Бу ўттиз йиллар аввалги воқеа. Ўшанда қишлоқ дўконига бир дона сариқ велосипед келди. Гард қўнмаган қоп-қора занжири, клёнка қопланган ўриндиғи, новвотранг мойқоғоз ёпиштирилган рулнинг никель қувури, ғилдиракнинг йўл кўрмаган тукли покришкаси. Онаси Бобошерни бир қути тузга юборган эди, дўкон остонасидаёқ кўзларини катта-катта очганча бир нафас туриб қолди.
– “Десна” келибдими? – деди биров.
– Йўқ, “Сура”-ку, – жавоб берди иккинчиси.
– Қиммат бўлса керак.
– Саксон сўм, шекилли.
– Ҳа-а, унда минмас эканмиз.
Бобошер ярим соат куймаландими, бир соатми, ёдида йўқ. Ниҳоят, сотувчи сўради:
– Онанг нимага юборди сени, Бобош?
– Туз билан ун…
– Бер пулингни! Оладиганингни ол-да, жўна! Дўкон музей эмас.
Шу ондан бошлаб Бобошернинг эсу дарди велосипед бўлиб қолди. Онаси бўғирсоқ пишириш учун қўшнидан қарз сўраб, дўконга бирровга жўнатганди. Қишлоқ четида яшайдиган бувиси бир ойдан бери касал.
– Қаёқларда юрибсан? – жавради онаси. – Дўконга ўзим борганимда бўларкан.
Шундан сўнг у ошхонага кириб, жаҳл билан хамир тайёрлай бошлади.
– Ҳадемай кеч бўлади. Молларга ўт ўр.
– …
– Кечки овқатни укаларингга солиб берасан, мен бувингни кўргани бораман.
Бобошер яна индамади. Онаси қайрилиб қаради.
– Нимадир демоқчимисан?
– Ҳалиги… дўконга велосипед келибди.
– Келса келибди! Шуни менга айтасанми! – онаси хамир муштлади. – Маккажўхорининг ичида ўт тугабди. Даладан опкеласан. Тағин у ёқда ҳам икки соат қолиб кетма!
– Велосипедим бўлганида ҳар куни уч қоп ўт таширдим. Эрталаб бир марта, тушда икки, кечқурун…
– Қайси пулимга олиб берай?! Ана эшак! Хуржунини ямаб қўйганман… – Тўсатдан бегона одамга илтижо қилаётгандек кўзларида ёш ҳалқаланди: – Отангнинг онаси бугун-эртан ўламан деб ётибди, барака топгур! Қон босимимни оширмасдан ўтга жўнайсанми ё бошимда серрайиб тураверасанми?
Бобошер ошхонадан хомуш чиқди. У яп-янги велосипед кимга насиб этишини тусмоллади: Акмалбойваччага, Назарбекка, яқинда кўчиб келган Ҳасанбойнинг тўққизинчи синфдаги ўғлига…
Кечқурун подадан қайтган сигир охур четидаги қозиққа боғланди. Онаси бўғирсоқни тоғорага солиб, дастурхон ташлаб, шоша-пиша жўнади. Қўшни хотин ҳол сўради.
– Сойлидаги Фозил дўхтир укол қилиб кетганди, – деди онаси. – Шўрвага бўғирсоқ ботириб еди. Лекин… яхшимас… Дўхтир оёққа туриши қийин деяпти.
– Фозил дўхтирнинг қўли енгил. Тунов куни ўғлим машинасида шаҳардан қайтаётса, йўлда дўхтирнинг велосипеди бузилиб, боши қотиб турган экан, уйигача ташлаб қўйибди.
Бобошер Фозил дўхтирни эслади. Бир гал яшил велосипедда қишлоқ оралаб, сариқ касалдан соғайган болаларни уйма-уй текшириб чиққанди.
Қош қорайди. Жўжабирдай жон – уч ўғил, уч қиз бир парча дастурхон атрофида тиқилишиб ўтирдилар-да, шўриллатиб шўрва ичдилар. Ҳаммага биттадан бўғирсоқ теккан эди, ярим чайнаб-чайнамай ютдилар.
