Шоисломнинг хонадонида туғилган тўртинчи фарзанд ҳам қиз бўлди. Заҳро келинни туғруқхонадан уйга олиб келишганида саврнинг ёп-ёруғ куни бўлса-да, бутун уй ичини қоронғулик қоплагандек эди. Ҳаммадан ҳам Заҳрога қийин бўлди. Қайнонанинг бўлар-бўлмасга нуқиб гапириши, эрининг қовоғидан қор ёғиши, катта-кичик уч қизнинг янги сингилчасидан алланечук ётсираб туришлари… ҳаммасига Заҳро айбдордек. Чидаши керак.
Орадан уч-тўрт кун ўтди.
Шоислом тақдирга тан берди шекилли, худонинг насибаси деб қизалоққа Насиба деб исм қўйдилар. Ҳамма нарсанинг давоси вақт деганларидек, оила бу воқеага ҳам кўникди. “Кимлар бир тирноққа зор, берганига, шунча қилиб қўйганига минг шукр. Умри узоқ, ризқи бутун қиз бўлсин!” дея хўрсиниб қўйган Ойдин момонинг гап-сўзи ўзгаларга ҳам юқди. Оила енгил нафас олди гўё. Асли, бўлари гап ҳам шу-да. Насиба қиз йиғлайди, митти вужуди билан типирчилаб ҳаётга талпинади, пишиллабгина ухлайди. “Кўзига қара, қошига қара”, дейишиб опалари ҳам чақалоққа эликиб қолишди.
Қизалоқ кундан-кунга бир ёқимли қилиқ чиқариб, атрофдагиларнинг ширин эрмагига айланди. Аммо бир ёшдан ошиб, атак-чечак юра бошлаганда хонадонни яна бир ташвиш кутиб тургани маълум бўлди. Юришга уринган Насибанинг бир оёғи калта бўлиб, туғма оқсоқлиги маълум бўлди. Шоислом ва хотини дўхтирма-дўхтир чопишга тушди. Дўхтирлар “бу туғма нуқсон, тиғ тегизишдан фойда йўқ”, дейишди. Эр-хотиннинг бир дарди ўн дард бўлди.
Қизча ниманидир ушлаб алпанг-талпанг қилиб, юришга уринар, кун сайин етилиб келаётган вужуди оқсаётган оёғидан дарак бериб турар эди. Насиба эса тинимсиз ҳаракатланар, қайнаётган ҳаёт бағрига ўзини отаверарди.
Шоисломнинг ён қўшниси Нурмамат ака уч йил бурун шаҳардан уй олиб кўчиб кетган эди. Кета туриб Шоисломга шундай деганди Нурмамат ака:
— Энди ука, уйимизни сизга топшириб кетамиз, қаровсиз қолмасин. Боғ-роққа қараб мевасидан фойдаланинг. Болалар катта бўлишгач, қайтиб келармиз, — деганди. Орадан ўн беш кунча вақт ўтиб, қўшнининг уйига бир чол кириб олгани маълум бўлди.
— Ота қўшнимизнинг уйига бир бобо кириб кетди! Балки ўғридир. Юринг, ҳайдаб юборинг! Юра қолинг! — Шоисломнинг катта қизи Сора худди муҳим воқеани хабар бергандек ҳовлиқарди. Бу пайтда Шоислом олмага нашвати пайванд қиларди.
— Бор қизим, ўйнайвер, қариндоши бўлса керак, бекордан-бекорга кирмайди-ку.
Соч-соқоли ўсган, кўзлари қоп-қора, нигоҳи ўткир, юзидан нур ёғилиб турадиган бу одам, ўзини қишлоқ аҳлига “Мен Нурмаматнинг она томондан қариндоши бўламан”, деб таништирди. Кексаю ёш ҳеч ким Нурмамат аканинг бундай қариндоши борлигини эслолмадилар. Аммо кўринишдан бу безиён чолдан негадир ҳеч ким гумонсирамади. Кун бўйи уйдан чиқмайди, қиблага қараб намоз ўқиб ўтиргани-ўтирган. Отини Боис бобо деб таништирган чол оёғидаги нуқсони сабаб болалардан ажралиброқ юрадиган Насибага қизиқ, ҳатто сирли туюлар эди. Насиба ҳар куни амаллаб қўшнининг уйига етиб келар ва чол “Кела қол, қизалоғим, мана, сенга Боис бобонг жийда териб келди”, дея ғалати муомала қилар, беш яшар қиз ҳам ундан ҳайиқмас эди. Оқшомлари Шоисломнинг хотини отага овқат олиб чиқар, қизини қўлидан етаклаб кетар эди. Боис бобо қизга эртак айтиб берар, гоҳида гузардаги қари-қартангнинг ёнига чиқиб қолса, белбоғига майизми, қанд-қурсми олиб келар, қизчага илинарди. Қишлоқ болалари эса бу девонасифат чолни негадир яхши кўрарди. Ҳар кечқурун кўчага тизилишиб бобонинг уйдан чиқишини ё кўчадан қайтишини кутиб турадиган болалар уни калака қилишса, чоли тушгур тағинам қувонар, Насиба эса болалардан хафа бўлиб, улар билан урушиб ҳам қоларди. Бошқалардан орқароқда, бир чеккада мунғайиб турган қизга Боис бобо бошқача бир меҳр билан қарар эди. Қизча еттига кирганда унга мўйқалам билан расм қоғоз олиб келди. Расм солиши учун айрим чизгиларни ҳам ўргатгандай бўлди.
