Оппоқ эди бошда бу дунё,
Кўча оппоқ, кечалар оппоқ…
Хуршид Даврон.
Биринчи соат дарсга кечиккан биз учовлон ботирлар юракларимизни ҳовучлаб эндигина мактаб биноси ёнида учрашиб турган эдик, синф раҳбаримиз Бўтаевнинг олаҳакканикига менгзар ўткир товуши капалагимизни учириб юборди.
− Ҳей-эй, қаҳрамонлаар! – деди у гўё биздан тортган барча ситамлари учун ўч олишнинг бирор йўлини топгандай ғўддайиб. – Нега кечикиб қолдиларинг? Тезроқ хонага юринглар! Сенларни кутиб турибмиз − участкавой билан!
Бошим қотди. Биз Бўтаевга охирги марта қачон ёмонлик қилган эдик? Ҳафта олдинми? Аммо у режамиз ҳам синф раҳбаримизни маҳв этишга қаратилган бошқа бир қанча режаларимиз каби муваффақиятсизликка учраган эди-ку, оқибатда ана, у яна қаршимизда шақилдоқ илондай буқоғини шишириб турибди! Аслида ўша иш эслашга ҳам арзимайди ва уни амалга ошириш фикри қасддан эмас, тўсатдан пайдо бўлган эди бизда. Яъни синфхонамизга кутилмаганда каттакон қора ари кириб келган эди.
− Ву-у-уй, − деб юборганди ҳамсинф қизлардан бири арига қараб. – Жа ғалати туридан эканми? Қора экан!
Ари каттакон бўлгани учун қанотларидан чиққан товуш бошқаларнинг ҳам эътиборини тортиб улгурган, бу вақтда ҳаммамиз зўр қизиқиш билан уни кузатаётган эдик.
− Бу – қора замбур, эскитдан бор, − билоғонлик қилганди Садаф. – Энамнинг тиши оғриганда, мана шундай замбурни тишлаб тузалиб кетганди.
“Алдаяпти!” деган гап деярли ҳаммамизнинг хаёлимиздан ўтган бир пайт:
− Ҳазиллашаяпти! − дея ўз фикринни юмшатиброқ ифодалаганди Мирза. − Ҳеч бир замонда ари − замбур ҳам тиш оғриқни даволар эканми?!
− Даволаган деяпман-ку, − Садаф бўш келишни истамаганди. − Энамнинг айтишича, бунинг бир ривояти бор экан. Қадимда, авлиёлар яшаган даврларда қаттиқ очарчилик бўлибди. Шунда бир авлиё ўз фарзандларига “Хафа бўлманглар. Ҳали бир даврлар келадики, одамлар ўзларидан ортган таомларни кўчага олиб чиқиб тўкади”, деб далда берибди. Бу гапдан авлиёнинг қизининг жаҳли чиқибди. “Э, шундай исрофгарчилик қилишса одамлар тиш оғриқ бўлсин-е!” деб юборибди. “Ундай деманг, қизим, ундайгина қарғаманг! – шошиб қизига ўтинибди авлиё. – Тез бунинг давосини айтинг!” Шунда ўша авлиёнинг қизи “Ё омбур даво, ё замбур даво!” деган экан… Шу-шу, одамларнинг тиши оғрийдиган бўлибди-ю, суғуртириб ташламаса ё шу ноёб қора замбурни ғарчиллатиб тишламаса, бу оғриқдан ҳеч қутилмайдиган бўлибди.
− Хўп, бу жониворни тишласа, тиш оғриққа даво экан, лекин чақса-чи? Чақса нима бўларкин? – Садафнинг гапини рад этмаган ҳолда, ўсмоқчилаб сўраганди Қодир. – Адашмасам, биринчи соат синф раҳбаримизнинг дарси эди-я?!
− Ундай қўрқитманглар-е… – деганди, оғзи ва кўзлари катта очилиб, каттакон балиққа ўхшаб қолган Мўмин. – Чақса… Ўлдирмай қўймайди бу!..
Бу пайт Мўминдан бўлак ҳамма Қодир ўсмоқчилаб нимага шама қилганини англаб улгурган, қўлига дафтарини олиб, парталар устида сакрашиб қолишган эди. Бироқ мен ўзғирлик қилгандим. Турган жойимда папкамни улоқтиргандим-у, шифтдан арини уриб туширгандим!
− Гап йўқ! – ифтихор билан боқиб, алқаганди мени Садаф, − Чингачгук бўб кет!
Сўнгра тирик арини қўлга олдик. Қаноти ва оёқчаларини юлиб ташладик. Кўзга ташланиб турган нишини тепага қаратиб, Бўтаевнинг ҳозир келиб ўтирадиган стулига жойлаштириб қўйдик. Шўрлик синф раҳбаримиз бизга раҳбар бўлгандан бери биринчи марта шовқин-суронсиз, мана шундай жимгина дарс бошланишини кутаётганимизни кўриши бўлса керак. У синфхонага кириб келаркан, гўё “мина”ни босиб олишдан чўчиган аскардай ҳадиксираб қадам ташлар, икки кўзи аланг-жаланг эди. Ҳар доим нега овозларинг чиқмайди, деб бизга икки-уч қайтадан бақиртириб салом бердирадиган одам, бу гал азбаройи иштиёқ билан берган саломимизга ҳам алик олишга иккиланди. Бошини ирғаб, нимадир деб ғудрангандай бўлди-ю, кўзларини биздан узмасдан секин жойига чўкди. Барчамиз унинг сакраб ўрнидан туриб кетишини кутиб бўйинларимизни ичга тортган эдик, у баттар ажабланди. Хиёлгина чайқалиб, сутулга янада ўрнашиброқ ўтиришга ҳаракат қилди.
Бўтаев ўтирган жойида йўқлама қилганида, кечаги мавзуни сўраб билганида ҳам, биз ҳамон унинг сакраб ўрнидан туриши ва додлаганча хона бўйлаб югуриб қолишини умид билан кутиб ўтирардик. Лекин, афсуски, ҳали айтганимдай режамиз муваффақиятсизликка учради. Бўтаев ёзув тахтасига янги мавзуни ёзиш учун ўрнидан турганида қарасак, ари мажақланиб унинг каттакон кетига ёпишиб қолган экан…
Бироқ у ҳозир бизни ҳафта олдин қилган бу безорилигимиз учун эмас, кеча тунда амалга оширган росмана жиноятимиз учун синфга чорлаётгани эҳтимоли катта эди. ўлдими, ари учун участкавой чақириб юрмас…
− Сезиб қолишибди… – йиртилиб, пати тўкилган ёстиқдай бўшашибгина ғулдиради Қодир менинг гумонларимга ҳамоҳанг. – Бунинг кўп ишни тиндиргандай ғўддайиб туришидан, ичкарида бўларимиз бўладиганга ўхшайди…
− Ана, кеча сен иккалангга айтмовмидим! – гўё ичидан бир нарсаси узилгандай инграб юборди Мирза. – Ҳаммасига кўз юмиб, тинчгина ўтирганимизда бу балолар йўқ эди!..
Аллақачон кўнглим бузилиб, жуфтакни ростлашни ўйлаётган эсам-да, Мирзага ташвишланиб қарадим: чунки кеча у ҳечам унақа деган эмас, ҳозирдан шу туриши бўлса, ичкарига кирибоқ ҳамма мағзавани Қодир иккимизга ағдармаса гўрга! Ахир, аслида… Аслида ҳаммасига шу Мирзанинг ўзи.., йўқ Қодир.., йўқ-йўқ.., яхшилаб ўйлаб олай-чи… Балки… Балки Садафнинг ўзи сабабчи эмасми?!
Садааф!.. О-о, Садаааф! Не ажабки айблаб, ерга уриб, қум-тупроқларга белаб гапирган тақдирда ҳам унинг исми тилгинадан сирғалиб ажиб бир куй билан чиқади-я? Ҳолбуки, жисми исмига монанд, оппоқ ва бўрсилдоқ юзларига кулгичлари ярашган, кўзи қийғоч, сочлари патила бу ойимча биз уч ошна – мен, Қодир ҳамда Мирзанинг нақ жигаридан уриб қўйган эди-да! Бу ҳақда ҳеч ким гапирмаса ҳам, бутун синфдошларимиз билар эди шунақалигини! Ҳатто Садафнинг ўзи ҳам бизни то мактабнинг илк синфларидан бери куйдирибгина юрганини яхши билар, шундан ҳеч қайсимизни хафа қилмай, ҳеч қайси биримизни қўлдан чиқаришни истамай, ҳар учаламизга бирдек қош қоқиб, кўз учириб қўйишни канда қилмасди. Тўғри, у энтикишларимизга жавобан шу биргина қош учиришдан нарига ўтмас, жуда эриб кетган паллаларидагина бўйига етаётганидан бери тобора қизил атиргул ғунчасига ўхшаб қолаётган лабларини қимтиб, ўзича аразларди. Киноларда кўрганман, қиз боланинг аразлагани – нозлангани, нозлангани – суйгани! Унинг бундай ноз-ишваларига энг кўп дучор бўлгани учун камина, Садаф аслида мана бу говкалла ошналаримни эмас, биргина мени, якка ўзимни яхши кўрса керак, деган ширин шубҳа ва гумонларга берилар эдим. Нега ундай умид қилмай эди? Ахир, кечагина – илк синф даврларимиз мактабга бирга қатнаб юрганимизда унга уйдан наввот, парвардалар олиб борганим, ҳатто энам қишда ейиш учун газетага ўраб саватга жойлаб қўйган олмаларни-да ташиб едириб юборганим, бу ишим оқибатда уйдан ҳайдалишимга оз қолганигача ҳали-ҳануз эсимдан чиққан эмас-да. Ўшанда Садаф, йўқ ҳозирги катта қиз бўлиб қолган Садаф эмас, сочларини икки ўрам қилиб оппоқ лентачалар тақиб юрадиган қизалоқ Садаф Мўмин билан битта партада ўтирар, беташвиш-беғам, бўш-баёв Мўминбой эса қандай бахтга эга эканини хаёлига ҳам келтирмасдан папкасини ёстиқ қилиб нуқул уйқуни уриб ётарди. Эҳ, шу бир Мўминга қанчалар ҳавас қилар, Садафга яқиндан, нафасларини эшитар даражада яқингинадан соатлаб термулиб ўтиришни мен қанчалар истар, орзу қилар эдим ўшанда. Айтганча, Мўмин − биз ошналарнинг тўртинчимиз. Биринчи синфдан то бешинчи синфгача Садаф билан битта партада ўтиргани учунми ё онаснинг қўли ширин пазанда бўлгани учунми, унча эсимда йўқ, ишқилиб синфимиздаги қолган довдир-совдир болаларнинг ичидан уни ўзимизга ошна қилиб сайлаганмиз. Ўзиям ошначиликка ярайдиган бола-да, ғирт аммамнинг бузоғи – қаёққа етакласанг ғиринг демай кетаверади! Қисқасини айтганда-ку, гўдаклигида Садаф билан битта партада ўтиришидан ташқари, менинг бошқа бир гал ҳам унга жуда ҳавасим келган. Бу воқеа ўша – биз пиёз экиб, раҳмат эшитиш ўрнига туҳматга қолган кунимиз, зов бўйида бўлиб ўтган эди.
У пайтлари биз таранг тортилган камон ўқидай етукликни кўзлаб турган тўққизинчи синф ўқувчилари эмас, бор-йўғи бешинчи синфнинг тентаккина болалари эдик. Табиатшунослик фани малимимиз биздан синфимиз билан далага − пиёз экиш учун ҳашарга боришимизни сўраб қолди.
− Болаларар, бу шунчаки ҳашар эмас, очиқ дарс, − деганди ўшанда малимимиз. – Шуни ота-эналарингга яхшилаб тушунтириб, рўхсат сўранглар. Далага чиқиб терласаларинг, мияларингдаги ортиқча сув чиқиб кетиши мумкинлигини ҳам айтиш эсаларингдан чиқмасин.
Биз эса малимимизнинг гапириш оҳангиданоқ бу шунчаки ҳашар эмаслигини, балки табиатшунослик фанидан табелимизга тушажак беш баҳоларнинг гарови эканини сал-пал англагандай бўлган эдик. Уч-тўртта дангасани ҳисобга олмаганда, дарсдан кейин ҳаммамиз турналардай тизилишиб боргандик.
Далада эса эрта баҳорнинг ям-яшил ўт-ўланлари шатолоқ отиб қочган болалардай сочилиб ётарди. Осмонда тўп-тўп булутлар мисоли ўйинқароқ болалардай сузиб юрар, қуёшнинг лоҳас қилувчи нурлари кўзларимизни қамаштириб, атай биз билан ўйин ўйнамоқчи бўлаётганга ўхшаб туйиларди. Эсимда, ўшанда энг олдинда югуриб бораётган Садафнинг кўкиштоб кўйлаги этаклари ҳилпираб гўё бир байроққа ўхшаб қолган, биз шу байроққа тезроқ етишиш илинжидаги спортчиларга ўхшар эдик. Шамол эса бизни недандир огоҳ этишга урингандай, биздан шошмасликни, шошилмасликни сўраётгандай, қанча тез югурсак даладан, осмон-у булутлардан ва… ва баҳордан шунчалик олислашиб боришимизни тушунтирмоқчи бўгандай қўл-оёқларимизга ожизгина чирмашиб ортимизда қолиб кетар, ғамгин пичирлаган қария мисоли изимиздан оҳиста ғудраниб қўярди. Шундай югуриб, тамом ҳолдан тойиб зовур бўйига етганимизда Садаф қўлини кўтариб барчамиздан тўхташни сўради. Ҳамма тўхтагач, қўлларини тиззасига тириб, бироз нафас ростлаган бўлди-да, кейин улоқчаларга ўхшаб сакраб-сакраб зовурнинг тупроқ йиғилиб дўнгалак бўлиб қолган жойига чиқди. Дўнгалакнинг ортини – зовурни зўр диққат билан кузата бошлади. Биз синфдошлар унинг хаёлига яна қандай қизиқ фикр келди экан, деб бетоқат кутиб турибмиз…
− Қани, ким шу ердан сакрай олади? – дея сўради у ниҳоят. Бу гапдан сўнг аввалига қизиқувчан қиз болалар, кейин биз ўғил болалар ҳам Садафнинг олдига чиқиб пастга қарадиг-у, сакраш тугул дамимиз ичимизга тушиб кетди. Чунки зовур ичи камида беш метрча чиқар, сакраб тушган одамнинг оёғи синмаган тақдирида ҳам, тўпиғидан чиқиб кетиши тайин эди.
− Наҳотки, ҳеч қайсиларинг сакрай олмасаларинг-а? Тоза қуён юрак экансанлар-ку! – деди Садаф бешафқатлик билан. – Бу зовур нима бўпти! Ҳиндлар бундан ҳам баланд жойлардан сакрайверади.
− Чуқур экан…
− Анчагина…
− Суви бўлгандаям бошқа гап эди… – чуғурлаша кетди қизлар.
Бу умидсизликка чорловчи гаплардан кейин яна бир бор бўйнимизни чўзиб зовурдан пастга қарадик, ниҳоятда афсусланиб, пичир-пичир гаплаша бошладик.
− Ким сакрайди, қани ким?! – Садафнинг бу галги қатъий овоз оҳангида бешафқатлик эмас, меҳр-у муҳаббат толалари эшилиб кетган, умидвор боқаётган нигоҳларида ҳам не бир инжикиш, не бир шикоят бор эди. – Фақат қиз болалар эмас, ўғил болалар сакрасин! Ким сакраса, ўша – ғолиб!
“Ғолиб? Нимада ғолиб?! Ҳали ҳеч қандай ўйин бошлангани ҳам йўқ-ку!” Афтидан барчамиз шуни ўйлаб, тушунолмай турган эдик, кутилмаганда зовур ичига Мўмин мисоли ярим қоп пиёздай гурсиллаб тушди…
Мўмин?! Қачон қараса мишқини оқизиб юрадиган, итнинг орқанги оёғи Мўмин?! Ҳамма ҳайратда, ҳамма ҳаяжонда эди. Аммо Садаф афтидан зовурга айнан Мўмин эмас, бошқа биров, дейлик, масалан, менинг сакрашимни истаган эди, шекилли, Мўминни олқишлаш ўрнига шарт ўгрилиб, лом-мим демасдан жўнаб юборди. Биз эса кетмадик, ноихтиёрий бир тарзда кетолмадик. Оддий мишқидан бамисоли ҳинд киноси қаҳрамонига эврилган Мўминни зўр ҳавас, зўр эҳтиром, зўр ҳасад билан зовурнинг ичидан тортиб олдик. Аммо энг қизиғи, Мўмин зовурдан чиққач бизнинг ҳафсалаларимизни пир қилиб:
− Қайсинг… Итарган бўлсанг… отамга айтаман! – дея шинғиллаганидай бўлди.
О, кимдир итариб юборган, адашиб қулаб тушган, ҳарқалай Садафнинг шартини бажарган Мўминнинг ўрнида бўлиб қолишни қанчалар ҳавас, орзу қилган эдим мен ўшанда… Аммо бугун, мана бугун ўспирин ёшга етиб, бўйим билан бирга эсим ортиб, ҳамма қизлар, айниқса, чиройли қизлар ўта айёр, ниҳоятда очкўз бўлишини англаб турибман. Ҳа, уларнинг лаб буриб, кўз пир-пиратишлари жуда-жуда алдамчи, жуда-жуда сохта бўлар экан, аслида. Аслида улар ҳеч бир йигитни қўлдан чиқармасам, ҳаммасини бир қатор қилиб итдай изимдан эргаштирсам, кўзмунчоқ қилиб қўлимга тақсам, каптар қилиб барчасига ҳовучларимда дон берсам, деган ҳийлакор хаёллар билан юрар эканлар. Ҳар қалай синфдош қизларимизнинг кеча қўлимизга тушиб қолган дастмоялари наинки менга, балки биз тўрт ошнанинг барчамизга шундай ўйлашдан ўзга йўл қолдирмаган эди.
