Тонг саҳардан забтига олган изғирин қош қорая бошлаганда бироз пасайиб, пешиндан бери учқун¬лаётган қор ростакамига гупиллай бошлади. Абдураҳмон чорва сурувни ўтовига яқин пастқамликдаги қалин саксовулзорга эндирди. У ер сал бўлса-да шамолдан пана, совуқни қайтариб туради.
Чорва ҳангисининг тўқимини ечди ва жул ўрнида ишлатадиган эски пахталигини ёпиб, айил билан тортиб боғлагач, уни сурув ичига ҳайдаб юборди. Сурув атрофида ҳушёр айланиб юрган Қиронга бир муддат тикилиб тургач, кўнгли хотиржам тортиб, тўқимни кўтарганча, оғир қадамлар билан ўтовга қараб юрди. Ўтовнинг ўртасида, гулхан ёқиш учун мўлжалланган чуқурчадаги чўғлар аллақачон кулга айланиб қолган экан. Чорва косов билан уни титкилаб, кичикроқ чўғни топиб олди. Устига қоғоз ва қуриган янтоқни босиб, пуфлай бошлади. Озгина уринишдан сўнг янтоқ гуриллаб ёниб кетди. Чорва гулханга саксовул кундаларини ташлади. Ўтов бироз исиб, чорванинг музлаган қўлларига ёқимли илиқлик югурди. Шундан кейин, қора қумғонга сувни яримлатиб, гулханга қўйди. Қанийди, шу пайт тўқсон беш бўлса. Изғиринда, гулхан ёнида ўтириб, аччиқ чойни қуйиб, майдалаб ўтирса. Бироздан сўнг сув қайнай бошлади. Дастурхонни титкилаб, ярим пиёлача нон ушоқларини топди. Қайноқ сувда ивитилг
ан ушоқлар унга шоҳона таомдек туюлиб, узоқ тамшаниб еди. Ичига иссиқ кириб, қулдираётган ошқозони ҳам бироз ором олгач, уйқу элита бошлади. Ғафлат босиб ухлаб қолмаслик учун, ташқарига чиқди. Саксовулзордаги сурувидан хабар олди.
Қор ҳамон гупиллаб ёғар, Бўриётоғи саҳроси буткул оқликка чулғаниб борарди. Сурув тарвақайлаб ўсган улкан саксовуллар орасида хотиржам кавш кайтариб ётарди. Чорванинг ўтовдан чиққанини кўрган Қирон, ёшлигида кесилган чўлтоқ думини ўйнатганча унга пешвоз юрди.
— Ҳа, Олавой, осойишталикми? — Чорва унинг калта қулоқларини, пешонасини совуқдан қорайган, ёрилавериб қадоқ бўлиб кетган гўштсиз бармоқлари билан силаган бўлди.
Чорва Қирон билан сурувнинг атрофини айланиб, синиб тушган саксовул шохларини бир қучоқ қилиб кўтарганча ўтовга қайтди. Бироздан кейин Қирон ҳам ортидан кирганида, пасайиб қолган гулхан яна гуриллай бошлаган эди. Сал исиниб олган Қироннинг ҳам катта-катта жигарранг кўзлари юмила бошлади.
— Бўлди, энди сен чиқақол, Олавой. Сурувдан кўз-қулоқ бўл.
Қирон қари хўжасининг гапига тушунгандек, ўтовдан чиқиб сурув ёнига йўртди. Чорва унинг ортидан қониқиш билан қараб мийиғидан кулиб қўйди.
… Бунга ўн йилдан ошиб қолди. Ўшанда қишлоқдан отарга қайтаётган эди. Кичик ариқда чўмилаётган болалар уни кўриб жимиб қолишди. Шунда ангиллаган миттигина кучукчанинг овози эшитилди. Чорванинг эшаги тўхтаганини кўриб шумтакалар ура қочиб қолишди. Кучукча эса ҳамон зорланиб ангиллар, митти, жиққа ҳўл вужуди қалт-қалт титрарди. Чорва ёшлигида улоқчи чавандоз бўлмаганми, шартта эгилдию кучукни даст кўтариб олди. Ола кучукчанинг кўзлари эндигина очилган, бешафқат болаларнинг қўлида ҳолдан тойганди. Чорва уни чопонининг барига ўраб отарга олиб келди. Шундан бери икковлон аҳил дўст. Қирон кун-кундан улғайиб, айиққа келбат берадиган, улкан бўрибосарга айланди. Анчагина иноқлашиб, бир-бирини битта имо билан тушунадиган бўлиб қолдилар.
…Қирон сурув ётган саксовулзорни айланиб, йирик-йирик бута таналарига пешоб қилиб чиқди. Бу билан, энди бу жойлар унга тегишли эканлигини расмийлаштириб, бу ерга яқинлашган жондорга огоҳлантириш қўйиб кетарди. Яқин беш-олти йилдан бери Абдураҳмон чорванинг сурувига бўри оралаганини ҳеч ким эслай олмайди. Қироннинг довруғи бутун саҳрога ёйилиб улгурганидан, қашқирлар унинг ҳиди анқиган жойнинг бир чақирим нарисидан айланиб ўтишарди. Чорва ҳам ҳеч қайси чўпон тунашга юраги дов бермайдиган Бўриётоғи саксовулзоридан жой танлагани ҳам, бир томондан Қиронга бўлган чексиз ишончидан эди.
