Бекзод Ўктам. Муқаррар (ҳикоя)

Одам ўлдирилган!

Маҳкама хизматчиси тилидан айтилган бу сўз буткул ўзга хаёлда дарвозахонага монанд узун кутиш йўлагида дилтанг турган уч кишини тамоман довдиратиб қўйди. Улар тагига сув кетишидан зах нақ иккинчи қаватгача кўтарилиб зангтус олган бу кўҳна даргоҳга ўз юмушимизга кўра келдик, деб хаёл қилишган, шунча йил яшаб жиноят содир этишдан мудом ўзларини тийиб келгани боис дастлаб хизматчи шунчаки ҳазиллашяпти, деб ўйлашди.
– Совуқ ҳазил қиларкан, — деди шифокор. У юрак хасталигини даволашда тенгсиз, маҳкама бошлиғи эса залворли вазифада бўлгани, шу баҳона курсида қимирламай ишлагани оқибат юрагини ёғ ўраб борар, аксига олиб ҳаракатга эмас, заҳар-заққум дорига зўр берганди – ҳузурига кирсам, тонгда, яхшиси қош қорайганда югуринг, бошқа ҳеч иложи йўқ, демоқни кўзлаб турганди дўхтир. Одатда уни ўзлари олиб кетишар, шу сабаб ишининг, аввало ўзининг қадрини юқори санаб юрарди. Нуфузли кишилар, айниқса, мана бу амалдорлар хизматидан эса бўйин товламасди. Товлаб, товланиб бўлмасди ҳам.

— Ҳали ёш бўлса керак, — деди тилларанг гардишли кўзойнагини олиб кўзини ишқаганча адвокат. – Ҳа, янги. Уни аввал учратмаганман. Ёшларнинг димоғи баланд бўлади, катта ишга ўтса, ўзларича шундай димоғдор бўлиб қолишади.

— Аммо-лекин ҳазиллашаётганга ўхшамайди, — кўнглидагини айтди мужовул – эгнида кулранг тўн, қўлида дўппи тутган, қаттиқ ҳаяжонда эканини соққасининг ҳар томонига бориб келаётган қорачиқлари айтиб турарди.
— Ҳозирги урф, — деди адвокат бепарво оҳангда. Тор дарвозахонада туриш уни асабийлаштирарди, қолаверса, не бўлганда ҳам қонуну инсон ҳимоячиси, манави дўхтиру аллақандай мужовулнинг олдида мулзам бўлиб ўтиришни ўзига эп кўрмаётганди. – Аввал обдон куттиришади. Ўзларининг қадрини оширишади. Асабингиз тамом бўлгач, ҳар қандай шартга кўниб кетаверасиз. Бу эскирган услубдан терговчилар кўп фойдаланади. Жиноятда гумон қилинганни чақириб, эшиги олдида соатлаб куттиради. Бояги бечора айби бўлмаса ҳам папирос чекавериб, ўйлайвериб, адойи тамом бўлади. Кейин тиркалган айбни ҳам осонгина бўйнига олади-қўяди. Агар чиндан ҳам жиноятчи бўлса, узоққа бормайди – бирданига фош этиш мумкин.

Унга фақат мужовул эътибор берар, қонун вакилининг ҳар сўзини астойдил маъқуллаб турарди. Доктор эса бир олам иши қолиб кетаётганидан алағда, шу сабаб бир жойда туролмасди. Қўлини аввал шимининг, кейин бахмал тусли костюмининг чўнтагига солар, бўйнини қисиб қордай оқ кўйлагининг ёқасига ишқарди. Адвокатнинг гаплари уни асабийлаштираётганди.

— Сизни яхши танишади, бир суриштириб кўрмайсизми, – деди у адвокатга. – Сўранг-чи, нимага чақиришибди? Ҳаммамиз ишли одаммиз, вақт кетяпти… Касаллар кутиб қолди…

Қонун вакили бу пайтда ўзини жон-дили билан эшитишга тайёр одам топилганидан хурсанд ҳолда айбланувчи ва терговчи психологияси ҳақида гапирарди. “Жиноятчи бўласизми-йўқми, терговчи ишни қўполликдан бошлайди. Сенсирайди, сўкинади, ҳақоратлайди. Яъни… аввал руҳан синдиради. Ғўддайиб турган одамни тилидан ушлаш қийин-да… Руҳи чўккан одамни эса қайириб олса бўлади. Чўнтагингиз тўла ақча бўлсин – ўзингизга ишонч ортадими? Ортади. Сариқ чақангиз ҳам бўлмаса, бу ишонч сусайиб, муттасиллик асносида ҳатто йўқолиб кетади. Шундай аҳволга тушасизки, терговчи баён қилган тафсилотларни ҳеч нарса билан инкор этолмайсиз. Шунинг учун ичкарига кирсангиз терговчининг бу тахлит муомаласидан ҳайрон ҳам, хафа ҳам бўлманг. Ўзингизни босиб, бемалол жавоб қайтаринг. Менимча сизда ҳеч қандай гуноҳ йўқ… ”
Мужовул бу дамда тинмай “Асло!.. Зинҳор!.. Худо сақласин…” деб такрорларди. Докторнинг даъватидан оғринган адвокат шунчаки одам эмаслигини кўрсатиб қўйиши керак эди. Ҳарқалай, доктор иши кўплиги важидан эмас, адвокатдан кўп гапирмай амалда нимадир қилишни талаб қилаётганди.

Қонун вакили бу тор жойда товуши кимгача етиб боришини чамалаб кўрди. Бу тахлит иморатлар тарҳидан аёнки, яқин-ўртада ҳеч ким уларни эшитмайди. Нарироқдаги асосий бинодан тушиб келиб керакли гапни етказишади. Шунинг учун адвокат айни чоғда чорасиз эди.

— Тушишсин, кейин айтамиз, — деди у “Нима, ҳеч ким йўқлигини кўрмаяпсизми?” деган оҳангда. – Дўхтир кўп-ку, касаллар фақат сизга маҳтал бўлиб қолмагандир?

