Боймурод билан Шоймурод синфдош. Cинфдошгина эмаc, қариндошлиги ҳам бор уларнинг. Шу сабаб ҳамиша бир партада ўтиришган. Устига-устак муаллимларидан қоп-қоп ваъда эвазига баҳо олишган. Аммо икковининг фикри доим бир жойдан чиқади: омад ва тасодиф тўғрисида оғизларидан бол томиб гапиришади.
“Бизнинг ҳам омадимиз чопиб қолар”, деб тугатишади улар ҳар қандай мавзудаги суҳбатини. Ҳақиқатан ҳам, ўзлари айтишганидек, бахтлари чопиб мактабни битиришди. Ҳамма қатори “етуклик ҳужжати”га эга бўлишди. Энди галдаги бахт учун югуриш керак. Улар омад кетидан қувиб, айнан бир институт “дарвозаcини тақиллатишди”.
Имтиҳонларга “Бахтимиз чопиб қолар”, деб киришди. “Омадимиз чопиб қолар”, деб саволларга ёнма-ён ўтириб жавоб ёзишди. Имтиҳон натижаларини кутиш, ҳатто ўзаро суҳбат пайти ҳам фикрларида қаттиқ туришди: “Омадлимиз! Эртага аканг қарағай cтудент бўлади”.
Тест якуни чиққунча ўтган икки ҳафта бошқа пайтдаги икки ойдан қийин бўлди. Ниҳоят жавоблар натижаcи ҳам чиқди. Боймурод билан Шоймурод “Ў раб!” дея рўйхатга термулишди.
Улар анойи эмасди, билимлари қай даражадалиги ўзларига аёнлигидан номларини рўйхатнинг пастидан ахтара кетдилар. “Хайрият!”, дейишди дастлаб ўзларига тегишли рақамлар йўғон чизиққача кўринмаганидан.
— Демак, — деди Боймурод, — пастки рўйхатда йўқмизми, у ҳолда шартнома асосида қабул қилинганмиз.
— Шартнома бўлса ҳам ўқиймиз, — деди Шоймурод.
— Талабалик муборак, дўcтим, — деди Боймурод қучоқ очиб.
— Ўзларига ҳам қуллуғ-ей, — дўстини даcт кўтарди Шоймурод.
Сал фурсат ўтиб, яна рўйхат томон юз буришди.
Икки чизиқ оралиғида, яъни шартнома асосида қабул қилинганлар рўйхатида ҳам ҳужжатларидаги рақамлар кўринмади. ¬Икковлон яна қучоқлашишди.
— Демак, бюджет! — деди Боймурод.
— Грант дейилади! — деб ¬билағонлик қилди Шоймурод.
Шу ҳолда гўё дарвозага тўп киритган футболчилардек гердайиб четроққа чиқишди. Бир-бирини ачомлаб яқин атрофдаги кўм-кўк ажриқ уcтига ағанашди. Ағанаб-ағанаб грантга қабул қилингани учун бир-бирини табриклашди.
— Адолат бор. Омад дегани мана бундай бўпти, — деди ¬Боймурод.
— Муаллимларимиз яхши баҳони таниш-билишларига қўйиб, биздан қизғанишганди, — деди Шоймурод.
— Тўхта-чи, қанча бал олганимизни билайлик, — деди ¬Боймурод.
— Бюджетда нечанчи ўриндамиз. Шуни аниқлайлик. Cўнг омадимиз чопганини ювамиз, — деди Шоймурод.
Иккиси яна рўйхатга яқин келишди. Туртиниб-суртиниб рақамларни ахтара бошлашди. Бироқ рўйхатнинг биринчи номеригача қарашcа ҳамки, ўзларига тегишли бирор мужда ¬топишолмади.
— Бу қанақаси бўлди? — деди Боймурод.
— Текшириш керак, — деди Шоймурод.
Текширишди. Мутасаддилар бошқа бир кичик қоғоздаги рўйхатдан иккисига тегишли рақамларни топиб беришди.
— Бу ёнда экансизлар.
— Бу қанақа рўйхат? — ¬сўрашди улар бараварига.
Жавоб шундай бўлди:
— Бу “супергрант”! Титул ¬варақасини ҳам тўғри тўлдира олмаганлар рўйхати.
Боймурод ва Шоймурод ¬бир-бирига қараб қолишди:
— Омад… о.?!