Бахтиёр Нуриддинов. Ифор (ҳикоя)

Ўшанда улар шаҳарга кўчишадиган бўлишди. Отаси “Орзуларим хаёлга айланишини хоҳламайман. Бетакрор истеъдодимни танамга қўшиб қишлоққа кўмишларини ҳам истамайман” деганди. Бу гапларни унчалик тушунмаган бўлса-да, негадир яшаб турган ҳовлиларини тарк этгиси келмасди.  Айниқса маҳалладаги яқин ўртоқларидан ажралиш у учун катта йўқотиш эди. Янаям тўғрироғи қўшни қиз – Ифорга ўрганиб қолганди. Буни ҳеч кимга айтолмаса ҳам, мурғак қалби “дук”киллаб исён қиларди. Аниқ эсида. Воқеалар кўз ўнгида ҳануз бугунгидек жонланаверади…
…Йўл тараддуди кўрилганди. Жўнаб кетиш олди ҳамма атрофга бирма бир термулишарди. Қадрдон уй уларни қўйворгиси келмаётгандай эди гўё. У югургилаб Ифорларникига чиқиб кетди. Ортидан ота-онаси ҳам кириб келишди. Ифор алланечук бўлиб йўлакда турарди. У барисидан хабардор эди. Онаси ошхонада нималардир тайёрлар, яна алланарсаларни қоғозга ўраб ғимирларди. Уларни кўриб:
–    Ҳозир чиқиб бормоқчийдим, – деди қўлларини сочиққа арта ҳижолатомуз.
–    Биздан рози бўлинг. Яхши-ёмон гап ўтган бўлса ёмонликка йўймайсиз, – деди онаси ўтира туриб.
–    Қизиқмисиз. Бу нима деганингиз. Ахир яхши қўшниларимдан айриляпман-ку. Ҳозир йиғлавораман, – деди онасини қучоқлаб.
Аммо бу гаплардан нима фойда. Ҳаммаси кўнгил учун қилинаётган мулозиматга ўхшайди. У Ифорни олдига борди.
–    Кетяпсанми? – деб сўради пичирлаб.
Истар-истамас бошини қимирлатди.
–    Қайтиб келасанми? – беғуборларча сўради яна.
–    Билмадим, – деб жим бўлиб қолди. Бироздан кейин чўнтагидан унга атаб олиб қўйган қип-қизил олмани чиқариб ўйнай бошлади. Буни қандай беришни билмай каловланарди.
–    Катта бўлсам ёнингга келаман, – деди худди бир нарса эсига тушгандай шошиб.
–    Бу менгами, – деди Ифор шарт унинг қўлидаги қирмизи мевани тортиб олиб, сўзларини эшитмаганга солиб, бепарволарча.
У гапиришга улгурмади. Ташқарида ишчилар уларни чақириб қолишди. Ота-онаси апил-тапил ўрниларидан туриб, хайрлашишди. Онаси келиб унинг қўлидан тортқилади.
–    Ифор билан хайрлаш, – деди табассум билан.
–    Яхши қолинглар. Шаҳарга ҳам боринглар, – деди отаси.
–    Йўл узоқ. Буни қорнинг очганда еб оласан, – деб Ифорнинг онаси қоғозда ўроғлиқ егулик тутқазди.
У индамади. Кўчага чиққунча лом-мим демади. Худди бир нимадан хафа бўлгандек қовоқларини уюб олганди. Йиғламсираб, борган сари тўлиб кетяпти. Йўлда ўзини тутиб туролмади. Кўзларидан ёш сизиб, йиғлаб юборди. Нимага бундай қилганини ўзи ҳам тушунмасди. Онаси ҳолини кўриб:
–    Нега йиғлайсан? Ўлгани кетмаяпмиз-ку, ахир!– деди жеркиб.
–    Унгамас.
–    Нимага унда?
–    Ифор олмамни қўлимдан тортиб олди, – деди ҳиққиллаб.
Отаси уларга қараб кулди. Онаси ўғлининг бошини силади.
–    Ўз ҳолига қўй уни, – деди отаси онасига.
Ўша-ўша Ифорни кўрмади. Вақт кутиб турмас экан. Йиллар ўз ҳукмини ўтказди. Бугун тонгда – ўн беш йилдан сўнг рўпарасида Ифорнинг анграйиб туришини ҳатто тасаввур ҳам қилмаганди. Ҳа-ҳа. Ҳаммаси худди шундай юз берганди. Кичкина қизи кўчада нарса сотиб юрган аёлнинг овозини эшитиб хархаша қилмаганда бу гапларни эсламаган ҳам бўларди. Қиршисида шууридаги каби шўх-шаддот, ерга урса осмонга сапчийдиган чайиргина ўн ёшлар чамасидаги қизалоқ эмас, жувонлардек тўлишиб, ҳаётнинг заҳматлари кўзига эна бошлаган муштипаргина Ифор турарди.
–    Холам яхшими? – деди секин ҳижолат бўлиб, уч яшар қизини қўлчаларидан маҳкам ушлаб.