Очиғи, биз қизларнинг шундай дафтар-дастмоялари борлигини айнан ўз кўзларимиз билан кўрмасдан, бошқа бировдан эшитганимизда, балки ишонмаган бўлардик. Бироқ бу не кўргуликки, Қодир дафтарни ашёвий далил сифатида қўлга киритибди. Дарслар тугагач, у томоқ қириб, ияк қоқиб биз учовлонга – Мирза, мен, Мўминга якка тут тагидаги ўзимизнинг тош ёнига боришни имо-ишоралар қилганда, албатта, ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ эди.
Учовимиз узун-қисқа бўлиб ҳамишаги сардоримиз Қодирбойнинг изидан юриб борар эканмиз, йўлда Мирза секингина:
− Нимага ранги гезариб кетибди? – дея сўради.
− Қўявер, арзимаган гапдир, − дедим мен унга кўз қисиб. − Бу ўзи шуйтади, обдон ваҳима қилмаса, ҳеч гапни айтмайди!
Аслини олганда-ку, якка тутнинг тагида ҳазилакам гаплар гаплашилмайди. Чунки бу қартайган тут мана шу пастликда Чимсарой овулимиз пайдо бўлиши билан теппа-тенг кўкариб чиққан, энамнинг маталларига қараганда, уни овулнинг катта бир Эшон бобоси эккан экан.
Энам ўшанда жеркиб, гапирмагани учун якка тутнинг меваси нега бемаза экани биз ошналарга ҳам сир бўлиб қолганди. Лекин беш-олти йил олдин у ҳақидаги бошқа гапларни оқизмай-томизмай айтиб берганимдан кейин, Қодир жуда илҳомланиб кетганди.
− Бугундан бошлаб шу тутнинг тагини ўзимизга қўналға қиламиз! – деганди кўзлари милдир-милдир товланиб. – Энг сирли гапларимизни шу муқаддас тутнинг тагига келиб гаплашамиз!
− Тўғри айтасан, фикрингга қўшиламан, − деб эснаганди Мирза эса. – Тут билан тош турган жой баланд, пастдан келиб биров гап пойламоқчи бўлса, дарров кўриб қоламиз.
Бироқ Қодир кейинчалик муҳим сир деб бўлмайдиган арзимас гапларни айтиш учун ҳам бизни азза-базза шу тутнинг тагига судрайдиган одат чиқарган, ҳозир ҳам узун-қисқа бўлиб унинг ортидан борарканмиз, рости, воқеанинг у қадар жиддийлигига шубҳам бор эди. Шу учун, у ерга етишимиз билан “Хўш, яна нима бўлди?!” – деб Қодирга кесатишдан ўзимни тия олмадим.
− Бало, бўлди! – дея жавоб қайтарди шунда Қодир. – Барингга очиқ лаҳад бўлди, эшитдиларингми?!
Мен Қодирни яхши биламан, сал бўш кетганни миниб олади.
− Сен кўп тизинглама, ичинг қотган бўлса, жаҳлингни энангга ё мана бу… Мўминга қил! – деб унданам баланд келишга уриндим шунга. – Тушунтириб гапирсанг-чи бундай?
Таҳдидимдан сўнг Қодир унча-мунча шаштидан тушди. Ёш ғилтиллаб, саросимали боқаётган кўзлари билан кўзимга бироз тикилиб турди-ю, ўша дастмояни – қизларимизнинг шунча пайтдан бери биздан яшириб келган “Дил дафтари”ни юзимга улоқтириб юборди. Қодир отган дафтар мисоли ўқ еган каптардай оёқларим остига тушиб, варақ-варақ бўлиб ётганда ҳам, қолган ошналар ҳали ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ, хусусан, мен қўлларимни чўнтакка тиқиб, бепарво турар эдим.
Қодир ниҳоят парвойимиз палаклигига чидай олмади.
− Кўр… Ўзларинг кўринглар мендан сўрагунча Садаф!.. Садафларинг нима қилиб юрганини! – деди оғзидан тупук сачратиб, бармоғини бигиз қилиб дафтарни кўрсатаркан.
Мирза иккаламиз у кўрсатган томонга эмас, бир-биримизга қарадик: “Садаф…ларинг, дедими? Бунга эс қаердан битди?!”. Дафатрни эса Мўмин олди. Саводи яхши бўлмагани учун оғзини уч бурчак, тўрт бурчак қилиб қодир вароқларини буклаб қайирган жойидан ўқишга тушди. Шундан сўнггина Мирза икковимиз узун-қилтириқ бўйинларимизни чўзиб, Мўминнинг елкаси оша алангладик:
“Сизни жудаям кўп ўйлайман… Ҳиндларнинг киноларидаги уришқоқ йигитларни кўрганимда, ҳамиша сиз эсимга тушаверасиз. Биламан, аслида сизнинг ўша ҳиндилардан ҳам кучингиз кўп. Ҳеч бўлмаганда улардан мардроқсиз. Менга кимлардир ёмонлик қилмоқчи бўлганда, сиз кўксингизни қалқон қилиб мени ҳимоя қиласиз… Кеча сизни тушимда кўрибман. Бу ҳақида ёза олмайман… Уят ахир… Садаф”.
− Кимга ёзипти-и-и?!! – ҳали ҳушимни йиғиб ололмасимдан, чап қулоғим остида чийиллаб юборди Мирза. – Уятсиз, қийшанглаб кимга ёзипти бу ҳаром гапларини?!
− Билмайман, чин сўзим, билмайман ошна! – деди, Қодир ҳамдард топганидан енгил тортгандай сачраниб Мирзага қараркан. – Дафтарни ҳам ўғирлаб олдим. Агар ўзлари шивир-шивир қилиб сездириб қўймаганида, ўлай агар танаффусда сумкасини ковлаш хаёлимга келмасди!
− Пачағини чиқараман! – Мирза ўзини қўярга жой тополмай қолди. – Чини билан айтаяпман, кимлигини билсам пачақлаб ташлайман!
Дарҳақиқат, Мирза бу машъум ва ҳаёсиз дил изҳори кимга аталганини билиши биланоқ бориб бўйнидан бўғиб, ичига тепиб, ерга ётқизиб, оёқларида аёвсиз пийпалаб ташлагудай жазавада турар, айни важоҳатини кўриб ундан яхшилик кутиб бўлмасди. Мен эса ҳамон ўзимга келолмасдим. Туш кўраётгандай, ошналарим одам эмас − бир рўё, Мўминнинг қўлида турган увада дафтар ҳам гўёки бир саробдай, бемаъни эсанкираш билан гоҳ ошналаримга, гоҳ дафтарга қарардим нуқул.
− Сизлаб ёзишига қараган-да, Отабек полвонга бўлса керак! – Мирза ҳамон қизиққонлигини қўймасди. – Биламан, ўшанга ёзган! Туновин, тўйда ҳамма полвонларни йиқитганини айтиб, оғзидан бол томиб мақтаётганидан бир нарсани сезувдим.
− Ундай эмас, ўйлаб гапирсанг-чи… − истамайгина рад этди Мўмин.
Менинг ҳам хаёлимдан “Отабек полвон биздан қанча ёш катта-ю… Йўқ, қўшни овулнинг биз тенги болаларидан биттаси бўлса керак”, деган фикр кечди.
− Мўмин тўғри айтди, нима бўлгандаям бу Отабек полвон эмаслиги аниқ, − дедим кейин ичимдагини сиртимга чиқариб. − Ўлдими, эрта-индин уйланаман деган сўлоқмондай йигит, “боласи тенги” қиз билан севишиб юрса!
− Отабек полвон эмас, лекин у бўлса, яна-да ёмон, − Қодир ҳам мени қувватлагандай бўлди. – Урамиз десак… Бир бутига тўғри келмаймиз.
Ҳамиша ҳам “лов” этиб ёниб, “пуф” этиб ўчадиган Мирза чуқур бир хўрсинди-ю, гўё шу билан ичидаги бор дами чиқиб кетгандай таппа-ташлаб ерга ўтириб қолди.
− Мақтовди деяпман-ку, оғзидан бол томиб мақтовди… деди, – кифтини харсангтошимизга суянганча, яп-янги шимини ҳам аямасдан оёқларини тупроқ устига узатиб юбораркан. − Аслида, мен гўдаклигимданоқ қизларга қойил қолмаганман, ошналар. Масалан, эртаклардаги маликаларни олайлик. Яхши кўради-ю, яна шаҳзодага аждар билан олишишни шарт қилиб қўяди. Мабодо, шаҳзодани аждар еб қўйса-чи, унда нима бўлади, деб ўйламайди ҳеч…
− Тўғри айтасан, − Мирзанинг гапини бўлдим. – Эртаклардаги севги доимо ёлғон-яшиқ ва бачкана бўлади. Севдингми, аждарни енгишинг шарт. Аждарни енгдингми, севиласан! Ҳаётга сира ўхшамайди-да! Агар шу малика эртакда эмас, ҳаётда бўлганида, ким билсин, аждарнинг ўзини танлаган бўлармиди…
− Яшанглар билоғонлар! – зўрма-зўраки илжайиб заҳарханда қилди Қодир. – Сенларга қолса эртакни ҳам, ҳаётни ҳам ўзларингга мослаб оласанлар. Айтаётган эртакларингни тўқиган эртакчи бобойлар ҳам менимча қачондир севиб, севгисига етолмаган, кейин шу эртакларни тўқиган аламзадалардан бўлса керак-да. Энди шу хаёлпарастларнинг армонини ҳаётга қиёслаб, сен икковинга ўхшаганлар ҳалак!
Бу мавзуни биринчи бўлиб Мирза бошлагани учун, Қодирнинг гапи кўпроқ унга ботди.
− Бунчалик ўзбилармонлик қилаверма-да! – деди у қоқи ўтдай ялпайиб ўтирган жойида. – Тўғри, эртак ҳаётга унчалик ўхшамаслиги мумкин, аммо барибир севги эртакка оз-моз ўхшаб кетади. Ўзинг кўрмайсанми, севгида ҳам, эртакда ҳам бари бирдай бошқача. Дейлик… Ҳозир сен йиғлагинг келаяпти, шундайми? Манави, – бармоқ нуқиб мени кўрсатди, − нуқул “уҳ” тортиб, бош қашийди. Менинг ўтиришим бу аҳвол – сезиб турибман, шу туришимда Жумабойнинг ўзиман… Садафга… Садафга эса булар барининг бир тийнлик қизиғи йўқ! Ахир, бошқача-ку, ошна! Булар бари жуда бошқача-ку?!
− Сен нима десанг деявер, − Қодирнинг бўш келгиси йўқ эди. – Барибир мен эртакчиларни ёмон кўраман! Чунки эртакни биринчи бўлиб тўқиган инсон − ҳаётни биринчи бўлиб бузган инсон бўлиб чиқади! Камига у ғаламис севгини ҳам худди манави тутимизни қўпоргандай қўпориб, илдиз-пилдизи билан ўша эртагига ўрнатиб олибди! Воой, кўнгилгинангга қўтир жомашов! Ана энди уни деб ҳаётмизда севги йўқ. Севги бўлиши учун эртакка – бузилган ҳаётга ўтишимиз керак!
Мирза жавоб қайтармоқчи бўлгандек гизланиб Қодирга қаради-ю, нимагадир индамай жим бўлди. Тўғри қилди. Ахир, Қодир биринчи синфдан бошлаб аълочи эди, шеърлар ҳам кўп ёдлаган, гапига яраша гап топиб бўладими? Билмадим, айтганларида ҳам бироз бўлса-да, ҳақиқат бордай. Ҳолбуки, Мирза икковимизни бир қур оғзига қаратиб, анграйтириб ташлаганинг ўзи ҳам Қодирнинг ақллироқ эканини кўрсатиб турибди. Мен унинг қалин ва калта қошларига, шу қош тагидаги жигарранг кўзларига, икки томонига нонпар урилгандай майда сепкил тошган оқ-сариқ юзларига термулиб қолдим. Зап ғалати бола у, ҳам деганда омадли бола, деб ўйладим кўнглимда. Аммо яхшилигина ҳам, ёмон эканини ҳам билиб бўлмайди. Унинг анча йиллар олдин, ҳали бешинчида ўқийдиган пайтимиз холамларнинг қишлоғида кураш тушиб бир болани йиқитгани, яна маҳмадоначилик қилиб, баковулни қойил қилгани эсимга тушди…
Ўша йили ёзги таътилда энам мени олисдаги холамникига бир ҳафтага меҳмонга жўнатмоқчи бўлди-ю, мен иккиланиб қолдим. Бирламчи, холамнинг фарзандлари – бўлаларим бари катта қиз бўлса, мен ким билан ўйнайман? Иккиламчи, бу ёқда ошналарим – Қодир, Мирза, Мўминларни қолдириб бир ўзим жўнаб кетиш, мен учун уларнинг сафидан ажраб қолишдай туйилиб кетди.
− Эна, ошналаримни ола кетсам бўлмайдими? – дедим энамга ялиниб. – Тўртов бўлсак, у ёқда болалар урмасди-да.
− Ҳалиям сени ҳеч ким урмайди, − жеркиди энам. – Холангга тайинлайман, бўлаларингнинг етовгинасида юрасан.
− Барибир-да. Ошаналарим олдимда бўлса, уйни соғиниб қолмасидим…
Шу гапдан кейин энам Қодирларникига бориб, Қодирнинг энасига ёлвориб, уни мен билан бирга холамларникига қўйиб келган эди.
Очиғини айтган-да, Қодир холамнинг қизларига мендан кўра кўпроқ ёқиб қолди. Холамларникида ўзини мендан кўра эркинроқ ҳис этди. Гўё бу ер унинг холасининг уйи-ю, мен у билан бирга келган “эргашвой”ман. Эрталаб нонушта пайтлари катта бўлам Нуриниса қатиқ сузса, Қодир қатиққа шакар аралаштиришни тортинмасдан сўрар, холам оғрингандай бўлиб кўз ташлаб қўйса ҳам, билиб туриб ўзини билмаганликка оларди. “Холанг зиқна экан, − дерди у тағин биров эшитмайдиган қилиб, нонуштадан сўнг кўчага чиққан пайтларимизда. – Аёллар зиқна бўлади ўзи. Энам ҳам бирор марта қатиққа шакар солиб бермайди!”
Яна кўчага чиқиб, бегона болаларнинг ошиқ ўйнашаётганини кўрсак, Қодир улар чақиришмаса ҳам бориб ўйинга қўшилиб кетаверарди. Агар билсангиз, ҳар битта ўйинда бошқарувчи бўлади. Уюшиб ўйналадиган ўйинларда ҳам болалар бирорта боланинг фикрини ҳурмат қилиб, ўйин қоидаларини унинг гапига қараб тузишади. Қодир бегона болаларнинг ўйинига қўшилган пайтлари аввало бу ўйинда ўша бошқарувчи бола ким эканини билиб олар, кейин хушомад қилиб, яхши гаплар билан ўша бошқарувчининг эътиборини қозонар, қарабсизки, бошқарувчи унга яхши муносабатда бўаётганини кўриб, бошқа болалар ҳам Қодирни ҳурматлай бошлашарди. Шунда ғалати бир иш қиларди Қодир. Бошқарувчи вазифасини бажараётган болани секинлик билан четлатиб, ўйиннинг бошқарувини бутунича ўз қўлига оларди. Унданам қизиғи эса, қолган болалар ҳеч нарса бўлмагандай ўйнашда давом этишарди. Ҳали сизга айтмоқчи бўлганим, у билан боғлиқ кураш воқеаси ҳам холамларникида, айнан ўша кунларда бўлиб ўтганди.
Кураш ҳақида биз тушлик қилаётган пайтимизда, холамнинг эри – поччамнинг оғзидан эшитдик.
− Бугун олиш бор эди, падарига лаънат, кўролмайдиган бўлдим, − деди у киши юмуш билан аллақаёққа кетиши керак бўлгани учун шошиб нон кавшаркан. – Қизириқда яхши тирактир сотилаяпти экан, катта атай қилгандай бугун бориб кўриб кел, деди.
− Чакки қиласиз-да, − кулди, дастурхоннинг бир бурчагида нон ушатиб ўтирган холам. – Сизам манови икки полвонни обориб олиштиринг, − Қодир иккимизни кўрсатди, − улоқнинг калла-палласидан ютиб келса, кечга каллашўрва қилардим.
Шунда поччамнинг кўзлари бир зумда қон талаш бўлди. Нон кавшашдан тўхтаб, қип-қизариб кетган ўша кўзларини холамга тикди. Негадир анча пайт шундай ўқрайиб турди-ю, яна иштиёқсизгина кавшана бошлади.
− Аҳмоқ… – деб қўйди ғудраниб. – Олишда калла қўйилмайди… Сен қаердан билардинг.
Ҳалигина оғзида кулги бўлган холам ҳам энди нима учундир мунғайибгина қолган, дастурхон бошидаги бўлаларим Нуриниса, Ойниса, Холниса, Улжонлар тезгина ўринларидан туришиб, бири ишлаш учун томорқага, бири оғилхонага, яна бири челакларини кўтарганча сой томонга жўнаб қолишди.
