— Ассалому алайкум ҳурматли газеташоу мухлислари. Газета саҳифасида бу мен — севимли бошловчингиз Сурайё Даврон бўламан.
Энди сизларни шоумизда иштирок этаётган экспертлар билан таништириб ўтсам. Менинг ўнг томонимда…
— Тўхтанг, тўхтанг Сурайёхон, газеташоу мухлисларини мавзу билан таништирмадингиз-ку?!
— Ҳа-я, эсим қурсин. Бугун сизни “Қарқара келин киму масхара келин кимлигини аниқлаш”, деб номланган газеташоусига таклиф қиламиз. Хуллас, менинг ўнг томонимда таниқли, жудаям таниқли бир инсон ўтирибдилар. Исмларини айтмасам ҳам ўзингиз билиб олган бўлсангиз керак. Ҳа, ҳа, тўғри, топдингиз… менинг ўнг томонимда… катта ҳаётий тажрибага эга, бир эмас икки оила соҳибаси Лулипархоним Сомонова. Чап томонимда эса Лота Путтаевна Қийқимова ўтирибдилар. Бу опажонимизнинг ҳам келинлар кийим-кечаклари бобида оламжаҳон тажрибалари бор. Бир парча латтадан ҳам кўркам кийимлар тайёрлашга моҳир. Ҳа, ишонаверинг бир парча латтага ўз фантазияларини гуллар шаклида шундай маҳорат билан жойлаштирадиларки, бундай кийимни эгнига илган қизлар ўзларини қўярга жой топиша олмай қолади. Худди тузоққа тушган оққушларга ўхшаб тезроқ бирор жойга учиб кетгиси келиб қолади. Хуллас, энди шоумизни бошласак ҳам бўлаверади. Ҳа–я, айтмоқчи, шоумизга диққат қилинг. Газ печкасидаги овқатга, агар у тагига олиб кетса ҳам, эшик қўнғироғини қайта-қайта босиб чақираётган қўшнингизга, агар у қарғаб-қарғаб қайтиб кетса ҳам эътибор берманг. Бўлмаса шоумизни тушунмай қоласиз. Хуллас қўнғироқларингизни кутамиз. Ало? Ало? Эшитамиз, эшитамиз, қулоғимиз сизда.
— Ало, менинг саволим иккала экспертга ҳам тегишли.
— Марҳамат, марҳамат. Кечирасиз, ўзингизни таништирсангиз.
— Мен, Зарипова Гулсинойман. Бўкаданман. Саволим қуйдагича: яқинда туғилганимдан бери орзиқиб кутаётганим, келинлик либосини киядиган бўлиб турибман. Айтингизлар-чи, қайнотамга ҳам, қайнонамга ҳам салом берганимда эгилишим керакми?
— Йўқ, йўқ, асло бундай қила кўрманг, мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, шундай қилсангиз уятга қоласиз. Ахир, замонавий келин куйлаклар жуда нозик бўлади. Улар жимитдайгина елкангизда деярли илиниб туради. Худо кўрсатмасин, қайнотангизга эгилиб салом бераётганингизда…
— Тўғри айтасиз, Лотахон опа, қолаверса эгилиб салом бериш модадан қолган. Мана мен биринчи турмуш қурганимда қайнонамга ҳам, қайнотамга ҳам бурним ерга теккунча эгилиб салом берганман. Ўйлаб қарасам, бекор қилган эканман. Қадримга етишмади. Бир-икки ғиди-биди қилишувди, шартта ажрашдим. Иккинчи марта турмуш қурдим. Буни қаранг, қайнона-қайнотамнинг ўзлари серсалом экан. Ҳовли айланиб салом беришаверади, десангиз. Жонимга тегиб кетди. Ахир, саломнинг ҳам қадри бўлиши керак-да, тўғрими?
— Ало, Ало, бизни эшитаяпсизми? Узилиб қолди, шекилли.
— Шундайга ўхшайди.
— Анча бўлдими алоқа узилганига? Шунча вақтдан бери ким учун гапираяпмиз бўлмаса?
— Узримизни қабул қиласиз, деган умиддамиз қадрли шоумиз мухлислари, айб бизда эмас, телефон тармоқлари негадир бугун яхши ишламаяпти.
— Телефон тармоғидагилар ҳам бизнинг шоумизга берилиб, вазифаларини унутиб қўйишган бўлсалар керак-да.
— Ҳа, қадрли мухлислар шоумизни давом эттирамиз. Мухлисларимиздан навбатдаги қўнғироқ бўлгунича бугунги мавзумизни яна бир бор эслатиб ўтишни лозим топдик. Шундай қилиб, газета саҳифасида “Қарқара келин киму масхара келин кимлигини аниқлаш” шоуси давом этмоқда. Сизларни яна бир бор экспертларимиз билан таништириб ўтсам, менинг ўнг томонимда катта ҳаётий тажрибага эга, бир эмас иккита оила соҳибаси Лулипархоним Сомонова. Чап томонимда эса Лота Путтаевна Қийқимова ўтирибдилар. Бу опажонимизнинг ҳам кийим-кечак масаласида оламжаҳон тажрибалари бор. Бир парча латтадан ҳам кўркам кийимлар тайёрлашга моҳир. Ҳа, ишонаверинг, бир парча латтага ўз фантазияларини гуллар, тўрпардалар кўринишида шундай маҳорат билан жойлаштирадиларки, бундай кийимни эгнига илган қизлар ўзларини қўярга жой топиша олмайди. Тузоққа тушган оққуш сингари бирор жойга парвоз қилгиси келиб, питиллаб қолади. Дарвоқе, Лулипар опа, иккинчи оилангиз ҳақида гапираётгандингиз…
— Хуллас, яна ажрашдим.
