Эшик очилиши билан ташқарида турган Дурдона қийқириб юборди:
— Сюрпри-из!
Раъно ҳайрон. Ахир остонада турган дугонаси иккита катта сумка кўтариб олган, афтидан қаёққадир кўчаяпти, ё…
— Уйлаб-ўйлаб уйимни ремонт қилдирадиган бўлдим. Ўладиган дунёда ўтираманми энди, отам замондан қолиб кетган сариқ обойларга термулиб, дедим. Бунинг устига илмий ишимни ҳам бошлаб юбордим. Аммо битта балконимни эпақага келтиргунча бўларим бўлди. Вақтинча бошқа жойда яшаб турмасам жинни бўлиб қолишим ҳеч гап эмас. Энди ўзимга квартира изласамми деб тургандим, бирдан эсимга сен тушиб қолдинг. Ҳақиқатдан ҳам, Раънош, сеникида тинчлик, ҳамма шароитинг етарли, кун бўйи ишдасан, уйингда компьютер ҳам бор. Мен кундузи илмий ишимни қиламан, кечқурун эса сен билан чақчақлашиб ётамиз.
Раъно лаби лабига тегмай гапирганча шоша-пиша иссиқ чой ҳўплаб, қасир-қусир печенье еяётган дугонасига ҳали бир нарса дейишга улгурмаган, фақат яхши қилибсан, тўғри қилибсан, деб қанчалик таъкидлаётган бўлмасин, барибир кўнглининг бир четида нимадир ғимиллаб тинчлик бермасди: “Бунга ҳали эрим нима деркин?”
— Бўпти, дугон, — чойхўрликни тугатиб, мазза қилиб керишиб олди Дурдона. — Энди мен бир душ-пуш қилиб чиққунимча чучвара тайёрлаб қўй, сенинг чучвараларингни роса соғинганман.
Икки дугона қиқирлашиб, бидиллашиб чучварахўрликни бошлаганда Раънонинг эри ҳам кела қолди..
— О, Абиш, кўринишингиз зўр-у, — эски қадрдонларча (аслида ҳам шу-да) у билан саломлашди Дурдона.
Абиш, яъни Абдулланинг пешанаси тиришди. Бу қиз ярим йилдан буён қорасини кўрсатмай кетганди-ку, яна қаёқдан пайдо бўла қолди?
* * *
Аслида Дурдона билан Раъно биргаликда нафақат офтобда қатиқ, балки ботмон-ботмон туз ялашиб, дугона бўлганлардан. Бирга қишлоқдан келишди, бирга ўқишга киришди. Ижарада ҳам, ётоқда ҳам беш йил бирга яшашди. Улар овсин бўламиз деб ўйлашарди. Ёки иккита қалин дўстга турмушга чиқамиз-да, ҳар доим бири-биримиз билан борди-келди қилиб турамиз дейишарди. Аммо ундай бўлмади. Раънони бир узоқроқ қариндошларининг ўғлига узатадиган бўлишди.
— Унинг ўқимаган экан-ку, — фиғони фалакка чиқди Дурдонанинг бўлғуси куёв ҳақидаги барча маълумотларни ипидан игнасигача суриштириб билгач.
— Ўзим ўқитиб оларман, — кулди Раъно.
— Ёшиям сендан кичкина экан.
— Аммо кўриниши салобатли, — яна жилмайди Раъно.
Дурдона баттар тутақди. Хуллас, ўшанда улар биринчи марта Абдулла, яъни Раъно унаштирилган йигит туфайли жиқиллашиб қолишганди. Дурдона анча пайтгача ёш боладек қовоқ-тумшуқ қилиб юрди.
— Бор чиқ, чақираяпти анов Абишинг, — дерди у Абдулла Раънони сўраб эшик қоқиб келса. Шунга қарамай, секин-аста Раънонинг саъй-ҳаракатлари боис дугонаси Дурдона билан Абдулла анча-мунча тил топишишди. Муносабатлари яна ўз ўрнига қайтди. Аммо тўйда келиннинг дугонаси бўлиб борган Дурдона яна айниди.
— Бирортаям пичоққа илинадиган куёвжўра кўрмадим. Эссиз шунча макияж, пардоз. Ўзингни қандай ботқоққа тиқиб ташладинг, дугон, бешта овсин, учта қайинсингил. Шўринг қуриди, энди.