– Телевизор кўринглар, – деди Бобошер овқатдан сўнг. – Мен Шериларникига чиқаман. Сал нарсага орқамдан югуриб борманглар, тушундиларингми?
Укалари ва сингиллари бош силкиб, бурунларини тортишди. Бобошер оёғига спортчилар кедасини кийиб, қоронғи кўчага ўзини урди. Беш дақиқада дўконга етди. Чироқлар ўчирилган, эшикка қулф илинган, симёғочдаги прожектор ёруғида витрина ортидаги идиш-товоқлар, ун қоплари ва велосипед кўриниб турарди.
Дўкон бурчагидаги қоровулхона олдида икки киши ўтирган экан, чақирдилар.
– Бобошмисан? Нима қилиб юрибсан? – сигарет тутатди қоровул.
– Ўзим…
– Сен ҳам энди катта бўлиб қолдинг-да, а? – туртди ёнидаги йигит. – Чекишни бошлаган бўлсанг, дўкон атрофидан “бичок” теришга келдингми?
Бобошер сесканиб тушди. Отаси билан бирга ўғирлик устида қўлга тушиб, қамалиб кетган қўшни қишлоқдаги Митти ўғри эди у.
– Танидингми? – кулди Митти. – “Зона”дан кеча қайтдим. Отанг салом айтиб юборди.
– Митти, ўйлаб гапир! – жеркиди қоровул. – Болани масхара қилма! Онаси шусиз ҳам уйингга бориб, терингни шилмаса эди.
– Кап-катта одамни мен ўғриликка мажбурлабманми? Бе-е, сафсата! Ўз қўли билан қилган иш учун жавоб бераяпти, ака!
Бобошер бошини эгди.
– Уйингга кета қол, – деди қоровул Бобошерга. Кейин тутун пуфлади. – Тўхта! Бувинг ётиб қолганмиш, ростми?
– Бир оз мазаси йўқ, – деди Бобошер ерга чўкиб. – Митти ака, отам ростдан салом айтиб юбордими?
– Ҳазиллашдим, – елкасига қоқди Митти. – Мен Зангиотадаги “зона”да бўлдим, отанг Қаршида. Демак, уни кўрмаганман, салом ҳам айтмаган. Нечанчи синфсан?
– Етти.
– Тур, муюлишгача бирга юр. Сен уйингга, мен қишлоғимга қайриламан.
Улар ёнма-ён кета бошлашди.
– Ука, – деди Митти, – онангга айт, мени қарғамасин. Отангнинг ўзи қизиқди, ишонасанми? Шунча ишлаб, косам оқармагандан кейин сенга ўхшаб бир кечада бойийман, деб бошимни қотирворди. Олти болани боқишга қийналиб кетгандир-да! Ҳамманг ейман, ичаман, кияман деб турибсан. Ўлай агар, олтита болам бўлганида мен ҳам ўғриликка қўл урардим. – Ўғри чирт этиб тупурди. – Умуман олганда, болам бўлмаса ҳам ўғрилик қилдим. Ўрганиб қолганман, ҳе-ҳе-ҳе-е…
– Муддатидан олдин қўйиб юборишдими?
– Омадим чопди. Аслида яна икки йил ўтиришим керак эди. Эшитган бўлсанг, аввал ҳам судланганман. Велосипед ўғирлаб сотардим.
– Катта велосипедми? – сергак тортди Бобошер.
– Гўдакларнинг уч оёқли велосипедини бошимга ураманми? Албатта, катта велосипедларни-да! “Десна”, “Сура”, “Кама”, “Ури”, кўпчилиги “йигирма саккиз” эди. Бугун дўконга келган сариқ “Сура”ни кўрдингми? Ўшанақалар кўп илинарди. Судда учта велосипед учун ҳукм чиқаришган. Ростини айтсам, ўттизта велосипед ўғирлаганман.
