– Тўрткўз?! Тўрткўз, бу сенми? Ў-ўзингмисан? М-м-мени излаб келдингми? Се-э-на? Вой, азамат-эй! Қўй, ялама қўлимни… э, яламасанг-чи, эси йўқ. Томоғинг тушади. Оббо! Ҳа-а, кабобнинг ҳидини сезибсан-да. Кабоб иси… кейин, хомпиёз иси… Хомпиёзнинг иси ўлгудек сассиқ бўлар экан… ҳиқ-қ… ичингдан ҳам қайтиб чиқади-я, лаънати. Ўзимга қолса-ку, ўлиб қолсам ҳам оғзимга олмасдим, ароқнинг сассиғини босиш учун едим-да. Ароқни эса… юракнинг тафтини босиш учун ичдим. Ичмасам бўлмасди-да. Қи-зи-қ, ароқ менинг тафтимни, пиёз ароқнинг тафтини кўтарипти, мана, юракнинг тафти ҳам сал босилгандай…
Ҳм-м… юрак… севинсак ҳам, қайғурсак ҳам, ўксинсак ҳам, сўкинсак ҳам азоби шу шўрликники. Ўзи-ку… бизни яшасин деб тиним билмайди, яна бизнинг роҳатимиз ҳам унга юк бўлиб тушади. Ҳаётнинг қонуни ўзи шу шекилли, кимки индамасдан кўпроқ ишлайверса, янада кўпроқ ишлатгимиз келаверади…
Шошма… шошма… Мен ўрнимдан туриб олай… Ҳе, ичкиликнинг уйи куйсин… Ўлгудек қорним очқагани эсимда, чойхонага кирганимни ҳам биламан… Бир коса шўрва олдим, икки сих кабоб… Шайтон қандай йўлдан уриб, битта шиша олганимни билмай қолдим. Чойнинг пиёласида кўздан яшириб ичдим. Ҳм… умримда биринчи марта ёлғиз ичишим… Ҳозирги аҳволимда ким мен билан ичарди? Энди буёғига ёлғизман, Тўрткўз. Мана шу тепамдаги дарахтдек ёлғиз.
Хайрият, шаҳардан соғ-саломат чиқиб олибман. Демак, унча таъсири билинмаган экан-да, оёғим сал чалишса, анави, қизил шапкалар соғ қўймасди, олиб бориб тиқиб қўйишарди… Айтгандай, нима фарқи бор. Бугун тиқишмаса, эртага тиқишади… Фақат чўнтагимни қоқлашарди. Агар ўжарлик қилсам, бошимга яна бошқа балони ҳам орттириб олардим…
Ҳа… шаҳардан чиққанман-у, шу ёлғиз дарахтни қора тортганман. Тагида нафасимни ростламоқчи бўлганман-да, кейин кайфим ошиб… Йўлдан ўтган-кетган парво қилмаган, манави даланинг эгаси деб ўйлагандир-да. Э, ҳозир кимнинг ким билан иши бор…
Сен қандай топиб келганингга ҳайронман. Шунча йўлдан-а? Баракалла, Тўрткўз…
Бўлди… бўлди… бас қил… Ҳадеб ирғишлайверма. Эртароқ уйга етиб олайлик. Эҳ-ҳа, ҳали анча йўл бор. Мен бугун ўлгудек чарчаганман, қарагин, оёқларим чалишиб кетаяпти. Чопа-чоп…
Оббо, тентаг-эй, яна айтиб келдингми? Ана, уйга ҳам яқин қолди. Ҳув, чироғи ёқилмаган уй бизники. Ҳамманикида чироқ бор. Бизникида йўқ. Балки, яна неча йиллар ёнмас ҳам. Тунда тўйданми, томошаданми қайтаётганлар уйимизнинг тўғрисига келганда, бир-бирларига қараб: “Бу ҳалиги… ўзимизда бош ҳосилот бўлган Бойжигитнинг уйи-да. Шўрликнинг бошига хотини етди. Ҳозир қамоқда ётипти”, деб афсусланиб гапиришади. Балки, мазах қилиб кулишар. Бу энди кимнинг кимлигига боғлиқ.
