Қорачироқ ёруғида мук тушиб китоб ўқиб ўтирган Тангриқул бобо лойсувоқ деворга суяниб бир лаҳза шифтга термилди. Байтни мулоҳаза қилиб жилмайди. Кейин китобни очиб, қайта ўқишга тутинди. Мутолаа сўнгида томоқ қириб, сандал атрофида ўтирган яқинларига қаради. Марям момо келини Ойдин ва кенжаси Ўктам билан мўйсафидга халал бермаслик учун пичирлаб суҳбатлашарди. Чол тағин йўталиб олди. Улар бараварига хонадон соҳибига юзланди. Диққатни жамлаган Тангриқул бобо бояги байтни қироат билан баланд овозда қайта ўқиди:
– Ўзларини халқлар аро тутқой улуғ,
Ботирлари ичра йўқтур зарра фуруғ…
Одатда, Тангриқул бобо жимгина китоб хатм қилиб ўтирар, ўзига ёққан мисра ёхуд байтни фарзандларига такрор ўқиб берар, сўнг уларга бунинг маъноси ҳақида сўзларди. Ҳозир ҳам Аҳмад Яссавий ҳикматларини мутолаа қила туриб, шу байтни кўнглига яқин олди. Уни ўқиб бўлгач, маъноси ҳақида сўзламоқчи эди, эшик очилиб, бир қўлига дўмбира, бошқасида тугун кўтариб олган Менгзиё кириб келди. У остона ҳатлаши баробарида салом берди. Бўйнига осилган ўғли Элмуродга дўмбирани тутқазди. Хотини Ойдин эса тугунни олди. Ўктам ҳам ўрнидан туриб, акасини қаршилади. Менгзиё жанда1дан қавилган чопонини ечиб, эшик ёнидаги илгакка илди. Қуёнтери телпагини дераза рафига қўйди. Сўнг остонага қайтиб бориб ўтирди-да, махсисини еча бошлади ва:
– Райимбой тўй қилиб, хумордан чиғайин деган экан, – деди овозини баралла қўйиб. – Кечгача рухсат бермади. Ўзига ўхшаган беш-олти жўраси кеган экан, шўларди “ҳа-ҳа”лаганига улоғиб томоқдан на овқат ўтди, на сув. Кечгача достон айтдим.
Унинг завқ билан айтаётган сўзларини онаси бўлиб:
– Насибадан гапиринг, – деди синовчан оҳангда.
Онасидан бу гапни кутмаган Менгзиё шошиб қолди. Нима дейишни билмай, отасига умидвор нигоҳ ташлади. Сўнг онасига қараб:
– Тушум-ку, яхши бўлди, – деди чайналиб. – Райимбой деганимиз қўли жуқа2 одам-да, эна! Бўмаса биргина тўқли сўйиб тўй қилама? Шунга топганимди тўяна қилиб…
– Хўп, бинойи иш қилибсиз, бахшижон, – деди Марям момо ўғлини алқаб.
Менгзиёнинг чеҳраси очилиб, боягидай қувноқлик билан гапида давом этди:
– Чин тингловчи бўса, одам чарчамаскан. Қурда ўтирганлар тўй охирида, “Бахши, бугун бошқача айтдингиз, Райимбой дадилроқ атаганми?” деб ҳазил-хузул ҳам қилишди, – деди.
Сўнг устозининг, бахши умрида бир марта дарёдай тўлиб, шердай наъра тортиб қўшиқ айтмаса, айтар гапи ичида армон бўлиб кетади, деган гапини эслади. Бугун ўзи мана шундай тўлиб, бор дарду ҳасратини тўкиб достон айтганини ва бирдан бўшаган хумдай бўлиб қолганини ҳис этди. Тағин устозининг, агар бу бахшининг охирги қўшиғи бўлса, ичи бўшаб, говара3си шовшаб қолади, деган сўзи ёдига тушиб вужуди титраб кетди. Шунда бошига баланд қасаба кийиб урчуқ йигираётган онаси, оппоқ соқоли кўксига тушиб, китоб варақлаётган отаси ва сут тиши энди катилган ўғлидан тортиб уйидаги қорачироққача шу қадар азиз бўлиб кўриндики, беихтиёр буларнинг барчасини бирдан йўқотиб қўядигандай қўрқиб кетди. Ўғлининг маҳзун бўлиб қолганини кўрган она:
– Тинчликма, болам? – деди.
– Билмайман, эна. Кўнглим аллатовур бўлиб кетди… Шу бугун “Алпомиш” ҳеч охирига жетмади. Ҳакимбек чакка тушган жойидан сўнг хийли нарса қўшиб жубардим, – деди.
Боядан буён ўғлининг гапини жимгина эшитиб ўтирган Тангриқул бобо ялт этиб унга қаради ва:
– Нима деб айтдинг?! – деб сўради.
Бу сўроқда қўрқув ва алланечук умидворлик бор эдики, Менгзиёни отасининг вазмин, айни дамда жарангдор овози гуноҳ устида қўлга тушган боладай саросимага солиб қўйди. У ҳадик билан гап бошлади:
– Алпомиш Қалмоқда қолиб кетгандан кейин юзбошилар Элбошини соғиниб қўшиқ бошлабди, – деди Менгзиё отасидан кўзини олиб қочиб. – Бу Ултонга ёқмабди. Бахшиларди банди қилай яки қўшиқ айттирмай деса, элди кўнгли баттар ундан совийдигандай… Шунда у бир шумликди ўйлаб, ўйлаганидан ўзи роҳатланиб кулибди… Ултон дегани чўрининг боласи эмасми, аллақаердан ирғий таёқни топиб келиб, уни бармоқдай-бармоқдай узунликда бўлиб чиғибди. Сўнг таёқчаларди жугурдагига бериб, “Бахшиман деганди барига бундан биттасини берасан, қўшиқ айтса шуни тишида тишлаб, оғзидан қўймай айтсин, бўмаса бошини қўлтиқлаб келиб кундага кўндаланг қўяберсин, мен – Ултон бийнинг амрим шул”, дебди. Буни эшитган бахшилар унинг фармонини аввал ҳазил билибди. Қараса, чинга ўхшайди. Эл олдига тушиб, оқсоқолман деган тўрт-беш одам бориб, Ултонга арз қиган экан, уларди бошини олиб, Бойсунди тўрт томонидан келадиган карвон йўлига осиб қўйибди. Шунда юзбошиларди бир хили қўрқиб, бахшиликди ташлаб, дўмбирани кўрса қочадиган бўлибди. Бошқалари чўпни тишлаб, минғирлаб нима деяётганини ўзиям билмайдиган бўлиб қолибди. Яна бошқа бирлари қўли қонаб, жураги адо бўгунча дўмбирани турли нағмаларда чалиб-чалиб, тилини тишлаб айтар гапи оғзида қолиб, сўзди оғирлигидан урти ёрилиб, дунёйи қўтирга қўл силтаб кетибди. На унисига, на бунисига кўнмаганлар Қалмоқ чўлига сургун қилиниб, адоқсиз саҳрода ўзиларига ўзлари қўшиқ айта-айта изсиз кетибди.
Менгзиёнинг гапини тинглаган отаси боя китоб ўқиётиб бир зум тин олиб, мулоҳазага берилгани каби бир муддат сукутга чўкди. Кейин ҳукм ўқиётган қозидай овозини баралла қўйиб:
– Ҳар замонди ўз қўшиғи бўларкан-да, бахшижон, – деди.
Тангриқул бобо ўғлини биринчи бор “бахши” деб атаган эди. Бу: “Ўз қўшиғингни яратибсан, юзбоши бўлибсан”, дегани эди. Отасининг сўзидан қувонган Менгзиё дарёдай оқиб дўмбира чалгиси, тоғдай тебраниб қўшиқ айтгиси келди. Туни билан ухлай олмади. Юраги ҳаприқиб қўли дўмбирага қараб кетаверди. Аммо бошқаларнинг оромини бузгиси келмай, тонггача пичирлаб достон айтиб чиқди. У бугун айтганларини такрорлар, тағин достонга янги-янги воқеалар қўшар, бундан Ултоннинг ҳунари кўпайиб, Алпомишнинг юртга қайтиши олислаб кетаётган эди. Менгзиёнинг кўнгли хижил бўлди. Ахир, тонг отгунча ҳам “Алпомиш”ни ниҳоясига етказа олмади. Ўрнидан туриши билан дўмбирани қўлига олмоқчи эди, аввал итнинг ҳурган овози, кейин кимнингдир қаттиқ сўкингани ва, ниҳоят, Менгзиёни йўқлаган чақириқ товуши қулоғига чалинди. Истар-истамас эшикка қараб юрди.
У ташқарига чиққанида Тошқул шўро яқин келиб қолган эди. Тошқул шўро новча, оқсариқдан келган ва косасидан бўртиб чиққан кўзи атрофга бесаранжом боқадиган киши эди. Унинг калта ияги бақбақасига қўшилиб кетган ва қаддини ғоз тутиб юришидан ўзига бино қўйгани шундоқ билиниб турарди. Ҳозир ҳам одатига кўра салмоқлаб қадам ташлар, бошини адл тутиб қўлидаги таёқ билан вовуллаётган итни нари ҳайдаб келаркан, ортига қараб-қараб қўярди. Менгзиё уни кўриши билан кўнглидаги ҳадик баттар авж олди. Ахир, Тошқул шўронинг тонгдан бировнинг ҳовлисига бостириб келиши ҳеч қачон яхшилик келтирмаган. Шундай бўлса-да, юзидаги самимиятни йўқотмасликка уриниб, очиқ чеҳра билан салом бериб, меҳмонни уйга таклиф этди. Тошқул шўро унинг муомаласини ўзича тушуниб, мийиғида кулди. Қўлидаги таёқ билан кирза этигига уриб, чангини қоққан бўлди. Кейин шунчаки бир кўриб кетиш учун келгандай ҳовлининг чор тарафига лоқайд кўз ташлади. Аммо шу қарашнинг ўзидаёқ ҳар бир нарсанинг қандай, қаерда турганини ёдлаб қолаётгандай таассурот уйғотарди. Ниҳоят меҳмон тилга кирди:
– Менгзиё бахши сизми? – деди. Бу гапни эшитган бахши пиқ этиб кулиб юборди ва:
– Тошқул ака, нима, мени танимаяпсизми? Ё кеча тўйда анавиндан кўпроқ олиб, а?! – деди Менгзиё бояги дилхиралигини унутиб.
Бу гапдан шўронинг қовоқ-тумшуғи баттар осилиб кетди. Унга еб қўйгудай тикилиб:
– Мен ўйин учун кемадим. Сизди ҳукумат идорасига олиб кетишга жўнатилган одамман, – деди.
– Тинчликма, Тошқул ака? – саросимага тушиб сўради Менгзиё. – Биздан нима гуноҳ ўтибди?
– Биринчидан, сенга ака-пакамасман! Иккинчидан, нима гаплигини борганда биласан. Ҳозир савол беравермай олдимга туш, – деди энди сенсирашга ўтиб.
Менгзиё унинг нияти жиддий эканини кўриб, кўнглига ғулу тушди. Қачон ва қаерда нима айб, қандай гуноҳга қўл урганини эслаш учун зўр бериб ўйлай бошлади. Аммо бирор арзирли сабаб тополмади. Бундан бироз тинчланди. Бир-икки сўроқ-савол қилиб қўйиб юборишади, деб ўйлади. Тошқул шўро ўзига қараб анграйиб турган Менгзиёга:
– Тез-тез бўл, нима, гапди эшитмадингма? – деди пўписа қилиб. Менгзиё сергак тортди. У уст-бошини алиштириш учун хонага қайтиб кирмоқчи эди, шўро йўлини тўсди.
– Шундай юравер. Сени тўйга олиб кетаётганим йўқ, – деди.
Менгзиё унинг гапини тушунмади. Лекин шўро йўлини тўсиб тургани боис:
– Отиб ташласангиз ҳам, чопонимди олиб чиғай. Ё шуям мумкинмасма? – деди аччиқ билан.
Менгзиёнинг важоҳатини кўрган шўро унга ён берди.
– Уйга кириб қараб тураман.
– Қўрқманг, қочиб кетмайман. Гуноҳим бўлсаякан, қўрқиб қочсам… Ишонмасангиз, нимаям дердик. Киринг!
Менгзиё шундай дея эшикни ланг очиб, қўлини кўксига қўйди. “Меҳмон” истеҳзоли кулиб этигини ечмасдан ичкарига бир қадам ташлади. Сўнг хавфсирагандай бўсағада туриб олди-да:
– Шу жойда қараб тураман, тез чиқ, – деди. Менгзиё хонага кириши билан Ойдиннинг титроқ овозда йиғлагани эшитилди. У Менгзиёдан нима айби борлигини, не сабабдан шўро уни олиб кетиш учун келганини сўрарди. Айни пайтда Ойдин ички бир сезги ила олдинда катта кулфат кутиб турганини ҳис этарди. Менгзиё ҳам шу каби хаёлга борар ва шундай пайтда Ойдиннинг устма-уст савол бериши унинг ғашини келтирган эди. У хотинига илк бора сабабсиз қаттиқ гапирди.
– Мен қаердан биламан? Бирор иши борки, кеган. Буям гарангмас-ку, қуртлаган калласини дуч келган уйга суқиб кетаберадиган.
Остонада туриб бу гапни эшитаётган шўро:
– Тилим бор деб валдирайверма! Тез-тез бўл! Яна бир марта минғиласанг, тилингни суғириб оламан, – деди важоҳат билан.
Шу пайт пайдо бўлган Тангриқул бобо шўронинг ортида туриб:
– Ҳа, Тошқулбой, тинчликма? Каллайи саҳарлаб қип-қизил хўроздай бировди бўсағасида ғўддайиб турибсан, – деди.
Тўсатдан баралла янграган овоздан чўчиб тушган шўро апил-тапил ўзини ўнглаб:
– Ҳукуматди одамини ҳашува қиманг, – деди чираниб. – Қамоққа кетгингиз келаётган бўса, айтинг.
– Бизга ўхшаган мункиллаган чолди ҳукумат нима қилади? Ё кетимизга шапатлаб, яхши бола бўл, деб пўписа қилама? – деди Тангриқул бобо баттар унинг жиғига тегиб.
Шўронинг лаблари пирпираб, кўзи ола-кула бўлиб кетди. Кўрсаткич бармоғини бобога нуқиб:
– Сиз апасний человек, – деди. – Ҳозир бахши билан гаплашиб олай, кейин ўзим биламан!
– Бўлди, томошани бас қи, – деди тоқати тоқ бўлган Тангриқул бобо чўрткесарлигига бориб. – Менгзиё ҳеч қаерга бормайди!
Тошқул шўро не дейишини ҳам, нима қиларини ҳам билмай бир зум тараддудланиб турди-да, шахт билан ўзини ичкарига урди. У уйга кириш баробарида бор овозда кимнидир ёрдамга чақирди. Менгзиёга отасининг гапи далда бўлиб деразадан чиқиб қочмоқчи эди, шўро уни эпчиллик билан тутиб қолди. Шу пайт уйнинг икки томонида паналаб турган қизил аскарлар милтиғини ўқталиб югуриб кела бошлади. Биринчи аскар ўзига қараб ҳуриб бораётган итга ўқ узди. Кўппак ғингшигандай чўзиқ увлади-ю, икки қадам нарига отилиб кетди, қора қонига беланиб қолди. Милтиқнинг гумбирлаган овозидан еру кўк ларзага келди. Ойдин бу товушдан чўчиб, додлаб, бошини чангаллаб, ўтириб қолди. Менгзиё шўронинг қўлидан отилиб чиқиб, қўрқувдан йиғлаб юборган Элмуродни қучиб олди. Ўктам эса молхона томондан югуриб келди. Қўлини мушт қилиб қизил аскарларга ташланмоқчи эди, отаси уни маҳкам тутиб қолди. Ўктам дам отасига, дам қурол кўтариб олган аскарларга қараб алами бўғзига тиқилди. Бу ғала-ғовурдан энди хабар топган Марям момо кафти билан қулоғини беркитиб: “Бола-а-ам-мм”, деб додлаб юборди. Менгзиё ўғлини юпатишга уриниб, бағрига қаттиқ босиб турарди. Буларнинг барчаси шу қадар тез содир бўлдики, Менгзиё бутун воқеани идрок этишга ҳам улгурмади. Тошқул шўро эса уларнинг саросимага тушиб қолганини кўриб, ажиб бир мағрурлик ила қўлидаги таёқ билан Менгзиёнинг елкасига гурсиллатиб урди ва:
– Қани, олдимга туш, сотқин! – деди баралла.
Менгзиё беихтиёр қўлини бошининг орқасига қўйиб ўрнидан турди. Кеча барча яқинлари ва уйидаги нарсаларгача кўзига азиз бўлиб кўрингани каби ҳозир ҳам мана шу лаҳзалар унга видолашув онидек туюлди. Ҳозиргидек кеч кузакнинг изғиринли кунларидан то наврўзгача чўғи ўчмайдиган сандал, унинг атрофида яқинлари жам бўлиб ўтириб суҳбатлашишлари, отасининг ҳикмат ўқиши, онасининг урчуқ айлантириб бурунғи маталлардан айтиши… буларнинг барча-барчаси жуда олис хотира ва айни дамда етиб бўлмас орзудай кўринарди. Илло, энди укаси Ўктамни, ўғли Элмуродни қайта кўрмаслигини, Ойдиннинг қўлидан бир пиёла чой ичолмаслигини ҳис этарди. У Тошқул шўронинг олдига тушиб кетаркан, дод-фиғон қилиб йиғлаётган онасининг ҳам, аёли Ойдиннинг ҳам айтимларини эшитмагандай ўзини лоқайд тутишга уринар, ичидаги титроқни базўр босиб, зўраки илжаярди. Бу билан шўро ва қизил аскарлар олдида бошини адл тутмоқчи эди. Аммо отаси билан кўзлари тўқнашди-ю, бутун вужудини аллақандай дард аёвсиз эзғилаб ташлади. Шу дамда шўрони ёқавайрон қилиб дўпосламоқчи бўлди. Лекин қулоқлари остида боя итнинг ванғиллаб йиқилгани ва ўқ овозининг акс садоси бонг уриб, тишини тишига босди. У энди укасига қарамаслик учун тез-тез қадам ташлаб ўтиб кетди. Шу пайт ичкаридан югуриб чиққан Элмурод овозининг борича:
– Ота-аа, – деб бақирди.
Қизил аскарлар қуршовида кетаётган Менгзиё ортига ўгирилиб қарар экан, Тангриқул бобо Элмуродни қучиб тўхтатиб қолганини кўрди. Ўғли иккала қўлини бобосининг елкаси узра ошириб унга талпинар, мўйсафид эса бошини эгиб ҳиқиллаб йиғлар, бу унинг титраётган жуссасидан шундоқ кўриниб турар эди.
* * *
Менгзиё аскарлар қуршовида мустаҳкам девор билан ўраб олинган истеҳкомга етиб борганида Амударё тўлқинида қуёшнинг заиф нури мавж урар эди. Куни билан туз тотмаган Менгзиё йўл азобидан чарчаб, очликдан силласи қуриганди. Унинг кўзи косасига чўккан, жуссаси кичрайиб, аввалги Менгзиё билан ҳозиргисининг орасида ер билан осмонча фарқ бор эди. Бахши шунча азобларга қарамасдан, йўл бўйи тилини еб қўйгандай жим келди. Зеро, шўродан тайинли гап чиқишига ишонмаган ва барча саволларига шу ерда жавоб топмоқчийди.
