Ахтамқул Карим. Эрта тушган қор (ҳикоя)

Ўша йили куз панд берди. Энди тоғдан пастга энамиз деб турсак қор ёғди. Бобом қор ёққанда йўлга чиқиб бўлмаслигини яхши билади. Ёлғизоёқ сўқмоқ йўлимизни қор кўмганди. Уни топиш амримаҳол. Қишлоқдагилар вақтида эниб тўғри қилишган экан. Тоғда сўппайиб икки оила қолдик. Қишлоқ одам билан обод. Гўё дара бизни ўз домига олгандек совуқ эди. Бунга бобом сабаб. Айни кўча-кўч пайти уста Зарифнинг аёли Хатича амманинг кўзи ёриди. У кетишимизни ортга сурди.
— Хатичанинг боласининг бўйни қотсин, кейин кетамиз, —  деди бобом. Бобомнинг қарори дилимизни хуфтон қилди. Ҳазори аммам сабрсизлик қилгани учун жазоланди. Унга ачиндим. Ҳаётда кўп қийналган. Сабаби, унинг кўнгли ярим эди. Фарзанди йўқлиги учун дунёдан нолиб юрарди. Бобом нолиган кишини хуш кўрмайди. Шунинг учун ҳам аммам кўп танбеҳ эшитади. Бир куни бехосдан:
— Амма, нега сизнинг болангиз йўқ? — деган эдим, у кишининг дунёси остин-устун бўлди.
— Илоё, жодугар мулланинг охиратига ўт тушсин…
Аммамнинг кўзлари олайиб қарғашга тушди.
— Ҳаммасига ўша гўри олов олгур сабабчи…
Баданим увушиб, кўзларимни ерга қададим.
— Ким эди у, мулла?..
— Қишлоқнинг имоми эди. Бухорои шарифда таҳсил олгани учун, қўлидан ҳар бало келади деб, одамлар ундан қўрқарди. Ўшанда ақлимни таниб-танимаган қизалоқман. Уйимизга Ойхол кампир келди. Уни ўша мулла юборибди. У мени четга чақириб пичирлади:
— Сенга мулла бобо ошиқ бўлибди. Бориб айт, олдимга келсин, деб тайинлади.
Ойхол кампирнинг сўзларидан сочларим тикка бўлди.
—  У мулла отамдан катта-ку, жинни бўлмаганми? Қўш хотини бўлса, иймонини ебди. Бориб айтинг, агар унинг бу гапини отам эшитса, соғ қолмайди, у сассиқ чол…
Сўзларимдан Ойхол кампир оғринди.
— Ундай қилма қизим, у илмли одам. Қишлоғимизнинг ҳалол-ҳаромига жавобгар киши…
— Ўлсин ўша илми билан…
Қаҳр билан Ойхол кампирнинг ёнидан отилиб чиқдим. Орадан кўп вақт ўтмай, у яна келди. Мен унга олдин айтган гапларимни қайтардим. Кейин Ойхол кампир сўзларимни оқизмай-томизмай муллага етказибди.
— Эҳ, —  дебди мулла менинг рад жавобимни эшитиб. —Ҳали шунақами? Керак бўлса Ҳазорининг ўзи келиб оёғимга йиқилади. Лекин унда кеч бўлади. Мен унинг бахтини қулфга боғлаб, дарёга ташлайман. Бир умр бахтини излаб ўтади…
Мулланинг таклифини Ойхол кампир учинчи бор менга етказди. Мен кўнмадим. Бўлган воқеа шу. Тилимдан топдим. Бир умр бахтсиз, тирноққа зор бўлдим. Куним кишилар эшигида дакки эшитиш билан ўтди. Айтмасам бўлмайди, ҳаммасига ўша охирати олов олгур сабабчи…
Аммамга раҳмим келди. Наҳотки, бераҳм мулла бир заифага шундай бахтсизликни раво кўриб, уни бир умр чир­қиратгани рост бўлса?! Унинг охирати нима бўлди экан?..