Эрмон қийшиққа ўхшаганларга худо бериб қолади. “Бойжигит деган худонинг бир балоси бор эди, раис билан ошнолигидан фойдаланиб, бош ҳосилот бўлиб олди-да, кўп одамнинг ризқини қийди, обрўйимизни ёпиб турган ортиқча гектарларни шу касофат қирқиб ташлади. Охири ўзиям гўр бўлмади. Фалон йилга кесилиб кетди”, деб жиртак чалади.
Ўшандай яхши-ёмон, пасту баланд гаплар тун қоронғисида ўрмалаб юрган кезларида сен дарвозанинг тагидан сирғалибми ё деворнинг кемтигидан ошибми, ғийбатчиларнинг олдига чиқолмайсан, менинг ҳақимдаги холис гапингни айтиб, бировини маъқуллаб, бошқасининг оғзига уролмайсан. Чунки безабонсан.
Билмадим, ҳеч бўлмаганда Бойжигитнинг ваҳимали кўринган хонадонида, кўпдан одамлар қадами узилган маконда садоқатли тирик жон борлигини, тўрт оёқ ва тилсиз бўлсанг-да, умид билан эгангни кутаётганингни исботлай олармикинсан?
Эҳтимол, қорин қайғусида бу беқут, бехосият ҳовлини тарк этиб, аллақаёққа дайдиб кетарсан, ўзинг қатори уйсиз, эгасиз қавмларингга қўшилиб ўғирлик қиларсан? Балки, ор-номусни қўлдан бермай очликдан силланг қуриб ҳовлининг бирор бурчагида жон берарсан ё ёвузроқ жинсдошларинг билан ўлжа талашиб, адо бўлурсан? Тирик жонсан, сен ҳам яшашинг керак, ахир.
Эҳ, бечора, ҳозир нега йўлимга чиқдинг? Ёлғизликдан, ҳувиллаган ҳовлидан қўрқдингми, ваҳима босдими? Йў-ўқ, итлар ёлғизликдан қўрқмайди. Чунки қишин-ёзин ёлғизсан-ку. Балки, печнинг ичидаги ҳилланган кўмир парчаси хонани илитгандай, уй ичидаги инсоннинг нафаси, тафти ҳовлига уриб турар, сени иситар?
Шунинг учун тун бўйи, гоҳ шамол тегмайдиган кунжакда мизғиб, гоҳ салгина шарпадан сергакланиб, тонггача уй эшигига кўз тикиб ётарсан? Эшик очилиши билан ҳовлининг қайси бурчида бўлма, севиниб чопиб келишинг, думингни ликкилатиб ирғишлашинг, кўзларингни менинг, болаларимнинг кўзларига тикиб, оёқларимизга суйкалишинг ўз тақдирингга шукронадир? Раҳматдир. Ким билсин, балки ит зотига ҳам эгалик ва бошпаналик бўлишдан ўзга бахт йўқдир? Худо эса сенга бу бахтни ҳам кўп кўриб турибди. Йўқ, бу ерда худони тилга олишим ножоиз, ҳаммаси одамларнинг, сену мен яқин билган, суйган, сиғинган, топинган одамларнинг касри-касофати-ку.
Эҳ, Тўрткўз, Тўрткўз! Ўшанда сен дўст қиёфасида тўшагимга кириб олган илонни нега олдингга солиб қувламадинг, нега оёқларидан ғарчиллатиб тишлаб олмадинг, нега бўғзидан тутмадинг? Қора қонига беламадинг? Ўша ифлосликларнинг ўз тақдирингга ҳам дахли борлигини билмадингми, бечора? Калтаклашимдан чўчидингми, милтиғини чиқариб отиб ташлайди деб қўрқдингми? “Итим қутурди” деган баҳона билан турли эмлашлар, ҳатто, тиғларга дучор этишимни ўйлагандирсан-да, сен шўрлик?
Шундай бўлиши ҳам мумкин эди. Ўзим боплаб адабингни берардим. Ахир, ҳурматли раисимизни, болалик дўстимни, қадрдонимни аямасдан таласанг, мен индамай қараб турармидим?