Менгзиё каби маҳкумлар қамалган бу истеҳком қадим Термизнинг бош-адоғи кўринмас бийдай чўлида қад ростлаган. Иморатга ғарбий дарвозадан кириб борган Менгзиёнинг кўзига дастлаб чор тарафи девор билан ўралган қалъанинг мўл-кўл ҳовлиси ва ўз юмуши ила андармон аскарлар, улар учун зарур буюм ва қурол-яроқлар кўринди. Ундан сўнг ҳимоя деворига қўшилиб кетган хоналарнинг эшик-деразасига қаради. Бу вақтда нарида турган соқчи аскар уларнинг ёнига етиб келди. Менгзиёни олиб келганлар унга ниманидир тушунтирди. Сўнг соқчи Менгзиёни етаклаб кетди. Улар очиқ майдонда девор бўйлаб бориб зинадан пастга тушди. Қоровул уларни кўриши билан темир дарвозани очиб ичкарида осиғлиқ фонусни олиб йўл бошлади. Эшикдан кирган Менгзиё яна икки-уч зина эниб, аскарлар қуршовида бош-адоғи кўринмас, қоронғи ва зах йўлакнинг сўл томонига қараб узоқ юрди. Ёруғдан келиб бирдан зимистонга кириб қолган Менгзиё ўзини лаҳадга тушгандай ҳис этди. Ниҳоят қоровул темир панжарали эшик ёнида тўхтаб, фонусни шеригига тутқазди. Ўзи қулфни очиб, Менгзиёни ичкарига киритди. Бахши остона ҳатлаб, қаёққа юришини билмай бир муддат серрайиб қолди.
Ўшандан буён ҳам уч кун ўтди. Менгзиё хонанинг одам бўйи етмас баландликдаги дарчасидан тушаётган ёруғликка қараб кун билан тунни фарқлар ва, айниқса, кечалари вақт янада имиллаб қолар эди. Боз устига, у тунни деярли уйқусиз ўтказарди. Қоронғи ва зах хонада қамалиб ўтирган Менгзиёни очлик ва уйқусизлик қанчалик ҳоритган бўлса, жавобсиз саволлар ундан-да баттар азобга соларди. Ҳолбуки, у ўтган вақт ичида фақат гуноҳи нима экани ҳақида бош қотирарди. Лекин саволига жавоб топилмас, бундан Менгзиёнинг юраги баттар сиқилар эди. Тағин хаёллари чувалашиб, уни олиб кетишаётганда онасининг додлаб йиғлагани, Элмуроднинг югургани, отасининг кўзидаги дард ва укасининг қўлини мушт қилиб, чорасизликдан титраб тургани кўз ўнгидан ўтиб: “Уйинг куйгур Тошқул”, дерди. Менгзиё намхуш хонада чопонга ўраниб ўтирар, тағин бир зум ўтар-ўтмас ўрнидан туриб, мажолсиз оёғини судраб у ёқдан-бу ёққа бориб-келарди ва совуқдан дир-дир қалтирарди. Тағин кузакнинг изғирини панжарали дарчадан кириб, хонани забтига оларди.
Бу ҳам етмагандай, бугун кеч тушиши билан қўшни хонада аллакимнинг тинимсиз додлашидан қулоғи том битди. У: “Гуноҳим нима?” деб бақирар, ялиниб-ёлвориб болаларининг қаровсиз қолганини айтар, тағин оғзига келган сўкишни қайтармай, қўпол сўзларни қалаштириб ташларди.
Ниҳоят, кимдир темир эшикни ғийқиллатиб очди. Бояги маҳбус эшик очмишга ялина бошлади. Сўнг бирдан ташланиб қолди, шекилли, тўс-тўполон бошланиб кетди. Кўп ўтмай милтиқнинг гумбирлаган овози чиқди-ю, дунё бирдан сукутга чўкди. Кейин кимдир темир эшикни қарсиллатиб тепди. Русчалаб сўкинди ва ёнидаги шеригига:
– Энди буни чиқариб ташлаш керак. Турган-битгани даҳмаза, – деди.
Менгзиё қўшни камерадаги қабоҳатни ҳис этиб бошини чангаллаб мук тушди. Менгзиё қизил аскарнинг гапини тушунмади. Лекин улар шунчаки қоровул эмас, қонхўр қотил эканини билиб буткул саросимада қолди. Унинг юрагида нимадир узилгандай ич-ичидан эзилиб кетди. Бахши ўзини унутар даражада мадорсизланди.
Ҳамон қулоғига ўқ овози эшитилиб тураркан, Менгзиё миясига ўрнашган бу товушдан қутула олмай, анчагача эсини йўқотиб эшик ёнида қолиб кетди. Бахши шу ҳолида Тошқул шўро ҳақида ўйларди. У Тошқулнинг мана шу кимсаларга ҳамтовоқ эканига ишонгиси келмасди. Менгзиё шўродан қанчалик нафратланмасин ва Тошқулни пасткаш ва сотқин эканини билса ҳам, уни бунчаликка боради деб ўйламас эди. Айни пайтда Тошқул қандай қилиб ҳукумат хизматига ўтиб қолгани ҳақида ўйларкан, анча йиллар олдинги воқеа ёдига тушди.
Менгзиё болалик чоғида тенгқурлари билан баҳорнинг серёғин кунлари кунботар томондаги адирда, бошқа вақтлари эса дарё соҳилида мол боқиб кун ўтказарди. Ўшанда Тошқул, Менгзиё ва яна икки йигитча қўрадан молни ҳайдаб чиқиб, кўчада қай томонга кетишни келиша олмай туришарди. Тошқулнинг ўзи бир ёқ бўлиб соҳилга боришни, қолганлар эса тепага чиқишни айтиб баҳслашарди. Шу пайт Турсун полвон келиб қолди. Қишлоқда полвоннинг обрўси баланд эди. Турсун полвоннинг гапини унча-мунча одам икки қилмасди. У йигитчаларни кўриб:
– Кўчада серраймай бир томонга кетсаларинг бўмайдима? Молларинг бор дарахтни камириб чиқди, – деди. Уларнинг қаёққа боришни келиша олмаётганини билган полвон:
– Боҳарда адирга чиғиш керак-да! Ҳаламзамат ўт қайтади. Сўнг дарёга борасилар, – деди.
Полвоннинг гапидан сўнг Тошқул бирдан ўзгарди ва чаққонлик қилиб:
– Шуни буларга тушунтира олмаяппан-да, полвон бова. Ҳаммаси биригиб дарё томон борамиз деяпти, – деди. Унинг гапига бояги икки йигит беозор кулиб қўйди. Лекин Менгзиёнинг ростгўйлиги тутиб:
– Торозининг палласига қараб гапирманг-да, Тошқул ака, – деди. – Ҳозир ўзингиз адирга чиқмаймиз, дедингиз-ку!
Тошқул аччиқланиб Менгзиё билан сен-менга бориб қолди. Полвон уларни ажратиб қўйди.
Тошқулнинг аччиқланишига сабаб бор эди. У шундай вазиятда тош қай томонга босса, ўша ёққа оғиб кетарди. Шу сабаб қишлоқдошлар Тошқулга “Тарози” деб лақаб қўйишган эди. Тошқул ҳукумат ишига ёллангач, “Тарози” лақаби эсидан чиқиб, “Шўро” деган ном олди.
Менгзиё шулар ҳақида ўйларкан, Тошқул шўро бу бандихонани кўрганмикан, деган хаёлга борди. Дарҳақиқат, шўро истеҳкомга бир неча марта келган эди. Аммо у ертўла борлигини етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган. Зеро, шўро қамоқнинг тепасидаги шифти баланд ҳашамдор хоналарга, пўрим либосли аскарларга, ташқи девордаги туйнукда тумшуғи чиқиб турган замбарак ва яна ўзи учун янгилик бўлган барча нарсага маҳлиё бўлиб ортига қайтганди. Ҳукуматнинг куч-қудрати ёнида ўзини кучлироқ шамолда учиб кетадиган тўяқорин1дай ҳис этарди. Тошқул шўро ўз инон-ихтиёри билан тобе бўларкан, ҳукмфармо бойлар ва “қонхўр босмачилар”ни мавҳ этган ҳукуматнинг адолатпарварлигига заррача шубҳаланмасди. Шўро шулар ҳақида хаёл сурганида командири унга йўл-йўриқ кўрсатиб елкасига қоқиб далда берганини эсларкан, “улуғ оғаси”га тақлид қилиб папирос тутатар ва бундан ҳузурланарди.
Оқшом чўкиб, дарчадан тўлин ойнинг ёғдуси бутун хонага оқиб кирар, фақат панжаранинг шакли тушган ер қорайиб кўринар эди. Менгзиё дарчадан мўралаб турган ойга чуқур ботган кўзлари билан узоқ вақт термилиб ўтирди. Ой ёруғида ғамнинг қора чизиқлари қабоқлари остида қалин из қолдиргани шундоқ кўриниб турар ва озиб-тўзиб кетган юзида пайдо бўлган бир тарам ажинга урилган ёғду бутун хона бўйлаб тараларди. Ойга боқар экан, унинг юзидаги қора доғни бир вақтлар урчуқ йигираётган момога менгзагани ёдига тушди. Шу пайт ўша момо бирдан жонланиб, кўзига онаси бўлиб кўринди ва беихтиёр: “Эна-аа”, деб юборди. У бу сўзни шу қадар титроқ ва хастаҳол оҳангда айтдики, овози қулоғига ҳам етиб бормай ҳавога сингиб кетди. У яна узоқ вақт сўзсиз кўкка қараб ўтирди. Ой эса нажот кутаётган маҳбусдай панжарага юзини қаттиқ босиб турарди.
Менгзиё шу кўйи узоқ вақт ҳеч нарса ҳақида ўйламасликка уриниб жим ўтирди. Ниҳоят, тун яримдан оққан маҳал темир эшик шарақлаб очилди ва фонус кўтариб турган аскар Менгзиёнинг қўлини орқага қайириб хонадан олиб чиқди. Иккинчиси эса милтиқ ўқталиб ортидан юриб зинадан тепага кўтарилди. Улар ҳовлига чиқишгач, ўнг томондаги хоналардан бирига киришди. Шифти баланд ва кенг хонанинг ўртасида стол-стул турар, оппоқ рангга бўялган деворда доҳийнинг суратидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Хона тўрида деворга қўшиб қурилган ғиштин печдан чиқаётган тутун деразанинг очиқ кўзидан ташқарига ўрларди. Менгзиё соқчи кўрсатган бурчакка бориб турди. Кўп ўтмай пўрим либос кийган киши хонага кириб, тутундан бўғилиб қайтиб чиқди. Шу ерда турган аскар шоша-пиша печ тагини кавлади. Эшикни кенг очиб қўйди. Печ гуриллаб ёниб, тутун ғойиб бўлди. Шундан сўнг бояги кимса қайтиб келди, эшик-дераза маҳкамланди. Терговчи стулнинг бирини печ ёнига қўйиб ўтирди. Унинг изидан келган котиб эса ўртадаги стулга жойлашиб, ёзишга тутинди. Терговчи қўлидаги қоғозларни синчиклаб ўқиди-да:
– Сен жуда хавфли босмачи экансан-ку! – деди. Кейин лабидаги папиросни ерга ташлаб, оёғи билан эзғилади. – Кечаги якшанбада қаерда эдинг, нима иш билан шуғулландинг?
Менгзиё қуруқшаб қолган лабларини ялаб томоқ қирди. Хонанинг ҳарорати юзига уриб қизарди. Аммо ичидаги совуқ титроқ баттар кучайиб, мадорсиз оёқлари ўзига бўйсунмай, деворга суяниб қолди. Кейин савол бермишнинг сўзларини тушунишга уриниб диққат билан қулоқ тутди. Бундан терговчининг жаҳли чиқиб саволни такрорлади:
– Тўғри тур! Сендан сўраяпман. Ўша куни қаерда эдинг?!
– Ўрисчани тушунмайман, – деди Менгзиё.
Савол бермиш унинг гап оҳанги ва ўзини тутишидан нима деётганини тушуниб, баралла сўкиниб юборди. Сўнг эшикоғасидан таржимон бор-йўқлигини сўради. Тағин ўзига-ўзи:
– Ҳозир ҳаммаси тўнғиздай қотиб ухлаётгандир, – деди асабий ҳолатда. – Бу аҳволда ишлаб бўладими?.. Майли, давом этамиз. Такрор сўрайман: ўша куни қаерда эдинг?!
Менгзиё унинг бирорта гапига тушунмади. Бундан терговчининг баттар фиғони чиқди. Унинг ишораси билан соқчилардан бири Менгзиёнинг қўлини қайириб қийноққа солди. Бундан қаноатланмай, қўлига камар олиб Менгзиёнинг елкасига зарб билан урди. Бахшининг кўзидан ўт чақнаб кетди. Гандираклаб йиқилиб тушди. Терговчи жаҳл билан соқчининг қўлидан камарни олди-да:
– Тўнини ечиб, эркакка ўхшаб ур! – деди.
Менгзиё ертўладаги камерага қайтиб келганида ўлар ҳолатга тушиб қолганди. Терговчи нуқул бақириб-чақириб гапирди. Соқчи уни савалашдан, котиб эса ниманидир ёзишдан тўхтамади.
Кейинги бир ҳафтада Менгзиё бундан ҳам баттар азобни бошидан ўтказди. Сўнгги сўроқ кунигача Менгзиё қийноқдан шу даражада зада бўлдики, бу азобдан қутулиш учун жонини беришга ҳам тайёр эди.
Тағин савол бермиш барчасини бошидан бошлаб сўради:
– Ўша куни қаерда эдинг?
Таржимон бахшига саволни такрорлади. Менгзиё жавоб берди:
– Тўйда.
– У ерда нима қилдинг?
– Достон айтдим.
Терговчи қайси достон, унинг мазмун-моҳиятини сўради. Бахши “Алпомиш”ни қисқача айтиб берди. Таржимон унинг гапини билганича русчада такрорлади. Савол бермиш ўйланиб хонада у ёқдан-бу ёққа бориб келди. Сўнг Менгзиёнинг рўпарасида тўхтаб узоқ гапирди. Таржимон тағин тўтидай такрорлади:
– Алпомиш яккаҳоким бўлган. Подшолик қилиш учун уруш қилиб, оддий одамларни азобга қўйган. Сен шуни мақтаб достон айтгансан…
– Достон айтишим чин. Лекин Алпомиш сиз айтгандай одам эмас. Ана Ултонни ёмон деса бўлади.
– Вей, қандай одамсан ўзи?! Алпомишнинг ёмонлигини билмаган эканман, кечиринглар, десанг бир жойинг камайиб кетадима? – деди таржимоннинг жаҳли чиқиб.
– Бўлар гап шу бўлса, ўтирик (ёлғон) айтайма?
– Алпомиш жон жигарингмиди, бунча тарафини оласан?
Менгзиё ғазаб ва ачиниш қоришган нигоҳи ила таржимонга тик қаради. Нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади. Аммо рўпарасида турган кимса чаққонлик қилиб терговчига қарата:
– Бу одам бўлмайди, – деди. Шу асно бахши яна калтак остида қолди. Бу азобларга энди чидаб бўлмасди. Менгзиёнинг оёқ-қўли қанчалик шалвираб қолган бўлса, руҳияти унданда баттар аҳволда эди. Уни диққат билан кузатиб турган терговчи:
– Манави қоғозга имзо қўйсанг бўлди, ишинг ёпилади, – деди. Менгзиё унинг нима деганини билгач таржимондан:
– Бармоқ босганимдан сўнг нима бўлади? – деб сўради.
– Ҳаммасидан қутиласан. Икковимизам тинчиймиз. Буларди айтганини қисанг ёмонлик кўрмайсан, – деди. Унинг сўзига ишонган ва ўзга чораси йўқлигини яхши билган Менгзиё ҳужжатни имзолади. Бу айбномада қуйидагича хулоса битилган эди: “Маҳбус Менгзиё Тангриқулович ақл-ҳуши жойида бўлгани ҳолда ўзини телбадек тутиб, терговнинг оғир кечишига сабабчи бўлди. Ҳолбуки, биз унинг ниҳоятда хавфли нусха эканини, турли маросимларда эскилик сарқити бўлган эпосни айтиб, одамлар орасида яккаҳокимлик ва аксилшўровий ғояларни тарғиб қилаётганини аниқладик. У олиб борилган тергов жараёнида бу айбларга тўла иқрор бўлди.
Тангриқулович Менгзиё хатосини тан олишдан аввал терговни чалғитиш мақсадида рус тилини била туриб, саволларимизга атайлаб ўз тилида жавоб қайтарди. Миллатчилик қилди. Азиз вақтимиз қанчалик исроф бўлишига қарамасдан терговни тўхтатиб, маҳаллий таржимонни чақириб, унинг холис хизматидан фойдаланишга мажбур бўлдик ва ҳоказо…”
* * *
Кўп вақт ўтмай, Менгзиё ва унга ўхшаган яна ўттиз-ўттиз беш чоғли кишининг оёқ-қўлини занжир-кишанлар билан маҳкамлаб, темирйўл вокзалига олиб боришди. Буларнинг барчаси бахши каби арзимас сабаблар билан маҳкамага келтирилган ва энг оғир жиноятчи деб топилган эди. Йигирмадан ортиқ қизил аскарлар уларни бирма-бир саноқдан ўтказиб, ҳаммаси жойида эканига қайта ишонч ҳосил қилгач, вагонга чиқара бошлади. Юк учун мўлжалланган вагон темир панжара билан хоналарга бўлинган ва ҳар бирининг эшигида отнинг калласидай қулф осилиб турарди. Улар маҳбусларни қафасга қамаб, қулфлаб қўйишди. Сўнг қайта саноқ ўтказиб, вагон эшигини орқасидан ёпишди. Поезд чўзиқ сигнал чалиб, қаттиқ тебранди-ю, оҳиста юриб кетди. Борган сари унинг тезлиги ошиб, бир маромдаги тарақ-туруғи кучайиб, қулоқни қоматга келтирар даражага етди. Маҳбусларнинг барчаси ўз дарди билан бўлиб жим ётишар, кўпчилиги мадорсизлик ва сўнгсиз азоблардан деярли ҳушсиз бўлиб қолган эди. Менгзиё ҳам анчагача нималар бўлаётганини билмай ётди. Унинг кўз ўнгидан баҳорги яйлов ва қирда тикланган ўтовда чордона қуриб ўтирган отаси, сал нарида қўй соғаётган онаси ва ҳайровдан энди қайтиб, кунчувоқда тобланиб ётган укаси ўта бошлади. Кейин Ойдин кўриниш берди. Шу пайт ўғли қоқилиб йиқилди ва: “Ота-а!” деб йиғлаб юборди. Чўчиб тушган Менгзиё бу воқеа хаёлидан ўтдими ё туш кўрдими, билолмади. Кўнгли хижил бўлиб, бу ёнбошига ағдарилиб ётди. Ёғоч ўрин баданига ботиб кетган бўлса-да, туриб ўтиришга мажоли етмади. Боз устига темир изга бош ураётган ғилдираклар миясига келиб тегаётгандай асаб толаларини таранглаштирар эди. Тиш оғриғи каби бироз заиф, аммо муттасил азоб беради. Менгзиё буларнинг барчасидан қутулиш учун бутун вужудини қулоққа айлантириб, темир товушни тинглай бошлади. Бу шовқин аввал аллақандай оҳангга ва аста-секин куйга айланди. Сўнг дўмбиранинг сеҳрли овози бутун оламни тутгандай бўлди. Шундан сўнг Менгзиё озгина чалғиса, бу куй яна совуқ темир товушга айланиб қолишидан чўчиб қўшиқ айта бошлади:
Оқар дарё мурдор бўлмас,
Саксон кўппак сориса.
