Истам Ҳамроев. Тазарру (қисса)

Марҳум Ғаффорқулнинг тўрт йилдан бери Тошкентда ўқиётган ўғли Акмал катта бир танловда ғолиб чиқиб, Англияда магистратурада бепул ўқиш йўлланмасини қўлга киритибди. Ўқишга бориши ҳали гумон, чунки ўқиш бепул бўлгани билан уч-тўрт кун ичида йўлкира ва бошқа анча-мунча харажатлар учун нақд беш-олти минг доллар керак, экан.
Ғаффорқул етти-саккиз йил бурун ўпкаси шамоллаб вафот этгач, унинг рўзғори ташвишлари ҳам акасининг бўйнига тушганди. Уста Жаббор хотини Гавҳар билан биргаликда келини ва жиянларини қаноти остига олди, ҳаммалари бир қозондан овқат ейишар, қўлларидан келгунича жиянларини ҳам оёққа туришлари учун ҳаракат қилишарди. Жиянларининг каттаси қиз, уни икки йилча аввал ўраб-чирмаб узатишганди. Акмал ҳам тўрт йил аввал Тошкентга ўқишга кирганди. Мана танловга ҳужжат топширган экан, чет элга йўлланмани қўлга киритибди. Ўзларининг болалари ҳам бирин-кетин бўйлари етиб, уларни ҳам ўқитиш,тўй-иморат ташвишларидан чиқмаётган Жабборқул учун жиянини чет элга жўнатиш анчагина жиддий муаммо эди. Тўғри, катта ўғли Зариф қаноти остига кириб, ўзи билан юриб, ёш бўлса ҳам элга тузуккина уста деб танилиб қолган, лекин барибир катта рўзғорнинг харажатлари ҳам шунга яраша эди.
Акмал Англияга бора олишига унчалик ишонмаган бўлса ҳам, уйдагиларини шунчалик хабардор қилиш учун келган, лекин бора олмайман деб узиб ҳам келмаган эди. Шундай бўлса ҳам уста Жаббор Акмални ўқишга юборишга қарор қилди. Отаси ҳаёт бўлганда албатта юборган бўларди, боланинг кўнгли ўксимасин, битириб келса, кўплашиб яна иморат қилармиз, деб Гавҳар билан гапни бир жойга қўйиб, неча йиллар давомида не-не орзу-ҳаваслар оғушида ўз ўғиллари Зарифга атаб қурилган янги ҳовли-жойларини сотишга келишишди.
Икром Чавандоз бу янгиликни эшитдию, юрагига ғулғула тушди. Гавҳарнинг олдидаги гуноҳкорлик ҳисси унинг бағрини ўртагандан ўртаб борар, бу ғашлик ундан қандай қилиб халос бўлиш ўйи тинчлик бермас эди. Чавандоз кечаси билан тўлғаниб чиқди, тонггача бутун умрини кўз олдидан бир-бир ўтказди. Ёдига олган қанчадан-қанча хато ва бебошликлари унинг дардини янада оширди. Айниқса, Гавҳарнинг олдидаги гуноҳларини эслаганда олтмиш беш ёшлик Чавандоз кўз ёшларини тия олмади.
Худо унгаям лоақал биттагина тирноқни раво кўрганида, эҳтимол шунча гуноҳларининг ўндан бирини, лоақал ярмини қилмаган бўлармиди…
Оилада бир этак – ўн бир фарзанднинг ичида фарзандларнинг тўртинчиси, уч опасидан кейин ўғлиларнинг тўнғичи бўлган Икром ёшлигиданоқ жуда тиниб-тинчимас, шўх ва бебош эди. Юзи оқ-сариққа мойил, ўрта бўйи қотмагина, ҳамма томондан онасига ўхшаб кетарди. Ҳарбийга кетгунча у бир тўда тенгқурларини йиғиб олиб, велосипедда узоқ қишлоқларга кино кўргани ёки тўйга боришар, аксар борган жойларидан муштлашиб қайтишар эди. Муштлашишдан ҳузур қилар, баъзан ўзи кўпроқ мушт еб келса ҳам хафа бўлмас, лекин шунга қарамасдан кўнглида кир сақламас, бугун муштлашган болалар билан кейин яна апоқ-чапоқ бўлиб, дўстлашиб кетаверар эди. Кейин тўрт йил Қора денгиз флотида хизмат қилди. Одессада хизмати тугашига бир йил қолганида ўша ерлик Олеся исмли бир украин қизини ёқтириб, унга уйланиб ҳам олди. Хизмати тугагач, бесўроқ-бемаслаҳат қилган ишидан уйдагилари, айниқса онаси, қишлоқнинг “Бозоргул келини” норози бўлишидан чўчиб, бир-икки йил Одессада қолиб кетди. Ўртада фарзанд йўқ эди, кейин арзимаган бир сабаб билан хотинини рашк қилиб, Олесяни қон қақшатиб, йиғлатиб ташлаб қишлоғига қайтиб келди. Унинг бир иш қилдими, тўғри ёки нотўғрилигидан қатъий назар, айтганидан қайтмайдиган одати бор эди. Олесянинг олдига келишига изн сўраб, йиғлаб-йиғлаб ёзган хатларига жавоб ҳам бермади. Бетўхтов хатлардан ўғлининг уйланганлигини билиб қолган онаси Бозоргул ўғлим мабодо ўша томонда болалик ҳам бўлиб қолмаганмикан, деган хавотирли ўйда аввалига уни ўз ҳолига қўйди. Лекин бирор йилдан кейин унинг боласи бўлмаганлигига, ўғли ўша томонлик хотинини олиб келиш нияти йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, яна аввалгидек шўх-бебошлиги қолмаган, ҳалиям ерга урса осмонга сапчийдиган ўғлини ҳовуридан тушириб, бошини боғлаб жиловлаш учун уни уйлантириш ҳаракатига тушиб қолди. Қайтиб келишига ўзи рози бўлмаган бўлса ҳам, Олесянинг кўркам чеҳраси, хушбичим қадди-қомати, қайноқ меҳр-муҳаббатини унута олмаган Икром онасини икки-уч йил овора қилди.
У колхознинг чорвачилик фермасида ишлар, таниш-билиш, қўни-қўшни, қавму қариндошлар ҳашаргами, тўйгами ёки бошқа хизматга айтиб қолишса бормай қолмас, ҳар қандай оғир ишни беминнат, ўзи бирпасда иштиёқ билан уддаларди. Фермада икки юз-уч юз қорамолдан ташқари саксонга яқин от ҳам бўлиб, Икром отларга ҳам қарарди ва шу сабабли отга меҳр қўйиб қолди. Унинг отга меҳри шунчаликка бордики, ҳатто ишга ҳам отда бориб келадиган бўлди, ўн-ўн беш йил ўтиб пешонасига машина битганда ҳам машинага қизиқмай, уни иниларига бериб қўйди, қишин-ёзин от миниб юрганлиги учун исмига “Чавандоз” лақабини қўшиб “Икром Чавандоз”, бора-бора эса шунчаки “ Чавандоз” деб атайдиган бўлишди. Отга ишқибозлигидан улоқ чопадиган бўлди, бир-икки йилда манаман деган улоқчиларни ҳам доғда қолдирадиган бўлиб, ашаддий улоқчига айланди, довруғи узоқ-узоқларга таралди. Кейинчалик ёши бир жойларга борганда ҳам шаклу шамойилини ўзгартирмаган чапанича мўйлов қўйиб олган, йигирма етти-йигирма саккизга кирган, элнинг назарида ҳали бўйдоқ Чавандоз ҳамманинг, айниқса қишлоқ қизларининг оғзидан тушмас эди. Худди ана шу кезлар у Гавҳарни учратиб қолди.
Гавҳар қишлоқнинг олд қизларидан бўлиб, дарвозасининг турумини айни совчилар бузадиган – ўн саккиз ёшда эди. У жуда чиройли, ораста, қўл-оёғи чаққонлиги сабаб не-не хонадон совчилари унинг эшигига танда қўйиб олишган эди. Оғир-босиқ, бошқа қақажон қизлардай кўп гапирмас, кулса ҳам шарақлаб кулмас, босиққина, иболи ним кулгиси уни янаям чиройли кўрсатар эди. Отаси ҳеч қайси бир уйнинг совчиларини ҳатто умидвор ҳам қилмасдан қайтарар, унинг харидорларининг сони эса ошгандан ошиб борар эди. Чавандоз Гавҳарни бир куни тўйда яқиндан кўриб қолди. Юрак ютди. Пахта терими маҳали Гавҳарни кузатиб, у ёлғиз қолган маҳал олдига борди:
– Ҳорма, Гавҳар, – деди.
Қиз ўгирилиб қаради.
– Бор бўлинг, – деди астагина, яна теримга чоғланаркан.
– Уйингга совчи юбораман, менга тегасанми, Гавҳар?
Қизнинг юзи дув қизарди.
– Отам сизни бебош бола дейди, сизга бермайди, – деди яна пахта теришда давом этиб.
Икром унинг кескин “йўқ” деб айтмаганлигидан қизнинг ҳам ўзига бефарқ эмаслигини сезди.
– Сени олиб қочаман, мен билан кетасанми?
– Айтибсиз-да, бизнинг зотда ҳали ҳеч ким қочиб кетиб эрга тегмаган.
– Сен биринчи бўласан.
Гавҳар ишидан тўхтаб қошини чимириб, унга ер остидан қаради.
– Вой, манови кишини, қайси гуноҳи учун отамни пичоқсиз сўйиб кетаман, кейин қандай қилиб элда бош кўтариб юради. Боринг, йўлингиздан қолманг, одамлар иккимизни кўрса нима деб ўйлайди.
Доимо Бурқут уруғининг шевасида “Жўқ, жузумди жувиб же” деб гапирадиган, тутган жойидан кесадиган Бозоргул авлодининг тозалигига ниҳоятда эътибор берар эди. У фақат яхши хонадонларга қиз бериб-келин олар, қуда бўлмишларининг авлодларини узоқ вақт яхшилаб суриштирар, айниқса қизларига харидор бўлган томон дидига ўтирмаса чўзиб ўтирмасдан дарҳол узиб юборар эди. Ёши улғайиб, навбат невара-эвараларга келганда ҳам ўғиллари тугул, ҳатто чиқариб юборган қизларининг хонадонларида ҳам қиз олди-берги ишлари фақат унинг ихтиёрида бўларди. Оғир-вазмин, камгап, қишин-ёзин мудом кетмони елкасида, бирга кечирган умрлари давомида ўн бир боланинг отаси бўлган, етти ўғлини ҳам доимо қаватига олиб, ўзидек меҳнаткаш қилиб ўстирган – эри Мардон хотинининг бу ишларига аралашмасди. Хотинининг шу феъли учун уларнинг қизларига унча-мунчаларнинг харидор бўлиб келишга юраги бетламас, лекин шу билан бирга бу хонадонга қуда бўлиш ҳам юртда ниҳоятда шарафли, обрў-эътиборли ҳисобланарди.
Онаси ниҳоят ўғлининг уйланишга розилик берганлигидан, унинг қишлоқнинг энг яхши қизига ишқи тушиб қолганлигидан хурсанд бўлди. Гавҳарнинг отаси Икромнинг совчиларини бир неча марта рад жавобини бериб қайтарди. Онаси эса Гавҳарнинг остонасига ётиб олди. Охир-оқибат қиз томон кўнди. Бозоргул қизни келин қилиб олиб келди.