Ҳатто, Турғунбой қоровулга айтиб, оттириб ташлашим ҳам ҳеч гап эмасди. Шунақаси кўп бўлган-ку. Одамлар яхшилик қилган энг садоқатли дўстларини ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ нобуд қилишган-ку. Билмай туриб, алданиб, албатта. Бегоналар, ётлар алдамаган уларни, ёлғон дўстлари алдаган. Чин дўст билан ёлғон дўст бир-бирининг душмани, Тўрткўз.
Хайриятки, итлар ҳасадни билмайди, балки ўлжа-пўлжа талашишлари мумкиндир, лекин эгасининг меҳрини талашмайди, қизғанмайди, бахиллик қилмайди.
Йўқ, сен калтакдан ҳам, ўлимдан ҳам қўрқмагансан, дунёда шунақа разил жазолар борлигини билмассан ҳам. Чунки яйловдаги онангдан ажратиб олиб келганимда кўзи очилмаган кучукча эдинг. Сени умрингда ҳеч ким урмаган, бўйнингга занжир ҳам осмаган. Эркин ўсгансан, эрка ўсгансан. Бинобарин, сен Хонқуловни менинг дўстим, оиламнинг дўсти, қадрдони деб билгансан.
Сен-ку зоти бўлак жониворсан, илиқ сўзнинг гадосисан. Мен-чи? Ўн беш йил катта-кичик мактабларни кўрган, олий маълумотли, оқ-қорани таниган гумроҳ ҳам унинг кимлигини сезмай қолганман, энг азиз, энг жонажон, керак бўлса, жонини ҳам аямайдиган оғайним деб билганман. У эса…
Балки сен менинг йўқлигимда Хонқулов келганда Ойзода тайёрлаган лаззатли таомларнинг мазали сарқитидан маст бўлгандирсан? Ахир, нафс деган бало кўзни кўр, қулоқни кар, ўзни қул қилиб қўяди. Жами мутъеликлар, тилсизликларнинг сабаби шу тупсиз ўпқон – нафс эмасми? Сен-ку сен, нафсидан илинган инсон боласи ҳам дорбознинг маймунига айланиб кетади, ўзлигидан кечади, тилию дили баравар боғланиб, ўзини ўзи кишанлаб беради тубан зотлар қўлига.
Эҳ, одам боласи ширин сўз, меҳрга шу қадар ташнаки, худди поёнсиз саҳрода тасодифан булоққа дуч келган қаландардек ўзлигини унутиб, боши айланиб, кўзи тинади, асл не, қалбакилик не, фарқлай олмай қолади.
Мен Хонқуловнинг ҳавойи қасамлари, Ойзоданинг ширин сўзларига учганман, дунёда иккаласидан азизроқ одамим йўқ, деб билганман…
Иккаласини ўз қўлим билан бир тўшакда, қип-яланғоч ҳолда тутиб олганимдан кейин уят, орият, номусдан қутулиш учун ўзларини зовурга ташлаб, шармсиз таналарини ғарқ қилишлари лозим эди. Аммо бунинг ўрнига қилган қилғиликларини қара: Ойзоданинг шаллақилигига кўра, мен раислик мартабасини эгаллаш учун қиёматлик дўстимга ва ҳалол хотинимга туҳмат қилаётган эканман. Ўзимнинг манфаатимни оиламнинг тинчлиги, болаларимнинг бахтидан устун қўйган эмишман. Хотиним оғзидан шунақа сўзлар чиққанига ўласанми, куясанми?
Хонқуловнинг ҳунари-ку баридан ошиб тушди. У аламда бўғилиб, менинг изимни бутунлай қуритишга тушди. Шу йўл билан Ойзодани бутунлай ўзиники қилиб олиб, даври даврон сургиси келибди.
Қилган туҳматини қара, мен хўжаликнинг бир вагон тахтасини ўз амалимдан фойдаланиб, қариндош-уруғларимга улашган эмишман. Бундай олиб қараганда ҳаммаси тўғри, тахтанинг ҳажми ҳам, оғайниларимга берганим ҳам. Лекин нима мақсадда?