Икки кун олдин, ҳали чилланинг қорасовуқлари келиб улгурмасидан Абдураҳмон чорва ўзига чўлиқлик қилаётган ўғли Абдураҳимни қишлоққа жўнатди. Озиқ-овқатнинг таги кўриниб қолган, ва энг асосийси нос ва чой тугаб бўлганди. Узоғи билан эртаси куни келиши керак бўлган Абдураҳим, учинчи кундирки қорасини кўрсатгани йўқ.
“Ҳа, бола-я, бола! Саҳрода оч-наҳор қолган отасидан кўра хотинининг иссиқ қучоғини афзал билган бола!”—Абдураҳмон чорва шуларни ўйлаб, бир ғазабланиб, бир кўнгли чўкиб, пасая бошлаган гулханга ўтин ташлаш ҳам эсига келмай, устига қирқ йиллик поча пўстинини тортганча уйқуга кетди.
Тонгга яқин қор тўхтаб, ҳақиқий қорасовуқ бошланди. Қорда дикирлаб сакраб юрган Қироннинг бутун вужудига игна санчилгандек бўлди. Озроқ исиниб олиш умидида саксовулзорни айланиб югура бошлади. Барибир бўлмади. Энг сўнгги чора, яъни ўтовга ўзини уриб, гулхан ёнида бироз исиниб олмаса изғирин аччиғига чидай олмасди. Қирон секингина, думини қисиб, ўтовга кирди. Гулхан аллақачон ўчган, хўжаси эса, почапўстинга ўралганча қимир этмай ётарди. Қирон почапўстинни тишлаб тортди. Хўжаси кўзлари юмуқ, юзи эса муздек эди. Қирон унинг юзларини ялай бошлади.. Шунда хўжаси билинар-билинмас нафас олаётгани сезилди. Хўжасининг кўзлари бироз очилгандек бўлди.
— Қирон… Совуқ… Гулханни ёқиш керак.
Қирон эшикка ўрнатилган кигиз ёнида синдириб тахлаб қўйилган саксовул шохларини бирин-кетин тишлари орасида ташиб, сўна бошлаган чўғ устига ташлайверди. Абдураҳмон чорва инқиллаб ўрнида туриб чўғни пуфлай бошлади. Акашак бўлиб қолган қўллари унинг эркин ҳаракат қилишига монелик қилар, Қироннинг келтирган ўтинлари йирик ва аралаш-қуралаш қўйилгани учун аланга олмасди. Абдураҳмон чорва қўйнидан газета парчасини олиб, зўрға ўтиннинг орасига тиқди. Пуфлашга эса мадори қолмаганди. Ташқарида ҳуштак чалаётган изғирин эшик ўрнидаги кигизни худди кеманинг елканидек шишириб лопиллатарди. Қирон чопиб бориб, кигизнинг бир учини тишлаганича эшикни қия очди. Совуқ шамол шаҳд билан ўтовга ўзини урди. Чўғ бирдан алангаланиб, гуриллаб кетди. Атроф ёришиб, ўтовга илиқлик югурди.
Абдураҳмон чорва инқиллаганча ўрнидан туриб, палапартиш ташланган шохларни косов билан тартибга келтирди. Гулхан бир маромда гуриллаб ёна бошлади. Анчагина қизиниб,ўзига келиб олган Қирон ҳам ташқарига чиқди. Унинг ҳам хўжаси цингари қорни оч эди. Саксовулзорнинг адоғидаги кичикроқ бархан устига чопиб чиқиб, шарққа, қуёш бош кўтараётган томонга узоқ термулиб колди. Кичик хўжа шу томондан келади. Йўқ. У ҳамон кўриниш беравермасди. Қирон унинг келишидан умидини узиб, бошини осилтирганча яна ортга қайтди. Кечаси белги қўйиб чиққан чегаранинг бузилган-бузилмаганини текшириб саксовулзорни айланди. Ҳаммаси жойида. Сурув тонг отиши билан ялангликка ёйилиб кетди. Қор остида, намиқиб, хушхўрлашган янтоқ ва шувоқ қолдиқларини териб ея бошлашди. Қирон бир муддат сурувнинг атрофида айланиб юриб шубҳали нарса кўрмагач, яна ўтовга қайтди.
Абдураҳмон чорва гулханга қараб ўтирганча оёғини тинимсиз уқаларди. Қирон унинг олдида чўкка тушиб, тилини осилтирганча мўлтираб қаради. Чорва жонсиз қўллари билан итнинг улкан бошини силади.
— Шунақа гаплар, Олавой, оёқни олдирганга ўхшаймиз.
Қирон гуё тушунгандек, унинг яланғоч оёғини ялашга яладию, бирдан тилини тортиб олди. Хўжасининг муздек оёқларидан ўлик ҳиди келарди. У бошини кўтариб аянчли ғингшиб қўйди.
— Ҳа, сен ҳам сездингми, Олавой. Оёқдан жудо бўлдик. Энди ҳолимиз нима кечади-а, Олавойгинам? —Абдураҳмон чорванинг қоқсуяк бармоқлари титраб, киприклари намланди.
…Қирон ялангликда ёйилиб юрган сурув атрофини айланиб чиқди. Кейин бархан устига чиқиб яна кунчиқар томонга умид билан узоқ тикилиб қолди. Кичик хўжадан дарак йўқ эди. Ичикиб ғингшиди. Бурилиб пастга туша бошлаганида сўнгги умид билан яна ортига қаради. Саҳро оппоқ, қимирлаган қора кўринмасди. Шунда кунботар томондаги улкан бурғулаш минорасига кўзи тушди. Ўтган баҳордаги воқеалар кўз олдида гавдаланди.
