Беҳзод Абдусамад. Тоғ атиргули (қисса)

Ҳисор тоғининг Кўрагон сувайирғичидан бошланиб, Деҳқонобод ва Қамаши номли музофотлар орасидан оқиб ўтиб, Ғузор тўралиги қаламравида бўлган Пачкамар денгизига қуюлгучи Катта Ўра номи билан харитага тушган бир дарёйи азим бўлган экан. Шу дарёйи азимнинг ирмоқларидан бири – жами бир тегирмон сув оқадирғон сойнинг икки бетида Теракли деган ўттиз тутун мудом тутаб тургувчи бир қишлоқ ҳам бўлган экан. Дейдиларки, бу қишлоқ ҳалиям бор. Ҳалиям ўша ўттиз тутун кўкка ўрлаб ётганмиш. Шоди полвон шу ерда туғилиб ўсгани учун тарихда муқим ва муҳим ўрни бор эмиш. Балки тўғридир.
Кунчиқар тарафида Чигирткали номли бир улуғ тоғ, қўй ҳайдаб чиққан чўпондай шимолидаги Гўбалай тоғига ёнбошлаб ётибди. Жанубида Шувоқли деган бир минг олти юз эллик ботмонлик текис майдон. Қишлоқнинг ҳамишалик пойгажойи шу ер. Тераклининг кунботар тарафида Олмали, шимолида Бақирчи, шимоли шарқида Ёнғоқли деган овуллар жойлашган. Қибласида Калта, Жийда булоқ, қаршисида Қўға, Чит, биқинида Қўрғону Терс. Икки газа нарисида Қорангқўл, Қўшкўл, уч газа нарисида Супа, Куюк, Толли, тўрт газа нарисида Ийрисув, Қизилсой, Оқ қишлоқ, Алмат ва ҳоказо овуллар ҳам ушбу қиссада ўз мақомига даъвогарлик қилса, ажабланманг. Бу жойлардан бошқалар қатори Шодиям от ҳайдаб ўтган.
Яшил бахмалдек солланиб турган арчазорларга туташиб кетган теракзорлар шу кунларда ҳам Катта майдондан ошиб, анвойи йўсинлар бўйини олиб келаётган тонг елларини чапак чалиб кутиб олармиш. Қўйинг-чи, шу қишлоқда ўсиб, улғайган бир алп йигит тилга тушибди.
– Ким эмиш у? Ким эмиш-а, ким эмиш?
– Намунча ҳовлиқасан, Шоди эмиш, Шоди.
– Ҳа-а-а, Шодима? Уни мен биламан. Шоди Бекмурод Нуримнинг қозоқ хотинидан туғилган ўғли эмиш. Полвон эмиш! Қасд қилса, уч қиш кўрган теракниям суғуриб олар эмиш. Одина полвоннинг даврасида бўлган, Ўлжа полвоннинг дарсини олган, Кўк ғунонини миниб, товлардан ошиб, белларни босиб, сойдай тошиб, шамолдай эсиб, Регарди кезиб келган эмиш. Худо кучдан берган эмиш ва ҳоказо миш-мишлар…

Баҳор ўтиб, ёз келибди, мезон учиб, куз келибди.
Бедов отлар гул михларга бойланибди.
Аввал бир-бир, кейин ўйнаб айланибди.
Бойловларда соври тайлаб семирибди.
Саҳарларнинг салқинидан симирибди.
Тонг отгунча аввал калта, кейин узаб минилибди.
Куз қировидан тотибди, тонг шамолида қотибди.
Тобга келган чин бедовлар юлдузга тикилиб кишнабди.
Майдон тусаб умтилибди, сувлиғини тишлабди.
Роса қирқ кундан кейин элда тўйлар мавсуми бошланиб кетибди.

* * *
– Ў, жотасанма пешингача?! Отлан, қариндош! Кун чашка бўлдиёв! Энди қанча иссиқ бўсаям, хотиннинг қўйнидан чиғадиғон маҳал келди. Тур-ааа-ҳеееей, гала нонсўғар! Қолувдордан кеча хабар келди: эртага Бозортўбада катта тўй. Индиниям тўй… Кейиниям тўй! Сўнгги куниям тўй эмиш. Уст-устига тўрт тўй чобилади. Ҳаммаси қўниқли тўй, арпа-бедадан кўнглинг тўқ бўсин, қўшхонадан топилади. Ўўўў, Эшат, имирсима, отлан! Ўўўў Ташат, хотинингнан сўра-да, сенам биянгди эгарла! Қисир бияни минмай нима қиласан? Ҳозир жўнаб кетамиз. Қичаб ҳайдасак, кеч пешин манзилга етамиз. Бу кеча қўшхонада дамни олиб ётамиз. Эрта-мертан бошлаб кўпкарини чобамиз. Бўл-ҳо бўл! Отла-а-а-н, қариндош! Ҳайда-а-а, гала чобоғон!
Бу Намоз Гўлнинг товуши. Қуёш қирлар устидан кўриниш берган маҳалда отланиб, Тошбулоқнинг устига чиқиб, қичқираётир.
– Аҳмадбой, шу Намоз кечасиминан ухламаган дейман-да, – гап ташлайди отини қашлаб ёпаётган Бойсин бобо.
– Намоз ҳамишаги Намоз-да. Феълини билмайсизма, Бойсин ака? Шунинг мучали ғажирма дейман-да. Таканинг исини уч кунлик йўлдан олади, кейин дим ётолмай қолади, – дейди Аҳмадбой.
– Аҳмадбой, ўзингиз қайтдингиз? Саҳар эди, чоғи, таҳоратга чиқсам, отингиз эгарланган. Чуҳо-чув қилиб, тонг отгунча совутиб чиқдингиз-ов.
– А, жўға, Бойсин ака. Бир овнатиб ёпдим, холос. Қарасам, тонг отиб қопти. Саранжом деб, бир йўла эгарлаб қўйдим- да…
– Маҳаммади кўринмайди, нима бормайма?
– Шу Намоздинг қоботида бир отли кўринади, шу бўмасин Маҳаммади. Боя бир от дупури келгандай бўлиб эди…
– Ана, Маҳматрайимам Қора Қашқага эгар созди урибди, кўчасида Мавланам турипти…
Тераклиликлар отланиб, йўлга тушди. Ўн тўрт отлиқ Шувоқлининг ҳаворини қирқиб ўтиб, Калтага ўрлаб бораётир. Отлар узатиладиган қизлардай беза­тилган. Ўзларича шайланишиб, бир-бирининг сини-сумбатига қараб, олам-жаҳон салтанат билан ўз кўнгилларини хушлашиб, не бир орзу-ҳаваслар билан мавсумнинг биринчи тўйига боришмоқда.
Кун кеч пешинга дохил бўлган. Дарёни ёқалаб қурилган лойсувоқ уйларнинг мўриларидан кўкка ўр­лаётган тутунлар қишлоқ ўчоқларида одатдаги кечлик қозонлари осилганидан дарак. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ҳали шифер томли уйлар урфга кирмаган. Қишлоқнинг ўртасида жойлашган тўйхона гавжум. Тўйчилар тўда-тўда келаётир, тўда-тўда кетаётир. Кими қурга ўтаётир, кими тўшга чиқиб, қўниқ кутиб ёнбошлаб ётаётир, кими қўниқли хуржунини отига ортаётир, кими отни яйдоқ миниб, қўшга қараб йўртаётир, абжирлари имиллаган шеригини бўсанг-чи, деб туртаётир.
– Меҳмонжо-о-он, ўткариб ҳайда, ўткариб! Йигитлар, меҳмоннинг отини ушлаб, қозиққа тортинг.
 Бир ёқда келиб тушаётган меҳмонларнинг отларини ўспирин йигитлар ушлаб боғлаётир, баъзилари эгасининг кўзини паналатиб, отларни миниб бир майдон, ярим майдон елаётир. Тери қотган бедовларнинг қайсилари қайтадан терлаётир.
– Меҳмонларди қурга торттиринг! Абилбой, қаранг!
Дарвоза олдида оқсоқоллардан бир гуруҳи келганларни кутиб олиб, кетгучиларни кузатиб туришибди, тўйда амал тегмаган ҳавасмандлар кайвонидай у ён, бу ён юришибди.
– Меҳмонжон, бу ёқдан, қурнинг тўридан келиб, ора ташламай, тиззама тизза ўтиринг. А, баракалла!
Ичкаридаги бековуллар меҳмонларни кигизлар тўшалиб, дастурхон ёзилган узун-узун қурларга таклиф этиб, иззатини қилаётир.
– Бековул, қурга нонди жуфтлаб ташланг! Ҳўўўв, мевачи қани, мевачи? Парвардани жийдага, майизни данакка, ҳолвани печакка қўшиб тўкмайсанми, давра кўрмаган? Ҳаааа, эпламанг, ичиб тўймаган, ялаб тўймайди. Тўкинг, тўйчиларнинг оғзи тотли кетсин. Чой обкелинг, меҳмонлар узоқдан кегандай. Ҳоооов, ўчоқбоши, қурга беш кишилик ош суздиринг. Мойли қилиб, гўшди мўл-мўл қўйдиринг. Олингизлар, ош бўсин, меҳмонжонлар.
Ош еб, чой ичган меҳмонлар қурни банд қилиб ўтирмай, дуо қилиб туришмоқда. Отларини етаклашганича, қўниқ тайин қилинишини тўда-тўда суҳбатлашган кўйи кутишмоқда.
Бир қарашда арининг инидек ғужғон кўринган тўйхонада ҳаракат қатъий йўриғ билан тартибга солинган. Ҳар кимнинг ўз вазифаси бор. Аёлларга алоҳида, эркакларга алоҳида қур тортилган. Кайвони хотинлар меҳмоннинг қўлидан дастурхонини олиб, ўзини ичкарига таклиф этишмоқда.
Мавриди келди, айтиб ўтмасам бўлмас. Тўйга юзлаб аёллар дастурхон кўтариб келишади. Эшик олдида кайвонилар уларни кутиб, қўлларидаги дастурхонларини олиб, шарбатхона отли бир жойга тахлашади. Ҳар бир дастурхон ичида тайин бир жўра нон, бир ҳовуч қанд-қурс ва бир кийимлик газлама бўлади. Аёллар тўйни тўйлаб, кими кулиб, кими ўйнаб, хумордан чиқишгач, узун-қисқа, чақчақлашиб қайтишади. Ҳалиги кайвонилар дастурхон ичидаги газламанинг хилини бошқалаб, нонини тақалаб, бирини бирига алмаштириб ўрашади, тўда-тўда қайтишаётган аёллардан ҳар бирининг қўлига ўз дастурхонини бехато тутқазишади. Ҳолбуки, дастурхонга эгасининг исми ёзилмаган. Қайси дастурхон кимникилигини ҳали кириш пайти эслаб қолишади, чоғи. Аммо, қандай? Бунинг сирини ўзлари билмаса, эркак зоти билолмайди. Шу жумладан мен ҳам.
Аёлларда тағин бир шунга ўхшаш ғаройиб қо­билият бор. Дейлик, даврада тўққиз аёл ўтирибди, гурунг авжида. Яъни тўққиз тарафдан тўққиз хотин гал бермай гапираётир. Бир қарашда ҳеч ким ҳеч кимни тинглаётгани йўқ, аммо… Вақт ўтиб, тўй тарқагач, синаш учун сўраб кўринг. Ҳар бири ўша даврада айтилган гапларни, яъни кими нима деётганда ким нима дегани, айни шу пайт ўзи нима деганини худди диктофонга ёзиб олгандай қайтариб айтиб бера олади. Қизиқ… Шунинг учун ҳам телеграф комутатори хизматига нуқул аёлларни олишар, балким…
– Ўўўўў тўйга келган умидвор қариндош, эшит!
Эшнанинг товуши шунчалик баланд эдики, қиш­лоқнинг нариги четидаги карлар ҳам сесканиб тушган бўлса, ажабмас. Одатда ҳар қишлоқда шундай бир жарчи бош бековулнинг ёнида бўлади. Уларга шу хизматлари учун тўйдан бир зот: бир қўниқлик улуш ва бир тўн белбоғи билан берилади.
– Гапга қулоқ сол, чала эшитиб, кейинига ўп­ка­лаб юрма, халойиқ! Бугун мавсумнинг биринчи тўйи бошланаётир. Эл тўй соғинган. Тўрт ўрадан терилиб от келган. Бугун Бозортўбада меҳмон кўп. Биз ҳисобини олдик. Ҳар бир қишлоқ ё овулдан келган тўйчиларни тўдасиминан бир уйга тайин қилдик. Тобин, тобинига қўш ташлай берасиз. Агар меҳмон дўржи бўса, бўлинади, қўниқ олган ҳамсоясиминан келишади. Уст-устига тўртта тўй чобилади. Тўртовиям қўниқли, икки кунлик тўйлар. Тушган қўшингизда насиб бўса, тўрт кеча меҳмон бўласиз. Қўниқди тўйхонадан оласиз. Хизматди уй эгаси қилади. Ками бўса, бековулга хабар қиласиз, тўлдиради. Ё насиб, ҳеч ким ноумид бўмас.
– Энди буёғини эшит, қариндош! Биз ҳозир қайси қишлоқ, ё қайси овул кимнинг уйига қўш ташлашини рўйхатминан бирма-бир жар қиламиз. Чувиллашмай, хўб эшит, тағин чала эшитиб, қоронғида туртиниб журма.