Гавҳарга уйланган Икром уни фақатгина ўз табиатига хос, алоҳида эҳтирос билан севди, хотини унинг учун ягона, гўёки ҳусну латофатда унга тенг келадиган бошқа аёл дунёда йўқ эди. У етти қават осмонларда учиб юргандек бир неча йил ҳузур-ҳаловатда, ғам-ташвиш нималигини билмай яшади. Бир пайтлар у Олесяни ҳам худди шундай севган эди. Икромнинг фақат китобларда ёки кинолардагига ўхшаш бундай беғубор, эҳтиросли севгисини унутолмаган Олеся бежиз икки-уч йил кўзда ёш билан унинг олдига боришга изн сўраб, илтижоли хатлар ёзмаган эди. Гавҳарга уйлангач энди у Олесяни деярли унутиб юборди, аҳён-аҳёнда Олеся эсига тушиб қолганда ҳам унинг ҳақидаги хотиралари Гавҳарни учратгунича бўлганидек юрагини энтиктирмасди. Бозоргул эна ҳам шу келинига бошқача меҳр қўйди, зотан Гавҳарнинг рўзғор тутиши, ҳусни-малоҳати, ҳаё-ибоси шунга лойиқ эди. Икром пулнинг кетидан қувмас, пулнинг ўзи уни қувиб юрар эди. Ишлаб чарчамаслиги, доимо жўшиб турадиган куч-ғайрати туфайли у қўли бўш бўлди дегунча бир нечта шериклари билан пахсага чиқар, яхшигина бел отар, бошқалар битта иморат тиклашгунча, унинг тўдаси иккита-учта иморатни қўлдан чиқаришарди. Бунинг устига унинг оғилхонасида катта-кичик моли кўп бўлар, томорқасини ҳам гулдек қилиб қўяр, кўпкарилардан баъзида телевизорми, гиламми ёки бошқа бирор-бир қимматбаҳо солим ҳам олиб келиб турарди.
Гавҳар эрининг топган-тутганини саришта қилиб қўяр, қўлида шунча кўп пул бўлса ҳам баъзи бир бошқа аёлларга ўхшаб латта-путта ёки тиллага ўч эмасди. Фақат Чавандознинг онасигина яхши кўрган келинига ўзи ёки Икромга тайинлаб яхши кийимликми, тилла тақинчоқми олдирар, Гавҳар ўша кийим ёки тақинчоқларни ҳам тўй-йиғимларга фақат қайнонасининг қистови билангина ийманиб кияр ёки тақарди. Одатда болалари, келинларига қаттиққўл, мақтовга ҳасисроқ Бозоргул эна уни мақташдан чарчамас, қаерга борса ўзи билан Гавҳарни олиб юрар, ҳатто баъзи бир оилавий ишларини ҳам шу келини билан бамаслаҳат қилар эди. Келинининг маслаҳатлари ҳам доимо жўяли бўлар, камсуқумлиги ва ўринли маслаҳатлари билан у ўзи билмасдан қайнонасининг ўзига эътиборини оширар, янада суйдирар эди. Гавҳарнинг эплилиги сабаб, Чавандоз икки-уч йил ичида алоҳида ер олиб, данғиллама уй солиб кўчиб чиқди, аввалдан ароқни жуда яхши кўрадиган Чавандоз ичишни буткул ташламаса ҳам, чегарадан чиқмай ичадиган бўлди.
Табиатан хушчақчақ, давраларни яхши кўрадиган ва ўзи ҳам эл эътиборига тушиб қолган Чавандоз ёш хотини билан бир неча йил қандай ўтганини ҳам билмади. Уларнинг ўрталарида фарзанд бўлмади, бундан Гавҳар ва Бозоргул эна ташвишга тушиб қолишди. Қайнона-келин ҳар иккиси ҳам ташвишда эканликларини аввалига бир-бирларига билдиришмади, лекин кейинчалик сабри чидамаган Бозоргул эна ўзи келинини етаклаб икки-учта аёллар мутахассисларига олиб борди. Шифокорлар Гавҳарни яхшилаб текширишгандан кейин, эрини ҳам текширтиришларини маслаҳат беришди. Бозоргул эна бу гапни ўғлига айтганида у онасининг гапларига парво ҳам қилмади.
– Мен соппа-соғман, – деди-ю, онасининг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай уйдан чиқиб кетди.
Бозоргулнинг кейинги уринишларидан ҳам наф чиқмади, ўғли яна ўжарлик қилиб гапга кирмас, ҳақиқатдан ҳам ўзидек кучли, соғлом эркакдан бола бўлмаслиги мумкин эмас деб ўйлар эди. Шундан кейин Чавандоз хотинининг унга билдирмасдан кечалари баъзида йиғлаб чиқишини сезиб қолди, у ҳам қайнонасининг гапларини эрига қандай қилиб айтишни билмас, истиҳола қилар, бундан эса бадтар қийналар эди. Чавандоз хотинининг кўз ёшларини кўрса ҳам кўрмасликка олди.
Шундан кейин у гоҳ-гоҳида ўзига “Нима учун ўртамизда фарзанд бўлмаяпти?” деб савол берар, лекин яна табиатига хос қайсарлик билан “айб менда эмас” деган хулосага келар эди. Аста-секин уларнинг бахтли ҳаётларидан путур кета бошлади.
– Менга қаранг, – деди Гавҳар, – ўзимизни бир текширтирайлик.
– Сенам энамга ўхшаб эзма бўп қопсан, кўп бошимни қотирма, – жеркиб берди Чавандоз.
– Агар бу яқин-атрофда текширтирсак гап-сўз бўлишидан чўчиётган бўлсангиз, томошага борган бўлиб, Тошкентда текширтириб келайлик, у ёқда яхши дўхтирлар кўп эмиш, – деди Гавҳар эрининг жеркиб берганига ҳам қарамай.
– Ана пул қўлингда, энам билан бориб текширтириб келавер.
– Худо хайрингизни берсин, Тошкент катта шаҳар бўлса, сиз дунё кезган одамсиз, ўзингиз оборинг, аямниям оламиз…
Аёлларнинг машмашалари, айниқса энасининг қистовлари уни безитди, уйдан жанжал аримай қолди, шу тариқа у бора-бора Гавҳардан совий бошлади, лекин шифокорларга бориб, ўзини ҳам лоақал бирор марта текширтиришни хаёлига ҳам келтирмади. Фикр-мулоҳазадан кўра кўпроқ кўнглининг кўчасига қараб иш қиладиган Чавандоз бора-бора аввал жонидан ҳам ортиқ кўрган хотинини ҳатто ёмон кўриб ҳам қолди, бу иши ҳам унинг жўшқин, асов табиатига хос эди, турмуш қуришганига саккиз йилдан ошгач, унинг ўн етти ёшли Олияга ишқи тушиб қолиб, Гавҳарнинг жавобини берди.
Олия – бир умр колхозда сувчи бўлиб ишлаб келган Очилнинг қизи эди. Унинг хотини Муқаддам ёшлигида бир неча маротаба эрга тегиб, узоқ-узоқларга ҳам енгилтаклиги билан ном таратган, охири акалари тиниб-тинчимаган сингилларини жиловлаб, меровроқлиги сабабли ёши ўттиздан ошганда ҳам ҳеч ким қиз бермаган шу Очилга узатишганди. Ёши элликка етиб қолганда ҳам Муқаддамнинг қишлоқда ҳали у, ҳали бу эркак билан гапи чувалиб турарди. Уларнинг тўрт қизлари бўлиб, Ҳалима, Салима ва Олималар турмушга чиққан, Олия – оиланинг кенжа қизи эди. Қизларнинг ҳаммаси ҳуснда шу ёшга кириб ҳам ёшлик тароватини йўқотмаган онаси Муқаддамга тортишган, бири-биридан чиройли, айниқса Олия опаларининг ичида жудаям бошқача эди. Енгилтакликда онасига тортган Ҳалима ва Салиманинг ҳам бошлари жанжалдан чиқмас, Ҳалиманинг турмуши бузилиб, иккинчи эри билан турарди. Фақат Олимагина онаси ва опаларининг ишларидан номус қилиб юрар, уларнинг навбатдаги гаплари чиққанида бориб ҳаммаларини итнинг олдидан ўтказиб, уришиб-сўкиб келар, опаларига қўшиб хотинларини эплай олишмаган поччалари ёки отасини ҳам койиб келарди. Лекин у ўз оиласидан ҳаммавақт ҳам ортиб улардан хабардор бўлолмас, шунинг учун опалари ёки онаси бир муддат тинч юриб, кейин яна ўз билганларидан қолишмас, тез-тез янги гап-сўзга сабаб бўлиб туришарди.
Онаси ва Гавҳарнинг гапларидан безиб юрган Чавандоз бир куни кўпкарида Олияни кўриб қолди. У даврадан солимни олиб чиқиб, томошабинларга яқин келиб шу томонга қараганида Олиянинг ҳам ўзи томон тикилиб турганини кўрди, кўрди-ю, қизнинг бениҳоя чиройли чеҳрасидан кўз узолмай қолди. Юраги “жиз” этиб кетди. Чавандознинг унга бошқача қараб қолганлигини Олия ҳам сезди шекилли, нозли кулиб қўйди. Олия буни бирор-бир нарсани ўйламасдан, юрган йўлларида ҳам шунчаки нозланиб юришадиган опаларидан, онасидан кўриб-билиб ўрганган тарзда қилди, лекин шу билан ўзи ҳам билмай Чавандозни илинтирди-қўйди, унинг юрагига чўғ ташлади. Кейин эса Чавандоз кўча-кўйдами, тўйдами, бошқа жойдами Олиянинг нигоҳини пойлайдиган бўлди, бутун фикру-зикри қизда бўлиб қолди.
Буни сезган Олия ҳам ораларида деярли йигирма ёш фарқ бўлишига қарамай, охири нима билан тугашини ўйлаб ўтирмасдан, Чавандоз билан кўз уриштириш ўйинини бошлаб юборди. Гоҳида дуч келишганда бошқача салом бериб, бир-икки оғиз шунчаки гаплашиб қўядиган ҳам бўлишди. Олиянинг ишвалари охир-оқибат Чавандознинг ихтиёрини бутунлай олиб қўйди, уларнинг оиласи енгилтаклиги билан ном таратганлигига қарамасдан, Гавҳарнинг жавобини бериб Олияга уйланишга қарор қилди. Бир куни Олияни холи топиб шу ҳақда гаплашишди. Чавандознинг довруғигами, пул топишигами, нимасига учди экан, ҳар қалай ораларида деярли йигирма ёш фарқ бўлишига қарамасдан, ўн етти ёшли Олия унинг таклифига рози бўлди. Улар яширинча учрашиб, гаплашиб юришди.
Гавҳар кейинги пайтларда эрининг ўзига рағбати йўқлигидан унинг хаёли бузилганлигини сезиб юрарди. У яна бир неча марта Чавандозга ўзларини текширтиришларини ёлвориб-йиғлаб сўради. Аммо у қанчалик илтижо қилмасин – Чавандоз шунчалик тезроқ у билан ажрашиш ҳаракатига тушди. Бир куни эрталаб шериклари билан узоқроқ бир қишлоққа ишга кета туриб отини эгарларкан, деди:
– Гавҳар, энди сен билан турмушимиз бўлмайди. Мен ҳафта-ўн кунга кетаяпман. Қайтиб келгунимча уйдан нима истасанг барини олиб отангникига бор, ажрашамиз.
Гавҳар ишнинг ажрашишларигача бориб етишини сезиб юрар, бу унинг учун кутилмаган нарса эмас эди, жиққа ёш кўзлари билан эрига ер остидан қараб:
– Қарорингиз қатъийми, бошқа чорамиз йўқми? – деди.
– Қарорим қатъий, қатъий. Бўлди-да энди, – деди жеркиб Чавандоз ўзи учун ҳам ниҳоятда қийин бўлган бу суҳбатни ортиқ чўзишни истамай, – бор пул, тиллаларингни, гиламми, бошқами, ҳаммасини олиб кетавер. Менга ётиб туриш учун бир сидра кўрпа-тўшак ташлаб кетсанг бўлди.
– Менга ҳеч нарсангиз керак эмас. Шу бугуноқ бу уйда мени қайтиб кўрмайсиз.
