Бобур Наби. Юлдуз (ҳикоя)

У қўлидаги китобни ёпиб, токчага қўйди. Деразадан қаради – шом вақти бўлибди. Сандал чўғига қўйилган обдастани олиб, ташқарига чиқди. Ҳаво жуда совуқ. Қор тизза бўйи ёққан. Осмоннинг оқиш ранги қалбларга ҳузур бағишлар даражада тиниқ. Ердаги оппоқ қор ва осмон ранги бирлашиб, уйғунлик ҳосил қилгандай кўринар, айниқса, дарахтларнинг айрим шохлари худди оқ қоғознинг у ер-бу ерига қалам билан чизиб қўйилган каби тасвирга менгзаб, ажиб манзара ҳосил қилганди. Гўё бу ерда рассом сен-у, унга хоҳлаганингни чизишинг мумкиндек эди.
Уйда ўтиравериб димиқиб кетган чол учун тоза ҳаво жоннинг роҳати бўлиб кетди. Ўзига йўл очиш мақсадида куракни олиб, бир оз танасини қиздирмоқчи бўлди. Ҳожатхонага қадар эллик қадамлар бор. Томирлари бўртиб чиққан қўлларига туфлаб, куракни ушлади. Айвондан бошлаб, йўл очишга тушди. Қор зилдай экан, ҳеч қанча юрмасдан ҳарсиллаб қолди. Қаддини тиклаб, худди чарчоқлардан халос бўладигандек чуқур уҳ тортди. Оғзидан чиққан ҳовур секин-аста бостириб келаётган оқшом зулмати таъсирида йўқ бўлаётган оппоқ табиат қўйнида кўзга кўринмай кетди. Чол шунда эътибор берди – агар шошилмаса, намозшом ўтиб кетиши мумкин. Яна бир оз шундай тургач, ўз ишига шўнғиди…
Ўн беш дақиқа ичида манзилига етиб борди. Пешонасидан тер қуйиларди. Дам олиш учун бир чеккага чўккалади. Қўйнидан дуррасини олиб, манглайидаги реза терларни арта бошлади. Қишда терлаб ишлаш яхши-ю, лекин совуқ уриб кетиши чакки-да. Оқшом тобора кунни енгиб келарди. Осмон тоқида бир кичкина юлдуз хира бўлса-да, нур сочишга тиришарди. Уни кўриб, чолнинг юзига табассум ўрмалади. Гўё шу юлдуз ҳам оппоқ қор лашкарини ёриб ўтмоқчи бўлаётган чолга ўхшаб қолганди. Лекин у бор кучи билан ҳаракат қилаётгандек эди. Чол ҳам: «Шу митти юлдузчалик бўлолмайсанми?» – деб ўйлади-ю, шаҳд ўрнидан турди.
Обдастадаги сув ҳам совиб қолибди. Бироқ чол буни сезмади ёки умуман эътибор бермади. Ҳозир унинг хаёллари бошқа самоларда парвоз этарди. Шомни ўтказиб юбормаслик нияти ҳам қалбининг бир четида хира нур сочиб тургани учун аста қадам ташлади…
Икки ёнбошига салом бериб, аста ўрнидан турди. Жойнамозни юқорига, ўз жойига қўйиб, бир муддат сукут ичида қолди. Энди қорин ғамини ейиши керак. Ўзига қолса, иштаҳаси ҳам йўқ, аммо қорни хафа бўлиши мумкин. Унинг аразлаши эса соғлиққа ҳам таъсир этиши табиий. Шунинг учун кечки овқат ташвишига тушди. Плитага чой қўяй деса, доимгидек бу пайтда чироқ ўчган. «Қурмагурлар, шуни ўчирмаса, нима бўларкин?» – дея одатдагидай хаёлидан ўтказди чол. Яхшиямки, термос деган матоҳи бор экан. Эрталаб шунга қайноқ сув солиб қўйганди. Ҳали ҳам иссиққина турибди. Токчадан ликопчада оққанд ва гулли дуррага ўраб қўйилган яримта нонни олиб, сандалга ўтирди. Термосдан пиёлага сув қуйиб, оққанд солди. Оққанд худди ташқаридаги қорнинг нурсиз қуёш жилвасидаги оппоқ ҳавода эришига ўхшаб, доғ сув ичида майда зарраларга ажраб кетди. Кейин у сал суви қочган нонни ҳам пиёлага ботирди. Кўзларини бир нуқтага қадаб, ўйга толди. Чамаси у боягина ўқиган китоби ҳақида ўйларди. Мактабда қоровуллик қилиб юрган пайтида бир йигит зерикиб қолмаслиги учун унга ташлаб кетган китоб ҳозирда энг яхши овунчоғига айланганди. Шу-шу, бу китоб унинг ажралмас дўсти бўлиб келмоқда. Ҳозиргача неча марта ўқиганини ҳам эслай олмайди. Лекин ҳар мутолаа пайтида янгича маъно топади. Баъзан эса ўз-ўзидан ва соддалигидан ҳайратга ҳам тушиб қўяди. Наҳотки, шундай катта асар битта чолнинг сўзлари, ўй-хаёллари билан ўтиб кетса?! Ёзувчи шунча гапни қаердан олган экан-а?
