Байрам Али. Мени ҳам уни севардим… (ҳикоя)

Ўқишдан таътил беришди…
Қашқадарёлик курсдош дўстим Камол ўзи туғилган туман – Яккабоғ ҳақида гапирганда шу қадар тўлиб-тошиб таърифлардики, таътилни қишлоғида бирга ўтказишни таклиф қилганида, очиғи, жуда севиндим.
Тошкентдан Қаршигача поездда, Қаршидан Яккабоққача таксида бордик. Яккабоғнинг қаеригадир етганимизда Камол таксичига жавоб бериб, йўлни ҳатто битта сўқмоқ ҳам тушмаган адирдан бошлади.
Мана, гўзаллик! Мана, табиатнинг қудрати! Бу қадар табиийликни дунёнинг бошқа бир чеккасида учратиш мушкулдир, эҳтимол. Тизза бўйи ўт-ўланлар, лолақизғалдоқдан тортиб, мен номини ҳам билмайдиган анвойи гуллар оралаб югуриб борардик. Сармаст вужудимга чарчоқ бегона. Лекин ҳали мени олдинда бундан-да гўзал бир хилқат кутиб турганидан бехабар эдим…
Адирни кесиб ўтиб, қишлоқ кўчасига чиқиб келганимизда, дўстимнинг кулча юзидаги муғомбирона қисиқ кўзларидан шуни англадимки – текис йўл орқали ярим соатда етишимиз мумкин бўлган манзилга паст-баланд адирдан нақд бир соат вақт сарфлаганга ўхшаймиз…
Йўл-йўлакай Камолнинг сўзларини тинглаб борарканман, шундоққина яқинимизда, кўча четидаги дарахт тагида кимнидир кутиб турган бир қизга кўзим тушди. Эътибор бермасликнинг иложи йўқ, нақадар дилбар эди у! Унга қайта-қайта қарагим келар, аксига олиб у ҳам биз тарафга тикилиб турганлигидан бунинг эвини қилолмасдим. Қизга шу қадар яқин қолдикки, ҳатто, Камолдан у ҳақда сўрасам ешитиб қолиши мумкин эди. Жимгина келавердим. Қани энди Камол гапдан тўхтаса! Ниҳоят, роса қарама қарши келганимизда у тескари ўгирилди ва шунда дўстимга уни имлаб кўрсатишимга имкон туғилди.
– Э, Малика! Салом.., – деди уни эндигина кўрган Камол бироз довдираб.
– Ассалому алайкум! – деди қиз ҳам гўё бизга энди кўзи тушгандай тутиб ўзини. Кейин яна тескари қаради. Сездимки, биз билан тасодифий учрашув унга кўпам ёқмади. Биз йўлимизда давом этдик, қиз эса қолди. У ҳақидаги биринчи тасаввурим жуда қисқа ва жўн бўлди: исми Малика, ўзи ниҳоятда гўзал…
Шу зайлда Камолларнинг уйига ҳам етиб бордик. Ҳарқалай, унинг оиласидагилар ташрифимизни қувонч билан қаршилашди. Ош дамлашди, иззат-икром, дегандай… Тунда бўлса чарчоқдан тошдек қотдим.
– Турсанг-чи, тур, – эрталаб Камол мени турткилаб уйғотди. – Бугун лола сайли бўлармиш. Эртароқ бормасак бўлмайди.
Мен “лола сайли”, “гул базми” каби сўзларни онда-сонда телевизордан эшитган эдим, холос. Шунинг учун бироз энсам қотганини яширолмадим.
 Ювиниб, овқатланиб ўша Камол мақтовини маромига келтирадиган “уйларининг яқингинасидаги машҳур Жайронбулоқ” бўйига бордик. Қишлоқ аҳли шу ерга тўпланган, одам гавжум эди. Бир тарафда қозонда ош дамланяпти, бир тарафда ўйин-кулги авжида. Чаққону эпчил бозорчилар ҳам шу ерда ҳозиру нозир. Камол иккимиз бориб, йигит-яланглар тўпига қўшилдик.