Поччам ҳеч ким билан хайрлашмасдан чиқиб кетгач, Қодир икковимиз кечгача гоҳ у бўламнинг, гоҳ бу бўламнинг ишларига ёрдамлашиб юрдик. Лекин бўлаларимнинг кайфияти бугун бошқа кунлардагига ўхшамас, ҳатто бир-бирлари билан ҳам ийманиб, паст товушда гаплашишарди. Кечга бориб Нуриниса бўлам бизларни бир чеккага тортди.
“Икковинг бунча баланд гапирмасаларинг, отанглар карнайчими, − деди кейин қўлимизга тўрттадан бўғирсоқ тутқазаркан. – Энамнинг боши оғрияпти. Кўчага чиқсаларинг ҳамма олишга кетаётган бўлади. Боринглар, силарам томоша қилиб келасилар. Ўзим борсам битта-яримтасини елкамдан ошириб уриб, зот олиб келардим-у, қиз болага уят-да…”
Ошналар билан овулимиздан ташқари қўшни қишлоқларгаям бориб олишиб турсак-да, рости, ёнимда Қодир бўлмаганда, мен ўша олишга ўлсам ҳам бормасдим. Нима қилардим у ерда, фақат бегона одамлар бўлса? Лекин ўша-ўша тап-тормас, киришимли Қодир бўламнинг гапидан кейин ҳоли-жонимга қўймади.
− Юр! Жуда бўлмаса, иккаламиз олишиб, олган зотимизни бўлишамиз!
Кўчага чиққач, холамларникига келганимиздан бери синашта бўлиб қолган қўшни болаларни ахтариб ўтиришга ҳам ҳожат қолмади. Одамлар қуёш юзини уфқ этагига яширишга улгурмай кураш уйиштирилаётган майдонга етмоқчи эдими, шошиб тўғрига кетиб боришаяпти экан. Уларнинг изидан тушдиг-у, унча кўп юрмасдан кураш бўлиб ўтиши керак бўлган майдонга етиб бордик.
Кураш учун мўлжалланаётган айлана давра сомон тўшама билан қопланган, икки одам баравари баландликдан сим тортилиб, майдоннинг қоқ ўртасига ўрнатилган лампочка ҳали қоронғу тушиб улгурмагани учун хирагина нур сочиб турар эди. Мен атрофга қараб, томошабинлар ўрнида аёллар ва қариялар, қолаверса, ўзимиз тенги болаларнигина кўрдим. Ким билсин экан, ҳалигина Қодир икковимиз кўчада учратган полвонсифат йигитлар ва қизлар қаёққа беркиниб олишган. Бу ҳақда Қодирдан сўрасам, у калта қошларини уйиб кайвонисифат қиёфага кираркан:
− Асл полвонлар кўзга ташланмай туради, − деди. − Аммо зўракан, бу ерда олиш биздагидан анча катта бўларкан!
Шу ерда озроқ тимирскиланиб турган эдик, орадан пича ўтиб майдонда оёғига йиртиқ калиш кийиб, эгнига эски тўн илиб олган бўйдор одам пайдо бўлди. Ҳамма диққатини бир жойга жамлаганидан, ғала-ғовур тиниб, бурчак-бурчакларда писиниб ўтирган томошаталаблар аста чиқиб келаверганидан билдим, у – баковул эди! Мен баковулнинг майдондаги сомон тўшамани текшириб, курашни бошлашга тараддудланишига ажиб бир мафтунлик билан тикилиб қолдим ўшанда. Ахир, ҳавасга арзийди-да, баковуллик – мансабларнинг энг каттаси. Ўқитувчи ё мактабнинг директори бўладими, бригадр ё раис бўладими, бу оламда бари-бариси баковулдан кейин туради. Кураш майдонида бир полвон бошқа бир полвонни минг ерга оёғини осмондан қилиб урмасин, халойиқ минг кучаниб “Ҳалол” ё “Ғирром!” деб бақирмасин, бунга мингта мактаб директори, яна мингта раис келиб аралашмасин, агар шу биргина йиртиқ калиш кийган баковул тасдиқламаса, ҳаммаси бекор кетади.
− Полвонжонлар, давра қуриб ўтириб олинглар, − деди бир маҳал, ёш дейиш учун қари, қари деб айтиш учун анча ёшлик қиладиган ўша баковул. – Ҳой Нурматнинг ули, кап-катта жигит сен нимага дарахтга чиқиб олдинг?! Билиб қўй, бола, жигит киши бутини шамолдан асрамаса, жуда ёмон бўлади! Қирқидан кейин аялларнинг сафига қўшиб қўявер ундай жигитни!
Шу арзимаган гапга халойиқ гурра кулди. Баковул эса халойиқнинг дамини қайтармоқчи бўлгандай қўлини ҳавода сермаб, бақирганча давом этди:
− Айтиб қўяй, бугун олишни силарга ўзимизнинг Сафар чўпон бераяпти. Чўпон бовамиз калхуздан ўғирлаб еган қўйларининг гуноҳини шуйтиб ювмоқчи!
Яна ҳамма гуриллаб кулди-ю, давра четидан бир кишининг норози овози эшитилди:
− Баковул бова, ўғирликнинг устида ушлаган бўсангизам ундай деманг. Калхузнинг қўйининг ўзи тугул, жунигаям текканим йўқ!
− Ай-й, олиш бераяпман деб менга ўргатимчилик қилма! – уни жеркиб ташлади баковул. – Чўпон зотининг ҳаммаси ўғри бўлади, буни яхши биламан!
Баковул даврадагиларнинг кулгуси-ю қийқиришларига маст бўлгандай қўлларини белига тираб, даврада бироз у ёқдан бу ёққа юрди.
− Жигитлар, аввало силар гапимни қулоқларингга қуйиб олинглар! − тилга кирди яна. – Ота-бовамиз олишиб келган шу марди-майдонга чиқиб жиғилса, жигит учун уят бўлмайди! Ҳали дунёга келиб жиғилмаган полвон йўқ! Бу дунёда барибир зўрдан зўр чиқаверади! Ҳайла, бир умр кураги ерга тегмаган Шоймардон полвонниям тўйда бир қилтириқ жигит чиқиб, елкадан ошириб урганининг гувоҳи ўзим! Полвон бува шунча зўрлар билан олишиб жиғилмай, нимкала полвондан жиғилган! Агар эркак марди-майдонда кучини бой бериб, ор-номуси учун жиласа, унга кулмаслик керак! Лекин олиш, деб чақирган пайти эрман дегани аялга ўхшаб нозланса, сузилиб ўзини тарозига солса, ана шу катта иснод! Ундай жигитнинг боридан Оллойимнинг тоши яхши! Қулоқларингга қуйдингларми жигитлар? Қани бўмаса олишни ёш полвонлардан бошлаймиз!
Шундай деб туриб, баковул ўзига катта яктакни полпиллатиб кийган, эскириб, калта бўлиб қолган иштонининг ичидан чиллашир оёқлари чиқиб турган бир болани имлаб чақирди.
− Нурали малимнинг такаси, бу ёққа кел!
Эсимда, ўша боланинг кураш тушиш учун эмас, худди қўчқор бўлиб сузишмоқчи бўлаётгандай бошини олдинга чиқариб катта-катта қадамлар билан баковулнинг олдига бориши кулгили эди. Бироқ ҳеч ким кулмади. Баковул кўзи билан чамалаб, одамлар орасидан унга мос “полвон” қидира бошлади. Аммо-лекин, оёқлари қилтириқ бўлсаям шашти зўр экан у боланинг. Баковул кетма-кетига рўбарў қилган иккита боланиям чалпак қилиб ташлади. Бироқ ўзи талабгор бўлиб чиққан бир бола униям қийналмасдан шундайгина қилиб курагини ерга босди…
− Эррайим полвоннинг супрақоқтиси Эломонга ким чиқади?! – деб баковул энди уни йиқитган болага рақиб қидира бошлади. Чамаси биз тенгилар келадиган у бола эса катта полвонларга тақлидан оёқларини кериб, билакларини машқ қилдириб, бирор номзод топилишини кутар эди. У бола чиндан шунча зўрмикан ё керилиши чўчитаётганмиди, буёғини билмадим-у, аммо болалар баковулнинг нигоҳидан паналаб орқага қочишди. Ана сўнг Қодир икковимиз ҳаммадан ажралиб, майдон четида сўппайибгина қолдик.
− Ҳой, сен кандир иштонли, бу ёққа кел! – деб Қодирни чақирди шунда баковул.
Қодир бундай бўлишини сира кутмаган эди, шунинг учун аввалига анграйиб турди. Баковул иккинчи бор чақиргандан кейингина иккиланиброқ унинг олдига борди.
− Кимнинг улисан? – сўради баковул.
Атрофига аланглаб фақат бегона одамларни кўраётган Қодир ҳалиям жим, талмовсираб турар эди.
− Қўрққанингдан тилингни ютиб қўйдингми, нега гапирмайсан?!
− Баковул бова, бу бола олисдан келган, − бақирди шу пайт холамнинг қўшниси бўлган бир ака. – Болта тиракторчининг қариндоши!
− Эй, гап бу ёқда демайсизларми, − деб баковул қўлларидан тутиб, ҳалиги каландимоқ бола билан ҳеч қандай полвон либоссиз, енги калта сатин кўйлак ва сариқ кандир иштонда турган Қодирни майдон ўртасига бошлаб борди. – Қани, унда олиш! Зотларинг беш сўм пул билан, бир белқарс!
Бошини баланд тутиб, кўксини намойишкорона кераётган рақибига қўл узатиб бораётган Қодирнинг эса ҳаракатлари қовушмаётганди. Томошабинларнинг салобати босаётгани туфайлими ё мақтанчоқликнинг ҳадисини олган рақибидан чўчибми, у нуқул довдирар, Қодирни шу ҳолида синфидаги ҳаммани йиқитадиган зўр бола деса, ўлай агар, биров ишонмаслиги мумкин эди. Ҳалиги бола ҳам, менимча, шунга учди. Қодирни қўш пойчадан олиб ерга босиб қўймоқчи бўлди-ю, ўзи солган чилнинг тагида қолди…
− Ғирром йиқитди, ғирром! – бироқ тура солиб, йиғламсираб бақирди у бола. – Чил солганимда атай бармоқларимни қайириб юборди!
− Полвонжон, шатталикни бориб энангизга қиласиз, бу ер шатталикни кўтармайди, − деб баковул уни эътирозга ўрин қолмайдиган тарзда қайириб ташлади. – Халойиқ, меҳмон полвоннинг ҳалоли бўлсин! Шуйтиб, беш сўм пул билан, бир белқарс уники!
Аммо Қодир зот узатиб турган баковул ёрдамчисига иккиланиб қаради. Пул билан белқарсни негадир олгиси келмай, орқага тисарилди.
− Полвонжон, нимага тортинаяпсан? Ё Эломон уради деб қўрқаяпсанми? – ажабланиб сўради баковул. – Қўрқма, сен олавер! Агар Эломон ғинг деса, ўзим уни чўчоғини кесиб оламан!
− Олмайман… – деди Қодир эса яна бир қадам орқага тисариларкан, ийманиш ва анчайин ҳадик билан.
− Нега олмайсан?
− Олдин… Олдин овулимнинг номини айтинг.
− Овулингни оти нима?
− Чимсарой!..
Ўшанда Қодир одамларнинг кўз олдида мактаб боласидан кап-катта йигитга эврилган, ҳатто ўр-қайсар баковул бованинг ўзи ҳам қаршисида болакай эмас, не бир улуғ одам тургандай илжайиб, елка қисиб, узоқ пайт термилиб қолган эди. Уйга қайтаётганимизда мен ҳам унга жуда қойил бўлиб:
− Бундай чиройли гап хаёлингга қандай келди? – дея сўраган эдим, Қодир шивирлаб:
− Ўлай агар, ўзимам билмайман. Анави болага ғирромлик ишлатганимдан қўрқиб, нима деганим ҳам эсда йўқ, − деб айтди…
Ҳозир, айни лаҳзада эса ҳолдан тойган ғариб каби Чимсарой овулининг даштликка туташиб кетган адоғига кетиб борар, хиёнатнинг қаттиқ эсган шамолидан силкиниб бир-биримизга суяниб қолган. Орамизда битта Мўминга бизнинг дард-у ҳасратимиз гўёки унга бегона, ҳамишагидай беташвиш, беғам, камига миқ ҳам этмайди. Илгариттан Мўминнинг унча-мунча ишларимизга аралашмай, бир чеккада жимгина кузатиб ўтирадиган одати бўлса-да, негадир шу лаҳза унинг лоқайдлиги ғашимга тегди. Ердан бир кесак олдим-да, жаҳлим чиқиб унга отиб юбордим:
− Дунёни сув босса, ўрдакка айланасан-а, номард! Биз нималар деб куйиб-пишиб ётибмиз-у, сен бўлсанг ғиринг демайсан! Шу Садаф сенинг ҳам лоақал синфдошинг-ку, ҳатто неча йил битта партада ўтирганинг эсингдан чиқдими?!
Мўмин елкасига зарб билан урилиб, ўзидан чанг қолдирган кесакнинг ўрнини бамайлихотирлик билан қоқди. Бурнини тортиб қўйиб, бирор гуноҳи учун узр сўраётган одамдай бошини экканча, яна индамай тураверди. Шунда мен, Қодир, Мирза учаламиз қайси бир жиҳатларимиз билан бир-биримизга ўхшашимизни ҳамда Мўмин, тут ва тош ҳам бир-бирига ўхшаб кетишини ҳис этгандай бўлдим. Ахир тўғри-да, шу ўзимизнинг тут билан тошниям нима ўйлаётганини билиб бўлмайди. Эҳтимол, улар ҳам Мўмин каби ичида нималарнидир хаёл сурар, орзуси, итсаклари бордир, лекин гўдаклигимиздан бери олдига келиб ўйнасак-да, булар ҳақида бизга бирор марта гапиргани йўқ.
− Мўмин ҳали бола, ўз номи билан Мўмин-мишқи! − Қодир ғижиниб қўлини силтади бир пайт. – Синфдош, севги нималигини ҳам, орият нима эканини ҳам ҳали тушунмайди… Қўйинглар буни! Ундан кўра Садафни бир ёқли қилайлик.
Ҳа, бу гал ҳам тўғри айтаётганди Қодир. Садафнинг тасаввуримиздаги севгили – Отабек полвонга кучимиз етмагач, Садаф билан гаплашиб қўяқолган қулайроқ туйиларди ўзи менга ҳам. Бироқ Қодирнинг гапини эшитиб, Мўминнинг қўй кўзлари катта-катта бўлиб кетди.
− Бир йўла… Ўлдирамизми?!
− Тур-э, аҳмоқ! – Қодир уни жеркиб ташалади. – Ўлдирармиш! Олдин мишқингни артивол, тентак!
Сўнг тишлари орасида ерга “Чирт!” этиб тупурди-ю, ўрнидан турди. Кўрсаткич бармоғини ҳаволатиб, донишмандона гап қилди:
− Лекин тўғри! Бу бевафо… Ҳаёсиз, ёлғончи қизни… Маънавий ўлдириш мумкин!
Рости, маънавият фани ўқитувчимизни деб менинг “Маънавий, маънавият” сўзларидан кўнглим озадиган бўлган. Чунки ўқитувчимиз дарс ўтиш ўрнига нуқул гурунг бериб ўтиради. Гурунгида эса, битта мавзу минг хил бўлиб такрорланиб, охири деворга келиб калла қўйган мошиндай маънавият билан якун топаверарди. Маънавият деган шўрлик атамани минг буроққа солиб бураш мумкинлигини, шу ўқитувчимизда кўрганман мен.
− Момонг қозига хотин бўлган бўлсаям, одамга ўхшаб гапир! – деб яна уни чақиб олдим. – Маънавий ўлдириш деганинг нимаси энди?!
Аммо бу сафар Қодир гап эшитиб ўтирмади.
− Катталар гапирганда оғзингни юмсанг-чи! – деди аччиқланиб. Кейин олдинги зорланиши-ю, йиғламсирашлари аллақаёқларга даф бўлиб, совуқдан-совуқ тиржайди:
− Айтмоқчиманки, энг зўр йўли… Тунда Садафларнинг уйига бориб, ёзиб чиқамиз! Шу қилганига уят гаплар ёзиб, уни моховга ошна қиламиз!
Тўғриси, шунча дабдабаю-асаса қилганига яраша Қодирдан ақллироқ бирор гап кутаётганим учун менинг ҳафсалам пир бўлди.
− Дарвозасига бориб биттагина сўз ёзсанг, бир нарса ўзгариб қоладими?! Қанча қизларнинг дарвозасига бориб ёзганмиз, ана, маънан ўлгани йўқ, бариси тип-тирик юрипти-ку!
− Лекин биз биттагина ёзмаймиз, кўп, жудаям кўп ёзамиз! – бўш келмади Қодир. – Фақат дарвозаси эмас, бутун деворлари, кўчаларини тўлдириб ташлаймиз! Айтаяпман-ку, нега тушунмайсанлар, ёзиб-чизиб − моховга ошна қиламиз!