Раънонинг эса у айтганчалик, шўри қуримади. Тўғри, бошида роса қийналишди. Раънога ҳам, Абдулла ҳам қишлоқда иш топиш қийин бўлди. Бир қарорга келишди. Нима бўлса бўлгани, ризқимизни шаҳардан излаймиз, дейишдию кўчиб чиқишди. Кейинги йилиёқ Раънонинг эри ўқишга кирди. Дарслардан кейин ҳаммоллик қилди. Раъно ҳам пул топиш учун кечаю кундуз тиним билмади. Табиийки, аввал ижара уйда яшашди, бир йил олдин эса икки хоналик уй сотиб олишди. Хуллас, ҳаммаси яхши, рисоладагидек. Фақат орадан беш йил ўтган бўлса-да уларнинг фарзанди бўлмай юрганди. Мана, худди режалаштирилгандек Абдулланинг диплом олиш вақтига бўйида бўлиб қолди. Дурдона-чи? У ҳам ёмон эмас. Унинг ҳам уйи бор, иши, илми, пули, ҳусни, аммо барибир турмушга чиқмади. Барибир оқ отли шаҳзодасини кутиб юрибди.
* * *
Меҳмонинг иззати уч кунда битиши тайин. Аммо Дурдона шу. Уйга кўчиб келганига бор йўғи ўн кун ўтган бўлса-да, Раънонинг бўлари бўлди. Дугонангни кирини юв, идишларини чай, ярим кечагача у билан лақиллашиб ўтир. Ахир, Дурдона ҳар тугул қиз бола-ку, Раъно унинг олдида аввал оқшомдан ётоғига кириб кетолмаса… Бир куни Абдулла Раънони тўғри ишхонасидан олиб, бир ўртоғининг туғилган кунига олиб кетди. Раъно шоша-пиша уйда илм билан банд дугонасига телефон қилиб, музлаткичдан у-бу олиб, ўзи овқат-повқат қилиб еб олишни тайинлади. Аммо кечқурун… оғироёқлиги учунми нимагадир хурсандчилигу зиёфат ҳам ёқмай қолган Раъно ниҳоятда чарчаган эди. Аввалига Дурдонанинг қовоқ солиб ўтирганига аҳамият бермади. Кийимларини алмаштириб, зўрға судралганча меҳмонхонага, яъни Дурдонанинг “иш кабинети”га кириб, “қалайсан, овқатландингми”, деб сўраганини билади, Дурдона тутоқиб кетди:
— Биламан, жонингга тегиб кетганимни. Шунга иззат-нафсимга тегиб, хизматкорлик қилдирмоқчимисан? Бир бошим билан бир уйингга сиғмай қолдимми? Ёрдамингга сал муҳтож бўлганимда дарров тўнингни тескари кийишинг шартмиди? Энди сен баландда, мен пастда-да…
Раънонинг ранги-қути ўчди. Липиллаб бориб дугонасини қучоқлаб, овутмоқчи бўлганди, пиқиллаб йиғлашга тушган Дурдона тантиқ боладай уни шундай бир силтаб ташладики, Раъно мувозанатини тутолмай гурсиллаб орқага ағдарилди. Йиқилаётиб эса пешанасини стул қиррасига ҳам уриб олди. Шовқинга ётоқхонадан Абдулла отилиб чиқди. Хотинининг полда, бунинг устига пешонасидан қон тирқираб ётганини кўриб, эсхонаси чиқиб кетди.
— Нима қилдинг уни? — Дурдонага ўшқира кетди йигит. —Ҳомиладорлигини била туриб шу аҳволга солдингми?
— Мен нима қипман? Ўзи йиқилди-ку, — Дурдонанинг овозида зиғирча афсус йўқ эди.
Раъно дугонасининг нималар деётганини эшитмас, нуқул ингранганча “ўзим, ўзим” дерди. Абдулла уни кўтариб олди-да, тишларини ғижирлатиб деди:
— Агар хотинимга бир гап бўлса, ўзингдан кўр.
