Тоғ йўлининг танобини тортиш машаққат… Ой тўлишган пайтда йўлга тушамиз. Негадир йўлимиз унмайди. Уловли ё пиёда, зим-зиё дара қўйнида тоғу тош оралаб ўрлаб бораверамиз. Йўл тугамайди. Қорли чўққиларга туташиб кетган ёлғизоёқ йўл дармонни қуритиб, ҳолдан тойдиради, кўзларни толиқтиради. Дунё бошдан-оёқ йўл эканини фаҳмлайман. Юқорилаб борган сари осмонга яқинлашаман. Қўлим юлдузларга етгудек ҳаяжонланаман. Бобом негадир кечаси йўл юришни хуш кўрадилар. Эмишки, тунда юрганда йўл унади. Мен эса тошларга қоқилиб, даралар ёнбағридан, бир одам зўрға ўтадиган сўқмоқдан пастга қулаб тушишдан қўрқиб, тонгнинг отишини интизорлик билан кутаман. Ғаройиб чўққилару, тоғнинг хушҳаво манзарасини ойнинг ёруғида томоша қилиб бориш жону дилим. Аммо кечаси йўл юриш менга ёқмайди. Тошлар қоронғида Майсара момонинг ҳикоясидаги алвастидек тус олади. Афтидан, нуқул бир қирнинг атрофида айланиб юрганга ўхшаймиз. Уловдан узоқлашганим учун оёғим мўлжал
дан адашиб, йиқиламан, қўлимдаги заранг таёғим учиб кетади. Бобом менга бургутдек қаҳрли нигоҳини қадайди. Дарҳол ҳушёр тортаман. Бўш-баёв ҳаракатим унга ёқмаганини англайман. Бу галги ҳамроҳларимиз уруш кўрган чоллар. Уларнинг ичида уруш кўрмаган, даёвроғи Сафар биргад. «Жангчи» чоллар менинг қоқилиб-сурилиб юришимга парво қилишмайди. Бу улар учун одатий ҳол. Негаки, уларга тоғ йўлида ҳар йили қанчадан-қанча менга ўхшаган хом-хатала болалар ҳамроҳ бўлишади. Чоллар бизга ўхшаш ғўр, тоғ йўлида пишмаганларни эндигина жангга отланган ёш жангчига ўхшатишса керак. Шилиниб, қонталаш бўлган кафтимга авайлаб тупроқ босаман. Танам оғриқдан зирқирайди. Энди йиқилмасдан «жангчи» чоллар билан басма-бас юришга куч тўплайман. Аммо бунинг чораси йўқ…
Сафар биргаднинг ҳайқириғидан тоғлар гумбурлайди. Йўлимиздан кутилмаганда йиртқич жондор чиқиб қолмаслиги учун даралар қўйнида юрганда кимдир ҳар замонда овоз бериб туриши керак. Бу иш Сафар биргадга юклатилган. Чунки унинг овози баланд. Дарё бўйида яшагани учун ҳам ҳар доим баланд-баланд сўзлайди. Овозини илк бора эшитган киши унга нега бунча бақиради, деб ҳайрон қолиши тайин. Кўплар Сафар биргаднинг бобокалонини «калласиз» одам бўлган, дейишади. Бобом у воқеани менга шундай ҳикоя қилганлар: катта бобоси Аҳмадбойнинг тоғда жуда катта боғ-роғи бўлган экан. Тоғ йўлидан ўтиб кетаётган йўловчилар унинг уйига қўнмасдан ўтмас, қўнганлар боғидан бирон олма ёки ёнғоқними олмасдан кетса, ранжир экан. Аҳмадбой боғидаги тошсупага ўтириб, тўрт томонини қуршаган тоғларни обдан кузатишни хуш кўрар экан. Бир куни уйига яқин тоғнинг ёнбағрида чарақлаб турган қизғиш шуълага кўзи тушибди. Бунинг нималигига қизиқиб қолган Аҳмадбой юқорига кўтарилибди. Лекин у шу
ъланинг чиқаётган жойини аниқлай олмабди. Уч-тўрт маротаба қирга чиқиб тушибди. Пастдан кўринган қизғиш нур юқорига чиққанда йўқолар эмиш. Охири ўртача қовундай келадиган қип-қизил тош унинг диққатини ўзига тортибди. Тош устига бошидаги салласини қўйиб, пастга тушибди. Қарасаки, шуъла энди салланинг остидан чиқаётган эмиш. Аҳмадбой одамни шунчалар сарсон қиласанми, деб тошни уйига кўтариб келибди. Хотинига шу савил тошни деб, тўрт марта қирга чиқиб тушганини айтиб кулибди. Ажойиб тош экан, янги қураётган ўчоққа ишлатсак бўлади, дебди. Шундай қилиб у тош ўчоқтошга айланиб, воқеага нуқта қўйилибди.