Кейин худди қонун вакили экани эсига тушиб қолгандай дафъатан сўради:
— Нимага асабийлашяпсиз ўзи? Ё…

Докторнинг энди чиндан ҳам жаҳли чиқди:

— Тилингизга эрк бераверманг!.. Билиб турибман қандай шубҳага бораётганингизни. Мен докторман, шаҳардаги биринчи рақамли доктор. Соҳамда менга тенг келадигани йўқ, буни ҳамма билади… Мени айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Айниқса сизнинг…

Қўрс жавоб адвокатни эсанкиратиб қўймади. Қайтага хотиржам торттирди. Ҳарҳолда кимнингдир тиззаси қалтираяптими, ўшанинг бўйнида бир иллат бор.

— Тўғри, биринчи рақамли бўлишингиз мумкин, — деди адвокат. – Бу дегани айбингиз йўқ дегани эмас.

— Қўйинг, адвокат бува, — орага кирди мужовул. – Гумон иймондан айиради дейдилар. Чиндан ҳам бу киши таниқли дўхтир, бундай одамлардан шубҳа қилиш дуруст эмас.

— Бўлмаса нега сиз хотиржам турибсиз? – деди адвокат захдан қуми титилиб кетган деворга қўлини тираб. – Айбингиз йўқ, биласиз. Шунинг учун кўнглингиз тўқ.

У гапини давом эттиролмади:
— Эй, биродар, ишим кўп дедим-ку. Касаллар кутиб қолди. – Доктор шундай дея костюмининг тугмасини бўшатди. Унинг асабий ҳаракатлари ва олдинга туртиб чиққан қорни адвокат эътиборидан четда қолмади. – Юрак касали билан ўйнашиб бўлмайди. Томоғи ё тиши оғриган одам кутиб турар, лекин юрак ишнинг кўп-камлигига қараб ўтирмайди. Таққа тўхтайди.

Мужовул энди докторни маъқуллай бошлади: “Тўғри, ҳар кимнинг ризқи узилса, бунга чора йўқ”. Адвокатнинг эса доктор мавзуни чалғитаётганидан хуноби ошарди. Айни ҳолатда у айбдорни шу ерда аниқлаб, ўзининг айбсизлиги учун тараддуд кўраётгандай эди. Мужовул ҳам буни сезди ва унинг қилиқларига ортиқ эътибор бермай қўйди.

— Мен бир нарсага тушунмаяпман, — деди анча хотиржам ҳолда доктор. – Мана сиз, адвокатсиз. Ҳуқуқ ҳимоячиси. Лекин нимага менга ёпишиб олдингиз, ҳайронман. Терговчи эмассиз, суд эмассиз. Айбим бўлса, жавоб берарман. Асабийлашяпти эмиш… Аслида сиз кўпроқ жиғибийрон бўляпсиз! Ўзингизни тутишингиз номаъқул иш қилиб қўйиб, айбини бировга тўнкаган ёш боланинг қилиғини эсга солади…

— Э-э, ақлингиз жойидами? — деди пинагини бузгиси келмай адвокат. – Нима деяётганингизни ўйлаб кўряпсизми? Мен шунча йил қонунни ўрганиб келдим, уни бузишни эмас. Ким сизга ёпишиб олибди? Шунчаки нега асаб бузаётганингизга қизиқдим. Шунга шунчами? Хўш, нимага жаҳлингиз чиқяпти?

Шу дамда шифтдан бир бўлак оҳак парчаси шип этиб ерга тушди. Ҳамманинг нигоҳи унга қадалди.

— Захдан, — деди адвокат. Идора нуфузидан бохабар киши у жойлашган бино бу қадар путур топиб бораётганига ҳайрон бўлиши табиий эди. Мужовул шифтга қараркан, деворни уриб кўрди. Худди шуни кутиб тургандек неча асрлардан буён қулфлаб ташлангандай ва ундан ҳеч бир жонзот кириб-чиқмагандай таассурот уйғотувчи кўҳна эшикнинг оғир овози жаранглади ва маҳкама ходими чиқиб келди. Мужовул деворга мушт туширганимни ходим кўрмадимикан, деб қўлини орқага яширди. Ходим эса уваланиб кетаётган деворни тешар даражада тикилиб, айнан унга сўз қотди:

— Сиз! Мен билан юринг…

Мужовулнинг ранг-туси ўчиб, ҳаммага бир-бир қараб чиқди. Нималарнидир пичирлаганча хизматчига эргашди. Қовоғи солиқ ходим занглаб асл туси билинмай кетган эшик тутқичидан ушлаганча мужовулнинг ичкари ўтишини кутди. Докторнинг “Бизни нимага чақиришибди, билмайсизми?” деган сўроғига ҳеч қандай жавоб бермай эшикни қарс этиб ёпди, яна қум зарралари ёғилди.

“Қумдаги аёл…”. Адвокат шу номдаги китобни ўқиганди, сочи ва елкаси оша тушган зарралар ўша таниш битикларни ёдига солди.

…кутилмаган тасодиф билан биз ҳам асир тушган кўринамиз. Фақат асир олувчи жонон эмас, қовоғи уюқ хизматчилар…

Йўлакдаги икковлон қўнғиртоб-яшил тусдаги темир эшик чиқарган зингиллаган товушга диққат бўлиб туришаркан, бу овоз худди мужовулга ўқилган ҳукмдай жаранглади. Суд жараёнларида баъзан, ҳатто аксар ҳолларда бой беришга ўрганиб қолган адвокатга бу ёмон таъсир қилди – деворга суянганча худди яна ютқазиб қўйгандай хомуш бўлиб қолди.

— Бизга қандай айб қўйишни билишмаяпти шекилли, — деди бироздан кейин у ҳазил қилишга уриниб. Унинг бояги беўхшов гумонидан докторнинг ғашлиги ҳалиям тарқамаганди, шу сабаб ҳеч нарса демади.

— Ҳа, менимча, бизни бироздан кейин қўйиб юборишади, — гапида давом этди адвокат. – Адашмовчилик ҳар жойда бўлади. Айбимиз йўқ, нимасидан қўрқишимиз керак? Мужовулни қаранг жим туришини. Ким нима деса маъқуллаб турибди, писмиқ. Ўзи бошда ёқмаганди менга шу нусха. Қилғиликни қилиб ҳеч нарса бўлмагандай туришини кўринг буни…

Айни дамда эса мужовул дим ва бўғиқ хонада ҳаво етмаётгандек пишиллаб нафас олаётган хизматчининг чўччайган оғзига илҳақ қараб турар, қимир этмасдан тошдай қотганди гўё. Семиз хизматчи олдида уюлиб ётган қоғозлардан бош кўтармай ниманидир астойдил изларди.

