Кундан-кунга атрофимдагилар билан тил топишишим оғирлашиб кетаяпти. Лаънати фикрим дастидан тобора ҳолдан тойиб бораяпман. Фикримнинг салмоғидан тиззаларим букилиб, бошим ерга эгилганча, тинка мадорим қуриб уйга шошаман. Негаки, уйда ҳаловат бор. Залворли фикринг учун ҳеч ким ғазабга олмайди. Кимдир юзингга қараб башарасини бужмайтирмайди…
Уйга келиб, энг аввало, фикримни жавонга қўйдим. Худога шукуре, бир мазза қилдим, бир мазза қилдим. Бу худди ҳаммомнинг пархонасига қамалиб олган одамнинг эркин нафас олишидан ҳам ёқимлироқ эди. Ана энди, газета варақлаб, телевизор томоша қилганча аччиқ кўк чойни симириб уйқу вақтигача ялпайиб ётиш мумкин. Шундай ҳам қилиб энди чўзилганимни биламан, хотин дийдиёсини бошлаб қолди:
— Дадаси, нон олиб келмабсиз-ку. Гўшт емаганимизга ҳам икки кун бўлди. Кейин… мана бу тишларимни шундоқ суғуртириб иккита тилла тиш қўйиб олсам борми, нақ сув қундузидай бўламан. Шунга икки юз минг сўм олиб келинг деган эдим, униям эсингиздан чиқарган бўлсангиз керак. Мундоқ бир хотинниям ўйлаш керакми, йўқми ўзи. Уни олиб беринг, буни олиб беринг демасам…
Қайсидир шўри қуриган файласуф айтган экан: Хотинлар аввал гапириб, кейин ўйлашади, деб. Баъзан ўша файласуф менинг хотинимни таниганмикан, деб шубҳага бориб қоламан.
Тавба худди қўшни хотинга ўхшаб жаврайди-я. Фалокат босиб фикрларини алмаштириб олишмаганми ишқилиб. Дарҳол олдини олмасам озгина ҳордиқ ҳам онасини Учқўрғондан кўради, шекилли. Шарт ўрнимдан турдиму хотиннинг фикрини юлиб олдим. Батареяси ўтирган қўл телефонидай чакаги ўчди-қолди. Менга бир пас тикилиб турди-да, нимадир эсига тушгандай, — Ошхонага ўтинг, овқат сузаман, — деганча чиқиб кетди.
Жавон ёнига келиб хонимнинг фикрчасини қўйишдан олдин салмоқлаб кўрдим. Енгил, кичиккина, ялтироқ. Ўзимнинг фикримни салмоқладим. Оғир, катта ва дағал. Хотинимнинг бошига сиғиши даргумон. Уники эса… менинг бошимда хумга ташланган ёнғоқдек бўлиб қолади. Мободо жин уриб алмашиб қолса борми, кечгача каллангда у ёқдан-бу ёққа шалдираб жонга тегиши аниқ. Ҳа майли, ҳар кимга ўзиники азиз…
Ярим тунгача зангори экран олдида ўтириб уйқудан қолганим учунми, эрталаб зўрға ўрнимдан турдим, уйқуга тўймаган кўзларим юмилиб-юмилиб кетар, қовоқларим ачишиб, атрофимда нималар бўлаётганини идрок қилолмасдим. Бир амаллаб ишга отландим. Машинага ўтирмоқчи бўлиб турсам хотин “Тўхтанг” ишорасини қилди. Кейин эса латтага ўралган ниманидир деразадан ташлади. Очиб қарасам, фикрим экан. Унутибман. Дарҳол бошимга жойлаб олдим.
Негадир мамнун бўлиб кетдим. Ювилганидан ялтираб турган машинамга қараб ёш боладай суюндим. Қўлгинаси дард кўрмагур хотиним ювиб қўйган. Мени хижолатда қолдириб нуқул шунақа қилиб юради. Йўлда ойнага кўз ташладим. Қошларим жуда беўхшов. Лабларим ҳам бир оз қовжираган. Вой, сочимга ҳам бир-иккита оқ тушибди.
Гўзаллик салонига йўл олдим.
Ишхонага киришим билан ҳамкасбларим ўраб олишди.
— Вуй, қошингизни “зебра”да тердирдингизми?
— Лаб бўёқни янаям очидан сурмабсизда, ўртоқ. Сал билиниб қопти.
— Аммо сочни зўр химия қилибди. Бирам очилиб кетибсиз-ей. Туф-туф-туф илоё кўз тегмасин.
Хижолатдан қизариб кетдим. Шундай ажойиб ҳамкасбларим бор-а. Мен бўлсам гоҳида уларга қўрслик қилиб, хафа қилиб ўтираман-а. Вой менгина ўлиб қўя қолай, қўрслик ҳам эви биланда.
— Ўрто-о-о-о-қ, жон ўртоқ. Мен ўлгурни кечиринг, сизни жуда ёмон хафа қилиб қўйдим-а, — дедим кеча жанжаллашиб олган ҳамкасбимга қарата.
У бўлса юзимдан чўлпиллатиб ўпиб олди. Кечирди. Ҳамма менинг ўзгарганимга ишонди. Кун ҳам ажойиб ўтди. Аллақаердан келган мақолаларни таҳрир қилиб бош оғритиб ўтирмадим. Ҳамхоналарим билан роса гаплашдик. Тушлик деб эшикни ёпиб олиб роса уч соат лақиллашдик. Бир-биримизга -кийимларимизни, узукларимизни, дазмол ва кир машиналаримизни мақтандик. Зўр бўлди. Шунча йил ишлаб бунчалик хотиржам, бугунчалик хушчақчақ -бўлмаган эдим.
Кечқурун ҳамкасблар ўпишиб хайрлашганча уйга тарқадик.
Одатдагидек уйга келиб фикримни жавонга ечсам хотиним жавраб қолди.
— Дадаси, сизга эрталаб ўзимни фикримни бериб юборибман. Ўрнига сизникини ишлатиб турай десам ўлгур ҳеч бошимга сиғмади. Кун бўйи фикрсиз ўтиришимга оз қолди-я. Хайриятки, каллам ишлаб қолди. (Фикрсиз калланинг ишлашини биринчи эшитишим!) Нима бўлса бўлар дедиму, биттаю битта -товуғимизнинг фикридан фойдалана қолдим…
Ногаҳон қалампир чайнаб юборгандай бўлдим.
И-е, бу қанақаси бўлди. Ҳали мен кун бўйи хотинимининг фикрини кўтариб юрдимми? Худо уриб қўйибдию. Ўзимам ўйловдим-а, нега кун бўйи майдақадамларга ўхшаб жилпанглаб қолдим деб. Агар биров эшитса, борми!
Хотинимни койидим. Кейин ўйланиб қолдим. Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор. Бордию эрталаб хотин адашмаганда нима бўларди?
Шуни ўйлар эканман, ўз фикрим билан ёнма-ён турган хотинимнинг фикрига меҳрим товланди.
Яна бир яхши томони-хотинимнинг фикри ўзида қолганда кечгача бир арава бўлар-бўлмас режаларни тузиб, ҳозир бошимни қотираётган бўларди. Фикрлаёлмагани учун мана минғир-минғир ҳам йўқ…
Эрталаб ҳар кунгидан эртароқ туриб ишга отландим. Фикримни бошимга жойлаб олгач, хотиннинг кўзини шамғалат қилиб унинг фикрини ҳам қўлтиққа урдим.
Ҳар ҳолда, мудом бўлмаса ҳам асқотади.
Хотиннинг эса фикрламагани тузук…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 43-сонидан олинди.