Аёл ҳовли адоғидаги омборга кирди-да нима қилсамикин, дегандек узун-узун ёғоч ходалар устига пала-партиш тахлаб ташланган бири яримроқ, бири тўлароқ қопларга аланглади. Сўнг қидирганини топди шекилли, бўғзига ола-була ип боғланган қопни инқиллаб-синқиллаб пастга туширди. Қоп тупроқ ерга гуп этиб тушди-ю, ҳаммаёқ чангиб кетди. Аёлнинг рўмолидан чиқиб турган жингалак сочлари ва сийрак киприкларига оппоқ чанг қўнди. Чанг бурнига ҳам кирди шекилли, аёл қаттиқ аксириб юборди. Шу пайт эшикда кимдир пайдо бўлди-ю, шусиз ҳам нимқоронғи омбор ғира-шира бўлиб қолди. Бундан норозиланган аёл бурилиб ортига қаради.
– Ҳа, сенмидинг? – деди остонада турган етти-саккиз ёшлардаги ўғлини кўриб. – Қоч, соя қилма, – деди сўнг уни жеркиброқ.
– Нима қилаяпсиз, ая? – деди бола ичкарига кириб бурчакка тиқиларкан.
– Бозорга опчиқаман.
Боланинг кўзлари яшнаб кетди. Демак, аяси нимадир сотиш учун бозорга отланаяпти. Астойдил уринса у ҳам бориши мумкин.
– Менам борай, – деди у ялинчоқ овозда.
– Мен ўйнагани кетаяпман-да, сен қуруқ қоласан, – деди аёлнинг бир оз жаҳли чиқиб. – Майиз сотиб сенга этикча олиб келаман.
– Менам бораман, – қайсарлик қилди болакай.
– Йўқ, сени олиб боролмайман. Бозорда адашиб қоласан. Одам тиқилинч.
Ҳақиқатдан ҳам бугун якшанба. Одам кўплигидан бозорда юриб бўлмайди. Бола етаклаб юришни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Шу боис ўғлига билдирмай дарвозадан чиқиб кетишни мўлжаллаганди. Аммо бўлмади. Онаси эшикка чиқса чиқиб, кирса кириб юрган ўғли барибир сезиб қолди. Энди уни чалғитиш даргумон. Шу боис хархаша қилмасин, дея ўзини қаттиқ жаҳли чиққандек кўрсатишга уриниб, қовоқ уюб олди. Аммо онасининг кўнгилчанлигини билган болага бу чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилмади.
– Аяжо-он, – деди йиғламоққа шайланиб. Аёл ўзини эшитмаганга олиб, ердаги қопнинг оғзини очишга уринди. Аммо ҳар қанча уринмасин, қаттиқ қилиб тугулган қопнинг оғзи очилай демасди.
– Ҳаҳ, момонгам қирқ тугун қилган эканда, – деди ипни тиши билан ечишга уриниб. Ниҳоят, тугун ечилди. Аёл қопнинг оғзини очиб, қурт тушмабдимикин, дегандек катта-катта қора майизларни кафтига олиб ёруққа тутди. Сўнг кўнгли тўлди шекилли, латтадан тикилган иккита сеткага қопдаги майиздан ҳовучлаб-ҳовучлаб сола бошлади. Нимадир қилиб бўлса-да онасини кўндиришга уринаётган болакай югуриб келиб, сеткани ушлаб турди. Унинг хатти-ҳаракатидан аёлнинг кулгиси қистади. Ҳа, айёрча, деб қўйди ичида меҳри товланиб.
Она-бола иккита сетка кўтариб, уйдан чиқишганда эрталабдан буён сим-сим ёғаётган ёмғир бирдан кучайиб, тунука томларни тақирлата бошлади.
– Бекор эргашдинг-да, – деди аёл боласини койиб. – Ёмғирда ивиб кетасан энди.
Бола қадамини жадаллатди.
– Югурақол, – деди онаси унинг уст-боши шалаббо бўлишидан хавотирланиб. – Астановкага кириб турсанг, эгнинг ҳўл бўлмайди.
Бола шуни кутиб тургандек, лойшанг кўча бўйлаб шаталоқ отганча югуриб кетди. Ёмғирга бўккан тупроқ йўл тиззагача лой эди. Болакайнинг орқаси йиртиқ резина этикчасидан сачраётган лой унинг елкаларигача сачраб кетди.