* * *
Раъно ҳомиласини асраб қолиш учун бир ой касалхонада ётди. Кейин таътилга чиқди. Дурдона ўша куниёқ уларникидан чиқиб кетибди. Раъно касалхонада бўлса ҳам дугонасига кўп қўнғироқ қилди. Абдулланинг қўполлиги учун ундан узр сўрамоқчи бўлди. Аммо Дурдона гўшакни кўтармасди. Орадан икки ой ўтгач, эшик яна жингиллади. Остонада Дурдона. Саломсиз-аликсиз ҳўнграб юборди.
— Уйим куйди. Ярамас усталар уйимнинг эшиги калитидан нусха олишган экан. Бор нарсамни ўмариб кетишди.
Раъно Дурдона шу арзимаган ойлиги билан ўғриларга ўлжа бўладиган нималар йиғиши мумкинлигини тасаввур этолмаётган бўлса-да, унга ичи ачиди.
— Бундан ҳам баттари, уй акамники бўлсаям, итдай шу жойга меҳримни берибман. Ремонтлар қилдирибман. Энди бўлса анув заҳар янгам шу уйга ўғли билан келинини кўчираман деб туриб олган. Қишлоққа бориб ҳаммаси билан уришиб келдим. Уйларинг бошингдан қолсин, дедим. Кейин ижарага уй изладим. Ҳув талабалик пайтларимиз, эсингдами, маҳаллама-маҳалла изғиганларимиз, итлар қувгани. Хуллас, ҳам арзирли, ҳам арзон, ҳам қулай бирор уй топилгунча, кел, дедим, Раъно бор-ку деб…
Аммо шу пайт хонага Дурдона ташриф буюргандан буён ҳатто саломлашгани ҳам чиқмай ўтирган Абдулла кириб келди.
— Дурдона опа, — деди у атай “опа” сўзига урғу бериб, — уйга келганни ит қопмайди, аммо мен итданам баттарман. Хуллас, сиз бизникида туришни хаёлингизга ҳам келтирманг. Менга хотининмнинг, боламнинг соғлиғи керак.
Эрининг кутилмаганда бунчалик терс гапиришидан ловуллаб кетган Раъно орага тушганди, Дурдона бирдан шанғиллай кетди:
— Вой, вой, вой… Кал бердию, кўр ноз қипти-да. Мен сенинг эмас, Раънонинг олдига келганман, бор қўлингдан келганини қил.
— Ўв, опа. Сиз балки ростдан ҳам баъзи нарсаларни тушунмассиз, аммо Раъно икковимиз битта одаммиз. Иккита бўлган тақдиримизда ҳам бизга учинчи одамнинг кераги йўқ.
Дурдона эшикни тарақлатганча ёпиб кетди. Унинг бунчалик тез шаштидан қайтишини кўриб Раънонинг унга ичи ачиб кетди. Ҳар нима бўлганда ҳам дугонаси. Орадан бир неча ой ўтгач, гўшакдан Дурдонанинг “Раънош, қалайсан?” деган овозини эшитиб, шундай суюниб кетдики…
— Дурдон, нимага йўқолиб кетдинг? Қаердайдинг? Тинчмисан?
— А, мен яхшиман. Зашитамни қилдим, банкетимни ўтказдим. Акамни бир буровга олгандим, уйни бутунлай менинг номимга ўтказиб берди. Э, Раъно шунча йилдан буён дугонага ўхшаб бир мартаям келиб уйимни бир кўрмабсан-а. Вой, оғзинг очилиб қолади. Аммо сенга бошқа масалада телефон қилаётгандим. Дўстимсан, тўғрисини айтмасам бўлмайди. Анов Абиш эринг бошқаси билан юрибди. Ўз кўзим билан кўрдим. Ўша битлиқингни бир юмма талай дедим-у…
Раъно у ёғини эшитиб ўтирмади. Шартта гўшакни жойига қўйди. Сўнг хохолаб кулиб юборди. Э Дурдона-ей, ҳалиям ўша-ўша: на дугона, на бегона. Сўнг эрининг гапини эслади. “Бизга учинчи одамнинг кераги йўқ”.
— Нега энди, — ўйлади Раъно ўғилчасини бағрига босиб, унинг митти қулоқчаларидан ҳидлаб-ҳидлаб ўпаркан. — Керак, жуда керак. Айниқса манавиндай ширингинаси…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 10-сон