– Ўттизта дейсизми? Уларни нима қилгансиз? – негадир Бобошернинг вужудига илиқлик югурди.
– Самарқандда эскифурушлар бозори бор. Ўша ерда сотардим.
– Дўкондан қандай ўғирлагансиз?
– Қизиқ бола экансан-ку! Дўкондан велосипед ўғирлаб бўладими?! Бозорлар, идоралар атрофини кезардим. Эгалари бир дақиқа қаровсиз қолдирган велосипедларни пойлардим. Қайси қишлоқда кимнинг велосипеди кечаси уйи олдида, ошхонасида, айвонида сақланади, улар ҳақида ҳам маълумот тўплардим. Кейин шартта ўғирлаб, овлоқ жойга яшириб қўярдим. Шанба куни кечаси Самарқандга учирардим. Беш-олти соат йўл юриб, тонгда шаҳарга кириб, тўғри эски бозорга ҳайдардим. Қиммат сўрамасдим. Пулни чўнтакка ургач, овқатланардим, ул-бул харид қилардим. “ЛАЗ”га ўтириб, уйга қайтардим.
Бобошер умрида ўғирликка қўл урмаган эди. Велосипеди бўлишни шу қадар хоҳлардики, онаси нафратланадиган Митти ўғри билан суҳбатлашиб боришдан ҳозир ўзини тиёлмаётганди. Эгасиз велосипедни учратса, Митти каби уйига қараб учиришни ҳам беихтиёр кўнглидан ўтказди. Ўтказди-ю юраги орқага тортди. Изидан милиция келса-чи? Отасини уй олдидаги чорпояда чой ичиб ўтирганда ушлашган эди. Онаси дод солганча йиғлаб қолганди…
– Эгалари милицияга хабар беришганми?
– Дўконга тушсанг, милицияга қўнғироқ қилишади, дарров етиб келишади, – деди Митти. – Кўчада, бозорда олдириб қўйганлар ҳамиша ҳам милицияга бормайди. “Сенинг велосипедингни ахтаришдан бошқа қилдиган ишимиз йўқми?” деб сўкиб беришади айрим шапкалилар. Бошқа бош оғриқлари ҳам бор.
– Нега ўз велосипедингиз бўлишга қизиқмагансиз?
– Э, велосипеднинг оталарини минганман, ука! Эски бозорда хилма-хиллари қалашиб ётарди. “Мол”ларимни гоҳида зўрларига алмаштирардим. Шуни унутма, бир бошимга битта велосипед керак. Қолган йигирма тўққизтанинг пулига чўнтак қаппайтирганман. Қойилмисан?
Улар икки томонга бурилишди. Бобошер уйига етиб, кўрпачага чўзилди. Телевизорда қизиқ фильм намойиш этилаётган эди, қарамади. Хаёлида велосипед. Самарқандгача бора олармикан? Беш-олти соатлик йўл, деди. Кечаси соат бирда уйдан чиқса, эрталабгача улгуради. Йўлда сўраганларни “Нариги қишлоқданман, отамнинг мазаси йўқ, дўхтир чақиришга кетаяпман”, деб алдайди. Самарқандгача нима кўп? Катта йўл бўйидаги қишлоқлар. Бироқ кимнинг велосипедини ўғирлаб, бозорда алмаштиради? “Қаерларда юрибсан? Кимнинг велосипеди?” деб онаси тергамайдими?
– Йўқ, – шивирлади Бобошер оғир уҳ тортиб, – ўғирлик устида қўлга тушсам, онам адойи тамом бўлади. Отаси ҳам ўғри эди, боласи ҳам, дейишади одамлар. Онам чидолмайди…
Эртасига Бобошер маккажўхори оралаб ўт терди.
– Охур ҳам тўлмабди, – деди онаси кечқурун. – Томорқада ўт тугади, даладан йиғ, демаганмидим?
– Ёзги таътилда далада ишлайман, – Бобошер қўрқа-писа гап очди. – Шунга, ая, қўшнимиз таксичи…
– Нималар деб минғиллаяпсан? Тушунтириброқ гапир!