– Бекор югур дебман, – деди аёл унинг ортидан афсус билан бош чайқаркан. – Бу аҳволда шаҳарда қандай олиб юраман?
Ҳарсиллай-ҳарсиллай бекатга чиқиб борса, у ерда ҳам одам гавжум экан. Биров ўзидек сетка кўтариб олган, яна биров қоп орқалаб турибди. Ҳамма бозорга нимадир сотиб, рўзғорга ул-бул олиб келиш илинжида осмондан ёмғир челаклаб қуяётган бўлса-да йўлга отланган. Аёл у ердагиларга эшитилар-эшитилмас салом бериб, бекатнинг бир бурчагига ўтди. Сўнг бекат устидаги қийшиқ тарновдан шариллаб оқаётган сувга қўлини тутиб турган ўғлини имлаб чақирди.
– Нима дейсиз? – деди бола севимли машғулотидан чалғитгани учун онасидан норози бўлиб. Аёл катта-катта гулли қизил чопони чўнтагидан рўмолча олди-да, боланинг усти бошига сачраган лойни арта бошлади. Шу пайт узоқдан қишлоқда қатнайдиган сариқ автобуснинг тумшуғи кўринди. Ҳамма гурр, этиб бекатдан ташқарига чиқди.
– Югур, – деди аёл шоша-пиша ердаги сеткани кўтараркан ўғлини ҳовлиқтириб. Бола пружинадан отилган коптокдек бекатдан отилиб чиқди. Шу ҳамоно автобуснинг асфальт йўлда чийиллаб тўхтагани эшитилди. Патак сочли шофёр қаттиқ сўкинди.
– Кимнинг боласи бу? – деди сўнг шанғиллаб. Аёлнинг дами ичига тушиб кетди. Қишлоқдошлари олдида изза бўлганидан икки юзи қип-қизариб кетди.
– Бола-да, бола, – дейишди автобусга чиқишга уринаётган қишлоқдошлари унинг аҳволига эътибор бермай. Аёл туртина-суртина автобусга чиқиб олди. Ойна олдидаги ўриндиққа ўтириб олган бола эса ўзида йўқ шод эди. Ҳозиргина автобуснинг тагига кириб кетиши мумкинлигини ҳам эсидан чиқариб юборганди.
Автобус лиқ тўла одам бўлса-да, ҳар бекатда тўхтаб, камида етти-саккизта одам урҳо-ур қилиб унга чиқиб олишарди. Кимдир шофёрни инсофсизликда, беш қўлини оғзига тиққанликда айбласа, яна кимдир кўра-била туриб ўзини автобусга ураётган одамларни ёмонларди.
Эрталаб кун совуқлигидан қат-қат кийиниб олган аёлнинг иссиқдан нафаси қайта бошлади. Пахтали чопонининг тугмаларини ечиб ташлаган бўлса-да барибир ҳаво етишмаётгандек эди.
– Ая, исиб кетдим, – деди ойнага ёпишиб қолган ўғли ҳам аранг онасига ўгирилиб.
– Бирпас чидаб тур, ўғлим. Оз қолди.
Автобус бир соатдан кўпроқ ҳомиладор хотиндек аста-секин ўрмалай-ўрмалай шаҳарга етиб келди. Икки томондаги эшик шарақлаб очилиши билан ҳамма худди қамоқдан озод бўлган маҳбуслардек тапур-тупур қилиб ташқарига интилишди. Аёл ҳам сирғана-сирғана аранг автобусдан тушди.
– Этагимдан маҳкам ушлаб ол. Адашиб кетасан, – деди ўғлига. Сўнг иккита сеткасини кўтарганча қийшайиб, бозор томон йўл олди. Аммо энди бозор дарвозасига етганди ҳамки, кимдир енгидан тортгандек бўлди. Қўлидаги оғир юк ва боласининг этагидан тортқилаши ҳам оғирлик қилаётган аёлга бу тортқилаш ўлганнинг устига тепгандек бўлиб, ёнбошига норозиланиб қаради. Қараса баланд бўйли, шопмўйлов бир киши экан.
– Ҳа? – деди аёл ҳайрон бўлиб.
– Нима олиб келаяпсиз? – шопмўйлов аёлнинг сеткасига ишора қилди.
– Майиз, – деди аёл нима ишингиз бор, дегандек жаҳли чиқиб.
– Қанақа майиз?
Аёл унинг саволига жавоб бермай олдинга интилди.