Ташқаридан қараганда осон туюладиган, лекин дунёдаги энг азобли тирикчилик – пилла ташвишини ўйлаб қилдим-ку шу ишни. Хонқуловнинг ўзиям яхши билади менинг ниятимни.
Э, бу ташвиш шунақа тиғиз, шунақа оғирки, белгиланган режа бажарилгунча етмиш икки томирингдаги дармонингни суғуриб олади. Ҳовлима-ҳовли юриб барг қирққан, ташиган, уй-уйларга тақсимлаб берган ишчиларнинг изидан чопавериб, итлар ҳам ҳорийди. Лекин одамлар ҳоримайди. “Ҳай, йигирма-йигирма беш кунлик қийинчилик ўтади-кетади”, деб белида болта қистирилган арқон белбоғи билан, уйқусизликдан қизарган кўзлари ғилтиллаб юраверишади.
Қурт боқишда ҳар йили сўкичак масаласи қийнайди. Ёғоч отлиққа ҳам топилмайдиган бу замонда қишлоқ деҳқони ўн бир-ўн уч болорлик меҳмонхонасини энлайдиган уч қаватли сўрига етадиган ёғочни қаёқдан олади.
Шунинг учун Хонқулов билан келишиб, Россияга юборилган олмаю узумга алиштириб келтирилган ёғочларни ҳар йил қурт боқадиган хонадонларга тарқатдим. Тўғри, шуларнинг кўпи қавм-қариндошим. Энди қишлоқда бир ота, икки ота нари бўлмаса, бари ҳам бир-бирига томир-да, Тўрткўз. Бири тоға, бири жиян, бири аммангнинг куёви, бири тоғангнинг қудаси, бири қайнингнинг божаси…
Кейин қурт тақсимлашда ҳам ишни қариндошлардан бошлайсан. Бўлмаса бошинг ғирт ғавғога қолади. Сал нарироқ одамнинг эшигини қоқсанг, гапинг оғзингдан чиқмай ёқангга ёпишади:
“Ҳа, баринг амалга миниб олиб, бегона битганни эзавер, қариндош-уруғинг ялло қилиб юрсин-да, бола-чақамиз билан биз ўлиб кетаверайлик!”
Шунақа нохуш, нотайин гап-сўзлардан қочиб, аввал бошдан ўзингга тобин, сўзингни ерга ташламайдиган хонадонларга бош суқасан.
“Тоға, амма, хола ёки бўла… шундай-шундай… бир кунга ҳўкиз ўлмас, икки кунга эгаси бермас, уч-тўрт кунда ўтиб кетадиган ғалва. Ўзимизнинг одам, сазамизни ўлдирмайди, деб келдик. Беш-олти кун қаттиқчиликни бўйнингизга оласиз энди. Бу яхшилик эсдан чиқмас, бир уруғнинг шох-шаббасимиз ахир. Бир-биримизда қолиб кетмас. Худо хоҳласа, мана ўғиллар эр етиб, қизлар бўй етиб келаяпти. Тўй-томошада биз ҳам қараб турмасмиз, ахир…”
Улар аввалига оёқ тираб бўлса-да, ишқилиб, сўзингни ерга ташлашмайди. Илтимосингга кўнгандан кейин, лафзингга яраша шароитига ҳам қарашасан. Тахтани ҳам сал тили қисиқлигимдан, қолаверса, зарурлигидан бердирдим.
“Қариндошлар, пилла бир йиллик тирикчилик эмас, қурт тутиб бўлгандан сўнг ёғочни асраб қўйинглар, давлатнинг нарсаси”, дедим.
Мана оқибати, кўзнинг қорасидай қилиб, авайлаб-асраб қўйилган жойида “ашёвий далил” деган тамға билан ҳужжатлаштириб, бўйнимга тавқи лаънатдек осиб ўтиришибди. Йўқ қилиб юборишганда ёки ўзим бирор ёққа сув қилиб, битта далолатнома билан ҳисобдан чиқариб юборганимда нима бўларди? Ҳеч нарса. Биров изини ҳам тополмасди.
