Бобур Наби. Ойжамол (ҳикоя)

Қишлоғимиз четидаги даланинг ўртасида бир хилват жой бор. У ер айлана шаклида бўлиб, ичида тўқайзорга ўхшаб тераклар ўсиб кетганди. Шу теракзор ўртасида бир уй бор. Айтишларича, бир замонлар ўша уйда Ойжамол исмли аёл яшаган экан. У аёл ким, қаердан келган, нима билан машғул — буни ҳеч ким билмайди. Энг қизиғи шундаки, унинг қачон ва қандай вафот этгани ҳам одамларга қоронғи эди.
Болалагимизда тўполон қилсак, катталар “Ойжамол”га ташлаб келаман, деб қўрқитишарди. Ҳақиқатан ҳам бу номни эшитганимда қўрқиб қолардим. Нафақат болалар, балки баъзида катталарнинг ҳам у ерга боргани юраги дов бермасди.
Энди эса улғайдим. Анчагина шўх, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бола бўлдим. Бувимнинг тили билан айтганда, “ерга урса, кўкка сапчийдиган” эдим.
Доим бирга юрадиган икки дўстим бор. Санжар билан Ҳамид. Бир куни улар билан далага бордик. Даладан ер олиб, маккажўхори эккандик. Бувим: “Бахтим, болам, бир айланиб, хабар олиб келгин”, деганди. Жўхорипояларни кўздан кечиргач, эгатларга ёнимиздаги ариқчадан сув очдим. Роса чанқаган экан. Кейинроқ бир хабар оламиз деб, ортга қайтдик. Бирдан Санжар гап очиб қолди:
— Бахти, “Ойжамол”га кирмаймизми?
Буни эшитиб, ҳайрон бўлдик. Ҳамид сал қўрқиб ҳам кетди. Санжарнинг гапига сир бой бермаслик учун:
— У ерда нима қиламиз? — дедим.
— Қўлингдан келадиган ишни гапирсанг-чи! — гапга аралашди Ҳамид.
— Ўзинг кироласанми? — жиддий оҳангда сўрадим.
Санжар каловланиб қолди. У аслида мени киритмоқчи эди. Буни сездим. Мени синамоқчи бўлди-да. Ана, энди нима деркан?
— Йўқ, энди айтдим-қўйдим-да, — деди нима дейишини билмай.
Ўзимча қайсарлигим тутди.
— Ўша ерга кириб чиқсам, қанча берасанлар?
Иккови бир-бирига қараб қолди. Кейин Ҳамид:
— Э-э, қўйсанг-чи, кетдик уйга, — деб олдинга қадам ташлаган эди, қўлидан ушладим.
— Мен ҳазиллашмаяпман, Санжар, гаров ўйнайсанми?
Санжар довдираб қолди.
— Нима, ростдан кирмоқчимисан? Ахир ҳазиллашдиму…
— Гаров ўйнайсанми, деяпман? — шартта гапини бўлдим.
Хуллас, беш-беш ташладик. Энди нима бўлади, ўзим ҳам билмайман. Тўғриси, сал қўрқдим ҳам. Кейин Худонинг айтгани бўлади-да, деб, теракзорга қараб йўл олдим.
Теракзор сокин. Онда-сонда қушлар питирлаб қўяди. Қаердан киришни билмай, атрофини айлана бошладим. Ниҳоят орқа томонда бир йўлакча кўринди. У тўғри уйнинг саҳнига олиб чиқарди. Йўлакчага қадам босдим. Уйнинг олд тарафига ўтдим. Бир деразали ва бир эшикли кичкина уй. Эшик ҳам қия очиқ. Аста уйга яқинлашдим. Нимагадир бу сокинлик менга ёқмади. Эшикни очганимда чийиллаган товуш чиқди. Қўрқиб кетдим. Ичкарига кирганимда “тақ” этган овоз эшитилди. Орқамга қарадим: ортимдан эшик ёпилган экан. Юрагимни ҳовучлаб, эшикка ёпишдим. Ҳар қанча уринмай, уни оча олмадим. Ваҳимага туша бошладим. Деразадан чиқиб кетмоқчи бўлдим, лекин у ерда ҳеч қандай дераза кўринмасди. Фақат уч томонда учта эшик турибди. Чапдаги эшикни очиб, ичкарига калла суқдим: бўм-бўш ва қоронғи. Дарров эшикни ёпиб, тўғридагисига бордим. Уни ҳам очиб, ичкарига мўраладим: ҳеч нарса ва ҳеч ким йўқ. Негадир уй ичи анча совуқ экан.