Кунларнинг бирида Аҳмадбойникида бир чўпон йигит меҳмон бўлибди. Аҳмадбой меҳмон олдига топган-тутганини қўйибди. Ногоҳ чўпоннинг кўзи Аҳмадбойнинг ўчоғида товланиб турган тошга тушиб, салмоқланиб, сўзни узоқдан бошлабди:
— Аҳмад ака, сиздан бир арзимас нарса сўрасам йўқ демайсизми?
У меҳмоннинг сўзига ҳайрон бўлиб:
— Нима сўрамоқчисан, сўра, бўлса жоним билан, — дебди.
Меҳмон ўчоққа ишора қилиб:
— Шу ўчоққа қўйган тошингизга ҳавасим келди, шуни менга берсангиз.
Аҳмадбой кулиб:
— Шунга ҳам шунчами, келиб-келиб бир тош сўрайсанми, наҳотки, тош инсондан азиз бўлса, олавер, — деб у ўчоқдаги тошни қўпориб, чўпонга берибди.
Орадан йиллар ўтибди. Бир куни чўпон йигит бир сурув қўйни ҳайдаб Аҳмадбойникига келибди. У Аҳмадбойга: «Мана шу сурувдан хоҳлаганча қўйни ажратиб олинг, улар сизники. Сиз берган тош қимматбаҳо тош экан, мени бойитди», дебди. Аҳмадбой чўпоннинг гапига ҳайрон бўлиб кулибди:
— Шунга ҳам шунчами? Мен у тошни ўчоққа қўйгандим, сенга бойлик берган бўлса, ош бўлсин! Кўрмаяпсанми, тўрт томонимда бунақа тошлар тиқилиб ётибди.
Йигит Аҳмадбойнинг мардлигига қойил қолибди. Сўнг қўярда-қўймай сурувнинг ярмини унга қолдирибди. Аҳмадбой чўпон қолдирган қўйларни бева-бечораларга бўлиб берибди. Бундан хабар топган қишлоқ бойлари: «Аҳмад, калласи йўқ одам экан», деган гап тарқатишибди. Бобомнинг сўзларини эшитиб, чуқур ўйга толганман: Аҳмадбой ҳақиқатда калласиз одамми ёки бойликни назарига илмаган одамми?!
Бу саволнинг жавобини ҳанузгача ўйлайман…
Чоллар худди қўлига қурол ушлаб олган кишидек, таёқларига суяниб-суяниб юқорига кўтарилади. Илдамликда бир-биридан қолишмайди. Мен эса уларга ҳамроҳ бўлиб бораётганимдан мамнун ҳолда орқаларидан эргашаман. Нуқул бир қўлини бўйнига осиб, қишин-ёзин бошидан телпаги тушмайдиган Шотўр бобонинг қўлида таёғи йўқ. У таёққа суяниб юришни ёмон кўради. Қўлида доимо заранг ёғочдан ясалган қип-қизил халачўп олиб юради. Баданининг бир неча жойини ўқ илма-тешик қилган Шотўр бобони бобом яхши кўрадилар. Шотирўдликлар эса уни хушламагани учун «жинни чол» дейишади. Эмишки, у урушда қон кечиб юрган пайтлари ғазаби ошиб, душман қонини ичиб, юрагини совитган экан. Бобом уруш кўрмаган одам, аммо қалбида уруш жароҳати қолган. Акалари Абдураҳмон ва Сулаймон жангдан қайтмагани боис бир умр фашистнинг гўрига «ғишт қалаб» юради. Уруш кўрган жангчиларнинг юрагига ҳар замон-ҳар замонда қўл солиб кўрган бобом урушда ному нишонсиз кетган акалари ҳақида бирор или
қ сўз эшитишга ҳамиша илҳақ.
