Абдусаттор Содиқов. Қарз (ҳикоя)

“Қадимда бўлган эди…”

Ярим кечада қўнғироқ жиринглади. Собир қаттиқ ухлаб қолган экан шекилли, уйғониб, юраги ўйнаб кетди. Ички кийимда бирпас ўрнидан турганча қотиб қолди. Телефонми ёки эшик? У то ўйлагунча яна жиринглаган овоз эшитилди. Ҳа, эшик. Ким бўлди экан ярим кечада келган? Бунақа пайтларда келадиган бетайин таниш-билиши йўқ эди, чамаси.
– Ким? – деди Собир кийина туриб. – Ким керак сизга?
– Собиржонларники бу ер? – эркак кишининг овози келди.
– Ҳа, нимайди?
– Мен келгандим, Собиржон, Фарғонадан. Танимаяпсизми?
Собир иккиланиб эшикни очди.
Рўпарада сетка кўтарган, бароқ қошли, икки юзига чертса қон томадиган 50-55 ёшлардаги киши турарди. У катта, лекин юмшоқ қўлларини узатди.
– Э, яшанг-ей, Собиржон. Танимайсиз ҳам-а!
Собир ҳали уйқуси ўчмаганлиги учун бироз хайрон бўлиб турди. Кейин кутилмаган меҳмонни истамайгина ичкарига таклиф қилди. Орқасидан кириб келган нотаниш хурсанд эди.
– Оббо, Собиржон-ей. Шу ерда тураман денг. Нақ осмон билан ернинг ўртасида-я. Ишқилиб яхши юрибсизми?
Меҳмон мулозамат ҳам кутмай уй тўридаги диванга чўкиб, юзига фотиҳа тортди:
– Қадам етди, бало етмасин. Шу уйдан бахт аримасин.
Нотаниш гапирар экан, Собир уни қаерда кўр­ганини эслашга ҳаракат қила бошлади. Ким у? Нима қилиб юрибди унинг квартирасида?
 – Ўша даҳшатли уруш туфайли инвалидман. Поездда туртиниб-суртиниб юролмайман. Об-ҳаво ёмон бўлиб, самолёт учмади. Уч-тўрт соат аэропортда қолиб кетдим. Тоғ билан тоғ учрашмаса ҳам одам билан одам учрашар экан. Мана, келдик-да меҳмонга, жиян.
– Жуда яхши-да. Ажаб қипсиз, – Собир сир бой бермасликка ҳаракат қилди. Лекин нотанишнинг “жиян” дейиши ғашини келтирди.
– Ўшанда хафа бўлмай кетдингизми, жиян. Бу гостиница масаласи шунақа экан-да. Мен ҳам кўп хижолат бўлдим. Буни қарангки, бу ерда ҳам шунақа-я! Унисига бордим, бунисига бордим, ҳаммасида жой йўқ. Бу администраторларнинг танглайини “йўқ” билан кўтарганми дейман.
Собир унга қараб тураркан, фотиҳа ўқишига разм солар, хаёли эса бошқа ёқда эди.
Бундан чамаси беш йил олдин ёз таътилида хотини билан Фарғонага борган эди. Ўшанда улар самолётдан тушганларида қоронғи бўлиб қолган, Собир бир қўлида кийим-кечак тўлдирилган чемодан, бошқасида майда-чуйда емиш кўтариб, ёнида хотини билан ҳайрон турарди. Шунда у таваккал қилиб саёҳатга чиқиб, хом ўйлаганини сезди. Бу ерларда на бир қариндоши бўлса, на таниши. Бирор ётоқ топиш у ёқда турсин, ҳозир шаҳар қаёқдалигини ҳам билмай боши қотиб қолди.
Аэропортнинг орқа тарафидаги автобус бекатига келишганда, гавдали, зиёлинамо, яхши кийинган, шляпали киши рўпара бўлди. Қўлидаги сеткада оқ қоғозга нимадир ўроғлиқ.
– Битта чектирмайсизми? – деди у саломлашганларидан кейин чиройли жилмайиб. – Шу пайт жа хумор қилиб қолди. Сигарет нариги костюмда қолибди.
