– Ўз оёғи билан жилдирабгина келмаган сув сувлик қиладими?! Кетаман бу Cаҳройи кабирдан… кетама-ан-н!
Дилшод шундай дея ўрнидан сапчиб турди-ю, деразадан ташқарига термилди. У аввал ҳовлисидаги қовжираб қолган дарахтларга, сўнг тик тепалик ёнбағридаги ёлғизоёқ йўлда челакнинг оғирлигидан зўрға одимлаётган қўшни болаларга қаради. Шарқираб оқаётган сойнинг тошлоқ соҳили бўйлаб юрган нигоҳи ниҳоят Бештут қишлоғига тушди-ю, тағин дарди янгиланди.
У ўттиз беш йиллик умри кечган Бештутга ҳасад ва надомат аралаш боқар экан, ота ҳовлиси у ёқда қолиб, ўртанча акасининг ўрнига – Яккатепадаги уйга куни қолганидан ўкинар эди. Аслида-ку, Яккатепа ҳам киши ҳавас қилса арзигулик жой эди. Бундан уч йил бурун ҳам сой бошидаги кичик булоқ Бештутга, бироз юқорида жойлашган катта чашманинг суви эса терак бўйи баравар баландликдаги тошариқдан Яккатепагача бемалол борар, ўн-ўн беш чоғли хонадондан ортгани эса у тиклаган молхонанинг ёнгинасидан сойга эниб кетарди. Шунинг учун ҳам отаси Турди полвон уни бу ёққа кўчираман, деганида кўп ҳам дили оғримаган, қайтанга, пул топаман деб шаҳарма-шаҳар, юртма-юрт кезиб кекса ота-онасини ёлғизлатиб қўйганидан уялган ва кўч-кўронини ўз ихтиёри билан кўтариб келганди. Не касофат урдики, у кўчган йили кузакда сел келиб, тепадаги булоқнинг ўзанини ювиб кетди. Энди ғордан сувнинг шилдираши эшитилади-ю, ўзи кўринмайди, ёмғир тўхташи билан тепа қишлоққа борадиган ариқнинг ўзани тарс-тарс ёрилиб кетади. Шундоқ ҳам лалми ғаллаю баҳорги яйловдан бошқасига ярамайдиган бу кенгликда яккатепаликлар қўл чайишдан тортиб ичимлик сувигача сойдан ташиб, кун кўрадиган бўлиб қолишди.
Дилшод шулар ҳақида ўйлар экан, синфдош жўраси Анварнинг гапи ёдига тушди:
– Ўзинг ўйлаб кўр, пастга энган сувнинг йўлини тўсиб бўладими, а? Сен насос ўрнатаман, қишлоққа сув чиқараман, дейсан. Лекин элнинг оғзига элак тутиб бўлармиди?! Минг йил ўтсаям, ҳамсояларинг Ойсифатнинг касофати уриб, насосдан сув ичадиган бўлиб қолгандик, дейди.
Дилшод шам ёруғида бурқсиётган тутунданми ёки Анварнинг сўзларини тушунмаганидами, юзини тириштириб, навбатдаги қадаҳни даст кўтарар экан:
– Тушунмадим, нимага хотинимнинг касофати уради, – деди кўнгли ҳам емакхона каби қоронғилашиб.
– Лекин қойилман сенга! Билиб туриб билмаганга оласан-а?! Ўзингча мардлик қиламан дейсан-да! …Полвон сени нима учун бадарға қилганини бутун халқ билади-ку!.. Хотининг ҳар икки кунда шаҳарлик бегона эркакнинг машинасида шунча йўлдан ёлғиз келса… Нима, Бештутнинг таксисига ўт тушганми, а? Бир балоси бўлмаса…
Дилшод кейин нима бўлганини эслай олмайди. Аммо эртасига чап қовоғи шишиб, афт-башараси тирналганидан киши танимас қиёфада уйғонди. У ичидаги оловни ўчириш учун совуқ чойни ютоқиб ҳўпларкан, эшикдан кўриниш берган Ойсифатга қарата қўлидаги чойнакни улоқтирди. Ўша куни кечгача эр-хотиннинг жанжали тинмади. Ахийри Ойсифат: “Қандай қасам ич десангиз, ичайин! Кет, десангиз кетайин, лекин бундай номаъқулчиликни қилмаганман! Неча марта айтай, у узоқ қариндошим бўлади, икки марта олиб келиб қўйди. Шундаям текинга эмас, пулини санаб қўлига берганман!” – деб туриб олди.