– Бу дўстим Фаррух. Тошкентлик меҳмон, – дея мени таништирди Камол жўраларига. Улар билан у ёқ-бу ёқдан гаплашиб тургандик, қизларнинг ҳам овози эшитила бошлади. Ўгирилиб қарадим ва биз томонга келаётган ўнлаб қизлар орасида уни иккинчи бор кўришга муваффақ бўлдим. У латиф қадам ташлар, қадамига монанд тўлғонаётган сочлари елкаси узра жилоланарди. Шаҳло кўзларига яқин жойлашган ингичка қошлари юз ифодасига бир мунча жаҳилдорлик тусини берса-да, нимқизил яноқлари, табассум инган қулупнайранг лаблари ўзаро уйғунликда ажиб бир маъсумаликни вужудга келтирган… сим-сим эсаётган шамол эса пуштиранг ҳарир кўйлагини қоматига ёпиштириб, бу маъсумаликка қайтадан аллақандай кибр бағишлагандай эди…
Қизлар билан саломлашиб, сўрашдик. Оз фурсат давом этган ҳазил-ҳузулдан кейин йигитлар бир тараф, қизлар бир тараф бўлишди-да, шеърий айтишув бошлашди. Албатта, мен бу даврада бир томошабин бўла олдим, холос, аммо айни шу томошабинлик менга хуш ёқаётган эди. Маликанинг шеьр айтаётганида гоҳ чимирилиб, гоҳ ёйилиб турланаётган нигорон қошларига, маъно тўла кўзларини беркитмоққа қасдлашгандек узун-узун киприкларига суқланиб-суқланиб термулардим. Хатти-ҳаракатларидан ўзимга бирор яқинлик топмасам-да, унинг йигитлар билан қилаётган эркин муомаласи кўнглимга ғашлик солса ҳам, ҳарна, унга қониб-қониб боқмоқлигимга имкон яратарди. Лекин кошки у бунга эътибор берса! Айтишув балки анчага чўзилгандир, аммо мени назаримда, қисқа бўлди. Жуда қисқа… Менинг эса ундан ажралгим келмасди.
 Лола сайли тугаб, одамлар тарқала бошлашди. Қизлар билан йўлимиз бўлинаётган паллада у менга сўз қотди:
– Шеьр айтишни бопларкансиз лекин, шаҳарлик йигит!
Ялт этиб унга қарадим. Ҳамма – йигитлар ҳам, қизлар ҳам кулиб юборишди. Жуда ноқулай вазиятда қолган эсам ҳам бу пичинг менга шунчалар ёққан эдики, ҳатто уз устимдан кулишдан мамнун эдим. Ажралишдик. Тушида қанд кўрган гўдакдек энтикиб қолавердим…
Таътил кунлари ўтиб борарди. Кейин ҳам унга кўчада бир неча бор дуч келдим. У ҳар сафар мени кўрганида жилмайиб қўяр, қисқа суҳбатимиз эса салом-аликдан нарига ўтмасди. Аммо бир куни орамиздаги масофанинг фавқулодда қисқаришига эришдим.
Ўша куни Камол билан тоғдаги чўпонлардан хабар олиб қайтаётган эдик, йўлда бир ўспиринни учратдик. Мен уни танидим. Аббос исмли биздан ёши кичик бўлса-да, бўйи дароз бу болани лола сайлида кўрган эдим. (Билишимча, у тоғбегининг ўғли эди. Камолдан тортиб ҳамма шу ерлик йигитларнинг унга ўзгача “яқин” муомаласини сезувдим). Йигитча биз билан саломлашгач, нимагадир гоҳ менга, гоҳ Камолга қараб бироз тараддудланиб турди-ю, шундай деди:
– Камол ака… шу… туғилган кунимни нишонлаётган эдим. Шунга хоҳласангизлар, дўстингиз билан…
Аслида гапининг авзойидан биз мўлжалда йўқ меҳмонлардан эдик, шекилли, лекин қув Камол гапни илиб кетди:
– Албатта, борамиз-да! Нега бормас эканмиз, киши ҳар куни ҳам туғилавермайди билсанг…
Айни пайтда бу таклиф мени ҳам сергаклантирганди. Чунки йигитча ўша қизнинг синфдоши. Лола сайлида бир-бирига мурожатларидан билиб олгандим буни.