Бир кун қарасам, аммам ер чопаяпти.
— Нима қилаяпсиз амма?..
Югуриб ёнига бордим. У киши ҳорғин уф тортди:
— Ёнғоқ экаяпман болам, ёнғоқ узоқ умр кўрадиган дарахт. Бир кун дунёдан ўтсам, болаларинг қийқириб мева тераётганида катта Ҳазори аммамиздан қолган боғ, дея мени эслайсизлар. Ўшанда болаларингга бу дунёда мендек бир бахти қаро аёл тупроқларга қоришиб ўтганини айтасан. Мендан қоладигани мана шу уч-тўртта дарахт бўлади…
Кейинги пайтларда бобом уста Зарифнинг уйига кўп қатнайдиган бўлди. Тоғнинг совуқ ҳавоси жонимизни суғуриб олаётгандек эди. Ҳаммаёқ оппоқ қор. Ёзда ғамлаган пичаннинг ҳам охири кўриниб қолган. Бобом эчкиларни боғларга оралатишимизни буюрди. Майда мол тили билан бир барг олса кифоя эмиш. Эчкилар тўкилган хазондан тўяди, лекин акам билан совуқда дилдираб юришга ҳолимиз йўқ. Биз эчкиларимизни ҳайдаб, эгалари қолдириб кетган боғларни оралаймиз. Дарахтлар шохида илиниб турган олмаларга таёғимни отаман. Ерга тушган қирмизи олмаларни кафтимга олиб, куф-куфлаб ейман. Акам йиғлайди. Оёғидан совуқ ўтганидан нолийди. Негадир совуққа бардоши йўқ. Мен туширган чўғдек олмалар ҳам дилини илитолмайди. Ногоҳ унинг дардларини янгилайман.
—  Энди тоғларда қолиб кетамиз, қор ўлгур тинмайди. Уста Зарифнинг хотиниям бемаҳалда туғмай ўлсин…
Сўнг ака-ука мулла Султондан қолган бесўнақай ёнғоқ дарахтининг ковагига тушиб оламиз. Ёнимдан гугурт чиқариб олов ёқаман. Оёқ-қўлимизни илитамиз. Бирдан акамнинг кийими ҳўл бўла бошлайди. Мен ҳайрон қоламан.
— Нима бўлди?
У гуноҳкор кўзларини оловдан узмайди. Кейин билсам Ҳазори аммамга билдирмай ўғирлаган сарёғи оловнинг тафтида эриган бўлади.
— Аммамга айтаман, энди ўлдим деявер.
Акам ўғирликни ҳеч қачон тан олмай, қайсарлик қилади…
Бугун қуёш чиққанидан кўнглимиз ёришди. Лекин кунлар бир тутам бўлиб қолганидан қор эримади. Қуёшда тафт йўқ. Чироққа керосин қуйган аммам пастга кетганларнинг ёруғ хоналарда маза қилиб ўтирганини эслайди. Бобомнинг қовоғи уюлиб дейди:
— Ҳазори, сенга минг марталаб айтаман, бир кун келиб, бу дамларни тилло бериб ҳам тополмайсан. Тоғда яшашнинг ўз гашти бор.
— Ўт тушсин, агар гашти шунақа бўлса…
Аммам кафтларини очиб, олов томон силжийди. Бобом бошқа гапирмайди, кўлоби тўппани қатиққа булаб уради. Кўлоби тўппа бобомнинг жону дили. Ҳовлидан уста Зарифнинг овози эшитилади.
— Дофур…
У бобомни нуқул Дофур деб чақиради. Дофур тоғларда бир пайтлар довруғ таратган қаҳрамоннинг номи. Бобом ўрнидан сакраб туриб уста Зарифга пешвоз чиқади. Аммамнинг эса қовоғидан қор ёғади. Негаки, бизни қорли кунларга қолдирган уста Зариф бўлади.