* * *
Ана, тераклиликларам кўп қатори Қўчқор Бадалнинг офтобрўяга қаратиб қурилган айвонли ҳовлисини айлантириб, бедовларни қозиққа тортишаётир.
Қишлоқ суронга кўмилиб кетган. Ким ким билан кўришаётир, ким билан сўкишаётир. Қаердадир от бўшалиб, тепишаётир. Қишлоқнинг итлари бирваракайига исёнга келган, қўйлар маъраган, сигирлар бўкирган, эшаклар ҳанграган. Хуллас, салкам қиёмат қойим дейсиз. Ким эрини, ким хотинини, ким ўғлини сўроғлаб юрибди. Кими излаб топаётир, кими шошиб чопаётир. Узоқ йўл босиб, ҳориб келган отларни отпазлар бир-бир қашинтириб, ағанатиб, ёпаётир.
Кўпкарида бедовнинг жуйруги зўр чопади.Бундай отлар сулувмижоз келади: эркалашни хуш кўради. Ба­данининг тангадай жойи тери билан қолса ёки боғ­ланган ери нотекис ё тошлоқ бўлса, дамини ололмайди. Хушнуд бўлмаган от кўпкарида ҳорғин ва асабий бўлади, қичовга ярамайди.
Чопқир отларга етилиб пишган тўқ арпани тош-у кесаклардан обдон тозалаб, агар чанги бўлса, ювиб, буғдой сомонига қориб беришади. Ҳа-а, кекса отпазлар бедовни бекорга сулувга менгзамаган.
Шодининг Йўрғасига ошхонанинг биқинидан жой тегди. Полвон бу дўнан отни яқинда кўликликка сотиб олган. Ер-у кўкка ишонмайди. Кўз олдимда турсин деб шу ерни танлаган.
Устига чиқсанг, йўлнинг танобини тортадиган бу от элда сургун йўрғалиги билан ном чиқарган.
Отини қашлаб ёпаётган Шоди полвоннинг нигоҳи шундоқ ёнгинасидан қизғалдоқдек яшнаб-очилиб, ипак рўмолини ёпиниб, ҳаяжондан кўйлагининг этагига қоқилиб, сори толдайин буралиб, юракчаси ҳовучида, ипак рўмолининг тагидан киши билмас қараниб, ўтиб кетаётган тўққиз кунлик келинчакка тушди…
Ана, шом қуюлиб бораётир, қайнонаси «Ашургулуув!» деб сўраётир, аммо келинчакдан дарак йўқ… У негадир ошхонага ой ботгандек ботиб кетди.
Мана, полвон Йўрғани тўққизинчи марта ялан­ғочлаб ёпаётир, аммо, келинчакдан ҳануз дарак йўқ.

Кўксиёнинг устида бир жуфт сулув оҳу бор,
Қуралай кўз оҳунинг нигоҳида жоду бор.
Шу нигоҳга кўзи тушган йигитдинг, ай ёронлар,
Юрагига муҳрланган бир умрлик доғи бор.