— Ҳозир ёлғизмисиз?
— Йўқ, баъзан униси, баъзан буниси ота-оналаридан яшириниб келиб-кетиб туришади.
— Ғалати-ку?
— Нимаси ғалати, икковиям билишади. Буни қаранг, худди келишиб олгандек бири кетса, иккинчиси қўнғироқ қилиб учрашувга таклиф қилади. Ажойиб бўларкан. Эр бир эмас, иккита. Қанона-қайнота эса йўқ. Бирам мазза-ей. Масалан, менга шундай ҳаёт ёқади. Ахир, ўзим учун ҳам яшашим керак-ку?!
— Бола-чи, ўғлингиз бор, деб эшитамиз…
— Бор, икковидан ҳам биттадан. Уларни оталарига ўхшамасликлари учун алоҳида-алоҳида тарбиячига берганман. Ўзим ҳам кам бораман. Фикрлари бузилмасин, дейман-да.
— Кечирасиз, қўнғироқ бўладими ўзи?
— Мен ҳам ҳайронман, мухлисларимиз қўнғироқ қилиб тушиша олмаётган бўлсалар керак.
— Лота опа, зерикиб қолмадингизми ўзи?
— Йўқ, зерикаётганим йўқ, гапни газетага ўраб гапирадиган бўлсам, шоумиз жуда кўнгилдагидек давом этяпти. Кийим-кечак масаласига келсак, ҳамма ўзи истаганини кияди. Мен яратган ноёб либосларни кийган аёллар нақ ўттиз ёшга яшаради. Шунинг учун қилган ишимдан ҳам, кийган кийимимдан ҳам уялмайман. Гапнинг рости бугунги шоудан сўнг харидорларим икки баробарга кўпайса керак, деб ўйлагандим.
— Тушкунликка тушманг, Лота Путтаевна. Ҳозир қўнғироқ бўлиб қолади. Аниқ биламан. Менинг ички сезгим жудаям кучли.
— Ало, ало? Роcтданам телефон тармоғига бир гап бўлганга ўхшайди.
— Иккала cим ҳам ёмғирда қолиб намланган бўлса керак.
— Ҳозир симли телефонлар қолмаган Лота опа!
— Лямкасиз кўйлакларга ўхшаб-а?
— Нималар деяпсиз, Лулипархон, менинг кийимларимни масхара қиляпсизми?
— Ўзингиз иккита симга шаъма қиляпсиз-ку?
— Тавба, йўқ жойдан жанжал чиқармоқчимисиз-а?
— Қанақа жанжал? Ким жанжал чиқаряпти. Менми? Бўпти, мен шоуни тарк этсам, кўнгилларинг тинчийдими? Бўлди, кетганим бўлсин.
— Эътибор берманг, азиз мухлислар Лулипар Сомоновага шоумиз талаблари оғирлик қилди шекилли, даврамизни тарк этяптилар, ҳечқиси йўқ. Газеташоумиз энди ҳал қилув паллага кириб бормоқда. Яна бир бор эслатиб ўтамиз. Шоумизга диққат қилинг. Газ печкасидаги овқатга, агар у тагига олиб кетса ҳам, эшик қўнғироғини қайта-қайта босиб чақираётган қўшнингизга, агар у қарғаб-қарғаб қайтиб кетса ҳам эътибор берманг. Акс ҳолда, шоумизни тушунмай қоласиз.
— Ало? Ало, хайрият мана яна бир мухлисимиз қўнғироқ қилиб қолди. Астойдил ҳаракат қилса, албатта, мақсадга эришиш мумкин. Эшитамиз, саволингизни кутяпмиз. Ало?
— Ало? Менинг саволим Лота Путтаевнага?
— Марҳамат.
— Лота опа, сиз тикаётган кўйлаклар нафақат бу ерда, балки қўшни мамлакатларда ҳам тала-тала бўлиб кетаяпти, деб эшитамиз. Айтингчи, уйда оила аъзоларингиз ҳам ўзингиз тиккан кийимларни кийишадими?
— Нима десам экан, гапни кўйлакларимнинг чет мамлакатларда харидоргирлигидан бошласам, деган эдим. Ҳа, тўғри эшитибсиз. Мен тиккан кийимларнинг бозори чаққон, бундан албатта хурсандман. Ҳатто бахтиёрман. Уйда оила аъзоларим киядиган кийимларга келсак. Улар ҳам ортиқча исрофгарчиликни ёқтиришмайди. Масалан, турмуш ўртоғим билан ўғлим Эрик уйда майичка ҳамда калта шортик кийиб юришади. Мен билан қизим эса калта юбкани хуш кўрамиз. Қизимга бир-икки жойдан совчилар чиқувди. Улардан биринчи сўраган саволимиз шу бўлди. Бизга ўхшаб кийинишмас экан. Қизимни бермадим. Гарчи унинг кўнгли бўлса ҳам. Напринцип бермадим.
— Ало, ало? Яна алоқа йўқолди.
— Афсус, афсус, ҳурматли газеташоу мухлислари вақтимиз эса чегараланган. Бизга энг яхши саволни йўллаганларга совғаларимиз бор эди. Афсуски, уларнинг ўз эгаларини аниқлаш имкони бўлмади. Ҳечқиси йўқ, совғаларимизни келгуси учрашувлар учун сақлаб қўямиз. Шундай қилиб, бугунги “Қарқара келин киму масхара келин кимлигини аниқлаш” шоумизда ғолибларни аниқлаш имкони бўлмади. Эслатиб ўтаман, газеташоу саҳифасида бу мен — сизларнинг севимли бошловчингиз Сурайё Даврон бўламан. Кўришгунча хайр!