Бир капгир ош элга етар,
Бошига Хидир дориса.
Ботир йигит шул бўлар,
Ёвдан юртин қўриса.
Шоир киши шул бўлар,
Сўзи юртга пориса…
У ўз-ўзига терма айтар экан, Ултоннинг фармони билан Қалмоқ чўлига сургун қилинган бахшилар кўз ўнгидан ўтиб, алами бўғзига тиқилиб, тобора она юртидан олислаётган поездда борса-келмасга кетиб борарди.
* * *
Поезд Сибирнинг қору муз билан қопланган қуюқ ўрмонлари томон елдек учиб борар экан, темир излар Тангриқул бобонинг кўкрагидан ўтгандай кўкайи кесилиб, афтодаҳол бўлиб қолганди. Мўйсафид ўғлининг аҳволи не кечганидан қайғурар, неча ойдан буён Менгзиёдан бирор дарак тополмаганидан хавотирда эди. Бу ҳадик унинг юрагига тошдек оғир ботиб толиқтирарди.
Тангриқул бобо бугун ҳам тонг ёришмасидан бурун туман марказига қараб йўл олди. У одатдагидай чакмонини эгнига ташлаган, бошига қуёнтери телпакни бостириб, қулоқчинини ияги остидан ўтказиб боғлаган, жуссасига яраша узун ва бақувват қўлида қамчини ўйнатиб, отга номигагина уриб қўярди. Унинг қийиқ кўзлари атрофга синовчан боқар, рўпарадан ураётган шамолда кўксига тушган оппоқ соқоли икки ёнга ёйилиб, қозиқ иякли чўзинчоқ юзини кичрайтириб кўрсатарди. Тангриқул бобо тошлоқ йўлда бир маромда йўрғалаётган қашқа жийроннинг юришига монанд тебраниб борарди. Туман марказига элтадиган бу тошлоқ йўл Сурхон дарёсининг ўнг соҳили бўйлаб кетган эди. Соҳилнинг икки ёнида ҳам паст-баланд тепаликлар ястаниб ётар, унинг бир томони Боботоққа, иккинчиси Бойсун тоғига бориб туташганди.
Соҳилдаги йўлдан Бойсун тоғи деярли кўринмас ва кун асрдан оғиши билан қуёш ҳув баланд тепаликлар ортига омонат яширингандай бўларди. Шу боис бу ерларга тез қоронғи тушар эди. Нариги қирғоқдаги тепаликлар ҳам баланд бўлишига қарамай, Боботоғ кўзга яққол ташланар эди. Тангриқул бобо мана шу кенг ва бепоён даштни ёриб ўтган дарё соҳилида туғилиб ўсган, феъл-атвори ҳам шунга яраша эди. Унинг кўнгли дашт каби кенг, кекса тепаликлар янглиғ вазмин, мулоҳазали ва айни дамда дарёнинг қуйи оқими каби шижоатли эди. Шу боис ёши етмишдан ошган бўлса-да, тетик ва доим қаддини ғоз тутиб юрарди. Менгзиёни олиб кетишганидан буён юзи сўлғин тортган, бургуткўз нигоҳи толиққандай таассурот уйғотарди. Боз устига, қадди эгилиб, отамерос асони олиб юришни одат қилганди. Ҳозир ўғлини излаб кетар экан, қаддини янада эгиб, совуқ ҳаводан кўксини тўсишга уринар эди. Тағин кимсасиз йўлда отнинг “так-тук”лаб юриши ва қулоқчини орасидан шамолнинг увиллаб киришидан бошқа сас-садо эшитилмас ва бу сукунатдан қулоғи том битган, фақат ўй-хаёлларгина уни даҳшатли ёлғизликдан қутқарарди.
Мўйсафид шу алпозда анчагина йўлни босиб ўтди. Бир пайт кимнингдир салом бергани эшитилди. Тангриқул бобо жиловни тортиб, атрофга аланглади ва сал наридаги, тўқай ичидаги отлиқни кўриб тўхтади. Тангриқул бобо томон келаётган йўловчи эллик ёшдан ошган, қорамағиз ва полвон келбат киши эди. У Тангриқул бобога яқинлашгач салом берди. Улар от устида туриб, узалиб кўришди. Минг йиллик қадрдонлар каби қуюқ сўрашишди.
– Йўл бўлсин? – деди бояги йўловчи Тангриқул бобога қарата даштликларга хос жарангдор овозда.
– Шўрчига…
– Ўзим ҳам шундай бўса керак, деб ўйладим. Йўлимиз бир экан, гангир-гунгур қилиб кетамиз-да, а?!
Йўловчининг самимият билан айтган сўзидан Тангриқул бобонинг кўнгли ёришди ва шундай йўлдош топилганидан мамнун бўлиб:
– Ҳа, одам захини одам олади. Олис йўлга якка чиқишди хасияти яхшимас, – деди. Сўнг унинг уловига разм солиб қараган мўйсафид: – От дарёни кечиб ўтган кўринади, Хўжамулкиданмисиз?! – деди нариги соҳилдаги қишлоқни назарда тутиб.
– Хўжамулкидан. Товошар бобони эшитганмисиз? – деди йўловчи ўзини танитиб. – Шу кишининг ўртанча ули бўламан.
– Эй, шундай денг! Полвон бобони небараси экансиз-да. Ҳа, яшанг! – деди Тангриқул бобо. Сўнг унинг озиб-тўзиб кетган отига син солиб қараб, гапида давом этди. – Бу жониворди кайитиб1 қўйибсиз-ку!
– Билмадим, шу саратоннинг адоғидан бошлаб эт ташлади. Бўмаса, оғзи тинмайди. Жегани поримай қолдими, дейман. Ўзи-ку ўлгудай бақувват. Овгаям минаман, бошқагаям. Тиндирмайман. Чарчамайди. Бир-икки вақт дам олсин, деб уйдан чиғармай қўйдим. Ўзгариш қаерда, баттар озиб кетди.
– Ичида иллати бўса керак-да?
– Бор! Бўмаса шўйтама. Ҳа, бозорлаб жўнадингизма? – деди от эгаси гап даромадини буриб.
– Бозор десаям бўлади, – деди Тангриқул бобо ҳафсаласизгина хўрсиниб. – Молимиз қолиб, жонимиз бозорга тушган. Гуноҳини айтмай, ҳукуматди одами олиб кетган улимди дараклаяпман.
– Оббо! Чатоқ иш бўбди-ку, – деди у гап нимада эканини билиб. – Улингизни ким дегич эди?!
– Менгзиё…
Тангриқул бобо ўғлининг исмини айтиши билан йўловчи унинг гапини илиб кетди:
– Менгзиё бахшима?.. Отаси бўлсасизма?! Эшитганман. Бизди қишлоққа тўйга борганда кўришганмиз, – деди фахрланиб. Кейин ўйланиб қолди ва бир муддат ўтиб: – Улингизди Тошқул олиб кетганма?! – деди бу гаплардан унча-мунча хабари бор кишидай салмоқланиб.
– Ҳа, шу Тошқул шўро…
– Ўзи овчиман, – деди йўловчи бобонинг гапини бўлиб. – Қуён, тулки овлаб, терисини ҳукуматга топширамиз. Ҳозир ҳам хуржун тўла сурланган тери. Шунга райондаги гап-сўздан эшитиб тураман. Мени йўлдан қолдиряпти, деманг, улингизди Шўрчидан излашингиз бепойда! Уларди барини районда жамлаб, Термизга жўнатади. Дарагини шу яқдан топасиз. Шўрчидагилар одамга гап бермайди…
– Ўзимам шундайма, деб ўйладим. Неча кундан бермағон эшик пойлайман. Биров нимасан, демайди. Қоровулга, ҳукуматнинг олдига кирит, десам, кўнмайди. Улим қаердалигини ўзинг айт десам, мен қаердан биламан, бир кунда ундайларди нечови келиб-кетади, дейди.
– Айтдим-ку, булар гап бермайди деб, – айтгани рост чиққанидан қувониб, давом этди у. – Бугундан қомай, Термизга жўнанг. Бахшини Шўрчида олиб ўтирган бўлсаям (қамаб дейишга тили бормади), термизликлар айтса, жавоб беради.
Бу гаплардан сўнг Тангриқул бобо не қиларини билмай ўйланиб қолди. Мўйсафид жиловни кескин тортганидан шашти қайтган жийрон депсиниб олдинга интилар, от эгаси эса уни ёнга буриб тинчлантирмоқчи бўлар эди. Бобонинг аро йўлда қолганини кўрган йўлдоши:
– Хоҳласангиз, Шўрчига бориб, сўнг қайтинг. Мен билганимча айтдим, – деди гуноҳи учун узр сўраётган кишидай.
Овчи ўзини айбдордай ҳис қилаётганини кўрган мўйсафид:
– Йўқ, жўра, – деди, – газандани калласидан ушлаш керак. Нима бўлса ҳам, Термизга борганим маъқул.
Тангриқул бобо ортига қайтиб кетаркан, ўғли ҳақида эшитган-билган одам топилганидан қувониб борарди. Жийрон эса шашти қайтганидан бир-икки тайсаллади-ю, йўрғалаб кетди. Шамол ҳам энди тескари тарафдан ураётган эди. Бу вақтда кун чошгоҳдан ўтган бўлса-да, қуёш жамолини кўрсатмас, булут қоплаган осмон бўзариб турарди. Эсаётган изғирин эса тез орада қор ёғишидан дарак бераётган эди. Тангриқул бобо йўл-йўлакай дастлаб қаерга бориш кераклигини мулоҳаза қилиб, пешин вақтида уйига кириб борди. У деярли юз чақирим узоқдаги шаҳарга бориш учун, аввало, уйининг ёнидан қайтиб ўтиши ва, энг муҳими, оиласидагиларни огоҳлантириб қўйиши керак эди.
Мўйсафид уйида пешин намозини адо этди ва йўл учун емак ҳозирлаб олди. Бободан ўғли ҳақидаги хушхабарни эшитган Марям момо овчини алқаб узоқ дуо қилди. Ўктам эса неча пайтдан буён Тошқул шўрони излаб уйига борар, уни топгудай бўлса: “Сиздан гинамиз йўқ. Акамнинг қаердалигини айтсангиз бўлди”, деб Менгзиё ҳақида билиб олмоқчийди. Аммо у кўпдан бери Тошқул шўрони тополмади. Ҳозир ҳам тарвузи қўлтиғидан тушиб қишлоқдан қайтганди. Ўктам ҳам янгиликни эшитиб қувонди. Сўнг отаси каби қийиқ кўзлари билан ер чизиб, яғриндор жуссаси билан эшикни тўсди ва:
– Ота, – деди титроқ овозда. – Термиз кўп узоқ йўл. Сизди шунча жойга боришингиз… Акамди ўзим дараклаб кесам-чи?!
Ўктамнинг сўзларидан сўнг Тангриқул бобога синовчан қараб турган яқинлари мўйсафид бошини кўтариб қараши билан кўзларини олиб қочди. Фақат Ўктам отасига умидвор термилиб турарди.
– Йўқ, – деди Тангриқул бобо унинг умидини пучга чиқариб, – ҳукуматди одами сени ёш бола билиб гап бермайди.
– Лекин…
– Лекин-пекини йўқ! – деди мўйсафид ўғлининг гапини кескин бўлиб. – Гап шу! Энди шўрони уйига боришди бас қи. Қўлида хайр бор одам бу қилиқди қимасди. Туҳматига қолиб кетма.
Ўктам бояги туришида:
– Хўп, – дея бош ирғади. – Сиз келаберинг, хуржунни олиб бориб, отди эгарлайман.
– Хуржунга дадилроқ арпа сол. Йўл узоқ. От чарчайди.
Ўктам отни йўлга ҳозирлаш учун кетгач, Тангриқул бобо дастурхонга дуо қилди. Сўнг рўпарасига келган набирасини тиззасига ўтқазди. Элмурод:
– Бобо, отамди олдига борасизма? – деди болаларча самимият билан.
Тангриқул бобо гўдак кўзидаги соғинчни кўриб юрак-бағри эзилиб кетди ва:
– Ҳа, – деди.
– Мениям олиб боринг.
– У яққа болалар бормайди-да, отажон.
Тангриқул бобо набирасига шундай деди-ю, Элмурод Менгзиёга жуда ўхшаш эканини пайқаб қолди. У ҳам отаси каби қўйкўз, сочи қалин ва қаттиқ, юзи буғдойранг, бармоқлари ҳам тирноқларидай узун ва яна қотмадан келган, ёшига нисбатан новча эди. Тангриқул бобо набирасига қараб туриб, ўғлини кўргандай бўлди ва бўғзига нимадир тиқилиб ачишди. Кўзи ёшланди. Мўйсафид дуо қилгандай кафти билан юзини сийпалаб ёшини артди. Кўзини узмай турган Элмурод бобосининг бўйнига осилиб, юзидан ўпди ва:
– Ундай бўса, отам кеганча кутиб тураман, – деди.
Лабини тишлаб кузатиб турган Марям момо:
– Ҳа, балам-а! – деб юборди.
Тангриқул бобо эса набирасини бағрига босиб, юзидан ҳидлагандай бўлиб оҳиста ўпди. Бобосининг соқоли қитиғини келтирган Элмурод ўзини четга тортди. Тангриқул бобо уни қўйиб юбориб, ўрнидан турди. Бурчакда рўмолининг учини тишлаб жим ўтирган Ойдин бориб эшикни очди. Тангриқул бобо ишонч билан остона ҳатлади.
* * *
Мўйсафид боягидай жийронни йўрғалатиб қишлоқ оралаб борарди. Тепадан пастга қараб тарқоқ жойлашган овул уйлари оралаб ўтган йўл эса гоҳ бурилиб, гоҳ тўғри кетарди. Қишлоқ адоқлаб қолган жойда, қалин тўқайзорга дуч келган йўл бироз тепага кўтарилиб, Тошқул шўронинг уйини айланиб ўтар эди. Ҳозир Тангриқул бобо ўша ерга яқинлашиб борар экан, беихтиёр от жиловини тортди. Бир муддат тадорикланиб, сўнг дарё соҳилидаги тўқай оралаб кетди. Аммо от намхуш ерга чуқур ботган туёғини узиб, тағин бетартиб ўсган жангалзор оралаб юришга анча қийналиб қолди. У гоҳ паттанинг бетартиб ўсган новдаси хуржундан ушлаб қолгани боис бурилиб кетар, гоҳ қалин ўсган юлғун айланиб ўтишга мажбур бўларди. Бундан Тангриқул бобонинг жаҳли чиқарди. Илло, тўғри йўл қолиб, бу ёқдан юришга мажбур эди. Мабодо у йўлдан кетса, шўрога дуч келиши тайин. Тангриқул бобо уни учратиб қолса, аяб ўтирмаслигини ўзи ҳам яхши билар, шу боис имкони қадар шўродан нарироқ юришни истарди. Ҳозир отдан ҳам, тўқайдан ҳам нолимас, фақат шўрони койирди. Ниҳоят, Тошқулнинг уйидан узоқлашиб, шу билан бирга, қишлоқдан ҳам олислаб катта йўлга чиқиб олди. Бу ерда йўл тепаликдан ошиб тушар ва бир томондан дарё соҳилидаги тўқайзор чегаралаб турган, иккинчи тарафидан эса адирлар қўриқлаб ётган қишлоқ кўздан ғойиб бўлар эди. Тангриқул бобо ўша ердан туриб қишлоғига яна бир қур назар ташлади. Кўзига шипшийдам тепалар сарғайиб мункайгандай, тўқайзор эса қишлоқнинг баргсиз дарахтлари ила уйғунлашиб қорайиб кўринар эди. Боз устига, дарёнинг юқори қисмидан ўрлаган қуюқ туман манзаралари янада хиралаштириб қўйганди. Мўйсафид буларнинг барчасини оний лаҳзада ҳис этди-ю, отга қамчи босиб, дарё оқими бўйлаб кетди.
Тангриқул бобо борган сари отни қистаб кечгача кўпроқ йўл босишга уринарди. Зеро, қоронғи тушиши билан бу ерда чиябўрилар галаси санғиб юрар ва ҳатто қобонлар ҳам учраб турарди. Буни яхши билган Тангриқул бобо жийронга устма-уст қамчи босиб, намозшомдан бурун Макидон кўпригига етиб олди. Йилнинг бу фаслида кўприк тагидан ўтган сув анча паст ташлар эди. Шу сабаб асрлар бўйлашган кўҳна ғиштин кўприк бу ёқда қолиб, тўғридаги кечувдан бемалол ўтиши мумкин. Аммо мўйсафид терлаган отни муздай сувга кечиришни истамади. Ёнтоқзор оралаб кўприкка қараб юрди. “Тавба, – деб ўйларди у кўприкка яқинлашган сари. – Искандардай жаҳангир пишиқ-пухта кўприк қуриб нима қиларди?! Дунёнинг нариги четидан не бир дарёларди кечиб кеган одам бу ердан сакраб ўтсаям бўларди… Оллони кароматини қаранг, Искандар Зулқарнай дунёга қанча ғавғо сомасин, барибир, қўли очиқ ўтиб кетди, локин мундайин кўприклар қолабераркан”.
Шундай ўйлар билан кетаётган Тангриқул бобо кечанинг бир маҳалида йўлда дуч келган овулга бурилди. У қатор жойлашган пастқам уйларнинг энг чеккадагиси томон бориб, қопағон итларни “Тур! Тур, кет”, деб ҳайдаб, кулбага яқинроқ келиб:
– Кимсан ака… Ҳу-увв Бойбова, – деб чақирди. Кўп ўтмай ичкаридан: “Ҳозир!” деган овоз эшитилди. Сўнг кимдир фонус кўтариб чиқди. У аввал итларни қувиб солди. Кейин:
– Кимсиз?! Келинг! – деди нотаниш йўловчига синчиклаб қараб.
– Меҳмон қабул қиласизма?!
– Меҳмон атойи Худо! Келаберинг, – деди уй соҳиби алланечук ҳадик, аммо самимият билан.
– Ассалому алайкум! Бойбова, узр энди, сизди бемаҳал безовта қилдик. Шу денг Термизга жўнаб эдим, кеч қолдим.
– Эҳ-ҳей, Термиз қаерда, биров қаерда! Бу ёққа бурилиб тўғри қилибсиз. Бемаҳалда йўл унмайди! – деди мезбон энди янада очиқ чеҳра билан от жиловидан тутиб. – Қани, отдан тушинг-чи. Йўлдо-ош! Ҳо-оо, Йўлдош! – дея уй эгаси ортига қараб чақира бошлади.
Лойсувоқ уйнинг пастқам эшиги очилиб, ичкаридан ўсмир боланинг овози эшитилди.
– Лаббай!
– Уйга меҳмон келди! Сўнг ўзинг берман қара.
Бола онасига ўрин ҳозирлашни айтиб чиқди, шекилли, уйга бирровга кириб, сўнг отаси томон югуриб келди. Қоронғида юравериб кўзи равшанлашиб қолган мўйсафид унинг келишиданоқ ўрта бўйли, тўладан келган йигит эканини фаҳмлади. У етиб келар-келмас салом бериб, меҳмонга қўш қўл узатди.
– Отни олиб бориб жойлаштир, – деди отаси унга жиловни тутқазиб. – Эгарини ечиб ол-да, ошхонадаги кигиздан бировини ёпиб қўй. Кун совуқ. Бедадан ташла. Сомон берма тағин.
Йўлдош отасининг гапларига: “Хўп-хўп”, деб жавоб қайтариб олислади. Унинг овозидан мамнунлиги аниқ сезилиб турарди. Афтидан, Йўлдош уйларига меҳмон келгани ва яна жийронни унга ишониб топширишганидан қувонган эди.