Кўзи тушди. Кўзи тушди-ю, кейинчалик неча бир мақомда талқин этилган ишқ достони бошланди. Орадан қирқ беш йил ўтиб кетди, Бироқ янги-янги қўшиқлар саҳифаларга кабутарлардек келиб қўнишда давом этаётир.
Эҳтимол, ёлғиз менгагина шундай туюлар. Эҳ­тимол, куёвлик орзусида юрган барча бўз йигитларга хос туйғудир бу. Билмадим-у, аммо келинлик либосидаги аёл кўзимга кўкдаги беҳисоб юлдузлар орасида ёрқин шуъла билан порлаб тургувчи Муштарийдек сулув кўринади.
Назаримда, янги тушган келинчакда тўқсонга кирган чолларнинг-да кўзларини ёшлагувчи, йигитларни жўмардликка чорлагувчи, номардларни эл олдида хор­лагувчи сирли бир оҳанрабо бор. Айниқса, ҳали чиллали келинларни кўрганда кўнгил алланечук бўлиб ке­тади-ей…
Айнан шу кунларда келинчакнинг юзида бахт тў­лин ойдек балқиб юради. Кейин… Кейин эса серташвиш аёллик даври бошланади. Ва аёллар ўз умрларининг шу қирқ кунини то ёғоч отга мингунча тусай-тусай ўтиб кетишади.
Афсус, ҳар бир аёл, албатта, бахти кулиб боқса, умрида фақат бир бор киядиган чин келинлик либосини қирқ биринчи куни ечади. Қайтиб кийишга юраги бетламайди… Йўқ, киёлмайди ва киймайди. Ё Тангрим, бу сулув либосни ҳеч бир аёлга қайтиб кийгулик қилмасин. Эрдан чиқиб, тағин эрга теккулик қилмасин! Қанча сулув бўлмасин, бу либос есир хотинга ярашмайди…
Тақдир элда довруқ солиб, от ҳайдаб юрган полвонни бу қуралай кўз келинчакка айни ўша сафоли чоғларда рўбарў қилди ва қаршисига михлаб қўйди.
Бу Ўрада Шодининг довруғини еттидан етмиш ёшлигача эшитган, эшитмаган қолмаган. Ахир, қишнинг узун тунлари барча меҳмонхоналарда тонготар гурунг­ларнинг асосий мавзуси кўпкари бўлса, кўпкарини кимдир ўзи чопади.Кимнингдир ака ё укаси чопади. Яна бировнинг ҳеч кими чопмаса-да, оти чопар-ку! Демак, ҳамма билади…
Ҳовлига тераклиликлар қўш ташлагани, улар орасида ўша Шоди тайин борлигини шу тўққиз кунлик келинчак ҳам билар эди… Кўзи кўзига тушган чоғда қаршисида ўшанинг ўзи турганини, нафақат тургани, балки уни кўзлари билан бағрига босиб, тўёлмай турганини шу топда елиб ўтган ишқ шабадаси қулоқчасига киши билмас шивирлаб ўтиб кетди… Нақ юрагига бориб санчилган оний бир зарбдан бутун жисми яшин ургандек қалқиди: йиқилиб тушишига бир баҳя қолди.
“Оҳ, энажон! Оҳ,Тангрим! Энди ошхонадан қандай чиқаман?! Ёнидан қандай ўтаман?! То уйга етиб олгунимча унинг бу ажабтовур нигоҳлари куйдириб кул қилиб ташламасмикин?!”
Ошхонада, аллақачон ўчиб қолган ўчоқ бошида лочиндан беркинган какликдай титраб, қақшаб ўтирарди келинчак.

Ҳолига қўймаган, эрмакка қийнаган,
Уятни билмаган, ўйин қиб ўйнаган ,
Бир ширин, бир қизиқ эртаклар сўйлаган
Тақдирини ёзғирарди келинчак.

Гоҳида ўкситиб, гоҳида сийлаган,
Йўрғанинг ёлига суяниб, бўйлаган,
Йўлида йўлбарсдай кўз узмай пойлаган
Тақдирига ёлворарди келинчак.

На ўйнарди, ўзгинаси, хаёл қайда, ҳуш қайда?
На ўйларди, ўзгинаси, хаёл қайда, ҳуш қайда?
На қўрқарди, ўзгинаси, хаёл қайда, ҳуш қайда?
На йиғларди, ўзгинаси, хаёл қайда, ҳуш қайда?
Шу рангин гўшада турармиди келинчак,
Чироқсиз уйчада юрармиди келинчак,
Бир товоқ сув ичра сузармиди келинчак,
Оҳ, билмасди… Оҳ, билмасди… Оҳ, билмасди…
 
Бир ғаройиб туш кўрарди келинчак,
Кўрган тушин хуш кўрарди келинчак.
Ошхонада битта бўлиб, қирқта бўлиб,
Ҳушли, беҳуш ўтирарди келинчак.