Қодир қатъий ишонч билан гапирар, унинг шу ишончи ва тиржайган башарасини кўрибоқ менинг бу яхши фикр эканига амин бўлгим келарди. “Хўп, деяверай, қайтанга осон экан” деган хаёл кечарди ич-ичимдан. Қодирга қўшилиб тиржаймоқчи бўлиб ҳам турган эдим-у, лекин чап ёнимда Мирзанинг ўша-ўша қайғули қиёфада турганига кўзим тушиб, ўзимни тийдим. Ҳаттоки Мирза Садафни ҳаммамиздан кўпроқ яхши кўрар экан-да, деб ҳам ўйлаб қолдим шу ерда…
− Қодир чин айтади! Қо-ла-вер-са!.. – деб чала гап қилди Мирза бунинг исботи ўлароқ. Кейин бутун бир сегаретнинг тутунини ичига ютиб, энди чиқаришга чоғланаётгандай кашандадай маюс бир сокинлик билан олисларга қараб турди-ю, − Қо-ла-вер-са, биз бўрда ёзмаймиз, биз… бўёқда ёзамиз! – деб айтди.
− Бўёқни қаердан топсак экан энди? – ўсмоқчилади Қодир.
− Масхара қилманглар деб айтмовдим, туновин укам велигини қизилга бўяш учун бўёқ олгани борибди. Бозордан бўёқ топиб чиқса… Ташқарида қолдирган велигини ўғирлаб кетишган экан. Биров бошига урадими, ана, янгигина олган буёғи ётибди уйда!
Мақсадимиз жиддий эканини тушунган қуёнюрак Мўмин эса энди тухумини қаерга туғишни билмаётган товуқдай типирчилаб қолган эди. Бироқ у кўп безовталаниб, саросималаниши эвазига биргина:
− Қўйсанглар-чи, − деб айта олди холос.
Унинг безовталигини кузатиб ўтириб, бу қўрқиб иштонини хўллаб қўймаса яхши, дея ўйладим ичимда.
− Мўмин ҳозир нима демоқчи, биласиларми? – дедим, сўнг шумлигим тутиб. – Қўйсанглар-чи, қизил бўёқдан қораси яхши, демоқчи. Чунки унинг отаси мотоскилини бўяш учун кеча бир қути қора бўёқ олиб келган. Ўзим кўрганман. Шундайми, ошна?
Мўмин истеҳзо билан тикилиб турганимни кўриб, тез кўзларини олиб қочди.
− Отаси билиб қолса нима бўлади? – минғирлади, тағин бошини қуйи соларкан. − Эсларингдами ўзи, отасининг феъли қандайлиги? Тутиб олса тўрталамизниям кетимизга лой суваб қўяди-ку!
Мўминнинг зорланишига эътибор қилмаган киши бўлиб ер тагидан аста Қодирга қарасам, Қодирбой сўнарибгина қолган, Мирза эса чўчиганини аллақачон сездириб, гоҳ унимизга, гоҳ бунимизга қараётган экан. Нега сўнармасин Қодир ёки Мирзабой нега ҳам талмовсираб каловланмасин эди? Иккаловининг ҳам ҳув бирда Садафнинг отаси ўқитувчимизнинг қандай гирибонидан олгани эсларига тушаётгандир-да! Аслида, бу воқеага ҳам икки йиллар бўлиб қолган. Бу ўша, Садаф касал бўлиб, дарсларга қатнай олмай қолган йил эди…
Ўшанда мен нимадир сабаб бўлиб синфхонамизга салгина кечикиб, дарс бошлангандан сўнг кириб борган эдим. Аксига олиб биринчи соат биология фани ўқитувчимиз Садиовнинг дарси экан. Орқаворотдан “немис” деб лақаб орттирган бу қаттиққўл ўқитувчимиз синфга ўзидан бир дақиқа кейин кирган бирорта ўқувчининг дарсда қолишига изн бермасди.
− Чиқиб кет, − деди у ўтирган жойида қисқагина қилиб. Мен узр сўрашдан фойда йўқ эканини билганим учун, индамайгина ташқарига чиқдим. Аммо атайлабдан эшикни зичлаб ёпмасдан, қия очиқ қолдирдим. Қулоғимни динг қилиб, Саидовнинг дарс бошлашини кута бошладим: қани, бугун кимлар “симёғочга” айланаркин?
Ўрта бўйли, тарашадай қотма, ёши эндигина қирққа етган бўлса ҳам сочларининг чакка қисми оқариб кетган Саидов асли кимё ва биологиядан дарс берса-да, мактабда унинг барча аниқ фанларни сув қилиб ичиб юборганлиги ҳақида гаплар юрарди. Шахсан мен унинг бирор марта овоз чиқариб кулганини ё бирорта болани яхши гап билан эркалатганини кўрган эмасман. Лекин шунга қарамай биз болалар барчамиз уни ғойибона яхши кўрар, эҳтимол, ўқитувчилар орасида ҳурмати баландлиги, эҳтимол ростгўй ва довюрак одам деб ўйлаганимиз учун, унга тақлид қилишга уринар эдик. Мен, айниқса, дарс мавзусини гапираётганда унинг мунтазам ўйнаб турадиган ёнғоқдай ҳиқилдоғига жуда ҳавас қилар эдим…
Ҳали ҳеч кимни бир шапалоқ урганини кўрмаганимиз учун, биз негадир уни кучи жуда кўп, шапалоғи ҳам ўта қаттиқ бўлса керак, деб ўйлар эдик. Чунки дарс пайтидан бошқа вақтларда жим юришига қарамай, ҳатто директоримизнинг ўзи ҳам ундан ҳайиқар, бошқа ўқитувчиларни хонасига қамаб тез-тез сўкиб турса ҳам, Саидовни “сиз-сизлаб” гапирарди. “Сиз”лаш нима, бир марта Саидовга зовуч бўлишни таклиф қилиб, ҳаттоки рад жавоби эшитган экан директоримиз. Бошланғич синфларни ўқитадиган малим қўшнимиз энамга айтиб бераётганини ўзим эшитганман, “Ҳар бир вазифанинг масъулияти бор, мен ўқитувчиликнинг масъулиятини зўрға кўтараяпман ўзи” деган экан ўшанда Саидов. Директоримиз эса бу гапдан жаҳли чиқиш ўрнига илжайиб-тиржайиб сохта мулозамат кўрсатибди: “Рост, ўртоқ Саидов!.. Тўғри айтасиз, ўртоқ Саидов!.. Мансаб бериб, қўлингизни боғласак ўқувчиларингиз кўп нарса йўқотади…”
Дирекоримизнинг у пайтдаги мулозамати малим қўшнимиз айтганчалик сохтамиди, сохта эмасмиди, аниқ билмадим-у, бироқ Саидов дарсни қизиқарли қилиб ўтиши рост эди. Ўшанда ҳам мен синфдан чиқишим билан ўрнидан туриб, унинг стулни ичкарига суриб қўйганини эшитдим. Биламан, энди Садиов ёзув тахтасининг олдида туриб олиб ҳиқилдоғини ўйнатганча гапиришга тушади ва то дарс тугашига беш-ўн дақиқа қолмагунича, бу стулга қайтиб ўтирмайди.
Ўзим кутганимдай, кўп ўтмасдан унинг:
− Эслатиб ўтаман, ўтган дарс мавзуйимиз инсон организмида овқат ҳазм бўлиши эди, − деган вазмин овози эшитилди. – Хўп, болалар… Шундай қилиб, овқат ҳазм қилиш, мураккаб физиолагик жараён…
Саидов одатдагидай олдинги дарсни гапириш асносида тўсатдан ул-бул ўқувчини турғазиб, гапини давом эттиришни сўраб турди. Гапини келган жойидан давом эттирган ўқувчиларни жойига ўтқизди, давом эттиролмаганлар эса, турган жойида сўппайибгина қолаверди. Мана, энди “Симёғочлар” Саидовнинг янги мавзуни тахтага ёзиб, у ҳақида айтадиган гапларини ҳам шу ҳолида эшитишга мажбур. Янги мавзуни тушунтириб бўлган Саидов дарс тугашига беш-олти дақиқа қолганда ўзи суриб қўйган столини тортиб, жойига ўтиради. Журнални очиб, индамайгина “Уч” га муносибларни “Уч” билан, “Беш” га муносибларни “Беш” билан баҳолайди (“икки” ё “тўрт” баҳо қўйганини ҳеч эслай олмайман). Хайрлашиб, хонадан чиқиб кетгачгина жон битади бу “Симёғоч”ларга…
Мен ўшанда кимлар симёғоч бўлганини эшитиб аниқлайман, деб шу даражада эс-ҳушимни йўқотибманки, Саидов ичкаридан итарган синфхонанинг эшиги “Қарс!” этиб бошимга урилганда, кўзимдан олов чиқиб кетай деди.
− Ҳой! – деди, менинг бошимни чангаллаб хижолат бўлиб туришимни кўрган Саидов. – Бошни авайлаш керак! Турли биолагик ва ҳаётий омилларга кўра инсон ҳар қандай аъзоси шикастланса, яшаб кетиши мумкин, лекин шикастланган бош билан яшаш оғир.
Унинг гапидаги жумбоқни тушуна олмай орқасидан қараб қолган пайтим, қўнғироқ чалинди. Ичкарига кирарканман, Мўминдан пичиралаб биринчи сўраганим Садаф нега кўринмаётгани бўлди. Ҳозир шу саволни бошқа бировга берганимда устимдан кулиши, турли шаъмалар қилиб гапни кўпайтириши мумкин эди. Бу оламда қорин ва уйқудан бошқа ташвиши бўлмаган Мўмин эса, албатта, ундай қилмади.
− Энаси қизлардан айттириб юборибди, − деди елка қисиб. – Бугунча келолмас экан.
Эсласам, шу куни Қодир, мен, Мирза учаламиз бир нарсамизни йўқотгандай нохуш бўлиб юрдик. Аммо афсуски, Садаф эртасига ҳам дарсларга келмади. Ҳатто индинига ҳам.
− Бунақаси кетмайди! – деди ниҳоят раҳбаримиз Бўтаев Садаф дарсларга келмаётганининг учинчи куни. – Бирорталаринг эртага уйига бориб, нега келмаётганини аниқлаб келинглар!
Ўқитувчимизнинг ушбу буйруғи болаларнинг бу қулоғидан кириб, у қулоғидан чиқиб кетганини тусмолладим. Дарслар тугагач синфдошлар билан хайрлашдим-да, уйига шошилаётган киши бўлиб, йўлдаги бир бурчакка бекиндим. Ниҳоят, улар ҳаммаларининг қоралари ўчгач, бекинган жойимдан чиқиб, Садафларнинг уйига қараб йўрғаладим. Яхшиям қадамимни тезлатиб, йўрғалаганим. Чунки мен Садафларнинг дарвозасига етганимда ичидан пишган Қодир билан Мирза эгизаклардайгина бўлиб дарвоза олдида туришган экан. Улар менинг елка қисиб келшимни бақрайган нигоҳлари билан кутиб олди.
− Асли манов билан ким ичкарига кириб Садафни кўриб чиқишга келишолмай турувдик, − пўнғиллади, сўнг кайфияти тушганини яширолмаган Қодир. – Нима қиламиз? Энди ҳар учаламиз етаклашиб кираверамиз-да, поезд-поезд ўйнаган чурвақалардай.
Мирза икковимиз Қодирнинг кесатиғини тушунган бўлсак ҳам, ўзимизни тушунмаганликка солдик. Дарвоза ёнида туриб, галма-галдан Садафни чақира бошладик. Биз ҳали бир-икки марта чақиришга улгурмай ичкаридан Садафнинг онаси чиқиб келди. Туси ўчган рўмолини пешонасидан танғиб олган Садафнинг онаси нимаси биландир адабиёт дарслигимиздаги шоира расмини эсга солар, юзидаги қайси бир ифодалари Садафга ҳам пича келишиб кетарди. У нима мақсадда келганимизни сўраб ҳам ўтирмасдан не бир азиз меҳмонга лутф кўрсатаётгандай кулимсираб бизни ичкарига бошлагач, учовлон сўппайибгина унинг ортидан эргашдик.
Садафларнинг ҳовлисига олдин ҳам бир неча бор келган бўлсак-да, уларнинг уйига бизнинг илк марта киришимиз эди. Кирсак, ранги рангпарлашиб, лаблари эса яна-да қип-қизариб кетган Садаф узатилган оёқларига ёпинчиқ ташлаб, тўшакда ўтирган экан. Аммо у биз билган аввалги Садафга сира ўхшамас, олдингидан чиройлироқ, олдингидан ёқимтойроқ бўлиб кетганди. Наинки кўриниши, ҳатто хатти-ҳаракатлари билан ҳам биз билган Садафдан аълороқ эди у. Ўрнидан тура олмаётгани учун хижолат тортиб, ийманиб, қизариниб бизни ўтиришга ундар экан, алдасам нон урсин, менинг юрагим негадир гурсиллаб, жуда бошқача уриб кетди. Унинг бошини эгибгина уялиши, тип-тиниқ кўзларини биздан яшириш учун ийманиб-кулимсириб эски чит кўйлагининг чокларини эрмаклашини кўриб, мен оғзимни ёполмай, кўзимни эса Садафдан узолмай қолгандим ўшанда.
− Келинглар-да, болаларим, шундайгина келинглар-да, − деб ҳушимга қайтарди бир маҳал Садафнинг онаси. Шундагина ўзимнинг бақрайиб туришимдан хижолатга тушиб, шошиб хона ичидаги буюмларга анграйдим. Эҳтимол, қолган ошналарим ҳам мен қилган ишни такрорлаган бўлса керак:
− Жиҳозларимизни кўриб, ажабланаверманглар, − деди, Садафнинг онаси қўлидаги дастурхонни олдимизга ёзар экан. – Кулол, мўндидан сув ичади деган гап бор, болажонларим. Бу жиҳозларнинг барини Садафнинг отаси устачилигидан ортиб қолган ёғочлардан амал-ошкор қилиб ясаган-да.
Кейин у киши, афтидан чой дамлаш учун чиқиб кетди.
− Келишларингни билганимда, уйни тартибга келтириб қўйган бўлардим, − айтди, онаси чиқиб кетганидан фойдаланган Садаф. У келганимиздан бери биринчи марта овозини чиқариброқ сўз қотар экан, нур тушиб ялтираган бир жуфт мунчоқдай порлаб турар эди.
− Қандай тартибга келтирардинг, ўзинг ўрнингдан туролмаяпсан-ку! – деди бир пайт Мирза томдан тараша тушгандай. Унинг бу гапидан Садафнинг лаблари титраб, узун, қайрилма киприкли кўзлари эса дакки эшитган гўдакнинг кўзларидай жавдираб кетди.
− Садаф, сенга нима бўлди ўзи? – сўрадим, шунда ноқулайчиликни йўқотиш учун. – Яқиндагина туппу-тузук эдинг-ку!
Афсус, бу гапимдан Садаф баттар уялди. Уялиб, кўзмунчоқ тақилган қўллари билан юзини беркитиб олди.
− Энам фол очириб келганди… – деди ийманиб.
− Хўш?..
− Сув парилар… ҳазиллашибди…
− Ҳазиллашибди?!
− Суйган… Суйган эмиш… Шу учун қизинг сувни яхши кўриб қолган, деб айтибди…
Мирза “Пиқ!” этиб кулди-ю, икки ёнида Қодир иккимизнинг қовоғимизни уйганимизни кўриб, бирдан оғзини йиғиштириб олди.
− Ишқилиб, тузалармикансан? – деди, келганимиздан бери туширган шунча қовунларини “териб олишга” уриниб. – Қаеринг оғрияпти ўзи?
− Оёқларим… Шишиб чиққан. Фолбин, қушноч чақириб қулоқ-бошини торттирсангиз, тузалиб кетади деган…
Ўша куни биз киссаларимизни майиз-парвардаларга тўлдириб Садафларнинг ҳовлиси дарвозасидан чиқар эканмиз, Қодир кетгиси келмаётгандек ортига аланглаб:
− Чит кўйлак қизларга ёмонам ярашаркан, − деб қўйди.
− Ҳа, − беихтиёр унинг гапини маъқулладим мен. – Форма кий деб уришгунча, мактабдаги бари қизларга чит кўйлак кийдиришса бўларди.
Эртасига мактабга бориб, ҳар учовимиз Бўтаевга Садафдан эшитганларимизни оқизмай-томизмай айтиб бердик.
− Маданиятдан орқадамиз! – ғудранди, Бўтаев бармоғини чаккасига тираб, бураб кўрсатаркан. – Сувда ўйнаган бўлса, шамоллаган-да! Эртакдаги Сув париларига бало борми!
Овулда эшитмаган қулоқ қолмаган миш-мишларга қараганда, шундан кейин раҳбаримиз Бўтаев Садафларнинг уйига дағ-даға қилиб борган, лекин омади кулмай Садафнинг мулойим онасига эмас, отасига дуч келиб қолган экан.
− Қизингиз нега мактабга бормаяпти?! – деган экан ўшанда Бўтаев.
− Қизим касал! – деб жавоб берган экан Садафнинг отаси.
− Касал бўлса, дўхтирдан спрафка ёздириб келиб топширсин! Мактаб энасининг уйимас!
Сўнгра Садафнинг отаси Бўтеавнинг ёқасидан “ғиппа” бўғиб олибди.
− Ув, энасини қўшмай гапир! – дебди уни дарахтни қоқаётгандай қаттиқ силкитиб. – Яна қайтиб ҳовлимда баланд овозинг чиқса, гапим гап, бўйнингни арралаб, кетинга лой суваб қўяман!
Бу гапларнинг неча фоизи чин эканини, рости мен билмайман. Лекин ҳар қалай, Садаф мактабга биз бориб сўраб келганимиздан бир ойлар ўтиб келди. Билмадим, балки қушноч чақириб қулоқ-бошини торттиргандир, балки укол-дорилар билан жўнгина даволаниб қўяқолгандир, ҳар қалай у бутунлай соғайиб олдинги шўх-шаддод қизга айланган, шу билан бирга раҳбаримиз Бўтаевнинг унга муомиласи тамоман ўзгариб, Садафни “сизлаб” гапирадиган одат чиқарган эди.