Бир неча кун ўтиб кечқурун Чавандоз уйига қайтиб келганида, ҳовлиси сув қуйгандек жимжит, бирорта деразада чироқ кўринмас эди. У ичкарига кириб, чироқларни ёқиб ҳамма хоналарни кўздан кечириб чиқди. Уйда ҳамма жиҳозлар аввалгидек, саранжом-саришта, ҳатто Гавҳарнинг кўчалик кийимларию, тиллалари ҳам жой-жойида турар, тахмон остида сандиқда анча пул ҳам тугилганча қолган эди, гўё Гавҳар бирор ёққа бирров чиққан-у, ҳозир қайтиб келадигандай. Чавандоз пулни чамалади, уйда шунча пули бор деб ўйламаган эди, бу пулга ҳозирнинг ўзидаёқ енгил машина олса бўлар эди. Гавҳар уйдан ҳеч нарса олиб кетмаган, у бу уйда ўзи учун энг азиз, энг қадрли, ҳаётининг мазмуни, борлиғи, яъни кўз очиб кўрган, севиб теккан эрини ташлаб кетган, Чавандознинг қароридан нақадар хафа бўлганлигини, норозилигини ана шу тариқа изҳор қилиб кетган эди. Чавандознинг кўнглида аллақандай бир хижиллик қолди, ундан кўра уйни шипшийдам қилиб кетганида анча енгил тортарди. Бу хижиллик гоҳо эсидан чиққандек бўлар, гоҳида эса, Гавҳарнинг олдида нақадар катта гуноҳ қилганлигини эслатиб, сим-сим қилиб юрагини ўртаб бир неча йил уни тарк этмади.
Аммо шу топда тезроқ Олияга етишиш истаги унинг кўнглидаги хижилликдан вақтинча устун келди. Эртаси куни эрталаб яна ишга кетатуриб Гавҳарнинг тиллаларини ва тугунда анчагина пулни олиб, иниларидан бири Низомникига борди-да, унинг хотинини чақириб:
– Келин, мана буни энамга бергин, Гавҳарга бериб қўйсин, мен унинг жавобини бердим, у отасиникига кетган, – дедию, келинини ҳангу-манг қолдириб отини йўрттириб кетди.
Ўғлининг бу қилмишидан дарғазаб бўлган Бозоргул эна уни излаттирди, лекин узоққа ишга чиқиб кетганлигидан уни топа олмади.
Чавандоз учун энг муҳими ҳозир тезроқ Олияга етишиш эди, у шу иштиёқ билан ёниб юрар, Олияни олиб келгунча онасининг кўзига кўринишни хаёлига ҳам келтирмас эди. Олияни олиб келсин, кейин нима бўлса бўлар. Бир-икки кундан кейин кечқурун Олия билан гапни бир жойга қўйди-да, унинг онасини чақириб:
– Муқаддам опа, мен Олияга уйланмоқчиман, Гавҳарнинг жавобини бериб юбордим. Энамнинг феълини биласиз, у тўй қилгани қўймайди. Халқнинг кўзи олдида мен худди қизингизни олиб қочиб кетган бўлай, тўйни кейинроқ қиламиз. Ҳозирча мана буни олиб туринг, – деди-да унга тугунчада пул берди. Қизи билан Чавандоз аллақачон гаплашиб юришганлигидан хабардор, бунинг устига катта пулни кўрган Муқаддам дарров розилик берди-қўйди.
Чавандоз ўша куни кечасиёқ Олияни уйига олиб келди. Дарвоза эшикларини тамбалаб, икки-уч кун уйидан чиқмади. Ўғлининг охир-оқибат уйида эканлиги, Олияни обқочиб келганлигидан хабар топган Бозоргул эна дарвозасига келиб жон-жаҳди билан тақиллатди.
– Икром, оч дарвозангни, уйда эканлигингни биламан, токай мендан қочиб юрасан, ё девор ошайми, – дегач, Чавандоз чиқиб дарвозани очди.
Кампир кўзлари билан тешиб юборгудек Чавандозга тикилиб қаради, у энасининг қаҳрли кўз қарашларига дош беролмай нигоҳини ерга қадади.
– Ҳов нодон бола, сен нима п… жеб журипсан, сен ҳали менинг Гавҳаримди бир бўлак кўмирга алишдингми? Менга бериб юборган матоҳларингди бошига урадими у? – шундай деб Бозоргул эна тугунларни Чавандознинг оёғи остига отиб юборди. – Ўзи-ку, уни сенга олиб бергунча эна сутим оғзимга келувди, энам яна қайси юз билан Гавҳарнинг олдига боради, қудаларининг юзига қандай қарайди деб ўйламадингми? У – ўз оти билан ўзи Гавҳар эди, бундай аёлни юртти юз йил пиёда кезиб ҳам товалмайсан. Манови юзсиз ҳаштарингнинг жавобини бериб, дарров бориб келинимди қайтариб олиб кел, кейин Тошкентга бориб, ўзингди катта дўхтирларга кўрсат, ҳамма айб ўзингда.
– Эна, бўлар иш бўлди, – деди Чавандоз онасининг юзига қаролмасдан, – мен Гавҳарни олиб келмайман, Олияниям элтиб қўймайман. Мен соппа-соғман, мана кўрасиз.
– Шу гапинг – гаппа?
– Гапим гап, эна. Пул билан тиллаларини Гавҳарга обориб беринг, ё бировдан бериб юборинг.
– Ҳов бевош бола, билиб қўй, мен бу зоти пастларди уруғини яхши биламан. Сен билан юз йил умр қилса, ўлиб қолганда бир марта кўзингга чўп ташлайди. Ҳали Гавҳаримди уволи тутмаса сени, қирчинингдан қирқилгур, жувонмарг, – кампир шундай деб ўғлининг юзига “қарс” этиб шапалоқ тортдию, кейин дарвозадан чиқиб кетди. Чўрткесар, ушлаган жойидан кесадиган Бозоргул эна ўғлининг ҳам ўзидай бир сўзли, айтган гапидан қайтмаслигини яхши билар эди. Аммо эна бир ишни қилгунча, бир гапни айтгунча минг мулоҳаза қилса, Чавандоз кўнглининг ҳою-ҳаваси билан иш қилар, бу жиҳати билан у онасига бутунлай ўхшамас эди.
Гавҳар отасининг уйида неча-неча харидорларнинг жавобини бериб икки йил юрди, Бозоргул барибир шунгача Икромни Олиянинг жавобини бериб, Гавҳарни қайтариб олиб келишга кўндирмоқчи бўлиб кўп уринди. Икки йилдан кейин у хотини ўлиб, икки ёш боласи билан бева қолган қишлоқнинг устаси – Жабборқулга тегиб кетгандан кейингина ўғлини тинч қўйди. Бозоргул эна нақадар дийдаси қаттиқ, баджаҳл аёл кўринмасин, болаларининг ҳаммасини ҳам ўзларига билдирмасдан севар, лекин ўғилларининг тўнғичи бўлган Икромга меҳри бўлакча эди, бу оғир гуноҳи учун у ўғлидан бутунлай воз кечиб-ку кетолмади, аммо унга бўлган муносабатини бутунлай ўзгартирди. Қайтиб Чавандознинг уйига қадамини босмади, унга бемурувват бўлди, оилавий йиғинларда ҳам опа-инилари, келинлари, куёвларининг олдида унга қўрс муомалада бўлар, кўпинча “ҳамма гапирса ҳам сен жим ўтир” деб уни чўқиб турарди. Олияни эса келини сифатида мутлақо қабул қилмади. Унинг қўлидан бир пиёла чой ичиш тугул, ҳатто бировларнинг тўй-маъракаларида ҳам ўзи ўтирган дастурхонларга йўлатмади, келинлари, қизларига ҳам Олияни уйларига чорлашларини бутунлай тақиқлади. Фақат беш-олти йил ўтибгина болалари Чавандознинг юзидан ўтолмай Олияни кампирдан яширинча чақира бошлашганлигини билиб, ўзини билмаганликка олди. Баъзида у камдан-кам бўлса-да Чавандознинг уйига зарурат юзасидан борар, шунда ҳам дарвозадан кирмасдан гапини айтиб қайтар, ўғли уйида бўлмаса гапини Олияга “ҳов, Икромга айтиб қўй, ундай қилсин” кабилида топширар, бирор марта бўлсин, Олия ёки “келин” деб айтмас эди. Ҳолбуки Гавҳардан бошқа ҳамма келинларини исми билан, фақат Гавҳарнигина “келин” ёки “Гавҳар келин” деб чақирар эди.
Чавандоз Олия билан ҳам ҳув бир пайтлар Гавҳарга уйланган пайтларидек яна роҳат-фароғатга шўнғиб кетди. Олия айниқса келинлик либосида ўн келинга татир эди, у Чавандознинг кўзига нақ ўт-олов бўлиб кўринар, Гавҳардан фарқли ўлароқ ҳис-туйғуларини кўп яшириб ҳам ўтирмас, “қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, онаси, икки катта опасидан эркак зотини сеҳрлаб, ихтиёрини қўлдан олиш санъатини яхши эгаллаган, шунинг учун Чавандоз унинг ноз-ғамзасини, навозишларини дарров соғиниб қолар, шериклари билан узоқроқ жойга ишга чиқиб кетса ҳам ишлаган жойида ётиб қолмас, нари борса икки кун ўтмасдан кечаси уйига келиб кетар эди.
Унинг ҳаловатига фақатгина уч-тўрт йил ўтиб, яъни Гавҳар фарзандлик бўлганлигини эшитгачгина путур етди.
Кўз очиб кўрган эри билан турмуши бузилганлигидан қаттиқ изтиробда юрган, тирноққа зор бўлиб, тушларида неча марталаб бешик тебратиб бола аллалаб чиққан, табиат ҳар бир аёлга ато этадиган оналик меҳридан ҳали бир мисқоли ҳам сарфланмаган Гавҳар Жабборқулнинг саккиз ёшлик мактабга борадиган қизчасини, беш ёшлик ўғлини худди ўз болаларидек кўрди, уларни оқ ювиб, оқ тараб, болаларининг ҳам, Жабборқулнинг ҳам меҳрини қозонди, элнинг оғзига тушди. Эвазига тақдир уни ҳам сийлаб бирор йилда ўзи ҳам фарзандли бўлди, орқа-олди бола билан тўлиб, аёллик бахтига тўкис етишди.
Чавандоз Гавҳарнинг фарзандлик бўлганлигини эшитиб, гангиб қолди, ичидан гўё бир нима узилиб кетгандек бўлди. Йўқ, бу Гавҳарга нисбатан ҳасад эмасди, балки шу пайтгача юрагининг тўрида ғимирлаб юрган, у эҳтимолки сохта мағрурлик билан тан олгиси келмай “балким айб ўзимдадир” деган фикрнинг энди баралла портлаб хаёлига келганлиги эди. Шунда у Олеся билан ҳам ўрталарида фарзанд бўлмаганлигини, Олеся ҳомиладор бўлиш илинжида оиласини мустаҳкамлашга қанчалик уринганлигини, ҳомиладор бўлавермагач, нақадар ташвишга тушиб қолганлигини эслади. Агар ўшанда арзимаган баҳона билан Олесяни ташлаб келмаганида у ҳам Икромга “ўзимизни текширтирайлик” деган гапни аниқ айтган бўларди.
Чавандоз умрида биринчи марта чинакамига саросимага тушиб қолди. У аввал Олияга аёллар шифокорига бориб ўзини текширтиришини айтди. Олия текширишлардан ўтиб, ўзида нуқсон топилмаганлигини айтгач, яқин атрофдаги шифокорларга борса гап-сўз тарқалиб кетишидан чўчиб, ўйнаб келиш баҳонасида Тошкентга бориб ўзини текширтирди. Текшириш натижалари эса худди ўзи хавотир олиб юрганидек, яъни айб Чавандознинг ўзида бўлиб чиқди, энг ёмони, шифокор унга “беш-олти йил аввал келганингизда жарроҳлик амалиёти билан дардингизни тузатар эдик, энди кеч қолибсиз” дегани бўлди. Ёши қирқдан ошгунича ўйлов, дарду алам нималигини билмаган Чавандоз учун бу қисматга кўникиш оғир эди, у изтироб ичида қолди. Ҳар сафар Гавҳарнинг яна фарзанд кўрганлигини эшитганида ичидан зил кетар, унинг дардига даво йўқ, чорасизлигидан нафақат шуурини, балки вужудини ҳам ўртаган аламини ичкиликдан олар эди. Аммо-лекин тиллага кўмилиб, энг сўнгги урф бўлган ялтироқ либослар кийиб, давраларда бир гапириб-ўн кулиб, ҳаммани ўзига қаратиб юрган танноз Олияни эса ўрталарида фарзанд йўқлиги заррача ҳам ташвишга солмасди. У бирор тўй-ҳашамдан қолмас, Чавандоз обқочиб келган ўша пайтлардагидек ўйин-кулгудан, хотинларнинг йиғинларидан бўшамас эди.