Мезбон Тангриқул бобони уйга бошлади. Уй торгина даҳлиз ва унинг икки ёнидаги бир жуфт хонадан иборат эди. Улар ўнг тарафдаги чоғроқ хонага киришди. Бу ерга аллақачон янги кўрпа-тўшак солинган ва дастурхонда бир жуфт зоғора нон бор эди. Тангриқул бобо уй соҳибининг қистови билан тўрга ўтиб, чордона қурди. Мезбон эса пойгакда омонат чўкиб, қўлини кўксига қўйди. Улар узоқ ва қуюқ аҳволлашди. Бу орада Йўлдош қайтиб келиб, қўшни хонага кириб-чиқди. Унинг изидан онаси ҳам ташқарига чиқди, шекилли, эшиклар яна ғийқиллаб очилиб-ёпилди. Ташқаридан ўтиннинг қарсиллаб синган товушига қўшилиб она-боланинг овози эшитилиб турди. Кўп ўтмай остонада Йўлдош пайдо бўлди. У аввал чойнак-пиёла, икки коса суюқ овқат олиб келди.
– Бу нима ташвиш?! – деди Тангриқул бобо астойдил хижолат тортиб.
– Ташвиши борма?! Аллағайтиб бир кебсиз, – деди мезбон – Тўра ака ўша-ўша самимият ила.
Улар бу вақтгача бир-бирлари ҳақида суҳбатлашиб олганди. Энди Тангриқул бобонинг қаердан келаётгани, қаёққа, не сабабдан кетаётгани ҳақида сўзлашиб ўтиришганди. Дастурхонга қаралгач, ўртабўй, тўладан келган ва қалин лаблари осилиб турадиган мезбон гапини боя тўхтаб қолган жойидан бошлади.
– Нимасини айтасиз, меҳмон. Замонасига ўт тушди. Ҳамма ёқ алғов-далғов. Мана, бизам асли тангиҳарамликмиз, – пичирлаб сўзини давом эттирди у. – Шўронинг зулмидан қочиб, шу ерларга кеб қолдик. Янги ҳамсояларга “Ҳеч кимимиз жўқ. Ўзим соғир ўсганман. Яшашдан қийналиб кўчиб келдик”, дедим… Нима бўлганини сўраманг! Бир кечада қизил аскарлар уйимизга бостириб келиб, отамди олиб кетди. Сўнг душманнинг боласи, деб ўзимди ҳам қистовга олаберди. Ё қочиб, ё ўлиб қутуламан, деб элингизга қараб келабердим. Қанча сўраб-суриштирдим. Сўнг билсам, отам ўқийдиган китоблар ҳукуматга қарши ёзилганмиш. Товба, дейсан киши. Ҳув, бурунғи замондан қоган китобди уларга нима алоқаси боракан?! Бизди боболар бу китобларди ёзганда дунёсида шўро борлигини билмаган бўса керак?!
– Рост-рост, жўра. Улимда қандай гуно бор эди? Қиладиган ҳунари ёғоч жўниб, қора уй (ўтов), отга эгар, одамга дўмбира ясаш. Нари борса, қишлоқдаги тўйларда, достон айтарди.
– Эй, улингиз юзбошимиди?! – ҳовлиқиб сўради мезбон.
– Ҳа, тўй-пўйга бориб туради.
– Бўлди-бўлди! Униям тангиҳарамлик бахшидай достон айтгансан, халқди миясини заҳарлагансан, деб олиб кетган. Булар уйда жимгина китоб ўқиб ўтирган одамди қамайди-ю, уни қўшиқ қилиб айтганди тинч қўяма?! Нима бўганда-ям, элди манаман деган ғужурли жигитларини саралаб олиб кетяпти уккағарлар!
– Тушунмай қолдим. Ҳеч замонда қўшиқ айтган одамди қамайдима?! – деди Тангриқул бобо эшитаётган гапларига ишонмай.
– Замонаси шуйтиб ақлдан озиб қолди-да, меҳмон бобо!
* * *
Бу вақтда Ойдин ўғлини бағрига босиб ётар, ундан сал нарида Марям момо ҳам ухлай олмай, у ёндан-бу ёнга ағдариларди. Ойдин қайнотаси кексайганида бундай сарсон бўлиб юргани, қайнонасининг ороми йўқолиб, бир аҳволда ётганида ўзини айбдор санарди. У Тошқул нима учун Менгзиёнинг номини қорага чиқарганини тахмин қилар, шўро шундай қабоҳатга қўл уришига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмасди. Ойдин анча йиллар аввал унинг асл қиёфасини кўрган, ўшандаёқ Тошқулнинг неча пуллик одамлигини билган эди. Лекин барибир бунчалик паст кетишини кутмаганди.
Ўшанда Ойдиннинг бўйи етиб, қалби гўзал туйғулар ошёнига айланган пайт эди. Барча тенгдошлари каби муҳаббат дардига мубтало бўлган, севгисини эса қалб қалъасида асраб-авайларди. У бошқалар каби ўз дил туғёнини очиқ-ошкора айтишни сира истамас, туйғуларини кўз-кўзлаб сўзлайдиганларни ўлгудай ёмон кўрарди. Ойдин муҳаббатни Яратганнинг энг катта инъоми деб билар, бу тортиқдан вужуди қушдай енгил тортиб, осмонда парвоз этгиси келарди; қулочини кенг ёйиб ям-яшил қирлар оша югуришни, азим тоғларни ва кекса дарахтлардан янги унган майсаларгача бағрига босишни хоҳларди. Бу истак кучайгани сари танаси тобора тўп ўтмас қўрғонга айланиб борар, беихтиёр сирини ошкор қилиб қўймаслик учун мум тишлагандай жим юрарди.
У аксари бўз болалар ва тенгдош дугоналари билан қишлоқ ва дарё оралиғида мол боқар экан, муҳаббатига сазовор бўлган йигитни зимдан кузатишни, дарё соҳилидаги кўл ёнига бориб, ширин орзулар оғушида ўтиришни хуш кўрарди.
Баҳорнинг серёғин кунлари дарё қишлоқ яқинигача тошиб оқарди. Ёзга яқинлашган сари сув орқага қайтиб, қишлоқ ва дарё оралиғида кенг майдон очиларди. Бу майдонда катта кўл ҳосил бўлади. Дарёнинг юқори қисмидан бир ариқ сув кўлга оқиб келар ва қуйидан катта оқимга қўшилиб кетарди.
Бу кўл Ойдиннинг кўнгли каби тиниқ ва сирли эди. Сувнинг мусаффолигидан тубидаги майда тошларгача аниқ кўриниб турарди. Чўпон болалар тушлик пайти уй-уйларига тарқайди. Улар кетгач, қизлар атрофини буталар ўраб олган кўлда чўмилар эди.
Ўша куни дугоналари келмай, Ойдин ёлғиз бўлиб қолди. Ўғил болалар уйига кетишини пойлаб ўтирди. Болалар қўйуподасини ҳайдаб жўнагач, атрофда ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилиб, рўмолини ечди. Этагини хиёл кўтариб сув кечди. Узун ва бўлиқ оёғи сувда эгри-бугри ва калта бўлиб кўринди. Бундан Ойдиннинг завқи келди. Яна бир-икки қадам ташлаб кўлнинг чуқурроқ жойига борди. Саратоннинг иссиғида танга роҳат берган сув қалбига ажиб туйғу инъом этди. Ойдин этагини қўйиб юбориб, нозик бармоқлари билан қулоқ-бурнини беркитганча сувга шўнғиб чиқди. Сувдан бош кўтариши билан ҳарир либоси танасига чиппа ёпишди. Сочидаги сув дурдай томиб кўксига тушди. Ойдин кафтини сув юзида юрғизиб осмонга қаради. Сўнг бир ҳовуч сувни олиб, юзини чайди. У энди кўлдан чиқмоқчи бўлиб олдинга юрган эди, буталар орасида қараб турган кимсани кўриб додлаб юборди. Кўлнинг саёз жойида ўтириб олиб, танасини номаҳрам нигоҳдан яширди. Бояги кимса эса: “Жим! Тусс! Жим бўлсанг-чи!” деб бута ортидан чиқиб келди. Ойдин рўпарасида Тошқулни кўриб:
– Номаҳрамга кўз тикишга уялмайсанма, ерютгур, – деди. Тошқул эса соҳилда турган рўмолни олиб юзига босди ва:
– Нимага номаҳрам бўларкан? Эртага энам совчи бўлиб боради, – деди.
– Бекорди айтибсан!
– Бекормас, Ойдин, сенда кўнглим бор.
Ойдин унинг хотиржам гапиришидан негадир қўрқиб кетди. Сўнг Тошқул аввалдан қизларнинг чўмилишини пойлаб юрган бўлса-я, деган хаёлга борди ва:
– Наҳс босган кўнглингга ўт тушсин! – деди алам ва изтироб билан. – Сенга теккандан кўра қаро ерга кирганим дуруст. Кўзимдан йўқол, занчалиш!!!
Бу гапдан Тошқулнинг жаҳли чиқди.
– Кўлда чўмилаётганингни онгдан кўриб қолганимни бировга айтсам, сени махов ҳам хотинликка олмайди, – деди.
– Олмаса-олмас, кўзим учиб тургани йўқ… ифлос қўлингни рўмолимга текизма!.. Бўмаса, ҳозир бақираман.
Тошқул ноилож ўрнидан турди. Лекин паст келгиси келмай:
– Ўйлаб кўр, эртага энам боради, – деб нари кетди.
Ойдин ҳўнг-ҳўнг йиғлаб соҳилга чиқди. У аччиқ изтироб ила рўмолини олди. Унга Тошқулнинг қўли теккан деб лой ва қумга ишқалаб қайта-қайта чайди. Аммо барибир кўнглидаги ғубор тарқамади.
Ойдин ҳозир шу воқеани эслаб, бир вақтда икки уйдан совчи келгани ва у Менгзиёни танлагани учун Тошқул аламини олаяпти деб ўйлади. Бундан хўрлиги келган Ойдин: “Занчалиш… қўрқоқ!” деди. Марям момо унинг товушидан сергак тортди ва:
– Келин, тинчликма? Нима деяпсиз? – деди. Ойдин беихтиёр овоз чиқариб гапириб юборганидан уялди ва:
– Ёмон туш кўриппан, – деди. Сўнг йиғисини қайнонасига сездирмаслик учун рўмолининг учини тугун қилиб қаттиқ тишлади ва Элмуродни бағрига босди.
* * *
Юмуш билан андармон бўлиб юрган Ўктам уйлари томон келаётган уч-тўрт чоғли кишига кўзи тушди. Булар шу қишлоқнинг нариги учида яшайдиган қариндошлари бўлиб, эшак миниб келаётган момо – Тангриқул бобонинг опаси, ёнидаги басавлат киши Қобил ака – унинг катта ўғли, орқароқдаги ёш йигит Шодиёр эса Ўктамнинг бўласи эди. У меҳмонларни олисдан туриб таниди ва:
– Чеча, – деди уйга қараб.
Сигир соғиб қайтаётган Ойдин қайин укасининг чақириғини эшитиб, унга терс тамондан товуш берди:
– Чақирдингизми, кенжа?
– Уйга одам келяпти, – деди Ўктам қўли билан йўлни кўрсатиб ва янгасига ўгирилиб қараб. Ойдин меҳмонларни кутиб олиш учун уйга томон юрди. Ўктам ҳам юмушни ташлаб, янгасининг изидан кетди.
Зарифа момо билан ўғли Қобил ака Менгзиёни олиб кетган куни ҳам келиб, қариндошларига тасалли бериб кетишган эди. Бугун ҳам Менгзиёнинг аҳволи не кечгани, ундан бирор дарак борми-йўқлиги ҳақида билиш учун келишганди. Зарифа момо эшакдан тушар экан, кутиб олишга чиққан Марям момога қарата:
– Қариндошнинг товуши қоронғида таниш деб келабердик, – деди.
– Бинойи, бинойи, эгачи, – деди Марям момо қайнопасининг қошида гиргиттон бўлиб. – Қани, уйга кирингизлар. Элмурод, қўлга сув ол. Ўктамжон, ўзинг қара, болам!
Марям момо меҳмонларни уйга бошлади. Аввал Зарифа момо, сўнг бошқалар йўл тортди. У ишонч билан қадам ташлашидан саксон ёшли кампирга сира ўхшамас, юзининг тиниқлигидан ҳеч бир заҳмат чекмагандай таассурот уйғотар, жуссасини бироз эгиб юргани билан ҳамон новча бўлиб кўринарди. Ўғли Қобил ҳам онаси каби бўйчан, тўладан келган қорамағиз киши эди. Учинчи меҳмон эса ўрта бўйли, оқсариқ ва доим кулиб турувчи Шодиёр эди. Улар ёшига қараб изма-из уйга киришди. Зарифа момо ортида келаётган ўғлига:
– Ўт, – деб уй тўрини қўли билан кўрсатди.
– Ўзингиз тўрланг, эна, – деди Қобил.
– Эркак киши бор жойда аёллар тўрга чиқмайди, болам!
Қобил шундай жавоб эшитишни аввалдан билар, аммо ҳурмат юзасидан камтарлик қилган эди. Шу боис онасининг гапи тугамасдан бурун эпчиллик билан тўрга ўтиб олди. У икки қават кўрпачада чордона қуриб ўтирди. Бошқалар ҳам ёши ва ҳурматига қараб жойлашди. Зум ўтмай ўртага дастурхон ёзилиб, уй соҳиблари топган-тутганларини дастурхонга қўйди. Бу вақтда аллақачон оқшом чўккан эди. Зарифа момо укасининг қаерда эканини сўради. Гоҳ Марям момо, гоҳ Ўктам навбатма-навбат гапириб, Тангриқул бобонинг қаёққа кетгани ва шу кунларда аҳволлари не кечаётганини нақл қилди. Меҳмонлар уларнинг кўнглига тегадиган сўз айтиб қўйишдан чўчиб, эҳтиёткорлик билан Менгзиёнинг келгуси тақдири ҳақида мулоҳаза қилишарди:
– Тошқул бир жугурдак, – деди Зарифа момо югурдак сўзига урғу бериб. – Ҳукумат нима деса, шуни қилади. Ойланайин, Менгзиёжоннинг бегуноҳлигини билиб қўйиб юборади. Боврунгиз тўлиб, тўй қилиб қоласиз. Ана шунда Тошқулди юзи қорайиб, узр сўраб келади.
– Илойим, айтганингиз кесин, опажон! – деди Марям момо кўз ёш қилиб.
– Менгзиё билан ариқ қазишга борганим сира эсимдан чиқмайди, – деди Қобил гап даромадини буриб. – Ҳув, тегирмонга келган ариқди дарёгача қазиб боришимиз керак эди. Эрталаб Шойдуллани уйидан сал баландда қазишди бошладик. Кун чашга бўлабериб Шойдулди улини чақирдим. Ўзиям хотини билан уйга кириб-чиғиб турбеди… Ули бизга томон жўнайбериб, биров чақирдима, орқасига қайтди. Сўнг салом бериб келди. Болани олдига бир бел лойни қўйиб, “Бориб отангга айт, ўчоқтош1 ташладим”, дедим. Уккағарди ули кўзини пирпиратиб, отам уйда жўқ, деса бўлама?! Бўмаса, энангга айт, дедим. Икковиям момомларди уйига кетган, дейди. Билиб туриппан: эриям, хотиниям уйда!..
– Ҳа, ўлмабди. Бир чўмич овқат билан бири икки бўлиб қолама? – деб гапга аралашди Марям момо.
– Бу ёғини эшитинг-да, чеча, – деди лабида кулги ўйнаб Қобил ака. – Болага отинг ким, дедим. Воситми, Қосимми, деди. Сўнг, ке, кўришамиз, деб қўлидан маҳкам ушладим-да, отанг қаердалигини айтмасанг, чўчоғингни кесиб оламан, дедим. Шу қўлимдан чиғиб кетаман деб чиранади, денг. Маҳкам ушлаб турабердим. Охири кўзи гириллаб жилағидай бўлиб, уйда энам билан отам дашиниб ўтирибди, деса бўлама!.. Бориб отангга Қобил бобом чўчағингни кесиб оламан деди, уйдан чиқмасангиз, сиздиям шундай қиларкан, деб айт, дедим.
Бу гапдан сўнг гурр этиб кулги кўтарилди. Шодиёр ичини ушлаб йиқилгудай бўлар, Ўктам ҳам овозининг борича хохоларди. Зарифа момо эса:
– Ҳа, ишларинг тушсин… Кап-катта одамгаям шундай дейма? – деб юзини рўмоли билан тўсиб куларди.
– Кейин нима бўлди? – деди Шодиёр бироз ўзини ўнглаб.
– Нима бўларди, зиғир мойди паловидан тўйдик, – деди Қобил ака ошни ҳозир еб тугатгандай қорнини сийпалаб.
– Одамларда оқибат қомади, – деди Зарифа момо боягидай салмоқдор оҳангда. – Бўмаса, шунча гап-гаштак орттириб ўтирмай, ошини пишириб, бермон кенглар, деса, бир жойи камайиб кетама?!
– Ўзи бир ҳазил қилгиси кеган, – деди Қобил ака Шайдулланинг ёнини олиб.
– Ҳазилиям, чиниям шу. Ўчоқтош дегани эскидан қоган гап, болам. Бир овуз овқат билан биров бир нарса бўлиб қолмайди. Локин буям одамди садағасидай гап… Шайдулга ўхшаган қўлидан хайри қочган, оқибатсиз одамларди дастидан дунё бузилиб боряпти!
Қобил ака гапнинг яна бу тарафга бурилиб кетганидан ноқулай аҳволга тушди. У неча кундан буён Менгзиёнинг қайғуси билан ёниб юрган қариндошларини бироз чалғитиш, инчинун, бу каби сўзларни унутиб, кўнгилочар гурунглардан айтиб, кайфиятини кўтармоқчийди. Шу боис онасининг сўзларини тинглаш баробарида Элмурод билан кўз уриштириб, гоҳ юзини бужимайтиб, гоҳ тилини чиқариб, ўйин қилиб ўтирди. Қобил акага тақлид қила-қила, ахири Элмурод кулиб юборди. Барчанинг диққати унга қаради. Зарифа момо ҳам гапдан чалғиб, болани эркалай кетди ва ҳар ким ўзи истаган одам билан суҳбатлаша бошлади.
Олди-қочди гаплар орасида Ўктамнинг қулоғига аллақандай заиф чақириқ эшитилди. Кечанинг бир маҳалида кимнингдир чақириб келиши ноодатий ҳол эди. Шу боис унинг кўнглини шубҳа эгаллади. Ўктам ростдан ҳам кимдир келдими ё йўқ, деб ташқарига чиқди. Фонус ёруғида мўралаб, остонадан сал нарида эшагининг жиловидан тутиб турган кимсани кўрди. Сўнг ўша томонга борар экан, аввалига уни танимади. Кейин меҳмонни тусмоллаб:
– Қодир акани улимисан?! – деди.
– Ҳа, Ўктам ака, Шобердиман! – деди бояги йигит атрофга аланглаб.
– Тинчликма? Нима гап?
– Тинчлик десаям бўлади. Бугун Инкабодга кўпкарига борибедик. Отимизди оёғига бир нима бўганга ўхшайди. Оқсаяпти, – деди Шоберди алланечук ясама оҳангда. – Бобом уйда бўса, отди кўриб берама, деб кебедим.
– Бобо-ку уйда, – деди Ўктам ниманидир сезгандай эҳтиёткорлик билан. – Гертак1 мазаси йўқдай. Ўзим бориб кўрсам бўлмайдима?!