У хотинининг бу гапларидан сўнг не қиларини билмай қолди. Аслида, аёлидан шу вақтгача кўнгли тўқ эди. Ҳозир ҳам унга жон-жон деб ишонишга тайёр. Аммо анави маломат гаплардан сўнг унинг қаршисида икки йўл бор: ё Ойсифатга ишониб, барига қўл силтаб яшаш ёки ажрашиб, болаларини ўзи билан олиб қолиш! Лекин ҳар икки ҳолда ҳам фарзандларига жабр бўлади. Илло, кун келиб бу миш-мишлар лаънат тамғасидай уларнинг юзига ботса, додини кимга айтади?! Дилшод шулар ҳақида ўйлай-ўйлай, ғийбатлардан қочиб, ҳеч ким танимайдиган, билмайдиган узоқ шаҳарга кўчиб қутулиш керак, деган қарорга келди.
“…Кетаман бу Саҳройи кабирдан… кетама-ан-н!”
Дилшоднинг сўнгги сўзлари Турди полвонга тошдай оғир ботди. Полвон жуссасини тик тутмоқчидай, орқадаги ёстиққа суянганча бошини кўтариб, ҳамон дераза қаршисида турган ўғлига:
– Берман кел, – деди.
Дилшод истамайгина онасининг ёнига чўккаллади. Сўнг:
– Ота, тўғрисиям шу! Бу ердан кўчмасам бўлмайди, – деди.
Ҳеч бир гапдан хабари бўлмаган полвон ўғлининг бу сўзидан баттар аччиқланиб:
– Шунча одам не бўлса, сен ҳам шу! Сувни борсакелмасдан ташисанг ҳам, қишлоқдан бир қадам нари кетмайсан! Бегона элда болаларинг кимнинг қўлига тикилади-а? Топган баҳонанг – сув, сув! Ана, сой тўлиб оқиб ётибди. Бир кунда икки сатил кўтариб чиқсанг, ўлмайсан! Шаҳар кўриб, жуда назиклашиб қолган бўлсанг, энанг иккимиз ташиб берамиз! – деди. Шу билан ота-бола ўртасидаги музокара ниҳоясига етди. Дилшод бошқа бир оғиз ҳам гапирмади. Полвон буни ўзича тушуниб, кампирини олдига солиб, уйига жўнади. Икки кун ўтар-ўтмас, Дилшод яна ўша пултопар ишини ахтариб, аллақайси шаҳарга равона бўлди. У кетди-ю, ортидан гап болалади: “Дилшод пул йиғаётган эмиш”, “У шаҳардан данғиллама бир ҳовлининг савдосини пишитиб қўйганмиш…”.
Буни эшитган полвон келинини қистовга олди. Аммо Ойсифат: “Билмадим, аниқмас”дан нарига ўтмади. Чол бундан бироз таскин ҳам топган эди, тағин миш-мишлар баттар авж олди. Ўша ғийбатлар билан аралашиб, келини ҳақидаги гап-сўз ҳам қулоғига етди. Шундан сўнггина полвон Дилшоднинг нега “кўчаман”га тушиб қолганини фаҳмлади. Яккатепаликларнинг: “Бу гаплар рост бўлмаса, шунча йилдан буён оқиб ётган булоғимизни сел олиб кетармиди? Полвоннинг келини келиб, қишлоғимиздан файз кетди”, деган гапи унинг гарданига чилвирдай ботди. Бир кўнгли ўша шаҳарлик таксичи билан келинини хумордан чиққунча қамчиламоқчи ҳам бўлди. Аммо бу туҳмат тошидан бўлак нарса бўлмаса, юзи шувут бўлишидан чўчиб, шаштидан қайтди. Тағин сой бошидаги булоқ ёдига тушиб, тўриғининг бошини ўша томонга бурди.
Турди полвон йилқини ўз ихтиёрига қўйиб кетаркан, ўргимчак тўрига илинган ўлжа янглиғ хотиралар гирдобида қолган эди. Ҳув ўшанда, булоқни сел ювиб кетган пайтда полвон яккатепаликларни йиғиб, қишлоққа сувни қай йўсин қайтариш мумкинлиги ҳақида гап ташлаган эди. Бунга ҳар ким ҳар турли сўз айтса-да, гап равиши полвоннинг ўзига бориб тақалган ва сувни қайтариш имконсизлиги алланечук тушкун бир оҳангда айтилган эди. Ўшанда ўғлининг ён қўшниси Рустам: “Ҳа, энди, полвон бобо, сувни пастга қаратиб тортиб кетган бўлсангиз, ўзингиз қайтариб берасиз-да! Лекин бу бизнинг қўлимиздан келадиган иш эмас. Ғорнинг чуқурлигини бориб кўрдингизми?” деган эди. Турди полвон эса бу гапларни шунчаки ҳазил билганди. Энди ўйлаб қараса, Рустамнинг ҳар бир сўзида аччиқ киноя, коса тагида ним коса бор экан. Турди полвон ўша гапларни эслар экан: “Элнинг олдида бўларимча бўлган эканман-ку!” дер ва ер ёрилишини кутиб ўтирмаёқ, тупроқ тагини макон тутгиси келиб кетарди. Ахир, орияти тоғдан баланд бўлган киши учун бу каби сўзлар ўлим билан баробар эмасми?! Боз устига бир замонлар Эшмат тўқимчи қўшни аёлга ёвқараш қилгани учун уни эл олдида шармисор қилиб, бу ерлардан бош олиб кетишига сабабчи бўлган ҳам Турди полвон эди. Мана энди келини… Ўрни келса тоғни ҳам жилдиришга қурби етадиган полвоннинг қадди бу ғамдан дол бўлди. У бир куннинг ўзида яна етмиш ёшни яшаб ўтди. Йиллар аёвсиз чизиқ тортган юзи ғамдан қорайиб, соч-соқоли бирдан оқаргандек бўлди. У Дилшодни фарзандларини ёлғиз ташлаб, ойлаб, йиллаб йўқолиб кетгани учун бўралаб сўкар, хаёлан ўғлини ҳам, келинини ҳам ўлгудек қилиб дўппосларди. Тағин Ойсифатнинг бундайин телбалик қилишига ишонмас ва шу чоқда яккатепаликларга қарата: “Кўнгилларинг бир ютум сув билан тўладиган бўлса, челаклаб бошларингдан қуйганим бўлсин!” дерди. Сирасини айтганда, полвоннинг кўнгли ғийбатпараст ва лоқайд қишлоқдошларидан ҳам, улар нафас олаётган ёруғ очундан ҳам совиб кетганди.