У яқинроқ келганида оғзидан ёқимсиз ҳид келди. Нотаниш ичганди. Сигаретани ўт олдириш учун гугурт чаққан Собир бу ҳиддан беихтиёр бошини нари олди.
– Йўл бўлсин энди? – нотаниш савол берди.
– Салқинлагани. Бир-икки кун шаҳарда бўламиз. Кейин Шоҳимардонни зиёрат қилсак дегандик.
– Дўзахнинг эшиги очилиб кетди-ку, биродар.
– Ҳа, энди ёз-да, – чўзилган суҳбатдан Собирнинг энсаси қота бошлади. Нарироқда “Тураверасизми?” дегандай хўмрайиб олган хотинига кўзи тушди.
– Агар ёруғ дунёдаги дўзах шу бўлса, нариги дунёдагиси қанақа бўларкин?
“Тоза эзма экан, – ўйлади Собир бироз асабийлашиб. “Мабодо тушсангиз биласиз”, деб юборишдан ўзини аранг тийди.
Такси кутишаётганди, автобус келиб қолди. Собир хотини билан олдинги эшикдан чиқиб олди. Ўртадаги ўриндиққа ўтиришган эди, бояги киши уларнинг қа­рама-қаршисидан жой олди.
– Меҳмонхонага олиб борар?– сўради Собир нотанишдан тахмин қилиб.
– Ҳа, лекин жой отлиққа ҳам йўқ, биродар.
Собир индамади. Бироздан сўнг бояги киши Собир томон эгилди.
– Келинг, ўзим олиб борай. Меҳмон экансиз, жойлаштириб қўяман.
Автобус чайқалиб-чайқалиб борар, бинолар пеш­тоқидаги ранг-баранг ёзувлар кўзни қамаштирарди. Уч-тўрт чақиримдан кейин пинакка кетай деган нотаниш сергакланиб, атрофга аланглади.
– Тушамиз, – деди у. – Ҳозир бизнинг остановка, меҳмонлар.
Собир унинг сўзига киришни ҳам, кирмасликни ҳам билмай, хотинига қаради. У эса индамай турарди.
– Тушдик, ўтиб кетамиз бўлмаса, – бояги киши яна ундади.
Автобус тўхташ жойининг рўпарасида ҳақиқатдан ҳам меҳмонхонанинг жимжимадор ёзувлари кўзга ташланиб турарди. Киравериш чап тарафидаги бурчак фанер билан тўсилган бўлиб, стулда чиройли юзли, сочларини орқасига турмаклаб олган аёл китоб ўқиб ўтирарди. Тўғрисида эса “Жой йўқ” деб битилган тахтача.
– Мени танияпсизми? – деди нотаниш регистраторга қўлидаги сеткасини аста пештахтага қўяркан.
Аёл китобдан бошини кўтарди:
– Танияпман.
– Ким бўламан?
– Жой сўровчи клиент, жой эса йўқ. Ана, ёзиб қўйилибди.
Нотанишнинг юзларида дарғазаблик белгилари пайдо бўлди.
– Мен бундан уч йил илгари шу гостиницага директор бўлганман. Қаландаров деган фамилияни эшитганмисиз?
– Тилимни кесиб берайми сизга? Жой йўқ дедим-ку. Кейин директор бўлган бўлсангиз, ойлик олгансиз. Бундан ташқари кайфингиз бор сизнинг. Гаплашмайман!
– Кимга шунақа муомала қилаяпсан? Уруш инвалидигами? Сендақа одамгарчиликни билмайдиганни офатдан сақлайман деб инвалид бўлганман! Елкамдан ўқ еганман.
У шундай деб пештахтага бир мушт урганди, омонат турган сетка нарсаси билан ерга шарақлаб тушди. Атрофга зархал югуртирилган нафис чинни буюмлар парчалари сочилиб кетди.
Қаландаров титраб кетди. Бу титраш кайф таъсириданми ёки жаҳлдан – билиб бўлмасди.
Собир ноқулай аҳволда қолди.
– Қўйинг, – деди у хотинининг “боринг” деб қилган имосидан кейин. – Қўйинг, хафа бўлманг. Жой бўлмаса бўлмапти-да. Бирор хонадон топармиз.