Ўзи тенгилар қиз чиқариб, ўғил уйлантириб, невара кўра бошлагач, Чавандоз жиянларидан бирортасини ўз уйига олиб келиш пайига тушиб қолди, лекин бунинг учун аввал онасининг розилигини олиши лозим эди. У минг бир ўйлов ичида бошини эгиб онасининг олдига борди, чўрткесар кампир унинг гапини эшитишни ҳам хоҳламади. Унинг олдидан Чавандознинг латтаси сувга тушиб қайтди.
– Ўзинг пиширган ош, қандай жесанг жейвер, менинг у ҳаштарига бериб қўядиган болам йўқ, – деди момо. – Менга қолса у зоти пастга эшигимдаги итимнинг ялоғига бир коса ювинди ҳам солдирмас эдим, бир сенга қолганда дар қолдим-да. У юзсизингнинг ўзи ким-у, унинг қўлида тарбия топган бола нима бўларди. Бор, бу нарсани хаёлингга ҳам келтирма, бу масалада менинг олдимга қайтиб қадамингни босма…
Энасининг олдидан дили оғриб қайтган Чавандознинг энди Олиянинг жиянларидан бирортасини олиб келишдан бошқа чораси йўқ эди. Олия бунга рози бўлди, ҳатто хурсанд ҳам бўлди, Салима опасининг тўрт-беш яшар бир қизчасини олиб келишди. Аввалига Олия уни эркалаб қўғирчоқдек кийинтириб ўзи билан бирга олиб юрди. Бироқ гўдак бола қўғирчоқ эмас, уни зерикканда токчага олиб қўйиб бўлмас эди. Қизча гоҳида шамоллаб бетоб бўлиб қолар, бундай пайтларда ширин уйқудан кечиб уни парвариш қилиш керак, болага доимо эътибор даркор эди, бу эса хотин-халаж давраларининг гули бўлиб юрган сатанг, Олиянинг табиатига тўғри келмасди. “Кўниколмади” деган баҳона билан жиянини яна опасиникига қайтариб элтиб қўйди. Тўғри, у шундан кейин ҳам жиянини тез-тез олиб келиб, ўзи билан яна у ер-бу ерга олиб бориб юрди, лекин уни фарзандликка қабул қилмади. Чавандознинг хотинидан зеҳни койиди. Ҳа, ҳамма бола туғмаган аёл ҳам Гавҳардек бўлолмас экан-да, яна унинг олдидаги гуноҳкорлик ҳисси бағрини ўртагандан-ўртади. Жиянини Олиянинг ўзи қабул қилишни хоҳламадими, уни бунга мажбур қилиш бефойда эди. Чавандоз охири бунгаям кўникишдан бошқа иложи қолмади.
Аммо бу ҳали бир-икки марта турмуши бузилган, бефарзандлик дарди бағрини кемириб юрган Чавандознинг пешонасига битилган кўргиликларнинг ҳаммаси эмас эди.
Қишлоқда улоқчилар кўп бўлиб, улардан бири Эгамберди эди. Эгамберди Чавандоздан йигирма ёшлар чамаси ёш бўлиб, ўттиз беш-ўттиз олти ёшларда, бақувват гавдали, чапдаст улоқчилардан ҳисобланар, аста-секин унинг ҳам довруғи кўпкари ишқибозлари ўртасида кенг тарқалиб бораётган эди. Эгамберди нафақат чапдаст улоқчи, балки масту-бемаст тўйларда бир-икки кишини уриб оғзи-бурнини қон қилган, бундан ташқари шилқимлик қилиб айрим хотин-қизларни йўлдан урган, шу қилиқлари туфайли бир-икки рўзғорни бузганлиги билан ҳам ном чиқарган эди.
Бир куни қишлоқдаги бир тўйда Чавандоз ширакайф Эгамбердининг даврадан чиқиб кета-кета, базмхонанинг аёллар ўтирган томонига қараб тиржайиб бораётганлигини кўрдию, у ким билан кўз ўйини қилаётган экан, деган қизиқиш билан ўша томонга қаради. Қарадию, лаққа чўғни ютгандек ичини бир нима куйдириб кетди: Эгамбердига киши билмас қараб, ноз-карашма қилиб кўз сузаётган аёл – Олия эди! Чавандознинг ғазабдан икки чакка томирлари лўқиллаб, кўз олди қоронғилашиб кетди. “Ҳали сенларми Икром Чавандозни лақиллатмоқчи бўлган ифлослар”, деб ўйлади ғазабини атрофдагиларга сездирмасдан қўлларини мушт қилиб.
Чавандоз ёшликдаги кучи-шижоатини ҳеч бир камайтирмай сақлаб қолганлиги билан, аввалги ўта қизиққонликларини енгган, ҳатто энг катта кўпкариларда ҳам ҳамма совринларни ўзи олишига кўзи етса ҳам, бошқаларга ҳам довни берар, қўрда ёлғондакам айланиб ёки ўзини улоқни олмаганга солиб, чеккага чиқиб кетар, бу ишни фақат даврани қиздириш учун қилар, у очкўз эмасди. У даврага улоқни олиш учун эмас, тортишиш, завқ-шавқ, ҳузур бағишлаш учун тушар эди. Охирги бир-икки кўпкариларда Эгамбердига ҳам бир-икки марта улоқни ёлғондакам тортишиб, бериб юборган эди. Кейинчалик бир-икки даврада Эгамбердининг унинг ортидан “Чавандозни – Чавандоз қилган асли Содиқ чўпоннинг бўз оти эди, энди ҳар иккиси ҳам қариб, қирчанғи бўп қолган” деб кулги қилганлиги ҳам қулоғига чалинган, бу гаплар андак унинг ҳамиятига теккан бўлса ҳам, кейинчалик Эгамберди билан тенг бўлиб юрмасдан, эътибор қилмай кетган эди. Шунинг учун экан-да, бу ўзига бино қўйган ахмоқ Чавандозни қариганга чиқариб, ўзини тенги йўқ улоқчи тарашлаб унинг довруғига эгалик қилмоқчи, энди эса ҳатто хотинига ҳам кўз олайтиришгача бориб етипти-да, аблаҳ…
Уларнинг бу кўз уриштириш ўйинлари Эгамбердининг даврани айланиб чиқиб кетгунича бир неча дақиқа давом этди ва Чавандоз унинг ўзидан мамнун ҳолда, ширин хаёллар оғушида мийиғида кулиб чиқиб кетганлигини кўрди. Чавандоз Олия томонга қаради, унинг юз-кўзида ҳам худди шундай мастона хушнудликни кўрди. Унинг бу қилиғи – шубҳасиз, бориб турган тўқликка шўхликнинг ўзгинаси эди, чунки Чавандоз ҳали ўзида заррача қарилик аломатларини сезган эмас, ўзининг эҳтирослари Олиянинг эҳтиёжларини ортиғи билан қондиришини аниқ билар, эллик беш-эллик олти ёшга кириб ҳам ҳали боқилган ҳўкиздек бақувват, унча-мунча йигитлар ҳавас қилгудек куч-шижоатга эга эди.
Шу кунларда Чавандоз шериклари билан бир катта иморатни кўтариш учун келишиб олишган, ўн беш-йигирма кунга узоқроқ жойга кетиши керак эди. Энди у бундай қилолмас, хотинини қўриқлаш лозим эди, чунки бу кўз уриштиришлардан кейин ўзининг ифлос ниятини амалга ошириш йўлида Эгамберди энг биринчи имкониятини қўлдан чиқармаслиги аниқ. Чавандознинг ишга ётоқ билан чиқиб кетиши эса унинг учун айни муддао бўлар эди. Чавандоз кейинги кунларда Олия у билан тўшакда бирга ётса ҳам, хаёли бошқа ёқда экандай кўринганлигини эслади, уларнинг бу ўйинлари чамаси фақат эндигина бошланган, ораларида ҳали бошқа ҳеч нарса бўлмаган эди.
“Ҳув қанжиқ, қазисан, қартасан, асли зотингга тортасан, онанг жалаб эди, сен ҳам ўшанинг боласисан-да” деган хаёл ўтди кўнглидан. Аввалига у ишга кетган киши бўлиб, кечаси уларни пойлаб қўлга тушириб, ҳар иккисини чавақлаб ташламоқчи бўлди. Бироқ шу ёшга кириб орттирган эндиги ҳаётий тажрибаси унга ёшлик пайтларидек аччиқ устида бир иш қилмасликка, бирпас сабр қилиб, кейин фикр-мулоҳаза билан иш кўришга ўргатган эди. Чавандоз тўйдан сир бой бермасдан хотини билан қайтди-да, бу иккаласининг қандай қилиб таъзирини бериш устида бош қотира бошлади…
Қишлоқдаги қариялар ичида энг ёши улуғи – Пирназар чўпоннинг тўрт ўғли, ўнга яқин ўзини тутиб олган неваралари қариянинг саккиз мучали, яъни тўқсон олти ёшига икки-уч мол сўйиб, юртга аввал наҳорга ҳалиса, кейин эса катта кўпкари бермоқчи бўлишди. Кўпкарига гилам, телевизор, майда-катта молдан ташқари бир “Жигули” енгил машинаси ҳам аташипти.
Икром эрталаб отига минди-да, ёшликдаги дўсти Содиқ чўпоннинг олдига борди. Содиқ ўғиллари билан даштдаги ерда деҳқончилик қилар, икки юздан ошиқ қўйи, ўттиз-қирқ бош моли ва тўрт-бешта оти бор эди.
– Ҳа, Чавандоз, бу томонларга сира келмас эдинг, бирор бир дардинг борми дейман-да, – деб кулиб қарши олди дўстини Содиқ.
– Гўзал қаерда, Содиқ?
Гўзал ўша Эгамберди айтган, Содиқнинг бир пайтларда донг таратган улоқчи бўз оти бўлиб, бирор йилдан бери Содиқ яхши кўрган отини аяб, энди қариди деб, кўпкариларга олиб чиқмас, шунинг учун уни халқ орасида кўпкарига буткул ярамайдиган қари қирчанғига чиқариб қўйишган эди. Чавандоз дўстининг бу отида ҳам кўп марталар солимлар олиб ўзининг ҳам, Гўзалнинг ҳам довруғига довруқ қўшган эди.
– Ҳа, Пирназар буванинг тўйигами, ўзингнинг отинг ундан ўн чандон яхши-ку, бу бир қари от бўлса, – деди Содиқ.
Улар бўз отнинг олдига келишди, Чавандоз отни яхшилаб кўздан кечирди. От ўт чайнашдан тўхтади, кўкрагини кериб қулоғини чимирди ва тек қотди, у Чавандозни таниган эди.
– Бекор айтибсан, ўзинг қариб қопсан, – деди Чавандоз отнинг тетик, ҳали кўпкари чопишга иштиёқи борлигидан мамнун бўлиб. Чавандознинг доимо чўнтагида от учун бир ҳовуч оққанд олиб юрадиган одати бор эди, уч-тўрт чақмоқ қанд олиб отга тутди, – Абдуллани чақир.
Абдулла Содиқнинг кенжаси бўлиб, ёши ўн еттиларда, ҳамма ўғилларининг ичида отга, кўпкарига ҳаваси бошқача, ўзининг ҳам улоқчи бўлиш истаги кучли эди. Чавандоз эса унинг назарида гўёки достонлардаги қаҳрамонларнинг бири, у астойдил ихлос қилган кишилардан эди, келиб илжайиб, юзида эҳтиром ифодаси билан қўлини кўксига қўйиб Чавандозга салом берди.
– Қани, отга мин-чи буваси, – деди Чавандоз унинг саломига алик олиб, – йўрттириб ҳув анов тепани бир айланиб кел.
Чавандоз кўрсатган масофа анчагина эди. Абдулла айтилган жойдан отни айлантириб келганда, дўстлар икки отимдан нос чекиб улгуришган эди. Чавандоз отнинг бўйни, сағрисини ушлаб кўрди, от терламаган, фақат бадани энди қизиган эди.