Бу гапни кутмаган Шоберди не қилишини билмай, бир зум иккиланиб қолди ва:
– Отамга айтиб кўрай, майли, деса, эрталаб келаман, – деди-ю ортига қайтди.
У кўздан ғойиб бўлгунча Ўктам Шобердини кузатиб турди. Кейин тезда уйга қайтиб кирди. У остона ҳатлаши билан узоқдан ҳуштак чалинди. Бу Тошқул шўронинг огоҳлантирувчи товуши эди. Шўро эҳтиётсизлик қилибми ёки режаси амалга ошишига ишонибми, бемалол ҳуштак чалиб ҳамтавоқларга ишора берганди. Энди нима бўлаётганига ақли етган Ўктам:
– Уйинг куйгурлар отамди олиб кетишга кебди, – деди ўпкаси тошиб.
Бундан хабар топган аёллар додлаб юборди. Қобил ака уларни тинчлантириб, деразани очди ва Ўктамга:
– Сен томди устига чиғиб, ёт. Нима бўлсаям, ким қандай гап айтсаям жойингдан турма! Билдинг-ма?! Сен, – деди Шодиёрга юзланиб, – деразадан ташқарига чиғиб, Ўктамди оёғидан кўтариб юбор. Сўнг ўзинг тўғайга қараб чоп. Тошқулди “кучук”лари чалғисин. Улар тутиб олиб, нимага қочдинг, деса, “Ўктамди сенларга ушлаб бераман, деб орқасида қувдим. Қочиб кетди”, дейсан. Бобони сўраса – Шўрчига кетган.
Бу вақтда Тошқул шўро тўрт нафар қизил аскар билан уйнинг чор тарафидан келарди. Ўктам томга чиқиб пусиб олди. Шодиёр жон борича дуч келган тарафга югуриб кетди. Икки нафар аскар унинг кетидан тушди. Бошқалари Тошқул шўрога қўшилиб уйга бостириб кирди.
– Где, бабай?! Где?! – дерди шўро овозининг борича ўшқириб.
– Ўзингизди босинг, Тошқулбой, – деди Қобил ака имкон қадар босиқлик ила. – Бобони бизам кутаяпиз. Эрталаб улини дараклаб Шўрчига кетганидан бери қайтиб кемади.
– Алдама! Ҳозир Ўктам уйда, мазаси йўқ, деб айтди!
– Ё, уккағар-ей, – деди Қобил ака астойдил куюниб ва тоғаваччасининг шундай деганига ростдан ҳам ишонмай. – Ўктам бекарга деразадан чиғиб қочмаган экан-да?! Эшикдан кириб, тешикдан чиғиб кетганига нима бўлдиякан деб орқасидан Шодиёрди жўнатдик…
Бу гапдан Тошқулнинг баттар фиғони чиқди ва қизил аскарлар билан уйни ағар-тўнтар қилиб юборишди. Улар дуч келган нарсани ҳар томонга сочар, излаганини тополмаётгандай тағин кўрпа-тўшакларни у ёқдан-бу ёққа улоқтирарди. Уларнинг кўрсатаётган ҳунаридан қўрқиб кетган аёллар бир-бирларининг пинжига суқилиб йиғлар, Элмурод эса Қобил аканинг бутидан маҳкам қучиб, чопони орасига яшириниб олган эди. Тошқул шўро тинимсиз ахтаринар ва тўсатдан уй эгаларига қараб ўшқириб қоларди. Бир маҳал шўро улар боя ўтирган хона билан эшиги битта бўлган кичик хонадаги сандални тепиб ўтди. Чўғ тўла ўчоққа тушган кўрпача тутай бошлади. Буни кўрган Қобил ака Элмуродни онасининг ёнига ташлаб, ўша томонга қараб югурди. Унинг ортидан чиққан Ойдин кўзадаги сувни олиб чиқди.
Қобил ака сувни ловуллаб турган чўғ устига сепиб юборган эди, хонани тутун аралаш кўтарилган буғ қоплади. Шу пайт эшик очилиб, уйга кимлардир кириб келди. Улар хонадаги тутундан қўрқиб кетди, шекилли, остонада туриб қолди. Уларни таниб-танимай турган Марям момо:
– Болам! Ўктамжо-он! – деди уни тутиб олишган, деган ўйга бориб.
Бу Қобил ака ўйлаган ҳийланинг янада ишонарли чиқишига сабаб бўлмоқда эди. Шу боис Қобил ака қизил аскарлар қуршовида турган Шодиёрни таниган бўлса-да:
– Ўктам! – деди.
Қобил аканинг чақириғидан кейин ҳушёр тортган Шодиёр:
– Мен Шодиёрман, ака, Ўктам қочди. Билмайман, қаерга кетди, лекин тўғай оралаб жўқ бўлди, – деди тез-тез, аммо ҳамма эшитсин дегандай баланд овозда. Сўнг саросимага тушиб қолганини яширмади. – Нима бўляпти ўзи? Уй нимага тутяпти?
Бу гапларни жим эшитиб мушоҳада қилиб турган Тошқул шўро Ўктамнинг қочиб кетганига ва энг муҳими, Тангриқул бобонинг уйда йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, баттар тутақди. У энди бутун уйни қайтадан ағдар-тўнтар қилиб чиқди. Ойдиннинг рўпарасида тўхтаб ҳув ўшанда, кўл бўйида унга еб қўйгудай бўлиб қарагани каби ҳирс билан тикилди. Сўнг, ҳали бу кўргуликлар ҳам сенга кам, дегандай, бояги кўзани уриб синдирди. Тошқулдан бир лаҳза ҳам нигоҳини узмай кузатаётган Қобил ака унинг Ойдинга қараб қолганидан ғазаби қўзиди. Аммо ноилож қўлини мушт қилиб жим турарди. Агар Тошқул яна бир сония ўрнидан жилмай Ойдинга қараб тураверганида Қобил ака унинг жағига мушт тушириши тайин эди. Тошқул буни сезгандай ён-атрофда сочилиб ётган китоблардан бирини қўлга олди. Бу китоблар эски алифбода ёзилган бўлиб, Навоий, Бобур, Сўфи Оллоёр каби алломаларнинг асарлари ва ўша куни Тангриқул бобо ўқиб ўтирган Аҳмад Яссавий китоби эди. У тағин уйнинг нариги бурчида турган кичик сандиқни очиб қаради. Бу ерда ҳам бир-биридан нодир қўлёзма китоблар тахланиб турганди. Уларни ҳам бир-бир кўздан кечиргач, ёнидаги аскарга:
– Буларни йиғиштириб ол. Идорага олиб борамиз, – деди сочилиб ётган китобларга ишора қилиб.
Бу вақтда Ўктам лойсувоқ том устида ерга бағрини бериб ётганди. У қулоғини динг қилиб, уйдаги ҳолат қандай эканига қизиқар, ҳаммасидан ҳам ёмони тезда тоби қочадиган онасининг соғлигини ўйлар эди. У бу ерга чиққанида терлаб кетган ва ҳансираб зўрға нафас олаётган бўлса, энди ўзини анча ўнглаганди. Тағин терлаган бадани бирдан яхлаб, совуқдан қалтирай бошлади. Бундай ётишга ортиқ бардоши етмаслигини билган Ўктам бошини кўтариб атрофга аланглади. Шу пайт эшикдан чиққан қизил аскарнинг бош кийими кўзга ташланди. У шоша-пиша беркинди. Ташқарида турганлар ўзаро кенгашди. Сўнг ҳар томонга қараб ёйилиб кетди.
– Шўйтиб, Ўктамди қаерга кетганини билмайсиз?! – баланд овозда сўради аскарларни жўнатиб, ўзи уйда қолган Тошқул шўро киноя билан.
Ўктам уларни аллақачон кетиб бўлди, деб томдан тушмоқчи эди. Бу товушни эшитгач, ўрнига қайтиб ётди ва алам билан туфлади. Шу пайт Тошқул шўро билан Қобил ака ҳамон очиқ турган эшикдан ташқарилади. Улар бир муддат жим туриб қолишди. Тошқул шўро қўлидаги таёғи билан этигига тинимсиз уриб, асабни бузадиган товуш чиқарарди. Қобил ака эса қўлларини дам орқасига, дам олдига боғлаб тоқатсизланарди. Ниҳоят, Тошқул шўро тилга кирди:
– Қобил ака, ўйлаб кўринг, бобой чини билан Шўрчига кетганма?!
– Буларди ҳаммаси, – деди у уйни қўли билан кўрсатиб, – сизлар келишдан аввалам Шўрчида деб айтиб ўтирганди. Яна билмадим.
– Мабодо уни Шўрчидан тополмасам, бобойди жойига сиз кетасиз, шуни биласизма? – деди шўро гапини дона-дона қилиб.
– Билмай ўлибманми, Тошқулбой?! Биздаям, бола-чақа бор. Ағайин бўса, ўз йўлига. Ҳар ким гўрга якка киради…
Бу сўзларни айтиш Қобил акага қанчалик оғир бўлмасин, у юз-кўзини ўзгартирмай шўрога тик қаради. Тошқул шўро бир зум ўйланиб турди-да, келган томонига қайтиб, қоронғиликка сингиб кетди.
* * *
Қобил ака тағин уй тўрида чордона қуриб ўтирар, унинг ўнг томонига Шодиёр чўккан, Ўктам эса ҳамон совуқдан қалтираб, бурчакда кўрпа ёпиниб олганди. Марям момонинг тоби қочган, ранги оқариб ётарди. Унинг икки ёнида Зарифа момо билан келини Ойдин оғир-оғир нафас олаётган кампирга диққат билан қараб турганди. Элмурод эса онасининг тиззасига бош қўйиб, хонадаги умумий сукутга жўр бўлмоқда эди. Бу сукутдан барча бирдай толиққан, боз устига тун яримдан оғиб, ҳаммани уйқу элитмоқда эди. Бир замон Марям момо кўзини очиб, атрофга аланглаб қаради. Сўнг келинини имлаб қошига чақирди. Ойдин ўтирган жойида энгашиб, момога қулоғини тутди ва бошини кўтариб Қобил акага қаради-да:
– Ака, нариги хонага жой ташлаб берай, – деди.
– Йўқ! Ҳозир уйқунинг мавридимас, – деди у.
Кейин нимадир ёдига тушиб, ташқарига чиқиб кетди. Бир муддат ўтиб хонага қайтиб келган Қобил ака:
– Қор бошлабди, – деди хушхабар етказаётган кишидай мамнун. – Бу яхши! Изларди кўмиб… Шодиёр, бир ташқарилаб ке, – деди тағин нимадандир шубҳаланиб. – Уйди айланиб тур, ўзим чақираман.
Шодиёр остонага қараб юриш баробарида қўлини қулоғига карнай қилиб, кўз-қулоқ бўлиб турайми, дегандай бош силкиди. Қобил ака унинг фаросатидан қувонди. Ҳа, деб бош чайқаб кўзларини баравар юмди. Шодиёр чиқиб кетгач бир муддат ўтиб Қобил ака гапида давом этди:
– Қор изди жўғатади… Ўктам, келин билан икковинг зарур нарсаларди олинглар. Кетмасанглар бўмайди! Бугундан қолмаслик керак. Тоғамга ўзим хабар қиламан, – деди у Тангриқул бобони назарда тутиб. – У Боймоқли томондан юриб Хўжамулкига келади, – Қобил ака бир зум тин олиб, оғир хўрсинди. Кейин бу ишларнинг барчасига ўзи айбдордай бошини хам қилди.
– Ҳеч ким шу совуқда дарёдан ўтиб кетди, деб ўйламайди… кечувгача билдирмай етиб олсак бўлди. Ҳозир дарё доғ ташлаган, эшакдан тушмай бемалол ўтиб кетса бўлади.
– Ака, энам шу аҳволда, – деди Ўктам Қобил аканинг фикрига қўшилишни ҳам, қўшилмаслигини ҳам билмай.
– Чечамга болаларди омонлиги керак, а? – деди у Марям момога маъноли қараб.
– Чин, чин. Менга балоям ургани йўқ. Қаерга бор, десанг, қанча жур, десанг кетабераман. Шугинани жони омон бўса бўлди, – деди набирасининг бошини силаб.
Тонг чоғи Қобил ака билан Шодиёр кечувга борадиган йўлнинг икки тарафини кузатиб бормоқдайди. Уларнинг ортидан кўч-кўрон ортилган уловлардан бирида Марям момо, иккинчисида эса Ойдин ўғли билан эргашган эди. Эшаклар юкнинг оғирлигидан овозсиз қадам ташлар, изма-из кетаётган Ўктам ҳам оёғини омонат босарди. Ниҳоят, улар дарёнинг кенг, аммо саёз оқадиган жойига етиб келишди. Бу вақтда қиш келмасдан бурун ёға бошлаган қор бутун дунёни оппоқ рангга бўяб улгурган эди. Фақат сув ўз тусини йўқотмаган, унинг юзасидан чиқаётган ҳовур ва шалдироқ овоз ҳаёт ҳақида қўшиқ куйлаётгандай эди. Улар соҳилга шу куйни тинглаш учун йиғилгандай бир муддат сукутга чўкди. Сўнг навбатма-навбат бир-бирларини бағирларига босиб хўшлаша бошлашди. Қобил ака Ойдинга рўпара келар экан:
– Келин, дийдор қиёматга қолмайди! Ўзим сизларди излаб топаман, – деди ва Элмуродга юзланди:
– Элмуродбой! Сиз энди катта жигит бўлиб қолдингиз. Полвон болалар ҳеч нарсадан қўрқмайди, – деб Қобил ака бир дам ўйга толди. Сўнг: – Боботовдан қарасанг эна дарё ялтираб кўринади. Ҳув, Бойсунтовнинг анави чўққисини мўлжал олиб дарёга қара. Уйларинг шунинг рўпарасида! Эсингдан чиқмайдия?! – деди.
Элмурод, йўқ, дегандай бошини сарак-сарак қилди. Қобил ака уни бағрига қаттиқ босди. Ойдин эса жимгина олисдаги қишлоққа қаради. Кўз олдида бахтли дамлари келди. У ўғли туғилганида Менгзиёнинг қанчалар қувонганини эслади. Кейин кўз олдида Тошқул пайдо бўлди. Ўша куни Менгзиёни олиб кетаётганда ва кеча уйига кириб тўс-тўпалон қилган шўронинг ғазабнок башарасини эслаб: “Ерютгур Тошқул. Сенга ҳам Худонинг айтгани бордир”, деди.
Бу вақтда Ўктам чориғини ечиб, онаси ўтирган уловнинг жиловидан етаклаб, сув кечган эди. Уларнинг ортидан Ойдин эшагига хила берди. Ўктамнинг тиззасига уриб оқаётган сув ҳаводан илиқ бўлгани учун оёғига совуқ билинмас, лекин тиззадан баланди дарёнинг изғирин шамолида қалтирарди. Эшаклар ҳам тайриниб кетмаслик учун авайлаб қадам ташлар, сувга теккан хуржун оғирлашиб, юриши сустлашди. Улар дарёнинг ўртасига борганда Ўктам бир қалқиб, белга урадиган чуқурга тушиб кетди. Марям момо уловнинг ёлидан маҳкам тутиб: “Болам!” деди. Ўктам тезда ўзини ўнглаб, чуқурдан чиқиб олди. Қирғоқда ҳамон уларни кузатиб турган қондошлари: “Воҳ!” деб юборишди. Ҳаммаси жойида эканини кўришгач эса, дарёнинг юқори қисмидан юр, деб ишора қила бошлади. Ўктам гоҳ чап, гоҳ ўнг томондан йўл ахтариб, текис жойни топди. Сўнг жониворларнинг сувда узоқ вақт туриб қолиши яхшилик эмаслигини билиб, йўл давомини текширмай уларни етаклай кетди. Нариги қирғоққа етиб олишганида Ўктам совуқдан кўкариб кетган, сув теккан либоси эса аллақачон музлаб қотиб қолган эди. Узун қулоқ жониворлар ҳам совуқдан дирдирарди. Ўктам жон борича тезлашиб, уст-бошини алиштирди. Совуқни енгиш учун тез-тез қадам ташлаб, манзил томон йўл бошлади. Улар қишлоқдан олислаб боргани сари юраги орқага тортар, яна бир бора ўзлари туғилиб ўсган қишлоқни кўргиси келарди. Аммо Марям момо орқага қарамасликни бот-бот уқтирарди. Ойдин ҳам, Ўктам ҳам ортга кўз ташласа, қандайдир мусибат рўй бериши мумкин экан, деб ўйлади. Аммо момодан бу ҳақида сўрашнинг мавриди эмасди.
* * *
Уларнинг эсон-омон ўтиб олганини кўрган Қобил ака билан Шодиёр оғир хўрсинди. Кейин келган йўллари бу ёқда қолиб, бошқа томондан қишлоққа қараб юрди. Шодиёр анчагача ҳамроҳининг ёнида сўзсиз кетди. Аммо унинг ичи қизиб бормоқдайди. У зўр бериб қондошларининг кейинги тақдири ва ҳозирги қилган ишлари қанчалик тўғри бўлди ё йўқлиги ҳақида ўйланиб борарди. Аммо Қобил аканинг кайфиятига қараб оғиз очолмас, унинг ўзи бу ҳақда гап бошлашини интиқ кутарди. Лекин Қобил ака ҳамон вазминлик ила қор кечиб, ён атрофни кузатиб кетарди. Охири Шодиёр чидай олмади ва:
– Бу йил қор эрта тушдими? – деб ўсмоқчилаб гап бошлади.
– Ҳа, қишди қаҳри қаттиқ бўладигандай, – деди Қобил ака маъноли қилиб.
– Шу-шу… Бу совуқда холам… мазаси йўқ эди, – деди у Марям момони ўйлаб.
– Яратганди карами кенг! Яхшиларга йўлиқсин, илойим!
Қобил ака бу сўзлар билан, аслида, ўзига ҳам тасалли бермоқда эди. У ҳам қондошлари ҳақида қайғуриб, юраги сиқилиб, ортиқ бу ҳақида сўзлагиси келмади. Тағин кечадан буён режалаштирган ишларини давом эттириш учун Шодиёрга юзланди:
– Сен тез уйларингга бор-да, акангга айт, Термизга – Тангриқул тоғамди излаб йўлга чиқсин. Бор гапди тушунтириб айтсин. Биз борсак, ишимизди миси чиғади. Сени Тошқул тергов қилса, шу кечани ўзида уйга қайтиб кеганман, ҳеч нарса билмайман, деб турабер. Мени сўраса, билмайман, бир ўзим қайтдим, дегин.
– Ундай десам, сизди… – деди Шодиёр чин дилдан ҳамроҳини ўйлаб.
Ўзича режа пишитган Қобил ака:
– Шундай деб айтабер, қоганини ўзим боплайман, – деди. Кейин бундай ишларга Шодиёрнинг бардоши етишига ишонмай:
– Тилингдан чаёнга чақтирсаям, ўтирик гапдан қайтма, – деди. Шодиёр ростдан ҳам киши билмас азобга дучор бўладигандай рангги қув учди. Аммо қўрқувни билдирмаслик учун ҳиринглаб кулди ва:
– Тилимди кесиб ташласаям алдайбераман, – деди.
Улар келгуси режаларини келишиб олгач, икки томонга қараб кетди. Шодиёр бетартиб ўсган паттазор ёқалаб уйлари томон, Қобил ака эса бошқаларда дарёга терс томондан келаётгандай таассурот қолдириш учун қишлоқ тепасига қараб йўл тортди. Қобил ака овул уйларни айланиб, тепаликлар томондан уйига қараб келар экан, ўзидан сал нарида кеча Ўктамни чақириб келган Шобердини кўрди. У беҳуда юрмаганини, билъакс Тошқул шўронинг топшириғи билан пойлоқчилик қилишга чиққанини англади. Қобил ака Шобердига қорасини кўрсатмай шу ердан бурилиб, уйига нариги томондан кетмоқчи бўлдию улгурмади. Қобил ака ноилож йўлида давом этиб Шобердининг ёнига борди.