–    Ўтган баҳор хасталикдан ўтдилар, – деди ва жим бўлиб қолди. У сўраганидан пушаймон еди. Ярасига туз сепиб, дардини янгилагани учун ўзини ич-ичида койий бошлади. Шундай бўлса ҳам барибир одоб юзасидан  отасининг аҳволини сўраши лозим эди. Рисоладагидай қилдиям. У онасининг вафотидан сўнг отаси ўзини олдириб қўйганини, эси кирар-чиқар бўлиб қолганини айтди. Ифор оиласидаги кенжа қиз эди. Опалари ҳақида сўрашга ботинолмади. Улар турмушга чиқиб, оила қуришган бўлса керак. Қолган гапларни ўзича тасаввур қилди. Сўрамай қўя қолди. Ифор яна жавоб беришга шай термулиб турарди. У учун буларнинг бари аҳамиятсиз эди. Унинг ўткир нигоҳларига чидай олмади. “Сўра сўрайдиганингни” деяётгандек эди гўё. У шаҳарга тирикчиликка тушган. Ҳар куни тонг саҳар боғларидаги мевалардан териб, олиб келарди. Сотиб, кундалик ҳаёт учун у-бу харид қилиб уйларига қайтарди. Ҳаммасини икир-чикиригача унга айтиши шарт эмас. Муҳими бошқа. Миясида фақат бир савол айланарди. Шуни бериш бермаслигини билмай боши гаранг эди. Минг истиҳола билан охири:
–    Болаларинг яхшими? – деди жиддий.
Ифор ярқ этиб қаради. Унинг бундай савол беришини кутмаган шекилли. Истеҳзо билан мийиғида кулди. Оёқларига суйкалиб, бир нималар деб чуғурлаётган қизчани даст кўтариб олди. У ёқ-бу ёқдан гапириб эркалаган бўлди. Ифор унинг бетамизларча сўровларининг барисига жавоб қайтаришга мажбур эмасди. Қизчани ерга тушириб:
–    Энди отангнинг олдига бор, – деди жилмайиб зўрға. Сўнг уларникига кўтариб кирган вазминроқ қутини тимирскилаб, узоқ кавлади.  Ниҳоят қидирганини топдими, каттакон бир қирмизи олмани олиб қизчага узатди. Бу ўша кунгидек – унинг қўлидан тортиб олган олмага ўхшарди.
–    Ойингга салом дегин, – деди дарвозахонадан чиқиб кета туриб.
У нима деярини билмай карахт бўлиб турарди. Қизчаси қичқириб, айюҳаннос солмаганида яна қанча бу ҳолатга чидаши мумкинлигини тасаввур қилди. Ичкаридан хотинининг овози келди.
–    Ифор сенга нима қилди қизгинам? – деди чиқа солиб хотини. Ифор чақин ургандек кескин ортига ўгирилди. Бирдан орқасига қайтмоқчи бўлди. Аммо бунга ҳожат йўқ эди. У индамай йўлида давом этди.
–    Ким хафа қилди, а? Қизалоғим,– деди хотини қизининг ёнига келиб. – Ким берди бу олмани?..
Қизи эркаланиб Ифорни қўли билан кўрсатди. У кетиб борарди. Хотини қутидаги қип-қизил олмаларни кўриб яшнаб кетди.
– Мунча чиройли бўлмаса булар. Ҳаммасини сотиб олдингизми? – сўради хотини гўлларча. Қути тўла қирмизи олмаларни кўриб унинг ўзи ҳам ҳайрон эди. Ростдан ҳам улар кўзни қамаштирворарди. “Булар ҳеч қаерда сотилмайди, сотиб олиш мумкин эмас” дегиси келди. Хотини қўлларига сиққанича олмалардан олди. Сўнг қизини етаклаб ичкарига кириб кетди. У бироз Ифорни кузатиб турди. Қутини олиб ортидан югурмоқчи бўлди. Бироқ кўтараётганда тугилган тугун ечилиб, олмалар ҳаммаёққа сочилиб кетди. У шошиб уларни қайта қутига жойлади. Олмаларни кўтариб кўчага чиққанда Ифорнинг қораси ҳам йўқ эди. Аланг-жаланг атрофга қаради. Кўзи билан пана-пасқам жойларни қидирди. Қучоғида бир дунё олмалар. Уларнинг ҳар бирида ўзи каби журъатсиз болалик туйғулари яширин эди. Бири қадрдон уйини, бири дўстларини эслатса; яна бири Ифорнинг онасини, унинг йўлга ўраб берган ширинликларини ёдга соларди. Қирмизи олмаларнинг бари-бариси эса, Ифордек ифор таратарди. Уларни бирма бир қарс-қарс тишлаб ейиш кераклигини ўйлаб ўкинди. Бу қанчалик азоб бўлмасин уларнинг қисмати шу эди. Яна ким билади дейсиз. Балким қуёшга тескай токчаларда ириб битар.

2014 йил 8 апрель

“Китоб дунёси” гезетасининг 2014 йил 25 июнь 12-сонида эълон қилинган