“Бугунлар тополмаса керак, — ўйлади мужовул. – Бормисан, йўқмисан ҳам демайди-я!..”

Ташқаридаги ҳавога изғирин игналари сочиб юборилган бўлса, хона иссиққина, ходимлар ҳам кўйлакчан юрар, овози пасайтирилган телевизорда қийшанглаган гавдалар, бир қарашда на эркак, на аёллигини билиб бўладиган нусхалар гўё дунё фақат шулардан таркиб топган каби бот-бот кўринар, қизғиш жавонда номига тахланган қалин китоблар ҳар қандай ҳукм ўзига қараб чиқарилишини билгандай вазмин турарди. Ниҳоят излагани топилди шекилли хизматчининг чўччайган оғзи икки томонга қараб камон шаклида ёйилди, кейин қаршисида қаққайиб турган киши ўз хонасига қандай келиб қолганига тушунмагандай ҳайрон бўлиб қаради.

— Шу десангиз, тушдан кейин қорин шишиб кетади-да…

Хизматчининг кутилмаган гапи мужовулни эсанкиратиб қўйди. Пичинг қиляптими, ё киноями, тушунолмади. Чиндан ҳам, ташвишда турган одам бировнинг қорни ҳақида қандай ўйлаб кўрсин ва нима десин?!

— Билмасам, тақсир. Кўп ўтириб ишласангиз керак-да.

— Шу-да, кўп ўтирамиз. Бошқа илож йўқ. Манави қоғозлардан қочиб қутулиб бўлармиди? Лекин шу… одамнинг кучини олиб қўяди-да. Ҳар ўн-ўн беш дақиқада диванга чўзилмасам бўлмай қолди. Ётсам, билинмайди. Ўтирсам, белимдан бўғзимгача қаттиқ бир оғриқ бор.

— Ундай бўлса, дўхтирга кўринмасангиз бўлмайди…
— Сиз-чи?.. Дўхтирмасмисиз?
— Йўқ, тақсир…

Хизматчи чизиқсиз, ялтироқ пешонасини биққи бармоқлари билан мулойим силаб, озгина ўйланди ва деди:

— Менга дўхтир келди, дейишганди… Сиз нима қилиб турибсиз унда?..
— Чақиришган экан… Анчадан бери эшик тагида кутдик, кейин шу ёққа бошлаб келишди…

Энди хизматчининг мулойимлиги йўқолди, юзи қаҳрли бир тус олди:

— Ҳа, билмайсизлар-а, билмайсизлар. Қилғилиқни қилиб, гўё ҳеч нарсадан хабари йўқдай турасизлар. Нима, биз бегуноҳ одамни ўзимиздан ўзимиз сўроққа тутаверамизми?
— Йўқ-йўқ, — ҳовлиқди мужовул. У вазият чигаллашаётганидан хавотирга тушиб қолди ва боя адвокат уқтирганларини эсдан чиқарганини англади, тилига тузукроқ сўз ҳам келақолмади. Уни мушкул ҳолатдан хизматчининг ўзи қутқарди:

— Нима иш қиласиз ўзи?
— Шу… ўзимизнинг мачит, қабристонга қараб юрамиз…

— Тутлар кесилиб кетди-а? – сўради хизматчи. – Шоҳариқнинг бўйидаги тутларни айтаман. Бир кўрганимда ичи ғорнинг оғзидай бўлиб кетган экан. Қуриса керак деб қўйгандим.

Хизматчи билан суҳбат худди шахмат ўйинидай эди. Куттириб-куттириб, қорни шишганидан сўз очади, жиноятда гумон қила туриб, мачитдаги тутларни суриштиради. Бу ёқда бировнинг жони бўғзидаю нафаси халқумидан зўрға ўтадиган кимса қандайдир тутнинг ташвишини қилиб турса. Танаси бошқа дард билмас деганлари шу-да. Ҳар ҳолда у гумондор. Бироқ хизматчининг тунд қиёфаси сал ёришгани мужовулга озгина ишонч берди:

— Йў-ўқ, у тутлар ҳали кўп яшайди… Эскида бирови қўпориб ташлайман деб бульдозер миниб қасд қилган экан, денг. Ўша пайти тили тортиб қолса-да. Минг йиллик тутлар, бировдан ош-нон сўраётгани йўқ эди, камига соя-салқинини аямасди. Шунинг учун бульдозерчига ҳеч кимнинг ёрдам бергиси келмади. Қаердандир қошиқ топиб, оғзига солишганди, барибир кор қилмади…

Буни айтишга айтдию, бирдан қаерда ва қандай ҳолда тургани эсига тушди. “Ҳа, ўл-а, — деди ичида. – Сендан биров шуни сўраяптими? Тили тортиб ўлганмиш, ҳеч ким ёрдам бермаганмиш. Шунинг ўзи жиноят-ку… Тилинг бошингга етмаса гўрга эди. Лекин у воқеага узоқ йиллар бўлиб кетди, энди нимага керак бўлдийкан?.. Буниси майли, нимага мендан шубҳа қилишяпти? Бир айбим – гувоҳлигимми…”
Хизматчи боя топган қоғозидан кўз узмай – табиийки, мужовулнинг ўйларидан бехабар эди – осойишта оҳангда яна суриштирди:

— Қабристонда нималар бўляпти? Ҳар хил гап-сўзлар юрибди…

Шу гапдан кейин мужовулнинг маҳкамадагилар ҳамма нарсадан хабардору атайин синаб кўришаётганига ишончи комил бўлди. Адвокат айтганича бор экан, булар гапнинг пўсткалласини айтиш ўрнига бир бечорани ахмоқ қилиб ўтиришибди. Билганини сир тутиб, қаршисидаги кишининг ўзини тутишини – довдираши, каловланишини кузатишдан мароқ туйиш фақат шу тоифага хос бўлса керак.

