Байрам Али. Куз ёмғирлари (ҳикоя)

Жафарсодиқ!
Таҳририятимизга яқиндагина ишга олинган бу серғайрат йигитча ҳатто бош муҳарир Кибриё опадек талабчан ва жиззаки аёлга-да маъқул келди. Бу ҳам бўлса унинг ўта тиришқоқлиги сабабидан, қолаверса, қалами ҳам дуруст чиқди. Фақат унинг биттагина чакки одати бор экан. Буни биз кеч куз, ёмғирлар мавсуми бошланганда билдик…
Ҳафтадан кейин журналимизнинг навбатдаги сонини босмага топширамиз, бизда эса ҳамон камчиликлар! Муҳарирдан эшитгичимизни эшитгач биз – тўртала ижодий ходим нафасимизни ютиб ўз вазифаларимизни бажриб ўтирган эдик, хонамиз эшиги зарда билан очилди ва Кибриё опа қайтадан кўриниш берди.
– Ҳалиям келмадими?! – деди олдин бино деразасига “чирсиллаб” урилаётган ёмғирга, кейин бизга ўта жиддий нигоҳларини қадаб.
– Ҳалиям…
– Йўқ… – айтдик, галма-галдан.
Гап Жафарсодиқ ҳақида кетаётган бўлса-да, тўрталамизда ҳам унғайсизланиш пайдо бўлди. Бошқани билмадим-ку, ҳатто мен ёмғир ёғса ишга кечикадиган ҳамкасбимни ичимда сўкиб ҳам қўйдим. Ахир бу биринчиси бўлмаса…
– Ўзининг телефони бўлмаса, балки яқин қўшниларида телефон бордир?! – тағин сўради Кибриё опа.
– Билмадим… Кампирникида ижарага тураман, деганди, – мужмалландим, ўтирганлар ичида ёши каттаси бўлганимдан жавоб беришга зарурат сезиб, – Кейин… Кўчада юрган бўлиши ҳам мумкин. Шоирлиги бор…
Кибриё опа бир соатча вақтнинг ичида беш марта кириб биздан уни сўради. Ниҳоят эшигимиз олтинчи марта очилганида биз юрагимиз увишиб ўша ёққа тикилган эдик, Жафарсодиқнинг ўзини кўрдик.
– Қону-зардоб қилдинг-ку одамни, шунақаям масъулиятсизлик бўладими! – деб энг аввал мен захримни сочдим.
Жафарсодиқ эса ўзига ҳечам ярашмайдиган кенг кўкиш ёмғирпушини  ечиб илгичга илар экан, масрурдан масрур илжайди:
– Ёмғирни кўрмайсизми, ака… Бунақада ишлаб бўладими?
– Мана, ҳамма ишлаяпти-ку! – ўшқириб берди, ёши таҳминан Жафарсодиқ билан тенг бўлган, айни пайтда негадир ўрнидан туриб олган ҳамкасабамиз Лобархон.
Жафарсодиқ ҳеч биримизнинг танали ўқирайишлармиз-у, зардалармизни назарга илмай одатий шўхчан ҳаракти ила попкасидан бир таҳлам қоғоз чиқарди:
– Мен уйимда ҳам вақтни бекор ўтказган эмасман. Ишонмайсизларми, мана!
– Аммо белгиланган шартномада, ўртоқ Раимов, – хонага кириб келганини ҳеч ким сезмай қолган Кибриё опа гапни кесди , –  уйингизда эмас, ҳафтасига олти кун куни бўйи шу бинода ўтириб ишлашингиз қайд этилган!
– Ҳа, мен-н… Кечиринг, балки охиргиси бўлар, – хижолатга тушиб дудуқланди Жафарсодиқ, аммо юзларидан сурбетона табассуми учмади.
– А?! “Балки”!?.. – Кибриё опанинг овози ғазабдан қалтираб кетди.
– Хонамга боринг!!! – деди, сўнг жахл билан эшик сари йўналар экан.
Жафарсодиқ муҳариримизнинг хонасидан қайтиб ўз ўрнига ўтирганда юзи аламдан қизариб кетган, бизга ҳеч нарсани билдирмасликка тиришиб зўр бериб жилмайишга уринишларидан эса кўзлари ҳам бироз ёшинқираб кўринарди. Шундан тўрталамизнинг ҳам қайтадан таъна-дашном ёғдиришга ҳаддимиз сиғмади. Аммо у туфайли бошлиқдан гап эшитавериш жонимизга теккан эмасми, кун бўйи унга  ёйилиб гап қўшмадик.
Кейинги кунлари иш вақтимиз кўнгилсизликлардан холи ўтди. Бироқ, орадан уч кун ўтиб қадирдон ижодий жамоамиз ишхонамизга вақтдан илгарироқ етиб келар эканмиз, қолганларни ҳам мен каби журналимизнинг янги сони қандай чиқиши эмас, Жафарсодиқнинг ишга кечикиш кечикмаслиги кўпроқ қизиқтирган бўлса керак, дея ўйлайман. Шундай! Чунки бугун ҳам ёмғир ёғарди. Ахир унинг ёмғирли кунларда ишга кечикиши одат тусига айланган, буни эса ҳаммамиз яхши биламиз-ку! Келиб ишни бошлаб юбордик, кўзларимиз тез-тез соатни текшириб қўяди. Мана, кутилганидек ниҳоят иш соатидан уч дақиқа ўта бошлади, Жафарсодиқ… йўқ!
– Юзсиз экан! – ҳаммамиз ичимизда ўйлаб турган гапни биринчи бўлиб Лобархон айтди.