Шу воқеаларни ўйлаб турган эдим, Қодирнинг муштини кафтгига уришидан чиққан “шарт!” этган овоз хаёлимни жамлашга мажбур қилди.
− Тўғри, отаси билса шундай қилади, лекин билмаса-чи?! – деди у, ўзидаги қўрқувни аллақаёларга ҳайдаб, бир думалаб яна олдингидай далли-ғулли Қодирга айланаркан. – Бу ишни тўрталамиз қилсак ва тўрталамиз ҳам ҳеч кимга оғиз очмасак, қаердан билади отаси? Ахир, ўйлаб кўринглар, ҳаммамизнинг юзимизга оёқ босган бу риёкор, ёлғончи қизнинг хиёнатини кечириб, ҳеч нарса бўлмагандай кетаверсак, қандай одам бўламиз?!
Менинг… Менинг тасаввурим кўзгусида Садаф ийманиб, узун-қайрилма киприкларини пирпиратиб ер тагидан боққандай бўлди. Менга эмас… Бегона бировга боққандай бўлди. Олов ёнди ичимда. Ичимдаги бу оловнинг алангаси эса, ҳар қандай қўрқув, ҳар қандай ҳадикни куйдириб-ёқиб юборишга қодир эди.
− Рост! – деб айтдим ич-ичимдан хўрсинар эканман. – Биз қўрқоқ эмасмиз. Буни шундай қолдириб бўлмайди. Шундай қолдирсак, синфдаги қолган болалар нима хаёлга боришини ҳам ўйлайлик… Қолаверса, отаси ҳозир қўшни маҳалладаги бир одамнинг томини ёпаяпти, ишдан чарчаб қайтса, кечаси донг қотиб ухласа керак.
Чамамда, хиёнат аламининг аччиқ тутуни Мирзанинг ҳам ичидан қўрқув шарпаларини қувиб чиқарган эди. У дадил ўрнидан турди. Шимининг чанг-у гардларини қоқиб, узоқ-узоқларга қараб қолди.
− Ошналар, мен Садафни ҳеч бирингдан кам севмас эдим, − деди кейин бироз ҳаяжон билан. – Лекин мени… Бизни шунча куйиб-пишганларимизни кўзга илмай, келиб-келиб бегона бир йигитгаям хат ёзадими? Сизни кўп ўйлайман, деб айтадими?! Бизни сенлайди-ю, уни сизлайди! Қайси юз билан шундай дея олади?! Тушида кўрганмиш… Уят эмиш… Худо билади бу ҳаёсиз қиз тушида нима қилган? Шундай экан, чиндан бу ишни шундайлигича қолдириб бўлмайди. Ёзиш, жазолаш керак! Аслида қандай қиз бўлса ҳаммасини очиқ-ойдин, ҳамма биладиган қилиб ёзиб, жазолаш керак!
− Шу, ошналар, шу! – Мирзанинг гапларидан янада илҳомланган Қодир у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Биздан етти-саккиз қадам нарида таққа тўхтади-да, кафтини шоп қилиб ҳавода сермади. − Чин айтаман, Садафни қанчалик яхши кўрмай, у учовингдан биттасини танлаганда, эркакнинг ишини қилиб мен чеккага чиққан бўлардим. Алдасам қасам урсин, агар Садаф учовингдан бирингни танлаганда менинг ишим йўқ эди! Лекин бу ерда у фақат севгимга эмас, балки дўстларимгаям хиёнат қилаяпти! Кечирмайман!.. Кечирмаймиз! Биз барчамиз уни кечирмаймиз!..
Қодир билан Мирза менинг кўнглимдан ўтаётган гапларнинг ҳам ҳаммасини айтиб бўлганди.
− Жуда тўғри! – дедим, гап маъқуллаб. – Агар ҳозир жазолмасак, бу туришда бу қиз мактабни битирибоқ бузилиб кетади!
− Бузилиб бўлган! – Қодир билан Мирза оғзимга ургандай бараварига ҳайқириб юборишди.
− Шу, шу! – айтдим, яна гап маъқуллашдан яхшироқ йўлни топмай. – Бузилмаса, сени ўйлайман, уят туш кўраман, деб ёзиб ўтирадими…
− Барибир отаси сезиб қолади, барибир… – қўрққанидан рангида ранг қолмаган Мўмин бизга эмас, худди ўз-ўзига ўқтираётгандай ғўлдиради. – Сезиб қолади! Кейин барингни таъзирингни беради. Мени айтди, дейсанлар, учалаларингниям ўлдиради отаси! Ўлдириб қўяди…
Одатдагидан кўпроқ гапириб қўйган Мўминнинг пешонасидан оққан тер юзларига думалаб тушар, бурун катаклари торайиб-кенгаяр, йиғлаб юборгудай ҳаяжонли бир қиёфада турарди. Ана, қандай аҳволга солиши мумкин қўрқув одамни!
Айни шу онда якка тут жойлашган тепаликнинг кўздан пана ёғида кимдир “Ака!” деди-ю, ҳаммамиз бир сапчиб тушиб ўша ёққа қарадик. У тарафда эса, тирмизак синглим тиржайган кўйи бизга боқиб турар, син-у сумбатидан гап пойлаб келганга ўхшарди.
− Нима дейсан?! – ўшқирдим унга зардам қайнаб.
Лекин у юмуш билан келган экан. Зардамдан кейин дарров қовоқ уйди.
− Нега бақирасиз, сизни изламаган жойим қолмади-ку? Энам тезда етиб келсин, сигир соғинаман, бузоқни ушлаб туради, деяптилар.
− Бор! Келаяпти экан, де! – гапни қисқа қилдим мен. Аразлаган синглим ортига қарай-қарай кетиб бораркан, биз то у узоқ кетгунича гаплашмай жим турдик. Жуда аччиқланганим учун синглим олислашиши биланоқ:
− Агар шунчалик қўрқаётган бўлсанг, сен ҳам унинг ортидан даф бўла қол! – дея Мўминга ҳам ўдағайладим. Мўмин… Мўмин эса, афсуски айнан шу гапимни кутиб турган экан. У менга “Ялт” этиб кўз ташлади-ю, секин бурилиб, синглим кетган сўқмоқдан жўнаб қолди… Мирза саросимага тушди. Чамамда, режамизни ҳаммага айтиб қўяди деб чўчиди.
− Мўмин! Мўмин, қайт! – деб бақирди унинг орқасидан.
− Қайт, Мўмин! Қайтд, дедим, ошна! – бақирди Қодир ҳам.
Бироқ ҳалигина бошини ҳам қилиб, қадамларини судраб босиб бораётган Мўмин бизнинг чақирганимизни эшитмасликка аҳд қилгандай югуриб кетди.
Биз жангга кирмасдан олдин енгилгани маълум бўлган лашкарлардай эзилибгина қолдик. Бир-биримизнинг кўзимизга қарашга ботинмай, Мўмин кетган томонга тикиламиз…
Шунда Қодир ҳеч кимдан қўрқмаётганини, ҳеч нарсадан ташвишга тушмаётганини билдирмоқчи бўлиб, ёлғондакам керишди.
− Кетса кетаверсин, орамизда бўласаям ишнинг пачавасини чиқарарди! – деди кейин.
− Ошна чиқмайди бундан, доим ярим йўлда ташлаб қочади ўзи! – деб қўл силтади Мирза ҳам.
Мирзанинг гапи эса, менинг эсимга қизиқ бир воқеани солиб юборди.
− Бу номард тинчгина ташлаб кетса гўрга, шукр қилаверинглар, − дедим ўша воқеани ошналаримга ҳам эслатиш учун. – Ҳар қалай енгил-бошларимиз ўзимизда-ку!
Мирза ва Қодир ҳар қанча оғиз-бурнини йиғиштирмоқчи бўлишмасин, ўзларини тутолмай “пиқ-пиқ” кулиб қолишди…
Биз эслаб ҳалиям кулгидан тийила олмаётган, шундай оғир вазиятда ҳам руҳимизни кўтариб, ичимизга бир чимдим нур олиб кирган у воқеанинг бўлиб ўтганига ҳам бир неча йил бўлиб қолган эди. У пайтлар биз ҳали росмана гўдак – бола ўйиндан бошқа айтарли ташвишимиз бўлмаган тентак-сентак чурвақалар эдик. Бир куни олдимиздан чиққан тошчаларни копток қилиб тепиб, тўрталамиз доимгидай мактабдан қайтаётсак:
− Катта ариққа нимага сув келмаётганини биласиларми, − деб қолди Мирза. – Каналнинг суви қуриган эмиш. Тиззадан бўлиб қолибди ўзиям, кўлмакчаларда балиқлар иланг-биланг ўйнаб ётган эмиш!
− Соз экан-ку! – дедим бу гапдан менинг қулоқларим динг бўлиб. – Унда балиқ овлагани бормаймизми? Беш-ўнта балиқ тутсак, Мўминнинг энаси пишириб берарди.
Ҳақиқатдан ҳам Мўминнинг тили ва қўли ширин онаси бизга ажойиб таомлар пишириб берарди, ўша пайтлар. Бировларнинг томорқасидан бақлажон ўғирлаб чиқамизми ё чўзма билан чумчуқ овлаймизми, доим у кишига олиб борар, ҳеч кимнинг кўнглини оғритмайдиган бу ҳалим аёл эса, келтирганимизга ўзидан бошқа масаллиқлар қўшиб, мазали овқат тайёрлар эди. Шунинг учун биз муғомбирлар иккита картошка топсак ҳам, оғзимизнинг таноби қочиб, қовуртириб ейиш учун Мўминларникига қора тортиб бораверар эдик.
− Сув тиззадан бўлса, демак, қармоқнинг кераги йўқ, − Қодир ўзини зўр балиқчидай кўрсатиб, ичида алланималарни чамалаган бўлди. – Хўш… Ошаналар, унда дарров уйга бориб мактаб кийимларимизни алмаштирамиз-у, кўча бошида учрашамиз. Қорни очганлар бўлса, ушлаган биринчи балиғимизни ўша ернинг ўзидаёқ кабоб қилиб бераман!
− Келишдик! – дедик, биз учовимиз бир овоздан. Сўнг мен ҳаммадан биринчи бўлиш учун уйимизга қараб ер чангитиб югуриб кетдим. Уйга бориб, ҳеч ким билан гаплашмасдан кийимларимни апил-тапил алмаштириб кўчага чиқсам, шунда ҳам Мирза қўлини пешанасига тираб, кўча бошида бошқаларнинг келишини бетоқат кутиб ўтирган экан. Мен унинг ёнига борувдим ҳамки, узоқдан Қодирнинг келаётгани ва иштони тушиб кетмаслиги учун иштонбоғидан маҳкам ушлаб ҳаллослаганча чопиб келаёган Мўминнинг қораси кўринди. Қодир бизни анчадан бери кутаяпти деб ўйлади чоғи, келиши билан қўлидаги нарсаларига ишора қилди:
− Кабоб тайёрлашга сирка, туз билан гўгурт олдим. Бўлмаса кечикмасдим.
− Ошналар, узр… – деди, ундан сал кейинроқ лопиллаб етиб келган Мўмин ҳам. – Кабоб қачон пишади, деб… Бир тўғрам нон еб олдим.
Ниҳоят, тўрт баҳодир каналга қараб сурдик. Бориб қарасак, каттакон каналнинг суви тизза тўгил тўпиқдан бўлиб ётар, ҳар-ҳар жойда кўлмакчалар лойқаланибгина кўзга ташланарди. Фақат Мирзанинг “Балиқ биланглаб ётганмиш” дегани озроқ лоф экан шекилли, шунча кўлмак кечиб, энг каттаси жимжилоқдай келадиган итбалиқдан бошақасини учратмадик.
− Балиқ лойқаларнинг тагига беркиниб ётган бўлиши мумкин, − деди Қодир хафсаласи пир бўлганини сездирмасликка тиришиб. – Кет бости қиламиз! Мўмин, Мирза кўлмакнинг нарги ёғига ўтиб оёқларингни узатиб ўтириб олинглар-да, лойқани бизга қараб суриб келаверинглар. Биз манов билан бу ёқдан сурамиз.
Қодирнинг фикри маъқул тушиб, худди тупроқ сурган трактордай оёқларимиз билан лойқаларни уёндан-буёнга сура кетдик. Лекин сувдан чиқиб қочган бақаларни айтмаса, сув ичида сезиларлироқ қимирлаган бошқа бир нарсани билганимиз йўқ…
− Шошганда кийимниям ечмабмиз, − дедим, тўртовлон сувдан чиқиб, хафа бўлиб турганимизда.
− Ҳа… Балчиққа ботганимизни айтмайсиларми… – Мирза оғир сўлиш олиб, иштонидги балчиқларни номойиш қилди. Бироқ Қодир ҳали шаштидан қайтадиган эмасди.
− Балиқ тутгани бораяпмиз, деб ким уйидагиларга айтганди? – сўради у.
Мирза иккаламиз баб-баравариги “Айтмаганман” дедик. Мўмин елка қисиб, астагина қўлини кўтарди.
− Ўл! – деди унга Қодир. – Энди уч-тўртта бўлсаям балиқ обормасак, энангдан уятга қоламиз! Қани болалар, олдин ҳамма кийимларни ечиб, ёйиб қўяйлик. Биз балиқ тутгунча қуриб туради… – шундай деб туриб, сўнг бирдан фикрини ўзгартирди у: − Йўқ, яхшиси шу қилгани учун Мўмин балиқ тутмайди! Мўмин ҳув канал тепасида кийимларимизни қуритиш билан шуғулланади!
Қарасак, атрофда ҳеч зоғ йўқ. Учаламиз ҳам ечиниб қип-яланғоч бўлдик-да, кийимларимизни Мўминга бердик. Тезда қуримаса, олов ёқарсан, сиркадан яхши тутантириқ бўлади, деб Қодир шу атрофга ташлаб қўйган гугурт, туз ва сиркани ҳам унга тутқазди.
Биз ҳали кечишга улгурмаган кўлмакчаларни ишғол қилишга отланганимизда, балиқ тутишга қўшилолмаётганидан ранжиган Мўмин ўт ёқиш учун янтоқ излаб, орқасига қарай-қарай канал тепасига чиқиб кетаётган эди. Қодирнинг ғурур қўзғовчи гапи қитиқ-патимизга теккан биз болалар янги завқ, янги ғайрат билан ишга киришдик. Ғайратимизнинг зўрлигидан, кет босди қилиб сирпаниб чиқмаган кўлмагимиз каналда деярли қолмади.
− Ай-й!!! – деб бақириб юборди шунда Мирза тўсатдан. – Бир нарса… Бир нарса оёғим ости-да!..
Қодир лойқаларни жон ҳолатда ўнгдан сурди, мен чапдан, учовимизнинг оёқларимиз туташиб, мософа қисқарганда ҳақиқатдан ҳам бир қаричча чақадиган бир балиқ сув бетига ўйнаб чиқди. Учовимиз бараварига балиққа ташландиг-у, балиқ қай биримизнингдир чангалимизга урилиб, кўлмакдан ташқарига отилиб кетди!
− Эҳе-ҳей-эй-эй! Бали-иқ! Бали-иқ! – биз ошналар қувончимиз ичимизга сиғмай, сакраб-ирғишлаб қуруқликда биланглаб ётган балиқнинг атрофида ўйинга тушар, айни шу бугун, шу лаҳза бу ёруғ оламда биздан бахтиёрроқ одам борлигига ишониб бўлмасди. Завқимизга баданларимиз тор келиб, бақириб-сакрашиб, бир-биримизни қучоқлаб, хазина топган тентаклардай ерга думалаб қолдик.
− Энди… Энди мен сизларга… – деди, ётган жойида ҳансираётган Қодир зўрға тили айланиб. – Уни кабоб қилиб бераман! Менга бир сузгичини… Йўқ, думини… Э, майли! Умуман бермасаларингам майли! Силар есаларинг бас!
Бир мунча вақт чалқанча ётиб, нафас ростлаб олганимиздан кейин ўринларимиздан турдик. Ошналарим ва ўзимнинг балчиққа ботган яланғоч баданларимизга кўз ташлар эканман:
− Ҳой, эсларингдами? – айтдим мен кулиб. – Зовурдан сакрашимизни сўраганда Садаф бизга ҳиндуларга ўхшамайсанлар, деб нолиганди. Мана, шу туришимизда ҳиндулардан кам жойимиз қолмапти!
− Ўшанда зовурдан ким сакровди? – менга қўшилиб кула бошлади Мирза. – Мўминмиди?
− Мўмин эди! Лекин сакрагани йўқ, қулаб тушганди у гальварс!
− Аслида у пайти Садаф чакана шарт буюрган экан. Ундан кўраси балиқ тутиб беринглар дегандами?! Ҳозиргидай аканг қарагай шарта каналга кет босиб…
− Вой, вой! Гўё балиқни бир ўзлари тутгандай!
− Айтмоқчи, − Қодир Мирза иккаламизнинг суҳбатимизни бўлиб, ташвишланганча тепа томонга қараб қўйди. – Мўмин кўринмай қолдими? Тепага чиқиб қарайлик-чи…
Тутган ягона балиғимизни сардоримиз Қодирбойга кўтартирганча, биз “Ҳиндулар” канал тепасига чиқиб борсак, бу атрофларда Мўмин тугул унинг исиям йўқ экан! Тепароқда турганимиз учун бирортанинг кўзига чалинмасин деган хижолатда қўлларимиз билан уят жойларимизни беркитиб, у ён-бу ён қарасак, ҳув нарида ёниб ўчган бир гулханнинг тутабгина турганини кўрдик. Яқинлашаверганимизда димоғимизга урилган латтанинг куйинди иси ва шу атрофда ётган сирка билан тузнинг идишидан нима воқеа рўй берганини тахмин қилиш мумкин эди… “Наҳотки?!” дегандек бир-бирвимизга қарашиб қотиб қолдик биз.