– Тўхтанг, тўхтасангиз-чи, – деди шопмўйлов унинг ортидан соядек эргашиб. – Савдомиз пишса майизингизни кўтара оламан, ахир.
Аёлнинг бир кўнгли тўхтасамми, ҳам деди, аммо эркакнинг олма-кесак териб турган кўзларидан қўрқди шекилли, яна олдинга талпинди. Лекин эркак ҳам шилимшиқлардан экан. Гапира-гапира аёлнинг ортидан эргашди:
– Бозорга олиб кирсангиз жой пули тўлайсиз – бир, тарозига пул берасиз – икки. То майдалаб сотгунингизча қорнингиз ҳам очади, болангиз ҳам чидамайди. Обед қиласиз – уч. Қилган фойдангиз шу харажатлар учун кетадими – кетади.
Аёл таққа тўхтади-да, қўлини узиб юборай деб турган сеткасини ерга қўйиб, чуқур нафас олди.
– Нима қил, дейсиз? – деди сўнг эркакка ўгирилиб.
– Нима дердим, кўтара беринг, қутилингда.
Аёлнинг иккиланаётганлигини кўриб, эркак энгашганча унинг сеткасини ковлаштира бошлади.
– Соякими? – деди сўнг бир ҳовуч майизни кафтида эзғилаб, думчасидан тозаларкан.
– Кўриниб турибди-ку.
Эркак оғзини катта очди-да, ҳовучидаги майизни худди нос отгандек оғзига солди. Сўнг таъмини билмоқчи бўлгандек узоқ кавшанди. Ўзича нималарнидир чамалади.
– Қанча дейсиз? – деди аёлга синчков нигоҳларини тикиб. Аёл иккиланди.
– Билмасам, – деди елкаларини қисиб. – Бозорда қанча бўлса шу-да.
– Бозорни қўйинг, ўзингизни мўлжалингизни айтинг.
– Бу йил бозорга майиз биринчи олиб келишим. Қанчалигини билмасам. Шунинг учун бозорни кўрай девдим-да.
Шопмўйловнинг кўзлари ғалати ялтиллаб кетди.
– Бозорда бу майизингизни минг сўмга ҳам олмайди.
– Йўғ-э, шунча арзонми?
– Ҳали хабарингиз йўқ-да, бу йил майиз жуда тўкилди.
Аёл нима қилсамикин, дегандек бесаранжомланиб ён-атрофга олазарак боқди.
– Бекор олиб келибман, – деди сўнг эшитилар-эшитилмас. Ва энгашиб яна сеткасини кўтармоқчи бўлди.
– Ҳа, нима қилдингиз? – деди шопмўйлов сетка бандидан тутиб.
– Бозорга борай-чи.
– Ий, қўйинг шу бозорни. Мен Тошкентга юк олиб кетаман. Шунинг учун нархини келишсак бозордан мундайроқ қилиб беришим мумкин. Болангизга раҳмим келаяпти. Совуқдан кўкариб кетибди бечора. Уст-боши ҳам абгор экан. Шунга бирор нарса олиб бераман, деб келгансиз-да.
– Ҳа, шундай, – аёл бурилиб ўғлига қаради. Ростдан ҳам ўғлининг ияги қалтираб турар, онасининг узоқ ушланиб қолганлигидан тоқати-тоқ бўлган шекилли, қоп-қора кўзлари тўла жиққа ёш эди.
– Эй, опа, менам етим ўсганман, – аёлнинг иккиланаётганлигидан фойдаланган эркак баттар суҳбатга қўр берди. – Шунинг учун етимларни раҳмини егим келади.
Унинг гапидан аёл сесканиб кетди.
– Болам етим эмас, – деди кескин. Аммо ичида “қаердан билақолдийкин қирилгур” дея ўйлади. Тўғри, эри ташлаб кетган бўлса-да, аммо ўлган эмас. Лекин болам барибир тирик етим-да, дея ҳафсаласи пир бўлди яна.
– Нима қилдингиз, берасизми? – деди эркак бояги гапидан мулзам бўлганидан гапни бошқа ёққа буриб.
– Билмасам.
– Эй, нимани биласиз ўзи? Эрим бор дейсиз, бор бўлса ўзи келмайдими бозорга? Шундай аёлни кўчага чиқариб қўядими? – шопмўйлов аёлни авраш учун атай унинг кўнглини юмшатадиган гаплардан гапирди. Ахийри аёл ён берди. Шопмўйлов қўнжидан узунчоқ тарози чиқарди-да, икки сетка майизни шарт-шурт тортиб, ўзининг қопига жойлай бошлади. Аёл ҳайрон бўлди. Майизи мўлжалидан анча кам эди.