– Тонг саҳарлаб буёқларда адашиб юрибсан? – деди Қобил ака унинг кўзига тик қараб.
– Қор бемаврид тушди, қушлар кўпайиб қолган бўлса керак, деб овга чиқибедим, – деди у қўлидаги палахмонни кўрсатиб.
– Менам ов дардида ҳув қиргача бориб келдим, – деди Қобил ака. – Биттаям қуш йўқ. Бундай пайтда каклик, чил дегани сероб бўларди.
– Чин айтасиз. Ҳеч бало йўқ.
Қобил ака йўлида давом этиб уйи томон кетди. Шоберди эса сир бергиси келмай қишлоқдан олислади. У Қобил акани Бойсун йўлида кўрганини айтиб шўродан суюнчи олиш учун шошиларди. Айни дамда Тошқул шўро Тангриқул бобони ва кеча қочиб кетган Ўктамни ушлаш учун Шўрчига борадиган йўлга пойлоқчи қўйган эди. Ўзи эса кечаги аскарлардан икковини эргаштириб, Шўрчига – Тангриқул бобони қўлга олиш учун кетиб борарди.
* * *
– Ҳалиям бўлса кечмас, Тангриқул бобо болалари билан қаерга кетганини айтсангиз, ўзингизга осон бўлади, – деди Тошқул шўро қўли боғлиқ турган Қобил акага тик қараб.
– Ўзбекчалаб айтдим, Тошқулбой, билмайман. Тоға меники, локин ихтиёри ўзида. Қаерга кетганини нима биламан.
Тошқул шўро алам билан туфлади. Ғазабнок нигоҳ ила Қобил акага тик боқди. Қобил ака ҳам киприк қоқмай шўрога қараб тураверди. Тошқул ўзини қўярга жой тополмас, Тангриқул бобони қўлдан чиқариб, шу билан бирга Ойдиннинг ҳам изсиз йўқолгани унга алам қилаётганди. Нима бўлган тақдирда ҳам шўро Ойдинни йўқотиб қўяман деб ўйламаган эди. Бу унинг барча режасини чиппакка чиқарганди. Холбуки, Тошқул шўро аввал бобони, ундан сўнг Ўктамни қўлга олиб, бу оиланинг эркакларини таг-туби билан йўқотиб, алалоқибат Ойдиндан қасд олиш ва… юрагининг туб-тубида яшириниб ётган ҳайвоний ҳиссиётини қондиришни истарди. Шўро агар Ойдин ўғли ва қайнонаси билан ёлғиз қолса, исталган пайт уйига кириб, у билан ўйнашиб юраман, деб ўйларди. Энди Ойдин изсиз ғойиб бўлгани учун шўронинг кўксига ин қурган шайтоний ҳирс уни тобора ваҳший қилиб юбораётган эди. Шўро қонга ташна йиртқичдай Қобил акага қаради ва:
– Охирги марта сўраяппан, улар қаерга кетди? – деди оғзидан туфук отилиб. Қобил аканинг ҳам жони ҳалқумига келди. Бир томондан тақдири ҳал бўлганига ақли етиб, энди рост сўзласа ҳам омон қолмаслигини тушунган эди. Қобил ака Шодиёрга буёғини ўзим боплайман, деганида иш бунчалик чигал бўлиб кетишини билмаганди. У ўшанда Тошқул шўрога, биз билмаймиз, шу кеча уйга қайтгандик, деган гап кифоя қилади, у минг ёмон бўлгани билан одам боласи-ку, деб ўйлаганди. Ҳозир шўронинг ғазабига учраб, нафснинг нуқси урган кўзига тик боқар экан, қаттиқ адашганини ҳис этди. Қобил ака Менгзиёнинг изидан қамоққа кетишига шубҳаси қолмади. Тақдирга тан берди. Айни чоғда бундан хўрлиги келди. Дунё фақат ва фақат разолатдан иборатдек кўринди. Мана шу воқеалар бошланганидан буён шўрони сизлаб, унга мулозамат қилиб юргани алам қилди. Ҳақ бўла туриб Тошқулнинг гапларини маъқуллаб, унинг қаршисида қўл қовуштириб туриш Қобил ака учун ўлим билан баробар эди. Охири бунга ортиқ бардоши етмай, бор алам ва ғазабини жамлаб, шўронинг юзига туфуриб юборди.
* * *
Менгзиёнинг сургун бўлгани ҳақида билиб қишлоққа қайтаётган Тангриқул бобога оиласининг аҳволи ҳақида хабар келгач титраб кетди. У анча вақтгача ўзини йўқотиб қўйди. Хабар бермиш мўйсафиднинг аҳволига қараб анча жойгача ҳамроҳ бўлиб келди. Сўнг улар дарёнинг икки соҳили бўйлаб йўлларида давом этишди.
Тангриқул бобо отни ўз ихтиёрига қўйиб хаёлоти бўлиб қолгандай кетиб бораркан, кўз ўнгида Менгзиё занжирбанд ҳолида дўмбира чалиб, Тошқулга тик қараб қўшиқ айтаётгани гавдаланди:
“Сиртинг одам боласи
Ичинг – жайра ё илон,
Сенсан одам оласи
Нима тирик сен билан.
Кенг дунёни сен бетак,
Яхшиларга тор қилдинг,
Одамзот боласини,
Не сабабдан хор қилдинг?!
Ўйлаб турсам сотибсан
Ҳам элингни, юртингни,
Пўлат билан тилдирса,
Камлик қилар уртингни…”
Тангриқул бобо шу каби хаёл билан Хўжамулкига етиб келганида қор аллақачон эриб битганди. Бу орада осмонни қора булут қоплаб, ёмғир ёғиб ўтди. Энди ҳаво анча юмшаб қолган бўлса-да, кечқурун ва эрталаб қиш нафаси сезилиб турарди. Ҳавонинг бундай тез ўзгаришидан қордан омон чиққан ва унча-мунча совуқ таъсир қилмайдиган гулу гиёҳларнинг ҳам туси ўзгарган эди. Табиатнинг бу тахлит турланиши Тангриқул бобонинг вужудида ҳам рўй берган, йўл давомида анча толиқиб, юзи совуқ урган яшиллик янглиғ сўлғин тортганди. Айниқса, Шодиёрнинг катта акаси уйидан хабар етказиб, қўшни қишлоққа боришни айтганидан сўнг аҳволи янада аянчли тус олди. У айтилган манзилга яқинлашгани сари кўнгли қишлоғини қўмсай бошлади. Шу боис ҳам дарёдан бир-икки чақирим наридаги қишлоққа қараб эмас, соҳил томон йўл олди.
У дарёнинг бу соҳили бўйлаб қишлоқ рўпарасига келар экан, уйи томонга узоқ термилиб қолди. Тангриқул бобо қанчалик истамасин, туғилиб ўсган қадрдон гўшасига қайта боролмаслиги ва, айниқса, ота-онаси қабрини яна бир бор зиёрат қилиш имкони йўқлиги унга шу қадар оғир изтироб берардики, бундан мўйсафиднинг энг сўнгги умиди ҳам сўниб борарди. Тангриқул бобо қишлоғига қараб тураркан, уйига бир қадам бўлса ҳам яқин бўлишни истаб, дарё лаби томон от жиловини бурди ва соҳилдаги кекса тол дарахти ёнига бориб тўхтади. Толнинг тарвақайлаб ўсган шохлари осмонга қўл ёйиб турар, аммо қучоққа сиғмас танасига қурт тушиб емирилган ва дарёга томон энгашиб ўсганидан ҳозир йиқилиб кетадигандай таассурот уйғотарди. Унинг ёнида от устида эгарга суяниб ўтирган Тангриқул бобонинг ҳозирги аҳволи кекса толга ниҳоятда уйғунлигидан иккаласини бир-биридан айри тасаввур этиб бўлмасди. Узоқ вақт бир жойда туриб қолганидан толиққан жийрон қаттиқ пишқириб ер депсинди. Бу товушдан толга қўнган илгир қуш чўчиб қанотларини кенг ёйиб, ҳавога кўтарилди. Рўпарада учиб келаётган чумчуқлар галаси уни кўриши билан тўзғиб кетди. Аммо илгир уларга парво ҳам қилмай, оҳиста қанот қоқиб, бошқа дарахтга бориб қўнди. Хаёли чалғиган Тангриқул бобо сергак тортиб, отга дам бериш учун эгардан тушди. Лекин оёғи увишиб қолганидан тушган жойида туриб қолди. Мўйсафид қамчининг сопи билан этик қўнжига урди. Шу пайт тинимсиз у ёқдан бу-ёққа урилаётган кичик заррачалар бутун танаси бўйлаб тарқалди ва бунга бардоши етмай ўтириб қолди.
Тангриқул бобо қишлоққа қараб ўй суриб чакмонининг ички чўнтагидан халтачага тугилган бир сиқим тупроқни қўлга олди. Мўйсафид тупроқни маҳкам сиқаркан, кўзидан ёш сизди ва пичирлаб: “Бу дунёда тирик айрилган ёмон-а”3, деди.
Кеч тушиб, қишлоқ одамларининг оёғи тийилмагунча яқин атрофда тентираб юрган Тангриқул бобо тун қоронғисида Хўжамулкининг нариги бурчида яшайдиган Омон полвоннинг уйига борди. Полвон катта хонани Тангриқул бобонинг оиласига бўшатиб берганди. Уларнинг бу ердалигини уй эгаларидан бошқа биров билмасди. Меҳмонлар узоқ вақт хонага қамалиб, овозсиз ўтиришдан жони ҳалқумига келган, айниқса, Элмуроднинг бардоши буткул тугаб битган ва тез-тез хархаша қилаётган эди. Момоси билан онаси уни имкони борича босиқлик ила юпатишга уринар ва Тангриқул бобонинг тезроқ етиб келишини интиқ кутарди. Гўё оила боши келса, барча дард-ситамлар тугайдигандай эди. Аммо мўйсафид Менгзиёнинг сургун қилингани ҳақида шумхабар олиб келди. Уларнинг дунёси янада қоронғилашиб кетди. Марям момо ҳам, келини Ойдин ҳам баралла йиғлаб юборди. Ўктам эса кўз ёшини яшириб, бурчакда бош эгиб ўтирарди. Элмурод аллақандай мусибат рўй берганини фаҳмласа-да, ҳали унинг гўдак қалби бу кунларнинг даҳшатини буткул англаб етмаганди.
– Бўлди-да энди. Бир-эки йил ўтмай қоган жойи йўқ! Ҳа, деб кўз ёш қилмай, эсон-омон кесин, деб дуо қилинглар, – деди Тангриқул бобо.
Унинг сўзларидан сўнг келин-қайнона кўз ёшларини артди. Марям момо энди Тангриқул бобонинг ҳолидан қайғуриб:
– Журт кезиб келишди ўзи бўлама?! Бир мойдонгина дам олинг, – деди.
– Ай, – дея қўл силтади Тангриқул бобо. – Ўзимизга қора жой топайик, сўнг қогани бир гап бўлар.
– Биз-ку қаерда бўлсак кўниб кетаберамиз, бу гўдаклар нима қилади, бобоси?! Куннинг шу совуғида уй тиклашди ўзи бўладима?
– Қизиқ гапларди гапирасан, кампир. Худойим бир улоқди, тўрт шувоқ4ди яратган. Бу ерда қолсак, полвонга азият бериб қўямиз. Эртароқ йўлга чиққанимиз маъқул.
– Ўктамжон, – деди Марям момо ўғлига юзланиб, – полвон акангга айт, биз қайтамиз.
Ўктам Омон полвонни чақириб келиш учун ташқарига чиқди.
– Келин, сиз тугунларди тайёрланг, – деди Тангриқул бобо Ойдинга юзланиб.
– Ҳамма нарса-ку тайёр турибди, – деб гап бошлади Марям момо. – Полвондан қора уйини сўрасак бермасмикин?! Бориб бизди ўтовди олиб келаберарди. Жойига-жой десак-да!
– Бўмайди, – деди Тангриқул бобо. – Уни олиб кетишди ўйла.
– Эса, совуқда қаерда жон сақлаймиз, бобоси?!
– Боботовга етсак, ғорда бўлсаям яшайберамиз.
Шу пайт эшик очилиб, аввал Ўктам, сўнг Омон полвон кириб келди. Полвон баланд бўйли, буғдойранг ва жиддий боқувчи нигоҳи одамни сергак торттирадиган киши эди. У мўйсафидга:
– Нимага дарров қайтаман, деб қолдингиз?! Ё биздан бирор камчиллик ўтдима? – деди.
– Сира ундай деманг, полвон!
– Ундай бўлса, бемаҳалда қаерга борасиз?
– Энди, полвон, сизгаям, бизгаям шуниси маъқул. Тулки қирқ ҳунарим бор, яхшиси, кўринмаслик, деган экан. Сиз берган нон-тузингизга рози бўлинг! Насиб қилса, яхши кунларда хизмат қилайик.
– Ажаб гапларингиз бор-да! Шўндай пайтда кунингизга ярамасак, қачон пойдамиз теяди. Рози бўлинг, деб уялтирманг-эй! Отам раҳматли бўлганларида шу гапингиз учун хапа бўларди.
– Ҳа, жўрамиз кўп яхши одам эди. Умри қисқа экан-да, – деб дўсти – Омон полвоннинг отасини хотирлади Тангриқул бобо. – Ориятли, иззат-нафсни биладиган шермард эди раҳматли.
– Чин айтасиз, – деди полвон отасини кўз олдига келтириб. – Отамга ўхшашга бизди кучимиз жетмади… Ҳа-ей, бош омон бўлса, дўппи топилар, деб бекор айтишмаган. Ўктамбой ҳам бошқаларга эш бўлиб, қўлтиғингиздан кириб қанотингизди кўтариб турса, бу кунларам ўтади, – деб гап равишини ўзгартириб юборди у.
– Бори умидим шулардан. Бўмаса, жоним ширинлик қиб элдан бош олиб кетаётганим йўқ. Болаларди эртасини ўйлаб, – деди мўйсафид. Сўнг мезбондан изн сўради. – Бизга дуо беринг, полвон!
– Дуо сиздан.
Тангриқул бобо қўлини кенг ёйиб дуо ўқиди. Сўнг барчаси баравар ўрнидан туриб, ташқарилади. Омон полвон бутун оиласи билан уларни кузатиб қўйди. Тангриқул бобо оиласи билан тун ярмидан ўтганида Боботоғни мўлжал олиб жўнади. Мўйсафид от билан олдинда борар, унинг изидан Марям момо билан келини ўзларининг узунқулоқ жониворида, Ўктам ва Элмурод эса Омон полвон инъом этган ҳангида ҳаммадан орқада борарди. Зимистон кечада нотаниш йўлдан юриш қийинлиги боис жониворлар имиллар ва каттароқ кесак ёки тошдан ҳуркиб, арзимас чуқурдан ҳам сакрамасдан айланиб ўтарди. Бу юришдан, айниқса, Элмуроднинг силласи қуриб уйқусизлик қувватини сўриб олганди. Уни энди уйқу элтганида эшакнинг қалтис ҳаракатидан уйғониб ғингшир, шамол ураётган юзини акасининг кўксига босиб яна ухлашга уринарди. Ҳар бир тепалик аввал кунларга, сўнг йилларга уланиб бораётгандай, вақт имиллаб ўтарди. Улар шу тариқа тонг ёришмагунча қирма-қир, сойма-сой ўтиб борди. Ниҳоят, Тангриқул бобо от жиловини тортди. Улар жар ичидан – шамолпанадан жой ҳозирлашди. Ўктам отаси билан юкларни тушириб, ўтин қараб кетди. Марям момо эса келини билан кўрпа-тўшак ёйди. Кўп ўтмай ота-бола қуриб қолган ёнтоқ судраб келди. Ўктам:
– Бу ерда ўтин йўғакан, – деди.
– Чўл бўгандан сўнг шу-да, – деди онаси қумғонга сув қуяр экан.
– Сувди тежаш керак. Йўл узоқ. Чўлда булоқ бўмайди. Ўктам, ўтни ўзинг ёқ, чечанг қийналиб кетди, – деди Тангриқул бобо.
Ўктам олов ёқди. Ойдин емак учун нарсаларни ҳозирлаб, дастурхон ёзди. Элмурод олов тафтида ланж бўлиб қўлида бир туюр нон билан ухлаб қолди. Бошқалар деярли гап-сўзсиз тамадди қилишарди. Бир замон:
– Шу жойлардаям одам яшайдима? – деди Марям момо ҳувиллаб ётган яйдоқ чўлга ишора қилиб.
– Боботовди этагида одам бор. Булоқди гирдида. Ундан бермоғон баҳорги журт, – деди мўйсафид.
– Товгача борамизма? – деди Ўктам олисда чўққиси ялтираб турган Боботоққа қараб.
– Нари борса, эки кунлик йўл, – деди Тангриқул бобо йўлни назарга илмагандай хотиржамлик билан.
– У яқда шўро йўқма? – деб сўради Марям момо соддалик билан.
– Ай, шўрони бормаган жойи борма? Локин бизди биров танимаса бўлди. Тинч яшайберамиз, – деб Тангриқул бобо Термизга бораётганда уйидан жой берган Тўра акани эслади. Шундагина у билан тақдирлари бир-бирига ўхшаш эканини пайқади ва:
– Хўроз бари жойда бирдай қичқиради, – деди.
Бу гапдан сўнг улар бораётган манзилнинг сири йўқолиб, Боботоғ ҳам мунғайиб тургандай кўрина бошлади.
Шу пайт Тангриқул бобо жар тепасидан эниб келаётган тулкига кўзи тушди. Бошқалар ҳам ўгирилиб унга термилди. Тулки уларни энди кўрди, шекилли, жойида тошдай қотди. Сўнг хавфни текшириш учун олдинга икки қадам ташлади. Шу пайт Ўктам акса уриб юборди. Тулки қўрққанидан ортига қайтиб югурди. Аммо сал нарига бориб тўхтади. Бир муддат ўтиб ўша ерда чўнқайиб ўтирди-да, одамларни кузата бошлади. Тулки қўрқиб узоққа кетмагани учун Тангриқул бобо ниманидир сезиб атрофга аланглади. Кейин ўтирган жойидан ўн қадамча наридаги чуқурдан тулки боласи тумшуқ чиқариб турганини кўрди.
– Эй, боласи боракан-да! Биз тинчини бузиб қўйиппиз. Айтдим, бу нимага қўрқмай турибди, деб. Уйини, боласини қўриган жонзот қўрқувди эсдан чиғаради-да!.. Ҳа, эса омин, – деб қўлини дуога очди мўйсафид. – Гертак дам олдик. Энди йўлга тушсагам бўлаберади. Элмуродни уйғотинглар. Элмурод, отажон! Қаранг, тулки келди…
Элмурод истамайгина уйқули кўзини очди. Аммо ороми бузилганидан ғингшиб, хархаша қила бошлади. Бобоси уни зўрға юпатиб, отга мингаштириб олди. Улар тағин уловнинг тебранишига мос ҳолда чайқалиб, адоқсиз чўл бағрида чумолидай ўрмалаб борарди. Улар шу кетганча тушгача тиним билмади. Тушдан сўнг қулай жой топиб кечга довур дам олишди ва яна туни билан йўл юрилгач, эртаси куни пешинга яқин тоғ этагидаги қишлоқ тепасидан чиқишди. Бунгача улар бўларича бўлганди. Жониворлар эса йўлда дуч келган кўлмак сувдан қониқиб ичиб-ичмай силласи қуриб, оёқда зўрға турарди. Шу боис ўн-ўн беш чоғли уйдан иборат қишлоқни кўришганида севиниб кетишди.