– Гап бундай, Абдулла, – деди Чавандоз ёнидан бир даста пул чиқариб, – мана бунинг ҳаммасига арпа билан қуруқ беда оласан. Эрталаб бир шокосада, кечқурун яна биттада арпа берасан. Отни ҳар куни эрталаб ҳозиргига тўрт юз-беш юз қадам қўшиб, йўрттириб бир айлантириб келасан, ҳар куни бир сиқимдан арпани ҳам кўпайтириб борасан. Ўн кунлардан кейин ҳўл ўт бермасдан, истаганича фақатгина қуруқ бедага тутасан, бу пайтда арпани етти-саккиз косага етказасан. Лекин айлантириб келганингдан дарров сув тутма, бадани совисин, бошқа маҳал сув доимо олдида турсин. Икки-учта шаҳарлик ойимтиллалар чўмилганда ишлатадиган катта идишдаги шампундан олиб келиб, отни чўмилтириб тур, пулни аяма, буваси. Мен ўн кундан кейин хабар оламан.
– Чавандоз, пулингни олиб қўй, – деди Содиқ, – ҳар қалай от меники-ку, арпаям, бедаям деҳқончилик…
– Ҳали сен ҳам кўрасан, аяган қари отингнинг нималарга қодирлигини, пулни ол дедимми, ол.
Чавандоз айтилган куни келиб отни кўрди-ю, ишончи янада ортди. От гўёки тўрт-беш ёшга яшаргандай юришлари енгил, чарчамас-терламас, бадани офтобда чиннидай ялтирар, сағриси ва ўмровлари эт олиб, пича кўпчиган эди. Энди уни ана шу ҳолатда ушлаб турилса бўлди эди.
– Энди арпани тўрт косадан оширма, – деди Абдуллага, – сув, қуруқ беда олдида турсин, ўша айтган масофадан ҳар куни бир айлантириб келасан. Кўпкари куни уни ўзинг миниб борасан. Тамом.
Солимнинг каттаси енгил машина эканлигини эшитиб, кўпкарига узоқ-яқиндан улоқчиларнинг “манаман” деганлари йиғилишди.
Машина илинжида ташриф буюришган кўпчилик кучли улоқчилар қатори Эгамберди ҳам кўпкарининг охирини, яъни довга машина тикилишини кутиб турди. Чавандоз бир-икки марта давра ичига кириб, Гўзалнинг баданини салгина қиздириб, уни курашга тайёрлаб турди. Охирида машина учун алоҳида улоқ ташланди, улоқ ҳам совринга яраша, яъни улоқ эмас, икки яшар серканинг бир ярим пуд келадиган танаси эди.
Кураш бошланди.
Бу давра узоқ давом этди, аста-секин кучлиларнинг ҳам кучлилари сараланиб, машина иштиёқмандларининг ярми чеккага чиқиб кетди, шундай бўлса ҳам орадан ярим соат ўтса ҳамки, даврада саксонга яқин от бор эди. Отлар гир айланиб, давра кўчиб юрар, туёқлар остидан чиққан чанг кўкка ўрлаган, томошабинлар баъзан тўзонда улоқчиларни таниёлмасдан ҳам қолишарди. Йиқилган ким, қўл-оёғи эзилгану, қош-қовоғи ёрилган ким, кураш аёвсиз борар, даврада борган сари энг кучлилар қолаётган эди.
Эгамберди даврани ёриб, улоққача етиб борганда Чавандоз ҳам даврада, унинг улоқни қўлга киритишини кутиб турарди. У Эгамбердини кўздан қочирмас, унинг ҳар бир ҳаракатини кузатар, унинг усулларини яхши билса ҳам, яна заиф томонларини илғашга ҳаракат қилар эди. Шу билан бирга Чавандоз унинг йирик гавдасига яраша жисмонан бақувватлилига, маҳоратига ҳам амин бўлди, лекин бу Чавандозни чўчитмас, ҳар қалай ўзидагичалик тажриба Эгамбердида ҳали йўқлигига унинг ишончи комил эди.
Эгамберди мўғулбашара бир улоқчи билан узоқ тортишди, Чавандоз мўғулбашарани танимади, у чамаси узоқроқдан келган, пихини ёрган улоқчилардан эканлиги унинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан кўриниб турарди, рақибининг узоқ йўл юриб келган отида чарчоқ аломатларини сезган Эгамберди уни роса айлантириб ҳолдан тойдирди, ниҳоят мўғулбашаранинг оти панд берди, оломоннинг ҳайқириғи остида Эгамберди ундан улоқни тортиб олди.
Энди Чавандознинг гали келган эди. Чавандоз Эгамберди ҳам, оти ҳам ҳаливери чарчамаслигини кўриб турар, энди нафақат куч, балки маҳорат ва тажриба кимда бўлса – ўша ғолиб бўлар эди. У бир қадар узоқда бўлса ҳам Эгамбердининг олдига етиб олди-да, улоқни маҳкам ушлаб олди. Эгамберди олдида Чавандозни кўрди-ю, мийиғида кулиб қарши олди, бу унинг учун ҳам айни муддао эди. Ҳозиргина мўғулбашарадан улоқни тортиб олганлиги уни мамнун қилган, ўзига ишончини янада оширган эди, у Чавандозга масхараомуз, беписандлик билан боқди, пайтдан фойдаланиб рақибини тўрт-беш минг кишилик халқнинг кўз ўнгида синдириб, унинг довруғига ҳозироқ бус-бутун эга чиқмоқчи бўлди.
Худди ана шу нарса, яъни – рақибини писанд қилмаганлиги унга панд берди. У Чавандоздан осонликча қутулиб кетаман деб ўйлаган эди. Чавандоз улоқни омбурдек қўллари билан маҳкам ушлаб олган, Эгамберди бор кучини ишга солиб, жон-жаҳди билан ҳаракат қилса ҳам наф бермас эди. Бунинг устига Чавандоз ўрталарига бошқаларни яқинлаштирмаслик учун отини шундай айлантирар эдики, ҳеч ким уларга яқинлаша олмас, Эгамберди ҳам унга қўшилиб айланишга мажбур эди. У Чавандоз бундай бақувват отни қаердан олди экан деган хаёл билан разм ташлаб, ўзи аллақачон қари қирчанғига чиқариб қўйган бўз от, Гўзални таниб қолди, бу уни танг қолдирди, Чавандоз унинг бор-йўқлигига ҳам эътибор қилмай, улоқни маҳкам ушлаган кўйи, тортиб олишга ҳам ҳаракат қилмасдан, асабига тега бошлади. Фақат шундагина Чавандоз унинг жиғига тегаётганлигини, кўп минг кишилик томошабинлар олдида уни ёш боладек ўйнатаётганини сезиб қолди. Давра томошабинларга яқин келиб қолган, томошабинлар томонидан, микрофондан “ҳа Чавандоз, бўш келманг”, “Яшанг Чавандоз” деган олқишлар эшитилар, аввал бунга эътибор бермаган Эгамберди, бора-бора бундан ғазабланиб, саросимага тушиб, ўзини идора қилолмай, ўринли-ўринсиз ҳаракатлар қила бошлади. Ана энди Эгамбердини даврадан олиб чиқиш фурсати етганди. Чавандоз отини айлантира-айлантира, эгарга тескари ўтириб олганича Эгамбердини даврадан судраклаб олиб чиқди, кейин ҳар икки улоқчи бир-бирларига жипс ёпишганча қир томонга қараб елдек учиб кетишди. Ўзига ортиқча бино қўйган Эгамбердининг Чавандозга етишига йўл бўлсин. Тўдадан етарли даражада узоқлашишгач, Чавандоз бир-икки алдамчи ҳаракатлар қилиб, улоқни ундан шундай тортиб олдики, катта тезликда кетаётган Эгамберди отдан учиб кетди, бир оёғини узанги илиб қолиб от сургаб кетди. Чавандоз унинг отини жиловидан ушлаб олиб тўхтатди, оёғи бироз шикаст едими ёки гавдаси оғирлик қилдими, Эгамберди ҳадеганда оёғини узангидан чиқариб ўзини ўнгара олмади. Ниҳоят у оёғини чиқариб олганда Чавандоз эгилиб унинг ёқасидан икки қўллаб тутиб юз ўн килолик гавдасини даст кўтарди.
– Чавандоздан улоқни оладиган мард топилса топилар, лекин унинг орини синдирадиган номардни энаси ҳали туққанича йўқ. Қадамингни билиб бос сўтак, агар яна бирор бежо ҳаракатингни сезиб қолсам, нақ остингдаги икки безингни узиб оламан, ҳўв ит эмган, – деди-да эски пўстакни улоқтиргандек отиб юборди.
Халойиқнинг олқишидан еру-осмон гулдураб кетди, кўпкари ўтказилаётган қир ларзага келди.
Эгамберди аламидан титраб-қақшаб, икки қўли билан ерни муштлаб, кўкрагини ерга берганича, бошини кўтаролмай қолди.
Чавандоз улоқ билан томошабинлар олдига яқинлашганда халойиқнинг орасидан кўзи билан Олияни излаб топди, Эгамберди билан Чавандознинг ўртасидаги тортишувни ҳаяжон билан кузатиб турган, хаёлан бу баҳсда эридан анча ёшлиги учун Эгамбердини аллақачон ғолибга чиқариб қўйган Олиянинг кўзи эри билан тўқнашди.
Чавандоз шу куни халойиқни кетма-кет бир неча иши билан қойил қолдирди. Қари отда Эгамбердининг таъзирини берди. Асосий соврин – машинани ютиб олди. Аммо Пирназар бобо ўз қўли билан машинанинг калитини Чавандозга топширгач, у микрофондан Содиқни чақириб олди, Содиқ оқсоқолларнинг олдига келганида Чавандоз калитни унинг қўлига тутди.
– Содиқ, ма дўстим, от сеники эди, солим ҳам сеники. – Халойиқ яна гулдурос қарсак ва ҳайқириқлар билан Чавандозни олқишлади.
“Бундай мардликни фақат Чавандоз қила олади!”.
“Балли Чавандоз, яшанг!” Олқишлар остида у даврадан қўлини кўксига қўйиб, Содиқни ҳангу манг қолдириб чиқиб кетди.
Олия Чавандознинг ўзига тушган қаҳрли нигоҳидан унинг ҳамма гапдан хабардор эканлигини, энди навбат ўзига келганлигини тушунди, тушундию даҳшатдан юраги орқасига тортиб кетди. Дарҳол уйига келди-ю, ўзини қўярга жой тополмай, дир-дир титраб-қалтираб, эрининг кириб келиб таъзирини бериб қўйишини, кейин эса, шарманда қилиб ҳайдаб юборишини кута бошлади.
Лекин Чавандоздан дарак бўлмади. У кечқурун алламаҳал келганида Олия юраги ҳаприқиб телевизор кўриб ўтирар, кўзи телевизорда бўлса ҳам нима кўраётганлигини англамас, хаёли Чавандоз билан бўладиган учрашувнинг оқибати нима билан тугаши мумкинлигини ўйлаб ўйига етолмас эди. Олия эрини тик турган кўйи, қўрқув ичида жимгина кутиб олди, Чавандоз ечинди, хонани ароқ ҳиди тутиб кетди.
– Чироқни ўчир, – деди у кўрпага кираркан.
Олия Чавандоз урмай-сўкмай эрталабгача гўё унинг танидан жонини суғуриб олди. Эрининг авваллари ҳузурбахш бўлган темирдек оғушида Олия қафасга тушган қуш ҳолига тушди, эрталабгача азоб ичида тўлғаниб, унинг қаҳрли эхтиросларидан суяк-суякларигача тегирмонга тушган дондай эзилиб кетди, Чавандознинг хуружларини охири кўринмасди. Олия бир кечанинг ўзида минг бор ўлиб, минг бор тирилди. Одатда Чавандоз тонг қоронғусида туриб чиқиб кетгувчи эди. Бу гал бор алами ва ғазабини тўкиб хумордан чиққандан кейингина туриб кетганида офтоб кўтарилиб қолган эди.