Бу орада регистратор ўрнидан туриб, тез-тез юрганча иккинчи қаватга чиқиб кетди.
Собирнинг Қаландаровга раҳми келди. Ўзидек етти ёт бегонага қанчалик жон куйдираяпти. У шу одамнинг ўрнида бўлганида эҳтимол шунчалик қил­масди. Бунинг устига ноёб, қимматбаҳо чиннилари чил-парчин бўлди. Балки у чинниларни кимгадир совға қилишга олгандир? Собирнинг кўз олдида отаси намоён бўлди. Касал ҳолига қарамай, протез оёғини тўқ-тўқ этиб, ғирчиллатиб у томон келаётгандай, “Нега бир ногиронни ишга солиб, жой олдиряпсан? Мен сенга шундай бўлгин деб тарбия берганмидим, ўғлим?” деяётгандай туюлди.
Собирнинг юраги ғашланди. Кундалик ишлар би­лан ўралашиб, отасининг биттагина илтимосини ба­жо келтира олмаганини, яъни у қачонлардир жалада қолганида ёнида ивиб кетган уруш ногиронлиги гувоҳномасини янгилаб бермагани, сенинг ишинг кўп болам, ўзим тўғирлайман деган отаси роса овора бўлганини эслади. “Мана, сенга одамгарчилик, – ўйлади у алам билан. – Мана, емай едириб, киймай кийдириб ўстирилган фарзанднинг отага муносабати. Битта ота ўнта болани боқади, лекин ўнта ўғил битта отани боқа олмайди, дегани шу эканми-я? Бу ерда – бегона шаҳарда эса отаси сингари бир ногирон уни оғир аҳволдан қутқармоқчи”.
Регистратор аёл оёқларини аста-аста босиб, иккинчи қаватдан тушиб келди.
– Қани, беринг ҳужжатларингизни, – деди у бу гал юмшаб.
– Менга эмас, мана бу болаларимга керак жой. Ўғлим, келиним бўлишади.
Ёлғон гапга Собирнинг ғаши келди. Лекин отаси ёдига тушиб, нотанишга ич-ичидан раҳмат айтиб турарди.
Собир хотини ва уларга эргашган Қаландаров билан кўрсатилган хонани топиб чиқди. Бу ерда бежирим ёғоч кроватлар, кийим шкафи, стол ва икки стул бор эди. Қаландаров стол устидаги графиндан стаканга сув қуйиб ичди-да:
– Энди менга рухсат, меҳмонлар. Беодобгарчилик қилган бўлсам, хафа бўлмайсизлар. Байрам арафасида… Бироз оғизга текканди. Умуман, агар бу беодобгарчилик ҳисобланса, ишни битириш учун ҳам керак, – деди жилмайиб.
Нотаниш хайрлашиб чиқиб кетди. Бироздан кейин яна қайтиб келиб қолди. Шимининг чўнтагидан ручка ва ён дафтар чиқарди. Стулга ўтириб, тез-тез ёзди.
– Мана, – деди у Собирга бир парча қоғозни узатиб. – Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш. Бизнинг адресимиз бу. Вақти-соати келиб уйга ўтарсизлар.
Боя тузукроқ раҳмат айтишни унутган Собир ҳам ўз уй манзилини ёзиб, унга тутқазди:
– Йўлингиз тушганда киринг. Бугунги хизматингиз учун бир пиёла чой узатай.
 
* * *

Собир меҳмон боя қўлини фотиҳага қийналиб кўтарганини эслади. Бу – ўша, меҳмонхонадан жой топиб берган Қаландаров. Қайтар дунё экан. Қиёмат қарзни қайтариш вақти ҳам келди.
– Собиржон, – деди меҳмон эрталаб чой хўплар экан, – сиз бир аралашадиган иш бор эди-да.
– Қўлдан келса бажонидил, – сергакланди йигит.
– Келади. Сиздек касб эгаларининг қўлидан келмайдиган иш борми дунёда? Фақат ўшанда гостиница масаласида сиполик қилгансиз. Бўлмаса мен аралашмасам ҳам олардингиз жойни. Хатга тушдинг, ўтга тушдинг, деган гапни биласиз-ку. Шунга ўхшаб нотўғри иш қилса, ман-ман дегани ҳам қўрқади сизлардан. Иш бор жойда эса камчилик бўлади.