Мужовул энди амин эди: қилмиш – қидирмиш. Ахир, қачонгача ҳамманинг кўзига бинойидай ҳаёт кечираётгандай, жамият ўрнатган қоидаларга зид яшамаётгандай кўриниб юрарди? Тўғри, қотиллик қилмагани аниқ, аслини олганда, у одам бўлиб бировга қўл кўтарган зот эмас. Худодан эмас, шунчаки одамлардан қўрққани, уларга ўзининг ҳам ҳаётда борлигини исботлаш учун дин йўлини тутганидан кўз юмолмайди. Шунақаси ҳам бўлади-ку: айримлар худодан қўрқиши баробарида унинг каломини такрорлаб турадиганлардан ҳам ҳайиқади, буни ҳавас ёки ҳурмат дейиш ҳам сал қийинроқ, тўғрироғи ёмон дуо қилишларидан ёки қарғашларидан чўчишса керак – тушунмагандан кейин ҳар турфа қарашлар пайдо бўлаверади. Оқсуяклик деган ниқоб эса мўл имкониятларни туҳфа этади, кимки ўзини шу нарсалар билан иҳоталаб олган ёки буни бот-бот таъкидлашни хуш кўрадими, ҳаётда муносиб ўрин топмаган, истаганига эришмаган. Ҳаммаси кейин бошланади: уч-тўртта оят чала-ярим ёдланади, давралар тўридан жой олинади, ҳаётда ўрнини топганлар, истаганига эришганлар билан қуда-анда тутинилади… Бу катта айб саналмаслигининг боиси шундаки, бир одам жамиятдан ажралиб қолмаслик, лозим бўлса, озгина устунликка эга бўлиш кўйида нимадир ўйлаб топса ва бу қонун мезонларию ахлоққа зид келмаса, уни кечириш мумкин.

“Кулранг-қорамтир булутлар тарқамаган ўша тўполонли кун жуда расво бўлди, бундай булутлар одатда ёмғир келтирмаслиги боис жуда ёқимсиз, буям етмагандай одамни беҳол қилиб қўяди. Кўкка ўқталган мушт каби каллакланган тутлар оралаб қуёш ожиз бир тарзда ботаркан, буни ланжлик билан кузатиб турардим, — ўйларди мужовул. – Юракни эзадиган бундай кунда нимадир юз бериши керакдай эди. Аслида ўша жиноят ҳақида ўзим келиб хабар берганим яхши экан. Мана энди тавқингга “одам ўлдирган” деган лаънатни ҳам илишмоқчи… Бундай бўларини туш кўрибманми. Аслида у воқеа ҳам тушдай бир гап.

…Охирги вақтда қабристонда ўғирликлар кўпайиб қолди, кимнинг бунга қўли боряпти, ҳеч ақлим етмасди – қайси ноинсоф келиб-келиб ўликмакондан нарса ўғирлайди? Серҳашам мармартошлар, қурбонликка деб келтирилган бенуқсон қўй-қўзи, эҳсон қилинган пуллар бошда оз-оз, вақт ўтиб таг-туги билан йўқолиб қола бошлади. Ўғирликнинг одамлар энди-энди мени “эшон бува”лай бошлаган пайтига тўғри келганини қаранг. Бу замонда айбдор бўлишдан осони йўқ, шунинг учун нарсалар йўқолаётгани ҳақида эшон бувани огоҳлантириб қўйдим. Тўғриси, кейинги пайтда эшоннинг ҳам муносабати ўзгарган, чамаси бунга тушум камайгани сабаб эди. “Билмасам, сизнинг вазифангиз, қаранг, олдини олинг!..” деди у ғудурлаб. Қўшни чўпондан даштда юрган бир итини ижарага олиб, эҳсон қутисининг яқинига боғладим. Аммо итнинг ер тирнаб, тиш кериши эҳсон қилувчиларнинг қадамини узишини ўйламабман. Эшоннинг эса норозилиги баттар ортди: “Эс борми, эс, кучукка бало борми?!”

Итнинг ўрнини ўзим эгалладим, қўлим бошқа ишда бўлсаям, кўзим, дилим қутида. Аммо кечга бориб қутини очарканмиз, ичи қуп-қуруқ чиқади. Балки устомонлар йўлини қилиб ўзини пул ташлаётгандай кўрсатиб ичкаридаги пулни суғуриб кетаётгандир, на айбдорни била оламан, на ўйлаб ўйимга етаман. Эшоннинг эса тажанглиги авжига минган. Камига қутига қоровуллик қилган куним, мармартошларни ўмариб кетишади, тошларга қараб чиқсам, қўрадаги қўй-қўзи гум бўлади.

Бир муддат аввал мозор атрофини девор билан ўраш бошланган, каттаконлар бир кўриб кетганидан кейин қурилиш негадир тўхтаган – балки уларга нимадир ёқмагандир, худо билади – оз-моз шағал, ғишт қолиб кетганди. Битта-яримта кўтариб кетиб, жавобгар бўлиб қолмай деб (ҳар ҳолда бу давлатнинг мулки!) шу тақир-тошларни ҳам қўриб чиқдим. Яқин-ўртада шоқолнинг увиллаши, бунга жавобан қишлоқ итларининг жўровоз вовуллаши демаса, кеча тинч-ташвишсиз эди.

Қум-шағалдан хабар олиб, йўлни яқинлатиш кўйида мозорни қийиб чиқаётгандим. Дўмпайган қабрлар орасида бир нарса қорайиб кўринаркан, танам бўйлаб томир ёйиб бир титроқ югурди. Камига қаердадир, жуда яқинда ит улиди. Чигиртканинг чириллаши ҳам қўрқинчли туюлади, чумчуқ пир этса, юрак шир этадиган, наинки бу, тарс ёриладиган ҳолат. Ногаҳон хаёлимга кеча бир кампирни ерга қўйишгани, қорайиб кўринган нарса янги қабрнинг тупроғи эканлиги келди. Танамдаги қўрқув осмонга довур етиб борди чамаси булутларни йиртиб, ой кўриниш берди, шунданми кўнглим бироз ёришгандай бўлди, титроқ ҳам озгина босилди. Қорайган нарса ҳақиқатда ҳам янги қабр эканига ўзимни ишонтириш кўйида шу тарафга қараб юрдим.

Оёқларим бир-бирига чалишиб, гўрга яқинлашарканман… гўрнинг дўмпайиб кўринаётган тупроғидан одам шаклидаги қора бир шарпа ажралиб, мозор дарвозаси томон ўқдай учиб ўтди. Жонҳолатда қичқириб юбордим. Юраги ёрилиб ўлган одамлар ҳолатини ҳис этарканман, бир муддат ҳеч нарсани англолмай, тилим айланмай қолди. Одам тушида кўп воқеаларни кўрадию, аслида у бир лаҳзада онгда кўриниш берган таассуротлар йиғиндиси бўлади-ку, мен ҳам шу ҳолда эдим. Энди ўйласам, ўша воқеа жуда қисқа муддатда бўлиб ўтган, қўрқув сабаб узоқдай туюлган экан.