Чавандоз эрталаб уйдан отини миниб чиқиб кетган кўйи куни билан ўйловда юрди: Эгамбердининг-ку узил-кесил қайтиб бошини кўтаролмайдиган қилиб белини синдирди, энди Олияни нима қилса экан? Жавобини берсамикан? Унда халойиқ нима деб ўйлайди, унинг хотинини яхши кўришини ҳамма билади-ку. Айниқса, катта кўпкаридан кейин Чавандоз нима учун бундай қилди, бунга унча-мунча чиройли қиз-жувонларни йўлдан уриб юрувчи Эгамбердининг алоқаси йўқмикан деган саволлар туғилмайдими, гап-сўз кўпаймайдими? Бу эса Чавандознинг шаънига тўғри келмасди. Жавобини бермаса, унинг энди хотинига аввалги рағбати, иштиёқи синган, унинг ўрнига нафрат эгаллаган, ҳатто унинг қўлидан қандай қилиб чой-таом ейишини, бундан кейин қандай қилиб умр қилишини ҳам кўз олдига келтира олмасди.
Ўйлаб-ўйлаб, у ихтиёрни Олиянинг ўзига қўйиб бериш фикрига келди. Ҳарқалай, у Чавандоз билан ўртада фарзанд бўлмаса ҳам йигирма йил энг ширин дамларини бирга ўтказди, айб эрининг ўзида эканлигини аниқ билса ҳам ажрашмасдан, унга бирор марта таъна қилмасдан, шунча йиллик умрини Чавандозга бахш этганлиги ҳақи шундай қарорга келди. Қолаверса у эрига фақат хаёлида хиёнат қилган, жисми билан эса ҳали хиёнат қилиб улгурмаган эди.
Чавандоз Гавҳарнинг жавобини бериб, Олияни олиб қочиб келганида онасининг айтган гапларини эслади: “Мен бу зоти пастларнинг уруғини яхши биламан, юз йил сен билан умр қилса ўлиб қолганда бир марта кўзингга чўп ташлайди, ҳалиям бўлса бу юзсиз ҳаштарининг жавобини бериб, Гавҳаргинамди қайтариб олиб кел, нодон бола…” Чавандознинг онаси қанчалик ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилиши учун юз йил эмас, бор-йўғи йигирма йил кифоя қилди. Ҳақиқатдан ҳам нодон экан, ўшанда бу гапларни у ўғлининг қилмишидан норозилиги сабабли “энам жаҳл устида шунчаки жавради-да” деб ўйлаган эди.
Чавандоз туриб кетганидан кейин Олия тўшакда кучук чайнаб ташлаган бир уюм увада теридай чалажон бўлиб ётиб қолди, аъзойи-баданининг оғримаган жойи қолмаган, бош кўтариш, енгил йўталиш у ёкда турсин, чуқурроқ нафас олса қаттиқ оғриқ жону-жаҳонини ўртаб юборар эди. Шундай бўлса ҳам у ит азобида кийимларини пайпаслаб топиб, бир амаллаб эгнига илди-ю, чалғи билан ўрилган ўтдай яна тўшакка қулади. Лекин у Чавандоз ҳали ўзининг охирги сўзини айтмаганлигини яхши билар эди. Олия карахт ҳолида шу кўйи қанча ётганлигини билмади, фақат кимдир чақираётгани аранг қулоғига чалинди, бирпас диққатини йиғиб, кейин қўшниси Фотиманинг овозини таниди. Фотима бир неча марта:
– Олия ҳув Олия, – деб чақиргандан кейин ўрнидан туришга ёки овоз беришга ҳам қурби келмай, қаердалиги билдириш учун қўлини узатиб, зўрға деразани очиб юборди. Фотима дераза олдига келди-ю, эр-хотиннинг йиғиштирилмаган ўрнига кўзи тушиб, ийманиб ортига чекинди, лекин Олиянинг заиф, синиқ овоз билан ўзини чақираётганлигини эшитиб, яна деразага қайтиб юзланди.
– Фотима опа, ўргилай сиздан, – деди Олия деярли пичирлаган овозда энтикиб-энтикиб, – болаларингизни Олиманикига юборинг, бир келиб кетсин, менинг мазам ҳеч бўлмаяпти.
Олима келиб уни каравотга олиб ётқизди, аччиқ мастава қилиб синглисини мажбур қилиб озгина ичирди, Олиянинг гапи билан поччасига ҳам бошқа овқат тайёрлади. Унинг нима гаплигини сўраб берган саволларига Олия бош чайқаб, шунчаки тобим йўқ деди, лекин Олима нимадир бўлганлигини фаҳмлади, шундай бўлса ҳам уни бошқа саволга тутмай эртага яна келишини айтиб уйига кетди.
Чавандоз тушликка ҳам, кечки овқатга ҳам келмади. Алламаҳал келиб, оғилхона томонга ўтиб молларига қаради-да, Олиядан хабар ҳам олмасдан, меҳмонхона уйга ухлагани кириб кетди.
Эрталаб Чавандоз ҳар доимгидек тонг қоронғусида туриб, молларини саришта қилиб бўлганида Олия ҳам бир амаллаб туриб олган, эрталабки чойга дастурхон тузаб қўйган эди. Аммо Чавандоз ишларини қилиб бўлиб, чойга келмасдан отини эгарлади, ишга чиқиб кетганда олиб юрадиган, ичига эҳтиёт ичкийим, рўмолчаю пайпоқ, оққанд, соқол оладиган анжомлари, сочиқ ва капчаларини соладиган сафар халтасини эгарнинг қошига илди, отини дарвоза олдига етаклаб келиб, бир пайтлар Гавҳарнинг жавобини бериб юборгандагидек Олияни чақирди.
– Мен ўн кунларда қайтаман. Агар кетмоқчи бўлсанг, уйдан тўрт девордан бошқа истаган нарсангни олиб кетишинг мумкин, – деб таъкидлади, у – ҳамма нарсани, йўлинг очиқ. Лекин кетиш ниятинг бўлмаса билиб қўй, бундан кейин яна бирор марта шунақа ўйин қилсанг, ким билан бўлса ўша билан қўшиб, чавақлаб ташлайман. Қолиш – қолмасликни ўзинг ҳал қил.
Отини етаклаб чиқди-да , эгарга ўтириб йўрттириб кетди.
Олия кетмади, кетолмади. Қолса – унинг учун Чавандозникида қолиш мислсиз азоб бўлишини у тушуниб турар, лекин кетиш эса ундан-да қийин, чунки эрининг ардоғида шунча йиллик азза-базза бўлиб юрганидан кетса, бундан кейин элда қандай бош кўтариб юришини билолмас эди.
Чавандоз олдига қўйган мақсадига эришган, улоқда унинг учун энг катта мукофот шунча халқнинг олдида Эгамбердининг бурнини ерга ишқаб қўйганлиги эди. Лекин энди Чавандознинг ҳаётдан бутунлай ҳафсаласи пир бўлди, Худо унга фарзанд ато этмагани етмагандай, хотини ҳам унинг ихлос-иштиёқини синдирди, эндиги қилиғи бутунлай ошиб тушди. Шундай бўлса ҳам жисмига ато этилган битмас куч-ғайрати уни ўз ҳолига қўймас, бор аламини ишдан олар, ўзи истаб-истамай ҳамон кўп пул топар эди. Фақат энди у пулларини хотинига келтириб бермас, болалари бирин- кетин вояга етиб, ташвишлари кўпайиб қолган инилари, опа-сингилларининг тўйими, қурилишими, шунга ўхшаш ишларига катта-катта пул берар, Тошкентдами, бошқа жойдами ўқиётган жиянларига қарашар эди. Олиянинг ҳалиям келинчакларникидек қадди-қомати, ҳусну жамоли уни энди ўт-оловдек ўзига чорламас, унинг оғуши Чавандоз учун аввалги сеҳру жозибасини йўқотган эди. У ётоғини хотинидан бўлак қилиб, кўрпа-тўшагини меҳмонхона уйга олиб ўтди. Шундай бўлса ҳам ғалаён қилган нафсининг ҳовурини босиш учун Олиянинг олдига кириб турар, хотини билан ҳиссиз, совуққина қўшилар эди. Лекин ҳуши келмаса унинг ётоғи остонасидан ўн беш кун-бир ойлаб ҳам ҳатлаб ўтмас, бундай пайтларда тез-тез кечаси уйда тунамасдан, тонг қоронғусида кириб келадиган одат чиқарди, кўп ичадиган бўлиб қолди.
Олия эрининг олдида аввалги эътиборини бутунлай йўқотганини билиб турар, эриниг кечалари қаерда ва кимникида тунаб келишини ҳам фақат тусмол қиларди холос. У энди илгаригидек тўй-йиғинларга кўп бормас, борса ҳам ҳаммани ўзига қаратишга ҳаракат қилмас, шу ҳозирги мавқеига ҳам рози эди. У уйда шарпадек юрар, эрининг ҳар бир хоҳиш-истагини аввалдан билиб, ўринлатишга ҳаракат қилар эди.
Авваллари ҳам халқни бир неча бор қойил қолдирган Чавандознинг ўша кўпкаридан кейин шусиз ҳам мислсиз довруғи янада ошди, унинг бу кўпкаридаги кўрсатган мардликлари элда неча йиллаб оғиздан тушмади. Эгамберди эса шу-шу қайтиб кўпкарига тушмай қўйди, Чавандоз бор давраларга яқинлашмади. Унинг хотин-қизларга бошқа тегажоғлик қилганлигини ҳам ҳеч ким кўрмади-эшитмади. Халқ – Чавандоз Эгамбердининг танобини кеккайиб кетганлиги учун тортиб қўйди деб ўйлаганда қисман ҳақ эди, аммо уларнинг ўртасидаги бу тортишувнинг асл сабабини фақатгина Чавандоз, Олия ва Эгамбердигина билишарди холос, бошқа ҳеч ким билмас эди.
Чавандоз юрагининг тубида аввалига нималигини ўзи ҳам англаб етмаган қандайдир бир тугун безовта қила бошлади, бироқ вақт ўтиши билан у бунинг нималигини яна тушуниб етди, тушуниб етди-ю, безовталиги янада ортди. Бу орадан шунча йил ўтиб, қайта ўйғонган – Гавҳарнинг олдидаги гуноҳкорлик ҳисси эди, бу ҳис бир неча йил ўтиб ҳам кучайса-кучайдики, уни тарк этмади.
Навбаҳор туманида Навруз байрамига катта кўпкари берилди. Туманнинг деҳқон фермерларидан бир нечтаси солимга ўзларининг атаганларини олиб келишди. Ким музлатгич, ким телевизор, кимдир яна нимадир атаган эди. Солимнинг энг йириги – уч яшар йирик буқа эди. Энг қаттиқ тортишув ана шу буқанинг устида бўлди. Ҳаваскор, бошловчи ёки ўртамиёна улоқчилар бошқа солимлар илинжида тушиб, бирин-кетин солимлар эгасини топди. Кучли улоқчилардан бир нечтаси эса асосий соврин учун олишиш ниятида ўзлари ва отларини чарчатмасдан шунчаки айланиб туришар эди. Буқага гал келганда ўртага кўпчилик тушди, лекин кейинчалик етмиштача энг чапдаст улоқчилар узоқ тортишишди. Охирида Чавандоз ҳамма улоқчиларни айириб ташлаб, ўттиз беш-қирқ ёшларга бориб колган баланд бўйли, кенг, тўғри елкали, суяги бузуқ бир йигит билан тортишди. У бу йигитни илгари кўрмаган эди. Буғдой ранг, очиқ чеҳрали бу йигит Чавандознинг оёғи остига қисиб олган улоқни ушлаб олганича қўйиб юбормас, ўзи ҳам, оти ҳам ниҳоятда бақувват эди, олдида тажрибали, кучли рақиб турганлигини билиб у билан астойдил олишарди.
“Қарши томонлардан бўлса керак”, – деб ўйлади Чавандоз. Йигит баъзида кулимсиб Чавандознинг кўзига боқиб қўяр, кейин яна ҳар иккала томон ҳалол олишаётганлигидан завқи келиб, яна янги усуллар қўллаб кўрарди. Чавандоз унинг нигоҳида кучли улоқчининг худди шундай улоқчига ҳурматини туяр, шу топда эҳтимолки, ўзидан-да кучли рақибга дуч келганлигини ҳам сезиб турарди. Халойиқнинг қийқириқлари остида узоқ тортишганларидан кейин у Чавандоздан улоқни шундай куч билан тортиб олдики, Чавандоз ҳам, оти ҳам бир қилқиб кетди. Чавандоз рақибига тан берди ва бошқа таъқиб қилмасдан орқада қолди. Йигит даврани ёриб чиқиб маррага отини чоптириб кетаётганда шу атрофлик ёшроқ тўрт-беш улоқчи уни қувиб кетишди. Анча нарига боришгандан кейин Чавандоз уларнинг йигитни ўраб олиб, қамчилаб, отдан йиқитиб улоқни тортиб олишганликларини кўрди. Бу энди очиқчасига ғирромлик, Чавандоз эса бунақа ишларга сира тоқат қилолмас эди. У тўдага етиб олиб, улоқни тортиб олиб кетаётган улоқчининг елкасига икки қамчи тортди, у ўгирилиб Чавандозни кўриб саросимага тушиб қолди. Чавандоз ундан улоқни тортиб олди, шериклари ҳам етиб келишди.