Ўшанда йил яхши келиб, саҳрони яшил гиламдек барра ўт қоплаганди. Сурув икки баробар кўпайиб кетган. Диркиллаган қўзичоқларининг маъраши атрофни тутарди. У қишда туғилган, анчагина йирик қўзи билан ўйнашиб, сурув оралаб юрган эди. Шунда бир қора машинада тўрт-беш киши ўтовга қараб кела бошлади. У қўзичоқни унутиб машинаниннг йўлини кесиб, вовуллаганча бостириб бора бошлади. Машина уни чаққонгина айланиб ўтиб, тўғри ўтов ёнида оёқ илди. Қироннинг ғазаб билан ташланишга тайёр турганини кўрган машинадагилар, эшикни очишга юраклари бетламасдан, қаттиқ-қаттиқ сигнал чалганча туравердилар. Бир пайт хўжаси етиб келди.
— Олавой, бўлди, бас қил. Бор, ишингни қилавер!-деганидан сўнг машинадагиларга ёвқараш қилиб, сал нарироққа бориб, уларнинг ҳар бир ҳаракатини кўздан қочирмай кузатиб ётаверди.
Улар машинадан тушиб хўжаси билан суҳбат¬лашишди. Кейин, ўтлоқ устига намат тўшаб ёнбошлаб олишди. Машинадан турли халталарни олиб, дастурхонни тўлдиришди. Қироннинг димоғига ўткир, иштаҳасини қитиқлаб, сўлагини оқизиб юборган ҳидлар кела бошлади. У шунда ҳам ўз обрўсини сақлаб, уларнинг ёнига яқинлашмади. Кичик хўжаси бир қўзини ушлаб, ўтов орқасига олиб ўтиб сўйди. Тез орада қозонда қовурилаётган гўштнинг ёқимли ҳиди атрофни тутиб кетди. Бошида ваҳима билан кутиб олган бўлса-да, бу келгувчиларга эл бўлгиси келди. Бир пайт хўжаси уни ёнига чорлаб қолди. Секин ўрнидан туриб, виқор билан бир-бир қадам босганча унга яқинлашди. Қироннинг келбатини кўриб қорачадан келган мўйловли киши қийқириб юборди.
— Ў, Абдураҳмон ака, бунингиз айиқполвоннинг ўзи-ку! Ҳар қандай итни бир мартадан ўтказмаса керак. Сотмайсизми? Қанча сўрасангиз берардим!
— Бу гапингизни қайтиб тилингизга олманг, укам! Одам ўз дўстини ҳам сотадими?! Ана, сурувдан хоҳлаган қўчқорингизни сўранг, бериб юбормаган номард. Лекин Қиронни сўраманг!
— Бўлди, бўлди, Абдураҳмон ака. Сўзимни қайтиб олдим.
Мўйловдор секин Қироннинг бўйнидан силади. Чақалоқнинг муштумидек келадиган, хушбўй ҳидли емишни олиб унга тутди. Қироннинг егиси келаётган бўлсада, унга юзини бурмади. Хўжасига қаради.
— Ол, олавер, Олавой.
Қирон кишининг қўлидан сирли, хушбўй ҳид таратаётган емишни олиб, нарироққа чўкди-да, иштаҳа билан тушира бошлади.
Кейин улар машинага миниб, саҳродаги улкан минорага қараб кетишганди.
Уларнинг ёнига бориш керак. Фақат ўша одамларгина хўжасига ёрдам бера олиши мумкин.
Қирон хотиржам ўтлаб юрган сурувдан кўнгли тўқ, ўтовга қайтиб кирди. Хўжаси энди хириллаб нафас олганча почапўстинга ўралиб ётарди. Қирон ўтовдан ўқдек отилиб чиқиб, улкан минора турган тепалик томонга чопиб кетди.
Оппоқ қорга бурканган тепаликка чиқиб борганида миноранинг шовқинидан қулоғи том битиб, титраётган ерга оёғини зўрға босарди. Бу ваҳимали минорага яқин боришга юраги дов бермас, аммо ортга қайтишга ҳам ҳаққи йўқ эди. Шунда у чўкка тушиб олганча баланд овозда вовуллай бошлади.
… Пармалаш минораси атрофида юрган уч-тўрт киши бор кучи билан ишлаб, улкан долотани айлантирганча ерни ўйиб бораётган дизеллар шовқинида итнинг товушини эшитмадилар. Шу пайт берироқдаги вагончадан бир йигит чиқиб, бўрибосарга ҳайрон бўлиб қараб қолди. Кейин унинг салобати ва ваҳшатидан қўрқиб, икки қадам ортга тисарилди.Чўчинқираганча яна итга тикилди. Қиронни таниди шекилли, бир нималар деб бақирганча минора ёнидаги одамлар томонга юрди.
— Жумамурод ака! Ҳов, Жумамурод ака! — Йигит шовқинни босиб баланд овозда чақирди.
Минора атрофида ғоз юриб, бурғучиларга кўрсатма бераётган смена бошлиғи Жумамурод унга ўгирилди.
— Нима дейсан?
— Э, ака, бу ёққа қаранг. Абдураҳмон чўпон¬нинг сизга сотмаган ити ўз оёғи билан келиб турибди!