Не бир суронли талошларни кўрган пойгали майдонлар, ёлида шамол эсган арғумоқни қўмсагандек, ботирнинг бағрини қўмсар эди келинчак…
Орадан қанча вақт ўтгани ёдида йўқ. Кўзгинаси фақат шу эшик тирқишидан кўринган бир тасма оламни кўради. Бу оламда бир алп йигит ёлғиз яшайди. Унинг қиладиган иши эрта-ю кеч бир кўк отни қашлаб ёпишдан иборат. Шўрлик от қозиғида айланишдан ҳам, ағанашдан ҳам аллақачон зериккан. Ҳар замонда эгасига “буни нима жин чалди” дегандек ҳайрон бўлиб қараб қўяди.
– Вой, ўлмасам! Қарамаган жойим қомади. Нима қиб ўтирибсан бу ерда?! – Қайнона келинчакнинг қўл­ларини ушлаб кўради. – Музлаб қопсан-ку, болаги­нам! Ё бир нимадан қўрқдингма? Нимага жимсан, ё тилдан қолдингма?! Ё бирор жойинг оғрияптими? Мунга бир гап бўған-ов. Ҳоой, тур жойингнан дияппан! Уйга кириб, исиниб ол. Ўтиришини қара, музлаб! Юр деяппан сенга! – Келин қайнонасининг соясига беркиниб, бир амаллаб ўтиб олди. Акс ҳолда то қиш чиққунча қолиб кетармиди шу ошхонада.
Келин чимилдиқнинг ортига ўтиб, тўшакка ўзини отди, юзини ёстиққа босди. “Оҳ, бу ёстиқлар…” Ашургул уларни не бир орзулар билан, юрагида туғён урган ишққа ташна туйғулар рангини ипак толаларидан танлаб олиб, бирин-бирин тиккан эди, юрагида борини шу ёстиқларга ипак билан битган эди, аммо…
Баданига кирган титроқ сира босилмасди. Боя кўзлари учрашган чоғда юрагида нимадир узилди, нимадир абадул абад тугилди. Нимадир ўша заҳоти тугади, нимадир ўша заҳоти бошланди. Нимадир лип этиб ўчди, нимадир ярқ этиб ёнди…
Йўрғанинг ёлига қўлларини ташлаб, унга ҳайрат аралаш тикилиб турган йигитнинг суврати нигоҳларига жойлашиб олиб, бор оламни тўсиб қўйди. Кўз ёшлари ёстиқни жиққа ҳўл қилди. Бунча кўп, бунча қайноқ бўлмаса улар!
Уни ким ранжитди ўзи? Келинчакка қандай ситам ўтди? Юрагидаги сирли оғриқ недан бошланди? Келинчак ҳозир бу ҳақда ўйламасди, бошқа нарсалар ҳақида ҳам ўйлай олмасди. Кўзларини очса ҳам, юмса ҳам ўшани – от ёлига суяниб қараб турган йигитни кўрарди, холос. Қоида-ю йўриғларга, ўлчовлар-у ҳадларга тўла бу оламда на бирор собит қоида, на бир муайян ўлчов, на бир чегара қолмади. Чимилдиқдан бошланиб, кўк     Йўрғанинг қозиғи бошида тугаган узундан узун, ўтиб бўлмас, етиб бўлмас йўл қолди, холос.
Бозортўбага қуюқ тун чўкди. Қариндошнинг тўйида хизмат қилгани эрталаб кетган куёв оёқда туролмайдиган маст бўлиб қайтди. Ана, чимилдиқдан анча нарида ухлаб ётибди. Этигиниям тортолмапти, тўниниям ечмапти, бояқиш. Уйқусида ғудраниб сўкиниб қўяди…
Юлдузи юлдузига тўғри келмаса, қийин экан. Ашургулнинг кўз ёшлари армонларига қўшилиб, росмана жилға бўлиб оқа бошлади.
Боя отини ёпаётган йигитнинг мардона сувратини шу ўтган тўққиз кундан бери юзига қиё боқмаган куёвга қиёслаб кўриб, тақдир ўзини нечоғли камситганини бор бўйича англади ва алам билан изиллаб йиғлаб юборди.
Қайчилининг хўрозлари туннинг ярим бўлганидан, йўл юриб, қизиб келган бедовлар совиб, тобга келганидан, суғориб, емини иладиган вақт бўлганидан хабар бериб, басма-бас қичқира бошлади.
Узоқ йўлдан ҳориб келган от бирдан суғорилса, бўғинларига сув тушиб, ишдан чиқади. Зийрак отпазлар буни хўб билади: кам деса, тўрт-беш соат совигандан кейин суғориб, емини илади. Отнинг совиганини туёғини ушлаб кўриб, аниқлашади. Тобига келмаган отнинг туёқлари қизиб туради.
Ашургул ҳануз ёстиғини қучоқлаб йиғлаб ётибди. Уни юпатадиган куёв эса оёғидан этигиниям ечмай, печ ёнида пинакка кетган.
Ана, келинчакнинг кўз ёшлари чимилдиқнинг ортига сиғмай қолди. Тошиб чиқиб, қайгадир йўл олди. Ё фалак! Ашургулнинг кўз ёшлари қаёққа бораётир?!
Ана, қўноқлар отларини суғоргани дарё томонга етаклаб кетишди. Келинчакнинг кўзларидан бошланган жилғача ҳожари гилам устидан сирғалиб ўтиб, печ ёнида бир ўзи бир дунё бўлиб ухлаб ётган куёвга тўқинди, сесканиб, бурилди. Демак, излагани бу эмас. Куёвнинг бош тарафидан айланиб ўтиб, деразанинг тагидаги, сичқон кавлаган чуқурчага оқиб туша бошлади…
Ана, қўноқлар отларини суғориб қайтишди. Улар тўрвалардаги, олдиндан тайёрлаб қўйилган емни отларга беришиб, бирин-кетин уйга киришмоқда.
Ашургул ўн тўрт отнинг ичидан Йўрғанинг дупурини таниб олди. Ана, полвон отидан сакраб тушди. Ана, у отини боғлаб, уйга томон юраётир. Айвон устунига осиғлик турган тўрвани олиб, изига қайтди. Ана, у тўрвани от бошига илди ва энди уйга қайтиши керак. Аммо…
Келинчак Шодининг гурс-гурс қадам товушини бош­қаларнинг тапир-тупури ичидан бехато таниб турарди.
Полвон негадир кечикди. У йўларо негадир тўхтаб қолганди. Нега? Айвонга у ҳаммадан кейин келди. Йўр­ға ҳам емини энг охирида олди. Нега?! Келинчакнинг юраги тўрга тушган какликдек питирлай кетди.
Шоди қозиқ томон оқиб келаётган мўъжазгина жил­ғани кўриб, ҳайрон бўлди.
– Ажабо, бу нечук сув бўлди? Нега бунчалик ингичка? – Ўйга ботиб, бир зум турди-да қўлини сувга ботириб кўрди. Бу нимаси?! Сув панжаларини жизза куйдирди. Куйган унинг панжаларимикин? Унда нега юраги шиғиллаб кетди?
Полвон қизиқсиниб, жилғанинг ўзанига қаради. Жилғача деразанинг шундай тагидан бошланиб, Йўр­ғанинг қозиғи ёнида тугаганди.
– Қизиқ, бу қандай синоат бўлди. Наҳот, уй ичидан булоқ чиққан бўса!? – Полвон аста-аста юриб, деразага яқинлашди. Пардаси суриб қўйилган деразадан ичкарига мўралади. Янги тушган келиннинг оҳорли сепи ёйиб ташланган рангин бир хона. Жилға уй тўрига тутилган адрас чимилдиқнинг тагидан сизиб чиқиб, уйни тўлдириб тўшалган ҳожари гиламнинг устидан оқиб ўтиб, дераза тагидаги сичқоннинг инига тушиб ётарди.
Қизиқ, бу жилғача нега гиламга сингиб кетмаган? Нега ташқарига чиққунча совиб қолмаган? Нега у бошқа ёққа бурилмай, тўғри бориб, Йўрғанинг қозиғи тагига сингиб ётибди? Полвоннинг боши қотиб қолди.
Ажабо, чимилдиқ ортида нима бўлаётганикин-а? Нега жилғача сира тўхтамайди? Булоқ чиққан бўлса-я? Аммо, жуда қайноқ-ку? Дарвоқе, у ерда ҳалиги қуралай кўз келинчак бўлиши керак-ку! Ҳали келинчак куйиб қолган бўлса-я? Жуда чатоқ иш бўлди-да!…
Полвоннинг дераза олдида қанча тургани ёдида йўқ. Бир маҳал ёнига ундан хавотирланган отаси – Бекмурод Нурум келди.
– Ҳа болам, намунча ҳаяллаб қолдинг?
– Ўзим, бир тоза ҳаводан нафас олайин дедим.
Қизиқ, отаси ҳалиги жилғачанинг шундай ёқасида турарди-ку, аммо уни кўрмасди.
– Ё отингга бир гап бўлдими, болам?
– Йў-ўқ, от емини яхши олаётир, димоғи чоғ. Шу Намознинг гурунгидан озроқ чарчадим, чоғи. Уйга киргим кемаётир. Сиз кириб, ухлайберинг, ота. Мен ҳоов газаларга бориб, бир айланиб келайин. Кейин кириб ухларман.
– Бу қишлоқнинг ити қопқир келади. Қўлингга бир таёқ олиб ол. Эртан кўпкари. Уйқуга қонмасанг, қў­лингда улоқ турмай қолади, болам. Кўп ҳаяллама, – деб чол кириб кетди.
Полвон яна жилғага қаради. Жилғанинг суви бир оз кўпайгандек, буғига қараганда тобора қайнаб боради. У шу жилғанинг сирини ечмагунча кўзига уйқу келмаслигини энди аниқ биларди.
“Аммо қандай? Ёлғизмикин? Ёлғиз бўлса-я!? Манави ётган куёв бўлса керак, тарракдай қотиб қопти. Боя тентираклаб ўтиб кетганди… Оббо, одам боласиям шунчалик сулув бўладими! Чиндан сулувмикин, ўзи-а!? Юзини бир кўрсамиди… Бу созда жинни бўп қоламан-ов…”
Полвон яна узоқ турди. Бир маҳал “Борей, нима бўса бўлар!’’ деб шартта бурилиб, уйга томон йўналди. Мана, у келинчакнинг эшиги олдида турибди. Қишлоқни ғафлат босган, ҳатто, итларниям жағи тинган. Бадалнинг ҳовлисида-ку тиқ этган сас йўқ.
Полвон қўлини амаллаб кўтариб, эшик тутқичига узатди… Узатди-ю, худди бармоғи куйгандай шартта тортиб олди. Изига қайтиб, йўлдошлари ётган хона эшигига келди… Киргиси келмади. Бир оз туриб, яна келинчакнинг эшигига рўбарў бўлди. Аммо, бу сафар тараддуд чўзилмади: шартта очиб, ичкарига кирди. Бўсағада бир зум тўхтаб, печ ёнида кўндаланг тушиб, ухлаб ётган куёвнинг устидан ҳатлаб ўтди. Мана, у жилғачани тиззасидан кечиб, ўзан бўйлаб йўлга тушди.
Полвон жилға кечиб қанча юрганини эслолмайди. Аммо, жуда олис йўл босгани аниқ. Ишқилиб, келинчак қариб, ҳалиги сунбул ҳидли сочлари оқариб қолмаган бўлсин-да!
Полвон чимилдиқни кўтариб, бамисоли Буюк Цезар машҳур Рим империяси чегарасини бузиб, Рубикон дарёсидан кечиб ўтгани каби бир қадам босди. Келинчак кўз ёшларига ғарқ бўлишига бир баҳя қопти: тўшаги билан сув юзида қалқиб сузиб юрибди.
Полвоннинг шул денгизда чўмилгиси келди. Таваккал деди-ю, гўзал келинчакнинг қирғоғи йўқ бағрига шўнғиб кетди.
Келинчак хўрсина-хўрсина, полвоннинг яйловдай кенг кўкрагига азиз бошини қўйди. Ниҳоят, кўнгли ором топгандек кўзлари ўз-ўзидан юмилиб қолди. Улар биргаликда ўша ғаройиб қайноқ жилға бошланган чашманинг кўзида ғарқ бўлишди.
Жилға шу заҳоти қуриди. Энди бу чашманинг бор сувини бир томчисиниям исроф қилмай, полвон симира бошлаган эди. Лаблари куйиб қолди, аммо чанқоғини сира босолмасди.

Бағри бир ён, чўғ қучгандек куяр эди.
            Куйса, нима қилсин?
Бул фараҳли оғриқни у суяр эди.
            Суйса, нима қилсин?
Бул соғинган оловли бир oғуш эди,
            қонолмаса, нима қилсин?
Бу бир хаёл ёки ширин бир туш эди,
            билолмаса, нима қилсин?
Шул оғушда тутқун эди, истамаса,
            туролмаса нима қилсин?
Тилдан қолган бир гунг эди.
    “Қайдаман?” деб сўролмаса, нима қилсин?

Шул оқшом Бозортўба номли қишлоқни, ҳали айтганимиздек, ғаройиб бир ғафлат босди. Ҳали бир асрдан бери бул овулда одамлар бунчалик қониб ухламаган эди.

Қуралай кўз Ашургул, кўзларингни яширгин,
Қиё-қиё қарашинг юрагимни шоширди.

Сени деб от ҳайдадим, кўрмадингма, Ашургул?
Дарёйингни бойладим, англадингма, Ашургул?

Қуралай кўз Ашургул, кўзларингни яширгин.
Жабр қилиб зўрларга, мени ҳаддан оширдинг.

Қамчи урдим бедовга, рақиблардан қутул деб.
Кейин эса парининг тузоғига тутил деб.

От ҳайдадим ҳаворда, Бойчиборга баробар,
Не зўрлар бор қаторда, мен баридан зўрабор.