− Аблаҳ! – деб увлаб юборди кейин, Мирза эгила солиб ерни муштларкан. – Лапонглаб ўтин топиб келаман дегунча, кийимларимиз оловга тушиб кетган! Бизга айтиш ўрнига, қуённи сурган у довдир!
Одатдагидай тез қизишиб, жазавага тушадиган Мирза аъзадор аёллар каби ер муштлаб, оҳ-воҳ қилган бўлди. Аёллардан фарқли ўлароқ фақатгина у тақдирини эмас, Мўминни қарғар, Қодир билан мен бу гапларига хайрихоҳ бўлсак ҳам, Мирзанинг тинчиб қолишини жим туриб кутар эдик.
Мирза бор дарди-ҳасратини тўкиб олгандан сўнггини мен бир-бирига туташиб ёниб битган бориб кийимларимиздан қолган кичик нишонани қўлимга олдим. Нима қилишимни билмасдан, дуд уриб, унинг ёнида ётган − қорайиб қолган туз идишини артдим.
− Қодирбой, − дедим, ўзимча Қодирга кесатиб. – Сирка тугабди, гўгурт ёниб битган… Тузингизни нима қилсак энди?
Қодир калта қошларини чимириб бироз ўйланиб турди-ю:
− Нима ҳам қилардик?! Кўлмакда шилиниб ачишаётган кетларимизга сепамиз-да! – деб ғудранди зарда билан.
Биз шундай бир-биримизга кесатиб, зарда қилиб, ер-у тупроқдан алам олиб турган эдик, бир маҳал мен узоқда келаётган бир одам қорасини кўриб қолдим.
− Шарманда бўлдик, кимдир келаяпти! – дедим безовта тортиб, панароқ жой топиш учун қочишга шайланарканман.
− Шошма-чи, − дея Қодир мени тўхтатиб қолди. – Яхшилаб қара, бола экан…
Биз шундан сўнг олисда жимирлаб кўринаётган ул кўланка ўзимизнинг аблаҳ Мўмин эканини таниб қолдик. У ўн-йигирма дақиқалар орасида хумдай бошидан ҳил чиқиб, тўхтамай югургани сабабли толиқиб-хансираб ёнимизга етиб келаркан, қўлтиғига қисиб олган шим билан иштонни Мирза икковимиз тарафга ирғитди.
− Ошанлар, манглар! Мактаб шимим бўлса ҳам олиб келавердим.
Кейин у иккинчи қўлтиғига қисиб олган нарсасини чангаллаб, Қодирга қаради. Этагини қайириб, бурнини артди-да:
− Лекин сенга бергулик шалварим қолмади, Қодир… – деди айбдорона мўлтайиб. – Новчароқсан… Шунга… Отамники бўлса ҳам олиб келавердим…
2.
Бу ҳаётда шунақа ўзи – ҳаммаси яхши кетаётган пайтда битта бемаза бузоқ бошини буради-ю, қолганларнинг ҳам хулқини бузади. Мўмин Садафнинг отасидан қўрқиб қочиб кетгач Мирза маъюс тортган, Қодирнинг авжи паст, мен ҳам нима қилишимни билмай иккиланиб турардим. Гўё биз шу ерда соатлар эмас, неча асрлардан бери гаплашиб ўтирганмиз-у, ниҳоят, гаплашадиган гапларимиз тугагандай. Қуёш эса, судралганча осмоннинг охирига қараб кетар, унинг тафти ўтмаслашган қизғиштоб нурларидан якка тут ва катта харсанг тошимиз ҳам оловранг тусга кирган эди.
Бир пайт Мирза ердан кесак олиб, ҳадемай кўздан йўқоладиган қуёшга қараб отди. Гизланиб пича қараб турди-да, кейин яна бир кесак отди. Қараб турди, тағин отди. Отаверди… Шунда беихтиёр Қодир иккаламиз ҳам унга қўшилиб қуёшни кесаклай бошладик. Биз қанча кесак отсак, руҳимиз шунча енгил тортар, орамиздаги бирдамлик ҳам шунчалик ошиб бораётганга ўхшарди.
− Мен ошначиликка хиёнат қилмайман! – деб ўксикдан-ўксик ҳайқириб юборди Мирза.
− Мен ошналаримга ҳеч қачон хиёнат қилмайма-а-ан! – дея Қодир унга жўр бўлди.
Мен ҳам бақирмоқчи бўлдим-у, томоғимга йиғи тиқилди. Пичирлабгина:
− Хиёнат қилмайман… Ҳеч қачон хиёнат қилмайман… – дея олдим холос. Сўнг бориб акамдай кўрадиган Қодирни маҳкам қучоқлаб олдим. Мирза келиб иккимизни қўшиб қучди. Учаламиз бизни олисдан кўриб тентак бўлибди деб ўйлайдиган одамларни, қуёшни, тошни ва бутун оламни унутиб сакрадик. Худди балиқ тутганимиздаги каби. Бироқ бу сакрашимизда завқдан кўра қайғу кўпроқ эди. Бу сакрашимизда қувончдан кўра ҳамдарлик кучлироқ эди. Бу сакрашимиз… гўёки бир қасам эди…
Ҳовлимизга кириб борганимда кун ботиб, олам кўкимтир тусга кириб бўлган эди.
− Қаерларда сандироқлаб юрган эдинг?! – овозини пастлатибгина сўради онам. Саволига жавоб кутмасдан буюрди. – Тез устингни алмиштириб чиқ, отанг билса ўлдиради!
Дарров тушундим, демак, отам ҳам ишдан ҳозиргина қайтган ва авзойи бузуқ. Онам у кишини баттар кайфияти бузилмасин деяпти. Онамга “Хўп” деб, устимни алиштириш учун кетаётган эдим, тирмизак синглим йўлимни тўсиб чиқди.
− Ака! – деди у азбаройи оғзи қулоғида бўлгани учун товушини зўрға пастлатиб. – Ўлдиларингиз! Сизларнинг ҳамма гапларингизни Садаф опамга айтиб бердим!
Менинг оёғимдан жоним чиқиб кетай деди. Кўз олдим тиниб, юрагим тез ура бошлади.
− Қайси гапларимизни?.. – дея сўрадим шунда ҳам у балки ҳазиллашаётгандир, деган умид билан.
− Пойлаб туриб эшитганларимни-да! Бугун кечаси дарвозасига бемаза гаплар ёзиб ташлаймиз деганларингизни!
− Нима… Сен… Сен эшитганмидинг?! Нима деди кейин у?..
− Роса кулди! Чимсаройда бизнинг дарвозамизга бемаза гап ёзишга журъати етадиган одам борлигига ишонмайман, чунки отамнинг қўлига тушса соғ қолмайди, деди!
− Сабабини-чи? Сабабини… Нега бундай қилмоқчи эканимизни сўрамадими?..
− Йўқ… – бирдан ўйланиб қолди синглим. Туришидан, режамизнинг асл сабабини бунинг ўзи ҳам билмасди.
“Яхшиям ишонмабди!”. Ҳозир бу чақимчига қўпол бирор гап айтсам, худди Садафга боргандай югура солиб отамнинг олдига бориши ҳеч гап эмасди. Шу учун тишимни-тишимга босдим. Индамай уйга кириб кетдим.
Отамнинг нима сабабдан кайфияти йўқ эканини барибир билолмадим. Аммо кечки овқатни барчамиз мустар бир кайфиятда едик. Ҳатто ҳар куни чакаги тинмайдиган синглим ҳам отамнинг қовоқ солиб ўтирганини кўриб, бугун ер чизиб, сўнарибгина ўтирарди. Одамлар орасида энг юқимлиси кайфият бўлса керак ўзи…
Отам овқатланиш орасида онамдан фақат бир мартагина:
− Сигирни соғиб олдиларингми? – деб сўради холос. Онам менга ер тагидан қараб олиб:
− Ҳа, соғгандик, − дегандан кейин, яна баримизнинг тилимиз боғланди.
Онам дастурхонни йиғиштириши билан уйдан ёстиқ ва ёпинчиғимни олиб чиқдим-да, ўзимга ўрин солиб, ётиб олдим. Уйдагиларнинг ҳам ўзимга ўхшаб тезроқ ўринлариги ётишини истаганимдан шундай қилдим. Бу пайтда фалакка яккам-дуккам юлдузча чиқа бошлаган, осмон гўё қора либосга буркангану, юлдузлар шу либоснинг тугмаларига ўхшаб йилтираб турарди. Кўп ўтмай, онам қабатимдан отам, ўзи ва синглимга ҳам ўрин солди. Улар тин олиш учун жой-жойларига чўзилиш тараддусида-ю, менинг беҳаловат кўнглимнинг алла ери орзиқиб-куйишади. Нега бунча дилгир кун бўлди ўзи бугун, нега бунча дилгир кеча, билмайман. Балки, Қодир билан Мирза ҳам ҳозир ўзини ухлаганга солиб, яқинларининг тезроқ пинакка кетишини кутиб ётишгандир? Садаф-чи, Садаф нима қилаяпти экан? Ҳиндларга ўхшайдиган ўша севгилисини эслаб ётганмикан ёки ухлаб, уни тушида кўраяптимикан?! Эҳҳ, режамиздан хабар топгани чатоқ бўлибди-да! Яна тағин қўрқиб, айбини изласа гўрга – назарига илмаганини қаранг! Гўёки бу иш бизнинг қўлимиздан келмайди! Асли шу каландимоғлигининг ўзи учун ҳам аяб ўтирмаслик керак уни! Яхшиси… Яхшиси унинг хабар топгани ҳақида Қодир билан Мирзага айтмайман… Шунда… Шунда улар аҳдидан қайтмайди! Ахир, қўрқоқ ошнани кечирса бўлади, хиёнаткор севгилини кечириб бўлармиди? Бўмайди-да! Масалан, хиёнат қилгани учун, мен ўзимнинг яхши кўрган итимни ҳам кечирган эмасман. Э, менинг итим ҳам эмас эди ўша, бировнинг ити, шунчаки ит эди!
Аслида, мен у итни овулнинг чеккасида яшайдиган бир одамникидан ўғирлаб келган эдим. Йўқ, мен ўғирлаб келганимда айтарли ит ҳам эмас эди, хумбош, олд оёқлари йўғон, пахмоққина кучукча эди. Уни ўғирлаганимдан бехабар отам ва онам кучукни қаердан топиб келдинг, деб олдинига тергашди. Лекин арзанда сингилчам ўйнаб, овунаётганини кўриб, индамай қўяқолишди. “Зийрак” қўйдим, отини. Ўзим нима есам, тенг ярмини бериб боқа бошладим. Кучукчани доим суйиб эркалар, имкон борича бегона кўзлардан асрашга ҳаракат қилар эдим. Қанча қисталанг қилса ҳам, уни қаердан топиб келганимни энг яқин ошналарим, ҳатто Қодир билан Мўминга ҳам билдирганим йўқ. Фақат бир мартагина, ҳеч кимга сотмаслик шарти билан Мирзанинг қулоғига айтганман.
Зотдор экан кучукча. Тез ўсиб, сал кам уч ой деганда итмисан, ит бўлди. Ҳамма кучукваччалар одамнинг оёғига келиб суйкальца, у бундай тилёғламаликни билмас, жуда эркалангиси келган пайтлардагина йўлимни тўсиб, ковушимдан тишлаб тегажоқлик қилар эди. Мактабдан қайтаётган вақтимда эса, у олдимга югуриб чиқар, хурсанд бўлганидан ирғишлаб кўкка шунақанги баланд сапчирдики, бўйи бўйимдан баланд бўлиб кетарди…
Гап ётмайди овулда! Менинг бир ёқдан кучук топиб келганимни эшитиб, бир куни итни эгаси излаб келди. Дарвоза олдида отам билан гаплашиб туришганини эшитиб, унинг нима учун келганини тушундим.
− Бермайман! – дедим отамга. – Зийрак бу одамники эмас, уни мен кўчадан топиб олганман!
− Топганинг ростми? Қаердан топгандинг ўзи? – сўради отам.
Мен атай ўша одам яшайдиган эмас, овулнинг бошқа бир томонини айтдим:
− Канал бўйидан.
− Балки, ўша ёқларга адашиб бориб қолгандир. Ё кимдир ўғирлагандир-у, канал бўйига ташлаб кетгандир, − итнинг эгаси менга қовоқ остидан қараб, гапга аралашди. – Қани, чақиринглар-чи, ўзини бир кўрай.
Чумчуқларни қўрқитиш учун бу дамда итни ҳовлимиз орқасидаги токларнинг тагига боғлаб қўйган эдик. Ваҳимага тушиб, йиғлагим келиб кетди.
− Бермайман, кўрсатмайман ҳам! – дедим отамга йиғламсираб қараб. – Ота, кўрса бу одам барибир меники деб туриб олади!
Отам икки ўт ичида қолгандай эди. Биринчидан, менинг итни қанчалик меҳр билан боққанимни ва уни қанчалик яхши кўришимни билар, итни бировга бериб юбориб кўнглимни вайрон қилишни истамасди. Иккинчидан… Итнинг безбет эгаси қаршисида “Ит барибир меники, берсаларинг ҳам, бермасаларинг ҳам уни олиб кетаман!” дегандай хўмрайиб қараб турибди.
− Унда бир шарт қўямиз, − деди отам мулоҳаза қилиб кўргач. – Итни мен ушлаб тураман. Икковларинг икки ёнимдан туриб, чақиринглар. Ит кимнинг олдига борса, ўшаники бўлади.
Умид билан ҳалиги одамга қарадим. У “шарт маъқул” дегандай, елка қисди.
Менинг ичимдаги қўрқувим шакарли чой бетидаги кўпиклардай тарқаб кетган эди! Саросима булутлари сурилиб, юзимга қувонч қуёши чарақлаб чиққан эди! “Яшасин! – дер эдим ичимда тантана билан. – Зийрак, албатта, менинг олдимга келади! Шунча пайтдан бери фақат менинг қўлимдан овқат еган, мендан бошқага искаланмаган Зийраккинам ўзимнинг олдимга келади! Худди мактабдан келишларимни кутиб олгандек югуриб келиб, бўйим баробар сакрайди!..”
Бориб итнинг қозиғини суғиргунимча бўйинларидан қучоқлаб, тумшуғидан ўпиб-ўпиб олдим. Кейин ортимдан чопсин, тезроқ етиб борсин, деб отам билан ҳалиги одам ёнига югурдим. Ипини судраб мен билан баравар отамнинг қаршисига келган ит ўша одамни кўрди-ю, қулоқларини динг қилди. Ғингшиб, безовталанди…
Кўчага чиқдик. Отам итни ипидан тутиб, маълум узоқликда қараб турган анов одам билан оралиғимзда турганда, менинг оғзим қулоғимда эди. Ҳозир “Зийрак” менинг ёнимга югуриб келади, дер эдим ишонч билан, “Ҳозир… Ҳозир…”
Лекин… Лекин шундай бўлмади. Отам итни қўйиб юбориши билан, ит занжирини шилдиратиб эгасига қараб юра бошлади… Бақириб юбордим. “Зийрак, қайт орқангга!” дедим. Аввал зарда билан, кейин йиғлаб ялиндим. “Зийракжон, қайт… Қайтақол, Зийракжон…” дедим. Кошки, қайтса… У фақат бир мартагина, ярим йўлда мен томонга қайрилиб қаради, холос. Кейин чирт ўгирилиб, эгаси ёнига кетиб қолди…
Итини эргаштириб ғолибона қадамлар билан кетиб бораётган ўша одамнинг изидан қараб қолар эканмиз, отам иккимиз аллақандай чўкиб, мунғайиб қолгандай эдик. Чин, шу пайтгача оламда тенгсиз баҳодир санаганим – отам шу тақлид айбдорона қўл қовуштириб туришлари билан, илк марта менга ожиз ва нотавон туйилиб кетди. Йиғламасам ҳам, ўз-ўзидан ёш думалаб тушаётган кўзларим билан бир отамга, бир итини эргаштириб кетаётган ҳалиги одамга қарадим-у, ҳовлимизга отилдим…
Ўша куни очлик эълон қилдим. Онам кечки овқатга чақирса бормай, уйга кириб аразлаб ётдим. Кўз ёшимдан ҳўл бўлиб кетган ёстиққа юзимни босиб ётар эканман, “Номард экансан! Номард! Ҳайф сенга берган шунча овқатим, ҳайф шунча эркалаганларим!..” деб итни сўкардим нуқул. Менинг бу койинишларимни эшик тирқишидан эшитиб турганмиди ё нима ўйлаётганимни сезганми, билмайман, бир вақт онам ёнимга кириб келди.