— Урушда қанча фашистни ер тишлатгансиз?
Бобомнинг кутилмаганда ёш болалар каби ўртага ташлаган саволидан «жангчи» чоллар каловланиб қолишади.
— Эй жинни, беш йил давом этган урушда ўлим билан ҳисоблашишни ким хаёлига келтирган! — Шотўр бобонинг жаҳли чиқиб, кўзлари ола-кула бўлади.
Тошбоев бошини сарак-сарак қилиб:
— Ука, уруш ўлдирган душманингни санайдиган майдон эмас. Одам тутдек тўкилиб кетаверади. Ўққа учрамай қолишингни ўйлаб, Худо деб юрасан.
Ҳамроҳларимиздан фақат бир «жангчи» унсизгина гап тинглайди. У урушда етти йил йўқолиб қайтган Ҳаким чол. Уруш ҳақида бировга чурқ этмайдиган бу одамни, сиз ҳам бирон нарса денг, деб ҳоли жонига қўймаганларидан сўнг гоҳ қизариб, гоҳ сарғайиб сўз бошлайди:
— У кунларни дўст-ку дўст, ҳатто, душманингниям бошига солмасин!
Ҳаким чолнинг узоқ қистовлардан сўнг айтган биргина сўзи шу. Бобомнинг гап-уловидан билганманки, Ҳаким чол фашистга асир тушган одам. Кўрган-кечирганлари ҳақида ҳеч кимга сўз айтмаслик учун немисгами ёки ўрисгами қасам ичган. Шунинг учун ўз «ваъда»сига вафо қилиб, «сир»ни бир умр ўзи билан олиб юради. У жанг таассуротларини жангда қолдирган, урушдан гап очилишини хушламайди. Биз тоғнинг узундан-узун сўқмоқларида эшакли — пиёда гурунг қилиб, тунимизни тонгга улардик. Тойхар1ларимиз оғир юкдан инқиллай-инқиллай юқорига кўтарилади…
Йўл қоқ иккига бўлинганда «Жанггал»га етиб келамиз. Шундан биламизки, йўлнинг тенг ярмини босиб ўтдик ҳисоб. Бобом уловларнинг олдини қайтаришимни буюради. Мен қўноққа етиб келганимиздан қувонаман. Қоп-қоронғи бу боғ йўловчиларнинг дам олиш қўноғи ҳисобланади. Уловларимиз ҳам устидаги оғир юкдан қутулишини пайқагандек тақа-тақ тўхтайди. Юкларни тушириб, чиройли қилиб тахлаймиз. Бобом дами латта билан ўралган болтачасини олиб, Сафар биргад билан зим-зиё дарага ўтин қидириб кетади. Ҳаким чол қумғонларни олиб, дарёга жўнайди. Шотўр бобо эса ёғоч товоққа уч-тўрт сиқим унни солиб, бир қўли билан қориштиришга тушади. Афтидан, чўғда кўмоч пиширмоқчи. Негадир Тошбоевнинг важоҳати ўзгаради. У ичи ковак бўлиб қолган бесўнақай чинор дарахти атрофида ниманидир излаётгандек аланглаб юради…
Ҳаял ўтмай бобом билан Сафар биргаднинг судраб келган бир дунё шох-шаббасидан ёқилган гулхан атрофни ёритади.