Полвон шунга ўхшаш ўйлар билан булоқ бошига қозиқ қоқиб, хуржундаги узун арқоннинг бир учини унга боғлади. Бошқа томонини эса ғорга ташлаб, арқонга осилганча пастга тушди. Полвон унинг тубига етганда тиззасига уриб оқаётган муздек сувдан бошқасини ҳис этмас, қоронғида кўзига ҳеч нарса кўринмас эди. Одам бурилиб олиши мушкул бўлган торгина чуқурнинг чор тарафи тош билан ўралган, сувнинг қаердан чиқиб, қай томонга кетаётганини билиш мушкул эди. Умрининг етмишинчи довонидан ошиб ўтган чол совуқдан дирдираганча дам қўли, дам оёғи билан пайпасланиб, сув оқиб кетаётган жойни ахтарарди. Ниҳоят, аввал сув чиқаётган, сўнг сингиб кетаётган ерни топди. Ғорнинг тубидан бир қарич тепа жойдан сув қайнаб чиқар, бироқ одамнинг белидай келадиган ёриқ уни ютиб юбораётган эди. Полвон ғор тубидан тош ахтарар экан, яккатепаликларни ҳам, ўғли Дилшодни ҳам койий бошлади. Ахир, сув кетаётган жой унчалик катта эмас экан. Улар бўлса кўрмай туриб: “Сув бундай жойда пастга қараб кетдими, олдини тўсишнинг фойдаси йўқ”, деганди.
– Ё, тавба, – деди полвон Дилшод билан юзма-юз сўзлашаётгандай, – битта тош билан битадиган чуқурни деб шундай ердан кўчиб кетаман, дейсан-а?! Мана, энди уйинг тепасидан бир ариқ сув оқиб турсин-чи, кўчиб қаерга бораркансан!
Турди полвон шунга ўхшаш ўйлар ичра қўлига илашган тош билан сувнинг йўлни тўсди. Аммо тошнинг бўртиғи кўтариб қолдими, тошнинг тагидан сув кетиши тўхтамади. Полвон бироз энгашиб, тошни оёғи билан тепди. Фойдаси бўлмади. Тағин қаттиқроқ бир ҳаракат қилган эди, қўяётган тўсиғи баравар оёғи ҳам чуқурнинг нариги тарафига ўтиб кетиб, сони тош орасида сиқилиб қолди. Турди полвон оёғини тортиб олишга қанчалик уринмасин, мажоли етмас, ёриққа тўсиқ бўлиб қолганидан сув сатҳи кўтарилиб борар эди. Полвон боягидан ҳам баттар дир-дир қалтирар, шу баробарда пешонасидан аччиқ тер қуйиларди. Оёғини чиқариб олишга беҳуда уринар, кимдир ичкарига қараб тортаётгандай эди. Ғор тепасида боғлиқ турган от эса хавфни олдиндан пайқагандек, ер тепсиниб, қисқа-қисқа кишнар ва қозиғи атрофида тинимсиз айланарди. Ғор эса сув билан тўлиб борарди. Полвон борган сари ҳолсизланар, ҳамон оёғини тортиб ололмай сарсон эди. Ниҳоят, забонсиз жонивор бор қувватини йиғиб, олд оёқларини ҳавода ўйнатганча силтаб, арқонини узди-да, қишлоқ томонга шиддат билан югуриб кетди. Тўриқнинг шиддати вужудига сиғмасди. Қулоқлари орасидан визиллаб ўтаётган совуқ шамол ва ҳожасининг ғами аралаш кўзёши шашқатор бўлди. Яккатепанинг уч йилдан буён қуруқшаб ётган тошариғида шилдираб сув оқа бошлади.
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 12-сон