− Қўй, улим, йиғлама, − деди бошимни силаб. – Зўр экан итинг… Қара-я, қанча пайтдан бери овқат бериб қарашсанг ҳам, ўз эгасини унутмабди… Бошинг омон бўлса, шунақасидан яна топарсан…
Онамнинг ўшандаги бошини эгиб, юзимга ачиниш билан термилганини эслар эканман, ич-ичимдан чиққан оловли нафас димоғимни куйдириб ўтди. Ким билсин, чиндан ҳам балким ўша ит Садафдан яхшироқдир? Садаф билан Мўминдан яхшироқдир ўша ит?! Шу чоқда кўча тарафда симёғочнинг уч марта тақиллагани эшитилмаганда, ким билсин, мен ҳўнграб йиғлаб юборишим мумкин эди. Нима бало, Қодир билан Мирза ярим тун бўлмасидан келишдими, дедим шошиб кўзларимдаги намни артарканман. Ё мен шунча пайт ўй суриб қолдимми? Маълум вақт оралағида симёғоч яна уч марта жаранг сочгач, секин сирғалиб ёпинчиқ тагидан чиқдим. Ўрнимга ёстиқни тиқиб, бироз уринган эдим − ғужанак бўлиб ухлаб ётган одамга ўхшади, қолди.
Отам онам ва синглим ухлашаётганига ишонч ҳосил қилгач, пайпасланибгина сўридан тушдим. Оҳитса юриб дарвозамизгача бордим-у, ундан у ёғига югуриб кетдим. Симёғоч тагида мени кутаётган ошналаримнинг олдига борганимда, Қодир қўлтиғига алланарса қистириб олган, Мирзанинг эса қўлида нимадир бор эди. Келишим билан у:
− Нега кечикиб қолдинг, – дея жеркимоқчи эди, Қодир:
− Ўчир, овсар! Ўзинг келишилган вақтдан уч соат олдин ҳаммани уйғотиб чиқаяпсан! – деб уни қайириб ташлади.
Мирза бош қашийман деб қўлини кўтаргандагина, тунинг ғира-ширасида у ушлаб олган нарса велосипед бўяшда ишлатиладиган чўткачалар эканини билдим. Ҳаммаси равшан: Қодирнинг қўлтиғидаги бўёқ қутиси!
− Узр, ошналар, ҳеч вақт ўтавермади, − деди Мирза хижолатпазлик билан. – Шу десаларинг, ниманидир режалаштирсам бўлди, уйқум ўчади! Анавининг қўрқоқлигиям тоза жаҳлимни чиқарди-да…
− Гапинг чин, − маъқуллади Қодир. – Аслида ташлаб қочмасдан Садафнинг отасидан ҳайиқдим ё қоронғуда қўрқаман десаям уни биров мажбурламасди. То еттинчи синфгача қоронғуда ташқарига чиқишга қўрқишини ҳаммамиз билардик-ку!
Ҳандалакнинг тилимига ўхшаб кетадиган ой булутлар орасидан пойлоқчилик қилаётган одамдай мўралаб турарди. Биз уйдан қандай чиққанимиз ҳақида паст овозда гаплашиб, секин-секин Садафларнинг кўчаси томонга кета бошладик. Шунда ўзимда Садафдан ўч олиш истаги негадир сўна бошлаганини, у мардона туйғуларим ўрнини саросима ва таҳлика каби тубан ҳиссиётлар эгаллай бошлаганини сездим. Гўё гапларига қулоқ солган киши бўламан-у, ғира-шира кўринаёган юзларига термулиб ошналаримнинг ҳам ичларида нима ўйлаётганларини билиб олишга уринаман. Энг кўп эътиборимни Мирзанинг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари тортди. Мирза менга ўхшаб қўрқмаётганга, бу ишни тезроқ охирига теказиб, тезроқ хотиржам тортмоқчи бўлаётганга ўхшаб туйилади, назаримда. Ҳа, Қодир довюрак бола, лекин тиришқоқлик борасида барибир Мирзадан ортда қолади. Ғаройиб куйинчаклик бор Мирзада. Ҳамма нарсани тез қабул қилиб, тез унутади. Бирор ишни бошлаганда-чи, то тугатмагунча ўзиям тинчимайди, бошқаларниям тинчишига қўймайди.
Эсимда, уч-тўрт йилча олдин бир гал у синфимизга ранги қув оқарган, қовоқлари киртайиб, кўзлари олайган ҳолда кириб келганди. Эҳтимол, сиз одамнинг бир кунда бунчалик ўзгариб, озиб-тўзиб кетишини кўрмаган бўлсангиз керак. Ўзим ҳам бир марта – фақат ўшанда кўрганман. У пайтлари ўқитувчимиз ҳалича “Сен тўрталанг бириксанг, бир бойқушликни бошлайсан” деб тўрталамизни синфнинг тўрт бурчагига ўтқизиб қўймаган, мен Мирза билан, Қодир Мўмин билан, яна от аравга мингашгандай олдинма-кетин парталарда ўтирар эдик. Бир кўришдаёқ Мирзага бирор нарса бўлганини билган эсам-да, мен ҳеч нарсани сезмаётгандай писмиқланиб уни кузата бошладим. Мирза эса ғам ва чарчоқ тўла нигоҳларини мўлтиратиб, ҳамма нарсага лоқайд бир кайфиятда ўтирар, шу ҳолида иштонини хўллаб қўйганини айтишга чўчиётган гўдакка ўхшарди.
Ёмонроқ иш бўлганига аниқ ишонч ҳосил қилганимдан сўнг, орқамга қайрилдим-у, Қодирнинг қулоғига шипшидим:
− Қара… Мирзани кимдир урган бўлса керак!
− Йўғ-ай?.. – Қодир аввалига ажабаланиб Мирзага кўз ташлади, кейин афти важоҳатли тус олиб, бирдан муштларини тугди: − Сенга айтмадими, ким экан ўша “полвон”?!
Қодирнинг баландроқ овозда гапириб юборганидан хавотирланиб Мирзага қараган эдим, Мирза ҳамон ўша-ўша пўсти шилинган сўтадай шумшайиб турган экан. Бироқ Мўмин гапимизни эшитиб, орага суқилди.
− Отаси ургандир-да, − деди у. – Бошқа бўлганда ўзиям айтарди-ку.
− Ундай бўлса, чатоқ… − муштини ишлатолмаслигидан афсуланиб, қовоқ уйди Қодир.
– Оталарга ҳеч кимнинг кучи етмайди! Майли, кетишимизда ўзимизнинг тут тагида сўрармиз, нимага урдийкин отаси.
Дарслар тугагач, Қодир айтганидай биз Мирзани ўзимизнинг тут билан тошимиз ёнига бошлаб бордик. Ундан нима гап эканини сўраган эдик, Мирза гапириш ўрнига изиллаб йиғлаб юборди.
− Ошнала-ар… – деб айтди йиғи орасида. – Мен… Ўгай эканман!
Бу янгиликдан учаламиз ҳам ҳанг-у манг бўлиб, оғзимизни ёполмай қолдик. Мирзанинг изиллаб паст товушда йиғлаши, катта гуноҳ иш қилиб қўйгандек кўзларимизга қарай олмасдан бошини эгиб туриши бизни чунонам ҳайратга соларди. Шунда ҳам биринчи бўлиб Қодир ўзини тутиб олди.
− Ўйлаб гапираяпсанми?! Қанақасига ўгай бўлишинг мумкин? Бу гап қаердан чиқди? – сўради тажанг бўлиб.
− Шунақасига, ошналар… – Мирза баттар эзилиб, баттар эгилиб шанғиллаганча жавоб қайтарди. – Қулоғим билан эшитдим. Кеча мактабдан қайтганда уйга ким келди экан, деб эшикка қулоғимни тутсам, энамнинг меҳмонга келган дугонаси шундай деди. “Асраб олган улинг катта бўб қолгандир”, деб айтди…
Ана, гап пойлашнинг оқибати! Мирзаннинг ота-онасига ўгай бўлиб чиқаётганидан эмас, унинг изиллаб йиғлаши ва қайғули аҳволига раҳмим келиб хафа бўлиб кетдим. Мўминнинг ҳам титроқ нафас билан, бурнини шўлқиллатиб тортгани эшитилди.
− Мирза, ошна… Ошна қўйсанг-чи… − далда беришга ошиқди Қодир. Мирзанинг шундоғам майишиб бораётган елкасига қўл ташлаб, осилиб олди. – Майли-да… Барибир ота-энанг бор-ку! Ё улар сенга уйдан кет деб уришаяптими?!
Ҳалича изиллаётган Мирза бу далдадан кейин азза-базза ариллаб йиғлашга тушди. Қодир хато гап айтганини тушуниб, Мирзанинг елкасидан қўлини оларкан, Мўмин икковимиза айбдорона қаради. Энди Мирза хўнграб, кўксидаги бор нафаси билан хўрсиниб-ўксиб йиғлар, биз унга кўзларимизни жавдиратиб, ҳамдардлик билан қараб туришдан бошқа чора топмас эдик.
Орадан қанча фурсат ўтди, эсимда йўқ, бир маҳал Мирзанинг кўз ёшлари қуриб, бир нуқтага қараганча жимиб қолди. Одам кўз ёшларини артмаса-ю, у юзида қуриса, идишдаги сувнинг мавжланишини эслатувчи кўзлари эса йиғидан толиқиб, бир нуқтага қараб тураверса, жуда қўрқинчли кўринар экан.
Унинг тинчиб қолганини кўриб, Қодир яна далда беришга уриниб кўрди.
− Ошна, сен яхшиси билганингни билдир-ма, − деди ақллилик билан. – Агар билганингни билдирсанг, улар буни билиб қолишади. Шунга биз ҳам ҳеч кимга билдирмаймиз.
Мўмин иккаламиз Қодир асли қандай ақлли гап айтмоқчи бўлганини унча тушунмасак ҳам, шошиб унинг гапини маъқулладик. Мирза эса, ўзимиз билган тиниб-тинчимас, ўжар-қайсар Мирза эса, айни пайтда аммамнинг бузоғидай ювош тортиб қолган, ким нима деса бўйнини солинтириб тураверадиган сиёғи бор эди.
Қодир тантановор қилиб энди Мирзани ҳеч қачон ёлғиз қолдирмаслигимиз кераклигини эълон қилди, чунки ҳақиқий ошна шундай оғир кунда биланар экан. Ушбу талабга Мўмин икковимиз жон-дилимиз билан рози бўлдиг-у, лекин Мирзанинг бундан кўнгли тўлгани сезилмасди.
Шу кундан бошлаб учовлон сўзимизга биноан тушки ўн иккида Мирзаларникига бориб уни мактабга етаклайдиган, мактабда ҳам нуқул атрофида гирдикапалак бўладиган, дасрлардан сўнг яна биргалашиб уйига қўйиб қайтадиган одат чиқардик. Ғамгин ва индамас бўлиб қолган Мирза бундан мамнун бўлса керак, ҳар қалай етовимиздан бош тортиб, норозилик билдирмас эди. Булар бариси эса шундай ғалати тарзда якун топдики, эсласам менга ҳалиям нималардир англашилмай сир бўлб қолгандай туйилаверади…
Якшанба куни катта ариқ бўйидаги толзорда ўйнаб юрган эдик, ғовак ичидан чумчуқ полапоннинг қаттиқ чирқаллагани эшитилди. Бизнинг чумчуқларни ўлдирмаслик, чумчуқ полопонларига зарар бермаслик тўғрисида битимимиз бор эди.
− Чиқариб, нега чирқиллаётганини кўрамиз-у, яна жойига солиб қўямиз! – деди, Қодир ўша битимни эслатмоқчи бўлгандай. Кейин қўлини тирсагигача тиқиб, ғовак ичидан бирваракийига уч-тўртта полопонни чиқариб олди. Лекин афсуски, полопонларнинг учтаси аллақачон нобуд бўлиб майда қумурсқалар ёпиша бошлаган, улардан фақат биттагинаси тирик, у ҳам бўлса, оғзини катта очиб, жон талвасасида емиш сўрарди…
− Энаси билан отасини биров ушлаб олган бўлса керак… – дедим мен хомуш тортиб.
− Илон тутиб еган бўлиши ҳам мумкин… – Қодир қошларини чимириб, лабини тишлади. – Қани шу ерда бўлиб қолса, таёқ билан уриб бошини янчардим!
− Ошналар, битта йўли бор! – деди шунда Мўмин ҳовлиқиб. – Чердагимизда чумчуқ бола очган. Энам чиқариб босиб қўйган супургиларнинг шундоққина тагида. Буни олиб бориб, ўша инга солиб қўйсак-чи?!
Мўминнинг режаси ёмон эмас эди. Учовлон эндигина темирқанот бўлишга улгурган қорни оч полопонни олиб, уларникига югурдик. Ота-онасига ўгай эканини билган ўша кундан бери биз нима иш қилсак бефарқ қарайдиган Мирза ҳам лўкиллабгина ортимиздан эргашди. Аммо галалашиб чердакка чиққанимизда, Қодир полопонни тез уяга жойлаштириш ўрнига ўйланиб, бироз туриб қолди.
− Ма, ошна, − деди, истар-истамас қўлидагини Мирзага узатар экан. – Майли, бу ишни сен қилақол.
Мирза бундан хурсанд бўлмаса ҳам, лекин рад этмади. Минг машаққатлар билан эмаклаб бориб, полопонни супургилар босиб қўйилган жойга − чумчуқнинг кўзга ташланиб турган ини олдига қўйиб келди. Айнан шу пайтда безовта чирқиллаб она чумчуқ ҳам пайдо бўлди.
− Тсс! – деб кўрсаткич бармоғини лабига босди Қодир. – Қани ҳамма картонларнинг панасига, энди емиш едиришини кўрамиз!
Бироқ бизнинг мўралаб туришимиздан сесканган чумчуқ анча палла чирқиллаб, полапонлари олдига бормади. Қимир этмай тураверганимиздан кейингина ёмонлик қилмоқчи эмаслигимизни тушунди чоғи, ниҳоят, бориб ини лабига қўнди. Кутилмаганда ҳалиги бегона полопонни чўқилаб, уясидан чиқариб ташлашга урина бошлади. Аммо бегона полопон ҳадеб уяга қайтиб киришга тиришар, она чумчуқ тумшуғи билан деярли қонига бўяб ташлаган бўлсаям, уяни тарк этгиси келмасди… Бундай адолатсизликка чидай олмаган Қодир сапчиб ўрнидан турган эдики, биз кутилмаганда Мирзанинг “пиқ-пиқ” этиб йиғлаётганини эшитдик…
Мирза пиққиллаганча нарвондан тушиб жўнаганда, унинг ортидан ҳеч балога тушунолмай гарангсиб қараб турар эдик.
− Тегма нозик бўлиб қолди! Салга йиғлайверади! − деди Қодир ранжиб.
− Тўғри! – Қодирнинг гапини маъқулладим мен. – Ота-энасига ўгай бўлиб чиққанидан хафаман, лекин ўзиям бундай эркалик қилавермасин-да!
− Ошналар, мен кеча Мирзаларникида ётиб қолувдим, − гап етказишни қойиллатадиган Мўмин нақ қулоқларимизга келиб пичирлади. – Энаси билан отаси Мирзани тоби йўқ, ичида қурти бўлса керак, дўхтирга олиб борамиз, дейишди… Ичида қурти борлиги рост бўлсаям, менимча, Мирза бизни алдаган, у – ўгай эмас.
− Нимага шундай деяпсан? – беихтиёр, худди Мўминнинг ўзига ўхшаб пичирлаб сўрадим мен.
− Билдим-да! Отаси билан энаси униям, укалариниям сиз-сизлаб ётибди… Ўгай бўлса сизлармиди?
− Қўйсанг-чи, − Мўминни бирор каттароқ сир-асрорни билиб олибди, деб ўйлаганим учун ҳафсалам пир бўлди. – Мирзанинг энаси ҳаммани сизлайди ўзи. Мана мениям, сен иккалангниям сизлаб гапиради ҳамиша.
− Мўмин тўғри айтади! – негадир мендан бўлакча хулоса ясади Қодир. – Эна-оталар ҳаммани сизлаши мумкин, барибир ўгай боласини сизламайди… Адабиёт китобимиздаги “Олқор” ҳикояси эсларингдами, қанча қийнайди ўгай ота-онаси?! Шу алдаганига яна бирга ўйнайлик деб келсин, Мирзанинг таъзирини бериб қўяман!
Биз аввал Мирзанинг кўнглига қарашга қандай тантанавор қасамёд қилган бўлсак, Мирзани қайтиб эркалатмасликка ҳам ўша куни худди шундай дабдаба билан келишиб олдик. “Агар эндиям бурнини шўрқиллатиб йиғлайдиган бўлса, муштимдан ейди!” деб айтди ҳатто Қодир.
Аммо… Аммо чамаси бироз шошган эканмиз. Мўминларникида тушликка унинг энаси тайёрлаган чалопни ичиб, уч ошна каттакон тўшакда думалашиб ётган эдик, тўсатдан хонага Мирзабой кириб келди.
− Ошнала-а-ар… – деди, у ёввойи қараш қилиб турганимизга парво қилмасдан хуш-хандон илжаяркан. Ҳеч ким эшитмаяптимикин, дегандай бир-икки орқасига аланглаб олди:
− Ошанала-а-ар.. Ошаналаар, энам ўзимни энам экан!
Мўмин икковимиз ўз-ўзидан тиржайиб уни табрикламоқчи бўлиб турган эдик, Қодирнинг имлаб қўйгани ҳушимизга қайтарди.
− Бир бошидан гапир, нимага бундай деяпсан? – сўради, Қодир қовоғини очмасдан.
Мирза баттар илжайди, яқинимзга бўйнини эгиб келди:
− Шу… Боя бориб энамдан сўрадим… Асраб олганларингиз ростми, дедим. Энам қотиб қолди! Ҳайкалдай қотиб, ранглари ҳам оқариб кетди! Яна сўраганимдан кейингина “Ким айтди, укангни асраб олганимизни сенга ким айтди?!”, деб сўради. Мен, “Алдаманг, укамни эмас, мени асраб олгансизлар, дугонангизнинг гапини ўз қулоғим билан эшитдим”, дедим. Йиғлаб юбордилар шунда. Кейин кулдилар… Қасамлар ичди. “Ҳеч қайсингни асраб олганимиз йўқ, боланинг асрандиси бўлмайди”, деб айтди!..