— Дофур, —  дейди уста бепарво бобомга қучоқ очиб.
— Сиз менинг қадрдонимсиз, ҳатто, туғишган акам ҳам менга қарамай кетди. Сизнинг бу яхшиликларингизни ўлгунимча унутмайман.
Бобом кулиб, уста Зарифга оловнинг ёнидан жой беради.
— Ёв қувлаяптими уста, борамиз ўша пастга…
Бизнинг ҳафсаламиз пир бўлади. Кўзимга уста Зариф янада ёмонроқ кўринади. Негаки, у бобомни йўлдан урган. Уста чой ҳўплаётганда кўзлари юмилиб-юмилиб кетади. Биламан у кун бўйи ишлашдан тинмайди. Дунёнинг ташвишлари гўё елкасидан босаётгандек боши оёқлари орасига тушиб қолади.
— Дофур, — дейди сўнг минғирлаб, — Худо хоҳласа, пайшанба куни биз ҳам йўлга тушамиз. Майда молни болалар олдинга ҳайдайди. Унинг изидан қорамол юради. Кейин қарабсизки, эшакка йўл очилибди. Аста секин уч-тўрт кунда қишлоққа етиб борамиз.
Устанинг сўзларини бобом маъқуллайди. Биз энди пайшанба келишини интизорлик билан кутамиз…
Ниҳоят, кутган кунимиз келди. Уста Зарифнинг қизи Ойсара билан эчкиларни олдимга солиб қувлайман. Аҳмад акам эса Ҳазори аммам билан қорамолнинг изидан қолмайди. Бобом билан уста Зариф уловларнинг ортидан узилмайди. Қалин шоҳи кўрпача тўшалган ҳанги устида ўтирган Хатича амманинг рўмоли ҳилпирайди. Қучоғида янги туғилган меҳмон…
Биз Ойсара билан эчкиларни сурамиз. Уларнинг устида юки йўқки, ағанаса. Ойсара менга меҳрибонлик қилиб ёнғоқ узатади. Мен эса унинг ёнғоғини олмайман. Негаки, Ойсарани, оиласини, ёнғоқлари билан қўшиб, янги меҳмонигача ёмон кўраман. Шуларни деб шўрлик аммам хўрланди. Акамнинг совуқда йиғлаганлари-чи? Буни сира кечириб бўлмайди…
Биз имиллаб-имиллаб кун ботарда қўйғорга етиб келамиз. Ўзи мўлжалимиз ҳам шу эди. У жуда катта ғор. Унга бир сурув қўй бемалол сиғади. Ғорнинг ичи уйдек қуп-қуруқ. Яратганнинг мўъжизаларига қойилман. Биз ғорда тунаймиз. Бобом билан уста Зариф дунёнинг шох-шаббасини йиғиб келишади. Ўша кеча туни билан оловимиз ўчмайди. Хатича амма топган-тутганини дастурхонга сочади.
— Меҳр адо бўлди уста, —  дейди бобом оловга шох ташлаб. — Одамлар ортидан ёв қувлаган каби бир-бирига қарамай югуришади.
— Тўғри айтасиз, агар сиз ҳам бизни ташлаб кетганингизда ҳолимиз нима кечарди? Одамнинг тафтини одам олади. Бу дарадан не-не жаҳон шерлари ўтган. Тоғлар ҳам қарийди. Биз ҳам бир кун ўтиб кетамиз. Бу дамлар ғанимат, Дофур!
Уста Зариф бобомни қўярга жой тополмайди. Биз ана шундай қилиб уч кеча-кундуз йўл тортамиз. Ҳар оқшом боболарнинг ўтмишдан сўйлагувчи ҳикояларидан баҳра оламан. Худди йўлларимиз каби узундан-узоқ ҳикоялар мени ўзига асир этади. Биз уста Зариф билан қадрдон бўлиб қоламиз. Унинг ичи тўла дард экан. Бошидан кечирганини айтса, бир неча китоб бўлади.