Қуралай кўз Ашургул, кўзларингни яширгин,
Кирмадима қўйнига, юрагимни қочирдим…

* * *
Бугун майдон Шодини ўзгача бир хуррамлик билан қарши олди. Бугун у элни тамом ҳайратда қолдирди. Минган оти Қайчилининг ҳаворини кесиб, ўзининг ва суворийнинг шонли тарихидан бутун-бутун саҳифалар ёзаберди. Зап айтувли катта зотларни саралаб, териб олаберди.
Ўша қучоғида қуёшни яширган, кўз ёшлари денгизларни тоширган қуралай кўзли келинчак кўз олдидан кетмайди. Ашургулнинг назарига тушайин, қойил қилиб, юрагини ийдирайин, шуйтиб, бағрини бу кечаям тўлдирайин деб, ҳаворда не бир зўрларнинг шавкатига соя солди. Ўзғир бедовлар ўзолмади, Шодининг оти ўзди. Олгир полвонлар ололмади, Шодининг ўзи олди. Бу кун унинг куни эди. Ахир, мардлар сулувларнинг қўйнида туғилади-ку! Ўтганлар бекорга “Қаллиқ ўйнаган йигитнинг билагида қирқ йўлбарснинг кучи бўлади” деб айтишмаган.
Кўкбулоқлик Зулфиқор бобонинг Оқжоли билан тўй эгасининг бош зотини, қўғалик Норқобил чолнинг Катта Кўки билан тўй боланинг бобоси ташлаган зотни, ҳали тириклигидаёқ етти сувлотга афсона бўлган Жўллининг Тулпор Жийрони билан тўйбеканинг зотини, отаси Бекмурод Нурумнинг Катта Тўри номи билан тўдага кирган оти билан “Охири така”ни айирди,
Энди ҳаммасини Шоди олди десак, лоф бўлади. Такаси енгил, зоти жуда тўкин, яъни кўп ташланди. Айир­ганам айирди, айирмаганам айирди. Аммо, Шоди шу бугун ҳамманинг эсида қолди ва то шу кунгача қайтиб эсидан чиққани йўқ. Юрт ўз алпларини унутмайди. Бугун кўпкари соб бўлди. Намоз Гўл бугун Шоди айирган такани ўнгариб олган, униси у, буниси бу нарсани жузлик қилиб қўшхонага қайтишди. Кўпкаридан бўш қўл билан қайтиш эр йигитга эп эмас.
Қўшхона бугун тағин-да обод бўладиган бўлди. “Охири така”ни кўриб, Қўчқор Бадалам шод бўлиб қолди. Не бир кайвонилар келиб, паст-баланддан гурунг бераётир. Шодининг номи шу кеча ҳаммага ёд бўлди.
Таканинг қовурилган, қайнатилган гўшти билан баркашлар тўлиб келиб, бўш кетаётир. Паловнинг бозори касод бўлиб қолди. Чой устига яна чой ичилаётир. Иликлар ғажилиб, шимилаётир. Бировлар ечинсаям, бадани терга чўмилаётир. Ҳамманинг димоғи чоғ, гап гапга қўшилаётир, ола чилбирдай эшилаётир. Авжи келган Намоз Гўл дўмбирани калта-калта қайтариб, ҳай-ҳайлаб, тобора очилаётир. Қўноқлар завқи келиб олқишласа, бирда ярим билганича термасиям қў­шилаётир.
Бирор бир шеърият ўлчовига тушмаса, тушмас, аммо етганича қўшиб чатаётир, оламда адабий тан­қидчи деган ғирромлар борлиги билан асло иши йўқ. Бўшалган айғирдай олди нишаб келса, бир қамчи, ярим қамчи йўртаётир. Ҳавасмандларнинг мудом бўй­доқ юрагини Гўли тушгур, шуйтиб ўртаётир.

Товлардинг боши ўрама, эчкининг шохи бурама,
Келинойинг-а хумори тортаётир-да, сўрама.

Қўй ҳайдайман чоғилга, йигит умрим сабилма?
Сибизиқди тортаман, келиной менга қойилма.

Шовуллайди сойлари, ухламайди бойлари,
Мунча ойдин бўмаса, қачон ботади ойлари?

Туғдонадан йўнсамда, мунчоқ оссам бўйниға,
Қулон отиб келсамда, кириб борсам қўйниға.

Намоз дейди, давримди сурсам дейман-да, ёронлар.
Оличадай лабидан-ай сўрсам дейман-да, ёронлар.