Боришган идорада Собирнинг сўзларини диққат билан тинглаган аёл узун альбомга ўхшаш дафтарни очди ва ёзувларни кўздан кечираркан, аста бош чайқади:
– Мумкин эмас, укажон. Сира мумкин эмас.
– Жамоат транспортида юришга қийналадилар. Вазият шуни талаб қилаяпти. Қўлланманинг изоҳ жойи бордир, ахир.
– Бўлмайди, укажон, бўлмайди. Эски маркадаги “Запорожец”ни яқинда олганлар. Янги маркадагисини вақт келганда оладилар. Бир кун илгари ўзларига ҳам айтганман. Тўғрими, амакижон?
Боядан бери жим ўтирган Қаландаров аввал қизарди-да, кейин ўрнидан шашт билан турди.
– Қўлланмани кўп таъкидлайверманг, қизим, – у билинар-билинмас титрар, ичидан отилиб келаётган ғазабни зўрға босиб турар, ранги оқара бошлаган эди. – Қўлланма одам учун чиқарилган. Намунча ҳамманг қоғозга ёпишиб олмасаларинг.
Қаландаров овозида хириллаш аралаш титраш кучайди ва кўкрагини чангаллаб ўтириб қолди.
Собир Қаландаровни таксига ўтқазиб, уйига келаркан, бир кўнгли бу ишга аралашиб хато қилганини ўйлади. Барибир илтимоси бажарилмади. Кейин ўзига тасалли берди: ”Бундай фронтчилар учун янглишсанг ҳам савоб!”.
 
 * * *

Квартираси эшиги тагида оёқ кийимлари кўпайиб қолибди. Ота-онаси келибди. Хурсанд бўлиб кетди.
– Болаларингни соғиндим, – деди отаси кўри­шаркан. – Сени-ку ҳар икки-уч кунда кўриб тураман. Ле­кин болаларинг кўз олдимдан кетмай қолди. Онанг билан келавердик.
Шу пайт унинг кўзи орқадан кириб келаётган Қаландаровга тушди-да, жим бўлиб қолди. Пешонасидаги ажинлар кўпайиб, юзи бўғриқиб кетгандек бўлди. Оғир-оғир нафас олди ва гандираклаб диванга бориб чўкди. Собир беихтиёр Қаландаровга қаради. Унинг юзида бирор нарсадан қўрққан боладек хавфсираш аломатлари кўринди.
– Менга узр, – деди у руҳан қийналаётгани шундоқ сезилиб. – Кеча келган кунимоқ самолёт учун қайтишга билет олгандим. Хаёлимдан кўтарилибди. Мен борай.
У остонадан ортига қайтаркан, чўнтакларидан олиб, пулини санаётган, ҳали кетиб улгурмаган такси шо­фёрига: ”Аэропортга!” деди ҳаяжон аралаш бақириб.
Йигит уйга кириб, ота-онаси билан сўрашди.
– Бу нопокни нима қилиб эргаштириб юрибсан? – деди отаси Собирга.– Сени аралаштирадиган қанақа иши бор экан?
Собир ҳаммасини гапириб берди.
Отаси баттар тутоқиб кетди:
– Номард у, бўлмаса урушга бормай, қинғир йўллар билан инвалидликка чиқиб олармиди? – Кейин баттар жаҳли чиқди. – Номардгина эмас, фронтчиларнинг соясига ҳам арзимайди.
Собир хижолат бўлди:
– Балки ўхшатгандирсиз?
– Ҳеч ўхшатганим йўқ. Илгари мен билан бир жойда яшаган. Урушга чақирилиш арафасида ичиб келиб, уйнинг учинчи қаватидаги зинадан пастга думалаб кетган. Елка суяклари синган. Бир қўлининг ногиронлиги шундан. Энди эса имтиёз талаб қилиб юрибди.
Собир ўйланиб қолди. Қия очиқ эшикни зичлаб ёпиб келди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 10-сон.