Шу зайлда орадан икки йил ўтди. Заҳро келин чолнинг ош-овқатидан хабар олиб турди. Қайнонанинг ғиди-бидисига жавобан “Қўшничилик, бу одам ёлғиз, бир коса овқат билан камбағал бўлмаймиз-ку,” дерди. Уйидан хабар олишга келган Нурмамат ака худди олдиндан хабар топгандай боққа сув қўйиб турган чолни кўриб дастлаб ҳайрон бўлган бўлса, кейин индамади. Маълум бўлдики, чол Нурмамат акага ҳеч қандай қариндош эмас, аммо бегона ҳам эмас экан. Яъни, бир замонлар Нурмамат аканинг отаси билан юз кўрмас бўлиб кетган аммасининг чоли экан. Хуллас, бир алакнинг учи…
Энди Насиба ёлғизмас унинг севимли машғулоти билан Боис бободек ақлли ўртоғи бор. Бир кун суҳбат асносида чол қизга: “Қизалоқ, сен бир кун катта бўласан, сени истаб шаҳзоданг келади. Сени отга миндираётганда отнинг жиловини ушлаб тураман. Сени кузатиб қўяман”, деди.
Қизча тим қора кўзлари, узун киприкларини катта-катта очиб-юмиб, кулиб: “Бобо сен алдаяпсан, шаҳзодалар фақат маликаларни олиб кетади”, деди. Чол эса:
— Энг тотли нарса — умид, энг яхши маслаҳатчи — вақт. Сен умид қил, қизим, вақт буни кўрсатади, — дея хўрсинди.
Ўша кун бобо қизчани тарк этди.
Эртасига Насиба ўзи чизган суратини кўрсатиш учун чолнинг олдига борди.
— Бобо уйда бўлсанг чиқ. Сенга чизган суратимни кўрсатаман! — Қизалоқ дарвоза тагида кўп зорланди. Садо бўлавермагач, уйда ишлаб ўтирган отасини бошлаб чиқди.
Дарвозадаги катта қулфни кўрган Шоислом ҳайрон бўлди. Чол худди кўкка учгандек ғойиб бўлганди.
— Бобомни топиб бер, — деб хархаша қилаётган қизини алдаб-сулдаб юпатди.
Боис бобони қишлоқ аҳли тез унутди. Шоисломнинг оиласи уни кўп эслади. Насиба эса ҳеч унутмади.
* * *
Бу воқеаларга ҳам ўн йил бўлди. Ҳозир Насиба ўн саккиз ёшга кираяпти. Тошкентдаги дизайн ва рассомлик институти талабаси. Ўзининг устахонаси бор. Деярли ҳар куни ўша ерда бўлади.
Бирин-кетин бўй етган қизларини узатаётган Шоислом ва хотини тўртинчи фарзандига келганда ўйланиб қолишди. Тўғри, зоҳиран ҳеч нарса дейишмади-ю, тенги топилармикан, деган ўй уларни мудом безовта қиларди. Насибада рассомларга хос танҳолик бор эди. Танҳоликнинг ўзига яраша салобати бўлади. Бундай камгап, камсуқум қиз билан ҳамма ҳам чиқишавермасди. Аммо унинг ҳусни камолини кўрганлар бир зум кўз узолмай қолишарди. Қиз ўз гўзаллигидан бехабар эди гўё. Ёшлик, гўзаллик унинг бутун вужудини қамраб олганди. Ҳатто у чизган суратлар ҳам, қўққисидан ялт этган шуъла, мўъжизага ўхшаб кетарди. Баъзида ўз ишидан ҳайратланиб, наҳотки шу асарни мен яратдим, деб ҳаяжонланарди. Бироқ неча йиллар давомида бир сурат устида кўп ишлади. Бу суратни ҳар сафар қўлига олганда болалик хотиралари жонланаверарди. Бу суратда Боис бобо, кўчани тўлдириб чопаётган болалар, оқ отда кириб келаётган шаҳзода ва унинг истиқболига чопиб чиқаётган келин бор эди. Қиз шу тариқа хаёл суриб қолар эди.