Бояги шарпа ўқдай учиб кетаркан, нимагадир қоқилиб тушди ва “ҳе онангни…” дея ерга чўзилиб қолди. Бирданига танамдаги бор қўрқув қаергадир чекинди, чунки орада кулги, кулгили ҳолат пайдо бўлганди. Аслида нега қўрққандим ўзи? Даставвал хаёлимда гўрдан мурда чиқди, деган фикр жонланганди. Ё шарпани жин-алвасти деб ўйлагандим. “Онангни…” деб сўкиняптими, буларнинг ҳеч бири эмас.

Ниҳоят, ўғри қўлга тушган эди. Ойлар давомида тинчимни бузган, эшон олдида мени ўғрига чиқараёзган, ўликка мансуб нарсалардан, эҳсон қилинган пуллардан ҳазар қилмайдиган жирканч кимса оёғим остида осмонга қараб ихраб ётар, тусмолимча чўкиб ер билан деярли баравар ҳолга келган кўҳна қабртошга тўқанаб, мувозанатини йўқотганди.

Ғазабдан бўғриқиб, ёқасидан чангаллаганча зилдай гавдасини тортиб турғизарканман, бунча куч ўзимга қаердан келганига ҳайрон бир тарзда унинг қўлида ниманидир маҳкам ушлаб олганини пайқаб муштим билан шу чангалга уриб ҳолсизлантирдим. Панжалар осон очилди, қўлимга теккан шилимшиқ нарсадан ижирғаниб, пойимда латта қўғирчоқдай шалвираб турган кимсанинг бўйнидан баттар қисганча уни ой ёруғига тутиб кўришга ҳам ҳафсала топарканман, хаёлимда ёйсимон бу нарса кеча кўмилган кампирнинг оғзидан ўпириб олинган тилла тишлар экани хусусидаги фикр яшиндай ярқ этди; сесканиб тишни улоқтирар асносида бу қадар қабиҳликдан тап тортмаган, ўмараётган шунча нарсасига қаноат қилмай энди ўликларни ҳам безовта қила бошлаган нусха билан кўзма-кўз бўлдим ва… бояги омбурдай мустаҳкам қўлим жонсиз бир ҳолда сирғалиб тушди, гўё ичи бўшатилган қопдай ҳилвираб қолдим. Қаршимда… ўзим… турардим…”

Яна қайта қоғоз титкилашга тушган маҳкама хизматчиси зўр бериб керишди-да, креслосидан сирғалиб сал наридаги диванга чўзилди.

— Қурилиш нега тўхтаб қолди? – сўз қотди у ётган жойида. – Пулни еб юборишган деган гаплар бор. Сиз нима дейсиз?
— У ишларга аралашмадим ҳисоб. Ҳовлида озроқ қум-шағал қолган, шунга қараб қўямиз.
— Ҳа, ҳеч ким тегаётгани йўқми? Анави… телефонни узатиб юборасизми…

Хизматчи ўз истаги мужовул томонидан бажонидил рўёбга чиқарилишини кузатиб, ётган жойида рақам тераркан, беҳафсала шифтга, хона деворларига кўз югуртирарди.
— Эй, менга қаранглар, мужовулни ким чақирган ўзи? Бирортанг ёмон туш кўриб, ис-пис чиқармоқчимидинг?.. Қаранглар-да энди…
Хизматчи трубкани хуш кайфиятда жойига қўяркан, деди:

— Билмаймиз дейишяпти. Нима бўларди, қурувчининг иши бўйича чақирган-да. Хўп, сиз бораверинг-чи… Лекин бефарқ бўлманглар ўғри-муттаҳамларга…
Мужовул таниш йўлакдан чиқиб бораркан, адвокат четроқда тахланган эски-туски тахта бўлакларини ерга ёйиб ётиб олганига, докторнинг эса бир чеккада қунишиб ўтирганига кўзи тушди. Докторнинг савол оҳангидаги қарашига “Шунчаки, бошқа масалада чақиришган экан…” дея жавоб берди.
“Доира торайди, — хаёлланди доктор. – Демак, қотилликда айбланаётган ўзи. Бўлмаса нега адвокат бу қадар хотиржам, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайди? Ўзидан гумон қилишларига эса асос йўқ, шу вақтгача бирор бемор унинг иштирокида ўлим топмаган. Фақат…