У сувда ивиган ва оққанднинг мазаси юққан нонни тишлади. Шу тишлаган бўлагини эринмасдан узоқ чайнади. Сўнг ширин чойни симириб ичди. Роҳатланиб «ваҳ», деб юборди… Қорин масаласи ҳал бўлгач, аста ўрнидан туриб, нон билан оққандни яна жойига қўйди. Токчада ёниб турган шамни олиб, ётадиган жойига ўрнатди. Кейин боя шу токчага қўйган китобни олиб, жойига ётди. Китобни шам ёруғига тутиб, келган ерини топиб, очди. Шунда ўзини ҳам чексиз денгизда сузиб юрган қайиқ устида ўтирган асар қаҳрамони — Чолдек тасаввур қилди: қўлларининг кафти анча қавариб кетган, бунинг устига очлик ҳам Чолнинг силласини қуритганди. Ҳарфлар секин-секин чаплашиб, муайян бир шаклга кира бошлаганда унинг ҳам киприклари гўё оғир нарса қўнгандай аста қоқилди-да, кўзлари чуқур оҳ тортгандай юмилди…
У ўзини чексиз бир ялангликда кўрди. Атроф оппоқ қор. Ҳеч зоғ йўқ – ерда ҳам, осмонда ҳам. Бир ўзи қалин қор босган чўлда турарди. Негадир ўзини ҳорғин сезди. Боши оғирлик қилгандай ерга эгилди. Не кўз билан кўрсинки, унинг танаси саксовулга айланиб қолганди. Қимирласа, ҳеч ерга жилмайди. Фақат калласи билан теваракни кузатиши мумкин. Изғирин танасидан ўтиб кетди шекилли, инграб юборди. Бунинг устига, қорни роса очган. Негадир жуда сувсаган ҳам эди. Шамол саксовул шохларини ҳавода учирар, бу эса унга роса азоб берарди. Аламдан бақирмоқчи бўлди, лекин овози чиқмади. Балки чиққандир, бироқ уни эшитадиган бирор кимса кўринмасди.
Шу алфозда анча вақт қотиб турди. Худди иккала қўлини икки томонга тортиб бойлаб қўйгандек бошини осилтирганча фақат ингранарди. Шу пайт қаердандир бояги Чол пайдо бўлди. Ўзининг қайиғида. Унинг ёнига келиб, қўлини чўзди-ю, лекин ногаҳон силтаниб кетди. Елкасидаги чилвир Чолни тортиб кетганди. У ўзини ўнглади, аммо қайиқ жуда катта тезликда узоққа кетиб бўлган эди…
У чўчиб, уйғониб кетди. Юзига қуёш нури тушибди. Ёнида эса бояги китоб. Кўрган тушининг таъсиридан қутулиб, ҳушига келгач, бомдод қазо бўлганини англади. Ўрнидан қўзғалмоқчи эди, оёқлари қимир этмади. Қўллари билан оёқларини жилдирмоқчи бўлди. Шунда кафтлари қавариб кетганини кўрди. Кеча қор кураганига бўлдимикан? Ўрнидан туролмагач, бир муддат жим қолди. У фақат калласи билан теваракни кузатиши мумкин эди. Сандалдаги чўғ ҳам аллақачон ўчган, шунинг учун изғирин танасидан ўта бошлади. Анча вақтгача шундай ётди. Булар камлик қилгандай ошқозон сурнай чалишга тушди. Негадир роса сувсаган ҳам эди. Лекин ёрдам берадиган одам йўқ. Бақиргани билан унинг суст овозини ҳеч ким эшитмасди.
Тасодифан хаёлига қайиқда ўтирган Чол келди. Чолдан кўмак сўрамоқчи бўлди. «Худойим, елдек кел-у, селдек ол». У энди қандай мадад сўрашни биларди. Қўлидаги китобни кўксига қўйиб, тилида бир нималарни пичирлади ва кўзларини юмди. Узоқдан булутлар уюмини ёриб чиқишга муваффақ бўлган ёрқин юлдуз чарақлай бошлади. Гўёки у чолни ўзига чорлаётгандай бир кўз қисиб қўйди. Буни кўриб, чолнинг лабларига хиёл табассум югурди. Шундан кейин қайта кўзларини очмади…
Боя чарақлаган юлдуз ёнида каттароқ яна бир юлдуз пайдо бўлди…