– Қўшнимиздан саксон сўм қарз сўрайлик, ёзгача. Ўзим ишлаб узаман.
Онасининг юзида аянчли ифода зуҳурланди.
– Эс-песинг жойидами? Нима қиласан саксон сўмни?
– Велосипед оламан, – кўзлари пирпиради Бобошернинг. – Нега ҳадеб жеркийверасиз? Менинг ҳам велосипедим бўлишга ҳаққим бор-ку, ая!
– Бу гапни олти болани боқиб ўтирган онангга эмас, кеча қамоқдан чиққан нариги қишлоқдаги муштдеккина боланинг гапига кириб, ўғирлик қилган отангга айт!
– Қамоққа бориб айтаманми? – бўғриқди Бобошер.
– Қамоқда пишириб қўйибдими?! Онангга гап қайтарма!
Бу кеч Қурбон ҳайитининг арафаси эди. Овқатни бувисиникида ейдиган бўлишди. Ҳаммаси бир тўда бўлиб бордилар. Бувиси тўрдаги кўрпачада иҳраб ётарди.
– Нега Бобошер хафа? – сўради синчков бувиси.
– Ким билибди! – овози титради онасининг. – Укаларига ўрнак бўлиш ўрнига жиззаки бўп қолган. Менга осон эмаслигини тушунганида эди…
– Қўй, уришма, – деди бувиси. – Укалари ҳали кичик. Бобошер отасини соғинадиган ёшда… Айланай болажоним… Янаги йил келади отанг… Аянгни хафа қилмай тур…
Гуруч шўрва ичишгач, бувисининг аҳволи оғирлашди. Келинлар тоғора тутишди, бемор кучсиз ўқчиди. Болаларни нариги хонага ўйнагани чиқаришди, бир зумда шўх амакиваччаларнинг қий-чуви тутди. Бобошер эса бир четда хомуш ўтираверди.
– Дўхтир ҳам келмади, – деди бувиси сўлғин товушда, – алламаҳал бўлди…
– Одам юборувдик, – деди келинлардан бири, – велосипеди уйининг олдида турибди, лекин ўзи уйда йўқ экан. Тоғнинг орқасидаги бир жўраси машинасида олиб кетибди. Эрталаб етиб келса ҳам яхшийди, дебди хотини.
– Майли, шартмас… Сизларни ташвишга қўйиб, укол олаверганимдан фойда йўқ… Ёшимни яшаб, ошимни ошадим…
Бобошер соатга кўз ташлади. Шу пайт онаси:
– Сен уйга бора қол, – деди унга. – Уй қаровсиз қолмасин. Укаларинг кейинроқ мен билан кетади.
Бобошер бувисиникидан узоқлашди. Оёқлари уйга эмас, Сойли қишлоғига тортди. У оч итдек югура бошлади. Дўхтирнинг уйига йигирма дақиқада етади. У ёқдан велосипедда қайтади. Кўл бўйидаги қамишзорга яшириб қўяди. Шанба куни холасиникига отланади. Якшанба куни эски бозорда дўхтирнинг велосипедини бошқасига алмаштиргач, уйга учади. Онасига баҳонасини айтади: “Автобусда ухлаб қолиб, Жиззахга кетиб қолибман. Бир одам уйидан жой берди. Отам қамалганини, велосипед ололмаётганимни айтгандим, чордоқда чанг босиб ётган велосипедини совға қилди”.
Шундай ўйда Сойли қишлоғининг қоронғи кўчасига кириб келди. Фозил дўхтирнинг уйини тўйга келганда эслаб қолганди. Мана, пастак симтўр билан тўсилган томорқа. Ҳув наридаги тўрт-беш дарахт ортида чироғи ёниқ уй.