“Ҳали ҳаётдан дарак берувчи юрак зарбларини титроқ бармоқларингда ҳис қиларкансан, бу қўлларда ҳеч қачон ҳеч ким ўлим топмайди, дея виждонинг олдида ичган қасаминг ёдингга келар, айни дамда қонига бўккан шу юрак эгаси бир вақтлар ҳаётингни бағишлаган, ўзлигингни унуттирган малак қалбини забт этганини ўйлаб, турмушингга туташиши лозим ришталар девор оша бошқа бўғотларни кўзлаган кади палаклари сингари буткул ўзга ёқларга тарвақайлаб кетганию мана бу яримжоннинг нимаси сендан устун эканлигига тушунолмасдинг, ваҳоланки унинг бир умр ҳайдовчиликдан боши чиқмади, суюклигингга қандай “жаннат” яратиб бергани ҳам худога аён, мана энди автоҳалокатга учраб уни ярим йўлда ожиз ва маҳзун ҳолда ташлаб кетяпти; йиллар ҳукмини ўтказа бошлаган бўлса-да, кимдир хонангга ташлаб кетгани – суратда кўрганинг – келинлик либосида яшнаб турган суюклигинг (уни шу либосда кўришни қанчалар орзу қилардинг!) билан қўл ушлашиб турган нусханинг биринчи кўзга ташланадиган ўша жингалак сочлари, жарроҳлик ёритгичида ялтираб турган қорамағиз юзи ҳануз ўзгармаган ва бу қорамағиз жингалаксоч билан ҳисоб-китоб они қачондир юз беришини билардинг, орзу-умидларингни чилпарчин қилган бўлишига қарамай айнан у ҳаёт пиллапояларидан дадил кўтарилишингга сабабчи эканидан эса юз ўгиролмайсан, у боис кўп хотиралар қалбингда узилмаган гул орзуси каби тиниқ, покиза сақланадики, бир вақтлар тут соя солиб турган дераза ёнида дарахтдаги марваридларга тикилиб орзу қилишдан чарчамасдинг, бугун иқрорсанки, ҳиссиётдан кўра ақл устунлик қиларди сенда – бутун қишлоқни тилларанг ифорга бўяб, сеҳрли кўринишга келтирган шафақ ёлқинини севгилинг билан майин шабада кезган баланд тепаликда туриб кузатаркансан, шовуллаётган теракзор ёнлаб оқаётган шошқин сой ёқалаб велосипедда бораётиб унинг шамолда яйраётган гунгурт сочлари юзу кўзингни силаб ўтаркан, пиёздоғ ҳиди анқиган тунчўкарда тизза қадар келадиган қор узра югуриб, илк бора бағрингга босаркансан, барибир, ёринг ўзини бахтли санаши учун ҳаётда ўрнингни топиб, кам-кўстсиз муҳит яратиш зарурлигини англаб турардинг – тут салқинидаги хонадан чиқмай китобларга берилганинг боиси шу эди, асли муносабатлар чигаллашувига ҳам келажакни ҳаддан кўп ўйлаганинг сабабмиди: у сени бугун билан яшамасликда айбларди, кўпроқ вақтингни унга ажратишинг, ўйнаб-кулишингни истарди, эртага умр йўллари боғланганда ҳам шу – қоғозлардан узила олмаслигингдан ҳадиксирарди балки; ниҳоят, ўқишга кириб узоқ манзил сари отланганингда эса уни кўрмай кетолмасдинг – аҳду паймон қилиш, у кутишга, сен унутмасликка ваъда беришинг керак эди, билет тунги поездга бўлгани учун кузнинг ғамгин нурлари сезила бошлаган, олам пуштиранг тусда товланаётган бир чоғда таниш мажнунтол томон секин қадам ташлаб бораркансизлар, мутлақо бекерак нарсалар, кечки поездда кетишинг, йўл узоқлиги, ижарада эмас, ётоқхонада туришинг, ўзинг билмаган ўқиш ва яна бир балолар ҳақида пойинтар-сойинтар гаплар айтиб валдирадинг, “Энди декабрда кўришамиз” деганингда ҳам у жим эди, эҳтимол декабргача қанча вақт борлигини чамаларди – унинг олдида айбдордай сезардинг ўзингни, ташлаб кетади, деб қўрқарди у, бироқ сен уни эмас, у сени ташлаб кетди (балки юз ўгирди десак тўғри бўлар), умрингда илк марта уйингдан узоқ, мусофирликда ўзга манзил-макон, ҳиссиз қиёфалар аро эзилиб, бунинг устига узоқ пойтахтда қачон ўқиб одам бўлишингни кутаётган муштоқ нигоҳлар йўқлигини англаб яшаркансан, устингдан кулишганига, ҳеч кимга кераксиз буюмдек ахлат қутисига улоқтириб юборишганига чидолмасдинг: бунинг учун бир кун афсус чекишлари, ҳали ҳаммасига жавоб беришларига шубҳанг йўқ эди, гўё барчаси ишқ-муҳаббат мавзусидаги кинолардагидек бўларди: сен ўқиб, жуда бойиб кетасан, узатган жойга қўлинг етади, машина, уй, сулув хотин, бир пайтлар келажагингга шубҳа қилиб, писанд этмаган аёл сендай одамни кутмаганига, ҳаёт йўллари боғланишини истамаганига минг пушаймон бўлади, қай тасодиф билан юз кўришиб қоласизлару, тақдир ато этган неъматлар у билан яшашдан кўра анча беҳроқлигини таъкидлаган каби унинг ёнидан бефарқ ўтиб кетасан; аммо кўп марта хаёлингдан ўтган бу якундан бирор қаноат туймайсан: ахир, у тоғасининг қўлида ўсган етим қиз эди, ихтиёр ўзида эмасди, хоҳлаганига, истаган вақтида турмушга чиқа олармиди, эри ширакайф ҳолда бировни туртиб юборгани, кейин енгилтак аёлларга иликишиб, рўзғорни абгор қилганини эшитганингдан кейингина шу ҳақиқат билан юзма-юз келдинг ва биринчи марта ўзингдан уялдинг, айнан сени деб етимликда ўсган қизнинг бошидан ташвиш аримади, сен эса ўшанда ё ўқишни, ё қизни танлашинг керак эди, балки узоқ пойтахт, ўқиш кутиб турар, аммо у кутолмасди, янгасию тоғаваччаларининг қош-қовоғига қараб ортиқ яшолмасди, сенда қатъий қарор бўлмаганидан кейин нима қилсин эди, бошдаги қасос ўти вақт ўтиб, раҳмдиллик билан алмашаркан, қачондир кўришсанг, тазарру этиш истаги ҳам йўқ эмасди, асли хато сендан ўтгани, таваккал қилишга қодир бўлмаганингни айтишга неча бор ҳозирланган кунларнинг бирида оғир жароҳат билан воқеа жойига яқин клиникангга келтирилган беморга назар ташларкансан, қони ҳали қотиб улгурмаган ўша таниш юз эгасини кўриб, ихтиёрсиз бир тарзда ёрдамга шошилдинг; жарроҳлик тиғи, кесишлар, аппаратларнинг чийиллаши, юқоридан тушаётган нур ва бармоқларинг ҳар замонда тегиб кетаётган, сония сайин ҳаёт унсурлари тугаб бораётган юрак бирданига аввалги кечмишларингни ёдга солди, бир вақтлар ахмоқ бўлиб қолганинг, сени туфлаб ташлашгани фикру ёдингни забт этди, қароғингда асраганингни қора қонига беланиб ётган мана бу кимса топтаб хор этгани ғайирлигингни баттар оширди, ҳолбуки ҳеч қачон хато қилмаслик ҳақида хусусий онтинг бор, боз устига дўхтирлар орасида биринчи рақамли эдинг ва юз беражак ўлим шуҳратингга соя солиши аниқ эди, аммо сенда ҳиссиётдан кўра ақл устунлик қилишини теварагингдаги ёрдамга шай ходимларинг билишмасди…”

