Унинг ёши салкам бир миллиардда эди. Шу ёшида энди бу тирмизакнинг ортидан чопиши қолувди. Тезлиги бирам тезки уларнинг. Қаёққа йўқолди экан?.. Миллионга кирган оға-инилари орасида кўринмайди. Уларни унчалик ҳушламаслигини яхши билади. Ҳойнаҳой мингйиллик акалари ёнидадир. Йўқ, у ерда ҳам эмас. Яралганига қирқ йил бўлмай шунча ташвиш орттирса-я. Ҳали таъзирини бериб қўяди. Баркаш бобосига айтиб бир тартибга чақиртирмаса…
Нурбола Офтоб момога дувара эди. Шу авлоди сал бошқача – таъсирчанроқ чиқди. Бутун қавмини эслайди. Қайси бир аждодига тортганини билмайди. Фақат тафти бор, холос. Ёқимли, жудаям ёқимли, аммо ўта мулойим. Ёмонлиги йўқ ҳеч. Баъзан ўзининг ҳам ҳаваси келади унга. Дунёдан зериккан пайтлари эркалаб, куч олади.
Қоронғи тушаётган эди. Заминни тарк этишларига озмунча фурсат бор. Узоқдан уммонда мавжланаётган ялтироқ аксни кўрди. Нурбола, деб ўйлади. Бориб қаради. У эмас. Оғасининг эрка авлоди. Делфинлар билан ўйнашиб, шўхлик қилиб юрибди. Яна қаердан изласин?!.. Боши қотди. Қуёшли юртларни кўрса-чи! Бу фикри тузук туюлди. Борди. Қир-адирлар орасидаги бир кўримсиз кулбадан милтиллаб нур тараларди. Аста тирқишдан кўз ташлади. Зимистонда Нурбола тўшакда маъюсгина ётган болага термулиб чарақлаяпти. Шунчалар берилиб шуъла таратардики, ҳатто унинг келганини ҳам сезмади. Хона совуқ эди. У кирганда бироз илиди. Шундагина ортига қаради Нурбола. Офтоб момосини кўриб янаям ёришиб кетди.
– Эплолмаяпман, – деди маҳзун қараб. – Совқотиб титраяпти.
– Ҳечқиси йўқ. Сендай пайтим менда ҳам шундай бўлган, – далда берди.
– Уч кун олдин нурларимга чалғиб, дарахтдан йиқилиб тушганди, – деди айбдорларча.
– Кетиш керак. Ҳадемай қоронғи тушади, – деди Офтоб момо.
– Уни шундай ташлаб ҳеч қаёққа бормайман. У менинг дўстим, – қатъий туриб олди у. – Бироз иситинг, ёрдам беринг!
– Иложи йўқ. Одамларнинг ишига аралашма, – деди яна бепарво Офтоб момо. Лекин Нурболага термулиб раҳми келди. Беихтиёр унинг айтганини қилди. Болакайнинг танаси қизиб, бироз жон киргандай бўлди.
– Раҳмат, – деди Нурбола.
– Энди қайтамиз. Кеч қолдик, – деб аччиғланди Офтоб момо.
– Яшайдими?.. – яна сўради умидвор.
– Буни Яратганнинг ўзи билади, – деди жиддий.
Улар чиқиб кетишди. Ортлариданоқ заминни зулмат қоплади. Йўлда Нурболага нисбатан янаям меҳри жўшди. Ўзига тортган. Инсонга тафт берибдими, демак, эзгу иш қиляпти. Аммо улар билан дўстлашиш жуда қалтис. Тартибга-қоидаларга риоя этиши шарт.
Эртасига шаррос ёмғир ёғди. Бу айни муддао бўлди. Баркаш бобо билан маслаҳат қилди момо. Минг уруғларини тўплади. Нурболани ёнига ўтқизишди. Баркаш бобо ҳаммасидан хабардор эди.
– Кенжа авлодларинг инсон билан дўстлашибди, – деди у. – Кеча Офтоб момонгларни анча хавотирга қўйибди.
– Ким экан у Нурболанинг тафтини олган одам боласи?.. – ҳайрон бўлиб сўрашди қавмдагиларнинг бари.
Нурбола ғужанак бўлиб доира шаклга кириб олди. Шу кўринишда у Порлоқ қуёшнинг кичкина бир аксини эслатарди.
– Яхши-ку! – деди орқа тарафдан Олтин нур.
– Нимаси яхши!? – ҳайрон бўлишди Шафақ нурлар.
– Коинотда инсондан бошқа ташвишларимиз ҳам етарли, – дейишди мингйиллик нурлар.
– Кенгашга миллион бошиларни ҳам чақириш керак эди. Юз миллион йиллар олдин бунақа гаплар йўқ эди, – деди Синиқ нурлар. – Инсон дунёни ҳалокат ёқасига олиб келиб қўйди.
– Куйдириб ташлаш керак барисини, – дейишди Сўниқ нурлар алам билан.