Шу пайт орқамдан бир шарпа ўтиб кетганини илғадим. Юрагим шувиллаб кетди. Қарасам, ўнг томондаги эшик қия очилиб қолибди. Ичкаридан чироқ нури кўриниб турибди. Негалигини билмадиму, лекин ўша ерга киргим келди. Чироқ ёниқ, тўшак солинган. Бурчакда печка гуриллаб ёняпти. Бу ерда одам яшаркан. Орқадаги шарпани сезиб, ўгирилдим. Не кўз билан кўрайки, қаршимда бир чиройли аёл турарди. Сочлари ёйилган, оппоқ кийимда. Нигоҳи қандайдир ғамгин. Қўрқув деган нарсадан асар ҳам қолмади.
— Биламан, менинг олдимга келгансан, — деди аёл майин оҳангда.
Карахт ҳолда эдим. Нималар бўлаётганига тушунмадим. Аёл ўзи ўтиргач, мени ҳам ёнига таклиф қилди. Беихтиёр унинг қаршисига чўккаладим. У эса мен тушунмаган нарсалар ҳақида гапира бошлади.
— Гаров ўйнаб, яхши иш қилмадинг. Ўзингни ҳам, бошқаларнинг ҳам жонини хатарга қўйдинг. Модомики юрак ютиб, маконимга келган экансан, сенга бир ёрдам қиламан. Ўзинг учун азиз бўлган инсонлар ҳаёти — сенинг қўлингда. Уларни қутқар. Ўзим сенга ишора бераман. Энди бор, ҳали кўп учрашамиз. Шу эшикдан чиқсанг, кўчангга олиб боради.
У гапини қисқа қилиб, хонани тарк этди. Шу онда чироқ ҳам, печка ҳам ўчди. Уйдан чиқиб, уйга қандай етиб етиб олганимни ҳам билмайман. Кеч кириб, ғира-шира бўлиб қолган экан. Санжар билан Ҳамид уйимизнинг олдида кутиб туришганди. Менга нималардир дейишди, лекин қулоқларимга кирмади. Уйга кириб, жойимга ётдим. Бўлган воқеаларни ўйладим. У аёл ким эди? Нега бундай деди? Яна учрашамиз дедими? Ўйлаб ўйимга етолмадим. Шу тариқа кўзи илинибди…
Бирдан Ҳамид пайдо бўлди. У узун йўлдан ёлғиз ўзи кетяпти. Қаердадир трактор кўринди. У тўғри Ҳамиднинг устига бостириб борди. Ҳамид уни кўрмаяптими? Четга чиқса-чи?! Қулоғи кар бўлиб қолдими? Ҳозир трактор уриб кетади-ку! Ана…
— Ҳами-и-и-и-ид!!!
Даҳшат ичра уйғониб кетдим. Нега бундай туш кўрдим? Соат ҳам ўндан ўтибди. Роса ухлабман ўзиям. Ташқарига чиқсам, қуёш бир тут бўйи кўтарилибди. Танам яйраб кетди. Ариқчамиздаги сувда юз-қўлимни юваётганимда ошхона томондан аям кўринди.
— Ҳа, уйқучи, калла пишдими? — деди мен томонга келаркан. — Кеча нима бўлганди? Кирдингу қотиб қопсан. Тепиб ҳам уйғота олмадим, — аям ўз ҳазилидан кулган бўлди. Уларни хавотирга солмаслик учун:
— Ҳа, ошналарим билан дала айланиб, чарчагандим шекилли.
— Айтганча, жўхорига сув очиш эсдан чиқмаганмиди ишқилиб? — аям яна ҳазил қилди.