… Қирон мўйловдор кишини дарров таниди. Шовқин ва ернинг титрашидан пайдо бўлган қўрқув ҳам унутилиб, ўзига хуштаъм емиш тутган кишининг ёнига чўлтоқ думларини ликиллатганча йўртиб борди. Мўйловдор қўрқа-писа унинг бўйнини силади. Қирон Бўриётоғи саксовулзори томонга ўгирилиб вовуллаб қўйди. Мўйловдор эса ёнидаги йигит чиқариб берган бир паррак колбасани Қироннинг оғзига тутди. Ундан тилидан ҳамон таъми кетмаётган баҳордаги емишнинг хушбўй ҳиди келарди. Қирон оч эмасми, емишни апил-тапил чайнаб ютиб юборди. Кейин мўйловдорнинг баридан тишлаганча Бўриётоғи томонга тортқилар, аянчли ғингшиб қўярди. Мўйловдор эса унинг гапини уқмасдан, ёнидаги йигитга бир нарсаларни шивирлаб ичкарига киритиб юборди…
Жумамурод ёшлигидан ит уриштиришга қизиқар, қиш кунларида шаҳар четидаги ташландиқ боғда бўладиган итлар жангини битта қолдирмай томоша қиларди. Келгуси ҳафтада катта жанг бўлади. Бухородан “Тайсон” деган чемпион ит келармиш. Эҳ-ҳе, унга тикиладиган пулни кўрсанг эди! Икки-уч йилдан бери “Тайсон”нинг олдига тушадигани йўқ. Уни фақат шу Қирон ютиши мумкин! Ўз оёғи билан келган хазинани қўлдан чиқариб бўладими!
Йигит бурғучилар минора тепасидаги, палати деб аталадиган кичик кабинага чиқаётганларида хавфсизлик учун бир учини минорага, бир учини белларига боғлаб оладиган пўлат занжирли чарм камарни олиб чиқди. Жумамурод итнинг бошини силаб турганча камарни чаққонлик билан бўйнига солиб маҳкамлади.
Қирон бирдан ҳушёр тортди. Бундай хиёнатни кутмаган итнинг ғазаби тошиб, мўйловдорни бир зарб билан ағанатди ва ортга қайтди. Мўйловдор ва ёнидаги йигит икковлашиб унинг йўлини тўсганча ҳай-ҳайлашар, аммо ғазабланган бўрибосарга якинлашишга журъат топишолмасди.
Қирон оғир занжирни судраб яна Бўриётоғига қайтиб келди. Бироз олислаб кетиб қолган сурувни ортга қайтариб келгач ўтовга кирди. Хўжаси ҳамон оғир-оғир нафас олар, чўғдек қизиб кетганди.
Қирон бархан устига чиқиб, кунчиқарга термулди. Бу сафар саҳрони кесиб ўтган йўлдан қандайдир, ҳаракатланаётган нарса кўринди. Бўйнидаги лаънати занжирни базўр судраб чопа бошлади. У йўлнинг ўртасида туриб, машинани сабр билан кута бошлади.
… Қор босган йўлда имиллаганча “Виллис” машинаси ўрмалаб келарди. Бу бурғучиларнинг машинаси бўлиб, ёшгина йигит бошқарар, ёнида тинимсиз сигарета тутатаётган геолог ўтирарди. Йўлнинг ўртасида турган баҳайбат итни кўриб, ҳар иккаласи ҳам ҳайрон бўлиб қолишди. Улар яқинлашганларида ит бир-икки вовуллаб, машина олдида занжирни судраганча худди йўл бошлаётгандек бораверди.Чамаси, Қироннинг омади чопиб қолди-ёв, улар итнинг имосини илғашди.
— Бунда бир гап бор, Равшан, секин унинг ортидан боравер-чи! — деди геолог ҳайдовчига.
Ит кунботарга бурилди. Машина ҳам эҳтиётлик билан унинг ортидан эргашди. Ит уларни тўғри чўпонлар ўтовига бошлаб борганида, машинадагилар бирон ҳодиса содир бўлганига тўлиқ ишонишди. Машина тўхтаганида ит ғингшиганча ўтовга кириб-чиқар, чопқиллаб уларнинг ёнига келиб, яна ўзини ўтовга урарди. Геолог ўтовга киргач, чўзилиб ётган Абдураҳмон чўпонни кўриб эсхонаси чиқиб кетаёзди. Пўстинни тортиб, унинг юзига қўлини босди. Чўпоннинг иссиғи баланд, алаҳлаб ётарди. Улар шоша-пиша уни кўтариб машинага олиб чиқишди. Қирон ҳам ўзини машинага урмоқчи эди, аммо бироз ўзига келган Абдураҳмон чорва инқиллаганча “Сен сурувга қара, Олавой,” деганидан кейингина шаҳдидан қайтиб, то машина катта йўлга чиққунича занжирни шиқирлатиб судраганча унга эргашди.
…Қош қорайиб, яна саҳронинг кечки изғирини бошланаётганди. Яланглик бўйлаб тарқалиб кетган сурувни минг битта азоб билан йиғиб, саксовулзорга ҳайдади. Бўриётоғига ғуж бўлган сурувни айланиб, яна ўз чегарасини янгидан белгилагач, бархан устига чиқиб, то кун ботиб, мудҳиш қоронғулик саҳрони буткул чулғаб олмагунча, хўжасини олиб кетган машина кетидан термулиб тураверди. Совуқ жонидан ўтганидан кейингина, ўрнидан қўзғалиб сурув томон юрди. Очлик ва совуқдан тинка-мадори қуриб борар, ҳатто бўйнига осилган занжирни ҳам судрашга ҳоли қолмаганди. Бўйнидаги чарм камардан халос бўлишга уринишлари беҳуда кетди. Тун ярмидан оққанда ҳолсизликдан кўзи юмилаёзган экан, қари серканинг қўнғироғи асабий жаранглашидан ҳушёр тортди. Қўй-қўзилар безовталаниб, пайдар-пай маърай бошладилар.