– Бизнинг ишимиз инсон зоти билан кураш эмас. Аксинча, дуёни илитиш, яшнатиш. Унутманг, муз қавмининг абадий музликлар маконини ҳам эритиб юбориш бизнинг мақсадимизга кирмайди. Ёки шамол, қор, ёмғир, совуқ ҳаракатларига; осмон, ер ва яна бошқа сайёраларнинг тараққиётига ҳеч қачон ғов бўлмаймиз, шуни билиб қўйинглар! – деди қатъий Баркаш бобо.
– Тўғри. Биз инсонларга ҳали керакмиз. Улар ёмонликни исташмайди. Фақат коинотни билишга интилишяпти. Бунинг нимаси ёмон? – дейишди шаффоф нурлар ҳам.
Офтоб момо кенгаш фикри ўзгариб бораётганидан хавотирга тушди. Суҳбатнинг бу йўсин чуқурлашиб кетиши яхшиликка эмас.
– Мен Нурболани бироз тартибга чақириб қўйишини Баркаш бобосидан сўрагандим, холос. Бу ерда дунёнинг ишларини муҳокама қилишимиз шарт эмас. Фақат заминда тун кечикяпти. Бу мувозанатни бузаётган Нурбола. Куни келиб арзи ҳол бўлмасин дейман-да.
– Инсон коинотга интиляпти. Бунга жим қараб туришимизни хоҳлайсанми!? – деди аламзада кекса Сўниқ нур. У Офтоб момо билан тенгқур эди. Сўнганига анча бўлган. Шу сабаб бутун борлиққа нафрат билан қарайди. Лекин у билан ҳам ҳисоблашиш керак. Сўниқ нурлар ҳам оташ қавмининг аъзолари.
– Инсон ҳали ернинг ўзини тушуниб етганича йўқ. Коинотга интилишга нима бор?! – қўшилишди Синиқ нурлар.
– Нурболанинг инсон билан дўст тутиниши яхши эмас. Улар охирги юз йилликда жудаям шиддат билан ривожланиб кетишди. Одамлар Ойга интилишяпти. Сирларимиздан воқиф бўлишса ҳадемай порлоқ нурлар макони бўлмиш Қуёшни ҳам забт этишга киришади, – деди мингйиллик нурлар ичидан Қизил нур.
– Куйдириб кул қилиш керак. Куйик ҳидини ҳам соғиндик, – деди Олов нурлар.
Ҳеч қайси бири индамади. На Баркаш бобо, на Офтоб момо уларга қаради. Бу кенгашда уларнинг қатнашиши ноўрин эди.
Олам яралгандан буён Олов нурларининг нияти шу. Ҳамма ёқни ёндириб кулга айлантирса.
Кенгаш бир тўхтамга келолмади. Яхшиямки, ёмғир тиниб, булут тарқай бошлади. Кенгаш яна бироз чўзилса, тортишувга айланиб кетиши аниқ эди. Мингйиллик нурлар секин-аста булутлар ортидан шуъла тарата бошлади. Қолганлар ҳам ўз юмушларига тарқалишди. Офтоб момо Нурболани қидира бошлади. Баркаш бобосидан сўради. У ҳам ҳайрон бўлди. Нурбола аллақачон ер сари эниб бўлган эди. Офтоб момо иккиланиб қолди. Тинч қўйгани маъқулдир. Ҳартугул, вақт ўтиб ўзи ҳаммасига тушуниб етади. Барибир хавотир олди. Нурбола изидан йўл солди. Уни яна ўша кулбада учратди. Бола ўрнида йўқ эди. Ётган жойи нам. Боланинг сув-сув бўлиб оққани билиниб турарди. Ёстиғи устида қалпоқчаси ётарди. Ўзи эса меҳроб ичига кириб олиб:
– Менга ёрдам бер, эй Худо! Бобоқуёшга айт. Ҳаммаёғим музлаб кетяпти! Мен яшашим керак. Ёлғиз онам, кичкинагина сингилларим бор. Отам йўқ. Боғларга қарашим, ишлашим, онамга ёрдам беришим керак. Мен уларни ташлаб кетолмайман. Ўтиниб сўрайман, Қуёшжон! Менга ёрдам бергин. Совқотяпман, – дерди қалтираб.
Нурбола Офтоб момога маҳкам чирмашиб олди.
– Куйинма, – деди зўрға Офтоб момо. Бошқа ҳеч нарса деёлмади.
Лекин миллион йиллар олдинги каби шундай нур таратдики, буни юқоридан туриб Баркаш бобо ҳам қўллаб-қувватлади. Заминга илиқлик таралди. Болакай чеҳраси ёришиб ташқарига чиқди. Осмонга термулиб миннатдорчилик билдирди. Нурбола инсон боласининг қувонганини кўриб хурсанд бўлди. Офтоб момо бўлса уларга қараб ўй сурди: дунёда иссиқлик тафтидан ташқари сувуқ ёки шамол сингари кучлар ҳам мавжуд. Инсон шуларнинг барига чидаши керак ҳали. Буни Нурбола ҳам, Порлоқ қуёш нурларидан тўйиб-тўйиб баҳра олаётган болакай ҳам вақт-соати келиб билиб олади. Ахир оламнинг ўзи шундай яралган.
“Гулистон” журналининг 2014 йил 4-сонида эълон қилинган.