Кечқурун Камол билан бисотимизда бор кийимларимизни талашиб-тортишиб “бўлишдик”(ижарада турадиган уйимизда ҳам шундай қилардик). Қизларни эътиборда тутиб,  сочларимизни ораста тараб, ўзимизга оро бергач, туғилган кун зиёфатига йўл олдик. Бошида бироз хижолат бўлаётган эдим, лекин нақ институтимизнинг мажлислар залидек келадиган хонада лиқ тўла ёшлари бир-бирига унчалик ҳам мос келмайдиган меҳмонларни кўрганимдан кейин кўнглим жойига тушди. Муҳими, кутганимдек даврада у ҳам бор эди. У сочларини байрамона қилиб турмаклаган, ўзига ярашган қизил кўйлаги исмига хос кўрк-тароват бахш этиб турарди. Камол совғаларимизни туғилган кун соҳибига топшираётганида мен тўғри унинг ёнига бордим.
– Салом, Маликахон!
– Салом!
– Биласизми…Хурсандман жудаям…
– Аббоснинг туғилганиданми?
– Ҳа, ҳа, худди шундай!
Кулишдик. Базмда шундоққина қарама-қарши ўтирдик. Овқатниям бирга тановул қилдик. Суҳбат асносида у билан кўзларимиз тез-тез тўқнашар, лекин у мендан нигоҳларини олиб қочмасди. Аксинча, кўзларимдан нимадир маъно қидирган каби тикилиб турарди. Овқатдан сўнг рақс бошланди ва мен уни рақсга таклиф қилишга журъат этдим. Ўйинга тушардик… Ўшанда қандай мусиқа янграётганлиги ҳам, атрофдагиларнинг нима қилишаётгани-ю нималарни гапиришгани ҳам мутлақо эсимда йўқ. Ким билсин, балки бизни ҳаракатга келтирмиш оҳанг, юрак-юракларимиздан янграмишмиди… Руҳимда ажиб осойишталик, қалбимда ўзгача соҳир туйғулар кечмиши… У менга шунчалар яқин эди… Нафақат жисман, балки қалбан ҳам жуда яқин…
Назаримда зиёфат ўша булоқ бўйидаги маросимдан ҳам қисқа вақтда тугади. У ва мен бошқа ҳамроҳларимиз билан бирга кўчага чиқдик. Тўлин ойнинг  мунис жамоли тун зулматини ёритиб турган сутдай ойдин кеча. У хайрлашиб, дугоналари билан ўз йўлидан кетаркан, бир неча бор ўгирилиб, менга қаради ва ҳар сафар нигоҳлари нигоҳларим оғушида қолди. Мен фақат Камолларнинг ҳовлисига кириб борганимдан кейингина нималарнидир ҳангома қилиб ўзича кулаётган дўстимнинг ёнимда эканини ҳис қила бошладим. Аммо… Аммо унинг тинимсиз гапириши биринчи бор менга малол келаётганди.
– Тўхта, Камол, бир зумга гапдан тўхтасанг-чи, – дедим ниҳоят Камол билан ўринларимизга ётаётганимизда. Мен бугун дўстимдан у ҳақида чуқурроқ билиб олмоқчи эдим.
– Ҳалиги, ҳалиги қиз бор-ку, Камол!
– Ким? Маликами? – деди Камол доимгидай топқирлик билан.
– Йўқ! Умуман, ҳа… – нима демоқчилигимни унутиб каловландим.
– Хў-ўш?
– Шунчаки.., у жудаям гўзал қиз экан, демоқчи эдим…
– Вой муғомбир-ей, – кулди Камол. – Ҳали у юрагимга ўт ёқиб қўйди, дегин!
– Ким билсин, балки шундайдир… Лекин у-чи? Мен ҳақимда фикри қандайикин?
Мен дўстимдан хайрихоҳона бир жавоб кутаётгандим.