— Эҳ, бу дамларнинг завқига нима етсин! — дейдилар бобом. Биз гуриллаб кўкка интилган олов атрофида чордана қурамиз. Бу жойни ниҳондараликлар ўзларига қадрдон гўша, деб билади. Жазирама саратон пайтларида ҳам қуёш бу боққа киришдан ҳайиқади. Тоғнинг баҳаво жойи бўлгани учун йўловчилар қайси дарадан йўлга чиқса, албатта, кечаси шу ерга етиб келади. Кимдир вақтида барпо этган улкан боғнинг дарахтлари осмону фалак эгасига кафт очиб, ўтган-кетганга дуо бераётган мўйсафидга ўхшайди. Йўловчиларнинг эшаги учун беминнат озуқа майдонига айланган боғ бир зайл яшнаб туради. Бобом хуржунидан бир товоқ картошка олиб чўғга кўмади. Тоғнинг картошкасида бошқача таъм бор, айниқса, йўл юриб, ҳориб-чарчаган, қорин пиёз пўстига айланган вақтда чўғга кўмиб есанг. Йўл азоби — гўр азоби, дейишган боболаримиз. Аммо тоғнинг ана шу бир лаҳзалик роҳатидан йўлдаги чарчоқларинг бутунлай унутилади.
Шотўр бобонинг чўғда тайёрлаган кўмочи-ю, бобомнинг кўмган картошкасини Рим пазандалари ҳам етти ухлаб тушида кўрмаган бўлса керак, деб ўйлайман ўзимча. Унинг таъмини ҳанузгача соғинаман. «Жангчи» чоллар узоқ йўл юрганидан суҳбатнинг шашти пасаяди. Бобом эшаги учун олган хашакни менинг тагимга тўшайди. Унинг устидан эски чопонини ташлаб, ётишимга жой ҳозирлайди. Уловларимиз бу хашакни ой чиққанда ейди. Кейин яна йўлни давом эттирамиз. Бобом менга эртага ҳам йўл юриш кераклигини эслатади… Ўзи эса уюлиб қолган чўғларни қўзғаб туриб, суҳбатдош «жангчи»ларнинг ҳам эски дардини қўзғайди. Бу гал бобомнинг қистови билан сўз навбати Тошбоевга келади. Урушдан кейин бир неча йил колхозда амалдор бўлгани учун тоғликлар ҳурматини жойига қўйиб Тошбоев дейишади. У уруш тугаб, қайтишида юз берган воқеани эслайди:
— Беш йил қон кечдик. Э ука, у кунлар бизларга чин, сизларга ёлғон! Одам очликдан ўлмас экан, югураверишдан силламиз қуриб қолганди. Охири, душманни енгдик, кейин денг, бир дунё орден-медаллар билан Ватанга қайтдим. Оёқларимда фашистнинг ноёб хром этиги ғирчиллайди. Гўё ер инграётгандек бўлади. Ичимга сиғмаган қувонч билан юртга қайтдим. Ўзимни зўр жангчи бўлганимни тоғликларга кўз-кўз қилишни хаёлимдан ўтказдим. Жангда олган орден-медалларимни яп-янги ҳарбийча кийимимга қатор қилиб тақдим. Ҳарбий билет билан жангда берилган ҳужжатларни ҳамёнга солиб, йўлга тушдим. Тоғ йўлида кийимларим кир бўлишини ўйлаб, эскилари билан алмаштирдим, янгиларини халтага солдим. Уни манзилга етиб олгач, кийишни хаёлимдан ўтказдим. Якка-ёлғиз бир ўзим тоққа чиқиб боряпман, кўзларимдан учқун учади. Гўё бу дарада мендан зўр одам йўқдек. Ярим тунда анави ўн қадам нарида турган ичи ковак чинорнинг тагига етиб келганман. Энди бу ёғи тинчлик деб, кийимларим
солинган халтага бошимни қўйиб ухладим. Анчадан бери бундай маза қилиб ухламаган эдим. Юрт тупроғи исидан маст бўлиб қолибман. Тонг саҳар уйғониб қарасам, бошимга қўйилган халта йўқ. Беш йил урушда юриб бундай ноқулай ҳолатга тушмаганман. Тўрт томоним кимсасиз тоғ, бирон жонзот кўринмайди. Кимдан гумон қилишни билмайман. Овозимнинг борича ҳайқириб боряпман. Тоғлар ҳам менга қўшилиб дод солаётгандек, садо беради!
