Вой, нималар деяпсиз, овсинжон. Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку. Э-э-э, сизда нима ташвиш, уйингиз бошқа, жойингиз бошқа. Келинг, мундоқ ўтиринг, ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўрасиз. Яхши кўринсин, деб диванни шу ерга жойлаштирганман. Ана, ана келдилар бизнинг қариб қуюлмаган қайнотамиз. Нақ Мажнун дейсиз. Ҳамиша қўлларидаги тўрвахалта тўла. Қаранг-қаранг, ўн йил кўришмагандек, елкаларидан қучиб сўрашадилар. Кампиршоям шу кунларда роса очилдилар. Бунақа парвариш кимга ҳам ёқмайди, дейсиз. Ора-чора гулдаста ҳам олиб келадилар. Ҳай овсин, булар умуман отасига тортмаган. Қаранг-қаранг, чой узатишини кўряпсизми? Худди бир ҳафталик келинчакдай, етти букилганларига ўлайми, ўзи шундоғам белни зўрға тутадилар.
– Э-э-э, овсинжон нимасини айтай, кўриб куйиб кетаман, ана ҳаёт, ана муҳаббат… Халтани очяптилар. Бу ёғи энди очил дастурхон: балиқ дейсизми, табака дейсизми… Ана айтмадимми. Энди томошанинг зўри бошланади: “Сен же, мен же”. Нимаси яхши, вой тавба, “дўстингдан топ” дегани шу бўлса керак-да. Вой-вой-вой, нимаси яхши, бу муҳаббатга тўла ҳаёт саҳнасининг иштирокчиси эмас, қуруқ томошабини бўлишнинг нимаси яхши?! Ҳа, ҳозир, сўппайиб кириб келадилар. Ана, кўзингиз учиб турувди, келдилар. Бу киши ҳам тўғри “боғи сафо”га йўл оладилар. Шу-шу, ота-она дуосини олиш керак, савил. Нилу, чой қўй, даданг келди. Нон йўқ бўлса, тишингни тишингга босиб чидаб тур, ана дадангга тутқазишяпти. Бу ёқдагиларга бўлаверади. Вой-вой, таранг қилганларига ўлайми, ичларида жон-жон деб турибдилару. Қаердан келарди, овсин, жиян-жапо, келин-кечак дегандай. Биласиз-ку булар ўзи ит уруғ. Ростиям шу-да. Бири келади, бири кетади, ҳеч ким қуруқ келмайди. Ҳа, энди бизга ҳам денгиздан томчи дегандай, етиб турибди. Вой, ана келяптилар, энди бизнинг саҳна бошланади.
– Ассалому алайкум, дадажониси, келяпсизми чарчамай? Ишларингиз яхшими, ҳа, жуда яйраб ўтирибмиз. Нималар деяпсиз, кунда ўн марта хабар оламан-ку, кўрдингизми, ҳамма ёқни чиннидай қилиб тозалаб бердим. Вой нимаси миннат, қанақа миннат. Хўп, мана ўчдим. Гапирмадим. Ошхонага ўтаверинг, болаларингиз кутиб ўтиришибди. – Нилу, дастурхон тайёрла. Бошим нақ ёрилай деяпти. Юрагимга қил сиғмайди. Ҳамма нарса етарли, ошиб-тошиб ётибди, лекин бир чимдим меҳрга зорман. На отаси, на болалари қадримга етади. Кундан-кунга аҳволим оғирлашиб боряпти. Қаерим бўларди, ошқозоним тинимсиз оғрийди, яра бўлганми дейман? Устига-устак дорилар заҳардан қиммат. Текин дори дейсизми, қаерда бор экан?! Нима-нима? Осойишталик… Бунақа дорини энди эшитишим.
– Э-э-э, қўйсангиз-чи, ошқозонга асабнинг нима алоқаси бор. Еганим ёқмайдиям, юқмайдиям. “Айб сиз еган нарсада эмас, сизни еяётган нарсада” дейсизми? Мени нима ейди, ўлай агар, тушунмадим. Ҳай тўхтанг, қаёққа кетяпсиз, шошманг, мундоқ одамга ўхшаб очиқроқ гапирмайсизми? Ҳе, одам бўлмай ўл, келиб-келиб шунга ҳасрастимни очдимми? Нимага келганакан ўзи? Во-о-ой, “ўғлим машина олди” дедими, “қаерга десангиз олиб бориб-олиб келади, келинойиси” эмиш. Вой-вой-вой! Ошқозоним ёмон санчди-ку! Нилу, дорим қаерда, ҳой яшшамагур, дорини топ деяпман…
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 5-сонидан олинди.