– Бўлди қил-э, Намозжон, отлар яхлаб қолди. Э, келинойиям бошингда қосин, элнинг эсини кеткиздинг-ку! Йигитлар, отларди суғориб, емини илинглар. Эртага катта кўпкари, дам олайлик, – деб Бойсин кайвони тўхтатмаса, Гўлнинг ҳали маст бўлган нордек бў­кирадиган шашти бор.
– Ўв, Бойсин ака, шаштимди бежой қайирдингиз-да.
Ажабтовур, болаларча соддалиги сабаб “Гўл” ла­қабини олган бу девқомат йигитнинг Худо берган ҳу­нарлари кўп эди. Қайси даврага кирса, гуллатиб, одамларнинг ичагини узиб, тўполон билан шўх гурунг бериб кетаверар эди. Агар гапириб чарчаса, булбулларни йиғлатиб, сибизғани тортар эди, сибизғадан лаби толса, гумбурлатиб дўмбирасини чертарди. Агар тошиб завқи келса, ҳалигиндай тўқсонга кирган чолниям яшартирадиган гулгун термаларни чапараста қалаштириб кетабергувчи эди.
Кўпкарида эса энди Шодига ўхшаб элни қойил қолдириб от ҳайдамаган бўлса ҳам, ҳар тўйдан икки-уч такани айириб, ҳақини олиб юргувчи эди. Энг муҳими, унинг ҳамма жойда бошқалар боса олмайдиган, муқим ўз ўрни бор.
Хизматга кетган куёв бул оқшом уйга бутунлай қайтмади. Бугун роппа-роса ўн кунлик келинчакнинг чимилдиқ ортида музлаб кутиб ўтириши унинг хаёлига ҳам келмади.
Шоди полвон эса, дами ичида, дардини бировга айтолмайди. Йўлдошларини ангизлатиб, шартта туриб кетолмайди. “Бас қил-да энди!” дейин деса, Гўлнинг раъйидан ўтолмайди. Буёғи бўронда қолган мусичадай мунғайиб ўтиришини эсласа, Ашургулданам кечолмайди: икки жаҳоннинг овораси, еган-ичганининг таъмини билмай ўтирипти.
Ниҳоят, бедовлар бу кеча бир оз кечиккан емларини олишди. Ошуфта қалбларни висолга чақирабериб, чарчаган қишлоқнинг оқкўнгил хўрозлари ҳам, Намоз Гўлдан кейин полвонни гўшангага кузатиб қўйишиб, хотиржам уйқуга кетишди.
Чобоғон халқи беғам келади: ухласа, кетини кесиб кетса ҳам сезмай, қотиб ухлайди. Шундай икки газ нарида, девор ортида тонг билан қувлашган, дунёдаги энг ширин суҳбатдан бебаҳра ухлашмоқда, бояқишлар…
Ашургул атиргул ифорларини таратиб, ошиқ булбулни сайратиб, полвонининг жисмини яйратиб, гулпечакдек чирмашиб кетди. Ер билан Осмон туташиб, парқу оғушга айланди. Полвоннинг нор билаги келинчакнинг чилвир сочларига бойланди. Ҳарчанд уринмасин, Шоди бу тугунни то тонг отгунча ечолмади…
Эртасига яқинда хотини ўғил туққан, Ўранинг номдор чобоғони Нор қайчилининг тўйи бошланди. Бир ой бурун овозаси етти сувлотга кетган эди. ‘‘– Ол-ҳа! Нор қайчилининг онаси яхши кунимга ярар деб асраб юрган бир кийимлик амири банотини шу тўйнинг кўпкарисига бош зот қилиб ташлар эмиш! Бул банот вақти-замонида маликалар мурсак тиктирадиган тоза ипакдан тўқилган; қуёшга солсанг, етти рангда товланар эмиш. Бир оти пошшойи, яна бир оти эса, “товуси” банот эмиш… ”
Шодининг тушига ҳар кеча шу банот кириб чи­қади… Айирса-да, Ашургулга мурсак қилиб кийдирса… Кийдирса-да, меҳрини тоза ийдирса. Кийдирса-да, оти келинни қўйдирса! Кейин қўйнига кириб, тонг отгунча суйса, суйдирса…
Кўпкари бошланди. Чиндан ҳам энг аввал ўша зот – банот ташланди. Қир-адирни отлар дупури тутди.
Эл бир қизиққандан кейин ҳоврини босиши кўп қийин. Шул банотнинг дастидан не бир бедовларнинг бели, не бир алпларнинг қўли толди. Олти ой боқилган беш ёшли манғи таканинг кам деганда бир ботмон юки бор. Нимагаки чобоғонлар кўтариб, эгарга тортиш нари турсин, бир ағдариб ташлашгаям зор.
– Қар-а, чаккагир, улоқ Абилаз полвонда кетди-и-и! Ийрисувлик паҳлавон – Абилаз такани тақимлаб, отнинг соврисига қамчини қор-ёмғирдек ёғдириб, ҳай-ҳайлаб сурдовда кетиб бораётир. Жонивор Тарлон жон сотиб, тўдани ёриб бораётир. Туёқ туёқдан қолмайди, чеккада озод кетиб бораётган чаккагирлар олдини ўраб, қайта-қайта қўшилаётир.
Абилаз отининг қутула олмаслигига кўзи етди чоғи, шашт билан кетиб бораётган отни бир тортишда жойида таққа тўхтатиб, изига қайирди-да, яна қамчига тутди. Аммо, шашти бир қайтган от қайтиб нафасини ростлагунча, илдам чаккагирлар яқинлашиб келиб, яна ўртага олди. Полвон отни яна икки бор ҳайдаб қайтарди. Аммо от қутула олмади. Абилаз такани ташлаб, тўдадан чиқди.
– Ҳай аттанг-а, Тарлонжон, сенам қари, менам қа­ри. Биздан давр ўтгандай, Шоди полвонга жетгандай.
 Кекса полвон бошини оғир-оғир чайқаб, майдондан чиқиб келди.
– Ў-ў бош полвон, берман бир қаранг. Кўриб турдим, уч қайтардингиз. От қутулолмади. Ай, қутулғонда, айирардингиз. Энди қўлингиз қуруқ бўмасин, полвон. Тўшда бир дагарча бор. Оз бўлсаям, кўп ўрнида кўриб, шуни об кетинг. – Ҳа шошманг, янаси бор. Момоси сизди чолимнинг узангидоши деб бир ўнаки чайраклик жипак рўмол берибти. Кампирининг олдига юзи қизариб борсин деган-да.
– Эй, сизларни Худо иззат қисин! Келинга қўша-қўша уллар берсин-да, уллари сиз-у биздай эл оралаб от човуб журсин! Раҳматлик Карвондиям Тангри ўз раҳматига олиб, жаннатдан жой ато этсин. Омин, Аллоҳу акбар!
Кекса полвоннинг дуосига турган-ўтирган эл баробар қўшилди. Абилаз полвоннинг полвонлик рутбаси элда шунчалик улуғки, унинг шу тўйга келиб, кўпкарига аралашганини бековуллар ўзларига обрў санаб, қўч­қор тортиқ қилишди.
Кўкбулоқлик Зулфиқор Қўчқор оқ ёлли, тулпор сиёқли отни Шодининг олдига ўнглади.
– Шодижон, билмадим, бехабар қолдима, ё бир бошқа сабаб бўлдима, Ибройим дўсинг бу тўйга кемади. Бир терлатмасанг, от ичикиб қолади, болам. Йиғинни кўриб турибсан. Бугун қутулса, Оқжол қутулади. Оқжол қутулмаса, ҳеч бир от қутулолмайди…
Ҳеч ким ўз отини кам кўрмайди. Аммо, бу от Ўрада икки тулпор бўлса, бирови, битта бўлса, ўзи эди.
Ўтган асрнинг қирқинчи йилларидан то етмишинчи йилларигача Ўрада Ўрол Қўчқор номи билан юрт сўраган бир раис ўтган. Йилқига насилликка қўямиз деб, ғунонлигида Жиззахнинг от заводидан олиб келган. Айтишларича, ўша от заводининг директори раиснинг дўсти экан ва ўшанда тойларнинг энг сарасини берган экан.
Олтмишинчи йилларнинг охирида йириклаштириш компанияси бошланиб, колхозлар ўрнига совхозлар тузилди. Бу янги хўжаликларга янгича раҳбарлар лозим бўлиб, эски раислар отдан туширилди. Шу компанияда раисликдан тушиб, норасмий “элбеги” мақомига ўтган Ўрол Қўчқор шу тойни сурувдан айириб олиб, “тарбия қилсанг”, бир кун келиб юзимизни ёруғ қилади деб, акаси – Зулфиқор Қўчқорга тортиқ қилган экан.
Шу от кейинчалик Оқжол номи билан машҳур бўлди. То ўлгунча тилдан тушмай, майдондан чиқмай ўтиб кетди.
Мана энди у Шоди полвонга ўнгарилди. Шодининг Оқжолни миниб майдонга кирганини кўрган тўда бирдан жунбушга келди.
Кўпкарида тарафлик тартиби бирданига бузилди: ҳар ким ўзи учун жон сотиб, чапараста от ҳайдаётир. Кўзларга такадан бошқа нарса кўринмай қолди. От шиддат билан бир айланиб, тўдани сачратиб юборди ва ниҳоят, така унинг ўзига қолди. Ҳали бошқалар ўзини ўнглаб, қайтиб ёпирилишга улгурмай, Шоди шитоб билан ерга энгашди-ю, такани озод эгарга тортди.
– А-ҳайт!
Оқжол така ўзига текканини билиб, учаётган шун­қордай силкиниб, турган жойидан яшин шашти билан сакради.
Ана, у тўдани ёриб, ҳаворни адоқлаб бораётир. Қолган чобоғонлар гирдини ўраб бораётир! Кўпкари шу ҳолатда худди баланддан пастга томон кўчиб бораётган қор кўчкисига, ёки жунбушга келган денгиз тўлқинига ўхшарди. Оқжол нечоғли ўзғир, Шоди нечоғли кучли бўлмасин, туёқ туёқдан қолмайди. Бугун бу ҳаворга юртнинг ўзғирлари келган ва бари, албатта, оламан деб келган.
Шашт билан бир маромда нишаблаб кетаётган тўда дафъатан қалқди. Шоди оёғини узангига тираб, Абилаз полвонга ўхшатиб, отнинг жиловини бир тортишда тўхтатди. Тезлаб бораётган тўда бул ҳунарга тайёр эмасди, бариси нишабга эниб кета туриб, қайрилганда вақт ўтганди. Изига бурилиб, ҳаворда юлдуз учгандек ёлғиз бораётган Оқжолни энди қувиб етиб бўлмасди.
– Ҳало-о-ол! – Бековул уч бор ҳайқириб, пошшойи банот учун бошланган сўғишнинг тугаганидан хабар берди. Банот эгасини топди. Аммо унинг асл эгаси кимлигини Шодидан бошқа ҳеч ким билмасди.
Кўпкари айни ярим бўлиб қизиб турган бир пайт бековул от устида елкасига қордек оқ босмани елвагай ташлаб олди-да, тўдани бир айланиб ҳаммага кўрсатди.
– Ў, халойиқ! Мана шу босмани кўрдингизми?