Сим учига шимини илдириб олмаслик учун авайлаб ошиб ўтди. Ўрик тагигача пусиб борди. Ҳовлида ит йўқлигидан умидвор эди. Уй пештоқидаги ёлғиз чироқ ёруғида деворга суяб қўйилган эски “Сура”, тўнкарилган челак, қаққайган офтоба, сарғиш супурги кўринди. Чеккадаги деразада телевизорнинг мовий шуъласи ўйнади. Оила аҳли фильм кўришаяпти. Велосипедни аввал қоронғи ўриклар тагига етаклаб келади, сўнг томорқадан ўтиб, симтўрдан бир амаллаб оширади. У ёғига шамолдек елади.
Бир, икки, уч…
Йўқ, Бобошер ўғирлик осон эмаслигини тушунди. Юраги қинидан чиққудек гупиллаб урар, оёқ-қўли дир-дир титрар, тили қувраб, танглайига ёпишар, аччиқ-аччиқ ютинар эди. Шунча йўлдан сўппайиб қайтишни ҳам ўйлади.
– Ё ҳозир, ё ҳеч қачон, – деди у.
Бир, икки, уч… Бобошер ўрик тагидан югуриб чиқиб, уй олдига етди. Велосипедни ушлаган ҳам эдики, уй эшиги шарақлаб очилди. Бобошер қўрққанидан тошдек қотди.
– Ие, кимсан? – чўчиб тушди Фозил дўхтир.
– Мен… – Бобошернинг тили калимага келмай қолди.
Дўхтир уйдан чиқиб, Бобошерга син солди.
– Бувимнинг мазаси йўқ… – деди Бобошер. – Шунга… сизни чақиришга келгандим.
– Қайси қишлоқдансан?
Бобошер айтди. Фозил дўхтир дув қизарди.
– Оббо, – деб бош чайқади, – уйда эмасдим, афсус… Наҳотки, бошқа дўхтир чақирмаган бўлсаларинг?
– Сизни сўради…
– Сумкамни олай. – Фозил дўхтир остонада тўхтади. – Нимада келдинг, ука?
– Пиёда.
– Велосипедимда кетамиз.
Орадан кўп ўтмай Фозил дўхтир ва Бобошер касал бувиникига кириб келишди. Буви нурсиз кўзларини очди.
– Неварангиз Бобошер сиз учун дўхтир чақириб келибди, онажон, – деди аммаси йиғлаб.
Бобошер ташқарига отилди ва велосипед олдидаги тўнкага ўтириб, эзилиб йиғлай бошлади. Буви оғирлашиб қолибди, деб қўни-қўшнилар ҳам тўпланишди.
– Бувинг чақираяпти, – деразадан қаради кўзлари қизарган онаси. – Ичкарига кир!
Дори-дармон таъсирида бўлса керак, бувиси ўзини хийла тетик тутиб, деди:
– Боламнинг болажониси… Айланай сендан, Бобошерим… Қари бувингни ўйлаб, кечаси узоқдаги қишлоққа қўрқмай бориб келдингми? Яна пиёда… – Бувиси қоқсуяк қўлини кўрпа остига тиқиб, дастрўмол чиқарди. – Ма, сенга ҳайитлик… Бунга саксон сўмни тугиб қўйгандим… Маъракамларимни оддий қилиб ўтказсаларинг ҳам майли, лекин Бобошер эртага велосипед олсин… Бундан кейин ҳам менга ўхшаганларга яхшилик қилиши учун…
– Ол, Бобошер, ол, – деди Фозил дўхтир. – Бувингнинг пули табаррук, ука.
Эрталаб Бобошер сотувчининг ҳайит намозидан қайтишини дўкон олдида сабрсизлик ила кутмоқда эди. Ниҳоят, сотувчи келди, саккизта ўнталикни санади. Кўзларига ишонмаётган Бобошер яп-янги “Сура”ни миниб уйига шошилди.
– Ҳой Бобош! – деди қўшниси. – Қаёқда юрибсан? Бувинг оламдан ўтди. Уйингга кириб, чопон-дўппиларингни ол-да, тезроқ бор. Аммо жаннати кампир экан. Қурбон ҳайитида кетди-я!