— Мен ким учун қиламан? Умрим тош қазишда ўтди. Одамларнинг миннатидан қўрқиб яшадим. Умримни боғ барпо этишга бағишладим. Болаларим хор бўлмасин дейман. Мақсадим, бир парча боғ қолдириш…
— Уста, —  дейди бобом чой қуйиб, —  биз баланд тоғларда яшаяпмиз. Баланд бўлишимиз керак. Болаларимиз негадир бизга ўхшамаяпти. Бўйни йўғон полвонлар ҳам тайёр боғга эгалик қилсам дейди. Бугунги ёшлар бир тошни олиб ўрнига дарахт ўтқазишни ор билишади. Нимамиш, бобомнинг мулкидан оламан. Боболаримиз экиб кетди. Биз ҳам экишимиз керак. Ҳар харсангни қўпорганда бўйиннинг томири узилади. Ҳар ким ичидан ўтганини ўзи билади. Аммо кўнгил ойнадек нозик, раҳматлик падари бузрукворимиз ҳикоя қиларди:
— Бир куни қишлоққа оқсоқол келди. Ҳар ким топганини олиб, оқсоқолни кўргани борди. Мен ҳам уйдагиларга ширгуруч буюрдим. Каттакон ёғоч товоққа ширгуручни сузиб, устига сарёғни қуйдим-да, оқсоқолни кўргани бордим. Борсам, оқсоқол тўйган қўзидек дастурхон бошида ёнбошлаб ётибди. Олдида минг хил аширу нашир. У менинг келтирган ширгуручимга қайрилиб ҳам қарамади. Ёнидаги кишига:
— Ширгуручни олиб бор, Турсунмуроднинг болалари есин, — деди. Оқсоқолнинг сўзи юрагимга тиғдек санчилди. Сапчиб жойимдан турдим-да, этагимни йиғдим.
— Оқсоқол, мен ширгуручни сиз учун олиб келган эдим. Уйда ўзимнинг болаларим ширгуруч орқасидан йиғлаб қолишди…
Келтирган таомимни товоғи билан кўтариб, уйимга жўнадим. Даврада ўтирганлар ҳангу манг қолишди…
Ҳа, гарчи отам, бўйи икки метрдан баланд баҳайбат полвон бўлса-да, кўнгиллари жуда нозик одам эди. Ўйлаб кўрсам, у киши тўғри қилган. Бировни ҳурмат қилсанг-да, эвазига ҳурмат топмасанг…
Қорнинг совуқ шамоли борган сари кучаяди. Уста Зариф оловнинг чўғи пасайганидан таҳликага тушади. Янги меҳмоннинг беғубор ингаси қўйғорга файз бағишлайди.
Эҳ баланд тоғлар, сиз елкангизга боболаримнинг залворли дардларини кўтариб ўнқир-чўнқир бўлиб кетгансиз. Бугун қаршингизда тик турибман. Юқорилагим келаяпти…
Совуқни ёқтирмайдиган Ҳазори аммам баҳорга чиқиш олдидан кетди…
У кишининг энг сўнгги айтган сўзи момақалдироқдек юрагимни ларзага солди. «Баҳор келаяпти, мен эса кетаяпман…» Бобом ўлим билан олишиб ётган чоғида Пирях тоғнинг сувидан бир қултум келтиришимизни буюрди. Тоғларни жону дилидан ортиқ кўрадиган уста Зариф дунё билан видолашди. Унинг қора кунларида сочларини тундек ёзиб, Хатича амманинг бўйнига осилиб отамлаётган аёлнинг ноласидан кўзларимга ёш келди. Бу ўша, бизни қорли кунларга қолдирган янги меҳмон — Анорхол…
Ҳар гал тоғларнинг бошига қор тушганда хотиралар тўфонига ғарқ бўлиб, болаликни излайман. Яхшиликни сира унутиб бўлмас экан. Бобом айтганларидек, тилло бериб тополмайдиган дамларимни қўмсайвераман…