Ўшанда Мирза завқ-у шавқ билан, ўпкаси ва оғзи тўлиб гапирар экан, шу эгилиб турган ҳолида бўйи икки-уч метрча ўсиб кетганга ўхшар, айни пайтда Қодирдан мушт еб қараб турадиган ювош болага сира ўхшамасди. Мирзанинг бу шашти чўчитиб қўйганмиди ё ҳаммаси яхшилик билан тугаганига хурсанд эдими, ҳар нечук Қодир ҳам юмшаб, тишининг оқини кўрсатишга мажбур бўлганди…
Лекин орадан йиллар ўтиб улгурган, “Мирза ростдан асрандими? Уми ўзи асранди ёки укасими?” каби саволар ҳозир бизни ортиқ ўйлантирмай қўйган, ҳатто бу гаплар Мирзанинг ўзининг ҳам, балки, эсидан чиқиб қолган бўлса керак. Шу фурсатда эса биз уч ажралмас ошна – “Уч мушкетёрлар” тун қоронғусида интиқом олиш учун кетиб борардик. Эртакдаги мушкетёрларнинг қиличи бўлса, бизда бўёқ чўткалари бор, мана шунинг ўзияқ учовимизнинг улардан ботир эканмизни исботлаб турибди! Фақат тун энди кўзимга ғужанак бўлиб ётган қора девга ўхшаб кўринар, милдир-милдир қилаётган юлдузлар гўё унинг саноқсиз кўзларидай мени ваҳимага тушираётган эди…
Биз Садафларнинг кўчасига яқинлашганимиз сари қадам олишимиз секинлашаётганини, гурунгимиз мавзуси ҳам мақсад қолиб ортиқча бир ёқларга улоқиб кетаётганини пайқаб қолдим. Охирги муйилишда эса Қодир юришдан тўхтади.
− Ошналар, шу ерда гартак дам оламиз, − деди сўнг сир бой бермасликка уриниб, азза-базза чўнқайиб ўтириб оларкан. – Оёқ ҳам увишди, вой-вуй, ҳамма жойим-ай…
Мирза иккимиз ҳам Қодирнинг ён веридан чўнқаяр эканмиз, сукут сақлаб, қоронғуда нуқул бир-биримизнинг кинодаги ҳабашлар кўзига ўхшаб йилтираётган кўзларимизга қарар эдик. Писмиққина эмасманми, мен шу ерда ўзимни кўрсатишнинг зап ўрни келганини тушундим.
− Чин, озгина оёққа дам берайлик, − дедим қувлик билан. – Буёғи Садафларнинг дарвозасиям кўринай деб қолди…
Бу гапимдан кейин Мирза кўзларини олиб қочди, Қодир ўтирган жойида сўнарибгина қолди. Менинг кўнглимдан эса “Ўл икковинг! Садафнинг бу гаплардан хабардор эканини билмай шунча, орангларда энг довюраги ўзим эканман!” деган фикр кечди.
− Мирзабой, бўёқни очавермадик-да, − деб темирни иссиғида босдим шунга. – Садафнинг отаси чиқиб.., тағин шошиб қолмайлик.
Аммо Қодир, барибир Қодир экан.
− Тўғри айтасан! – деб айёрликда менданам ўтиб тушди у. – Ма, унда сен очавер. Манави бўёқ, манавиниси поки!
Аслида мен бўёқни очишга журъат этмасам, ошналарим ҳам уни ишлатишга ҳаддилари сиғмаслиги аниқ эди. Лекин ғурурим устун келди, Қодирнинг қўлидаги нарсаларни олишдан тийила олмадим… Поки билан бўёқ идиши оғзидаги гардишни қирқа бошлаганимда, ошналаримнинг нигоҳи ўлжасини пойлаётган мушукнинг кўзидай ўт сочаётган эди. Кўп ўтмай, атрофга бўёқнинг ҳиди анқиб, идиш ичидаги суюқлик товланиб кўзга ташланди…
− Қизили… – деди Мирза шунчаки нимадир дейиш заруратини туйиб. – Бир чизилса бас, ўлсаям ўчмайди.
Кейин ҳаммамиз бир қанча пайт жимиб ва тинчиб қолдик. Шунда Қодир одатдаги ваъзхонлик масъулиятини ўз зиммасига оладиган фурсат келганини билди чамаси.
− Кундузи нима деб қасам ичганимиз эсларингдами, ошналар? – деди у паст овозига қатъият бериша тиришиб. – Биз хиёнатни кечирмаймиз! Сира-сира кечирмаймиз! Ҳаёсиз, риёкор қизнинг таъзирини берамиз!
− Моховга ошна қиламиз.., − дея гўёки кесатгандай ҳафсаласизгина луқма ташлади Мирза. Унинг овозида тушкунлик бўлгани учун ҳам, Қодир ўзини эшитмагандай тутди.
− Кўз олдиларингга келтиринглар, у нима қилганини! − деди, гапида давом этаркан. – Қанча пайт бизнинг яхши кўришимизни билиб, билмасликка олиб юрган бу писмиқ қиз нима қилиб қўйганини ўйланглар! Ўша дафтардаги бешарм, бузуқ гапларини эсланглар, ахир! Шунга чидаб бўладими?!
Менинг эса… Менинг эса кўз олдимдан негадир ўша машъум дафтар эмас, ҳув касал пайти борганимизда рангпар яноқлари қизариб, кўзларимизга қарай олмасдан эски чит кўйлагининг чокларини ўйнаган Садаф келди. Мирзага қарасам, Мирза ҳам хатни ўйлаётганга унча ўхшамас, бежо тортиб туришидан, кўпроқ Садафнинг отаси ҳақида ўйлаётгандек эди.
Шунда… Шунда ўз гапларидан ўзи илҳомланган Қодирнинг касали қўзиди! Қаҳрамонлик деган касали қўзиди! Сенларга гап ҳайф, дегандай шитоб билан ўрнидан турди-да, менинг қўлимдан оғзи очиқ буёқ идишини, Мирзанинг қўлидан чўткани тортиб олиб, Садафларнинг уйи томон кета бошлади. Бу фурсатда Мирза иккимизга Садафларнинг уйи томон қора тортишдан кўра, йўлбошчимиз Қодирсиз мана шу жойда қолиш ваҳималироқ эди.
Тез-тез юриб бораётган Қодирнинг орқасидан биз ҳам йўртиб эргашар эканмиз, Мирза иккимиз қай жиҳатларимиз биландир бўйнидан ип боғланиб етакланаётган итларга ўхашаб кетардик.
Биздан уч қадам олдиндаги Қодир Садафларнинг таниш дарвозаси яқинига келиб ортига ўгирилганда, ҳилол нурлари унинг аёвсиз ва мардоновор юзини ёритиб юборди.
− Биз хиёнатни кечирмаймиз! – деб айтди у.
Ниҳоят, энди орқага қайтишнинг имкони йўқ эди! Мен Мирзанинг қўлидаги чўткаларнинг бирини олиб, уни муштумимда сиқарканман, тутилибгина Қодирнинг сўзларини такрорладим:
− Биз… хи…ёнатни.. кечирмаймиз!
− Кечирмаймиз! Ҳеч қачон кечирмаймиз! – шивирлаб жўр бўлди Мирза ҳам.
Кўзлари ёниб, вужуди титраб, ҳаяжон билан турган Қодир Садафларнинг сирлангандай оппоқ товланиб турган дарвозаси томон борди-да, чўткани қизил бўёққа ботириб, бугун кундузидан бери Садафни шунча ҳақоратлаб айтишга ҳаддимиз сиғмаган жуда хунук бир гапни ҳижжалаб ёзди. “Садаф ж…” деб ёзди! Мен бу хунук гапдан довдираб, бир қур ўзимни йўқотиб қўйган бўлсам ҳам, дарров ҳушимни йиғиб олдим. Тишимни тишимга босиб, ичимдаги бор нафратим, бор журъатимни тўплаб, бориб Қодир ёзган гап олдидан ундан ҳам беш баттар сўз ёздим… ва… ва шу пайт кўзимдан бир томчи ёш думалаб кетди…
Мирзанинг кўз олдимда дарвозага узанган қўллари ёмон қалтирарди. Билсам, у ҳам менга ўхшаб йиғлаётган экан. Синчиклаб қарадим, Қодирнинг кўзларида ҳам ёш… Охири… Охири биз учовимиз ҳам очиқ-ошкора йиғлаб юбордик! “Хиёнатни кечирмаймиз!” дея пичирладик учовимиз ҳам… Нафрат-у ҳаяжон, шиддат-у қўрқув билан ўқиб тўнғиз тук ташлайдиган энг жирканч гапларни дарвозага муҳрлашга киришиб кетдик. Ёздик, ёзавердик, сира тўхтамадик!.. Бир пайт Қодир қўлидаги чўткани шарт ерга ташлади-да, бизларни қолдириб ура қочди. Мирза иккимиз ҳам унинг кетидан югурар эканмиз, кўксимга урилиб, оёқларимга чирмашиб ортда қолаётган шабада менинг ёдимга бешинчида ўқийдиган пайтимиз ҳув ўша пиёз полизидан ҳайдалганимизни солар эди…
Ҳа, ҳамма воқеа худда шундай бўлиб ўтди! Кеча тунда учаламиз тирақайлаб қочиб ўз-ўз уйимизга кириб борган, бизнинг нима жиноят қилганимизни эса, менимча, ҳеч ким пайқамаган эди. Бошқаларни билмадим, шахсан мен туни билан ухламасдан юрак ҳовучлаб чиқдим, шунинг учун ҳам ҳозир қизарган кўзларим билан гоҳ ошналаримга, гоҳ қирқ қадамча нарида гердайиб турган Бўтаевга жавдираб қарар эдим.
− Нима деб ўйлайсилар… – деди, ранги оқариб бораётган бўлса-да, сўнгги нафасигача бодичилигини сақлаб қолишга уринаётган Қодир ўзини тетик кўрсатиб. – Садафнинг отаси бизни урса… участкавой орача қилармикин?
− Албатта-да! – дедим мен аламли киноя билан. – Орача қилади, кейин пешаналаримиздан биттадан ўпиб, учаламига “Фахрий ёрлиқ” беради!
Бу гапимдан сўнг Мирза чақчайган кўзларини Бўтеавдан узмасдан, оёғи тагига ҳам қарамай суриниб-тойиниб қочиб жўнади. Зора шу жонкуярлигим жонимга оро кирса, деб энди уни тутмоқчи эдим, Қодир билагимдан қисди.
− Қўй, кетаверсин, − деди гапга унча қовушмаётган лаблари билан шивирлаб. – Ўзинг тушунасан-ку, кимнинг айби бўлса, ўша қочади!
− Бузоқни қочгани сомонхагача! – ўшқирди айни шу пайтда Бўтаев. – Жўжаларинг қочган бўлсаям, сен хўроз билан товуқ асло қоча кўрма! Бугун қўлимдан барибир қутула олмайсанлар!
Кўтарилма, гуррилик тан-жонига сингиб кетган Қодир ўзини хўроз деб аташганидан шу ердаям илҳомланмай қолмади. Орқасида биров секинлик билан сураётгандай судракланиб, Бўтаевнинг ёнига кета бошлади. Мен ҳам худди шу тақлидда унинг ортидан эргашдим. Бўтаевнинг ҳалитдан кўп сонли душманларини янчиб ташлаган қўмондондай севинаётгани кўриниб турар, бизни синфхонага тезроқ олиб боришга ошиқаётганини яшириб уддасидан чиқмас эди.
Аммо у қулоқларимиздан тортиб синфхонага олиб келганда, синфдаги манзара биз кутганимиздан анчайин ўзгача экан. Яъни Мўмин доскада энаси билан бирга турар, Садафнинг отаси билан участкавой дераза олдида қаққайишган, қолган болалар жой-жойларида. Ҳатто Садафнинг ўзи ҳам бироз ажабсинган, хафа бўлган, аммо маънавий ўлиш у ёқда турсин, балоям урмаган бир тусда ўз жойида ўтирибди.
Мўминни бундай кўрган Қодир мен билан кўз уриштириб олганида, унда ортиқ бодиликдан асар қолмаганини илғадим. Ва айни дамда ўзимнинг ҳам ичимга ўт тушди: “Мирзага тўнкашдан фойда йўқ, Мўмин ҳозир баримизни қўшиб сотади!” Кўзларим билан мени айта кўрма, деб имо-ишоралар қилайин десам, камига у ердан бош кўтармайди – эҳтимол, мудҳиш сотқинликка ўзини шундай тайёрлаётгандир…
− Хуллас, ҳали айтганимдай, Мўминбойнинг ўзи шундай қилмайди, − Бўтаев томдан тараша тушгандай гап бошлаб, Қодир билан менга қўлини бигиз қилди. – Уни йўлдан оздирадиган асли булар бўлган! Бузмакорчиликларни доим булар бошлайди-ю, касрига шу ювош бечора қолиб юради ўзи. Сиз Мўминни эмас, олдин буларни сўроқ қилинг, ҳурматли участкавой!
Бўтаев, балки, ўзини бирор каттакон суд мажлисидаги қораловчиман деб ўйлаётгандир, лекин участкавой ҳозирги ҳолатида суд ҳакамидан кўра қийин тенгламани ечишга қийналатётган математика ўқитувчисига ўхшаб кўринарди. У пешанасини тириштириб бизга номигагина қарагач, яна кўзларини бош эгиб турган Мўминга лўқ қилди.
− Ундай деманг домилласи, − хавф сезган моки товуқдан типирчилаб қолди Мўминнинг энаси. – Ошаналарини ҳам бирваракайига айбдор қилманг-да. Мўминжон бу ишни билмай қилган… Шундай дегин, Мўмин, айт ўзинг, болажоним, билмасдан қилдим дегин, − деб ўғлини қисталанг қила бошлади.
Худо урди, деган хаёлдан тиззаларим қалтираб кетди. Ҳозир гапни Қодир икковимизга лой чаплашдан бошлайди, кейин эса шўлқиллайди, сумраяди, хуллас, ўзи оппоққина бўлиб олади, деб ваҳимага тушдим.
– Билмасдан қилган бўлиши мумкин, лекин мен нимага бундай қилганига ҳалиям тушуна олмаяпман, − бахтимизга Мўминнинг тилга киришига йўл қўймай гап бошлаб қолди Садафнинг отаси. – Ҳаммаси ғалати… Тонг отишига анча бор эди. Кўнглим бир нарсани сезиб ташқарига чиқсам, дарвоза тарафдан “тиқир-тиқир” овоз эшитилди. Тайин гапки, ўғри деб ўйладим! Дарвозанинг осонликча очилмаслигини билганим учун, уйнинг ортидаги девордан ошиб, аста писиб келдим… Қарасам, шу! Қишлоқнинг нарги чеккасидан бир ўзи қоронғуда келишга қандай қилиб қўрқмади экан, асти ҳайронман…
Мен энди қўрқувни ҳам унутиб, ажабланган куйи бир Мўминга, бир Садафнинг отасига қарадим. “Нималар деяпти бу одам? Ахир, Мўмин биз билан бормаган эдику? Биздан олдин бордимикин, кейинми?! Кейин борган бўлса, у ерда нима қилган?!..” каби саноқсиз саволлар онгимда ғужғон ўйнай бошлади.
− Худди сиз айтганингиздай, мен учун ҳам жуда ғалати, − участкавой энсасини қашиб, гапга аралашди. – Иш фаолиятимда бунақа воқеани ҳали учратган эмасман… Тутқаноғи йўқмиди ўзи бу боланинг?
− Йўқ-йўқ, ҳечам ундай эмас! – Мўминнинг онаси қўрқиб кетиб, участкавойга жавдиради. – Ҳозир ўзи айтади… Мўмин, нега бундай қилганингни тушунтир болам? Яна сени тутқаноқ экан, деган гаплар тарқаб юрмасин… Ё… Ё Садафдан хафамидинг, жон болам?
Шу пайт Мўмин ортиқ пайсалга солмай, гўё ҳамма жумбоққа нуқта қўймоқчи бўлгандай кутилмаган бир журъат билан бошини ердан адл кўтарди.
− Хафа эмасдим! Мен Садафдан сира-сира хафа эмасдим! – деб айтди, ўзига унчалик хос бўлмаган ҳам қатъиятли, ҳам эзғин бир оҳангда. Ажабланарлиси, у бу гапларни айнан Садафга қараб туриб айтди – бамисоли синфда ундан бошқа биров йўқдай, бамсоли Садафнинг ўзигагина ҳисоб бериши керакдай…
− Унда нега бензин билан ювиб дарвозанинг бўёғини кўчирдинг, ахир?! Ким билсин, балки, уйни ёқмоқчи бўлгандирсан?! – сўради участкавой.
− Мен дарвозани шунчаки… Шунчаки бошқатдан оққа бўямоқчи эдим!
Мўминнинг юз-кўзларида ғайриоддий ифодалар билан Садафга тик боқиб айтган ушбу гапидан бутун синф шарақлаб кулиб юборди. Бу кулгу орасида эса Садафнинг сайроқи қушчалар овозидай ёқимли ва жарангдор кулгуси ажралиб турар, унинг Мўминнинг нигоҳларига термулган қийғоч кўзлари завқ, миннатдорлик ва номини мен таниб билмайдиган аллабир сирли туйғуларга тўла эди…
2019 йил, 1-21 август.
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 5-6-сон