб қолади. Нокни, майли, мактаб боғига экавер. Фақат нишонасини менга олиб келасан, келишдикми?
Мен иккиланиб қолдим. Ахир ўқитувчимиз икки тупдан кўчат келтиришни буюргандилар-да… Кетворай десам…
Чол ўйланиб қолганимни кўрди-да, белидан носқовоғини олиб, тилининг тагига нос ташлади. Кейин мени қўли билан ўтиришга ишора қилиб, соқовланиб гап бошлади: — Мен сенга бир ҳикоят айтиб бераман.
Бир киши саҳрода адашиб қолибди. Жазирама иссиқ, ташналик тинкасини қуритибди. У ҳаётдан умидини узиб, олисга, юрти томонга термулибди. Шу чоқ кўзи узоқда — атрофга қуюқ соя ташлаб турган дарахтга тушибди. Тўсатдан оёқларига жон кириб, томирларига қон югурибди. Аллақандай куч уни ўша дарахт томон етаклабди. Бир амаллаб у ерга етиб борибди. Салқин шабадада роҳатланиб, ташналигини ҳам унутибди. Мудраган кўйи қушлар чуғурига қулоқ тутибди. Қушлар яланг “Дарахт экканга раҳмат, дарахт экканга раҳмат” – деб сайраётганмиш. Кишининг хаёлидан ҳам шу гаплар ўтиб турган экан-ку, лекин қушларнинг бу олқиши унинг ҳасадини қўзғабди. Шу чоққача бирор яхши иш қилмадим, на бир туп дарахт экдим, на бировга хайр-эҳсон бердим. Мана шу дарахт бўлмаганида қумлар орасида беному нишон йўқ бўлиб кетаверардим. Энди дарахт экишга кеч, яхшиси уни эккан одамни топиб сотиб оламан, токи дарахт менинг номимга қолсин. Ана шунда парранда-ю даррандалар мени дуо қиладиган бўлади.
У шу ниятда йўлга тушибди. Алқисса, сўраб-суриштириб дарахт эккан одамни топибди. У қариб, мункиллаб қолган, чор-ночорликда кун кечираётган чол экан. Ҳалиги киши чолнинг кўнглини топиб, кўп совға-саломлар эвазига дарахтнинг ўзиники бўлганлиги ҳақида хат қилдирибди, дарахт ёнига қайтиб хотиржам ёнбошлабди. Шу пайт қушлар хониш қила бошлашибди. Киши эътибор билан тингласа, улар тағин “дарахт экканга раҳмат, дарахт экканга раҳмат!” дейишаётганмиш. Шунча югуриб-елгани зое кетганини билиб пешонасига бир урибди-да, ўрнидан туриб кетибди. Ва шу ерда улкан боғ яратишга киришибди. Ўша боғ ҳанузгача бор. Уни эл “Ҳайдарбоғ” деб атайди, – ҳикоясини тугатди чол.
Ўша куни мен чиноримни шундоққина ариқ бўйида қолдириб кетдим. Лекин юрагимда бу бадқовоқ чолга нисбатан илиқ меҳр уйғонганди. Орадан йиллар ўтди. Нокнинг нишонасини ейиш унга насиб қилмади. У ўша воқеадан йил ўтар-ўтмас оламдан ўтди. Кампирни эса бошқа жойда яшайдиган ўғли кўчириб кетди.
Чолнинг вафотидан кейин назаримда қишлоғимиздан файз кўтарилгандай бўлди. Бизнинг бор-йўқлигимиз билан бировнинг иши бўлмай қолди. Дорихона атрофидаги олчаларнинг шохларини синдириб кетишди. Айримлари қуриб, ўтинга айланди. Болалар боғчаси ҳовлисидаги гулзорнинг аввалги таровати йўқолди. Ёғ тушса ялагудек турадиган автобус бекати энди ҳар хил қоғозлар, писта пўчоқларидан ивирсиб ётадиган бўлди. Жумавой чолни қарғаб юрадиган, пистафуруш Рўзи холанинг ошиғи олчи, чунки ҳеч ким писта сотма, деб уни уришмайди. Хуллас, қишлоқнинг қаерига қарама, ўша “хархаша” чолни сўроқловчи овоз эшитилгандай бўлади. Қанийди, рўпарамдан у чиқиб қолса, қучоқлаб, бағримга босардим, озғин, қалтироқ қўлларини кўзларимга суртардим, – ўйлайман ҳар гал автобусдан тушиб, унинг ҳовлиси томонга соғинч билан қараканман. Бизни ўзига ром этган боғ ҳам йўқ энди, ҳовлининг янги эгаси боғ ўрнига данғиллама иморат қуриб олган. Фақат ҳув ўша, иккаламиз эккан чиноргина савлат тўкиб турибди. Мен унга қараб ширин энтикдим. У менга ҳали оқ-қорани танимаган болалигимни, муомалага нўноқ, бироқ қалби пок, содда боғбон чолни эслатди. Чинор қиёфасида уни кўргандай бўлдим. Шу чинорга, унинг шабадада енгил рақс тушаётган япроқларига қараб туриб, ўша “мижғов” чолнинг одамлар қалбида, табиат қўйнида нечоғлик катта ўрни бўлганлигини ҳис қилдим.