Қишлоқ этакдаги текисликда қуюқ жойлашганди. Чор тарафи текис тошлоқ бўлгани боис уйлар супада ўтирган чоллардай таассурот уйғотарди. Тоғ бағрида дарахтлар кўкка бўй чўзган, афтидан, у ерда булоқ бўлиб сув қишлоққача етиб келмаганди. Тангриқул бобо оиласи билан турган тепаликдан эса ёлғизоёқ йўл илон изи ҳосил қилиб ўртадаги сойдан ўтиб, сўнг қишлоққа чиқиб борарди. Уларга айни дамда мана шу масофа ҳам жуда олис бўлиб кўринмоқ эди.
Улар сойдан ўтиб, қишлоққа яқинлашгач, бўрибосар кўппаклар йўл тўсди. Итлар жуда яқин келмаган бўлса-да, улар ўша жойда тўхтаб қолди. Бундан хабар топган қишлоқ аҳли меҳмонларга пешвоз чиқди. Келаётган киши тез юриб таёқ билан итларни қувиб солди. Тангриқул бобо мезбоннинг етиб келишини кутиб туриш одобсизлик бўлмасин, деб отдан тушди. Мўйсафид жийроннинг жиловидан тутиб одимлади. Ўктам ҳам отасининг изидан юрди. Уларнинг орасида беш-олти қадам қолганда Тангриқул бобо мезбонга салом берди. Улар кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашишди ва бояги киши мўйсафидни уйга таклиф этиб, йўл бошлади.
Қишлоқ аҳлини Тангриқул бобо ва унинг оиласи қизиқтириб қўйган эди. Зеро, уларнинг юзи тер ва чангдан шўрлаб, уйқусиз кўзлари қизариб киртайган, уст-боши ҳам ёрилган лаблари янглиғ бир аҳволда эди. Боз устига юз-кўзларида сўнгсиз изтироб зуҳур бўлиб кишида аллақандай ачиниш ҳиссини уйғотар эди. Йўл азоби Тангриқул бобо ва оиласини ҳолдан тойдирганди.
Тоғлик аҳоли уларнинг бошига оғир мусибат тушганини пайқаб турар ва бунинг қандайин кўнгилсизлик эканини билишга ошиқарди. Илло, уларнинг айримлари умри бино бўлиб шу тоғ-тошлардан нари чиқмаган, унда-бунда ўтиб қайтадиган йўловчиларни ҳисобга олмаганда бегона одамга дуч келишмаганди. Бозор учун шаҳарга борадиганлар ҳам ойда бир уйдан чиқарди. Шу боис янгиликка ўч қишлоқдошлар меҳмондан кўз узмасди. Уларга томошагоҳ бўлиб қолганидан ўзини ноқулай сезган Тангриқул бобо тоқатсизланиб келини ва Марям момони бегона нигоҳлардан гавдаси билан тўсишга уринарди. Ниҳоят, қишлоқ кайвониси келиб, аёлларни нари олиб кетди. Ўзини бироз эркин ҳис этган мўйсафид мезбон бола олиб келган чойгумдаги илиқ сувга юз-қўлини чайди. Сўнг рўпарадаги хонадон остонасидан ҳатлади. Уй тўрида ўзи тенги чол ўтирарди. Унинг мошгуруч соқоли чиройли кузалган, чеҳрасидан ҳамон ёш йигитлардай ғайратли бўлиб кўринарди. Чол – Тошбой бобо эпчиллик билан ўрнидан туриб салом бериб, Тангриқул бобога уй тўридан жой кўрсатди. Улар бараварига чордона қуриб ўтирар экан эшикдан Ўктам кўринди. Тошбой бобо ўрнидан жилмай у билан саломлашди. Боя кутиб олишга чиққан мезбон Ўктам билан ёнма-ён жойлашди. Меҳмон ва мезбонлар бир-бирлари билан сўрашишаркан, эшик қия очилиб, Элмурод ичкарига бош суқиб қаради. Тангриқул бобо уни кўриши билан:
– Бор, Элмуроджон, момонгга бор, – деди.
Унинг гапи тугамасдан Элмуроднинг ортидан боя қўлга сув қуйган мезбон бола кўриниб:
– У яқда жилаяпти. Сиз билан ўтираркан, – деди.
Бу гапдан сўнг Тошбой бобо Элмуродга қараб:
– Ке! Кел-эй бу яққа. Ўт бобонгди олдига. Ҳа, яша! Полвон жигит экан-да бу, – деди.
Элмурод бегона одамлардан уялиб, қимтиниб, бобосининг олдига келди. У Тангриқул бобонинг тиззасига бош қўйди. Мезбонлар олдида ўзини ноқулай сезган мўйсафид набирасига:
– Туриб ўтир, улим. Уят бўлади, – деди.
Бунга жавобан Тошбой бобо:
– Қўйинг, ёш бола йўлда чарчаган… Ёт, ётиб дамингди ол. Эҳ-ҳе, сенга бир сурув ошна бор. Бир ухлаб тур, кейин шулар билан ўйнайсан, – деди.
Элмурод ғужанак бўлиб ётиб олди. Тангриқул бобо у келишидан олдин чала қолган гапини давом эттирди:
– Бу кенжа улим Ўктам. Буниси небара, – деди Тангриқул бобо Элмуродни кўрсатиб. – Катта улимди боласи. Ўзи бировгина…
Тангриқул бобо шу тарзда бутун оиласини таништириб чиқар экан, қаердан келаётганию не мақсадда тентираб юрганигача рўй-рост айтиб берди. Тошбой бобо ва ўғиллари буларни ўткинчи йўловчи деб ўйлаганди. Энди уларга муқим жой кераклигини билгач, ноқулай аҳволда қолди. Чол буни сездириб қўймасликка уриниб, ўзини ва ўғилларини таништира кетди.
– Бу Панжи, – деди боя итларни қувиб солган кишини кўрсатиб. – Кенжа улим. Олдингизда ўтирган акаси Чори. Бошқалари ҳайдовга кетган. Ҳўкуматди бир сурув қўй-эчкиси, беш-олти қора моли бор. Шуларди айлантириб келади…
Тошбой бобонинг айтар гапи тугаб қолганидан сўнг бир муддат ўйланиб турди-да:
– Сизларга қора уй тикиб берсак бўлади, – деди. – Локин совуқлик қилади… Чори, уйинг лойсувоқ бўганма? – дея ўғлига мурожаат этди чол нимадир ёдига тушиб.
– Ҳа, суваганмиз. Эшик-деразаси йўқ, – деди Чори.
– Унга кигиз тутиб қўйса бўлади, – деди Тошбой бобо ва гапида давом этди. – Ўзи шўниси маъқул, – у энди Тангриқул бобога юзланиб сўзларди. – Қора уй торлик қилади. Уйимиздан жой берсак, эркин яшолмайсиз. Ўзингизга бир уй бўса, бемалол оёқди узатиб ўтирасиз-да, тўғрима? Ҳа, яшанг! Чорига уй қургандик. Трома5 эрта келиб, ташвиш кўпайиб, кўчиб ўтолмади… Хўш, гап бундай. Ўктамбой билан булар бориб уйди кўриб, камини тўғирласин. Бугундан қолдирмай. Эртага ишонч борма?! Қор тушама, бошқа бўлама, билмаймиз! Супур-сидирига келинлар бориб қарашади. Ҳа, жигитларга омин, – дея Тошбой бобо қўлини дуога очди.
Мезбонларга қўшилиб Ўктам ҳам ташқарига чиқди. Тангриқул бобо эса тиззасига бош қўйиб ухлаб қолган Элмуродни ерга ётқизиб, чопони билан устини ёпди.
Ўктам мезбонларга эргашиб борар экан, Боботоққа синчков назар ташлади. Яқинига келиб қаралганда янада ҳайбатли кўринадиган тоққа маҳлиё бўлиб ҳамроҳларнинг гапини эшитиб-эшитмай келаётган Ўктам Боботоққа бир пайтлар деразадан қараб ўтирганини эслади. Унинг ҳозир турган ери – чўққи этагидан дарё соҳилидаги уйи ва ҳатто унинг деразаси кўринадигандай ортига ўгирилиб қаради. Аммо ҳавонинг тундлигидан узоқни кўриб бўлмасди. У баҳор келиб, осмон тиниқлашса, бу ердан уйимизни бемалол томоша қилса бўлади, деб ўйлади ва бу хаёл унга оз бўлса-да таскин берди.
Улар шу куни кечгача янги қурилган уйнинг атрофида куймаланиб, икки хонали тошдевор бошпанани одам кирса бўладиган ҳолга келтиришди. Дераза ва эшикка гулсиз қора кигиз тутиб, айниқса, даричани очиб бўлмайдиган қилиб маҳкамлашди. Узун хонанинг ўртасида сандал қилинди. Шундан сўнг Панжининг аёли билан Ойдин келиб, хонага кўрпа-тўшак ташлади. Ака-ука мезбонлар ўчоқ учун қий, чалма, сандалга олов қалашга арча ўтинидан олиб келиб, ёндаги кичик хонага жойлади. Яна ўтинхонага қараб кетган Чори челак кўтариб келиб:
– Ўктамбой, бунда ер мойи6 бор, тутантириққа яхши. Агар яна зурур бўлса, туманда қора кўлдан олиб келаберасиз, – деди.
Бу вақтда бир тарафдан Марям момо, нариги томондан эса Тангриқул ва Тошбой боболар уйни кўриш учун келди. Уларнинг барчаси жам бўлиб ичкарига кирди. Ойдин ва тоғлик келин эса ташқаридаги ўчоққа ўтин қалаб олов ёқди. Сўнг ловуллаб турган чўғни янги қазилган сандалга солди.
Тошбой бобо Тангриқул бобога юзланиб:
– Қани тортинг! Журт қулли бўлсин! – деди. Тангриқул бобо раҳмат айтиб, йўл бошлади. Улар деворнинг нами кетмаган ва одам тафти урмаган зах хонага кириб, сандал атрофида чордона қурди. Марям момо эса хуржундаги нарсаларни титкилаб, қорачироқни топиб ёқди. Шундан сўнг эшик-деразасига кигиз тутилган қоронғи хона бироз ёришди.
Энди улар қадим қадрдондай суҳбатлашиб ўтиришарди. Бир маҳал Тошбой бобо ўзининг икки ўғли, келини ва Тангриқул бобонинг оила азолари жам бўлиб ўтирганидан фойдаланиб, кўнглидаги гапни тўкиб солди.
– Энди, ошна, шу журт сизга. Саратон келиб, ҳаво тоқ бўса, ўзингизга уй тиклайсизма ё Чорибойга бошқадан қуриб берамизма, келишиб кетаберамиз. Ҳали унгача кўп гап бор. Локин уйга бегонасирамай, бовурди босиб яшайберинг. Хў-ўш, энди Ўктамбойам, келинам ёш. Уйда қамалиб ўтириб нима қилади? Тўғрими?! – унинг гапидан Тангриқул бобо муддаосини билди ва диққат билан қулоқ тутди. – Гапди қисқа қисак, Ўктамбой Панжи ошнаси билан келишиб мол ҳайдовга борса. Келингаям иш кўп. Ана, сигир соғади. Жуда бекор бўлиб қолса, қўзиларди боғишади. Ишқилиб қоронғи хонада қамалиб ўтиришдан яхши-да!
– Бўмасам-чи, – дея унинг гапини маъқуллади Тангриқул бобо. – Одам яшаш учун ҳаракат қилиш керак.
– Ҳа, яшанг! Сиз зериксангиз, – энди бевосита Тангриқул бобога хитоб қилди чол, – ёнимга гурунгга борасиз. Эковлашиб зерикиб қолсак, болаларди ишидан хабар оламиз. Уни ундай-буни бундай қи, деб турамиз-да. Хўп, қўлида кўп ҳунари бор одамга ўхшайсиз. Билмаганимизди бизгаям ўргатасиз. Боласи тушмагурлар ўзимизга ўхшаб қўпол, десангиз. Тунов куни Чорибойди катта акаси бир эчкини уриб ўлдириб қўйибди, – чўпон ўз молини уриб ўлдиришига ёш бола ҳам ишонмаса-да, Тошбой бобо ниҳоятда назокат ва топқирлик ила Тангриқул бобога вазифа юкламоқда эди. – Шуларга урмай, сўкмай сурувди йўлга солишни ўргатиб берсангиз, бинойи бўлади… Ҳа, келишиб олган бўсак, бизга рухсат. Сизлар бемалол дам олингизлар. Ўктамбой эрталаб Панжи билан поданинг изидан кетса, чарчаб қолмасин. Қани, омин!
Тошбой бобо ўғиллари ва келини билан чиқиб кетди. Тангриқул бобо оиласи ила ёлғиз қолди. Улар ҳужрани уйимиз деб билишса ҳам ўзларини чўлда дуч келган жойда дам олаётгандай ҳис этарди. Бу хонага йиллар давомида уйида тўшалиб турган кўрпа-тўшак ташлангани билан тошдевор ҳам, шифтда осилиб турган арча новдаси ҳам ва ҳатто жонга ора кирётган сандал ҳам мутлоқ бегона эди. Улар Хўжамулкида – Омон полвоннинг хонадонида ёки кимсасиз чўлда тин олган пайтда ҳам ўзларини бу қадар ёлғиз ҳис этишмаганди. Боз устига деразадан бир тола ҳам нур тушмаслиги ва мойчироқнинг ожиз ёғдуси уларнинг кўнглига тун зулматидан-да даҳшатли қўрқув соларди. Бу оғир сукуту зулматни илк бора Элмуроднинг титроқ овоз билан берган саволи ёриб ўтди.
– Бобо, уйга қачон кетамиз?!
– …
* * *
Икки кундан сўнг тоққа қалин қор тушди. Баъзи жойларда қор тиззага урар, бундай вақтда мол боқишнинг ўзи бўлмасди. Чўпонлар қўй-эчкини совуқ урмасин, деб тинимсиз юргизиб турар, аёллар эса мол озуқа олиши учун пичан ғарамларини сочиб ташларди. Бу ерда ҳам дарёнинг шамолидек изғирин совуқ жондан ўтиб кетар эди. Сурувга қараётганлар қўй ёғини гоҳ нонга булаб ер, гоҳ иссиқ ёғни ичиб совуққа бироз бўлса-да бардош берарди. Аммо кўп ўтмай изғирин ўз ишини кўрсатар, уларнинг мадори қуриб, уйда дам олаётганларга навбат тегарди. Шу тариқа улар кун бўйи навбат алмашиб, ҳам ўзларининг, ҳам мол-ҳолнинг жонини сақларди. Буни яхши билган Тошбой бобо аввал бошдан Тангриқул бобога ҳам юмуш борлигига ишора қилган эди. Шу боис Тангриқул бобо Ўктам билан ўрин алмашиб чўпонларга кўмак берарди. Юмушлар мўйсафидга малол келса ҳам бундан сира ўзини олиб қочмасди. Зеро, унинг ва бутун оиласининг емак-ичмаги Тошбой бобонинг зиммасида эди ва улар ҳеч нарсадан зориқмасди. Фақат қор қоплаган заминдай ўзгармас кунларнинг адоғи кўринмас, бундан Тангриқул бобо ва оиласининг диққати ошарди. Қон-қариндош ва уй соғинчи ички дард каби сездирмасдан уларнинг мадорини сўриб олмоқда эди. Ҳаммадан ҳам кўпроқ Ойдиннинг силласи қуриб борарди. Уни дард беаёв эзар, шунга қарамасдан Ойдин бировга бу ҳақда чурқ этиб оғиз очмас, ўткинчи хасталикдир, деб жон борича ўзини ишга урарди. Ойдин юмуш билан чалғишга қанча уринмасин бари беҳуда эди. Боз устига Тошқул шўронинг совуқ нигоҳи кўз олдидан кетмасди. Шўро Менгзиёни олиб кетаётганда ва Тангриқул бобони излаб келган пайтда Ойдинга еб қўйгудай тикилгани унинг кўз ўнгида қотиб қолганди. Бундан Ойдиннинг дили хуфтон бўлиб ёқимсиз нарса егандай ўзини лоҳас сезарди. Тағин кўлда чўмилаётганда Тошқул уни пойлагани эсига тушар ва кўнглига соя ташлаб турган бу воқеа энди Ойдиннинг бутун ҳаётига қора бўёқ чаплаганди. Ойдин шулар ҳақида ўйлаганида эл оғзида достон бўлган чеҳрасини балчиққа булашга ёки тиғ билан нимталашга ҳам тайёр эди. Холбуки, Ойдин оиласининг сарсон-саргардон бўлиб юришида ўзини айбдор санарди. Ана шундай пайтда шўронинг наҳс босган нигоҳидан қутула олмаслиги унинг дилини аёвсиз эзғилаб ташлаган эди.
Яна тағин Ойдин севгидан сархуш бўлиб юрган чоғини эслар, ўша пайтда кўнглини чароғон айлаган туйғу энди юрагига буров соларди. У бу азобга бардош беролмай гоҳо:
– Ерютсин сени, Тошқул! Кўзингди қум тўлдирсин!.. Сени қошингда шайтонам уялади. Ахир, ҳар қандай пасткашликди чегараси бор, лекин сени қилиғинг… Худога солдим. Ўзи ҳисобингни қилсин! – деса, баъзан:
– Агар шу қилиғинг бўлмаганда яхши одам эдинг-ку! …Кўнглимни сендан совитган Худойимга минг шукурлар бўлсин! – дер ва бу гапни биров эшитиб қолишидан чўчиб тилини тишларди. Кейин ғўр ва содда ёшлигига лаънатлар айтар, бу изтиробдан озод бўлиш учун Элмуродни бағрига босиб, боланинг кўзига узоқ термулар эди. Зеро, уни мусибатдан фақатгина гўдакнинг маъсум ва беғубор нигоҳигина қутқара оларди. Мана шундай ичикишлар уни анчайин ҳолдан тойдирди. Бир ой ўтар-ўтмас дард кучайгандан кучайиб, Ойдин тўшакка михланиб қолди.
Ойдин туни билан иситманинг зўридан инграб чиқар, томоғидан сув ҳам ўтмасди. Марям момо унинг бошида гиргитдон бўлиб ёнидан бир қадам ҳам нари кетолмай қолди. Тангриқул бобо ҳам, Ўктам ҳам чўпонларга қарашиш учун чиқса-да, ўй-хаёли уйда – Ойдиннинг қайғуси билан эди. Унинг аҳволи жиддий эканини кўрган Тошбой бобо бу ҳавода тоғ сўқмоғидан юриш хавфли бўлса-да, ўғлини нариги қишлоқдан табиб айтиб келишга юборди.
Табиб Ойдиннинг аҳволини кўриб донг қотди. У қайта-қайта беморнинг томирини ушлаб кўриб бош чайқар, аммо ёнидагиларга бирон сўз демай, ҳамманинг диққатини оширарди. Ниҳоят:
– Тушунмадим, – деди табиб. – Дарди борга ўхшамайди. Аҳволи бўлса… Бирон ирим-амал қилиш керакдир?
– Қилмаган амалимиз қолмади. Энди бари умидимиз сиздан, – деди Тангриқул бобо.
– Қўлимдан келса, жон деб даволайман. Биз бир сабабчи, – деди табиб ўйланиб.
Ойдинга қандай даво қилишни билмай табибнинг боши қотган эди. Сўнг гиёҳ халтасидан тугун чиқариб, дориворларни саралаб:
– Булар қувват дори. Буниси шамоллашди йўқотиб, иссиғини туширади. Наригиси иштаҳани очади. Бизди билганимиз шу. Давосини Олло берсин! – деди.