– Чавандоз, бу нима қилганингиз, – деди улардан бири Чавандозга ҳамла қилишга ботинолмай норози оҳангда, – у бегона экан, ҳўкиз ўзимизга қоларди.
– Қолганларингниям тортайми ҳозир, – деди Чавандоз қамчиси билан пўписа қилиб, сенлар ҳам шу туришингда ўзларингни эркак санаб юрибсанларми? Бор, баринг аёлларнинг кийимини кийиб ол. – Йигитлар хижолат чекиб ерга қарашди. – Тозилар шерликни даъво қилишипти-да. Икром Чавандоздан улоқни тортиб олган улоқчидан улоқни олиш сенларнинг қўлларингдан келадиган ишми? Яна шундай қилсаларинг белингни синдираман ҳаммангни!
Қаршилик йигит ўрнидан туриб, қовоғи осилганча гоҳ-гоҳ қамчи тушган елкаси аралаш кўкрагини силаб қўйиб, отининг эгар-айилини тузатар эди. Чавандоз унинг олдига келиб улоқни унинг оёғи остига ташлади.
– Улоғингни ол, ука, энди узр, бир-иккита тирриқ ҳамма жойда бўлади-да. Мен ўзим улар билан гаплашиб қўйдим. Аҳволинг яхшими?
– Тузукман, – йигитнинг чиройи очилиб, отига минди, улоқни олдига ўнгарди. – Раҳмат ака, мард одам экансиз.
– Мақтовинг ўзингга сийлов, ука, мен шунчаки ғирромликка чидай олмайман. Қарши томонларданмисан?
– Касбиданман.
– Отинг нима?
– Жовли.
– Бўпти, Жовлибой, улоқни маррадан айлантириб обориб, совринингни ол, улоқ сенинг ҳаққи-ҳалолинг эди…
Бу воқеа Чавандознинг эсидан ҳам чиқиб кетган эди. Май ойи кириб олд пишиқчилик ҳам бошланди. Пахсачиларнинг ҳам мавсуми бошланиб, иши кўпайиб қолди. Чавандоз шериклари билан қишлоқ чеккасидаги янги ҳовли жойлар берилган кўчада пахса урарди. Янги тупроқ кўчага бир тўда тўққиз-ўн ёшлардаги болалар икки-учтадан бўлиб, велосипедларга мингашиб олиб болаларга хос шўхлик, қий-чув билан Чавандоз ишлаётган иморатнинг олдига келишди.
– Бова, ҳов, Чавандоз бова, – деди болалардан бири.
– Ҳов, буваси, – икки пахса бўлган иморатнинг дераза ўрнидан Чавандознинг боши кўринди, – Азаматмисан?
Бола укаларидан бирининг невараси эди.
– Уйингизга меҳмон келди, борайкансиз, – деди бола Чавандозга ҳам қарамасдан қишлоқ болаларига хос қилиқ билан, иморатни томоша қилиб.
– Ким экан меҳмонлар?
– Танимадик.
– Меҳмонлар неча киши экан, буваси?
– Учовми-ей.
– Фозил амакингга айт, меҳмонларни уйга олиб кирсин, ўзида бўлса бир қўчқор, бўлмаса шишакми, тўқлими, бирор нима сўйдириб турсин, менинг икки пешвой лойим қолди, ярим соатда етиб бораман
– Позил бувам уйида йўқ, Амриддин амакимга айтаман, – деди бола яна ўшандай Чавандозга қарамасдан.
– Амриддин амакингга айт, бор, буваси бўйидан.
Чавандоз бел отатуриб меҳмонлар ким бўлди экан деб, тусмол қилиб ҳам ўйлаб топа олмади. Мўлжалдаги қолган озгина лойни шерикларининг ўзига қолдириб уйига кетди. Уйига яқинлаша туриб узоқдан бир енгил машинани ва бир усти ёпиқ қутилик юк машинасини кўрди. Дарвоза олдида турган тўрт кишидан бири таниш кўринди, у Жовли эди, уларни укасининг ўғли Амриддин ичкарига чорлаётган эди, меҳмонлар Чавандозни кўриб тўхташди.
– Чавандоз ака, меҳмон оласизми? – деб ўзига хос очиқ чеҳраси билан кулиб қучоғини очиб келди Жовли.
– Э, Жовлибой, кел ука, меҳмон атойи Худо дейдилар, хуш кепсилар.
Қучоқлашиб кўришишди.
– Булар отам, бу Эшпўлат акам, асли амаким, ака деб кетганмиз, ҳув келганда кўргандирсиз, бирга келган эдик. Бу дўстим, Норпўлат.
Аввал қария, кейин Эшпўлат кўришди, эллик ёшлардаги бу одамни Чавандоз эслади. Жовлининг отаси – узун соқолли, барваста, баланд бўйли қария етмиш беш-етмиш олтиларда бўлса ҳам ҳали тетик эди.
– Кармананинг мард кўпкаричисиға биз ҳам бир мардчилиқ қиғани келдик, Чавандоз, – деди у ҳам қучоғини очганича, – довруғингизди кўп эшитиб эдим.
– Қуллуқ, қуллуқ, бува, – деб кўришди Чавандоз.
– Қани, Жовлибой, Чавандоз акангга атаганингди опкел-чи.
Жовли билан Норпўлат кўтарма тупроққа орқаси билан тақаб қўйилган усти ёпиқ юк машинасининг орқа эшигини очиб, қоп-қора тусли бир тойни туширишди. Той ерга тушиб атрофга олазарак бўлиб, қулоғининг чимирди, кейин бўйни ва тумшуғини чўзиб ҳавони ҳидлади, бегона ҳидларни туйиб безовталанди ва бу ёшдаги бўйнига энди арқон тушган ҳамма тойлар сингари қайсарлик қилиб, бўйнидан ипни чиқармоқчи бўлиб орқага тисланди, кейин Жовлининг атрофидан жон-жаҳди билан айланиб югурди. Жовли ипни калта ушлаб Чавандознинг тойни яқиндан кўришига имкон берди, йўлда чарчаб-толиқиб қолган той бирпас тек турди.
Чавандоз бир қарашдаёқ тойнинг хушбичим қомати, ингичка бўйни ва тумшуғига қараб, у асл зотли отлардан эканлигини пайқади. Унинг қўлидан шу пайтгача анча-мунча яхши отлар ўтган бўлса ҳам, бунақаси ҳали тушмаган эди, унинг ичига ҳаяжонга ўхшаш илиқ бир нимадир кирди, кўзларига ишонмади. Той бир ёш- бир ярим ёш ўрталарида бўлиб, кўзлари оҳунинг кўзини эслатар, мижжалари узун-узун, қомати чиройлилиги учунми, Чавандознинг кўзига унинг ҳар бир ҳаракати чиройли бўлиб кўринар эди. Қария аввал Чавандознинг ҳаракатини жим кузатди, кейин у тойнинг у ер-бу ерини ушлаб кўриб, зотли отлардан эканлигини тушунганлигини Чавандознинг юз ифодаси ва кўз қарашларидан билгач, мамнун бўлиб гапирди:
– Кўриб турибман, отни танир экансиз-а, Чавандоз. Бу отнинг бобокалонлари билан Тожикистонгача, Афғонгача бориб, солимлар олиб келганман, ўшанда Жовлидай қирқ ёшларда эдим…
Меҳмонлар бир кеча қўноқ бўлиб эрталаб кетишди.
Шу-шу Жовли билан қадрдон ака-ука киришиб қолишди. Жовли тортиқ қилган той Чавандознинг шунча йиллик кўпкаричилигида қўлга киритган ҳамма солимларидан ҳам қимматлироқ совға эди. Жовлининг отаси Эшмамат бува унинг мардлигини ана шундай тақдирлаган, ўз сўзи билан айтганда, Чавандознинг мардлигига “мардчилиқ қиған” эди.
Чавандоз тойга қоп-қора туслилиги учун “Қалдирғоч” деб лақаб қўйди. Қалдирғоч Чавандознинг ҳаётига янги мазмун бағишлади. Унинг ҳам ҳамма тирик, орзу-ҳавасларга тўла одамлардек болаларга айрича меҳри бор эди, у қўлидан келгунича гўдак жиянларини эркалаб-суяр, лекин Бозоргул эна майда невараларини уникида кўп юргани қўймас, шу сабаб унинг ҳаёти нурсиз, кўнгли кам бўлиб юрар, энди эса кеча-кундуз унинг кунларини ёритгувчи бир нур пайдо бўлган эди. Чавандоз кўпгина бефарзанд оилалаларда ит, мушук боқишларини кўрган эди, аммо у ит ва мушукни ёқтирмасди, той унга гўёки фарзанд қатори бўлиб қолди, унга бор меҳрини берди. Чавандоз дўсти Содиқнинг ўғли Абдуллани ёнига олиб, Қалдирғочни улоқчи от қилиб тарбиялай бошлади. Чавандоз катта кўпкариларда Қалдирғочни кўпинча бу пайтга келиб яхшигина улоқчи бўлиб қолган Абдуллага бериб, ҳам Абдуллани, ҳам Қалдирғочни томоша қилиб, завқланиб тўймас эди. Чавандознинг парвариши, эътибори билан асл зотли отлар наслидан бўлган, фаҳму фаросатли, ақлли Қалдирғоч – уч-тўрт йилда яхши айғир, ҳақиқий улоқчи от бўлиб етишди ва соҳибининг ўзидек узоқ-узоқларга довруқ таратди. Қалдирғочни томоша қилгани нафақат кўпкариларга, балки Чавандознинг уйига ҳам келишарди. Ундан авлод олиш учун бияларини қочиришни сўраб келувчилар ҳам кам эмасди, лекин Чавандоз ҳар қандай бияга ҳам Қалдирғочни қўшмас, яхшилаб отни кўздан кечиргачгина дидига ўтирган бияга қочиришга рухсат берарди. Чавандоз бирор марта сотаман деган бўлмаса ҳам, Қалдирғочни узоқ-яқинлардан отнинг ашаддий ишқибозлари, айниқса пулдор бойвачча, тадбиркорлардан сўровчи харидор кўпайгандан кўпайди. Шундай харидорлардан бири қирқ ёшлардаги эски таниши – тадбиркор Абдурашид эди. У бир неча марта келиб Чавандозни ҳол-жонига қўймасдан аввал айтган нархининг устига яна қўшиб, сўнгги келишида отга “Мерседес” машинасини алмаштиришни таклиф қилиб кетган эди.
Чавандоз эрталаб туриб Қалдирғочни эгарлади ва Абдурашидни излаб кетди, уни янги ишга туширган ғишт заводидан топди.
– Абдурашид, отни олиш фикридан қайтганинг йўқми? – деб сўради Чавандоз сўрашишгач. Абдурашид аввалига ўз қулоқларига ишонмади, у бундан икки ойча аввал Чавандозга “оғзингизга сиққан пулингизни айтинг, қанча десангиз шунча бераман” деб, ҳатто эллик минг долларга олган янги “Мерседес” машинасини таклиф қилган чоғида ҳам Чавандозни отини сотишга кўндира олмаганди, энди эса унинг бу ишидан ҳайрон қолди.
– Нима учун ўшанда гапимни ҳатто тингламагандингиз-у, энди ўз оёғингиз билан келиб турганингизни тушунмадим, лекин отингизнинг баҳосини айтинг, Чавандоз, – деди Абдурашид.
– Ўн беш минг, – бир пас туриб яна деди, – ўн беш минг доллар берасан.