Эҳ, эсим қурсин, кеча сув очиб келгандим-ку. Бориб кўришим керак. Чой ҳам ичмасдан, далага отландим. Узун тутқаторлар оралаб кетаётсам… Ие, Ҳамид бу ерда нима қиляпти? Яна йўлнинг ўртасига ўтириб олибди. Чап томондаги муюлишдан бир “Волга” чиқиб, Ҳамид томонга юра бошлади. Ҳамид уни кўрмаяптими?
— Ҳамид! — У менга қаради. — Орқангда машина келяпти!
У ердан бир нарсани олиб, четга чиқди. “Волга” узоқ сигнал чалиб, ўтиб кетди. Кела солиб, уни койишга тушдим:
— Жиннимисан? Йўлнинг ўртасида нима бор?!
Ҳамид тиржайиб, қўлидаги нарсани кўрсатди. Бу яраланган мусича эди.
— Йўл ўртасида ётган экан, қаери яраланибди экан, деб қараётгандим.
— Четроққа ўтволсанг бўлади-ю, — дедим норози қиёфада. — Юр, сувдан хабар олиб келайлик.
Кўзланган ерга бориб, сувни кўрдим. Эгат бошини беркитиб, сув йўлини тўсдим. Ҳамид ҳали ҳам мусичани қўйиб юбормаганди. Ортимизга қайтдик. “Ойжамол”ни кўриб, дўстим кечаги гаровни эслаб қолди.
— Ҳей, Бахти, кеча нима бўлди? Ичкарига кирдингми?
Шу пайт қаёқдандир трактор пайдо бўлди. Қаршимиздан жуда катта тезликда келарди. Бу ҳолат менга таниш туюлди. Ҳамид… Уни қўлидан маҳкам ушлаб, четга олдим. Трактор шовқинидан мусича безовталаниб, қўлидан тушиб кетди. Уча олмасдан йўлнинг ўртасига тушди. Ҳамид унга талпинди. Қўлидан қаттиқ тортдим. Трактор тезлик билан ёнимиздан ўтиб кетди. Ҳамид дарров мусичага интилди. Ногоҳ бояги “Волга” машинаси қарама-қарши томондан келиб қолди. Трактор товушида уни пайқамабмиз. Кутилмаганда йўлнинг ўртасига чиққан Ҳамидни уриб юборди…
Тошдек қотиб қолдим. Қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Машина тўхтаб, раис тушиб келди. Кейин ҳаёдовчи билан уни кўтариб, машинага солишди. Менга ҳам бир нималар деб бақириб, машинани ҳайдаб кетишди. Шу пайт ҳалиги мусича ўзини ўнглаб, осмонга парвоз қилди…
Ҳамиднинг ўлимини ҳеч ҳам ҳазм қилолмаяпман. Ҳаммасига ўзим айбдорман. Уни қутқара олмадим. Бу виждон азобидан қандай қутуламан, ўзим ҳам билмайман. На ичиўимда ҳаловат бор, на ейишимда. Томоғимдан қил ҳам ўтмайди. Дўстим кўз олдимда жон берганди ахир…
Бугун ҳам кечки овқатни еяр-емас, ичкарига кириб кетдим. Уйдагилар ҳам мени ортиқ безовта қилмай, ўз ҳолимга қўйишганди.
Негадир яхши кўрганим Насимани ўйлагим келди. Уни кўрмаганимга ҳам анча бўлди. Хаёлимда у билан сайр қила бошладим… Тўсатдан бир қуш елкамга қўнди. Бу мусича эди. Жуда таниш мусича. Уни қаердадир кўргандек эдим. Кейин мусича гуллар орасига тушиб, у ердан бир илонни кўтариб чиқди. Қиз буларни кўрмасди. Мусичанинг илонни чўқиганига ҳайрон бўлдим. Уни ютиб юбориб, аллақаерга учиб кетди. Насима менга қараб: “Мени қутқарасизми?”, деди.
Нега бундай деди? Нимадан қутқараман? Шу маҳал қиз сув олгани чиққанини эслади. Ердан пақирни кўтармоқчи бўлиб, пақир тутқичига чирмашган илонни ушлаб олдию, “Ай-й!” деб бақириб юборди. Пақир ичи тўла илон эди. Қаердан келди шунча илон? Насима кўзлари юмилиб, ерга йиқила бошлади. Шунда ушламоқчи бўлдим, лекин қимир этолмадим. Насимани илонлар ўраб-чирмаб ташлаганди. Буни кўриб, даҳшатга тушдим:
— А-а-а-а!!!