Девор орасиданми, пол остиданми чийиллаган овоз эшитилар, сичқон ё каламушларнинг дукурлаб чопгани қулоққа чалинарди. Туйнукдан тундай қора қарғаларнинг бугунги сафари қариганини англатувчи кўнгилга хижиллик берадиган манзара кўзга ташланар, гўё бутун олам зулмат қаърига сингиб борарди. Адвокат ҳали у – ҳали бу томонига ўнгарилганча сотқинликда айбланиб, маҳкумларни зиндондан қутқаришга уринган бобоси ҳақида туш кўрар, бениҳоя безовта эди. Бировнинг тушига мўралаш нақадар хижолатли бўлмасин, бир вақтлар масжид бўлгани одамлар хотирасидан ўчиб кетган зиндондан қочиш режасини тузган маҳбуслар кечмиши шу қадар қизиқ эди. Қатағон йилларида маҳбуслар кўпайиб кетганидан ҳар камерага ўн-ўн бешлаб одам қамаб ташланган, жой танқислашган чоғлар улар тўда-тўда отиб ташланар, асли бунга у қадар эҳтиёж ҳам йўқ, кўплаб маҳбуслар очликдан силласи қуриб, ё бўлмаса касалликдан ўлиб кетарди. Ҳаммаси бир вақтлар таҳоратхона бўлган камера деворидаги тирналган, ўйилган минглаб битиклар орасида араб имлосида қон билан битилган “б”, “ш” ва “р” ҳарфларидан кимдир маъно қидириб қолганидан бошланди. Қачонлардир оҳаклангани одам қўли етмайдиган шифтга яқин жойлардан кўриниб турган девордаги исмлар, хотиралар, орзу-умидлар, кундалик майда-чуйдалар билан тўла кечмишлар орасидаги бу ёзувни шу пайтгача биров “башар” деб ўқиб маҳкумлик инсоният бошидаги кўргилик қабилидаги хулосага келган бўлса, бошқа биров “Башир” деган маҳбус шунчаки исмини ёзиб қўйган, холос, дерди. Аслида унинг қон билан ёзилганини айтмаса, диққатни тортувчи айтарли хусусият кўзга ташланмас, кўпчилик ноҳақ айблангани ва энди шу жойларда ўлиб кетажагини ўйлаб бу каби майда нарсалар ҳақида бош қотиришга ўзида мажол тополмасди.
— Чиқиш йўли бу, — деди ўсиб кетган соч-соқол орасида қатъий нигоҳлари бўртиб турган маҳбус. Келган вақти – икки ойдан буён лом-мим демаган одамнинг кутилмаган гапи эътиборни тортмай қолмади. Чамаси у узоқ ўйланганди: балки ёзув сирини, эҳтимол қандай қилиб бўлмасин бу ердан қочишни. Ҳар ҳолда у айтган тахмин деворнинг шу қисмига уч-тўрт кишини жамлади. – Мана қаранг, “Б”нинг тепага қараган ярим ой қисми – биз ўтирган жой, остидаги нуқта қуйидаги хонага ишора, “с” – унга ёндаш, энига қараган уч, йўқ, икки ярим камера, устидаги уч нуқта юқорига қараб яна 3 хона босиб ўтилади, дегани… Қизиғ-а. Охиридаги “р”нинг “думи” – пастга қараган кескин қайрилиш, яъни чиқиш йўли. Илгари бу ерда таҳоратхона бўлганини ҳисобга олиб сувнинг чиқиш йўли билан борсак, ишимиз анча енгиллашади. Шаҳарда эскидан ер ости йўли бўлганини эшитган бўлсангиз керак, айтиб бўлмайди, балки унинг қай бир тармоғи шу ердан ўтгандир.
Аслида ҳеч кимнинг зиндонда ўлиб кетгиси йўқ эди, қолаверса бу тусмол ҳазилга ҳам ўхшамайди, ҳамманинг тепасида бир хатар турганда, бошнинг бирикиши осон бўлгани каби лаҳм кавлаб қутулиб кетишга ҳеч ким эътироз билдирмади. Қўшни камераларда жисмоний оғриқлардан дилни ўртайдиган инграшлар бирин-кетин тина бошлаганида эса ишга киришишди. Дастлабки уч кеча одам сиғадиган кенгликда бўй баравар кавлашди (илгари бу ердан муттасил сув тушиб тургани сабаб иш анча осон кечди, боз маҳбуслар ҳам кўп эди), кейинги кунлар ўша арабча ҳарфларга амал қилиб қуйидаги хона тарафга йўл очилди. Ўн учинчи куни тонг оқара бошлаган чоғ “с”га ўтилди ва шу ерда ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлди – косаю қошиқлар, темир бўлаклари билан ер кавлаётган маҳбуслар қаршисида анча пишиқ тош пойдевор пайдо бўлганди.
— Йўлдан адашдик, — деди қора терига ботган бир маҳбус. – Мўлжал тескари олинган шекилли.
— Тўғри кетяпмиз, — деди ишбоши умидсизликка берилмай. – Шунча жой очилди, ёмон ишламадик. Балки шу тошдан ўтсак, нариёғи осон кетар.
Кўпчилик ҳолдан тойганди, бошида ишлаб дам олганлар кавланган тупроқни чиқариб хона бўйлаб ёйди-да, эски-тускилар билан устини ёпиб, уйқуга кетишди. Уйғонишганда (бу орада ўлиб-нетиб қолмадимикан деган хаёлда соқчи хабар олиб кетганидан бехабар эдилар) қўлида тўрвасини қўлтиқлаганча эшик ёнидаги бурчакка тиқилиб олган кўккўз маҳбус турар, кўзининг пирпирашидан бу ердагиларга ўзида ҳеч қандай гуноҳ йўқлигини англатишга уринаётгани сезиларди.
— Қўрқманг, бемалол жойлашиб олаверинг, — деди сўнгги кунларда камерада ўзига хос мавқега эга бўлган ишбоши. – Бу ерда жиноятчи йўқ, ҳаммаси ўзингизга ўхшаган одамлар. Муттаҳам зоти борки, ташқарида, роҳат-фароғатда юрибди.
Кўккўз кўп куттирмади, тўрга яқин жойга ўрнашди. Тун чўкиб гўё ухлагани ётишаркан, аксар ҳамхоналарда савол пайдо бўлди: кўккўзни ишга қўшиш керакми-йўқми?! Бир муддат ўйланган ишбоши “Боқибеғам кўринади, кавлайверамиз” дегандан кейин галма-гал лаҳмга кириб, тош йўнишга тушишди. Биров бир энлик, яна кимдир айтгулик натижасиз чиқаркан, туйнук очиш нақадар қийин бўлмасин, бир ойлардан кейин пойдеворнинг икки қарич келадиган жойи ўйилиб қолди. Аввал ҳафта-ўн кунда камерадан мурда чиқарди, қутулиш истаги ишонч бердими, ҳарқалай туйнук очишга киришилганидан бери ҳеч ким ўлиш ҳақида ўйлаб кўрмади. Бу орада кўккўз ҳам анча мослашиб, камига ҳамхоналарининг қочишга уринаётганларидан воқиф бўлиб олди. Энди лаҳм қазувчилар орасида у ҳам бор эди, астойдил ишласа-да, бундан бирор наф чиқишига шубҳа билан қарарди, тасодиф билан қутулмасак, ер кавлаб қочиб кетишимиз даргумон, дерди у. Бир сафар қазишга тушганида (улкан пойдевор енгиб ўтилганди), намликданми, устига бир замбил тупроқ тўкилиб тушди, жонҳолатда бақирганини эшитган ишбоши дарҳол қутқариб олди ва у қайтиб ер остига тушмади.
“Р”нинг “думи”га келишган кунларнинг бирида қўққисдан кўккўз йўқолиб қолди, бир неча соат ўтиб қайтиб келгач, ҳеч нарса бўлмагандай тутди ўзини – одатда маҳбусни камерадан ё отиб ташлаш, ё бошқа жойга сургун қилиш мақсадида олиб чиқишарди, унга балоям урмагани бошқаларда шубҳа уйғотдики, озодликка чиқиш илинжи тобора йўқолиб бораётган асабий маҳкум кўккўзнинг нақ бўғзига чанг солди, “Сотқинлик қилишимни исташяпти… Бир-икки ҳамкасбларни суриштирди, уларни ҳам қамамоқчи” дегачгина қўйиб юборди. Қўйиб юбордию барибир ишонмаётганини билдириш кўйида қаншарига ўхшатиб мушт туширди. Шу дамда тергаб ўтиришга ҳожат қолмади: ниҳоят қочиш йўли очилганди. Одатдагидек, туйнукдан ишбошининг гавдаси кўринаркан, у ҳамон жиддий алфозда турарди, бироқ чиқиб олгач, бир четда мушт ейишдан қўрқиб титраб турган кўккўзни кўтариб олди ва “Етдик! Қутулдик!” дея сал қолмаса бақириб юбораёзди. Шу вақтгача ўлик сукунат кезган хонадагилар от устида мағрур бораётган музаффар саркарда мисол ҳис қилардилар ўзларини.
Бошда келишилганидек, бирин-кетин ҳамма ўзини тартибга кетиришга тушиб кетди: биров соқол қиртишлаган, кимдир йиртиқ камзулини ямашга тушган, яна бири ҳаяжондан нима қилишни билмай ҳар томонга бориб-келади. Ҳар ҳолда ташқарига чиққанда кишининг турқи бировни шубҳалантирмаслиги керак, қолганига Худо – подшо… Келишилганидек, даставвал ишбоши чиқиши керак эди – айни дамда унинг қатъияти қаергадир ғойиб бўлган, неча ойлаб давом этган маҳкумликдан сўнг эрк билан рўпара келиб ҳаяжонини босолмасди.
Бирданига эшик тақиллаб қолди.
Ҳамманинг ранг-қути ўчган, қутулдик, деб ўйлашганида жуда ёмон нарсага тутилишгандек эди. Қийин вазиятларда ўзини қўлга ола биладиган ишбоши эшик тирқишидан ташқарига қараркан, кўрган манзарасидан лол эди: йўлакни тўлдириб гўё соқчилар қўшини турар, гўё улар қочишга ҳеч қанақасига имкон қолдирмасди. Ишбоши ортига ўгирилиб, ўлжасига отилган қоплондай кўккўзга ташланди, қолганлар нима бўлганига ҳайрон турар, ичкаридаги шовқин соқчиларни ҳам ҳаракатга келтирган, тақиллашлар кучайган, кўпайган эди. Бир неча сонияда эшикни бузиб киришди, яна бироздан кейин қочоқ-маҳкумлар қўли боғлиқ ҳолда калтаклар зарбидан сулайиб ерда ётар, кўккўзни олдинроқ олиб чиқиб кетишганди…