Абдурашид яна ҳайрон қолди.
– Мен ўшанда сизга деярли уч баравар нарх айтган эдим, сиз эса ўн беш минг деяпсиз?
– Абдурашид, сен мени асп жаллоб деб ўйлаяпсан чоғи, ука. Асли-ку бу отнинг баҳоси йўқ, лекин менга ўн беш минг доллар керак, эллик минг керак бўлганда эллик минг бер деб айтган бўлардим. Мен сенга, – Чавандоз хомуш тортиб, овози титраб чиқди, – буюм, мол сотаётганим йўқ, энг азиз нарсамни, оримни бераяпман, ука.
Абдурашид Чавандозга отини сотиш осон бўлмаётганлигини тушунди, шунинг учун ортиқча гап қўшмади, унга нима учун пул керак бўлиб қолганлигини ҳам тушунмади. Қўл телефонини олди-да, кимларгадир бир-иккита қўнғироқ қилди, кейин хурсанд бўлиб икки қўлини бир-бирига ишқалаганича укасини чақирди:
– Абдуназар, Чавандоз бувангга у-бу олиб кел, бир битимни ювайлик.
– Йўқ ука, бошқа сафар, ҳозир эмас. – Абдурашид унча-мунча бўз бола йигитлар ҳали Чавандознинг олдида ароқ ичишда ип эшолмаслигини билар эди, астойдил қистади, лекин Чавандоз кўнмади. Бу орада машинада икки йигит Абдурашидга бир пакетда пулни келтириб ташлаб кетишди, у пулни аввал ўзи санаб, кейин Чавандозга “санаб олинг” деди. Чавандоз пулни санаб ўтирмасдан пакетга жойлади, қўл ташлаб “бор барака” қилишди, кейин эса оти билан хайрлашиш учун сим ёғочга боғланган Қалдирғочнинг олдига келди, отнинг бўйнидан қучоқлаб, бағрига босди, кўзлари жиққа ёшга тўлди, елкалари қалтираб бир неча дақиқа унсиз йиғлади.
– Эҳ, Икром ака, одамнинг юрагини эзиб юбордингиз-ку, – деди буни кўриб Абдурашид, кейин Чавандознинг олдига келиб отнинг тизгинини ечиб унинг қўлига тутқазди. – Манг отингиз, пулни олиб кетаверинг, топганингизда олиб келиб берарсиз, тилхатингиз ҳам керак эмас. Юртда ҳурматингиз бор, сизнинг дангал, мард одамлигингизни ҳамма билади-ку, ахир шундай келиб, “Ука, зарил бўп қолди” десангиз шундоқ ҳам бериб турардим-ку, ака.Тушунаман, менинг ҳам юрагим тошдан эмас-ку.
Чавандоз отнинг бўйнини қўйиб юборди, кейин кўз ёшларини артди-да, яна ўша қалтираган овоз билан деди:
– Мен шу ёшга кириб бировдан қарз олмаганман, Абдурашид ука. Эндиям олмайман. Лафз ҳалол, қўл ташлашдик, от сеники.
– Икром ака, тўхтанг, Абдуназар сизни уйингизга машинада элтиб қўяди.
Чавандоз ортига қайрилиб ҳам қарамасдан, ”керак эмас” маъносида қўл силкиб, оғир-оғир қадамлар билан завод дарвозасидан чиқди.
Кечқурун пулни қўйнига солиб,Жабборқул ўғли Зариф билан ишлаётган маҳалланинг янги қурилаётган мактабига борди. Иши тугагач, ундан гаплашиб олиш учун бироз тўхтаб туришини сўради, иккаласи ёлғиз қолишди.
– Жабборқул, янги иморатингни сотмоқчи эмишсан деб эшитдим.
– Агар харидор бўлсангиз кеч қолдингиз, Чавандоз, мен келишиб, ваъда қилиб қўйдим, – деди Жабборқул ва ичида “бефарзанд Чавандоз иморатга нима учун қизиқди экан, бирорта жиянига олиб бериб, ҳиммат қилмоқчи бўлса керак-да” деб ўйлади.
– Агар сотмаган бўлсанг, шуни сотма деб айтгани келувдим.
Жабборқул яна ажабланди:
– Нега энди, Чавандоз, тушунмадим?
Чавандоз устанинг олдига пулни қўйди.
– Мана ука, ўн беш минг доллар.
– Бундай тушунтириброқ гапиринг, Чавандоз, бу нима ўзи?
– Пул, жиянингни чет элга ўқишга кетиши учун.
– Мен сиздан пул-мул сўраганим йўқ эди-ку?
– Энди ука, ҳамманинг хабари бор, иморатни қанча қийинчилик билан, минг орзу-ҳавас билан қилгансан. Бу ёқда болаларинг ҳам катта бўлиб қолишди. Раҳматли Ғаффорқулнинг болаларини ҳам оталарини йўқлигини билдирмасдан ўқитиб тўйларини қилаяпсан, барака топ. Шунга шу пулни олиб қўйсанг девдим, ҳовлингни сотма, мендан қарзи ҳасана, мениям ҳеч бўлмаса озгина бўлсаям савобдан бенасиб қилма, ука.
– Иморатни сотаётган бўлсам бу мени ишим: иморат меники, бола меники.Бош омон бўлса, болалар пул топиб ўз кунини ўзи кўрадидиган бўлса, яна иморат, ҳовли-жой қилармиз. Пулингиз кўп бўлса ўзингизга, бунақа қилиб одамнинг ҳамиятига тегманг, Икром ака. Мен ҳеч кимдан садақа олмаганман, олмайман ҳам.
Жабборқул пулга қарамай кетмоқчи бўлди.
– Агар сен олмасанг, унда бу пулнинг менгаям кераги йўқ.
Чавандоз бу гапларни ўпкаси тўлиб, қалтираган овозда айтди, Жабборқул унга ўгирилиб, Чавандознинг кўзлари жиққа ёш эканлигини кўрди.
– Қизиқ одам экансиз-ку, Икром ака, муддаонгиз нима ўзи?
Чавандоз бирпас тўхтаб туриб деди:
– Жабборқул, мен Гавҳарнинг олдида кўп гуноҳкорман, унга қанча озор бердим, уни зор-зор йиғлатиб, кетишга мажбур қилдим. Худо-ку уни ёрлақади, қўша-қўша фарзанд берди. Лекин бир пайтлар қилган гуноҳимдан виждон азобини мен энди тортаяпман.
Чавандоз кўз ёшини тўхтатолмас эди.
Жабборқул нима қилишини билолмай қолди. Йўқ, у барибир бу пулни ололмайди, хотинига нима дейди: “Чавандоз берди, ёрдам қилмоқчи экан” дейдими? Гавҳар бунга ҳатто “Чавандоздан қарз олдим”, деса ҳам асло рози бўлмайди. У бир муддат ўйланиб қолди.
– Йўқ, Икром ака, пулингизни сира ололмайман.
– Жабборқул, кўнглинг қабул қилмаса кейинчалик қайтарарсан. Мен бу пул учун Қалдирғочни сотдим, тушунаяпсанми, отимни сотдим. Бутунлай сотдим, энди қайтиб олмайман, ололмайман.
– Нима дедингиз, отимни сотдим?!
Жабборқул жойида ўтириб қолди. Бугун Чавандоз уни ҳайратга солишдан тўхтамаётган эди. Наҳотки у шунча пайтдан бери бировларнинг тушига ҳам кирмаган пулларга сотмаган отини сотган бўлса? Икром Чавандоздай одамнинг шунча довруғи кетган, еру-кўкка ишонмайдиган отини шунинг учунгина сотганига ақл бовар қилмас эди. Жабборқул агар у ҳозир пулни олмаса, шунчаликка борган Чавандоз аччиқ ичида, изтиробда ўзини бирор нима қилиб қўйишдан ҳам қайтмаслигини хаёлига келтирди, ўйловда қолди.
– Бўлмаса бундай қиламиз, Икром ака. Пулингиздан беш мингини оламан, уни ҳам қарз деб, ҳали Гавҳар рози бўлса. Имконим бўлиши билан қайтараман.
Чавандоз буни эшитиб сал чиройи очилди, лекин у пулнинг бир қисмини қайтариб олиб кетишга ҳам кўнмади.
– Сен жиянингни қаерга юбораяпсан? Англияга.Тошкентга ёки ҳатто Москвага эмас. У ерга орқасидан сўраб боролмайсан, менга бунча пул юборинг деса яна кимга борасан? Ўшанинг учун қолганини ҳам олиб қўй, ҳидини чиқарма. Болани шундай узоқ жойга юбораётганингдан кейин қўлингда эҳтиёт шарт каттароқ пул турсин.
Жабборқул бу ҳақда ўйлаб кўрмаган экан, Чавандознинг сермулоҳаза одам эканлигига тан берди.
– Гавҳарга ҳам тушунтириб айт. Фақат ўртамизда бўлган олди-бердини Гавҳар, сену мендан бошқа ҳеч ким билмасин…
Чавандоз Қалдирғочни Абдурашидга бериб юборгандан кейин севимли отига нисбатан шафқатсизлик, эҳтимолки, ҳатто хиёнат қилганлигидан бағрини ўртаган изтиробдан бир неча кун гангиб юрди.
“Кечир мени, Қалдирғоч, кечир. Сени сотиб мен жуда катта гуноҳ қилдим. Лекин бу ишни жуда кўп йил олдин қилган, бундан-да каттароқ бошқа бир гуноҳимни салгина бўлса-да енгиллатиш ниятида қилдим” деган ўйлар билан бир неча кун ўзига таскин беришга уринди. Кўнглини яна Чавандоз ҳув Олия ва Эгамберди билан орани очиқ қилиб олгандан кейинги каби тушкунлик эгаллади. Лекин бу ҳолат бир неча кундан кейин ўтиб кетди. Ҳар қалай, уста Жаббор янги иморатини сотиб юбормасдан жиянини чет элга ўқишга юборганидан кейин анча тинчланди. У буни Гавҳарнинг шунча йилдан кейин бўлса ҳам, унинг гуноҳини лоақал озгина бўлса ҳам кечирганининг белгиси деб тушунди. Шундай кайфият билан бир куни онасининг олдига борди.
– Эна, йўқ демасангиз мен Насимни ўз уйимга олиб келиб, уйлантирмоқчи эдим, – деди. Насим – Бозоргул момонинг тўрт қизидан энг кичиги, Чавандознинг синглиси, бир этак болалари бирдан катта бўлиб қолиб, уларнинг ташвишлари билан тирикчиликдан андак қийналиб қолган Ойсулувнинг икки-уч йил бурун ҳарбийдан қайтиб келган тракторчи ўғли эди. Кейинчалик ҳамма, “ Чавандознинг қўлида туф деб тугиб қўйган пули йўқ экан, отини жиянининг тўйига харж қилиш учун сотган экан-да” деган хаёлга борган эди. Лекин кампир ўғлига отини нима учун сотганлигини, бу иш унга осон бўлмаганлигини ва у бу пулни нима қилганлигини сезиб турарди. Бозоргул момо шунингдек, Жабборқул ва Гавҳар Чавандоздан бу пулни осонликча олмаганликларини ҳам фаҳмлаб турар эди. Буни Чавандоз қандай қилиб уддасидан чиққанлигини у билолмади, ундан сўраб ҳам ўтирмади. Шундай бўлса ҳам, Чавандоз Гавҳарнинг олдида озгина бўлса ҳам ўз гуноҳини енгиллаштирганлиги, шу билан кампирнинг ҳам кўнглидаги хижилликни бир қадар аритганлиги сабабли, кўнгли юмшади. Ўттиз йилдан бери ўзи унга нисбатан қаттиққўл ва бемурувват бўлиб келган, ҳозир эса олдида ёш боладай кўзлари илтижоли мўлтираб турган ўғлига меҳри ийди.
– Берироқ кел, Икром, – деди.
Чавандоз онасига яқинроқ сурилди, унча-мунча невара-эвараларини ҳам ҳадеганда эркалавермайдиган кампир унинг бошини қўли билан кўксига босди. Тўлиб турган Чавандоз онасининг тиззасига бошини қўйиб, елкалари титраб-силкиниб, кўз ёшларини яширмай баралла йиғлаб юборди.

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 5-сонидан олинди.