Чўчиб уйғониб кетдим. Роса терга ботибман. Ташқарида аямнинг овози эшитилди:
— Бахтиёр, тинчликми, болам?
— Ҳа, ёмон туш кўрибман, — дедим уларни хавотирга қўймаслик учун.
Бўлаётган воқеаларга энди тушунаётгандекман. Ўша аёл яқин одамларинг жони хатарда, уларни қутқар, дея ишора бермоқчи эди. Кўраётган тушларим ишорасимикан? Агар шундай бўлса, бугун Насимага навбатми? Жуда аянчли тиржайдиму, ваҳшатга тушдим. Кўп илон кўрдимми? Бунча кўп илон қаерда бор эди-я? Ҳа, Насималар уйининг орқасидаги катта зовурда. Нима? Насималарникида?! Тез ўрнимдан туриб, ўша ёққа югурдим.
Насималарнинг уйи янги чек (янги берилган участка) бўлгани учун орқа томони дала эди. Ўша ердаги зовурдан сув олиб фойдаланишарди. Мен ўша тарафга югурдим. Сув олишга осон бўлиши учун ердан зинапоя қилинганди. Ундан икки метрлар нарида бир катта ковак бўлиб, олдин у ердан кўп илонлар ушлашарди. Ҳозир ҳам илон бормикан?
Дарахтлар орасидан пақир кўтарган Насима кўринди. Қулоғига қизил атиргул тақиб олгани учун яна ҳам гўзал бўлиб кетибди. У зовур бўйига келганда мени кўриб қолди:
— Вой, бу ерда нима қиляпсиз? — деди қувноқ оҳангда.
— Насима, бугун сув олманг, — дедим жиддий туриб.
Қиз кулди:
— Нимага экан? Сув оламан, деб қадам ташлаган эди, бақириб юбордим.
— Йў-ўқ!
Қиз кўзларимдаги хавотирни кўриб, қўрқиб кетди.
— Насима, илтимос, бугун сув олмай туринг. Зовурдан нарироққа боринг.
Қиз нима бўлаётнини тушунмай, орқага тисарилди.
— Нима бўлди ўзи? — деди хавотирли оҳангда.
Қизнинг қўрқиб кетганини кўриб, уни тинчлантиришга уриндим:
— Ҳеч нима, шунчаки илон кўриб қолдим, — беихтиёр шундай деб юбордим.
Илон сўзини эшитган қиз сесканиб кетди:
— Каттами? — секин сўради.
— Йўғ-е, кичкинагина. Ҳозир тош отиб ҳайдайман, — деб ўзимча тош отган бўлдим.
— Ҳар доим сув оламан, илон кўрмасдиму.
Шу пайт елкамга бир қуш келиб қўнди. Энди тамом бўлдим, кўзимни юмиб, қандай қушлигини билишни ҳам истамадим.
— Вой, мусичалар билан тил топишволибсизми? — қиз қиқирлади.
Мусича? Яна ўша мусича. Нимага келди экан? Кўзимни очиб, қизга қарадим. Мусича учиб кетди. Қутулдим шекилли.
— Энди сув олсам бўладими? Илон кетдими? — қиз секин зовур томон кела бошлади. Зинадан тушиб, пақирни сувга тўлдирди.
— Пақирни ташланг! — деб бақириб юборганимни сезмай қолдим.
Насима қўлидаги пақирни тушириб юборди.
— Бахтиёр ака, сизга нима бўлди?
Нима бўлганини ўзим ҳам билмасдим. Бир пайт қизнинг орқасидаги дарахт шохида узун илон чирмашиб ётганига кўзим тушди. Жон ҳолатда ўзимни сувга отдим. Нариги бетга ўтиб, Насимани узоқроққа олиб кетдим. Қиз қўрқувдан тошдек қотганди. Юзига сув сепдим.
— Насима! Насима?
У бир сесканиб ўзига келди.