Охир-оқибат бариси Хонқуловнинг найранги, қолаверса, Ойзоданинг бешарм кўз ёшларининг таъсири эканини англадим.
Э, Тўрткўз, сен нимани ҳам тушунардинг, оғайни? Одамзоднинг итлиги тутса, ундан ваҳший махлуқ топилмайди. Билмадим. Агар итларнинг одамгарчилиги тутса нима бўлади. Ойзода энди тириклигимда юзимни кўрмаслиги керак. Хонқулов кўзидан йироқ бўлганим афзал. Шунинг учун бир бало қилиб мени орадан кўтаришлари, йўқотишлари керак.
Йўқса, қайси йўл биландир қасд олишим мумкин. Қишлоқда бу шармисорликни ҳеч ким кечирмайди. Унутмайди ҳам. Хонқуловнинг ҳам хотини бор, сингиллари бор. Орият учун… аламимдан бирортасини гап қилишим мумкин… Бироқ менинг кўнглимда бундай ният йўқ.
Тўрткўз, эҳ, Тўрткўз… Бировнинг номини ҳаромлаганим билан ўзимники ҳалол бўлиб қолмайди-ку. Борки, унинг сингилларидан бирини булғарман… кейин… шароит мажбурласа уйланарман. Бир кўрпада ётган билан у менга хотин бўлармиди? Акасига ғаним бўлган, ўзини ёмонотлиқ қилган кишига вафо қилармиди? Йўқ, албатта.
Кейин айб, фақат, Хонқуловда ҳам эмас. У-ку паст кетибди. Дўстлигимизнинг юзига оёқ қўйибди. Виждонидан кечибди. Лекин покизалигида мен билан покиза ёстиққа бош қўйган хотинимни нима жин урди? Эс-ҳуши қаёққа учди? Оиланинг ор-номуси, аёллик шаъни-ғурури қайда қолди? “Бу замонда камроқ туғиш урф, иккитаси етади”, деб дўхтурларга алламбало қилдиргандаёқ фикри бузуқлигини сезмаган эканман. Ўшандаёқ шайтон йўлдан оздирган экан уни. Аёл зоти майинроқ гапирган эркакка кўзини сузиб, кўкрагига бош қўяверса, билмадим, охири нима бўлади?
Эҳ, Тўрткўз, бу аёлларни билмайсан-да, билмаймиз-да? Пул, латта-путта бўлса ўзини жарга ташлашдан ҳам қайтишмас экан. Мана, шу Хонқулов сиёғида одамни қизиқтирадиган нима бор? Бир ҳўкиз сифат кимса… Лекин чўнтаги тўла жарақ-жарақ пул. Қизиқ… замон ўзгарган билан муттаҳам одамлар ўзгармас экан. Ҳар доим уларнинг ошиғи олчи. Хонқулов шўро даврида директор эди, ҳозир ҳам шу. Фақат энди ширкат раиси дейилади. Илгари ўлик жонларнинг ҳисобига минг-минг сўм пул ишларди. Энди эса яхши ернинг барини аямасдан сотиб ётибди. Номига шартнома тузилади. Кузга келганда эса маҳсулот йўқ… шартнома бекор… Сўрайдиган одам йўқ. Чунки бошқа айрим амалдорлар ҳам шерик… Ойзода ҳам пулига учган. Тўғри-да, мен қўлида бир ҳосилот бўлсам, ойлик маошимдан бошқа нарсам бўлмаса. Ўғирлик қўлимдан келмайди.
Эрмон қийшиқ неча марталаб: “Ҳўв, инсон, ўзингнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам насибасини қирқма. Отангдан қолган мулк йўқ. Хўжаликдаги беҳисоб ернинг бир четидан озроқ сотсак камайиб қолмайди. Харидорни мен топаман. Баҳонада уч-тўрт юз минг ёнингга қолади, қорнингни оғритмайди, қора кунингга ярайди”, деб жавради. Мен қулоқ солмадим.