– Эй-й жўра, – деди у, – олдинроқ айтмайсанми менга, шу қизга дилим кетди, деб. Балки шу вақтгача висолниям уюштириб берардим. Майли, бу хатони тузатса бўлади, юр, ҳозироқ борамиз уйига.
Бу гапдан аъзойи баданим зириллаб кетди.
– Сен… Нималар деяпсан, Камол?
– Эшитганинг. Мен шунақа – дўсти учун йўқни  йўндирадиганларданман, – Камол мақтанган наъмо бўйнини чўзиб силкитди. – Ҳозир бориб битта ҳуштак чалсам, ўзи югуриб чиқади. Кейин навбат-навбат, йигитчилик…
Камолнинг гапларидан қанчалик ҳайратга тушсам, унинг хатти-харакатларидаги шафқатсиз ҳаққонийлик шунчалик ошиб борарди.
– Эй-й, ҳайрон бўлма! Билмайсан-да, Фаррух жўрам! Айт-чи, у нимага мени кўрса бунчалик ранги ўзгариб кетади? Сабаби, камина ҳам унинг эски хушторларидан эди-да! Уйимиз яқин бўлганлиги учун бир неча марта бошқа йигитлар биланам кўриб қолганман. Шунақа “бағри кенг” қиз у…
Дўстимнинг бу янглиғ сўзларини тинглашга ортиқ куч топаолмадим узимда. Чирт ўгирилдим-у, чойшабни юзимга тортдим. Бир-икки чақириб мендан жавоб ололмагач, Камол ухлаб қолди.
Ўша тун уйқу менга бегона бўлди. Тонгга қадар у билан бўлган биринчи учрашувимиздан тортиб сўнггисигача қайта-қайта кўз олдимдан ўтказдим. Энди менга унинг нега ўзини бунчалар эркин тутиши-ю, Камолга бўлган совуқроқ муомаласи аён бўла бошлагандай эди. Ўзимни хўрлангандай ҳис қилардим. Бутун дунё устимдан кулаётган эди гўё. Бу хўрланиш азобини эса пинҳона кўз ёшларим ҳам совута олмади…
Тонгда ҳаммадан эрта уйғондим. Камолларнинг дарвозасиз ҳовлисидан чиқиб деворга суяндим. Шунда чап томонимдаги тор кучадан аллақандай шарпани сездим – бу у эди. Қўлида челак кўтарганича шошиб булоқ тарафга кетарди. “Ҳали унча-мунча одам уйғонмади, ростдан сув олгани кетаяптимикин?”. Изидан тушдим. У борган сари қадамини тезлатар, ортидан келаётганимни сезмасди ҳам. Ниҳоят, булоққа етгач сувни қулайроқ олиш учун ўгирилди-ю, тўсатдан менга кўзи тушди. Аввалига чўчиб кетди.
-Эй-й, ассалому алайкум! – деди сўнг кулиб, мендан жавоб бўлмагач, -ҳар доим шундай эрта турасизми? – сўради тағин жилмайишини қўймай.
Унинг бу жилмайиши ичимда ёнаётган алам оловига баттар ўт пуркади. Жим эдим… У бироз ҳайрон боқиб турди-да, кейин индамасдан булоққа энгашди. Шунда…шунда кўйлаги ёқасидан кўринаётган оппоқ сийналариниг бир қисмига кўзим тушди. “Буни атай қиляпти”, деб ўйладим узимча ва… унга қараб юрдим. Ёнгинасига келиб тўхтаганимда, у ўрнидан туриб сув олишим учун навбат бермоқчи бўлди. Мен эса… унга интилдим. Аччиқ устида қўлларидан тутиб, бағримга тортдим. Унинг бир муддат қўрқув ва ҳайратдан ихтиёрини йўқотган гавдаси химоясиз қолди, бироқ мақсадимни тушунгач, меҳнатда пишган чайир қўллари билан мени силтаб ташлади. Зарбдан бир неча қадам тисарилиб, харсангга таяндим. Нигохларимиз туқнашди. Унинг жиққа ёш кўзларида мислсиз оғриниш, кўнгил синишига ўхшаш ифода бор эди. Худди “сиздан буни кутмовдим”, деяётгандай. Кейин челагини ҳам унутиб, йиғлаганича уйи томон югуриб кетди. Оёқларимдан мадор қочиб тиззанлаб қолдим. Энди бу ерларда ортиқ қололмаслигимни ҳис қилиб турардим. Бу хунук воқеанинг ёлғиз гувоҳи Жайронбулоқ эса ўйноқлаб-ўйноқлаб оқарди, худди югураётган оҳу мисоли…
Нонуштадан кейин тўсатдан кетмоқчи бўлганимни эшитиб, ҳайрон бўлган  Камол мени Қаршигача кузатиб қўйди.