Бундай катта илон йўқ эди-ку, қаердан пайдо бўлди? Уни йўқотиш керак. Тўсатдан қайдандир бир баҳайбат қуш — калхатми ё бургут, пайдо бўлиб, дарахт шохидаги чамаси икки метрлар келадиган илонни тумшуғида кўтариб, олиб кетди…
Насима қучоғимда эканини кейин англадим. Унинг кўзларида қўрқув зоҳир эди. Ғунчадек пушти лаблари титрар, зулфи эса лабининг четини ўпарди…
— Насима, ҳой Насима!
Қиз ойисининг овозини эшитиб, ўзига келди. Мен эса зовурдан пақирга сув олиб бердим. Кўнглим бироз жойига тушди. Одатдаги безовталаниш йўқолгач, кийимларимни тезроқ қуритиш мақсадида уйга кетдим.
Кийимимни алмаштириб, нам бўлганларини офтобга ёйиб, ўзим сўрига бориб ётдим. Негадир жуда чарчаган эдим. Қуёш нурлари элтдими, кўзим илинди…
Чексиз бир чўлда юрган эканман. Ҳеч зоғ йўқ. Узоқдан бир улкан дарахт кўринди. Унга яқинлашдим. Кимдир мени чақираётганди. “Бахти, тезроқ кел, менга ёрдам бер! Фақат тез бўл!” Овоз жуда таниш эди. Яқинроқ борсам, Санжар дарахт шохида осилиб турибди. Мен ҳам негадир дарахтга чиқмоқчи бўлдим. Аммо ҳар қанча уринмай, унга етолмадим. Кимсасиз бу чўлда бояги мусича яна пайдо бўлди. Санжар осилган шохга қўниб, унинг қўлини чўқий бошлади. Санжар охири чидолмай, қўлларини қўйиб юборди…
— Санжа-а-а-а-ар!!! — деб бақириб уйғониб кетдим.
Аям ичкаридан югуриб чиқди.
— Ҳа, болам, нима бўлди? Соғлигинг яхшими ишқилиб?
Бу гал онамнинг гаплари ҳам қулоғимга кирмади. Санжарни қутқариш керак. Ўша дарахт… Ҳа, Санжарнинг уйида катта тут дарахти бор-ку. Ўзимни кўчага отдим. Уйига тўғри бостириб киравердим.
— Санжар, Санжар!
Уйда ҳеч ким йўқ.
— Ҳа, Бахти, бу ёқдаман, келавер, — бу овоз ҳовлининг этагидан келди.
Тут дарахти ҳам ўша тарафда эди. Яна югурдим. Борсам, Санжар — дарахт устида.
— Ҳа, ошна тинчликми, югуриб қобсан? — деди у бамайлихотир.
Жаҳлим чиқиб кетди:
— Санжар, тутда пишириб қўйибдими?
— Бир қуш уясини кўргандим, шунга чиқдим. Нимайди?
— Қанақа қуш? — хавотирланиб сўрадим.
— Билмадим, мусича бўлса керак.
Бу номни эшитиб, юрагим орқага тортиб кетди.
— Тез пастга туш.
— Нимага? Ҳозир, битта боласини қўйиб қўяй. — У қўлидаги полапонни олиб, инига қўйди. — Ерга тушиб кетган экан.
— Мусича унақа жойларга ин қурмасдию. Бўлдими, тезроқ пастга туш.
— Хўп, намунча, нима бўлди ўзи? — у секин пастга туша бошлади.
Шу пайт осмонда мусича кўринди. Юрагим така-пука бўлиб кетди. Бу ўша мусича. Санжарни шошилтирдим. Қуш инига қўниб, полапонларига емиш берди-да, яна учиб кетди. Қайси томонга кетганини пайқолмай қолдим.
— Энди гапир, нима бўлди?
— Ҳеч нарса. Йиқилиб тушмагин, дедим холос…
Бундай югур-югурлар жонимга тегди. Яна нечтасини қутқаришим керак — Худо билади. Йўқ, бунақаси кетмайди. Ҳозироқ “Ойжамол”га боришим керак.
Кеч бўлганига қарамай, далага йўл олдим. Теракзорни топиб, уйга ҳам кирдим. Ўша уй: чироғи ёниқ, печкаси ёқилган. Фақат битта ўзгариш бор: токчада қафасда мусича турибди. Ўша мусича. Энди навбат ўзимгами? Мени ким қутқараркан?