— Болаларингизнинг яхшилигини кўринглар, кийимларимни ким олган бўлса ҳам мингдан-минг розиман, фақат ҳужжатларим билан орден-медалларимни қайтариб берсаларинг бас, — дея овоз чиқариб чор атрофга ёлвораман! Қани додимни биров эшитса-ю, мен олдим, деса. Беш йил урушда қилган хизматларим Тўполон дарёга оқди. Шотирўдликлар олдига бошимни хам қилиб бордим. Мақтагулик ҳеч нарсам йўқ эди. Бўлган воқеани одамларга айтишга уялдим. Ор ёмон экан, бир зумда тилим қисиқ бўлиб қолди. Фашистни енгиб, қанча оловлардан омон қолган жангчи — бепарволигим оқибатида бир кечада мағлуб бўлдим. Инсон тақдирини баъзан шу бир парча қоғоз ҳал қилар экан. Урушнинг тугаганига қанча йиллар ўтган бўлса-да, мен собиқ жангчилар сафида мағлубиятга учраган одамдек бошимни эгиб юраман. Ҳукуматнинг барча имтиёзларидан маҳрумман. Урушдан қўрқиб, бир қўлини шартта болта билан чопиб, ўз қонини тўккан Насим чолдан нима фарқим бор. Насим балки ўшанда тўғри қилгандир. Бировлар қонини тўкканд
ан кўра ўз қонини тўкиб қўя қолди. Ўзини оқлаш мақсадида бир қўли билан тоғда бепоён боғ барпо қилди… Урушда қанча бегуноҳ одамлар қони тўкилди. Урушни англаб етмаган йигитларимиз жувонмарг бўлишди. Аканг Сулаймон ўшанда ўн олти ёшда эди. Тоғ одами бўлгани учун кўзга жуда салобатли кўринарди. У урушга кирмасдан туриб юраги ёрилди… Қўй, Ўзбекбой иним, дардимни янгилама, урушнинг уйига ўт кетсин!..
Гулхан атрофида чой хўплаб, кўзларидан дув-дув ёш оқаётган Ҳаким чолни кўриб, беихтиёр менинг ҳам кўзларим ёшланди. Уйқум қочди. Балки Ҳаким чол дилида йиллаб йиққан дарду ҳасратларини ўз кўз ёшлари билан юваётгандир. Шотўр бобо ярадор қўлини оловнинг тафтига тоблаб, жангга ҳозирлик кўраётган жангчидек атрофга аланг- лайди…
Борган сари гулханнинг шашти пасайиб борарди. Бобом ҳам энди на чолларни, на гулханни қўзғайди. Чунки у илк марта Тошбоевдан акаси ҳақидаги аччиқ ҳақиқатни билиб олган эди. Оловнинг чўғи пасайди. «Жанггал»ни зулмат қоплади. Қоронғида кўксини кериб турган тоғлар назаримда ойнинг ғира-шира ёруғида қўққисдан бостириб келаётган ёвга ўхшаб кўринарди. Сафар биргаднинг беғубор хурраги дарёнинг овозига жўр бўларди. Чоллар жанг майдонида яраланган жангчилар каби ҳар жой-ҳар жойда пала-партиш қотиб қолишганди. Фақат биргина «жангчи» ўша кеча ухламади, у Тошбоев эди. Унинг яраси бошқаларникига ўхшамасди. Неча маротаба совқотиб уйғонган бўлсам, Тошбоев бир нарсасини йўқотган одамдек, гулханнинг чўғини ковлаб ўтирарди. Назаримда у ниманидир излаётганга ўхшарди…