Йўлдошбойнинг кайфияти чоғ. Чунки бугун у маош олган. Бунинг устига хотинининг туғилган куни. Эркакларнинг ҳар йили икки маротаба — ҳам аёлининг туғилган кунида, ҳам 8 март муносабати билан чиқимдор бўлишини назарда тутсак, Йўлдошбойнинг бу томондан омади чопган: хотини 8 март куни туғилган.
Эрталаб уйдан чиқаётганида, пул олсам хотинимни бир хурсанд қилай, деган ниятни кўнглига тугиб қўйди. Мана, анча вақт бўлибдики, ўз билганича бирор совға олмаган. Бу гал бир қизиқ бўлсин…
Маош ҳам ниятига яраша бўлди. Яхшиям аёлларимиз бор экан. Шулар баҳонасида айрим ҳомий ташкилотлар мукофот ҳам бериб туради.
Йўлдошбой шуларни ўйлаб, пулни олди-ю бозорга югурди. Жўраларининг ҳар хил пичинг гап-сўзларига парво ҳам қилмади.
Бозорга кириб туйқусдан ўйланиб қолди: «Нима олсам экан? Э, ҳа, тунов куни хотиним қўшни аёл кийиб чиққан янги кўйлакни оғзининг суви келиб мақтаганди. Ўшандан оламан, иложи бўлса, ундан ҳам зўридан».
Айлана-айлана, охири ўша матони топди.
— Синглим, мана шу газмолингиздан бир кийимлик берсангиз.
Сотувчи матони чаққонлик билан ўлчаб-қирқиб бежирим қилиб тахлади-да, Йўлдошбойга узатди.
— Хўш, энди, мана бунисидан ҳам бир кийимлик, иложи бўлса, лозимга ҳам етадиган бўлсин.
«Мана, энди хотиним ҳақиқатан ҳам хурсанд бўлади-да», деди-ю йўлга тушди.
Уйга кириб келганида хотини қозон-товоқ билан овора экан. Қўлидаги совғани билдирмай, дарвозахонанинг бир четига қўйди-да, қуруқ қўл билан хотинига юзланди.
— Нечук, бугун эрта келиб қолибсиз? Байрам баҳонасида маишат қилмадингизларми?
— Пул бўлганда-ку, ўзим билардим-а. Мана, бор-йўғи шунинг ўзи.
Йўлдошбой газмолдан қолган пулни хотинига узатиб, сўради:
— Бугун нима тамадди қиламиз?
— Қўшнимизникидан сут олиб чиқдим, ширгуруч қилаяпман.
— Шу ҳам овқатми?
— Рўзғорда нима бор, нима йўқ, ишингиз бўлмаса. Аёл бошим билан мен нима қилай?
— Бирам тилингиз заҳарки, онаси. Қалампир суртиб олганмисиз?
— Шунақа, тўғри гап туққанинггаям ёқмайди…
Йўлдошбой қараса, хотинининг асаби қақшаётир. Ҳозироқ мавзуни ўзгартирмаса, оқибати ёмон тугаши мумкин.
— Хўш, бўпти, онажониси, айб бизда. Сал пастроқ тушинг. Бугун байрам бўлса, гўшт ҳам, сизга совға ҳам бўлади…
— Олиб келган мана шу тўрт тангангизга ишониб айтаяпсизми бу гапни? Кўрамиз, қай бирига етар экан. Шунча йилдан бери бўлмаган совға энди бўлармиди?
Хотини супургини қўлга олди-да, кўча эшик томон юрди. Дарвозахонага келдию, бир чеккада бежирим ўралган нарсага кўзи тушиб Йўлдошбойга юзланди:
— Ҳой, дадаси, манави нима?
— Буми, ҳалиги… сенга… кейинроқ берарман дегандим.
Хотини матоларни бир-бир кўрди-ю, оғзи очилиб қолди.
— Ростданам менгами?
— Сизга бўлмай нима, менгамиди?
— Вой адажониси-я, жуда ажойибсиз-да. Айтганча, буни пластикка харид қилдингизми ёки…
— Ҳа, энди, бир совға олдик-да. Нақдими, пластикми, сизга нима.
— Дадаси, жаҳл чиққанда ақл кетади, дейишади. Баъзи аччиқ гапларим учун…
— Шу ўзингизмисиз? Шунинг учун ҳам совға олмасдим-да.
— Нимага?
— Ахир, сиз бунчалик мулойим, самимий, беозор бўлиб қолсангиз, заҳаромуз сўзларингизни соғиниб қоламан-да.
Шу пайт Йўлдошбойни дўстлари йўқлаб келиб қолишди. У: “Онаси, бизга рухсатми?”, дегандай хотинига юзланди. Хотини эса эрига қараб “Чойхонага пластик карта ўтармикан”, деди-да ,бақрайди-қолди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 10-сонидан олинди.