— Қўрқма, сенга ҳеч нарса бўлмайди.
Таниш овоздан ортимга ўгирилдим. Ўша кунги аёл.
— Синовдан яхши ўтдинг, — гап бошлади у. — Бу кунгача кўрганларинг ҳаммаси тақдир эди.
Ҳангу манг бўлиб қолдим. Шунча ҳаракатлар оддий битта синов учунмиди?
— Тақдир бўлса, нега Ҳамид ўлиб кетди? — норози оҳангда сўрадим.
— У ўз ажали билан ўлди. Ҳаммаси қисматингга ёзилган: Ҳамидни қутқара олмаслигинг, Насима учун жонингни ҳам беришга тайёрлигинг, дўстликка содиқлигинг. Тақдир сени синаганди.
— Нега айнан мени танлади? Бошқаси қуриб қолганмиди?
— Чунки бу ерга сен кира олдинг.
— Бўлдими? Энди ҳеч кимни қутқаришим керакмасми?
Аёл бироз сукут сақлаб, жавоб берди:
— Бўлди, мени энди ҳеч нарса безовта қилмайди. Фақат бир киши қолди. Аммо унга на сен ва на мен ёрдам бера оламиз.
— Ким у?
— Буни ҳозир айта олмайман. Кейин ўзинг билиб оласан.
— Унда анави мусича…
— Ҳа, уми? Мусича меники. Уни, илон ва калхатни ҳам сени хавфдан огоҳ этиш учун мен юборгандим.
Бу аёлнинг кимлиги билан энди қизиқа бошладим. Ҳамма нарсани биларкан.
— Ўзингиз ким бўласиз?
Аёл жим қолди. Ҳамма ёқ сукунатга чўмди. Бироз вақтдан сўнг аёлнинг майин овози эшитилди:
— Мени танимайсанми?
Бу қанақа савол бўлди? Уни қаердан танишим керак? Ёки у…
— Мен Ойжамолман!
Юрагим шув этиб кетди. Ойжамол тирикми?! Ҳеч кимга билдирмай яшар экан-да.
— Буни ҳеч кимга айтмагин, барибир ишонишмайди. Энди бор, эртага қиладиган ишларинг кўп, — деди-да, хонани тарк этди.
Қанақа иш? Яна нима бўлади? Ҳаммаси тугади деганди-ку. Ўйлаб-ўйлаб, уйга келиб қолибман. Аям сўрида кутиб ўтирган экан.
— Ая, алламаҳалда нима қилиб ўтирибсиз?
Аям мени ёнига чақирди.
— Болам, шу кунларда ғалати бўлиб қолдинг, тузукмисан, ишқилиб? — иссиғимни кўрмоқчи бўлиб, пешонамни ушлади.
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ, сизга шунақа туюлгандир-да, — онамга билдирмасликка уриндим.
— Ҳай, майли, овқатингни егин-да, кириб, дамингни ол.
— Бувим қани? — сўрадим ичкаридалигини билсам ҳам.
— Уйига кириб кетди. Даданг ҳам бугун кечроқ келаркан, — шундай деб ошхона тарафга ўтиб кетди.
Мен ҳам овқатимни еб, хонамга кирдим. Наҳотки Ойжамол ҳали ҳам тирик бўлса? Мен у билан учрашдимми? Қойил, юрагим ҳам бақувват экан…
— Бахтим, мен кетяпман, болам. Яхши қол!
Чўчиб уйғониб кетдим. Таниш овоз. Ким мени шундай чақирарди? Ҳа, бувим. Улар саҳарлаб қаёққа кетяпти экан? Ташқарига чиқдим. Эрта тонг, аям ҳам уйғонмаган экан ҳали. Унда бувим…
Дарҳол бувим ётган уйга кирдим. Жимгина ухлаб ётибди. Ёнига бориб, қўлини ушладим. Ушладиму, ўзим ҳам музлаб кетдим. Аччиқ бир алам бўғзимга тиқилди. Ичимдан нималардир тошиб чиқарди, лекин нималигини билолмасдим. Шунда бояги бўғзимга тиқилган нарса отилиб кетди:
— Був-в-в-в!!!

2007 йил.