Адвокат оиласи тарихига бобосининг шонли ўтмиши, зиндондан қочиш йўлини топгани ҳақидаги воқелик битилган, бу катта сармоя эвазига нашр қилинган китобда ҳам ифода этилганди. Адвокат фарзандлик бурчи сифатида қатағон қурбони бўлган бобоси ҳақида мақолалар ёзар, интервьюларида айтган, тузум жабрини чекканлар сафида доим у олдинги ўринда. Бироқ адвокатнинг кўзи кўк эканига ҳеч ким эътибор бермайди ва кўккўз маҳбусни фақат угина тушларида кўришидан зоти мардумнинг хабари йўқ.

…Кун қайтардаги уйқу бехосият бўлади, дейишади, гарчи осмонда анчадан бери қуёш кўринмаган бўлса-да, адвокатнинг уйқуси шу вақтга тўғри келгани боис лоҳас бир ҳолда уйғонди. Дастлаб қаерда эканини тушунмагандай турди, сал нарида ўйланиб турган дўхтирни кўриб, “одам ўлдирилган” деган айблов билан ўзларини ушлаб туришгани хаёлига келди, мужовул кўринмаётганига ажабланди. Шу пайт қўнғиртоб эшик очилди ва қўлида қоғоз тутганча бу сафар ходим қовоғи очиқ ҳолда кўринди-да, хушҳол оҳангда деди:
— Кечирасизлар. Англашилмовчилик бўлибди. Бемалол уйга қайтишларинг мумкин.
Гарчи бу хушхабар бонги янглиғ жаранг сочиши керак бўлса-да, доктор маҳзун бир алфозда жойида қотиб турар, адвокат эса худди ўзининг хизмати билан бу даргоҳдан қутулишгандек “Айтмадимми сизга”, деганча шахдам қадамлар билан тутқичдан ушлади-да, ташқарига чиқди.