Қирон аллақандай ички сезгиси билан сурувга қашқир оралаётганини сезиб, ўша томонга отилди. Эвоҳ, арслон кучдан қолганини сезса чиябўрилар ҳам ғимирлаб қолар экан-да! Унинг силласи қуриганини қаердан билди экан бу жондорлар! Қирон ғазабдан вужудига куч инаётганини ҳис қилди. У худди, бир неча йил олдинги ёш ва кучга тўлган паллалардагидек сезди ўзини. Дуч келган қўйни бўғизлаб бораётган улкан арлони бўрининг олдини тўсиб чиқди. Бир неча сония кўзлари тўқнашганидан кейин бўри унга ташланди. Қирон бундай жангларнинг ҳадисини олиб улғайганидан, тезда чап бериб, унинг кекирдагидан олганча босиб тушди. Бўри ёш ва бақувват, Қирон эса кучдан қола бошлаган, бунинг устига бир неча кундан бери оч эди. Лекин Қирондаги чексиз ғазаб ва тажриба ўз сўзини айтди. Бўри минг уринса-да унинг омбурдек қисилган жағлари орасидан чиқиб кетишнинг йўлини топа олмади. Қашқир аста-секин ҳолсизланиб, ҳаракатлари сусая бошлаганида урғочиси жон-жаҳди билан ёрдамга ташланди. Унин
г зарбидан Қирон ағанаб, остидаги бўри уни босиб тушган бўлса-да, аммо бўрининг бўғзини ҳамон қўйиб юбормасди. Бу жонжабрлик уни асраб қолди. Устидаги жондор қалқон вазифасини ўтаб турар, урғочи қашқир унинг кекирдагидан олишига имкон тополмасди. Шу пайт бўрининг жони узилди. Уни қўйиб юборганида йирик, ёлдор боши шилқиллаб тушди.
… Абдураҳим уйга қайтганидаёқ, ҳеч бўлмаганда икки кун уйда қолишни режалаштирганди. Отаси очидан ўлмайди. Ана, хоҳлаган қўйни сўйиб еяверсин. Шу лаънати қўйларни деб, изғирин саҳрода юраверадими? Уйланганига олти ой бўлди. Шундан бери икки, нари борса уч марта келгандир, холос. Чорвага қолса, йилда бир марта ҳам уйга жўнатай демайди. У кечга яқин эшагини қичаб ҳайдаганча уйга кириб келди. Анчадан бери қирилмаган сийрак соқоли, телпаги булдуруқлаган,ҳар нафас олганида оғзидан булутдек бўлиб ҳовур чиқарди. Ҳали келинчаклик уйнинг файзи аримаган хонасига кирганида Гулсумнинг майин жилмайиб салом беришидан, эҳтироси жўш уриб кетди. Хотинини чанқоқлик билан бағрига босмоқчи эди, у нозланиб кўксидан итарди. “Олдин бу ислиқиларингизни ечиб, ювиниб олинг”.
Абдураҳим илиқ сувда узоқ ювинди. Охирида соқолини ҳам қиртишлаб, арчилган тухумдек силлиққина бўлиб чиқиб келди. Тунни маромида ўтказган йигит эрталаб ҳам, индинги куни ҳам йўлга чиққиси келмасди. Учинчи куни истар-истамас, керакли нарсаларни хуржунга солиб отланди. Шу куни тунда дарёда муз кўчиб, омонатгина кўприкни ювиб кетганини кўриб, қолишга баҳона топгандек бўлди. Учиб-қўниб ортга қайтди. Онасига шуни чала-чулпа айтиб, уйга ўзини ураётганида Рисолат кампир уни тўхтатиб қолди.
— Шошма, болам. Кўприк бузилган бўлса уйга кириб ўтираверасанми? Отангнинг ҳоли нима кечади. Қандай қилиб бўлмасин, борасан!
— Нима, дарёдан учиб ўтайми, ё шу изғиринда кечиб ўтайми?
Онаси индамади. Кескин ортига ўгирилиб кета бошлади. Абдураҳмон чорванинг бутун умри чўлда ўтиб, болаларни Рисолат кампир тарбиялаб ўстирганиданми, Абдураҳим қаттиққўл, айтганини қилдирмай қўймайдиган онасидан ҳайиқарди. Иложсиз ортга қайтди. Энг яқин кўприк йигирма чақиримлар нарида, бурғучилар посёлкасига борадиган асфалт йўлда эди. Агар шу йўл билан кетса ярим кечаси ҳам етиб боролмайди. Йўлда музлаб қолиши ҳеч гапмас. Ундан кўра эшакни қўйиб, йўловчи машина пойлагани яхши. Абдураҳим хуржунни елкасига ташлаганча, бетон кўприкка етиб келганида совуқнинг забтидан тўнғиб қолай деди. Абдураҳим йўл четига чиқариб ташланган эски машина ғилдирагини ёқиб исинишга қарор қилди. Бироз атрофни излаб, кўприк остидан қуруқ хашак ва ўтин-чўпларни топиб чиқди. Шуларни ғилдирак остига қўйиб, бир амаллаб оловни ёқиб олди. Ғилдирак гуриллаб ёниб, атрофни қуюқ қора тутунга чулғай бошлаганидан сўнггина унинг танасидаги қалтироғи бироз босилди. Вужудига иссиқ ўр
лаб, йўлга тузукроқ разм солди. Ўркач-ўркач, оппоқ қорга бурканган барханлар оралаб, чўл томондан имиллаб келаётган қора “Виллис” кўринди. Машина секин-секин юриб келиб гулхан тўғрисига келиб тўхтади.
— Ҳой, йигит, буёққа қарасанг-чи! — машинадан тушган ўттиз беш-қирқ ёшлардаги киши уни чақирарди.
Абдураҳим шошилиб унинг ёнига борди.
— Қара-чи, манави чўпонни танийсанми? Ўтовида оғир алаҳлаб ётганида топиб олдик.Касалхонага олиб боряпмиз.
Абдураҳимнинг юраги жимиллаб кетди. Орқа ўриндиқда чўзилганча, ҳушсиз ётган одам отаси Абдураҳмон чорва эди.
Чорва уч кун ажал билан олишди.Ўзини айбдор ҳис қилиб, бошини қайси деворга уришни билмай турган Абдураҳим ҳам, Рисолат кампир ҳам уч кун унинг ёнидан жилмадилар. Ниҳоят, тўртинчи кун тонг саҳарда чорва кўзини очди. Унинг илк айтган сўзи “Қирон” бўлди.
— Қирон… Қирон сурув билан ёлғиз қолганди. Сен ундан хабар ол. Мен тузукман.
“Ўзи ўламан деб турибди-ю, яна шу итни ўйлаганига бало борми!”
Абдураҳим ноилож саҳрога қайтишга мажбур бўлди.
… Қирон кейинги куни буткул ҳолдан тойди. Лаънати мўйловдор бўйнига осган занжирни судраб барханга чиқишнинг иложини тополмади. Шунда саксовулзор томондан егулик ҳиди анқиётганини илк марта сезди. Секин судралиб Бўриётоғи саксовулзорига кириб кетди. Бу иштаҳани қитиқловчи егулик ҳиди куни кеча қашқир бўғизлаган қўйнинг жасадидан келарди. У ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай музлаб қолган қўйнинг танасига тишини ботирди. Очликнинг зўридан бир зумда қўйнинг устихонларигача ғажиб ташлади. Бир неча кун давом этган очликдан кейинги бу зиёфатдан сўнг мудрай бошлади. Кечки изғирингача ҳали вақт бор. У саксовулнинг панасида, ўзи қазиган ўрасимон инга кираб кўзларини юмди.
У шунча кун очликка мардона чидаган бўлса-да, энди ўзини тутолмай, нафснинг қулига айланиб бораётганди. Қари саксовулнинг хунук буралган шохлари панасида бўғизланган иккинчи қўйнинг ўлиги ётарди. Қирон эрмакка чайнагандек, унинг этини бурдалаб юта бошлади. Бу қўй унга бир кунлик емиш бўлди. Кейинги тунни зўрға ўтказди. Кун ёришиб, қўйлар ялангликка ўтлагани чиқишаётган пайтда очлик ҳисси чидаб бўлмас даражага чиқиб кўзига қон қуйила бошлади. Томирларида оқаётган аждодлари қони кўпириб, кўзини хиралаштириб қўйди. Жазавага туширадиган иссиқ қон ҳидининг хумори тутиб боши айланиб кетди. У энди олдинги Қирон эмас! Кўзлари қонга тўлиб, сурув томонга чопди. Биринчи дуч келган қўйнинг бўғзини юлиб ташлаб, оқаётган иссиқ қонини чапиллатиб ялай бошлади…
… Абдураҳим геологларнинг вахта машинасида, пешин пайти отарга етиб келди. Қўйлар саксовулзорда тўпланиб, олазарак кўзлари билан атрофга боқишар, безовта маърашар эди. Абдураҳим сурувга жондор оралаган гумон қилиб, таёғини қўлида маҳкам ушлаганча атрофни айланиб кўздан кечириб чиқди. Саксовулзор бўғизланган қўйларнинг жасадига тўлиб кетганди. Баъзилари устихонигача ғажилган бўлса, баъзилари эса шунчаки эрмак учун ўлдирилганлиги билиниб турарди. Абдураҳим ўн чоғли жасадни санаганидан кейин бирдан Қирон эсига тушиб кетди. Отасининг севимли ити нима қилиб юрибди экан. Унинг ҳидини сезган бўри зоти борки, бир чақирим наридан айланиб ўтарди-ку!
— Қирон! Қирон!
Бўриётоғи саксовулзорига тақалиб турган барханнинг устида Қироннинг баҳайбат боши кўринди. У эриниб ўрнидан қўзғалди. Лекин негадир Абдураҳим томонга юргиси келмасди.
— Қирон!
Абдураҳим итнинг бу қилиғидан ҳайратда қолди. Ахир Қирон унинг бир имоси билан ёнига ўқдек учарди-ку! Ўтган бир ҳафтада у гўё бошқа итга айланиб қолгандек эди.
… Қирон кичик хўжасининг чақириғини эшитганида, унинг ёнига чопиб боришга ичида уйғонган аллақандай ёввойи туйғу монелик қиларди. Содиқ ва ақлли Қирон ўзи билан хўжасининг ўртасида девор пайдо бўлганлигини ҳис қила бошлади. У энди хўжасига ишонмас, ундан бироз ҳайиқиб, бироз бегонасираб турарди. Бир пайтлар ўзи билан хўжаси ўртасидаги меҳр, садоқат ва муҳаббат туйғулари, бир неча юз йил олдин бўлгандек, хотирасида хиралашиб қолганди. У ўша пайтларни эслагиси ҳам келмас, ҳаммасига тупуриб, бир неча кундан бери ўзи туйиб келган озодлик, масту мустағриқ қилгувчи иссиқ қон ҳиди ортидан тоабад чопиб юришни истайди. Хўжаси билан ўрталарида қад кўтарган мустаҳкам деворнинг тамал тоши ҳам бўғизланган қўйнинг жон таслим қилар чоғи жисмидан оқаётган иссиқ қони таъмини туйган лаҳзаларда қўйилган эди. Энди бу деворни бузишнинг иложи йўқ.
Қирон бархан устида қаддини тиклаб, маза қилиб керишди. Яқиндагина қорнини тўйдириб олмаганми, вужудида аллақандай ёввойи куч уйғониб, чеки-чегараси йўқ саҳрода тинимсиз югуришни истай бошлади. Аллақаёқлардан, анави кўзга элас-элас чалинаётган саксовулзорданми вужудини сархуш қилиб, тинимсиз ўзига чорлаётган сирли бўй анқирди. У тумшуғини шамолга тутиб ҳидни янада равшанроқ ҳис қила бошлаганидан кейин жунбушга туша бошлади. Шунда у итлар учун мутлақо тақиқланган ишни қилди: тумшуғини осмонга кўтарганча увлаб юборишдан ўзини сақлай олмади.
… Абдураҳим Қироннинг бу қилиғидан даҳшатга тушди. Наҳотки, шу ўзи билган Қирон шунчаликка борган бўлса. Отасига айтса, мутлақо ишонмайди! Эҳ, Қирон, Қирон! Энди унинг қайтиб келишидан умидини узиб, саксовулзорда музлаб ётган қўй жасадларини йиғиштира бошлади. Уларни саксовулга осиб қўймаса бўлмайди. Бўғизланган қўйларни акт қилувчи комиссия, керак бўлса ҳар битта суягини санаб, кейин “списат” қилади.
… Қирон бўйнидаги занжирнинг оғирлигини ҳам сезмай, олисдаги саксовулзордан анқиётган сирли бўйга қул бўлиб чопа кетди. Кун ботиб кечки изғирин уйғонгани ҳам уни шаштидан қайтара олмади. Ой кўтарилиб, ажабтовур васвасага солгувчи ёғдуси оппоқ қорда акслана бошлаганда саксовулзордан илиққан бўрининг зорланиб увлагани эшитилди. Унинг қўшиғи Қироннинг баданини жимирлатиб юборди. Сеҳрли ҳид ва бу қўшиқ уни бетўхтов олдинга чорларди.
Сирли ҳид саксовулзор ичидаги мўъжаз тепаликда тўлинойга қараб увлаётган урғочи бўридан анқирди. Қирон унинг атрофидан бир айланди. Бу ўша, яқинда сурувга ҳужум қилиб, Қироннинг жағида ҳалок бўлган ёлдор бўрининг жуфти бўлиб, ўзига янги арлон ахтараётган эди. Қирон атрофида гирдикапалак бўлиб, тонгга яқин унинг висолига етишди. Кейинги тунда икковлари бирга овга чиқдилар. Қироннинг ўз сурувига боришга оёғи тортмади. Шу ерга яқинроқ, кўҳна тошқудуқ атрофидаги сурувга ҳужум қилишди. Сурувнинг ёнида юрган иккита қора ит шовқин солиб уларга ташланганида Қирон кескин ҳаракат билан бирининг бўйнини юлиб ташлади. Иккинчисини остига босиб пийпалай бошлаганида, бўри аллақачон иккита қўйни бўғизлаб улгурганди. Шу пайт чўпоннинг ўтови ёнидан милтиқнинг варанглагани эшитилди. Қирон итни қўйиб юбориб ўзини ғуж бўлиб турган қўйлар ичига урди. Дуч келган ўртачароқ ширбозни кўтарганча саксовулзор томонга чопиб кетди. Шундоққина бир-икки қадам ортда жуфти чо
пиб келаётганини ҳис қилиб, янада ғайрати жўш урарди.
… Ниҳоят қиш ўтиб, изғиринлар барҳам топди. Саҳро ям-яшил гиламга бурканиб, лолақизғалдоқлар келинчакдек қимтиниб юз оча бошлаганда, бўри болалади. Кўзлари юмуқ, митти жимитвойларни онаси ҳатто Қирондан ҳам қизғана бошлади. Тўртта узун тумшуқли, қулоқлари диккайган, кулранг бўриваччалар ичида шалпанг қулоқлари осилган, тумшуғи йўғон, танасида каттагина учта сарғиш доғи бўлган қорувли, бўрига ҳеч ўхшамагани, айниқса бошқача эди. Бир ҳафтадан кейин уларнинг кўзи очилиб, саксовул тагидаги инларидан ўрмалаб чиқиб, бир-бирлари билан олишиб ўйнай бошладилар. Шунда шалпангқулоқнинг барча оға-иниларидан кучлироқ эканлиги билиниб қолди. Уни онаси силтаб ташлар, эмизишни ҳам истамасди. Лекин у бўриваччаларни итариб-туртиб, онасининг эмчак¬ларига ёпишиб оларди. Салгина улғайганидан кейин Қиронга эргашиб, узоқ-узоқларга кетиб қоладиган ҳам бўлди. Она бўри Қиронни энди мутлақо ўзига яқинлаштирмай қўйди. Қирон ҳам қишки эҳтирослари совиб бўлганиданми, и
нига онда-сонда бир келар, шунда ҳам у ерга бош суқмай, фақат ўзига ўхшаб кетадиган боласи билан бироз ўйнарди-да, кейин яна қорасини кўрсатмай кетарди. Шундай кунлардан бирида у боласини эргаштирганча бутунлай уясини тарк этди.
… Абдураҳмон чорвага икки ой деганда рухсат тегиб, шунда ҳам қўлтиқтаёқ билан касалхонадан чиқди. Қолган бир ойлик муолажани уйда оладиган бўлди. Касалхонада ётганида ҳам, уйга келганидан кейин ҳам, бир зум бўлса-да қадрдон Қирони ҳақидаги хаёллар уни тарк этмасди. Агар шу ити бўлмаганида ўтовда ўлиги музлаб қолиб кетаверармиди. Шуларни уйлаганида мижжасида икки томчи иссиқ ёш пайдо бўлади.
Қироннинг бир урғочи бўрига илакишиб, Бўри¬ётоғи саҳросидаги сурувларни қон қақшатаётгани ҳақидаги мишмишларни эшитиб Абдураҳмон чорванинг ғазаби қайнаб, тошиб кетарди. Буни кўролмаслар иғво қилаётганига ишонар, ҳали уларнинг оғзини ёпиб қўйиш қўлидан келишини бот-бот такрорларди.
Баҳор илиқ келиб, дов-дарахтлар гуллай бошла¬ганида Абдураҳмон чорва энди уйида ўтиролмаслигини ҳис қилиб, саҳрога отланди. Рисолат кампирнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай кўк ҳангисини тўқимлай бошлади.
Отарга келганида тўл авжида, Абдураҳим билан чўлиқ йигит қўли-қўлига тегмас, уйқусизлик ва чарчоқдан кўзлари юмилиб-юмилиб кетарди. Чорва нигоҳлари билан излаб Қиронни тополмади.
— Абдураҳим, Қирон кўринмайди?
— Э, қўйинг ота, шуни эслатманг.
Чорва ичидан зил кетди.
— Ҳа, — деди бироздан сўнг, — нима бўлди?
— Э, нимасини айтасиз, қиш бўйи барчамизни қон қақшатди, ҳаром қотгур! Аллақандай урғочи қашқирга илакишиб, сурувларга ўрлай бошлади. Унга ҳеч қандай ит бас кела олмаса. Икки марта отдим. Чап бериб қолди, ярамас!
Кун ботиш арафасида қўй-қўзиларнинг безовта маърашини эшитган чорва ўткир кўзлари билан айиқдек келадиган баҳайбат ола итнинг йириккина қўзини жағига олганча саксовулзорга уриб кетаётганини кўрмаганида Абдураҳимнинг бу гапларига ўлақолса ҳам ишонмасди.
Эрта тонгда у ҳангисига миниб, хуржунига қўшотарини солганча Қирон кетган томонга йўл олди. Саксовулзор оралаб анча юрганидан сўнг, кучукнинг ириллаган, вовуллаган товушлари эшитилди. Улкан саксовулни айланиб ўтса… Не кўз билан кўрсинки, Қирон ястаниб ётар, худди ўзига ўхшаган ола кучукча унинг териларини тортқилаб ўйнарди. Қироннинг ёнида кечаги олиб қочилган қўзичоқнинг қолдиқлари сочилиб ётарди.
— Қирон! — ғазаб билан бақирди Абдураҳмон чорва.
Қирон сапчиб ўрнидан туриб кетди. Кучукча эса жимгина ўзини саксовул панасига олди. Абдураҳмон чорва қадрдон итининг уч ой давомида қанчалар бегоналашиб, ёввойилашиб кетганини кўриб, ичидан эзилди.
— Эҳ, Олавойим, нималар қилиб қўйдинг-а, ола¬гинам! — Чорванинг кўзларидан ёш думалаб, оппоқ соқолига илашиб қолди.
Қирон собиқ хўжасига ёввойи, бегона назар билан нигоҳ ташлаб турарди. Абдураҳмон чорва эшакдан тушиб, оқсоқлана-оқсоқлана бир-икки қадам олдинга юрди. Қирон буни кўриб бегона товушда ириллаб қўйди. Абдураҳмон чорва эсанкиради. Қаршисида турган ўзининг қадрдони Қирон эмас, мутлақо бегона, ёввойи ва ваҳший махлуқ эканлигини ички титроқ билан ҳис қилди. Хуржунидан қўшоғизни олиб, қўллари қалтираганча Қиронга ўқталди. Ит кўксини кериб, бошини мағрур кўтарганча баттарроқ ваҳшат билан ириллай бошлади. Чорва нишонга олиб, тепкини кўтаргунича ўтган сониялар йилларга тенгдек туюлди.
— Йўқ! — ҳайқирди овози титраб. — Отолмайман, сени!
Чорва милтиқни пастга туширди.
… Ҳаммаси оний лаҳзада рўй берди. Қирон ғазаб билан собиқ хўжасига ташланди. Чорва қандай қилиб милтиқни унга тўғрилаганини ва икки тепкини бирдан босиб юборганини билмай қолди. Бирваракай узилган икки ўқ Қироннинг кўксини ўпириб кетди. Чорва инқиллаб унинг жон бериб улгурган танаси устига эгилди.
…Абдураҳмон чорва Қироннинг жасадини қучоқлаганча, елкалари силкиниб-силкиниб йиғларди.