— Қани, Насибахон, танловга тайёргарлик қандай? — Ўз хаёли билан банд бўлган қиз эшикдан кирган устози Гулнора опани сезмади. — Эҳ-ҳе, галерея қилиб юборибсан-ку.
Институтда талабалар ижодига доир суратлар танлови бўлиши кутилаётганди. Устоз Гулнора опа шуни назарда тутганди. Бу танлов ҳайъатида рассомлар уюшмаси аъзоси Асқар Зоҳидов ҳам бор эди. Бу йигитнинг кўзлари анча заиф бўлиб, узоқни кўролмасди. Шу сабаб ҳар доим кўзойнак тақиб юрарди. Йигит бир асар ёнида узоқ туриб қолди. ҳайъат аъзолари шу асар хусусида баҳс юритардилар.
— Қаранг, ёшларда янги-янги ғоялар бор. Мовий осмон, оппоқ от жиловини тутган Машрабга ўхшаш чол, атрофда болалар, одамлар ҳайратда. Бу чол нимага отнинг жиловидан тутган, худди янги йўлга ҳозирлагандек. Бу от ниманинг рамзи. Ҳар хил фикрларга сабаб бўлган бу асар Насибага тегишли эди.
У танловда ғолиб бўлди. Уни пойтахтдаги «Ёшлар» ижод саройига таклиф қилишди. Танловдан сўнг Асқар Насибани излаб топди.
Шунчаки танишувдан сўнг йигит қиздан сўради.
— Асарингиздаги чол образи ҳақида сўрамоқчиман. Мени кечиринг, очиқ савол берсам — уни танийсизми?
Қиз йигитга ажабланиб тикилди.
— Тушунмадингиз, сизга бошидан айтаман. Янгилишмасам, мен бу одамни яхши биламан. У менга ўзини девона бобо деб таништирган. Болалигимда жуда кўп эртак айтган. У менинг яқин одамимга айланиб, бир кун хайр-хўшни насия қилиб жўнаб қолган. Шу-шу уни кўрмай кетдим. Мабодо сиз у киши ҳақида биласизми ёки хаёлотингиз маҳсулими демоқчи эдим. Аммо мен таниган чол ҳозир… балки, вафот этгандир. Бунга ҳам кўп йил бўлди.
Қизнинг ҳайрати ўн карра ошди. Чунки суҳбат Боис бобо ҳақида кетаётгандек эди.
Қиз билан йигитнинг бундан кейинги суҳбатлари қандай бўлганини тасаввур қилаверинг. Ҳаётнинг бағри кенг, унда нималар бўлмайди дейсиз. Асқар билан Насиба ҳар иккаласи ҳам кўрган, болалик давридан қадрдон бўлган ажиб хотирани бир-бирига айтиб беришар, қиёслашар ва бот-бот ҳайрон қолишарди…
* * *
Илгарилари уйланишга кўнгли бўлмаган ўғлининг, дабдурустдан оила қурмоқчи эканини эшитган ота-онаси жуда хурсанд бўлишди. Кейин келиннинг оёғида нуқсони борлигини билиб диллари хира тортди. Аммо жуда узоқ ўйлашиб, тўйга рози бўлишди. Икки хонадонда ҳам тўйга тайёргарлик бошланди.
Куёв жўралар олдинроқ бориб туришди. Келин тайёр, куёв эса кечикаётганди.
Шоисломга бегоналар кўзида ҳайрат, яқинлари нигоҳида эса қўрқув бордек туюлди. Бошқалар бош кўтармай тўй тадориги билан банд эдилар.
Бир пайт болаларнинг қийқириғи бутун кўчани тутиб кетди:
— Куёв келди! Куёв келди! Қаранглар от-аравада!
Кимдир ҳавас билан, кимлардир ҳайрат-ла кўчадан хонадонга кириб келаётган куёвни кузатишар эди. Яна кимдир энсаси қотиб,
— Шундай замонавий машиналар турганда куёвнинг қилиб юрган ишини кўринг, — дейишарди.
Чиройли безанган оқ отнинг аравасидан оппоқ либос кийган шаҳзода тушиб келарди гўё. Йигит чиндан ҳам афсонавий шаҳзоданинг ўзи эди.
Ёш-яланг эса:
— Бу аҳмоқона ўйиннинг нима кераги бор деб, — кулишди.
Инчунин, бу билан куёв ва келин ўзларининг умр йўллари туташишига сабабчи бўлган қадрдон бобони хотирлаётганларини улар қаердан билишсин.
Карнай-сурнайлар билан келинни от-аравага чиқаришди. Шу пайт от жиловини бир чол тутди, отни тўғри йўлга бошлади. Одамлар бу чолни йўловчи деб, ўйлашди. Аммо бу чол Асқар ва Насибанинг қадрдон бобоси эди. Келин ва куёв девона бобосини аниқ кўришди. У узоқ дуо қилди. Сўнг оломон ичида ғойиб бўлди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 27-сонидан олинди.