Далада картошка, пиёз, қовун-тарвуз сероб, боғда нима кўп, мева кўп. Сал имо қилсам, уйимга машиналаб олиб келишади. Кейин эса ўзлари вагонлаб ўғирлашади. Чунки, менинг оғзимни мойлаб, тилимни боғлаб олган бўлишади. Индаёлмай қоламан. Эҳ, Тўрткўз, одам боласининг тили қисиқ бўлдими, ўлгани шу.
Лекин ҳозир аҳволим чатоқ. Қамаладиган бўп турибман. Гуноҳсизлигимни исботлайдиган дастагим йўқ. Хонқулов билан Ойзода тўрни боплаб тўқишган, ундан чиқиб кетиш оғир.
Буни терговчи ҳам билиб турибди. Бироқ мени оқлай деса, Хонқуловдан оладиганини олиб қўйган. Мен эса мирқуруқман. Шунинг учун қонунни рўкач қилаяпти. Бу қонун дегани ҳам ушловсиз нарса экан, қаёққа бурсанг ўша ёққа кетаверади…
Мана, ошна, уйимизга етиб келдик. Қара, теракларимиз ҳам қоронғидан қўрққандек титрамоқда. У шўрликлар ҳам ҳовлидаги жимликдан таҳликада. Гуллар, райҳонлар, ишкомлардаги узумлар ҳам мунғайиб қолган бўлса керак. Инсон бахтиёр кезларида бу нарсаларни сезмас, ўйламас экан.
Мен ҳеч қачон оддийгина уй ҳам ғам-ғуссага ботади деб ўйламагандим. Уй ҳам севинар, қайғурар экан. Қара, уйимиз нақадар ғамгин. Деразалари ҳасратдан қорайиб, девор билан бир бўлиб кетибди. Илгари қанақа жилмайиб туришарди. Сен уларнинг майин табассуми ёғдусида ҳовлида хотиржам айланиб юрардинг, менинг эса олисдан кўзим тушиши билан бутун ғуборим тарқаб, кўнглим ёришарди…
Чарчадингми, Тўрткўз? Беш чақирим жойга чопиб бориш, бегона қишлоқнинг четида, итларидан чўчиб эгангни пойлаб ўтириш осонми? Бунинг устига яна қайтиб ҳам келдинг. Қорнинг ҳам ўлгудек оч бўлса керак. Сен бечорага ким ҳам овқат берарди? Мендан бошқа ҳаммага бегонасан. Ойзодани яхши кўрардинг. У кетди. Бутунлай кетди. Балки қайтиб ҳам келмас. У келса мен бўлмайман. Энди иккаламиз бир уйга сиғмаймиз, сиғолмаймиз.
Шошма, шошма! Бунча ирғишлайсан, тентак? Бўлди, суйкалмай тур. Дарвозани очай, уйга кирайлик. Сенга нон бераман. Ўзим ҳам чой ичаман. Оғзимнинг тахири чиқиб кетди. Лаънати ароқ билан пиёзнинг касри бу… Э, алам қилиб кетди-да.
Ҳа, энди сен тура-тур. Мен айвоннинг чироғини ёқай, ҳовлининг эгаси борлиги, тириклиги билинсин. Мана, кўрдингми, ҳамма ёқ ёп-ёруғ бўлди…
Тўрткўз, Тўрткўз… иш чатоқ, оғайни. Биттагина нон қобди. У ҳам тошдек қаттиқ. Бошқа нарса йўқ. Ивитиб қўяйми? Сен шўрликнинг тишинг ҳам ўтмас ҳали. Заранг бўп кетипти бу савил. Ёпилганигаям ярим йил бўлганов. Йўғ-э, Ойзода анави шармандалик кунида Хонқулов учун ёпган бўлса керак, демак, йигирма кунлик. Шундан бери сен ҳам хаёлимга келмабсан. Нима билан тирикчилик қилдинг, шўрлик? Биқининг ич-ичингга кириб кетибди, жунинг пахмайиб қолганига қараганда, ҳеч нарса емагансан. Қаёқдан ҳам ейсан? Менинг кўрган куним далада бўлса, уйда қозон қайнамаса. Ўғирликкаям ўрганмагансан бечора. Ма-а, қаттиқ бўлса ҳам кемир, бугун борига барака. Эртага худо пошшо…