– Менимча нотўғри тортдингиз-ов, – деди бир оз иккиланиб.
– Нега? – ҳайрон бўлди эркак.
– Уйда палла тарозига тортганимда бунча эмасди-да.
– Палла тарозингиз анави саюз давридаги тарозиданми?
– Ҳа, ўша-ўша, – деди аёл ҳовлиқиб.
Эркакнинг юзи ёришиб кетди.
– Эй, у ёлғон тарози-ку.
– Ахир российский тарози алдамайди дейишади-ку.
– Ўша алдасин-да, опа. Россия бизни етмиш йил алдади-ку, тарозиси алдамайдими?
– Ҳа, шундайми? – деди аёл дами чиққан коптокдек шалвираб. Аммо дили қаттиқ хижил бўла бошлади. У то ўйлайман дегунча эркак арзимаган пулни қўлига тутқазди-да, қопини орқалаб кўздан ғойиб бўлди. Аёл пулни санаб кўрди. Чангалидаги пул ҳеч нарсага арзимаслигидан юраги зил кетди. Ўғлига қаради. Ўзига умидвор термилиб турган боласининг нигоҳларига дош беролмади. Шугинага этикча олиб бераманми, девдим деди юраги ситилиб. Негадир боласининг олдида ўзини гуноҳкор сезди.
– Юр, кетдик, – деди унга титроқ қўлларини чўзиб.
Ўғлининг муздек кафтчаси дилига қувват бағишлагандек бўлди.
– Ая, шашлик оберасиз-а? – деди болакай ирғишлаб.
– Майли, ўғлим.
– Шаҳарам айлантирасиз-а?
– Ҳа.
Бозор дарвозасидан киришаркан бир-икки киши она-болага бошдан-оёқ ғалати қараб қўйгандек бўлишди. Шундагина аёл уст-бошига эътибор берди. Боласиниям, ўзиниям оёғи тўпиғигача лой эди. Аёл шоша-пиша боласини судраб бўтана сув оқаётган ариқча олдига олиб борди. Сўнг энгашганча калишини ва боласининг этикчасини ҳафсала билан ювди. Совуқдан бармоқлари қизариб кетди. Куф-куфлаб қўлини иситгач яна йўлга тушишди.
Аёл боласининг кўнгли учун дўконларни айланди, унга бўладиган этикчаларнинг нархини сўради. Қайси этикчани ушламасин, ўғли ая шу бўлади, шуни обберақолинг, дерди кўзлари чарақлаб. Аммо аёлнинг қўлидаги пулга бундай этикчаларнинг бир пойини ҳам бермасди.
– Ҳа, қўшни? – деди кимдир навбатдаги дўкондан чиқиб кетишаётганда енгидан тортиб. Аёл ортига бурилиб қўшниси Хадичани кўрди. Юзи ёришиб у билан кўришди.
– Бозорга келувдингизми? – деди қўшниси.
– Ҳа, майиз олиб келувдим.
– Неча пулдан сотдингиз?
– Минг сўмдан.
– Ия, нега? Қанақа майиз опкелувдингиз?
– Сояки.
– Нега арзон сотдингиз? Бозорда сояки майизлар беш-олти мингдан-ку.
Аёлнинг юраги шув этди.
– Йўғ-э, – деди аранг шивирлаб.
– Қаерда сотдингиз ўзи?
– Бозор ташқарисида.
– Боплабсиз унда. Шунча меҳнатингизни кўкка совурибсиз.
Қўшниси яна нималар деди, кимларни қарғади – аёл билмайди. Қулоқлари остида фақат бояги эркакнинг мен ҳам етим ўсганман, етимларнинг раҳмини еб юраман, деган сўзлари тинмай жарангларди.
– Етимларнинг раҳмини эмас, ҳақини еб ўрганган экан, – деди аёлнинг лаблари аранг қимирлаб.
– А? Бир нима дедингизми? – деди қўшниси ҳайрон бўлиб. Аёл унга бир муддат тикилиб турди-да, сўнг ўғлининг қўлидан чангаллаганча шитоб билан юриб кетди. Йўлма-йўл кетаркан, елкалари силкиниб, кўз ёшлари юзини ювиб борди. Унинг ёнида чопқиллаб кетаётган бола эса онасининг нега йиғлаётганлигини тушунмасди.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди.