Илк каклик ови
Тоғ қишлоқларида ҳар бир жойнинг ўз номи, атамаси бўлади. Айтайлик, мен туғилиб ўсган Накуртнинг Камаровул, Лолаҳовуз, Қизилолма, Улфатан, Бодомчали, Қўшилиш, Ёришган, Қоронғулсой, Қарисой, Кумушлисой, Тўптол, Каттақамишлоқ, Кичикқамишлоқ, Туятош, Чўчқалисой, Алқорсой, Қўчқорўлди, Булбулсой, Оқбулоқ, Беллисой, Каттақорасой, Кичикқорасой, Катакли, Момотош, Сувлисой, Йўлтушган, Бештарам, Узунмўла, Довтепа, Қизилжар каби кичик қишлоқчалари, даралари, камарлари, булоқлари, сойлари, тоғ қоялари, чўққилари, яйловлари, ўтлоқлари, сувлоқлари, сайҳонликлари, адирлари, қирлари бор. Улар ўз жойидаги ўзгармас белгиларга қараб ном олиб келган.
Шундай жойларимиздан бири Етимҳовуз. Етимҳовуз деб аталишининг сабаби, у ерда ёлғиз, ғарибгина булоқ сувларидан пайдо – ҳовуз бўлган. Ана шу ҳовузнинг офтобчиқар томони – баландлик. Керагатош деган тизма қоялар туя карвонлари янглиғ салобат билан тиз чўккан. Керагатошда каклик кўп. Ундан бир чақиримда Лиллойбулоқ деб аталмиш булоқ тарам-тарам эшилиб оқади. Керагатош какликлари шу булоқдан сув ичишади.
Мен беш-олти ёшимдан бошлаб, отамнинг чин ҳамроҳига айланганман. Гап шундаки, отам бир узоқроқ қариндошимиз, ҳам қўшнимиз билан ферманинг пода-молини боқарди. Отам мулла Олим мулла Суюннинг, яъни “қулоқ”нинг ўғли эди-да, шу боис унга жазо сифатида подабоқар таёғини судратишган эди. Отам қишлоқ мадрасасида ўқиган, кўп саводли, оқкўнгил киши бўлиб, Яссавий “Ҳикмат”ини, Машраб, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдоларнинг талайгина ғазалларини ёд биларди, Қуръон ўқирди, Бедил рубоийларини севарди. Мен ўзимча отамнинг оғирини енгил қилмоқчи бўлибми (қирқ ёшида тилаб олган фарзанди эдим-да), олдида югургилаб, узоқроқ кетиб қолган сигирларни қайтарар, жар-пар сояларида қолиб кетганларини топиб келар, айниқса, ёз пайтлари — қаталоқ бўлган кезларда — дуч келган ёққа ўзларини урган пайтларда бир ерга тўплар эдим.
Какликлар ин-уяларини ўзларини ҳимоялаш қулай бўлган пана жойларга — тошларнинг остига, ҳар хил буталар, дарахтлар, шувоқлар тагига қўйишарди. Какликларнинг макиёни апрелдан июнгача тухум қўяди. Тухумлари беш-олтитадан йигирматагача бўлиши мумкин. Улар хол-холли, яъни холдор.
Мен мулла Суюннинг синглиси Қизмон аммамдан ажойиб шеър-терма эшитганман. Уни ёзиб олиб қолганман. Мана у:
Бўғин-бўғин бўғинчак,
Тугун-тугун тугунчак.
Ўттиз элнинг энаси
Ҳалда (ҳали ҳам) бўлса келинчак.
Бу ерда “ўттиз элнинг энаси” деганда, ўттизта жўжаси назарда тутиляпти. Тухумларини худди товуқ каби она каклик, яъни макиёни босиб ётади ва жўжа очади. Жўжалари тухумдан чиққаниданоқ ота-онасига эргашиб кетишаверади.
Гап бу ҳақда эмас, гап какликлар ҳақида. Ота маконимизда, Она юртимизда, тоғларимизда какликлар кўп. Ўша болалик чоғларимда ҳам мўл эди. Улар қора қош, тумшуғи, оёқлари қизил. Хўрозининг пешонаси қора, бош тепаси кулранг, қизғиш шуълали, жиғилдони билан кўкраги оч ҳаворанг, таг қисми сарғиш бўлади. Икки ёнидаги патларида қора-қўнғир тусли кўндаланг йўллари бор. Оёқлари пихли, макиёни эса тўқ кулранг, оёқлари пихсиз, жуссаси хўрозидан кичикроқ.
Хуллас, пода боқиб, зерикиб юрган пайтларимда какликларга ишқибоз бўлиб қолдим. Какликлар тушга яқин Лиллойбулоққа келишларини кузата бошладим. Бу одат тусига айланди. Улар булоққа келгунларича думбул ўт-ўлан, кўкат-майсаларни чўқиб-узиб, юлқиб, чоғат, жона-қиялик, қумларини титкилаб, “ғат-ғат”лаб озиқланишади. Керагатош қирларида чигирткалар, қурт-қумурсқалар, жазирама пайтида жизилдовуқлар мўл-кўл бўлади. Уларни чаққонлик билан тутишади. Ҳатто учган чигирткани қанот ёйиб, югургилаб бориб, осонликча ютишади. Кўпинча оила бошлиғи — хўрози бирор айиқбош чўққими, қоями ёки анчайин баландроқ ғадир-будир тош устига чиқиб олади-да, тўлиб-тошиб, гоҳо ўқтин-ўқтин сайрашга тушади. Унинг овози узоқларга таралади. Айтайлик, сиз пастда — дараларда, жарликларда юрибсиз, лекин унинг юқорида туриб, сайраётганини бемалол эшитасиз. Сайраётганда томоқлари булкуллайди. Гоҳо хўрози олдида макиёни пайдо бўлиб қолади. Унга узиб-узиб жўр бўлади. Бироқ макиёни овозининг шашти суст. Иштиёқсиз сайраётганга ўх-шайди. Нимагадир урилгандайроқ какирлайди. Баъзи жўжалари улар олдига чиқишиб-тушишиб юришади. Доим ота-онаси ёнидаги болалардай яйрашади.
Қорин қайғусидан қутулган какликлар тушликка яқин “пат-пат”лашиб, “ғийт-ғийт”лашиб, булоқ бошига энишади. Булоқ бошига яқинлашишдан олдин у ёқ-бу ёқни сергакланиб кузатишади. Айниқса, хўрози ҳушёр. Сувни мириқиб, шошмасдан ичишади. Бир ютум-бир ютум томоқларга олади-да, бошларини юқорироқ кўтариб ютишади, тағин навбатдаги ютумни олиб бу ҳолатни чанқоқлари босилгунча такрорлашади.
Бир куни шундай бўлди. Ишқибозлик орти какликлар жўжасидан бир-иккитасини тутиб, уйимизда, қафасда боқмоқчи бўлдим. Бир теша-чўтни ўзим билан олдим. Подаларни катта камарга ҳайдадим-да, Лиллойбулоқ бошига келдим. Ҳовучлаб сув ичдим. Чанқоғим босилди. Ўйнаб-ўйнаб ўйладим. Ўйлаб-ўйлаб ўттиз-қирқ қадам наридан ўзим бемалол жойлашадиган чуқурча-хандақча қазидим. Ҳар хил буталарни, шувоқларни, хас-ҳашакларни тўпладим, хандақчам қошига уйдим. Ўзим хандақча ичига тушиб олиб, уларни устимга ёпдим. Тирқиш очиб, какликлар келишини кута бошладим.
Бир сўз билан айтганда хонаки, жайдари “овчи”га айландим.
Какликлар аста-аста, оҳиста-оҳиста келишди. Аммо, хўрози нимагадир булоқ бошидан анча нарида туриб қолди. Қолганлари бехавотир ўзларини сувга уришди. Хўроз хавотирда-ю, лекин жим…
Она каклик ва жўжалари сув ичиб бўлгач, булоқ бошидаги дўлана дарахти тагига, тупроққа ағанай-ағанай кетишди. Қанот ёйиб, ўмганларини чағотнинг майда тош-қумларига булашди. Кичкина тугмачадай кўзларини сузиб-сузиб оромлашди. Бирдан хўроз мен умуман эшитмаган ғалат овозда чинқирибми-қичқирибми юборди. Сесканиб тушдим. Энди вақтни бой бермаслик керак эди. Мен устимдаги лаш-лушларни отиб юбордим-да, жўжалар томон интилдим. Йўрғалаб қочаётган жўжаларни қувиб етдим. Мен биламанки, сувга тўйган какликлар, айниқса, уларнинг болалари тез югуролмайди, дафъатан учиб кетолмайди. Ҳаш-паш дегунча иккитасини тутиб олдим.
Хўроз Керагатошни ёқалаб учди. Макиёни ҳам ўрга бироз йўрғалади-да, Етимҳовуз тарафга қараб парвоз қилди. Жўжаларнинг бир қисми юқорилаб кетди, бир қисми эса буталар, шувоқлар, тошлар орасига беркинди. Мен бошқа қувмадим ҳам, изламадим ҳам. Қатқат тош устига ўтирдим, нафас ростладим. Қўлимдаги жўжаларга тикилдим. Кўп ўтмай ота-она каклик — хўроз ва макиёнларнинг зорланиб, болаларини чорлаган овозлари эшитилди. Мен икки жўжани уйга етказолмадим. Уларни қўлларимда ушлаб юриб, ўлдириб қўйдим. Ҳа, паррандаю дарранда ҳам эркинлик-озодлик фарзанди. Қушлар кўкда, балиқлар сувда, жайронлару кийик, мароллар, алқорлар тоғда, одамзод адолату ҳақиқат эркинлигида яшовчан.
Она каклик
Ҳаёт мураккаб. Унда умр кечириш ўз-ўзидан бўлмайди. Аммо қийинчилик, оғирчиликлардан, хатарлардан қўрқавермаслик керак. Инсон ақл, тафаккури чироғи ҳар қандай зулматни ёритишга қодир, йўлингиздаги кўринган-кўринмаган тўсиқларни, ғовларни суриб ташлашда собит.
Инсонни қўятурайлик, табиатдаги ҳар бир жонзот ҳам тириклик учун курашиб яшайди. Тирикчилик — тирриқчилик, деган айтимлар беҳуда яралмаган. Каклик содда қуш. Лекин у содда бўлиб қолишга ҳаққи йўқ. Ирғайли дарасининг чоғатли қир-адирларида мол боқиб юрган кезларим бунга ўзим гувоҳ бўлганман.
Май ойи ўрталарининг бирида она каклик тухум босиб ётганлигига дуч келдим. Унинг уяси бир туп шувоқ остида эди. Болалик экан-да, уни тутмоқчи бўлдим. Унга қараб йўналдим. Она каклик нохушликни тез пайқади. Бирдан уясидан отилиб чиқди ва пастга — қиялик бўйлаб думалай кетди. Ҳа, у айнан думалаб борарди. Орқасидан қува бошладим, етай деганимда думалашни тезлатди. Қувавердим. Яна етай-етай дедим. У яна тезлади. Қувиб-қувиб даранинг ичига тушиб қолдим. Ва шунда она каклик думалашдан лаҳзада турди-да, уч-тўрт қадамча югургилади-ю учиб кетди. Кўрдингизми, содда қуш деганимиз, она каклик мендай бир ақлли чўпон болани қандай чалғитиб, тухумларини, бўлажак жўжа-болаларини асраб қолди. У айёрмиди, йўқ, дегим келади бугун, она каклик ақлли, оқила эди.
Мен ўшанда, тағин ортимга қайтиб, унинг тухумларини олиб кетишим мумкин эди. Аммо, биринчидан, мен уядан кўп узоқлаб кетган эдим. Иккинчидан, тухумларни олиб, нима ҳам қилардим. Мол боқиб юрсам, мол боқиш эса осон эмас. Қолаверса, бирорта курк товуқ тайёр эмаски, тухумларни бостирсам, жўжа очтирсам. Учинчидан, отамнинг ўгити ёдимдайди: “Қуш уясини бузма, тухумларини синдирма, полапонларига озор етказма, ҳатто илон боласини ҳам ўлдирма!”
Мен подалар ўтлаб юрган сайхонлик сари кетдим.
Каклик душманлари
Какликларнинг ёв-душманлари кўп. Тулки айёр-қароқчи. У ҳамиша какликларни пойлагани-пойлаган. Пайт етди дегунча, уларга хавф солади. Айниқса, қишнинг қаҳратон кунлари. Одатда, тоғ маликалари бу чоғлар гала бўлиб яшайди. Тунлари қоялар бағрида тўдалашади, ғуж бўлиб олишади. Тулки, кўзлари ёниб, уларга ташланади, какликлар патирлаб, ўзларини дуч келган томонга уришади. Тўзиб кетишади. Қор гуртикларига ботиб, учишолмай қолишади. Кўплари “қароқчи”га ем бўлишади.
Какликларнинг яна бир душмани кўбра, яъни кўзойнакли илон, уни капча илон ҳам дейишади. У рангдор. Каклик эса рангларни яхши кўради. Кўбра ранглари тузоқ бўлиши мумкинлигини билишмайди.
Нурота тизма тоғларида кўбралар жуда кўп бўлмаса ҳам, тез-тез учраб туради.
…Баланд тошсупа устида нар каклик ўз овозига ўзи маст бўлиб сайрарди. Мен ундан кўп узоқ бўлмаган найза қоя тагида ёнбошлаб, уни томоша қилиб, сайрашини тинглаб ётардим. Каклик бирдан жимиб қолди. Нима бўлди экан деб, тикроқ турдим-да, какликка қарадим. У бир нуқтага тикилганча тек қотиб турарди. Кўзларим ўткир эди, бир нигоҳ-ла ҳар қандай нарсани илғардим. Кексайиброқ қолган овчи Деҳқонбой бобомнинг бир ғалати гапи эсимда: “Набирам Азимбой — менинг кўзларим!” Чунки, бобом нимани сўраса, айтайлик, “Азимбой, Муртак камарни бир қараб кўр-чи, бирор нарса кўринмаяптими?..” “Ҳа-ҳа, — дердим мен, — бир тоштўрғай тумшуғини тошга ишқаяпти, бирор нарса тутиб, еган бўлса керак…” “Уни сўрамаяпман, алқорлардан гапир, алқордан… каклик бўлса ҳам майли, овлаб кетишимиз керак…” ва ҳоказо. Хуллас, бир қарашдаёқ ярим тик турган кўбрани кўрдим. Кўбра какликни ром қилиб, бир лаҳза ҳам ундан кўзларини узмай, жуда оҳиста у томон силжир эди! Силжир эди… оҳиста… силжир эди… оҳиста… оҳиста… Каклик тамоман мафтун… жодуланган… сеҳрланган… Кўбра яқинлашиб қолди… Ҳадемай, каклик тамом… бутун вужудим жимирлаб кетди… йўқ, бўлмади, ирғиб турдим-да, бир тошни қўлга олиб, кўбрани кўзлаб отдим! Каклик бир сесканди-ю, ўзини тошсупадан пастга ташлади. Ҳадемай, кўкка кўтарилди. Сўнг… кўрганларимни отамга, чўлиққа, сўнг… қўшиб-чатиб қўни-қўшни болаларга айтиб юрдим…
Хўш… какликнинг энг ашаддий душмани — бу овчи! Овчилар какликни, асосан, гўшти учун овлайдилар. Овлаш усуллари талайгина. Биринчиси, албатта, ов милтиғи билан овлаш. Милтиқ билан какликларни югургилаб кетишаётганда ёки учиб, кўкка кўтарилганда отишади. Иккинчи бир усул — бу тузоқ-жела қўйиб ов қилиш усули. Бунда милтиқ ишлатилмайди. Хонаки — қафасдаги бир сайроқи каклик тўлиб-тошиб сайрайди, қавмдошларини ёнига чорлайди. Ёнида эса жела. Жела қўйган жайдари “овчи” узоқроқда паналаб-писиб ётади. Учиб келган какликлар ихтиёрсиз желага тушаверишади. Ундан қутулиб кетмоқ учун потирлашиб, ҳаракат қилишаверади. Аммо, жела баттар уларни чирмаб олаверади…
Тағин бир усул бор. Аммо бу усул қонун йўли билан тақиқланган. Бу усул, асосан, қишда қўлланилади. Бу усулчиларнинг милтиқ кўтариб юришлари шарт бўлмайди. Қиш какликлар учун ўта хатарли фасл. Аёз. Қаҳратон. Қалин қор. Бундай пайтларда улар емак тополмай, сой ва булоқ бўйларига тушади. Тоғ қишлоқлари атрофига яқинлашиб энишади. Шундай вақтларда ҳар хил тоифадаги хонаки овчилар кўпаяди. Қиш кунлари, деярли, бекорчилик. Шунинг учун улар тўда-тўда бўлишиб, тоғнинг бир камаридан у камарга, унидан бунисигача қувлашади. Бундай кезларда какликлар тез толиқади, чарчаб, узоққа учишолмайди, қорларга ботиб қолишади. Қарабсизки, тайёр луқма! Какликлар ҳамиша ҳимояга зор. Уларнинг тағин бир душмани қирғий. Авлиёбулоққа туташиб кетган қир-адирларда мол ёйиб юрардим. Бу ерларда турли-туман буталар, тўп-тўп бодомчалар ўсиб ётади. Ҳар-ҳар жойда ёйилиб ўсган ковуллар учрайди. Ковуллар анор гулларидай қип-қизариб гуллаган. Бир туп ковулнинг гулларини томоша қилиб турардим, шиддат билан ҳавони тўлқинлантириб, бир гала қуш ўзларини мен турган жойга урди. Бу шундай тез рўй бердики, ҳеч нарсани англай олмай, қўрқиб кетдим. Жон-жаҳдда кўкка қарадим, бир қирғий қийқирганча кўздан йўқолди. Сўнг ковулга қарадим, не кўз билан кўрайки, унинг остида бир гала каклик жўжалар кўзларининг ўти чиқиб, менга тикилиб туришарди. Бир пасдан сўнг улар ҳам, мен ҳам ўзимизга келдик. Жўжалар бирин-кетин ковулнинг у ер-бу еридан чиқди-да, ўр томонга йўрғалай кетишди. Улар мени қора тортиб, омон қолишган эди. Кўп ўтмай бир бурум тарафдан она какликнинг болаларини ўз ёнига чорлаётган овози эшитилди.
Ов иштиёқи
1973 йил. Мен Тошкентда талаба эдим. Кечкида ўқирдим, кундуз ишлардим. Меҳнат таътилига чиқдиму қишлоққа жўнадим. Бутун вужудим тоғларни қўмсарди. Тоғларга талпинардим. Тоғларда кезишни жуда-жуда соғинган эдим. Ота-онам ёнида бир кун бўлдиму қадрдоним Олтибойникига йўл олдим. Олтибой билан биргалашиб, амаким Тиловқобилни топдик. Тиловқобил мулла Суюннинг иккинчи ўғли. Отамнинг она бошқа укаси. У дурустгина овчи эди. Тоғнинг тўрида яшарди.
Бир кун кечгача овга ҳозирлик кўрдик. Амаким қўрғошиндан қўлбола яккаўқлар ясади. Сочмаларни патронларга жойлади. Милтиқлар тозаланди.
Эртаси куни тонгда Каттақамишлоқ дарасига йўл олдик. Каттақамишлоқ ўз номига яраша. Бу дара-камарда қора, қизил дўланалар кўп ўсади. Айқашиб-чатишиб, бетартиб, исталган-исталмаган жойларда ўсиб ётаверади. Уларнинг орасидан оқбел учқатлар бўйлаб туради. Ирғайлар тўп-тўп. Хуллас, ёввойи қалин тоғ ўрмони.
Катта чошгоҳгача бирорта алқорга дуч келмадик. Аксига олгандек какликлар ҳам учрамади. Фақат уларнинг қаерлардандир ўқтин-ўқтин овозлари эшитилиб қолади. Мен чарчаб қолдим. Милтиқ ҳам оғирлик қила бошлади. Шаҳарнинг нуқси урган-да… Бу ёғи талабалик.
Амаким билан Олтибойга, сизлар айланиб келаверинглар, мен бироз дам оламан, дедим. Улар кетишди. Мен, катта газанинг қоқ белида ўзимча жой ҳозирладим. Милтиқни ёнимга қўйдим. Тоғда милтиқ, ишлатсанг-ишлатмасанг, яхши ҳамроҳ, дўст бўлади. У ёнингда бўлса, кўнглинг тўқ. Аслида, менинг учун ов бирор ўлжали бўлиш учун эмас, гашт учун. Ҳа, гўшт учун эмас, гашт учун.
Хуллас, газада уйқуга кетдим. Қанча вақт ўтган, билмайман, мени «дев» босди. Турмоқчи бўламан, йўқ, бўлмайди. «Дев» даҳшатли оғирлиги билан устимда… Бир қўлим билан милтиқни қидираман… қўлим унга етмайди… Бирдан… «Калима» қайтариш кераклиги ёдимга тушди, шекилли… «Калима» қайтара бошладим… О, Худойим, «дев» устимдан кўтарилди… Нафас олдим, жуда енгил нафас олдим… терга ботиб кетган таним қандайдир оромижонликка ўтди… Даст турдим, тағин чуқур-чуқур нафас олдим. Милтиққа ёпишдим. Уни олдиму осмонга қарата ўқ уздим. Тоғ гумбурлади. Амаким ва Олтибой ҳовлиқиб етиб келишди. Уларга нима бўлганлигини айтиб бердим. Ҳа, деди, Тиловқобил ака, тоғларнинг деви бўлади, ҳар қалай, ота-боболаримиз шундай, деб келишган.
Яхшиям «Калима»ни эсингдан чиқармаган экансан. «Калима» кучли дуо… дуода гап кўп. Бошимдан ўтган, мени ҳам босган. Ухлаб қолма, дейиш эсимдан чиқибди…
Кўнглимиз озди. Нонушта қилиб олмоқчи бўлдик ва камар бошидаги Бошбулоққа кетдик. Булоқ қайнаб чиқяпти. Ҳовучлаб-ҳовучлаб сув ичдик. Олтибой белидаги белбоғни ечиб, ундан нон олди, сувга ботириб едик. Оҳ, бу ноннинг ширинлигини…
Ногаҳон ўқ қарсиллади. Бешбармоқота қоялари тарафдан… Жим бўлиб қолдик. «Ўқ тегмади», — деди, Тиловқобил ака, «овчилар бор экан-да»… «Ўқ тегмаганини қандай билдингиз» — дедим, акамга. «Овозидан-да», — деди акам кулиб — милтиқ овозининг фарқини ажратолмайдиган кишидан овчи чиқмайди», — деб қўшиб қўйди у.
Тепа томонимиз потирлаб қолди. Қай кўз билан қарайликки, бир қўзичоқли алқор совлиғи биз томонга жон ҳолатда чопиб келарди. Акам зум ўтмай милтиғини қўлга олди. Совлиқни нишонга олди. «Отманг! — деб бақириб юбордим беихтиёр, — отманг!..»
Акам отмади. Она-бола алқор бизни кўрдию йўлини чап қияликка бурди… Енгил нафас олдим. «Раҳмат, ака, раҳмат…», дедим ўзим ҳам нима деётганлигимни ярим англаб-англамай. Олтибой менга ҳайрон бўлиб қараб турарди.
Бу олис йиллардаги бобом Мулла Суюн сабоқларининг хулосалари эди…