– Кўрдик! Кўрдик! Ай, ўзиям менинг елкама ярашами дейман-да…
– Кўрган бўсангиз, билинг: вақти-замонида мундай босмани элнинг беклари кийган. Фақир-фуқародан айрилиб кўриниб туриш учун шундай оқ ва шундай чин устасининг қўлидан чиққан босма кийишган. Тўй бошининг деновлик жузларга тушиб кетган аммаси жиянимнинг тўйига деб атаб тўқиб кепти. Ўриши оқ туянинг жунидан, арқови жайдари қўйдинг жунидан. Нархи бир қулунли биянинг нархиданам баланд юради. Айирсанг-да, елкангга тайлаб борсанг, хотинингам танимай қолади. Балки эшон келдими деб узангингни тавоб қилар.Ҳайда, қариндош! Ўнгол аммаси обкеган шул оқ босмани тайлайман!
Ҳали бековулнинг гапи оғзида, тўда бирдан бузилиб, бир томонга сурилиб жўнади. Демак, кимдир такани ердан кўтарган.
– Беркит, Намоз!
– Ўмганингни кўта-ар, Намоз!
– Тақимни ошир, энағар, Гўл! Нимага энди кўр­гандай бўласан?!
– Жиловди бўшат, юрагинг ёрилғир!
Намоз такани қўшқўллаб ушлаб, қамчини кўн­даланг тишлаб, ўзича бир нималар деб ғўлдираб бораётир. Остида ўзининг Кўк Дўлтаси. Олди очилаберганда, от ўзини ростлаб, қўлтиғини ёза бошлади. Тўда орқада қолди. Энди уни бедовнинг сарасини минган йигирматача чаккагирлар ўраб бораётир. Бир маҳал Мўмин Кўк лақабли амакиси йўл кўрсатди.
– Намоз, отингди яккажилов қиб, изига қайтар! Бўлмаса, қутулолмайсан!
Шу бир нимани билади деб ўйлади, чоғи, Намоз Гўл такани бир қўллаб ушлаб, бир қўли билан отнинг жиловини тортди.
– Эҳ, аттанг!
Така шўп этиб тушиб кетди. Гўл бошига муштлаб, овозининг борича амакиси Мўмин Кўкни чапанилаб сўкканча тўдадан чиқиб келди.
– Ҳе, Мўмин-а! Гўл бўмасам, сенинг гапингга юраманми?! Энағар, умрингда таканинг пойчасидан ушламаган, сенга ким қўйибди бировга маслаҳат бермакди!?
– Гўл, айбни ҳеч ўзингдан кўрмайсан-а. Ана, Шоди қайтариб, айирди-ку!
– Шодиминан мен бараварми? Оқжолминан Кўк Дўлта тенгми?
Амакисини аямай сўкаётган Намоз аста-секин тинчиди. Тўсатдан ҳаворда оламда йўқ бир дилрабо оҳанг таралди. Бу оҳанг шу қадар кутилмаган ва шу қадар хуш эдики, жон битган завқ-у ҳайратдан донг қотиб қолди.
Намоз Гўл чўккан кўнглини хушлаш учун қўйнидан сибизғасини чиқариб, чала бошлаган эди. Гўл си­бизғасини чалмасин, чалса, кўкдаги қушлар ҳам парвоздан тўхтайди, учиб бораётган турналар карвони осмонда доира ясаб айланиб қолади. Худо унга шундай бир нодир ҳунар берган эди.
Аввал четда турган томошабинлар, кейин чо­боғонлар ҳам чуқурда ётган такани ташлаб, Гўлнинг гирдига йиғила бошлади. Орадан ўн дақиқа ўтмай, така ҳаворда эгасиз қолди.
Эгаси сибизғасини эшитганнинг эсини олиб жўшиб чалаётир, оти секин-секин юриб бораётир… Бора-бора от жойида туриб қолди. Бир маҳал Гўл оёғини узангига тираб, қаддини ростлади. Бошини баланд кўтариб, кўкка қараб авж билан тағин бир пас чалди. Кўпкари ҳамманинг эсидан чиқди.
Бир маҳал Гўл аста-секин ерга энгаша бошлади. Ана, у отнинг ёлига ётиб чалаётир. Одамлар бу бошқа бир усул кўрсатса керак деб, жон қулоғи билан тинглаётир.
Ана, Гўл энди отнинг бағрига томон энгаша бошлади ва бутунлай кўринмай қолди. Аммо, сибизғаси сайрашдан бир зум ҳам тингани йўқ… Шу пайт тўдадан:
– Ў, қара, халойиқ! Гўл такани обқочиб бораётир! – деган аламли ҳайқириқ келди ва бирдан сибизғанинг уни ўчди.
– Эҳ, энағар Гўл, ростданам такани ўғирлаб ке­типти-ку!
– Қув-э, найрангчини! Ҳа, сенинг сибизғангни…
Аммо, вақт ўтган эди. Намоз Гўл тўдадан озод чиқиб, қаддини ростлаб, такани тақимига босиб, кўк­сини Ўранинг шамолига тутиб, Кўк Дўлтанинг устида бир жаҳон бўлиб кетиб бораётир.
– Ҳалол! Отангга ош бер, Намоз, ҳалолладинг.
Бековул хо-холаб кулиб, ёнига келди-да, оқ босмани елкасига ёпди.
– Кўп ишларди кўриб эдим, аммо, бу қилиқди энди кўришим. Шунча элни кундуз куни алдади, баччағар. Тағин Гўл эмиш. Ол босмани, Намоз.
Ана энди Намознинг авж қилишини кўринг. Босмани ҳалоллади. Ҳали бошқа зот айтилгани йўқ. Гўл кўпкарини куй билан тўхтатди. Сибизғасининг жингала-жингала оҳанглари бутун оламни тўлдирди.
Бир маҳал тўй эгаси от чопиб келиб, Гўлнинг елкасига бир беқасам тўн ёпди. Изидан қўғирчоқдек беза­тилган саман тойчоқ минган тўйбола келиб, чаккасига ўн сум пул қистириб кетди…
Бул оқшом базми жамшид қизигандан қизиди. Гўл кеча чала қолган ҳунарлариниям шул оқшом кўрсатди. Дўмбирани қўлига олиб, аввалига бир майдон жўшиб чертди. Роса қизишиб олгандан кейин кам-кам терма бошлади.
Вақт алламаҳал бўп кетди, отларни суғориб, емини беришгач, Гўлнинг авжи келди. Уйнинг орқасидаги ҳаворга чиқиб, сибизғасини тортиб қўяберганда ён-атрофдаги қўни-қўшнилар уйларидаги қўноқлари, бо­ла-бақраси билан йиғилиб келишди.
Тўйхона у ёқда қолиб, Бадалнинг уйида саҳаргача тантана бўлди. Саҳарга боравериб, Гўл чарчади. Мухлисларига жавоб бериб, худди эртага урушга кетадигандай, ҳар бири билан алоҳида хайр-хуш қилиб, уйга кирди ва донг қотиб ухлаб қолди. Гўл ўзининг бугунги зафарини шу тарзда қутуриб, нишонлади.
Бу кеча Шодининг ҳам, Ашургулнинг ҳам истагани бўлмади. Аксига олгандек бугун гўшангага куёв тўра эгалик қилди, лекин узоқ қолмади.
– Эн-а! Ў, эна!
Куёв чимилдиқ ортидан чопиб чиқиб, энасини ча­қираётир. Куёвнинг таҳликали товуши ҳаммани ҳушёр торт­тирди. Ҳаммадан ҳам рашк ўтида ўртаниб ўтир­ган Шоди кўпроқ хавотирга тушди. “Нима гап бўл­дийкин? Тинчликмикин ишқилиб!… Ашургулга бир нима бўлгандай-да…”
Бир маҳал қўноқлар ўтирган уйга мунғайиб қайнона кириб келди.
– Бойсин ака, овзингизда калимангиз бор. Барака топинг, акажон, шу келинимга бир дам сув қиб беринг. Ичим-ча, ичим деб чиянак бўлаётир. Шунга кирна киргандай.
Бойсин бобо бир пиёла сувга дам солиб берди. Момо сувни олиб, раҳмат айтиб чиқиб кетди. Ҳарна кўп ўтмай, ҳамма ёқ тинчиди. Худди дам сув таъсир қил­гандай. Бир оз ўйлаб кўриб, Шоди мийиғида кулиб қўйди.
Шу кеча висол соғинчидан иккови ҳам худди илон чаққандек уйқу кўрмади. Куёв келиннинг бетоқатлигини ҳалиям кирнага йўйиб, чимилдиқдан чиқиб, печ ёнида ухлаб қолди…
Полвон кўзини очса, кун чошгоҳ бўлибди. Ҳам­роҳлари отланишиб, кўпкарига жўнашаётир. Йўрға эгарланган. Бу саҳархез отасининг иши. Аммо, унинг феъли айниди.
“Бир оғиз сўзини олмай кетмайман!”
Шоди қайтиб жойига ётиб олди. Кетдик деб қис­таганларга “Мазам бўмаётир. Кўпкари қизийберсин, кейинроқ борарман” деб баҳона қилди.
Кетишди. Ҳамма, ҳатто, куёв ҳам ғунончасини миниб, кўп яхши ниятлар билан кўпкарига жўнади. Полвон қанча вақт ўтганини билмайди. Кўзи илиниб қолган экан, ниманингдир шарпасидан уйғониб кетди.
Қараса, ўртага дастурхон ёзилган: чойнакда чой, шокосада қорин мой, ёнида иссиқ това нон. Энг му­ҳими, бошида мушки-анбар таратиб, қийғос очилган атиргулдай дунёсини лолу ҳайрон қаратиб, пешонасини силаб Ашургул ўтирибди…
Ҳаммаси ёдига тушди. Намознинг қилиқлари худди босинқираш каби бир зумда хаёлини тарк этди. Ёстиғининг тагидан ҳалиги машҳур ипак банотни олиб, келинчакнинг елкасига ташлади. Ташлади-да, бағрига тортди.
– Вой, қўйиб юборинг, полвон ака, биров кеб қо­лади!..
Кўпкари яримлайбериб, Шоди етиб борди. Борса, бугун кечагидан ҳам суронлироқ талош бўлаётир. Кимлар олиб, кимлар қуруқ қолаётир. Шоди шодилигини бугунам кўрсатди: уст-устига тўрт марта зот олди. Кўпкари тарқади…
Ўтган кеча уйқудан қолган қўноқлар бугун аввал оқшомданоқ уйқунинг тараддудини кўришди. Айниқса Намоз Гўлнинг дили хуфтон: кўпкарида ови юришмади. Амаллаб бир нимкала зот айирди. Оқ босма қаёкда-ю, бир битлаган улоқ қаёқда. Дўмбира тобда, сибизға ғилофда қолаберди. Намоз Гўл бугун сибизиқнинг ўрнига ҳам хуррак тортадиган бўлди…
Қайчилида жон битган ширин ғафлат уйқусига чўмган бир пайтда уч нафар мавжудот бедор эди. Эгари урилиб, югани тугилган, устига келиннинг бўғчаси бўктарув қилиб ортилган Йўрға, Шоди ва қуралай кўз Ашургул.
Қайчилида соат роса бирга занг урганда, бу ўзгача занг овозини учовидан бошқа ҳеч ким эшитгани йўқ. Ашургул Йўрғанинг соврисига минди…
– А, ҳайт! Биз айирган энг катта зот шу бўлди, – деб Шоди Йўрғанинг бошини кунчиқарни мўлжаллаб буриб, жиловни бўшатди…