– Тўғри, – тасдиқлади бошқа ҳамкасбимиз, – Ҳурматсизлик бу! Ахир кесакмидингки, ёмғирда эриб кетасан!
– Бу масъулиятсизни эшшак десанг, эшаклар хафа бўлади, – тутақдим мен ҳам, – Одам дегани бунчалик бўлмас ахир!
– Менимча, бу унинг шунчаки ҳазили, – пунғиллади, одатда беҳуда гапириш у ёқда турсин, эснашга эринадиган мусаҳиҳимиз. – Ишга кечикишларига ёмғирнинг дахли йўқ. Йўқса шунча гап кор бўларди…
Муҳокамамизнинг айни палласида етиб келган Кибриё опа, саломимизни жавобсиз қолдирганча остонада туриб қолди.
– Келмадими?! – сўради асабий. Ҳали иш бошланганига кўп бўлмаган бўлса-да, Кибриё опанинг бу қадар ғазабланиши боисини ҳаммамиз тушунган эдик. У бир пас қотиб тургач:
– Айтинг, келиши билан хонамга чиқсин! – деб чиқиб кетди.
Опанинг ғазаби бизни йигитчанинг “паттаси тайин бўлганов” деган шубҳа ва гумонларга солиб қўйди.
– Эссиз, оз фурсатда менда унга нисбатан сал-пал ҳурмат туғилгандай бўлувди-я, – бошини сарак-сарак қилди Лобархон.
– Умуман олганда… Шу масъулиятсизлигини айтмаса ёмон йигит эмасди, – унга ён берган бўлди бошқа жамоадош. – Ёмон ишлайди ҳам деёлмайман.
Қисқа вақт бирга ишлаганимиз ҳурмати менинг ҳам Жафарсиддиқнинг шанига бирор яхши гап айтгим келиб кетди…
Ёмғир тингач орадан бир, бир ярим соат вақт ўтиб одатдатдагидай илжайганча йигитча кириб келганида, негадир ҳаммамиз унга нафрат билан эмас, шафқат нигоҳлари билан қарадик.
– Ассаломууу алайкуум… – чўзиб салом берди ҳеч нарсадан бехабар Жафарсодиқ. Беухшов ёмғирпўшини ечиб, иларкан, қўлидаги қоғозларни кўрсатди. –  Кечикдим, аммо ишонинг, вақтни бекор сарфлаганим йўқ! Лобархон, буларни териб бераоласизми?
Лобархон унга жавобан:
– Жафарсодиқ, нега уйингиздан ярим соат эртароқ чиқмайсиз, ёки нега шуларни ишхонага келиб ёза қолмайсиз – деди койишга ҳам, хайрихоҳликка ҳам ўхшамаган хафсаласиз бир овозда. Сўнгра:
– Олдин Опанинг хонасига ўтаркансиз, – дея қўшиб қўйди.
Биз воқеанинг қандай якун топишини кутиб беҳаловат турганимизда ўз ўрнига қайтган Жафарсодиқнинг аҳволини кўриб наинки холис ҳамкасблари, балки бирор душмани ҳам ачиниб кетиши тайин эди. Чунки Жафарсодиқнинг ҳамишаги сурбет табассумидан асар ҳам қолмаган, юзини ўзига мутлақо хос бўлмаган маюслик эгаллагандики, бу ҳаммамизга ғайритабиий туйилди. Ҳа, у бутанлай бошқа одамга айланиб қолгандай эди назаримизда. Бор умидидан айрилиб ор ва номуси янчиб ташланган бир мискин ҳолатда жойига чўкар экан, бизга ҳеч нарса демай қўлидаги қоғозларни компютеръда тера бошлади.
Одатда унга кўмаклашиб турадиган Лобархон туриб ёнига борди:
– Беринг, ўзим териб берай.
– Йўқ, раҳмат, –   рад этди Жафарсодиқ. – Ўзим…
Хиёл ўтиб унинг бошлиқдан охирги марта огоҳлантириш олгани ҳаммамизга маълум бўлди.
Ўша куни ҳеч биримизнинг гапимиз бир-биримизникига қовушмай дилхун ўтган иш кунимизнинг якуни хайрли кечди. Анчайин кечикиб қолган маошларимизни ундиришга мувафақ бўлдик.
Аммо эртасига… Аммо эртасига таҳририятимизнинг ҳар бир ходими ростакамига “ғалати” дея эътироф этса арзийдиган воқеа содир бўлди. Ноябръ ёмғири кекса чинорларнинг сўнгги баргларини савалаётган эрта тонгда ишжойимизга биринчилардан бўлиб кириб борсам, не кўз билан кўрайки, Жафарсодиқ ўз ўрнида ишлаб ўтирган экан.
– Ассаломууу алайкуум. Кечикмаганимга ажабланаётган бўлсангиз кераг-а? – айтди у хайрон турган менга қараб илжаяркан. Сўнг мамнун алфозда стулга ястаниб, оёқларини олдинга чўзди ва:
– Энди ҳеч қачон кечикмайман, – деди сирлидан сирли қилиб, айни пайтда комил ишонч ила. Бир неча бор шундай керишган тақлид оёқларини йиғиб узатгач, ғайрат билан ишида давом этди.
Мен беихтиёр Жафарсодиқнинг стол тагидан кўриниб турган яп-янги туфлисига қарар эканман, кечагина оёғида бўлган усти ва ён тамонлари идраб қолган эски оёқ буйими “лоп” этиб хаёлимга келди…