***

Таътил кунлари тугаб яна ўқиш бошланди. Бироқ негадир Камол дарсларга келмаётган эди. У бир неча кундан кейин пайдо бўлди-ю, ўқишини Қаршига кўчирмоқчилигини айтди. Нияти жиддий эканлигини тушунгач, тўсқинлик қилмадим. Бир-биримизга ўрганиб қолган эканмиз, ўпкамиз тўлиб хайрлашдик. Энди кунларнинг ўтиши мен учун азобга айланганди. Ёнимда қадрдон дўстим йўқ, бунинг устига булоқ бўйидаги ўша кўнгилсиз воқеа надоматлари…Сира хаёлимдан кетмайдиган унинг – Маликанинг жиққа ёш, аламли  кўзлари… Магарамки, ўшанда унинг нигоҳларида оғриниш ёки алам эмас, нафрат кўрганимда ҳам тортаётган азобларим сал камайган бўлармиди.
Шундай кунларнинг бирида Камолнинг уйланаётгани, курсимиздан бир неча дўстлари қатори мени ҳам тўйига таклиф қилаётганлиги тўғрисида хабар эшитдик. Жуда оғир вазиятда қолгандим. Ахир, энди у ёқларга қандай қилиб бора олардим? Қайси виждон билан? Мабодо, унга тўқнаш келиб қолсам-чи? Унинг кўзларига боқишга юзим чидармикан?
Кўп ўйлаганимдан кейин қанчалик оғир бўлмасин, барибир, дўстимнинг тўйига боришга қарор қилдим.

Курсдошлар билан тўй кунини мўлжаллаб йўлга чиқдик. Бироқ вақтни қанчалик аниқ ҳисоблаб чиққан бўлсак-да, йўлда машинамиз бузилиб қолаверганидан, Камолларнинг уйига кеч тушиб, никоҳ оқшомининг ярми ўтганида кириб бордик. Даврани ёриб ўтиб куёв истиқболига шошилдик. Энг олдинда мен юриб борардим. Келин-куёв учун безатилган столда ўтирган Камол мени кўриб ўрнидан туриб кетди. Келасолиб уни бағримга босдим:
-Камол! Табриклайман, дўстим! Табриклайман!
Камол негадир ҳеч нарса демасди. Шунда тўсатдан унинг ёнидаги келинга кўзим тушди. Жиққа ёш, чексиз оғриниш, алам зоҳир бўлган кўзларга, ”Сиздан шуни кутмовдим”, деяётганга ўхшаш ўша жоду кўзларга кўзим тушди.
– Сиз..? Малика!
Сўнг ҳайратимни яширолмай, Камолга қарадим. Ҳаммасини тушунган Камол бошини айбдорона эгди-ю, мени қайта бағрига босди. Секингина қулоқларимга пичирлади:
– Кечир мени, дўстим! Ушанда… Ахир мен ҳам уни севардим… Кечир…
Уни бағримдан бўшатдим-у, бир-бир босиб даврадан четга чиқдим. Кўзларимдан ёш тирқирар, қўлларим мушт бўлиб тугилган, ғазаб ўти суяк-суягимни ёқиб юбораётганди. Йўқ-йўқ, мен Камолдан хафа эмасдим. Бор нафратим, бор ғазабим ўзимга қаратилган эди. Тўйхонада эса қўшиқ янграрди:
Улфатим бўл, кел, севги, сендан бўлак кимим боре, кимим бор,
Эшитдингми ёр-ёрни, кетаётган бизнинг ёре…