Туннинг бахмал қўйнида ухлаб ётар овуллар,
Қизил камнинг шамоли от ёлида шовуллар.

Кўк йўрғанинг туёғи йўл торини чертади,
Дупира дупир йўрғаси ёзилмайин кетади.

Асалдан ҳам тотлидир суйган ёрнинг висоли,
Пиёдадир, отлидир, суйганида хаёли.

Ашургулнинг бўйнида мушки-анбар ҳиди бор,
Бахтин топди қўйнидан, Шодининг ҳам диди бор.

Қарчиғай қаро бўлур, қаноти ола бўлур,
Юлдузга юлдуз рост келса, айрилмас бало бўлур.

От шаштидан андизлар шитирлайди, ёронлар!
Келинчакнинг юраги питирлайди, ёронлар!

Элдан ўзган чобоғон кам-кам кўнглин хушлайди,
Ашургулнинг белидан бир тутам қиб ушлайди.

Қайчилининг даштини чангга белаб боради,
Савдо тушган бошини ҳар дам силаб боради.

Ширин ўйлар сурганда тилга ширин гап келар,
Йўрғанинг соврисида келинчак ажаб келар.

Балқиб турар жамоли, париларнинг хилидан,
От устида бурилиб, ғовзалайди белидан.

Қиқирласа Ашургул, хуморингни ёзади,
Бамисоли атиргул, мушкидан ақл озади.

Жўл танобин тортади, Йўрғани қичаб келди,
Тераклига етгунча йўллари нишаб келди.

Чапак чалиб тераклар, овулға жар солишди,
Ашургул чечам келди деб, хўрозлар гал олишди.

Ўттиз уйлик овулда ҳурмаган ит қолмади,
Олтмиш йиллик карларам, тонг уйқусин олмади.

Тераклида саҳардан гур-гума тўй бошланди.
Жуфтлаб сўйиб саркалар, қурга муча ташланди.

Қулун миниб, той миниб, бўз болалар келишди.
Кўпкари берасан деб, тол тушгача уришди.

Шибоқлининг ҳавори тўзон бўлди шу бугун.
Бўз болалар дуп-дуруст полвон бўлди шу бугун.

– Ў, Панжи, бор мулла Донани чақириб кел. Шолпорини миниб, тезлаб кесин. Аввал бошлаб бу ишди шариатга ўнгламаса, бўмайди.
– Тўғри айтасиз, мулла Эшқувват, олдин никоҳ қийиб, жуфтини ҳалоллаб олиш керак.
Шу куни саҳар чоғи Тераклида тўй, Бозортўбада эса, қиёмат қойим бошланди. Қўчқор Бадалнинг кампири аюҳаннос солиб, эшикдан чиқиши билан эл отли-пиёда кўчага чиқди, Ана-мана гапнинг тагига етгунча тонг бўзариб отиб қолди. Қочгувчилар қочиб қолди. Олдингиси икки қирдан, кейингиси битта қирдан ошиб қолди.

* * *
– Вой отаси, уйимизни куйдириб кетибди, жигит ўлгир бул Шоди! Вой, энди нима қиламан? Элдинг кўзига қандай қарайман! Қўшхона олмай, мен ўлайин! Така гўши емай, мен ўлайин, энди қаерга бораман! Додимди кимга айтаман!
Шовқин-сурон эрта саҳар бошланди.
– Нима гап? Нима тўполон саҳарлаб?!
Ҳамма уйқусираб каловланиб юрибди. Ит эгасини танимай чапараста ҳураётир. Эгаси бекасини танимай, калтак олиб қуваётир.Уйқуси учган қўноқлар тасир-тусир отланишаётир. Ҳаммаданам Намоз Гўлга қийин бўлди. Бояқиш шошганидан отни эгарлаётиб, жаҳанник қўйиш ёдидан чиқиб, яйдоқ отга эгар босиб қўйипти….
– А, савил-а! Шошганда лаббай топилмас деб шуни айтади-да.
Кўзи аланг-жаланг, атрофига қарайди. Ҳали терликка, ҳали дигилга, ҳали босилдириққа югургилайман деб, қадамида суринади. Йўлдошларим кетиб, бир ўзим қўлга тушиб қолмасам гўрга эди деб терга ботиб, уринади. Мана, ниҳоят, отини амаллаб эгарлади-да, ирғиб минди.
– Чув, жонивор, Дўлтажон! Энди ўзинг қутул­тир­масанг, Шодиси қурғур кеча ўлиб қолди. Не бир қоринли раисларнинг қизлари сочини тараб ўтириб эди, Шодига тегамиз деб, бу гапди эшитиб, бари “тўрам”лаб қолди. Оти тўсатдан жўнай бериб, таққа тўхтади.
– Сени нима жин чалди, Дўлтажон? Нега юргинг келмайди? Нима Шодидай бўб, Бадалдинг ғуножин биясига илиқдингми сенам?
Гўл жон ҳолатда отнинг соврисига қулочлаб қам­чи урди. Қамчи жонидан ўтган жонивор Дўлта улоқчи от эмасми, шашт билан турган жойида сакради… Сак­ради-ю, ўмбалоқ ошиб йиқилди. Отининг тизгини узилиб, йиқилган Гўл туриб қараса, шошилинчда тизгинни қозиқдан ечишни унутибди. Боғловли турган отга қамчи солган экан, бояқиш.
Дов солиб келган Қайчилининг йигитлари Мансурнинг камида тўп бўлиб, анча вақт қараб туришди-да, қишлоққа оралагани ботинолмай, бир-бирига қарашиб, қайтиб кетишга баҳона излаб, маслаҳат қилишди.
– Изди жетирдик, йигитлар, энди қаердан излаймиз уларди? Момолардинг бўғчасини ахтармаймиз-ку.
– Излаб топдингам дейлик, қолувдорлиқлар шул Ашургулди қайтариб берама, ол деб? Қайтариб бермайди.
– Излаб топдингам дейлик, Ашургулди қайтариб бердиям дейлик, ол, олиб кет деб. Шул Ашургул сенга мингашиб, Қайчилига қайтармикан?
– Мен билувда шул Ашургул сенга мингашиб Қай­чилига қайтмайди.
– Излаб топдингам дейлик, қолувдорлиқлар Ашургулди қайтариб бердиям дейлик, ол, олиб кет деб. Шул Ашургул сенга мингашиб Қайчилига қайтибам борсин дейлик. Полвоннинг яйловдай қўйнини кўрган шул Ашургул Бадалдинг улига хотин бўлармикан?
– Бўлмайди…. шул Ашургул хотин бўлмайди.
– Ке қўй, шул Ашургулнинг йўлида ўлиб кетмайлик, йигитлар.
– Туя кўрдингма?
– Йўға …Ўрани тити-пити қилиб қидирдик, Қо­лувдорда изини йитирдик. Отлардинг бекордан-бекор ичини куйдирдик.
– Ўзини-чи?
– Йў-ўқ. Изи йўқнинг ўзи йўқ. Изини йитирдик.
– Қайтамизми бўлмаса?
– Бўмаса, нима қиламиз? Бўган гапди элга бориб айтамиз.
            
* * *
Кун пешинга қойим бўлганда Тошбулоқнинг газасидан бирин-кетин отлиқлар ошиб туша бошлади.
– Ана, келишаётир, эгачилар!
– Сана қани, газадан нечов ошди?
– Еттов, саккиз, тўққиз, ўн, ўн бир, ўн икки…Бирови кўринмайди-ку!
– Қайси бири йўқ?
– Қаторда Намоз аканинг Дўлтаси кўринмайди.
Аёллар жон ҳалак, эрларига алағда…
– Ҳайла, орқада экан, келаётир, Намоз ака!
Мулла Эшқувват шовқинни эшитиб, ташқарига чиқди.
– Ҳа, ана, буларам келишди. Энди йигитлар, тўйни қайтадан бошлаймиз. Ҳов келинлар, тур баринг! Атаган, байлаганингни ўртага ташла. Йигитлар омон-эсон келишди. Бу жуда катта давлат. Худо буларди тағин қайтариб қўйниларингга солди.
Ростданам тўй қайтадан бошланиб, то ярим тунгача давом этди. Бекмурод Нурумнинг саркалари сў­йилиб битди, йигитлар энди ўйлаб ўтирмай, Оллоқул чолнинг қўрасига киришди. Эгаси бехабар, етти сарка изма-из сўйилиб, бири тандирда, бири қозонда пишиб, яхши кунга яради.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 12-сон.