Табиб дориларни қандай тайёрлаб, қайси маҳал ичириш кераклигини тушунтиргач, кетишга изн сўради. Тошбой бобо уни кузатиб қўйиш учун ташқарига чиқар экан:
– Рустамбой, – деди табибга қараб. – Келинди аҳволи тангми?!
– Очиғи, билмайман. Бояги гапим гап. Ҳеч бир дарди йўқ. Ирим-амалдан бўлса керак.
– Сиз билмайдиган дард йўқ эди-ку, Рустамбой. Қирқ мамлакатдан келиб, сиздан даво топганларди кўп эшитганмиз, – деди Тошбой бобо унинг гапига ишонмай.
– Бизам бандамиз, бова. Билганимиздан билмаганимиз кўп… Ўзи булар ким, илгари бу ерда яшашмасди?
– Ким бўларди, кун ўтарга мол боқиб юрган чўлиқ. Илгари товнинг нариги томонида яшаркан. Аркар7 билан сен-менга бориб қолибди. Уям бўлса қишди кунида қувиб солибди, – деди Тошбой бобо, Тангриқул бобо ҳақидаги хабар ҳукумат одамига етиб боришини истамай. Табиб ҳа дегандай бош чайқади-ю, йўлига равона бўлди. У қирдан ошиб кетгунча Тошбой бобо табибни кузатиб турди. Сўнг Тангриқул бобонинг уйига қараб юрди. Эшик қаршисига бориб йўталди-да:
– Ўктам, – деди.
Ичкаридан Тангриқул бобо овоз берди:
– Келинг, келаберинг!
Тошбой бобо ичкарига кирганида Элмурод онасининг ёнига ётиб олган, Марям момо косада дори тайёрлаётган эди. Тангриқул бобо уни хона тўрига таклиф этди. Улар Ойдин ноқулай аҳволга тушмасин учун унга орқа қилиб ўтирди. Бу орада Марям момо иштаҳа очадиган дорини тайёрлаб келинига ичирди. Аммо Ойдин дорини қайтариб ташлади ва қайнотасининг ўтирганига ҳам эътибор бермай, оғир уҳ торта бошлади. Марям момо унинг бошида парвона бўлиб айланар экан, Элмуродга:
– Тур, болам, бобонгди олдига ўт, – деди.
Элмурод эринчоқлик қилиб ўрнидан жилмади. Борган сари ўзини янада беҳол сезаётган Ойдин базўр қўлини кўтариб, Элмуроднинг бошига қўйди ва ўғлининг иситмаси борлигини билиб қолди. Ойдин буни Марям момога айтди. Кампир Элмуроднинг иссиғини кўриб бўларича бўлди ва овозини баралла қўйиб:
– Нима бало бўляпти сенларга?! – деди.
Момонинг бу ҳайқириғидан сўнг Тангриқул бобо ўгирилиб қараб:
– Тинчликма?! – деди.
– Энди небарангизди иссиғи чиғибди.
Бу гапдан сўнг Тангриқул бобонинг ҳафсаласи пир бўлиб:
– Бу нимаси бўлди? – деди.
Тошбой бобо бу савол ўзига қарата айтилгандай:
– Аввалдан-охир бизда бундай дард бўлмаган. Ана Рустамбой, ҳеч бир касали йўқ, деди. Эса, мен сизлардан паналатиб сўраб кўрдим, – деди.
Тошбой бобо бу мулоҳазаларни ажиб бир маҳзунлик билан айтаркан, Марям момо бошида ярқ этган фикрдан қувониб:
– Эсайганда эсимни жемай ўлайин, – деди. – Буларингиз ер ойинлаган-ку, бобоси!
– Ай, ишларинг тушсин… Тупроқ бормиди?!
Мариям момонинг авзойи ўзгариб, бояги қувончи йўқолди ва:
– Билмайман! Шошилганда эсдан чиққан бўлмасин-да, ишқилиб, – деди.
Чол-кампирнинг сўзларини тинглаб ўтирган Тошбой бобо ҳайратланиб:
– Ер ойинлаши нимаси? Қандай тупроқ керак? – деди.
– Буям бир касаллик, – деди Тангриқул бобо. – Одам туғилиб ўсган жойидан узоқлашса, ҳаво ўзгариб, шундай дардга жўлиғади. Одам ўзи яшайдиган жойди бир сиқим тупроғи билан бошини ювса, дарди арийди. Бўлмаса, минг дори-дармон қисин, пойдаси йўқ.
– Эй, шўндай демайсизма? Илгари эшитганман. Пасдан олиб кеган қўйимиз уч кун ўтмай, ҳеч нарса жемай қолди. Шунда қанча йўл юриб тупроқ олиб кебедик.
– Ҳа, ана шу-да! Бу ўзи одамдаям, молдаям бўлади.
– Ойдин, тупроқ бормиди? – деб сўради уларнинг гапини бўлиб Марям момо.
Ойдин ётган жойида бошини базўр кўтарди. Хаёлини жамлаб олаётгандай атрофга жавдираб боқиб:
– Кенжа билмаса, – деди.
Марям момо унинг жавобини кутмасдан, уйни ағдар-тўнтар қилиб, буюмлар орасидан тугунга тугилган тупроқ излай бошлади. У чор тарафга аланглаб ахтаринар экан, ўша куни ўзининг тоби йўқлиги боис Ўктамнинг ҳам, Ойдиннинг ҳам юрт тупроғидан бир сиқим олиш хаёлидан фаромуш бўлганини билмасди. Умуман олганда, улар ўша вақтда ўз жонлари билан овора эди. Аммо, шунга қарамасдан улар буни унутиши мумкин эмасди. Негаки, Марям момо фарзандлари уйдан олисга, узоқ муддатга кетадиган бўлса, бир сиқим тупроқсиз жўнатмасди.
Марям момо тупроқ топишдан умидини узиб боргани сари нафас олиши оғирлашиб, ўзини ниҳоятда ожиз ва нотавон ҳис қилмоқда эди. Бунгача Тангриқул бобо ҳам ўрнидан туриб, ахтарина бошлади. Мўйсафид уйидан чиқишда бир сиқм тупроқ олиб кетгани аниқ эди. Аммо уни қаерга қўйганини эслай олмасди. Бир пайт Тангриқул бобо дарё соҳилида ўтиргани, чўнтагидан тупроқни олгани ёдига тушди. У шоша-пиша чакмонининг чўнтагини қаради. Тупроқнинг йўқлини билгач Тангриқул бобо уни соҳилда қолдириб келгани аён бўлди. Аммо чол-кампир умидини узмай ахтаринишда давом этарди.
Тошбой бобо ноқулай аҳволга тушди. У ўтираверишни ҳам, туриб кетишни ҳам билмай, аро йўлда қолди. Бу орада Ўктам ҳам совуқдан қизариб кетган қўлларига куҳ-куҳлаб кириб келди. У кўриниши билан ота-онаси бараварига:
– Тупроқ олганмидинг? – деди.
Гап нимада эканини билган Ўктам совуқ урган қўлини бир-бирига ишқалаб, уйидан жўнаш олдида ва ундан сўнг бўлиб ўтган ҳодисаларни хотирасида тиклади. Деразадан қочиб чиққанини, том устида совуқ еб ётганини, сўнг Тошқул шўро кетгач, томдан тушиб онасининг тоби йўқлигини кўргани ва совуқда қалтираб дарё кечиб ўтганини. Буларнинг барчаси худди ҳозир содир бўлгандай кўз ўнгидан бир-бир ўтди. Аммо тупроқ олганини сира ҳам эслай олмади. Улар ҳафсаласи пир бўлиб, бошини эгиб, гардани билан хонадаги оғир сукутни базўр кўтариб тураркан, Тошбой бобо:
– Шу ернинг тупроғи бўлмайдима? – деди.
Унга жавобан Тангриқул бобо оғир бош чайқаб, йўқ, ишорасини қилди. Ўктам эса:
– Қишлоққа бориб, тупроқ олиб келаман, – деди.
– Бугун кеч бўлди. Қишлоққа боришди эртага ўйлаб кўрамиз, – деди Тошбой бобо. Унинг гапи бошқаларга маъқул тушди.
Ойдин эса қишлоқ сўзини эшитиб, келинлик уйини, Менгзиёни эслади. Сўнг дарёдан кечиб ўтгач, орқага бурилиб қишлоққа сўнгги бор қарагани ёдига тушди. Ўшанда қорга бурканган қишлоқ, соҳилдаги жангалзор ортида хокисор ва ғариб бўлиб кўринган эди. Ўшандан буён уйлари ёдига тушганида беихтиёр шу манзара кўз олдига келади. Қишлоқни шундай манзарада эслаш Ойдинга шўронинг совуқ нигоҳидай азоб беради ва қайнонасининг: “Орқага қараманглар”, деган гапини эслайди.
Кечанинг бир маҳалида Ойдин оғир уҳ тортди. Барча бараварига унга қаради. Ойдиннинг ранги сарғиштоб бўлиб қолган, юз-кўзи янада сўлғин тортганди. Ойдиннинг оғир-оғир нафас олишини айтмаса, унда ҳаёт аломати сезилмасди. Унинг аҳволини кўриб, шошиб қолган Тангриқул бобо қироат билан оят ўқий бошлади. Майин ва маҳзун оҳанг билан таралаётган каломни эшитган Ойдин аланглаб атрофга қарай бошлади. Сўнг қайнонасига кўзи тушиб айбдордек нигоҳини олиб қочди. Тағин кафтини ўғлининг пешонасига қўймоқчи бўлди. Аммо қўли ҳавода титраб, ўқ еган қушдай тапиллаб тушди.
Ойдин каломни мароқ билан тинглаб оройиш оларкан, юз-кўзида ҳаёт аломати сезилмай қолди. Буни кўрган Марям момо: “Бола-ам!” деб додлаб юборди. Унинг овозидан Элмурод чўчиб тушди. Ойдин эса кўзлари олайиб атрофга аланглаб қолди. Тангриқул бобо чакки қилдинг, дегандай бош чайқади.
Марям момо набирасини турғизиб:
– Болажоним, энангди бетидан ўп, – деди.
Элмурод гўдаклигига бориб норизо оҳангда ингранди. Лекин момосининг қистови ила онасининг юзига лаб теккизди. Шу тобда Ойдин базўр кўзини очиб ўғлига қаради. Бу нигоҳда қишлоғига сўнгги марта қараганида кўнглида бош кўтарган туйғулар жамланган эди. Айни дамда кўз олдидан энг гўзал ва бахтли дамлари бирма-бир ўтди. У аввал беғубор ёшлигини, дарё соҳилида пода боқиб юрган ўсмирлик чоғини, Менгзиё билан тўйларини ва Элмуроднинг туғилганини эслади. Ойдин буларнинг барча-барчасини бир лаҳзада кўз ўнгидан ўтказиб маъюс жилмайди ва юзида ўзгача оройиш зуҳр бўлди.
Ойдиннинг жони узилгач, Марям момо ва Ўктам овоз чиқариб йиғлаб юборди. Бундан Элмурод қўрқиб кетди. Улар боланинг аҳволини кўриб, ўзларини бироз қўлга олди. Шунда ҳам Марям момо уни бағрига босиб, айтиб-айтиб йиғлар эди. Ўктам ҳамон кўз ёши қилаётган бўлса-да, ўзини қўлга олиб, отасига юзланди:
– Мен бориб Тошбой бобомга айтиб келай. Қиш куни қисқа, эртароқ уринайлик, – деди эртанги дафн маросимини назарда тутиб.
Аммо Тангриқул бобо ҳеч кутилмаганда қатъият билан:
– Йўқ! – деди. – Ҳеч нарса керакмас!
Унинг бу гапидан ажабланиб она-бола мўйсафидга қаради. Тангриқул бобо:
– Эртага ҳаммамиз кетамиз, – деди.
– Қаерга кетамиз, бобоси? – деб сўради Мариям момо.
– Қаерга бўларди, уйга-да!
– Қишди шу совуғида…
– Жоним ширинлик қилиб уйди ташлаб кемадим. Болаларди эртасини ўйлаб эл-хешдан айрилиб чиққанман… Булар, – дея Тангриқул бобо болаларига ишора қилиб гапида давом этди. – қишлоқди бир сиқим тупроғисиз яшолмаскан, бу яқда тентираб нима қиламан?!
Тошбой бобо ва бутун овул аҳли қанча уринмасин, Тангриқул бобони йўлдан қайтаролмади. Ахири Тошбой бобо:
– Ҳаммагаям тувилиб-ўсган жойи азиз. Ким бўмасин, жураги уйга тортаберади, – деди. – Сизга дуо берамиз… Панжибой билан Мавлон ҳамсоямиз ҳамроҳ бўлади.
Шу куни улар майитни олиб йўлга чиқди. Улар анча юриб, тоғ этагига эниб келишгач, Марям момо бепоён даштга қараб: “Дунёси шунча кенг экан, бандалари нимага ер талашади?” деди. Сўнг Ойдиннинг жасадига кўзи тушиб дарди янгиланди. Тошқул шўронинг исмини тутиб лаънатлай кетди. Шу пайт Тангриқул бобо:
– Жим! – деди. – Бировди боласини бунчалик қарғама. Тошқул нима қисин? У ўзи Худо урган қорабовур8 банда бўлса! Ўзи билгичларди гапи-гап: одам ғужурини жўғотса, боридан айрилиши чин экан. Тошқулди нимаси қолди? На мардлиги бор, на орияти! Ана, кимларди орқасидан эргашиб, кимларди пой-патаги бўлиб юрибди. Эй-ей, у шўрликди кўрган куни қурсин!
Улар дарёдан ўтиб қишлоққа кириб келганида изғирин жон-жонидан ўтиб кетганидан на иссиқ-совуқни ва на оғриқни сезмай қолишган эди. Қулоқ-бурунлари совуқдан қизариб, кўкарган бўлса ҳам, чарчоқ ва мадорсизлик сабаб танасида тер кўпчиганди. Тангриқул бобо шамол пана деб Элмуродни хуржуннинг бир кўзига солиб, унинг бошқа палласига бола вазнига тенг юк жойлаган эди. Элмурод узоқ йўл давомида пўстакка ўраниб хуржун ичида ғужанак бўлиб ўтиргани боис қўл-оёғи увишиб қолди. У митти жони билан шунча азобга бардош бераман деб карахт бўлиб қолган эди…
…Элмуроднинг кейинги умри деярли шу ҳолатда ўтди. Зеро, у ўзини жон сақлаш учун хуржун ичида пўстакка ўраниб ўтиргандай ҳис этарди. Элмурод хуржундан бош чиқариб, адоғи кўринмас қорли сўқмоққа термулгани каби йўл қараб умр ўтказди. Холбуки, вақт ўтгани сари у онасининг ўлимига кўникди. Аммо шўро олиб кетган отаси ва бобосини, кейинчалик урушга кетиб изсиз йўқолган Ўктам амакисини умр бўйи кутиб яшади. Шундай чоғларда бобоси айтганидай Тошқулнинг шўрлик бандалигига шубҳа билан қарарди. Инчинун, шўрога югурдаклик қилиб юрган Шоберди Ўктам билан бир пайтда урушга кетиб, оёқсиз бўлиб қайтди-ю, узоқ яшамади. Аммо шу сафда фронтга жўнаган Тошқул шўро жангу-жадал ичида юриб ҳам бирор жойига тиғ теккизмай омон қайтди. Энди яна Тошқул шўро қишлоқ кўчасида салмоқланиб қадам ташлар, ўзини бепоён даштнинг ва, ҳатто, асов дарёнинг ҳам ҳожасидек тутарди.
Вақт ўтиб Тангриқул бобо ва Менгзиё бахши оқлангани ҳақида бир парча қоғоз қўлига теккан Элмуроднинг дилида умид ёлқинлади. У ўзича: “Отам ва бобом бегуноҳ эканини ҳукумат билибдими, уларни айбдор деганлар тўҳматчилиги учун жазосиз қолмайди”, деб ўйлаганди. Аммо…
У доим оқлов қоғозини қўлига олганида отасини эслар ва совуқ ўлканинг шамоли юзига ургандай бўлар, айни чоғда дунё ноҳақлик ва ёвузликдан иборат деб изтироб чекарди.
Лекин узоқ йиллар ўтиб, Элмурод тонгда кунчиқарга қараб қуёшнинг бош кўтаришини томоша қилиб, шўронинг аччиқ қисматини эслаб, бобом Тошқулга ҳукм ўқиган экан, деган хаёлга боришини ҳали тассаввур қила олмасди. Зеро, йиллар Тошқулга гард юқтирмай асраб-авайлаб келгани билан у кексайиб, нафснинг қора нуқси урган совуқ нигоҳи хира тортиб, қабоҳатга тўйинган вужуди шалвираб, меҳрга муштоқ бўлган чоғида қисматнинг аччиқ қамчиси бошида ўйнай бошлашини; Тошқулнинг қулоғига дод-фиғон қилаётган одамларнинг даҳшатли ўкириклари эшитилиб, бу товушлар борган сари авж олиб, чидаб бўлмас даражада чинқириққа айланишини; охир-оқибат шўронинг асаби буткул ишдан чиқиб, савдойи бўлиб қолишини; ақлдан озган шўрони болалари уйга қамаб, обрўли оила шаънига доғ тушираётган чолга емак-ичмагини панжарали дераза ортидан беришини; соч-соқоли, тирноғи ўсиб, ёввойи одамдай бўлиб қолган шўро куни билан дераза панжарасига осилиб дод солавергач, ўғли отасига қўл кўтаришгача боришини; бундан баттар жазавага тушган шўронинг томоғи буғилиб, тобора ҳолдан тойиб боришини; буни кўриб-билиб турган қишлоқдошлар шўрони қарғиш урганлигини овоз чиқариб айтолмаса ҳам ўзларича шундай хулоса қилишини-да ҳали билмасди!..
Йиллар шошқин дарёдай ўтиб кетди…
Тошқул шўронинг аянчли қисмати ниҳоя топгани ҳақида хабар тарқалгач, эрта тонгда унинг жанозасига саноқлигина одам тўпланди. Йиғилганлар майит сўнгги йўлга ҳозир бўлишини кутиб туришарди. Элдан ажралиб қолишни истамай, жанозага келган Элмурод бобо ёввойи ўт босган чоғроқ ҳовлининг бир четида қишлоқдошлар гапига қулоқ тутиб ўтирарди. Одамлар телевизорда айтилган янгиликни муҳокама қилар, кеча мустақил бўлган юртнинг келгуси тақдири ҳақида сўзлашарди. Бу гаплар орасида ўтган-қайтган воқеалар ёдга олиниб, гап даромади Тошқул шўрога бориб тақалди. Улар ўлган одам ҳақида ёмон сўз айтиб қўйишдан чўчишди чоғи, бирдан жим бўлиб қолишди. Элмурод бобонинг кўз олдига яна қорли довон келди. Кейин бу азобли хотирадан буткул қутулмоқчи бўлгандек дўпписини қўлга олиб тиззасига уриб қоқди. Шу пайт бош хотиралар дувиллаб тўкилгандай чор атрофини гард қоплади. Аммо зум ўтмай гард ҳавога сингиб, ғойиб бўлди. Элмурод бобо тағин Тошқул шўронинг сўнгги йиллардаги аянчли тақдирини эслади. Кейин: “Бобом Тошқулга ҳукм ўқиган экан”, деган хаёлга борди. Айни чоғда қулоғига Тангриқул бобонинг гапи эшитилди: “Тулки инига қараб улиса, қўтир бўлади!”
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 8-9-сонлар